Яна… ҳали балоғатга етмаган оқкўнгил, лоқайд, ўйноқи қизалоққа ўхшаб баҳор келди. Қишлоқнинг эгри-бугри кўчалари тиззагача лой. Одамлар четан деворларнинг қозиғидан ушлаб аранг юришади. Мабодо, бирон-бир гўшт тайёрлов идорасида ишлайдиган тўлароқ амаки келиб шу қозиқлардан ушлаб юргудай бўлса, қозиқ қўлида қолади. Чунки бу идоранинг ҳамма ходимларининг юзлари кўзадай қизғиш ва мовийрангда бўлишади. Ҳовли эгалари эса дунёдаги бор лаънатларни уларнинг ортидан ёғдирадилар.
– Сен текинхўрлар, этигингни ифлос қилишга ачинаслар-у, мен ҳар баҳорда ортларингдан четан деворни тузатиб юришим керакми?!
– Агар четанингга ачинсанг, тош ётқизгин эди кўчангга.
–Нима, қўлингга куйдирги чиққанми? Ўзинг ётқиз.
– …Кўпам ҳураверма. Шунчалик ақллимисан?
Тунлари эса даладаги майин қор эрий бошлаганди. Ариқ ёқасида қатор ўсаётган тераклардан эса ниманидир жаранглаб ёрилган товуши эшитиларди. Дарёда муз кўчарди. Кундузи катта муз бўлаклари қуёшда ярақлаб, силлиқ катта қорни билан тош қирғоқларни ғижирлатиб олдга силжир, дарё ўзанларида эса муз бўлаклари қирғоққа чиқиб қолган майда тошчаларни сидирар ва яна қаергадир оқиб кетишар эди. Ўйноқи нам шамол бош узра айланаверарди. Ҳавони ўткир гўнг ҳиди тутганди.
Кечқурун, уйқу олдидан одамлар меҳрибонроқ бўлиб қолишарди. Ҳовлиларда уч оёқли чўян қозонлардан буғ чиқарди. Қуриган ўтинлар чарсиллар, олов ўйноқлаб ёнарди. Бир кун шундай ўтди. Керак бўлмаган суҳбат ярим чираниш билан давом этар, эртага яна кун бор, яна ўша, унча зарур бўлмаган гаплар айтилади. Ҳозирча эса дам олиш, чекиш мумкин, тақдирдан нолишнинг ҳам пайтидир балки, ўйлаб кўрилса, эртага нима бўлиши Худога аён; балки ҳаёт – тақдир бошқачароқ, бироз яхшироқ бўлар?.. Умуман олганда, шундоқ ўтаверса ҳам майлийди.
Шундай ўйчан оқшомларнинг бирида Степан Воеводин далани четлаб, қадрдон қишлоғига қайтиб келди. У қишлоққа ҳовлилар камроқ бўлган томондан кириб келди, кун бўйи офтоб қиздирган тепаликка чиқиб ўтириб олди-да, уф тортди. Кўринишидан жуда кўп йўл кезган, ўлгудек толиққан эди. У жимгина ўтириб, зийраклик билан атрофни кузатди-да, ўрнидан туриб қишлоққа йўл олди.
Нимёруғ устахонада қиринди ҳиди анқирди. Ермолай Воеводин устахонада аравача ясарди. У минғирлар, рандаси тахтадаги кўзга тегиб тақалиб қолса, одатига кўра мулойим сўкиниб қўярди.
…Шунда тўсатдан остонада ўғли – Степан пайдо бўлди.
– Салом, ота.
Ермолай бошини кўтарди, ўғлига узоқ тикилди… Кейин бурун қоқди, хотинларга ўхшатиб кўйлагининг этаги билан бурнини артди ва ўғлига диққат билан тикилиб қолди.
– Стёпка, бу сенмисан?
– Ҳа… Нима, танимадингми?
– Худди!.. Буни қара… Мен ўйлабманки… Кўраяпман.
Степан бужмайган юк халтани остонага қўйиб, отасига яқин келди. Иккиси қучоқлашиб, ўпишиб кўришишди.
