«Гигант» хўжалигининг учинчи бригадаси учун янги омбор биносини қуриб беришди. Эски омбор – черковдан бўш бочкалар, цемент солинган қоплар, шакар ва туз солинган қоғоз халтачалар, от-улов учун мўлжалланган бир уюм айил, юган-абзаллар (бригадада бор-йўғи бешта от бўлса ҳам, анжомлар ўн бештача отга етарди. Бу-ку, майли-я, ортиқчаси зарар қилмайди, аммо ер ютгур сичқонлар… Маргимуш сепиб асраб-авайлашса ҳам, барибир, кемираверарди), супургилар, хаскашлар, белкураклар олиб келинди. Шундай қилиб, энди ҳеч кимга кераги бўлмаган черков бўшаб қолди. Унчалик катта бўлмаса ҳам, черков бир пайтлар қишлоққа файз бағишлаб турарди. Бригада бошлиғи Шуригин Николай Сергеевич черковга тикилганча ўйга чўмди. Деворига яқин келди-да, қўлига илинган темир чўкич билан унинг ғиштларини чўқилаб кўрди, чекди ва яна бир муддат ўйланиб турди-да, кейин уйи томон кетди.
– Черков ҳам энди бўшаб қолди… – деди орадан икки кун ўтиб хўжалик раиси билан учрашган Шуригин.
– Хўш?
– Уни нима қиламиз?
– Қулфлаб қўй, тураверсин. Нима эди?
– У ердан анча-мунча ғишт чиқади, мен уни чўчқахона қуришга ишлатган бўлардим, узоқдаги заводдан ташиб юргандан кўра.
– Уни бузиб олиш учун беш киши ярим ой овора бўлиши керак. У ерда ғиштни теришмаган, гўё худди қуйма қилиб қуйишган. Жин урсин, қандай қилиб буни уддалашган, билмайман!..
– Мен уни ағанатаман.
– Қандай қилиб?
– Шундай. Учта тракторга боғлаб тортаман, кўз очиб юмгунча ағанайди.
– Бўпти, уннаб кўр-чи.
Якшанбадан бошлаб Шуригин ҳаракатга тушди. Учта трактор олиб келди… Черковни ҳар хил баландликда учта йўғон пўлат арқон билан ўраб боғлади, арқонлар тагидан деворнинг ўртаси ва бурчагида тўққизта ёғоч устунларни жойлаштирди…
Аввалига Шуригин бошқа ишларни қандай бошқарса, бу ишни ҳам худди шундай: бақириб-чақириб, сўкиниб бошқара бошлади. Аммо кейин, бу ерга одамлар чопиб келиб, оҳ-воҳ қилишиб, черковга ачиниб қарай бошлаганларида Шуригин бирдан ўзини чекланмаган ваколатларга эга арбобдай ҳис қила бошлади. Сўкинишни тўхтатди, аммо одамларга қарамади, гўё уларни кўрмаётгандай, сўзларини эшитмаётгандай эди.
– Николай, сенга буйруқ беришдими ёки ўзингдан чиқдими? – сўрашарди одамлар. – Ўзинг ўйлаб топдингми ё?!
– Нима, сенга халақит бераётганмиди? Озроқ ичиб олган омбор мудири Михайло Беляков пўлат арқон тагида туриб олди-да, Шуригинга:
– Колька, нега бунақа қилаяпсан? – деб сўради.
Шуригин чинакамига дарғазаб бўлиб, оқариб кетди:
– Йўқол, бу ердан, ароқхўр чўчқа!
Михайло ҳайрон бўлиб бригадирдан нарироққа кетди. Атрофда турган бошқалар ҳам ҳайратланиб жим бўлиб қолишди. Ичишга Шуригиннинг ҳам суяги йўқ эди, ҳеч кимни ҳеч қачон «ароқхўр чўчқа» деб сўкмасди. Унга нимадир бўлганми?
