Сен қора кунларда дунёга келгандинг, бу қисмат ижодингга аламли, тушкун кайфият, ғамгин оҳанглар бахш этди. Оқибатда мунгли қўшиқлар куйчисига айландинг, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди, негаки, толе сенга шуни раво кўрган. Энди айт-чи менга, кўнгли вайрон, дили хун машшоқнинг шўх-шодон қўшиқлар, тантанавор, улуғвор мадҳиялар айтиши мумкинми?! Алалхусус, бутун илҳоминг, ижодинг тугул, кўз ёшларинг, юрак туйғуларинг ва ҳатто эътиқодингни шу йўлга фидо қилдинг. Ёшлигингни нисор этдинг.
Одамлар дарди ҳақида, ғам ва ўлим ҳақида қўшиқлар куйладинг. Ҳар қандай гўзаллик ва нафосатнинг кушандаси, эзгулик ва саховат гулларини сўлдирувчи, тонг шафағи, ойдин тушлар сокинлиги, хокисор инсон қалбининг улуғворлигини беорларча шафқатсизлик билан ғорат этувчи манфур ўлим ҳақида ғамгин-ғамгин марсиялар айтдинг. Эндигина куз уқалай бошлаганда нобуд бўлган ниҳолларга бағишлаб қўшиқлар яратдинг.
Поймол бўлган муҳаббат, ушалмаган орзулар ҳақидаги нолалар юрагингдан қўшиқ бўлиб отилиб чиқди. Ғамгин куйларинг қабр тошларига беҳол тирмашган машъум чечаклар каби одамлар юрагини ларзага соларди. Ҳолбуки, сен ўзгалар дарди билан яшардинг.
Водариғ, бир хайрихоҳ, ҳамдард топилмадики, сени ёқлайдиган, аксинча, одамлар сенга ишонишмади; зотан, уларнинг назарида бунга тамомила ҳақли эдилар. Улар кўз ёшларингни бетаъсир, дарду ҳасратларингни ёлғон, ҳис-туйғуларингни сохта, деб топишди, негаки, сен буларни бошдан кечирмагансан, тўқигансан, холос. Модомики, санъаткор бошидан кечирмас экан, у яратган куй-қўшиқлар самимий эмас, дейишарди.
Улар бу фикрларни асослаш учун қийинчилик кўрмаган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татимаган бир ўсмир халқнинг ғам-аламини қайдан билсин, дейишарди. Баъзилар бошингга тушмаган бўлса, жудолик аламини табиийки таъсирчан ва ҳаққоний ифода этишинг амримаҳол, дея таскинбахш сўзлар ҳам айтишарди. Яна кимлардир ижро этган қўшиқларинг мусиқаси нотайин, нолаларинг сохта, оҳанг бузуқ деб жар солишарди.
Улар бамисли дудама ханжарнинг ўткир тиғи кўксингни қандай ёриб кираётгани ва юрагингни жароҳатлашини кўрмоқчи бўлардилар, шекилли. Сендан қонга беланган юрагингни чангаллаб қаҳ-қаҳ ураётган масхарабоз сингари кулишингни талаб қилишарди. Ҳатто қўйиб берсанг, юрагингга ҳеч нарса сиғмай, қалбинг бир дам бўлсин ҳаловат ва тинчликка зор бўлган чоғда ҳам масрур ва шўх қўшиқлар билан кўнгилларини овлашингни амр этишдан ҳам тоймайдиган кунлар бўлди. Шунда сен нима қилдинг? Уларнинг талабини адо этишдан ўзга чора тополмадинг! Шўх-шўх қўшиқлар билан уларнинг кўнглини олдинг. Бироқ кунлардан бир кун куй авжига чиққанда скрипка торлари чирт этиб узилди. Чолғунинг ижроси таққа тўхтади, шодиёна бир онда барҳам топди.
Сен авомнинг раъйини қайтармаслик учун астойдил хурсандчилик қиламан, деганингда одамларнинг чинакам қайғусига дуч келдинг, бедаво ҳасрат энди сенга таъсир этмай қўйган даврлар келган эди, бироқ сенинг бошингга ҳам ғам, мусибат келди.
Қўрқинч тўла ўша тун ёдингдами?
Бечора касалманд оналарининг боши узра турган кампирнинг тутқичи қайирма ҳассасини кўрибоқ ўтакалари ёрилган тўрт нафар боланинг оқаринқираган юзини эслай оласанми? Ҳали совиб улгурмаган онанинг вужудига малҳам бўлиш учун узатилган нимжонгина саккизта қўлчани-чи?