– Келдингми?
– Келдим.
– Сал эртароқми?.. Биз кузда келасан, деб ўйлаган эдик.
– Ишимни тугатдим… Эртароқ қўйиб юборди.
– Эҳ, буни қара-я!.. – Ота ўғлини кўраётганидан қувонарди. Аммо, шошганидан нима қилишни билолмасди.
– Ҳалиги, Бўрибосар ҳалиям тирик.
– Йўғ-эй? – ҳайрон бўлди Степан. У ҳам нима қилишни билмас, отасини кўриб турганидан хурсанд эди. – Қаерда у?
– Қаерлардадир санғиб юргандир. Ўтган шанба куни хотинлар чойшабларини қуритиш учун илиб қўйишса, ҳаммасини ғажиб, булғаб ташлабди. Ўйноқилабди, итдан тарқаган.
– Ҳа, ўйноқи у, бемаза.
– Отиб ташламоқчи эдим, сени ўйлаб индамадим.
Мосламага ўтиришди, тамаки тутатишди.
– Ҳамма соғ-саломатми? – сўради Степан.
– Ҳа, юришибди. Хўш, нима қилдинг?
– Шу, ишладик.
– Шахтада ишлаган бўлсанг керак?
– Йўқ, нега энди, ўрмонда дарахт кесдик.
– Ҳа-а, хўш, майли, – Ермолай бошини қимирлатиб маъқуллади. – Ақлинг жойига келгандир?
– Ҳе-е… – Степаннинг афти буришди. – Гап бунда эмас-ку, ота.
– Менга қара, Стёпка… – Ермолай тамакидан сарғайган қийшиқ бармоқлари билан пўписа қилди. – Тушундингми, энди қўлингга эрк бераверма, керак эмас. Вақтини топибсанлар тепалашишни, шайтонваччалар. Энди унақа қилма.
– Гап бунда эмас-ку , – деди яна Стёпа.
Бостирмахонага қоронғи тушди. Ҳамон пайраха ва қипиқнинг ҳиди анқиб турарди. Стёпа мосламадан турди, папирос қолдиғини оёғи билан эзғилаб ташлади.
– Уйга кирдик, кўриниш берайлик.
– Соқов қизимиз эса… – Ермолай ўрнидан тураркан гап бошлади, – сал қолди куёвга чиқишига.
У қандайдир бир муҳим янгилик айтиб бергиси келарди-ю, мавридини топа олмаётгандек эди.
– Йўғ-э? –ҳайрон қолди Стёпа.
– Ҳам кулгинг келади, ҳам йиғлагинг.
Омбордан чиқаётиб отаси ҳикоясини бошлади:
– Бир марта клубдан келди-да, менга «м-м-м»лаб қолди, куёвни бошлаб келаман деб. Мен унга ҳозир сенга шунақанги куёвни кўрсатиб қўяманки, бир ҳафтагача ўтира олмайдиган бўлиб қоласан, дедим.
– Балки, бекор қилгандирсан-а?
– Нега энди бекорга экан? Бекорга… Бирортаси алдамоқчи бўлган, унга енгилроқ пўписа қилиб қўйдим. Қайси аҳмоққа керак шу ҳолида. Мен унга шунақанги куёвни кўрсатаманки, дедим…
– Куёвни кўриш керакмиди-и. Балки ростдан ҳам…
Шу пайт уйдан «келин»нинг ўзи чиқиб қолди, йигирма беш ёшлардаги гавдали қиз. Акасини кўрди-ю, қўлларини силкитиб қувонч билан «м-м-м»лади. Унинг кўм-кўк гулдай кўзлари ёшланиб ишонч билан қарарди. У бўсағада турганча баланддан пастга тикилиб, акасининг яқинроқ келишини кутиб турарди. Шу дақиқада у шунчалик хурсанд эдики, эркакларнинг ҳам кўзидан ёш чиқиб кетди.
– Мана сенга ми-ми, – деди ота зарда билан ва кафтлари билан кўзларини артди. – Сени кутди, ҳар куни неча кун қолганини деворга белгилаб чиқарди, – изоҳ берди у Степанга. – Аҳмоқ, ҳаммамизни яхши кўради.