Бу орада ёғоч устунлар жипслашиб, пўлат арқонлар тўғриланди…. Ҳозир тракторлар ўкира бошлайди ва қишлоқда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳодиса юз беради – черков қулайди. Катта ёшдаги одамларнинг бари шу ерда чўқинтирилган, ота-боболарнинг жанозаси шу ерда ўқилган, осмонни ҳар куни қандай кўришган бўлса, черковни ҳам ҳар куни худди шундай кўришга ўрганиб қолишганди… Яна қайтадан овозлар янграй бошлади:
– Николай, ким буюрди?
– Э, унинг ўзи! Кўрмаяпсанми, юзига қара, шайтоннинг ўзи!
– Шуригин, бас қил ўзбошимчаликни!
Шуригин парво ҳам қилмади.
Юзида худди аввалгидек қатъийлик, қарашида аниқлик акс этиб турарди. Тўдадан Шуригиннинг хотини – Кланькани туртиб, итариб чиқардилар… Эрига нимадир бўлганини кўриб турган Кланька журъатсизгина унга яқинлашди.
– Коля, нима учун ағдармоқчи бўлаяпсан?
– Кет, бу ердан! – буюрди Шуригин. – Бурнингни суқма!
Тракторчиларнинг ёнига ҳеч бўлмаганда вақтни чўзиш учун бордилар, кимдир туманга қўнғироқ қилиш учун, кимдир қишлоқ ўқитувчисининг уйига югуриб кетди. Шуригин тракторчиларнинг ҳар бирига бир шишадан оқидан ва «бажарилган иш» учун мўмайгина ҳақ тўлашни ваъда қилганди.
Қишлоқда ҳамма ҳурмат қиладиган ёш ўқитувчи тезда етиб келди.
– Дарҳол тўхтатинг! Бу кимнинг буйруғи? Бу ўн еттинчи аср!..
– Ўзингники бўлмаган ишга аралашма, – деди Шуригин.
– Бу менинг ишимми? Бу халқ иши! Ўқитувчи ҳаяжонланар, шу сабабли керакли сўзларни тополмаганидан қизариб-бўзариб қичқирарди. Сизнинг ҳаққингиз йўқ! Унга, ҳатто душманларимиз ҳам тегишмаган!.. Ёввойилар! Мен буни юқорига ёзаман!
Шуригин тракторчиларга ишора қилди… Моторлар ўкира бошлади. Пўлат арқонлар таранглашди. Оломон даҳшатга тушиб аста оҳ тортди. Ўқитувчи илкис жойидан қўзғалди, югуриб черков ағанаши керак бўлган томонга ўтиб, девор тагига бориб туриб олди.
– Қотиллик учун жавоб берасан! Телба…
Тракторлар тўхташди.
– Қоч! – деб бўкирди Шуригин бўйин томирларини бўрттириб.
– Черковга тега кўрма! Агар тегсанг!
Шуригин ўқитувчининг ёнига югуриб борди-да, уни ғўладай қучоқлаб, черковдан нарига кўтариб олиб кетди. Нимжонгина ўқитувчи типирчилаб, унинг қучоғидан қутулишга ҳаракат қилар, аммо Шуригиннинг қўллари жуда бақувват эди.
– Бошла! – деди у тракторчиларга.
– Девор тагига бориб туринглар! – дея қичқирарди ўқитувчи одамларга. – Бориб туринглар!.. Улар ботинишолмайди! Мен вилоятга чиқаман, улар буни тақиқлашади!
– Бошла, нимага бақраясанлар? – бақирди Шуригин тракторчиларга қараб. Тракторчилар ричагни ишлата бошлашди…
– Девор тагига бориб туринглар! Ҳамма турсин!..
Аммо ҳеч ким жойидан силжимади. Шуригиннинг тийиқсиз ғазаби ҳаммани ҳушсизлантириб қўйганди. Ҳамма гунг. Кутиб турарди. Пўлат арқонлар таранглашди… ғичирлади, қисирлади, овоз чиқарди… Ёғочлардан бири қарсиллаб кетди, бурчакка қапишган арқон балалайка торидай диринглаб овоз чиқарди. Ажабланарлиси, буларнинг ҳаммаси учта трактор кучини кўрсатиб, бор овози билан ўкираётганига қарамасдан, аниқ ва яхши эшитилиб турарди. Черковнинг тепа қисми силкинди. Черков ағанаши керак бўлган жойнинг қарама-қарши томонидаги девор бирдан бутун энига ёрилиб кетди. Оппоқ девордаги қоп-қора, қўрқинчли ёриқ кенгая бошлади. Черков гумбазининг учи энгаша-энгаша, гурсиллаб пастга қулади. Ер худди снаряд портлагандай зириллаб кетди, атрофни чанг-тўзон қоплади.
Шуригин ўқитувчини қўйиб юборди ва у бир оғиз ҳам сўз демай черковдан нарига кетди. Иккита трактор ҳамон занжирли оёқлари билан кучаниб ерни тирнарди. Ўртадаги пўлат арқон деворни қирқиб ботган ва тобора чуқур кириб бораркан, бекорга ғиштларни майдалаб эзаётган эди…
Шуригин тракторларни тўхтатди. Пўлат арқонларни яна қайтадан ўраб чиқишди.
Одамлар тарқала бошлашди. Фақат ҳар нарсага қизиқувчан болаларгина қолишганди. Уч соатлардан кейин ҳаммаси тугади, черковдан унча баланд бўлмаган бир уюм қинғир-қийшиқ асос қолганди. Черков шаклсиз чиқиндилар уюмидай бўлиб ётарди.
Тракторлар кетишди.
Терлаб, чанг-тўзонга беланган Шуригин дўкондаги телефондан хўжалик раисига хабар бериш учун жўнади.
– Куйиб битди! – деб қичқирарди у телефон гўшагига. Раис бу қичқириқдан нима куйиб битганини англамаган бўлса керак.
– Черков-да! Ҳаммаси куйиб битди. Ҳа. Ҳаммаси жойида. Ўқитувчи сал-пал шовқин солди. Йўқ. Ўқитувчи, ундан баттар қария кампирлар. Э, йўқ, ҳаммаси жойида. Анча терлаб-пишдик. Анча нарса, ҳа. Улар шунақаки: уч-тўрттаси бўлак-бўлак. Уларни энди қандай ажратамиз, билмадим. Темир билан уриб парчалашга ҳаракат қилдик, жуда ҳам мустаҳкам экан лаънати, эплаб бўлмади. Ҳақиқатан ҳам, қуйма. Хўп. Саломат бўл. Ҳечқиси йўқ.
Шуригин гўшакни қўйди. Сотувчининг ёнига келди, уни ярим тунда, тумандан меҳмонлар балиқ овига келганларида ва хўроз икки қичқиргунча улфатчилик қилганларида ўрнидан кўп марталаб уйғотарди.
– Кўрдингми, черковнинг суробини қандай тўғриладик? – деди Шуригин мамнун ҳолда тиржайганича.
– Аҳмоқона иш қилиш учун ақл керак эмас, – деди сотувчи аёл қаҳрини яширмай. – Бунинг тиржайишини қаранг…
– Нима учун аҳмоқона бўларкан? – Шуригиннинг юзида кулгидан асар ҳам қолмаганди.
– Нима, у сенга халақит бераётганмиди, турганди-ку?
– Нега у бекордан-бекорга туриши керак экан? Ҳеч бўлмаганда ғиштини оламиз…
– Сен шўрликка ғишт оладиган жой қолмабди-да, бошқа. Овсар.
– Вайсақи! – Шуригиннинг ҳам жаҳли чиқди. – Ақлинг етмаса, индамай ўтир.
– Мени яна ярим тунда уйғотиб кўр-чи, мен сени уйғотиб юбораман. Вайсақи…
– Бу гапинг учун башарангга туширишим ҳам мумкин. Ҳозир мана бу қадоқ тош билан биқинингга ўхшатиб бир тушираман, ўшанда биласан, вайсақи қандай бўлишини.
Шуригин яна нималардир деб сўкиб, эси йўқ сотувчини ҳақорат қилмоқчи бўлаётган эди, ҳамма ерда ҳозиру нозир хотинлар кириб келишди.
– Бир шиша бер!
– Бор-бор, томоғингни ҳўллаб ол, – чувиллашди ортидан. – Чанқаб кетгандирсан?
– Албатта-да, чангдан кейин!
– Қўли қичиб қолган бу иблисни…
Шуригин аёлларга ўқрайиб қаради, улар кўпчилик эди, ҳаммасини бақириб енголмасди. Шу билан бирга, улардаги ғазаб ҳам ноодатий, бошқачароқ эди. Кўзларида нафрат чақнарди. Шишани олди-ю, дўкондан чиқди. Остонага етиб бориб, қайрилди-да:
– Мен ҳали думларингни қисиб қўймасамми! – деди ва тез юриб чиқиб кетди. У кетиб бораркан, жаҳли чиқарди: «Ахир, барибир, ибодат қилишмасди-ку, тириктовонлар, энди эса томоша кўрсатишяпти». Қулаган черков ёнидан ўтиб бораркан Шуригин тўхтади, ғиштларни ковлаштираётган болаларга узоқ вақт қараб турди. Қараб тураркан, ўзини овутарди:
«Улар катта бўлганларида черковни бизнинг давримизда ағдаришган деб эслашади. Мана мен, Васька Духаниннинг, черков гумбазидан хочни қандай қилиб суғуриб олганини эслайман. Бу ерда эса бутунлай ағдарилди. Албатта, эслаб қолишади. Улар ўз болаларига Шуригин амаки қандай қилиб пўлат арқон билан черковни ўраб…» Худди шу пайт кўнглини ғаш қилиб ёдига сотувчи аёл тушди, Шуригин ғазабланиб «кўзга чўп тушгандай» унинг бу ерда туришининг «ҳечам кераги йўқ эди», деб хаёл қилди. Уйида уни ғирт машмаша кутиб турарди: хотини кечки овқат тайёрламай, қўшниларникига чиқиб кетган, печка устида ётган бемор онаси қарғишини бошлади:
– Колька, бадбахт, тентак, қандай гуноҳга ботганингни биласанми?! Индамай юргандинг-ку, иблис… Ҳеч бўлмаса бирор нарса деб оғиз очганингда яхши одамлар сенга ақлингни еб қўйганингни тушунтиришарди. Вой, пешонамнинг шўри бўлмай ҳар бало бўлгур, одамлар кўзига энди қандай кўринасан!.. Ахир сенга лаънат ёғилади энди, лаънатлайдилар!.. Энди бу бошингга қандай балолар ёғилишини ҳам сезмай қоласан-ку: энди ё уйингда ёлғизликда тарракдай қотасан, ё чангалзорда бирор офатга йўлиқасан…
– Нега энди мени лаънатлашаркан. Қиладиган ишлари йўқлигиданми?
– Ахир, бу гуноҳи азим-ку!
– Васька Духанинни ҳам лаънатлаган эдилар, у хочни ечиб олганди. Қайтанга, у катта одам бўлиб етишди-ку…
– У пайтлари бошқа замон эди. Ким сенга уни буз деб ўргатди? Ким? Иблис қўлингдан тортдими? Ҳали шошмай тур, ҳукуматнинг ўзи бу қилмишинг учун адабингни бериб қўяди. Ана, ўқитувчи ёзади, керакли жойга етказади, ўшанда биласан. Буни қаранглар, манави пайдо бўлмагунча жойида турганди. Бадбахтсан сен, бадбахт.
– Майли, унда ётавер касал бўли-иб.
– Одамлар кўзига қандай кўринасан энди?
– Биров бориб ибодат қилган бўлса ҳам майли эди! Қаққайиб турганида ҳеч ким қарамасдиям…
– Нега қарамасдилар дейсан! Одамлар бирор узоқроқ жойдан келаётганларида у
доимо кўриниб турарди, аввал уни кўрардилар. Қанчалик ҳориган бўлсалар ҳам уни кўргач, одамларда куч-қувват пайдо бўларди, ўзларини уйларига етиб келгандек сезардилар. У одамларга куч берарди…
– Куч берармиш… Нима, ҳозир биров пиёда юрармиди?! Тушунсанг-чи, ҳозир атом асри, улар бўлса черковга ачиниб ўтиришибди. Мана, қишлоқда ҳозиргача клуб йўқ, биров ғинг демайди, бунга эса куйинишларини қаранг-а. Ўлиб қолмайди ҳеч ким.
– Сен ўлмагин! Уятдан қуриб қақшайсан энди…
Шуригин онасининг вайсашларини эшитмаслик учун меҳмонхонага ўтди, стаканни тўлдириб ароқ қуйди-да, ичиб юборди. Чека бошлади.
– Ғиштга энди бирортаям иблис қўл теккизмаса керак, – ўйлади у. – Бульдозер билан тўдалаб суриб ташлайман, менга деса қичитқи босиб ётмайдими.
Хотини алламаҳалда қайтди. Шуригин шишани бўшатиб улгурганди. Яна ичгиси келди, аммо сотувчи аёлнинг дарғазаб юзини кўришни хоҳламасди.
– Бориб бир шиша олиб кел, – деди хотинига.
– Шайтон олсин! Энди у сенга дўст.
– Илтимос, бориб кел…
– Сендан сўровдилар, сен қулоқ солдингми? Энди бошқалардан ҳам сўрама. Аҳмоқ.
– Овозингни ўчир. Сенам ўшалар билан…
– Ўшалар билан. Қаерда оқкўнгил одамлар бўлса шулар биланман. Наҳотки сендай уятсиз чўчқа томонда бўлсам? Илтимос қилишди, ҳамма бир бўлиб сендан илтимос қилди, йўқ! Кўзингни бақрайтириб…
– Жим бўл! Бўлмаса сочингдан судраб…
– Судрайсан?! Қўлингни теккизиб кўр-чи, уятсиз чўчқа… Тегиб кўр!
«Йўқ, энди бу ғавғо тун бўйи тинмайди. Одамлар эсдан оғишган». Шуригин ҳовлига чиқди, мотоциклни ўт олдирди…
Туман марказигача ўн саккиз километр, у ерда дўкон бор, у ерда хўжалик раиси бор, у ҳам метин эркак, манови бурни оқиб юрганлардан эмас. Биргаликда ичиш мумкин, суҳбатлашиб ўтирамиз. Айтмоқчи, унга бу ерда қанақа ғалаён кўтарганларини гапириб бераман. Ҳеч бўлмаганда, бир кулишамиз.
Кўчанинг муюлишида мотоцикл чироқлари ёруғида бир уюм ғишт эласланиб кўриниб кетди, ертўланинг безовта қилинган биқсиқ руҳи изғирди.
«Ўн еттинчи аср, – ёдига тушди Шуригиннинг. – Мана сенга ўн еттинчи аср! Ёзармишлар. Ёзавер, ёзавер» Шуригин тезликни оширди… Ва бор овози билан қўшиқ айта бошлади. Билиб қўйсинлар, ҳар хил қарғиш, лаънатлар унга писанд эмас, унинг кайфияти аъло даражада.
Мотоцикл қишлоқдан бурилиб чиқди-да, кўзининг ўткир ярақлаган нури билан қоронғуликка тиғдай санчилиб, текис ва равон йўлдан туман маркази томон елиб борарди.
Шуригин елдек учириб ҳайдашни яхши кўрарди…
Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси