Вейо Мери. Тароқ (ҳикоя)

Камгап финнинг ички монологи

…Воқеа поездда бўлганди. Йигит тароғини тушириб юборди. Тароқ батарея тагига кириб кетди. Йигит эгилди, полни пайпаслади, батарея ўрамлари орасида қўллари билан тимирскланди, лекин тароқнинг изи ҳам йўқ эди. Поездда йўқотганингни асло тополмайсан. Тароқ нима, тароқ – арзимаган нарса, бир марта чиптамни йўқотиб қўйганман. У ҳам батарея орқасига тушиб кетганди. Табиийки, уни қайтиб кўрмадим. Аксига олгандек, шу пайт чиптачи пайдо бўлиб, жаҳл билан гапирди:
– Хювинк станциясида чиққанлар, чипталарингизни кўрсатинг.
У бизнинг қаторга қараб юрди, мен эса ҳеч нима бўлмагандек ўтирардим.
Айтишларича, улар, чиптачилар янги йўловчиларни қандайдир белгиларига қараб фарқлашлари керак. Янги йўловчи аллақандай тетикроқ ва жўшқинроқми-ей. Қишда уни ботинкаларига қараб ажратиш осон – агар ботинкаси қор бўлса, шубҳа бўлиши мумкин эмас. Чиптачи, табиийки, йўловчининг кўзига қарайди. Тикилиб. Баъзи чиптасизлар асабийлашиб, аланглашни бошлайди, баъзилари меровсираб бўшлиққа тикилади. Мен ҳам чиптачининг еб қўйгудек тикилишига қарашга ботинмадим. Поезд юрганда пардаларнинг силкинишини кузатиш қизиқроқ эди: ҳаммаси бир хил маромда қимирлаётгандек эди, э, йўқ, айримлари барибир сал кечикаётганди. Қизиқ, нима сабабдан? Балки, улар узунроқдир? Ёки оғирроқми? Ҳа йўқ, вазннинг бунга дахли йўқ.
Ҳар бир мактаб ўқувчиси билади: ам-пли-ту-да боғ-лиқ эмас… та-тата-та, та-та-та-та – деб тўтидек такрорладим, то чиптачи ўтиб кетмагунча.
Хавф ортда қолиши биланоқ яна шошиб чиптамни излашга тушдим. Тамперга етгунча изладим, лекин тополмадим. Манави йигит ҳам, ҳойнаҳой, тароғини охирги дақиқагача излайди ва барибир тополмайди.
Эсимда, бир гал Хэмеенлинн станциясида бизнинг поездга кутилмаганда лотерея чипталарини сотувчи кириб қолди. У қандайдир ўғринча, оёқ учида кириб, нуқул ўриндиқларга ёпишарди. Худди “Мен мен эмас, от ҳам меникимас” дегандек. Лотереячи ингичка қизил резинка билан боғланган бир даста чиптани зўрға ушлаб турарди. Бирдан нимадир пақиллади, резинка менинг ўриндиғим суянчиғига, юзимнинг ёнига учиб келиб, қоплама устида туриб қолди. Эсимда, бир марта ўзимда ҳам худди шундай резинка “отилиб”, шифт тагида гулқоғозлар четига ёпишиб қолганди. Қизиқ, у ерда резинкани нима ушлаб турганийкин?.. Эрталаб барибир полга тушди… Лотерея чипталари ҳам сотувчини даҳшатга солиб, полга тушди. Сочилиб кетмади, қандайдир ғалати уюрма ҳосил қилиб, айланди, айланаверди… Сотувчининг шунда қанчалик шиддатли ғайрат кўрсатганини бир кўрсангиз эди: у буралиб-буралиб, бу “ўпқон”лардан чипталарини – худо сақласин! – полга тегмаслиги учун учаётганда тутиб оларди. Намунча шошмаса, дерсиз?! Нима, ёниб кетармиди?! Шу пайт фикрим тиниқлашди: ахир буларни ноқонуний сотади-ку. Унга ёрдам бериб ҳам бўлмасди – мени бемаъни чипталарини ўзлаштириб олмоқчи деб ўйлаши мумкин эди.
Лотереячи ниҳоят Риихимякида тушди, мен эса Хельсинкигача силкиниб боришим керак эди. Суянчиққа ўзимни ташлаб, мизғишга тайёрландим, шунда қаршимдаги ўриндиқ остида нимадир оқариб кўринаётганини пайқадим. Синчиклаб қарадим, лотерея чиптаси экан. Уни олиб, йиртиб, ўгириб қарадим – ҳеч нима. Кейин батарея бурамлари орасидан яна биттаси чиқиб турганини кўрдим. Уни олиш учун эгилдим, ўриндиқ тагида яна учта бор экан, у ерда яна ва яна… Бу гал уларнинг иккитаси янги чипта ютиб олди. Бундай ҳолатда имкониятни қўлдан бой бериб бўлмасди. Ўриндиқ остига кириб, ҳосилни йиғиш учун эмакладим… Вагоннинг нариги чеккасидан таажжубга тушган йўловчилар кўз ўнгида чиқиб, уст-бошимни қоққанча йўлакка чопдим. Тоқатсизланиб, уларни очиб қарадим: чипталар ўттизтадан кўпроқ эди, бироқ уларнинг ҳеч бири, газеталарда ёзишганидек, мени фотоаппарат, велосипед ёки радиоприёмникнинг бахтли эгасига айлантирмади. Тўғри, менга ўнлаб янги чипталар чиқди. Аммо бу кимни ҳам қизиқтирарди?!
Вискидан бўшаган бутилкага ўхшашиб кетадиган ахлатдон аллақачон йиртилган лотерея чипталарига тўлганди. Улар бунчалик узун бўлмаса – қарагинг келмайди! Ҳар бирини беш мартача очишга тўғри келарди. Қидиргим келмай қолди. Бу қандай лотерея бўлди, ҳеч бўлмаса бир марта ютуқ таъмини сезсанг-да! Умуман олганда, лотереяга қарши эмасман. Баъзан омад келиб қолади. Масалан, бизда институт кечасида уюштирилган лотереяни олсак. Унда ҳали талаба эдим, олтин давр! Уни ўзимиз учун уюштирдик, атиги тўқсон тўққиз киши, бегона одам йўқ эди. Нима бўлди деб ўйлайсиз? Ютуқ, худди атай қилгандек, профессоримизга чиқди. Шунчаки ютуқ эмас, катта шишада ёрлиғи ажойиб хориж виноси. Номини ўқиб улгурмасимдан уни залда намойиш қилишди, афсус. Шишани профессорга бериш алланечук ноқулай эди – ҳамма унинг мутлақо ичмайдиган одам эканлигини биларди. Кимдир унга кураторнинг хонасида турган стол устига қўйиладиган лампани беришни таклиф қилди. Лекин энди кеч, ютуқни ҳамма кўриб бўлганди. Дарвоқе, профессор жуда севиниб кетди. У ҳатто шишани кўксига босди, талабалар кулишди, профессорнинг ўзи эса ҳаммадан кўпроқ кулди, ҳатто одоб чегарасидан ҳам ўтиб кетди. Негадир дарров уйга кетгиси келиб қолди, ваҳоланки, одатда у шогирдлари билан рақс бошлангунча қоларди. Бироқ профессор эшикдан чиқиб улгурмай, тарақ-туруқ эшитилди. Шиша тушиб, чилпарчин бўлиб, майда-майда бўлиб кетди. Шиша синиқлари бош эшиккача сочилиб, эшик олдидаги кўчани қоплади. Анча вақтгача оёқларимиз остида қасирлади. Ҳали ҳам қасирлаётган бўлса керак. Вой одамлар-ей – профессорга портфель беришга фаҳмлари етмади, шунда шишани оддий пиёниста сингари қўйнига яширмаган бўларди.
Мен бу хотиралардан халос бўлолмасдим, чунки рўпарамдаги йигит тинмай тароғини қидирарди. Баъзан барибир ақли расо йўловчидек жойига ўтирар, лекин дарров сакраб туриб, шу пайтгача умуман қидирмагани, ҳақиқий қидирув ҳали олдинда эканлигига ўзини ишонтирган каби яна ишга киришарди. Ахир шунча зўр уринишлардан сўнг матоҳ топилмаслигига тан бериш қийин-да. Барибир тополмаслигинг икки карра иккидек аниқ бўлса, кимнинг ҳам қидиргиси келарди.
Тамперда йигит ниҳоят тинчланди – чиқиш вақти етганди. Ўтиш жойида у яна эгилиб, ўриндиқ тагига мўралади. Шу пайт у менга ёнламасига турди, шунда кўрдим: ҳм, тароқ шимнинг ўнг манжетидан чиқиб турган экан-ку. Худо ҳаққи! Ҳатто тишларининг қора учлари бироз кўринаётганди. Бу ҳақда унга айтишга ботинмадим. Йигитни аҳмоқона вазиятга қўйишнинг нима кераги бор! Қолаверса, у ердан йигит ҳар эҳтимолга қарши солиб қўйган бутунлай бошқа тароқ чиқиб турган бўлиши мумкин. Балки, менга шундай туюлгандир, балки, шунчаки оқиш шим қора ип билан тикилгандир. Шунақаси ҳам бўлади!
Поезд жилиши билан мен унинг ўрнига ўтиб ўтирдим, у ердан излаш қулайроқ эди: нима бўлганда ҳам, тароқ қаерга йўқолганини аниқлашим керак – у поезддами ёки йигитнинг шимидами. Ёнимда узун қалам бор эди. Уни ҳамма тешик ва бурчакларга тиқиб кўрдим, аммо тароқни барибир тополмадим. Демак, у чиндан ҳам шим манжетига тиқилиб қолган. Кулги кулги билан-у, лекин бир гал катта бир жамоа излашда иштирок этган зиракни айнан шимимнинг манжетидан топиб олгандим. Бироқ уни соҳибасига қайтаришга жазм этмадим. Нима учун? У барибир менга ишонмаган бўларди. Эркакка ишонган аёлни ҳеч кўрганмисиз? Мен ҳам кўрмаганман. У, ҳойнаҳой, мени зиракни яшириб қўймоқчи бўлган деб гумон қилган бўларди. Бундай ҳолатларда иш сенга қарши тус олиши мумкинлигини тахмин қилиш керак – кейин ўзингни оқлаб кўр-чи. Аёлга чиройи очилиб кетганини айтиб кўринг, кўнгилсизликлардан бошингиз чиқмайди. У, ҳойнаҳой, аввал мени хунук деб ҳисоблаган деган хулосага келади.
Дарвоқе, аёллар ҳақида. Яна бир воқеа эсимга тушди. Танишим, математика магистри уйида узугини йўқотиб қўйди. Тағин оддий узук эмас, магистр узугини. Бир ҳафта қидирди, оёқдан қолаёзди, ниҳоят ҳамма ёқни обдан тозалаб чиқиб, узугини кийим билан қоқиб ташлаганига тамом ишонч ҳосил қилди. Албатта, йиғиштиришдан қандайдир фойда бўлди: танишим қидиришни тўхтатди. Шунда шогирди математикадан имтиҳон топширишга келиб қолди. У шогирдини даҳлизда қалин зиғир толасидан тўқилган дастурхон солинган кичкина думалоқ стол ёнига ўтқизди. Дастурхонга ҳар хил гуллар, япроқлар ва колибри қушчалари тасвири тикилганди. Шогирд столга тирсаги билан суяниб ўтириб, бирдан нимадир ёзишга халал бераётганини сезди. Ана ўша магистрнинг тилла узуги эди. У дастурхонга ёпишиб, жимжимадор безакнинг бир қисмидек кўринарди.
Ҳаммаси равшан, фақат бир нарсани тушунолмайман: магистр ҳатто дастурхонни ҳам яхшилаб қоқмаган бўлса, бу қандай уй тозалаш эди, тағин ҳамма ёқни обдан йиғиштирганмиш. Бироқ бу унинг шахсий иши, албатта!
Қалам билан батареяни кавларканман, рўпарамга семиз кекса коммивояжер ўтириб олишга улгурди. У ҳансираб нафас олиб, митти дафтарчага тикилган латта билан пешонасидаги терни артарди. Бу унинг фирмаси матоларининг намуналари бўлса керак.
– Нимадир йўқолдими? – сўради янги йўловчи қизиқсиниб.
– Тароқ қаергадир тушиб кетди.
У оёқларини йиғиштириб, бесўнақай осилганча батарея тагига мўралади.
– Қиммат нарса эмас. Ярим маркалик оддий тароқ, – деб огоҳлантирдим мен дарров. – Бекорчиликдан қидиряпман.
– Албатта, ҳар доим қидириб кўриш керак. Агар ҳар гал тароқ йўқолганда, янгисини сотиб олаверса, ҳеч қанча пул чидамайди.
Ҳамма коммивояжерлар одатда шундай ўйлайди. Фақат ўйлайди эмас, одамларни мижғовланиб зиқналикка ўргатади, гўё бундан фойда кўраётгандек. Камига у мени виждонсизларча коммивояжерларнинг ҳеч нарсаси йўқолмаслигига ишонтиришга уринди. Аммо кўп ўтмай ўзи ҳам топишга қизиқиб қолди, камарини ечиб, ҳинд афсунгаридек ўйната бошлади. Тағин нима дейди:
– Камарнинг эскилигига аҳамият берма: жин ургур қайишқоқ, ҳар қандай тешикка кириб кетади. Бебаҳо.
Коммивояжер шу аснода бундай камар билан шахсан ўзим ёпилиб қолган тўртта эшикдан учтасини оча олардим деб мақтанди. Маълум бўлишича, агар сиз эшикни бекитсангиз-у, калитни уйда унутиб қолдирсангиз, бунинг ҳеч қандай қўрқинчли томони йўқ. Почта тортмасини суғуриб, бекорчиликдан сандироқлаб юрган бирон боладан қўлини ёриқдан тиқиб, қулфни ичкаридан очишини илтимос қилиш керак. Коммивояжер бу кўп учрайдиган ҳолат эканлигини уқтирарди. Тўртта эшикдан учтасида ҳойнаҳой тешик бор, деб мен билан баҳс боғлашга ҳам тайёр эди. Бироқ гаров бўлмади. Хаапамякида поезддан тушдим, коммивояжер эса йўлида давом этди. Перрондан ўтаётганимда, деразадан боши кўринмади. Анави тароқни қидираётгандир балки, ёки шу пайт эгилиб, ботинкасининг боғичларини боғлаётгандир. Боғичининг биттаси коммивояжер вагонга кирганда осилиб турганди. Семиз одамларнинг доим боғичи ечилиб кетади! Фақат боғичлари ечилса майли, бир сафар…

Рус тилидан Комила Носирова таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 12-сон