Степан сал хўмрайиб зинадан кўтарилди, қовушмайроқ синглисини бағрига босди-да, елкасига қоқиб қўйди. У акасини маҳкам қучоқлаб олганича юзи, пешонаси, ёноқларидан тинмай ўпа бошлади.
– Бўлди бас, – Степан синглисининг қучоғидан чиқишга уринар, у эса Степанга маҳкам ёпишиб олганди. У бир томондан синглисининг маҳкам қўлларидан, ўпичларидан қутула олмаётганидан ўнғайсизланса, бошқа томондан бундан хурсанд ҳам бўларди.
– Буни қара, – ўнғайсизланиб ғулдирарди у, – бўлди, бас қил… бўлди етади.
– Қўявер, индама, – деди ота кўз ёшини арта туриб, – кўрмаяпсанми, соғинган.
Ниҳоят, Степан синглисининг қучоғидан бўшалиб, унга қувонч билан тикилди.
– Хўш, ишлар қандай? – сўради у.
Синглиси қўллари билан «яхши», дея ишора қилди.
– Унга ҳамиша яхши, – деди отаси зинадан чиқаётиб. – Юр, онангни ҳам хурсанд қилайлик.
Онаси йиғлади, қувонди:
– Худога шукр, Худодан айланай, охири менинг оҳу зорим, дуоларим сенга етиб борибди…
Ҳамма негадир ўзини йўқотиб қўйгандай эди.
– Онаси, сен қувонсанг ҳам, ҳафа бўлсанг
ҳам бирдек, тушуниб бўлмайди, – танбеҳ бергандек бўлди Ермолай. – Нега бунча каловланасан? Мана, келди-ку, қувониш керак-да, ахир.
– Қувонаяпман-ку, нима, ё қувонмаяпманми?..
– Бўлди-да, йиғлама унда.
– Соғлиғинг яхшими, ўғлим? – сўради онаси. – Ёки мазанг бўлмай эртароқ қўйиб юборишдими, а?..
– Э, йўқ, ҳаммаси жойида. Ўтаб бўлдим ҳаммасини, кейин қўйиб юборишди.
Бирин-кетин қариндош-уруғ, қўшнилар кела бошлашди. Энг биринчи бўлиб қўшниси кулча юзли, мулойим, силлиқ жувон Нюра Агапова кириб келди. Остонадан ўтибоқ ҳовлиқиб, қувончи ичига сиғмай сўзларди.
– Бундоқ ойнадан қарасам, вой Худойим-эй, Стёпка келганга ўхшайдими?! Ростдан ҳам Степан…
Степан унга жилмайиб қаради .
– Салом, Нюра.
Нюра тафтли қўллари билан қучоқлаб, беваларга хос очиққан лабларини чиройли қўшнисининг тамаки ҳиди анқиб турган, сўл томони ёрилган лабларига босди.
– Сендан печканинг ҳовури келади-я, – деди Степан. – Эрга тегдингми, ўзи?
– Мени оладиган эркак қани? Бутун бошли қишлоқда икки яримта эркак бўлса.
– Нима, сенга бештаси керакми?
– Балки, мен сени кутгандирман! – шарақлаб кулди Нюра.
– Ҳой, шайтон кўтарсин сени, Нюра! – ғаши келди онасининг. – Кўпам бу ерда ўралашаверма, бошқалар билан ҳам гаплашишга қўй… Жудаям зиқ бўлиб кетгандирсан, ўғлим?
– Э, йўқ, – сўз бошлади Степан, – у ерда ҳаммаси яхши. Масалан, мен бу ерда ойда бир кино кўрардим, тўғрими? У ерда эса ҳафтасига икки марта. Агар хоҳласам «қизил бурчак»ка бораман, у ерда менга «Совет кишисининг виждони ва шарафи» ёки «Ишчи синфининг капиталист мамлакатлардаги аҳволи» ҳақида маъруза ўқиб беришлари мумкин.
– Нима, сизларни у ерга кино кўргани тўплашганмиди? – қувноқлик билан сўради Нюра.
– Нега энди?.. Фақат кино кўргани эмас-ку, албатта.
– Тарбиялашган… шу йўл билан, – гапга суқилди отаси. – Аҳмоқона мияларини тўғрилашган.
– Кўп ажойиб инсонлар бор эди у ерда, –давом этди Степан. – Шундоқ азаматлар бор эдики… Яна зўр маълумотли одамлар ҳам бор. Масалан, бизнинг бригадамизда иккита муҳандис бор эди…
– Уларни нима учун қамашган?
– Биттасини фабрикадаги қандайдир фалокат учун, иккинчисини тепалашгани учун, кимнидир бошига шиша билан туширган.
– Балки инженерман деб алдагандир? – ишонқирамайроқ сўради отаси.
– У ерда ёлғон гапириб бўлмайди. У ерда ҳамма бир-бири ҳақида ҳамма нарсани билади.
– Еб-ичишинг қандай эди? – сўради онаси.
– Яхши, деярли ҳамма нарса етарли. Ёмонмас.
Яна одамлар кела бошлашди. Степаннинг ўртоқлари келишди. Восводинларнинг торроқ ёғоч уйи торлик қила бошлади. Степан қайта-қайта ҳикоя қиларди:
– Э, йўқ, умуман олганда, у ерда ҳамма нарса яхши эди! Сизлар бу ерда кўп кино кўрасизларми? Биз эса ҳафтасига икки марта. Сизларга артистлар келадими? Бизларда эса, у ерга тинимсиз келишарди. Овқат ҳам етарли эди… Бир марта эса, ҳатто кўзбойлағич ҳам келган. Сув тўла стаканни шундай олади-ю…
Одамлар Степаннинг айтаётганларини завқ ва бироз ҳайрат билан эшитишар, «ҳм», «қара-я», деб қўйишар, ўзлари ҳам нималарнидир дегилари келарди-ю, аммо яна бошқа бирортаси савол ташлар ва Степан яна қайтадан гапириб бера бошларди. Узоқ кутилган бу учрашувдан, сўроқлар ва ўзи сўзлаб бераётган гаплардан хиёл боши
айланибми, гоҳо ўзидан ҳам у-бу нарсаларни қўшиб-чатиб гапира бошлаганини сезмасди.
– Қўриқлаш масаласи-чи, қаттиқдир-а?
– Э, унчалик эмас! Кейинги пайтларда бизларни хўжаликка ишга олиб боришарди, у ерда деярли ёлғиз ўзимиз қолардик.
– Қочишмасмиди?
– Баъзан. Қочгандан маъно йўқ.
– Айтишларича, агар кимдир айбдор бўлса тошўрага қамаб қўйишаркан.
– Карцерга. Бу камдан-кам ҳолатда бўлади. Агар жудаям қаттиқ айб иш қилсанг. Ашаддийларни, бизларга эса тегишмасди.
– Олғиру ўғрилар роса йиғилган бўлса керак у ерда! – хитоб қилди соддароқ бир
йигит. – Бир-бирини тўнашлар, ўғрилик бўлса керак?
Степан кулди. Унга қўшилиб бошқалар ҳам кулган бўлсалар-да, Степанга қизиқиб қарашди.
– Бунақа нарсалар у ерда жуда қаттиқ назорат қилинади, – тушунтирди Степан.
– Бирор-бир киши унақа иш қиладиган бўлса, дарҳол жойига тиқиб қўйишади.
Шу вақтнинг ичида онаси ва гунг қиз тезда ҳаммомни қиздиришди, отаси эса дўконга чиқиб келди… Кимдир латтага ўралган сало олиб келди, кимдир кеча пиширилгандан қолган бўғирсоқ, кимдир идишда «асал пиво» келтирди… Байрам қўққисдан юз берганлиги сабабли уй эгалари тайёргарлик кўрмаган эдилар. Байрам столига кеч қоронғида ўтиришди. Аста-секин шодиёна қизий бошлади. Ҳамма бир-бирининг сўзини бўлиб, бараварига гапира бошлашар, кулишарди… Степан столнинг тўрида ўтирар, гоҳ чап, гоҳ ўнг томонига бурилиб яна гапирмоқчи бўлар, лекин энди унинг сўзларини эътиборсиз тинглардилар. У ҳам энди унчалик чираниб гапиришга ҳаракат қилмасди. У одамлар қувониб ўтиришганидан хурсанд бўлар ва уларнинг йиғилиб ўтиришганининг сабабчиси ўзи эканлигидан мамнун эди. У энди йиғилганларга янаям яхши бўлиши, уларнинг ўйнаб-кулиб ўтиришлари учун ўша томонлардан ўрганиб келган қўшиқлардан бирини куйлай бошлади:
Онажон, кечиргин мени,
Қилган барча қилиқларим учун.
Сўзларингга қулоқ солмаганди-им…
Йиғилганлар бир зум жим бўлиб қолишди, Степанни одамларга бўлган меҳр ва муҳаббат туйғулари чулғаб олган, кайфи ҳам ошиб қолганди. «Қамоқхона – бу ҳазил деб ўйлагандим. Ҳазил деб мен ўзимни хароб қилдим», дея куйларди Степан. Ашула уларга ёқмади – айбдорлик тавба-тазаррусини ёқлашмади, уларга унчалик таъсирли туюлмади.
– Чапанича ашула! – дея ҳаяжон билан тушунтирган бўлди бояги содда, турмадагиларнинг ҳаммаси ўғрилар, деган йигит. – Жим бўл ҳамманг!
– Ўғлим, у ерда ҳам қамалган аёллар кўпми? – дея сўради столнинг нариги чеккасида ўтирган онаси.
– Етарли.
Шундан кейин у ерда ўтирган аёлларга осон эмаслиги ҳақида қизғин гурунг бошланди.
– Болаларини ташлаб кетишгандир, ҳойнаҳой?
– Болалар – етимхоналарга…
– Агар мен бўлганимда, аёлларни қамамаган бўлардим! – деди кайфи ошиб қолган бир эркак. – Мен уларнинг бошини ўраб ташлардим-да, қайиш билан савалардим!
– Фойдаси йўқ, – баҳслашди у билан Ермолай. – Агар сен уни саваласанг, биласанми – у баттар ғазабланади. – Мен ўзимникини ҳув ёшлигидаёқ тарбиялаб олганман, бир-икки марта нўхта билан тушириб, у эса менга
жаҳл қилиб гунг қиз туғиб берган.
Кимдир қўшиқ айта бошлади:
Бўлган эди мени отам туғма деҳқон
Мен эса у билан бирга ишла-ардим…
Қўшиққа бошқалар ҳам қўшилишди. Бошида улар қўшиқни пала-партиш бошлаб, аста-секин овозларини бир оҳангга тўғрилаб олишди.
…Уч кечаю уч кун ҳаракат қилиб,
Синглимни асираликдан қутқаздим…
Ашулани ички завқ билан столга тикилганча, жиддий куйлашарди.
Ёсуман отди ёйсимон ўқни,
Гўзал синглимни ўлдирди.
Мен баланд тоққа чиққандим,
Она қишлоғимни томоша қилгани
Ёнмоқда, ёнмоқда она қишлоғим,
Бутун она юрт ёнмоқда!..
Степан қўлларини стол қиррасига маҳкам тиради.
– Сен мени яхши кўрмайсан, раҳминг келмайди! – деди қаттиқ овоз билан. – Мен эса сизларни, қирриқ шайтонлар, ҳурмат қиламан. Сизларни жуда соғиндим.
Тамаки тутуни қоплаган даҳлиздан гармон овози янгради, фаросатли кимдир гармончини етаклаб келганди. Қийқириб юборишди… Қўшиқ тугади. Стол атрофидагилар ўртага тушиб куй оҳангига мослашиб олишга ҳаракат қилишар, оёқларини иложи борича полга қаттиқроқ уришга уннаб, рақсга тушишарди. Хотинлар айлана ҳосил қилиб, лапар айтишарди. Гунг қиз ҳам рўмолчасини боши узра силкитиб даврада айланарди. Ҳамма уни бармоғи билан имлаб кўрсатиб куларди. Қизнинг ўзи ҳам кулар, у жудаям хурсанд эди.
– Верка! Вера! – қичқирарди ичиб олган ширакайф қилтириқ эркак.
– Сен яхшиси бизга қўшиқ айтиб берсанг-чи, нега ўзингдан-ўзинг айланаверасан! –
Уни ҳеч ким эшитмас, ўзининг қилиғи, ҳазилидан ўзи йиқилгудай бўлиб куларди.
Степаннинг онаси эса кексароқ бир аёл билан суҳбат қурарди:
– Шуйтиб менга энкайиб турибди. – Она- жон-н, юрагим орқага тортиб кетса денг. Мен аранг бошимни кўтардим-да, сўрадим: «яхшиликками ё ёмонликка?» У эса нақ қулоғимнинг олдига келиб яхшиликка, деб шипшиди.
Кекса аёл бошини сарак-сарак қилди.
– Яхшиликками ё?
– Яхшиликка, яхшиликка, аниқ қилиб яхшиликка деди.
– Каромат қилган.
– Каромат, каромат. Мен яна оқшом ўйлагандим қўшним айтган «бу қандай яхшиликка экан» деб. Шундай деб ўйлаб ўтиргандим, эшик очилди, қарасам у, унинг ўзи остонада турибди.
– Ё Тангрим, ё Тангрим, – шивирлади кекса аёл ва рўмолининг учи билан нам бўлган кўзларини артди. – Буни қаранг-а! Хотинлар Ермолайни даврага тортдилар. У узоқ ўйлаб ўтирмасдан бир оёғи билан ликиллаб, иккинчисининг пошнасини тўқиллатиб полга урар ва «оппа-хоп, хоппа-хоп»ларди. Тапиллатаверди, тапиллатаверди. Шкафдаги идиш-товоқ ҳам шарақларди.
– Ҳа, қани-и, Ермил! – қичқирардилар Ермолайга. – Бугун сеникида байрам, қани бир битингни тўк-чи, қимирла!
– Оппа, хоппа! – ҳайқирарди Ермолай. Аммо унинг қирқ йиллик дурадгорлик столи ёнида ишлагандан қотиб қолган елкаси эгилмас, шундаям сал букчайиб ўйнайверди, катта паншахадай қўллари эса икки ёнида осилганча турарди. Ермолай хурсанд эди, ўзининг барча ғам-андуҳларини унутган бу кунни сал кам беш йил кутганди. Даврада унинг ёнига Степан суқилиб кирди-да, оёқларини нотекис тўпирлата бошлади.
– Ҳа-а, ота…
– Ҳа, қани, ота- ўғил! Қимирланглар.
– Степан ўзини унчалик олдирмабди, сакрайман дейди-я.
– Айтди-ку, ахир: у ерда ҳаммаси яхши эди деб. Овқат етарли бўлган…
– Беришади, оласан?.. Етиб олишади-да, яна беришади.
– Ҳа-а, оппа, хоппа! – Қичқирарди Ер-молай ўғлига тенглашиб олишга ҳаракат қилиб.
Иккаласи ҳам рақсга тушишни яхши билмас, аммо тинмасдан оёқларини қимирлатар, ҳаракат қилишарди. Бу эса одамларга ёқар ва уларга қизиқиб қарашарди.
Шундай ўйин-кулги давом этаётган дамда уйда участка нозири қандай пайдо бўлганини ҳеч ким эслолмади. Фақат қандай қилиб у Степаннинг олдига келгани-ю, қулоғига секингина нимадир деганини кўришди. Степан у билан кўчага чиқиб кетди. Ёғоч уйда эса ўйин-кулги давом этарди; қоидаси шундай бўлса керак деб ўйлашди, Степан таянч
пунктига боради-ю, у ерда ҳар хил қоғозларни расмийлаштирса керак, деб ҳисоблашди. Фақатгина гунг қиз нимадандир хавотирлангандай овоз чиқариб, отасини тортқилай бошлади. Отаси кайф билан қизини силтади.
– Нари тур, ҳе, сени! Бор ана, ўйна.
Дарвозадан чиқишди. Тўхтадилар.
– Менга қара, нима, сен эсингни еганмисан, йигит? – сўради ҳудуд участка нозири Степаннинг юзига тикилиб қараб.
Степан дарвоза устунига суяниб турганча, заҳарханда кулди.
– Мўъжиза, ажойиб-а? Ҳечқиси йўқ.
– Муддатингга атиги уч ойгина қолганди-ку?
– Сендан яхши биламан… Чекишдан бер.
Нозир унга папирос узатди, ўзи ҳам чекди.
– Кетдикми?
– Кетдик.
– Балки, уйингдагиларга билдириб қўярсан? Яна ҳовлиқиб юришмасин.
– Бугун айтишнинг кераги йўқ, майли, ўйнаб кулаверишсин. Эртага айтарсан.
– Уч ой қолганда чидай олмаслик ва қочиш!.. Кечирасан-ку, жуда кўп ҳодисаларни кўрганман, аммо сендақанги аҳмоқни кўрмаганман. Нега бундай қилдинг?
Степан қўлларини шимининг чўнтагига тиқиб одим ташларкан, ғира-ширада таниш уй, дарвоза ва бостирмаларга назар ташлаб борарди. Болаликдан таниш баҳорнинг аччиқ совуқ бўйини симирар ва ўйчан куларди.
– А?
– Нима?
– Нега бунақа қилдинг?
– Қочганимми? Шундай, бир кўриб томоша қилиб қайтай дедим-да. Соғиниб кетгандим.
– Ахир, бор-йўғи уч ой қолганди-ку? – деярли қичқириб юборди нозир. – Мана, энди бир жуфт йил қўшиб беришади.
– Ҳечқиси йўқ… Мен энди анча ўзимга келиб, қувватландим. Энди ўтириш мумкин. Аслида мени тушларим қийнаб юборганди. Биласанми, ҳар куни тушимга қишлоғим кирарди… Баҳор бизда бошқача кечади, тўғрими?
– Ҳа, – деди нозир ўйланиб.
Улар қишлоқ кенгашига етиб келгунча узоқ жим қолишди.
– Қандай қилиб қочдинг-а?! Бир ўзингми?
– Уч киши.
Улар қаерда?
– Билмайман. Бизлар дарҳол битта-битта бўлиб тарқалгандик.
– Хўш, етиб келгунча қанча вақтинг ўтди?
– Икки ҳафта.
– Тфу! Ҳей, шайтон кўтарсин сени, ўтирасан энди.
Қишлоқ кенгашида участка нозири баённома тузиш учун ўтирди. Степан хаёл сурганча деразага қараб ўтирар, кайфи ҳам тарқаб кетганди.
– Қуролинг йўқми? – сўради нозир баённома тузишдан чалғиб.
– Умримда унақа бўлмағур нарсани кўтариб юрмаганман.
– Йўлда нима едиларинг.
– Улар эҳтиёт шарт захира олишган экан.
– Уларнинг муддатига қанча қолганди?
– Анча кўп…
– Хўп, уларнинг қочишида маъни бор дейлик, аммо сени нима жин урди?
– Бўлди, бас, жонга тегдинг! – жаҳли чиқди Степаннинг. – Ўз ишингни билиб қилаверсанг-чи? Мен сенга халақит бераётганим йўқ-ку.
Нозир бошини лиқиллатди ва яна қоғозга эгилди.
– Ростини айтсам, менга қўнғироқ қилишганда ишонмадим. Бу қандайдир хато бўлса керак, бунақанги аҳмоқлар дунёда учрамаса керак деб ўйладим. Қарасам, ростдан ҳам бор экан, – деди у.
Степан ҳануз деразага тикилганча нималарнидир ўйлаб ўтирарди.
– Анови иккиси устингдан мириқиб кулган бўлишса керак? – чидолмай яна гап қўшди сўзамол нозир.
Степан қулоқ қоқмади.
Нозир анча вақт унинг юзига қизиқсиниб тикилиб турди-да, гапга тушди.
– Афтингга қараган одам сени аҳмоқ демайди, – деди-да, яна баённомани тўлдиришга тушди.
Шу пайт хонага гунг қиз кириб келди.Бўсағада серрайиб туриб қолди-да, қўрқув тўла кўзлари билан гоҳ нозирга, гоҳ акасига кўз югуртирди.
– Мэ-э-и? – сўради акасидан.
Степан ўзини йўқотиб қўйди.
– Сен нега бу ерга келдинг?
– Ми-м-м? – миммимлади синглиси қўли билан нозирни кўрсатиб.
– Бу ким? Синглингми? – сўради нозир.
– Ҳм.
Гунг қиз столга яқин келди-да, нозирнинг елкасидан ушлаб, қўллари билан акасини кўрсатиб, «сен нега уни бу ерга олиб келдинг» ишорасини қилиб сўроқлашга тушди.
Нозир тушунди.
– У… у… – Степанни кўрсатиб. – Қамоқдан қочган. Қочган! Мана шунақа…
Нозир дераза томон бармоғини нуқиб, унинг қамоқдан қандай қочганлигини тушунтирди.
– Бамаъни одамлар эшикдан киришади, у эса деразадан сакраб қочган. Энди унга… Нозир қизга бармоқларини панжара қилиб кўрсатди-да, Степанга ишора қилди. – Энди яна шунақанги бўлади. Икки йил!
Сўнг икки бармоғини кўрсатиб, жаҳл билан силкитди.
– Яна икки йил!
Гунг қиз тушунди. Қачонки, ҳаммасини тушуниб бўлгач, унинг қўрқув тўла кўм-кўк кўзлари изтиробдан чарақлаб, оғриқли ҳис-туйғуни ифодаладики, нозир тахта бўлиб қолганди. Гунг акасига тикилар, у эса юзи оқариб, синглисига қотиб қараб турар эди.
– Мана энди сен бу каллаварамга тушунтир, мияси бутун одамлар бунақа ишни қилишмайди деб…
Гунг қиз ғалати қилиб қичқириб юборди-да, Степанга отилди, унинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб, осилиб олди.
– Йўқот буни, – хириллаб деди Степан нозирга. – Йўқот!..
– Қандай қилиб ажратаман?..
– Ол деяпман, аблаҳ! – бақирди Степан ўзиникига ўхшамаган овоз билан. – Олиб кет уни! Бўлмаса, ҳозир курси билан бошингни ёраман!
Нозир ўрнидан сакраб туриб, гунгни акасидан ажрата бошлади… У эса акасига қараб интилар ва мим-мимлаб, бошини силкитар эди.
– Унга айт, мен ёлғон гапирдим де, ҳазиллашгандим де. Йўқот уни!
– Э, жин урсин сизларни! Сизлар билан овора бўлиб… – сўкинарди у гунгни эшик томон судрар экан.
– Ҳозир мен сизларга у билан хайрлашиш учун фурсат бераман, – дер эди нозир
гунгни эшикдан итариб чиқаришга тиришиб. – У ҳозир келади!.. Ниҳоят у қизни эшикдан итариб чиқаришга муваффақ бўлди-да: «Кучини қаранг буни», – деди эшикни
илгак билан маҳкамларкан.
– Уф-ф. Қараб қўй, нима ишлар қилиб қўйганингни, томоша қил энди.
Степан қўллари билан бошини маҳкам чангаллаб бир нуқтага тикилиб ўтирарди, нозир чала тўлдирилган баённомани дала халтасига солиб қўйди-да, телефонга яқин келди.
– Машина чақираман, туманга борамиз, э жин урсин сизларни, қанақа ношуд одамсизлар, эй…
Ўрта кўчадан эса қоқилиб-суқилиб, бор овози билан йиғлаб гунг қиз кетиб борарди.
Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси