Камол Стафа. Кузнинг машъум айбномалари (ҳикоя)

Уни ҳар куни эрталаб мактабга кетаётганимда учратардим. Ҳамиша битта жойда, муюлишга яқин йўл четида ўтирган бўларди. Соч-соқоли ўсиб кетган, ғам-андуҳ тўла юзида алланечук кўнгли равшан одамларнинг афт-ангорида зуҳр этувчи ювош ва ёқимли ифода балқирди.
Оғир турмуш бошига солган кўргиликлар унинг қиёфасига аёвсиз тамғасини босган – чуқур-чуқур ажинлар ғамгин юзини тилимлаб юборган эди.
Патила-патила қуюқ сочлари ғам-ташвишдан оппоқ тусга кирганди.
Ёзда у мева-чева, қишда эса қовурилган каштан мағзини сотарди.
Маҳалла-кўйда уни билмаган одам йўқ эди. Айниқса, болалар яхши кўришар, ҳар куни мактабга кетаётиб ундан қовурилган каштан олиш учун муюлишда албатта тўхташарди. Баъзи-баъзида битта-яримта бола унинг қулоғига бир нималарни шивирлаётган бўларди: ўша куни онаси пул бермаган, шекилли… Сотувчи бошини сарак-сарак қилганча жимгина қулоқ солар, кейин ювошгина боқувчи кўзларида табассум жилва қиларди.
Чўнтакларини қовурилган каштан билан тўлдириб олган болалар шодликдан териларига сиғмай кетишарди. Сотувчи эса болаларнинг кўнглини ололганидан мамнун бўлиб, қаддини ростлаган кўйи уларнинг ортидан жилмайиб қараб қоларди.
Ёз яқинлашган сари бу одамнинг афт-ангори тундлашиб борар, у ёш харидорларига шунчалик кўникиб қолган эдики, бир неча ой уларни кўрмасликка мажбур бўлишидан диққати ошарди. Мижозларидан ажралса, пул камроқ тушиши учун деб ўйлаяпсизми? Албатта, йўқ!
Болалари билан (унинг бир-биридан ширин иккита ўғли бор эди) ўзига битта нон билан бир бўлак пишлоқ ва мева-чева ҳам сотиб олади. Гап пулда эмас. У болаларни яхши кўрарди, бир кун кўрмаса, ё мактабга кириб кетишган чоғларида янгроқ кулгиларини эшитмай қолса, юраги сиқилар, худди бир нимасини йўқотган одам кўйига тушарди.
Болаларнинг беғубор чеҳраларига боқиб, уларнинг шовқин-суронларини эшитганда, ўтган кунлари кўз ўнгида гавдаланар, зардобга тўлган юрагининг қатламларида уларнинг беғараз овозлари янграгандек бўларди.
У ҳақда болалар ҳар хил ҳикояларни айтиб беришарди.
Эмишки, каштанчининг яна битта суқсурдек боласи бўлган экан, у сотувчи оиласининг дуру гавҳари – бойлиги экан, ота ўз уйида бола-чақаси билан тинч-тотув яшаркан. Аммо кунлардан бир куни ҳеч кутилмаганда сотувчи ана ўша боласидан жудо бўлибди.
Мотам ва мусибат туфайли оиласида ҳукм сураётган осойишта ҳаёт барҳам топди. Авжи баҳор палласида гуллаётган дов-дарахтлар ногаҳон қора совуққа дош беролмай заволга юз тутди.
Меҳр-муҳаббатнинг ширин орзулари барбод бўлди.
Кўп ўтмади, суқсурдек норасиданинг тобутини кўтариб чиқиб кетган одамлар хасталик ва фарзанд доғига дош беролмай дунёдан кўз юмган онани дафн этгани яна келишди.
Отанинг юраги бу адоқсиз мусибатлардан адо бўлди. Кейин ҳарбий кийимдаги кишилар келиб кўч-кўрони билан уларни уйдан ҳайдаб чиқаришди. Шу тариқа икки нафар касалманд боласи ва бир дунё ғам-ташвиши билан сотувчи ёлғиз қолди. Ана ўша пайтдаёқ у каштан қовуриб сота бошлаган экан.
Кунларнинг бирида каштан олаётганимда бир нарса эътиборимни тортди: одатда доим енгил кийиниб юрадиган одам қандайдир қалин чойшаб билан кўкси аралаш белини ўраб олибди.
Кўчада ҳаво совуқ, ақрабнинг этни жунжиктирувчи кунлари эди. Аёзли тонг хаёлга чўмганча қотиб қолган. Ғарибона кулбаларнинг аянчли қиёфаси ва данғиллама кўшкларнинг улуғвор салобатини кечаси билан ёққан қор ҳам кўздан яширолмаган, аксинча, улар ўртасидаги тафовутни янаям бўрттириброқ кўрсатарди.
Қаҳратон қиш кириб келаётганди.
Каштанларни қоғоз идишга солиб узатаётган маҳал сотувчини йўтал тутди. Ўқчиб-ўқчиб йўталганидан унинг юзи қизариб, кўзлари ёшланди. Бир зум ўтмай кўксини чангаллаганча чуқур нафас олди, ана шунда ранги-рўйи яна ўзгарди – ҳолсиз, жонсиз бир алфозда оқарди. У ёнгинасидаги синиқ эски яшикда ётган болаларига разм солди ва чуқур хўрсинди.
Унга қараб турар эканман, кўнглидан нималар кечганини сезардим.
Қор ҳамон ёғар, қиш қиличини кўтариб шу ғариблар тепасидан кетмасди гўё…
Сотувчи тез-тез йўтала бошлади. Шундай йўталар эдики, азбаройи кўкариб, нафас ололмай, гапиролмай қоларди. Шунда ҳам ора-сира жавдираб болаларига кўз ташлаб қўяр, бир амаллаб энгашганча уларнинг устига ёпилган йиртиқ чойшабни тўғрилар, сўнг яна аччиқ-аччиқ йўталар эди.
Кунлардан бир кун сотувчи ғойиб бўлди. Қовурилган каштанни хуш кўрадиган болаларнинг бари ўксиб қолишди гўё.

* * *

Куз оқшомларининг бирида мен уйга қайтаётгандим. Шимол томондан изғирин шамол эсар, шаррос ёмғир қуяётганди. Бузилган, хароба кулбанинг путурдан кетган томи остида, эски пальтога ўралиб олган бир одам қимир этмай, ўтирган ерида мизғир, оппоқ сочли боши кўксига тушган, иккита болакай унинг тиззаларига бош қўйиб ором олишарди.
Мен уларнинг тепасига бордим. Булар каштан сотувчи билан унинг болалари эди. Улар совуқдан бир-бирларининг пинжига суқилиб пинакка кетишганди. Бечораларни уйғотиб ҳол-аҳвол сўрагим келди-ю, бироқ аллақандай ғалати бир туйғу бу ғарибларнинг ғамгин оромини бузмасликни кўнглимга солди. Мен иссиқ энгил-бошимга хижолатомуз разм солдим-да, йўлимга равона бўлдим.
Йўлда кетаяпман-у, ич-ичимда бир титроқ аралаш изтиробли оғир хаёллар бош кўтараётганини ҳис қилдим. Барҳақ Эгам, мен одамлар ва жамиятдан ёзғирар ва беихтиёр ўзимга-ўзим сўз берар эдим…
Кеч куз. Ёмғир тинмай ёғиб, шамол эсаяпти.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2015 йил, 11-сон