Эсингда бўлса, кўз олдингга келтир: жон талваса ичида, лекин кўзларда зуҳур этган фикр ёлқини сўнмаган, қақраган лаблар бир нималар дейишга шайланган. Бироқ ўша лаблар орасидан “уҳ” деган товуш чиқдию, сўнгги дақиқалар – интиҳо яқинлигидан дарак берди.
Ҳали нур сўнмаган кўзлар – нуридийдаларига бир умр меҳр билан боққан кўзлар жавдираб болаларини излайди, видолашув онларида уларни яна бир бор эркалагиси келади. Бу кўзларда акс этган яшаш истаги сўнмаганди. Кунлар, ёруғлик, қуёшга ҳали муштоқ эди бу кўзлар! Кошки, шу чеккан азоб-уқубатлари эвазига ҳаёти давом этса, насибаси узилмаган бўлса!..
Кечаги кунни ёдингда тут! Кейин-чи, кейин нималар бўлгани эсингдадир?! Уй совуқ, ташқари ундан ҳам совуқ, замҳарир ақрабнинг дилдираган кунлари…Ўчоқдаги чўғларни кул босган, бир чеккасида ана-мана ўт оладигандек бир ҳовуч чўғ қирмизи учқун сочмоқда. Унинг ҳароратида кафтларни иситиш амримаҳол.
Мотамсаро уйнинг нариги чеккасини қоплаган зулмат юракларга қўрқув солади. Кечагина бу кулбада ҳаёт қайнарди, чароғон кунлар кўнгилларда умидбахш, нажотбахш орзу-истаклар уйғотар эди. Мана шу уй соҳибасидан айрилдию, ҳаммаёқни зулмат қоплади.
Баъдаз ҳаёт чечаклари сўлди, болаларнинг қувноқ кулгилари эшитилмай қолди. Онанинг қуёш ҳароратидай меҳрию, қуёшнинг она меҳридай жонбахш ҳарорати кирмаган уйни рутубат, зах ҳаво, суякларни қақшатувчи совуқ эгаллади.
Бунга нима дейсан?
Оиламиз бошига тушган мусибат, қаро кунлар ҳақидаги ҳикоямни давом эттирайми яна, укажон? Сенинг тош қотаёзган дийдангни юмшатишнинг чораси бормикан?! Аллақачон унутилган тароналарга жон бағишлаш учун нима қилиш керак яна? Жавоб бер, дардларимга шерик бўл, бефарқ қолма!
Кўнгил қабристонига ўзинг дафн этган ҳис-туйғуларга жон ато эт, скрипкани қўлингга олиб шундай нола қилгинки, унутилган ғамгин наволар тонг нурлари каби яна оламни тутсин! Марҳум отанг руҳини бирон-бир мунгли мадҳия билан ёд айлаб қўйсанг ёмон бўлмасди, ҳар ҳолда унинг пушти камаридан бўлгансан.
Олислардан олис Албаниядан жўнатилган мактуб уммонлар ва тоғлар оша етиб келгани билан фойдаси бўлмади. Ҳатто қалби ўксик сингилнинг дастхатини кўрганда ҳам унинг юрагида ғамгин қўшиқлар уйғонмади, узоқ ва бегона юртда яшаётган куйчининг тош қотган кўнгли юмшамади.
Қолаверса, аллақачон янграмоқдан тўхтаган кўнгил торини созлашга иштиёқ бормиди? Қаёқда, ўтмишда жўш урган туйғулари, завқи, ғайрати завол топган ва у ўзининг лаёқатига ишонмай қўйган эди. Хуллас, қўшиқларга куч, оҳанг бағишлаган қалбдаги илҳом чашмалари қуриб битганди. Унинг бир мисқол ғайрати, оний ҳаяжони бўлса ҳам фақат ичкилик туфайли эди.
Ногаҳон… Ичкилик сабаблими ёки минг қилганда ҳам шу хат ёки заифгина жонланган хотиралар таъсиридами, ҳофизнинг кўзларида ёш ҳалқаланди. Йирик марварид доналаридек тиниқ томчилар ёноқларини куйдириб, лабларига оқиб тушди.
Шунда унинг қаршисида ҳамсуҳбат бўлиб ўтирган аёл ожиз, эҳтимол, тақдир зарбаларига дош беролмай букилиб қолгани билан бошқаларга ўхшамайдиган ғалати ва истеъдодли инсон билан ўтирганини ҳис қилди. Дарҳақиқат, бу жамият тушунмай янчиб ташлаган ва шу лаҳзаларда ўзининг зое кетган ёшлиги, армон тўла ҳаёти ҳамда хазон бўлган умр баҳорини эслаб, ўксиб-ўксиб йиғлаётган инсон бетакрор қўшиқчи ва беназир бастакор эди…
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 11-сон