Вейо Мери. Совчилик (ҳикоя)

Қария Лэкстрем ошқошиқ билан чуқур ликопни кавларди. У ўзи учун атайлаб майда тўғралган гўшт ва картошкани қошиққа аранг илиб, бўлакларини дастурхонга тўкарди. Баъзида Лэкстрем ёғдан ялтираётган бармоқларини гердайиб қизига чўзар, Регина сочиқ ёки қўлига илинган латта билан уларни тозалаб артарди. Ошхонанинг очиқ деразаси дарахтлар қуюқ ўсган ҳовлига қараган, қуёш нури бу ерга жуда кам тушади. Машиналар уй ёнидан шунчалик ғизиллаб ўтадики, катта йўл юпқа сув қатлами билан қопланганга ўхшайди.
Мауно Сантавирта тантанавор пайтларда кийиладиган қора пўрим костюмда иссиқдан лоҳас тортиб, жиққа терга ботиб ўтирар, ҳар гал тер томчиси кипригидан кўзига оқиб тушганда, куёв кўзини пирпиратарди. Ўнг қўли билан Регинанинг тирсагини маҳкам тутар, гўшт тўғраши керак бўлгандагина, Сантравирта асабий аланглаб, иложи борича сездирмай қўлини четга тортарди.
Қария Лаке ниҳоят текин тингловчиларга эга бўлиб, тинмай вайсарди. Куёв кўнгил учун виқор билан бош ирғар, ўринли-ўринсиз жойда маънодор қилиб гапириб қўярди:
– Ҳа, ҳа. Худди шундай.
У кўпроқ Регинага, айниқса, унинг ёйилган малла сочларига қарарди. Сочлар мис симдек ялтирар, қуёш нури қизнинг энсасига тегиши билан эса оловдек ёнарди.
Қария лаби лабига тегмай Хельсинкида қачонлардир, деярли ўтган юз йилликда кўтарилган даҳшатли тўфон ҳақида сўзларди.
– Эслаш ҳам қўрқинчли, эски черков боғида ҳамма катта дарахтларни илдизи билан қўпориб олган. Эртасига олиб чиқиб кетишга осонроқ бўлиши учун ишчиларнинг уларни арралаб бўлакларга бўлаётганини кўргани атай бордим. Ўзим у пайтда Кайвопуисто туманида яшардим, кўчада тошлар думаларди, муштдек келадиган тошлар. Умримда бунақасини кўрмагандим. Соҳилда нималар бўлганди-я, перкеле! Тўлқинлар елканли қайиқларни пайраҳага айлантириб юбормагунча ҳар томонга итқитиб, урарди. Шунда анави Сьеблом келиб, қайиғини чўктиришимни илтимос қилди. Мен дарров сузиб бориб, мачтага чиқдим-да, эпчиллик билан қайиқни ағдариб юбордим. У осонгина чўкиб кетди, фақат мачтанинг учи чиқиб турарди. Ўша Сьеблом мукофотига сени Порвога олиб бориб, яхтани бошқаришингга рухсат бераман, деб ваъда берди. Лекин кейин, қайиғини кўтаришга уринганимизда, – жин урсин! – кимдир бизгача бу ишни қилгани маълум бўлди. Қайиқдан ном-нишон йўқ, фақат таёқ чиқиб турибди, ўғрилар хўжакўрсинга уни қумга тиқиб кетишган экан.
Бахтимга, кўп ўтмай узоқ жойларга сузадиган бошқа капитан, Бломберг ўз яхтасида денгизга чиқди, у ўзи билан Сьебломни олди, Сьеблом эса – мени. Капитанлар йўл бўйи палуба остида, каютада ичкиликбозлик қилишди. Штурвални ҳам, елканларни ҳам ўзим бошқаришимга тўғри келди. Ваҳоланки, мен у пайтда бор-йўғи ўн бир ёшли бола эдим. Тўғри, кўпни кўргандим, елкан остида кўп сузгандим, бироқ Порво томонга йўлим тушмаганди. Узоқдан қояни кўриб, бор овозим билан қайси томондан айланиб ўтишни сўраб қичқирардим, улар эса менга пастдан бақиришарди – ўнгга ёки чапга деб. Худога шукр, бобойлар йўлни ёддан билишаркан. Ниҳоят Порво бандаргоҳига етканимизда Сьеблом бирдан қирғоққа тушмоқчи эмаслигини айтиб қолса денг. “Онанг биз ҳақимизда нима деб ўйлайди, Бломберг? Ахир ғирт мастмиз-ку”. – “Унинг ўлганига ўн беш йил бўлган”, – деди Бломберг. “Э, Худо! Наҳотки у қазо қилган бўлса?!” “Юрақол, оғайни, келган эканмиз, жилла қурса, қабрини зиёрат қилайлик”. – “Йўқ, йўқ, фалокатдан нарироқ юрган яхши. Ахир мастмиз-ку!” – “Унда бу ишни ўрнимизга болакай қилсин”. Югуриб боришимга тўғри келди, мозор эса, аксига олгандек, тоғда экан. Қабрни қандай қилиб дарров топа олганимни билмайман…
– Дадажон, энди озроқ овқатланинг, – Регина мулойим овозда чолнинг гапини бўлди.
– Йўқ, бошқа егим келмаяпти, – деди қария ўжарлиги тутиб.
– Дадамизнинг хотираси жуда ўткир экан, – деди Сантавирта ҳурмат билан.
– Менинг ёшимда ўткир бўлиш керак-да. Йўқса, ҳамма бурунги ишларни эслаб қолиб бўлармиди. Ха-ха-ха… Ҳа, нима ҳақида гапираётгандим? Қайтишда қариялар бири олиб, бири қўйиб қўрқинчли воқеаларни эслашди, тағин мастликда ҳадеб бир гапни қайтаришарди. Белман ҳақида бундай дейишди…
– Машҳур шоир ҳақида эмасми? – сўради Сантавирта одоб билан.
– Сен қаердан биласан? – ажабланди қария.
– Мауно, эшитяпсанми, дадам сенга “сен” деб мурожаат қиляпти. Қандай яхши! – севиниб кетди Регина.
– Бу табиий, – ғурурланди Сантавирта.
– Дада, қаҳва совиб қолади, – деб эслатди Регина.
– Нима? – довдиради қария. – Қаҳва? Менда қаҳва борми?
– Ҳа, ахир сизга ҳозиргина қуйиб бердим-ку.
– Нега буни дарров айтмадинг?! – аччиқланди чол.
– Лекин дадажоним ҳикояга шунчалик берилиб кетдики, барибир эшитмаган бўларди.
– Дада, бизга қулоқ солинг, илтимос, – Сантавирта тантанавор оҳангда гап бошлаб, Регинага маъноли жилмайиб қўйди. Қиз уялиб, унга ҳадиксираб қаради, лекин шу заҳоти нигоҳини қанддонга шундай қаттиқ тикдики, ундан ҳатто бир бўлак қанд тушиб кетди. – Биз ният қилдик, қизингиз билан турму…
– Бир гал роса ҳангома бўлганди. Акам Аларик денгизга чиқди, – атрофда ҳеч нимани пайқамай, вайсарди чол. – Роса номи чиққанидан Хиеталахти бандаргоҳига келиб тўхтаганида, полициячиларимизнинг бари уни кутиб олгани шошилди, йигитлар қирғоққа тушибоқ уларга ёпишиб кетишди. Узоқ сузгандан кейин ҳар доим қўллари қичиб қоларди, полициячиларни уришга қўйиб берсангиз бўлди, улар денгиздаёқ шуни ўйлаб роҳатланишарди. Муштлашув шундоқ бандаргоҳда бошланиб кетди. Перкеле! Бу ҳақиқий ур-йиқит эди, – валдирарди қария кўзларини ваҳимали олайтириб. – Миршаблар уришқоқларни бир амаллаб маҳкамага олиб кетишди. Лекин ўша ёқда муштлашув яна давом этди, бу гал йигитлар устун келишди – полициячилар “уйларида” ҳовурларидан тушиб қолишди, гижгижлайдиган томошабинлар ҳам йўқ эди. Йигитлар уларни миршабхонага тиқиб, қулфлашди, қайсидир мишиқига калитни полиция бошқармасига олиб бориб беришни тайинлаб, ўзлари сузиб кетишди. Ана ўшанда шунақанги ишлар бошландики! Миршаб зоти борки Пунавуори бўлимига ёпирилди, энг каттаси извошда эди, югурдаклари ёнида чопиб борарди. Роса ҳангома бўлганди, сизларга айтсам, – ўз кўзларим билан кўрганман. Полиция биносини ўраб олиб, ўзлариникиларни қамоқдан чиқариб юборишди. Бирдан катта миршаб бақириб қолди: “Бу қанақаси?! Олтита аҳмоқ, ҳар бири буқадек келади-ю, ўзини турмага қаматтириб ўтирса! Нега бу ерда ўтириб олдинглар?” – “Ахир устимиздан қулфлаб кетишди-ку”, – деб ўзларини оқлашарди улар. “Нима, деразадан тушиб кетолмадингларми? Азбаройи пастлигидан кўчадаги мастлар тўғри камерага гурсиллаб йиқилади!” – “Чин сўзимиз, жаноб бошлиқ, яқин орада ҳеч ким йиқилмади”. – “Жим бўлинглар, галварслар! Сизлар ҳатто полициячиликкаям ярамайсизлар!..”
– Дадажон, Мауно сизга бир нима айтмоқчи, – деб гап қистирди Регина ниҳоят.
– Тўғрисини айтиш керак, мен ҳам болалигимда денгизни орзу қилардим, онам қўйиб юбормаган. Отам эса ўқишни ўрганишим биланоқ муқовачига шогирдликка берган. Хапойя ҳақида эшитганмисан? – кутилмаганда куёвига қаради чол.
– Ҳа, албатта, анча машҳур исм, – хижолат бўлди у. – Бир дақиқа, эслаб кўраман.
– У… дунёдаги энг бешафқат қотил эди!
– Лекин дадам овқатдан кейин қўрқинчли нарсалар ҳақида гапирмайди-ку, – деб ялинди Регина. – Бу жуда зарарли!
– У бутун умр қамоқда ўтирган, – қария қизига эътибор бермади. – Ўша Хапойя марказий қамоқхонада ўлиб кетди. Биринчи куниёқ хўжайин мени ўша қароқчи турмада ёзган китобни олиб келишга жўнатди, у китобда ҳамма саргузаштларини тасвирлаган. Биз китобни муқовалашимиз керак эди. Менга қароқчининг белидан шилиб олинган тери парчасини муқова учун топширишди. Терига ишлов берилгач, бирдан қорайиб кетди – шу аҳволдаям муқовага яраган бўларди-ю, лекин устида зарҳал турмасди: одам териси зарҳал беришга жуда қуруқлик қилади, – беўхшов илжайди қария.
– Нима қиламиз? У ҳеч нимани эшитмаяпти, – деди Сантавирта умидсизланиб Регинага. – Гапиргани гапирган, одам эмас, радионинг ўзи.
– Яна бир марта уриниб кўр, – маслаҳат берди Регина.
– Нимадир дедингми, а?
– Мауно қўлимни сўрамоқчи, – шодон овозда қаттиқ гапирди Регина.
– Мен ҳам шуни айтяпман-да, гвардия Царское селода эди. Полк ҳарбий машғулотлари бўлаётганди. Рус батальони ўқ узар, финлар эса натижани ҳисоблашарди. Руслар аввалдан нишонларни тешиб, ўзлари осмонга ўқ узишарди. Машғулот авжига чиққанда, подшоҳ бирдан ўқ узишни тўхтатди. Биласизми, у ҳамма қандай қилиб нишонга бунчалик аниқ ураётганига қизиқиб қолди. Тиниб-тинчимаган, ҳовлиқма шоҳ эди-да ўзиям. “Нишонга аниқ теккизиш – юздан бир юз қирқ! Сиз ажойиб мергансиз”, – деб мақтади фин шу пайт ўқ узаётган рус зобитини. “Худо ҳаққи, фақат подшоҳга айтманг, – деб ялинарди у. – Раҳм қилинг, хотиним, кичкина болаларим бор. Ҳеч бўлмаса, юздан қирқ денг”. – “Нега мени ёлғон гапиришга ундаяпсиз? – қизишди фин. – Мениям хотиним, болаларим бор. Ҳа, майли, шундай бўлақолсин, юздан тўрт дейман”. – “Азизим, тўрт бўладими ёки қирқ, сизга барибир эмасми? Муқаддас авлиёлар ҳаққи, қирқ денг”. – “Мен тўғрисўз одамман, лекин юрагим тош эмас. Шунинг учун танланг, тўртми ёки бир юз қирқ?”
Чол шундай деб дастурхондан тура бошлади.
– Йўқ, йўқ, дадажоним ҳали кетмайди-ку ахир, – ҳовлиқиб қолди Регина.
– Кўп овқат еб қўйганга ўхшайман, бироз мизғиб олишим керак, – эътироз билдирди Лэкстрем ва оёқларини шапиллатиб ўз хонасига қараб кетди.
– Дада, гапимга қулоқ солинг, – чолнинг кетидан юрганча ялинарди Мауно. – Йўқ, у қулоқ ҳам солмаяпти!
– У эшитмаяпти, – деб тўғрилади қиз.
– Жуда яхши эшитяпти, шунчаки ўзини эшитмаганга оляпти. Ҳамма карлар бир хил. Улар ҳақида бирон ёмон гап айтсанг бас, дарров эшитишади.
– Мауно, дадам ҳақида нималар деяпсан?!
– Бирон нотўғри гап айтдимми? Кечирасан, хоҳламагандим, азизам.
– Нега менга бақиряпсан?
– Фақат, Худо ҳаққи, йиғламагин. Ахир ўзимни ўйлаётганим йўқ-ку, тушун. Шахсий ҳаётинг бўлиши керак-ку. Ахир асира эмассан-ку. Мен-чи? Мен ҳақимда ўйламаса ҳам бўлади. Бундан чиқди, шу чўтир кўримсиз чол сен учун ҳам оила, ҳам эр…
– Уят эмасми! Ахир бу менинг отам-ку! – ҳўнграб йиғлаб юборди Регина.
– Хўп, бўпти, бўпти, яхшиси, очиқ ҳавога чиқайлик. Бу ер шунчалик димки, ҳатто фикрлаёлмаяпман.
Улар боққа чиқиб, гуллаб турган настаринли шийпончага ўтиришди. У ер ним қоронғи ва салқин эди, сигарета тутуни кўк аждарлар мисоли ғалати бураларди.
– Кириб, дадам билан яхшиликча гаплашаман, – деб жазм қилди ниҳоят Сантавирта.
– Дадам аллақачон ухлаб қолган, – умидсиз қўл силтади Регина.
Аммо Сантавирта барибир туриб, уйга қараб юрди. У даҳлизга кириб, иккиланиб депсиниб турди-да, ниҳоят чолнинг хонаси эшигини журъатсиз тақиллатди. Жавоб бўлмагач, эшикни сассиз очиб, ичкарига мўралади. Чол бошини ғалати тарзда орқага ташлаб каравотда ётар, қирра бурни сўппайиб қолганди.
Сантавирта чўчиб эшикни ёпди-да, йўлакдан ўтиб, дераза олдида тўхтади. Регина настаринли шийпончада оёқларини чалиштириб ўтирганча чекарди. Сантавирта сигаретни полга ташлаб, пойабзалининг учи билан ўчирди, кейин шляпасини кийиб хўрсинди-да, қиз томонга қараб юрди.

Рус тилидан Комила Носирова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 12-сон