Устюртнинг қумлоқли йўлларида кўзларини ярим юмган кўйи, чайир, ўрта бўйли, хирқироқ товушли бир қария кўп юради. Баъзан у осмон билан ер туташиб кетган олис уфққа узоқ-узоқ тикилиб туради.
Яратилиш қизиқ экан, яшаш ҳам қизиқ. Умр бўйи ҳеч нарсадан тап тортмай яшаган давангир инсонни ҳам кексалик ўзига бўйсундиради. Кўзлардан нур кетади, оёқлар қалтирайдиган бўлиб қолади — йўл юришга ярамайди.
Ёшини яшаб, ошини ошаган бояқиш қария эса ҳамон бу дунёга меҳмон эканини бўйнига олгиси келмайди. Во дариғ, бу дунё бевафо экан! Умрида кўрпа-тўшак қилиб ётиб кўрмаган кампиридан бирпасда айрилиб қолди. Ёлғиз яшаш қийин бўлар экан. Мана, бир йилдирки, нафақат бошқалар, ҳатто ўзи ўзини танимайди гоҳида. Уни ёлғизлик чўктирди.
Ҳамон кампиридан ажралиб қолганига ишонмайди. Худди келинчаклик давридагидек кампири қишлоғига кетгану эрта-индин эшикдан кириб келадигандай — интиқ бўлиб йўл қарайди. Белдан мадор, кўздан нур кетган пайтда кимсасиз дала-туз ўртасидаги пастқам кулбада ёлғиз қолганидан ўкинади.
Урушдан қайтган йиллари бир-икки ой шу атрофда овчилик билан машғул бўлди. У пайтларда кимсасиз дала-тузга умрлик меҳри тушиб қолишини ҳали билмасди. Ёғин-сочиндан сақланиш учун омонат кулба тиклади. Омонат деб тикланган кулбаси ўзи ўйлагандан кўра муқимроқ экан: нортуялар билан бирга ўсган чўпоннинг қизи Ойхонга тақдири боғланди. Ойхон пахсали қора кулбага келин бўлиб тушди. Кулба шип-шийдам эди. Келинчак ҳаммасига кўнди. Қирқ йил бир ёстиққа бош қўйиб яшадилар. Бирор марта сан-манга боришмади. «Қишлокдан безиб яшашга бизни нима мажбур қилади?» деган саволга иккиси ҳам жўяли жавоб топишолмасди. Дунёни унутиб, дунёни топиб яшардилар. Иккиси бир бўлиб, бир Дунё бўлиб яшардилар.
Тўнғич фарзанд туғилди. Умри қисқа экан, чақалоқлик пайти узилди. Норасидани Қашқайўл устидаги Ёрқовоқ мозорига қўйдилар. Тик ёнбағирда жойлашган барҳаво мозорни ўзига мўлжаллаб юрарди. Афсус, насиб қилмади. Қайнотасига Ёрқовоқ унчалик хуш келмади: «Бу ерда илгари ёнғин бўлган», деди. Ёнғин бўлган жойдан фаришталар қочар эмиш.
Мана, яқинда кампирини ҳам ўша норасиданинг ёнига қўйдилар. Бўсағадан хатлаб ташқари чиқилса — бас, ўша қабрлар устида ҳилпираб турган оқ матоларга кўзи тушади. Гўё қошига чорлаётгандай туюлади. Ойхон тушига кирса, тонгда туриб мозорни зиёрат қилади.
— Соғиндингми, Ойхон! Ўғлинг отасини мўридан чақиряптими, Ойхон? — деб то қабрлар тепасига боргунча ўзи билан ўзи сўйлашиб кетарди.
Қабрлар бошига ўтиб Қуръон тиловат қиларди. Сўнг, кўнгли таскин топиб, қабр бошидан ўт-ўланларни юларди, ён-атрофдан хас-хашакларни териб оларди. Уйга қайтгач, кампирининг қўллари теккан буюмларни бир-бир ушлаб кўрарди, бир-бир ҳидлаб кўрарди. Айниқса, кампирининг охори тўкилган кўйлагини тўйгунча ҳидларди, сўнг кўйлакни юзларига босиб, тўйгунича йиғларди.
Ўшанда кампирининг паймонаси тўлганини билдию: «Сен ўлма, мен ўламан, мен!» деб қўлларига ёпишди. Ялиниб-ёлворди. Кампири эса худди келин бўлиб тушган кунларидаги каби сирли-сирли жилмайиб қўйди, холос. Бир сўз демади. Кампирининг оппоқ сочларини тонг оқаргунча силаб-сийпалаб ўтирди. Тонг чоғи жони узилди.
Кампири ўлмасдан олти ойлар чамаси илгари бехосият бир туш кўрди: денгиздан кўтарилган оғир қора булут шамолда сузиб келиб, кулбасининг устида шаррос ёмғир бўлиб қуйилди. Бўронли сел кулбанинг бир тарафини ўпириб кетди. Чўчиб уйғонди. Кампири ширингина уйқуда эди. «Энди биримизни олиб кетади», деб қўйди ичида. Лекин тушини кампирига айтмади. Шу пайтгача ўртада ҳеч қандай сир йўқ эди. Аммо, тушини сир сақлади..
Ҳаёт шунақа экан.
Ойхоннинг ой-куни яқин эди. Шуни биларди. Биларди-ю, негадир чўлда изғиб юрган қизил тулкини овлаб келаман, деб уйдан чиқиб кетди. Уч кун йўқ бўлиб кетди. Уч кундан сўнг қайтиб келса, фарзанд туғилган. Умри билан бермаган экан. Ўзи қайтариб олибди. Начора, деди. Тақдир экан, деди. Ойхонни овутди, ўзини овутди… Ўшанда ҳам кулбанинг ёнгинасидан чўғдай қип-қизил тулки югуриб ўтган эди. Уни қўлга тушириш учун бир ярим кун изидан югуриб юрди. Ахийри кўзига сароб кўринаётганини пайқаб қолди: от жиловини қўйиб юборди. Жонивор уйни топиб келди. Агар жиловни қўйиб юбормаганда нима бўлишини ёлғиз худо билади. Аслида, қизил тулкининг момиқ мўйнасидан хотинига ёқалик, туғилажак фарзандига мў‘жазгина телпак тикиб беришни ният қилган эди. Нияти пуч бўлиб чиқди. Ўша-ўша кўзига қизил тулки кўринса — бас, дарҳол йўлини ўзгартиради. Ирим қиларди. Сўнг, бир ярим йил давомида қизил тулкидан қутилдим деб юрди. «Ўққа учраган ёки қопқонга тушган бўлса керак». Хато ўйлаган экан.
Қария бу сафар ишни пухта режалаштириб олди.
Қачонлардир, чамаси, урушдан кейинги йиллар эди, биров бешотар милтиғини таклиф қилган, қария битта қўйга ўша матоҳни айирбошлаган эди. Пайти келиб қолса иш берар, керак бўлмаса тураверади, деб ўйлаган эди. Сиртидан қалин мой суртиб, эски матога ўраб-чирмаб ўрага кўмиб қўйди.
Мана, энди бешотар керак бўлади. «Шумликда донг таратган тулки бўлсанг ўзингга! Мендан ҳам зўр келсанг, майли, тил тортмай ўлишга розиман! Аммо, яккама-якка ҳисоб-китоб қиламиз!.. Норасида фарзандимнинг бошига етдинг, кампиримнинг бошига етдинг! Энди бу дунёда ё сен туришинг керак, ёки мен! Сендан ўчимни олмасам, бу дунёдан армон билан кетаман!»
Қария ростакамига қизил тулкининг изига тушди. Изига тушдим, деб ўйлади. Измига тушаётганини, қизил тулки уни ўз домига тортаётганини хаёлига ҳам кел-тирмади.
Товга элтадиган Қашқайўл кулбасининг ёнидан ўтади. Устюртни ўзлаштиргани отланган геологлар юк ортилган машиналари билан ўтавериб, кечаю кундузи оромини йўқоттан пайтлар ҳам бўлган. Кейин бу томонларга иши тушиб келган одамлар билан қадрдон бўлиб кетди. Элимга бориб қўшилай деб отланган кезлари ҳам ўшалар қўлига ёпишиб, олиб қолишди. Юртдан бўлак бўлгач, тирикчилик учун ҳамма нарсага кўнасан, кўникасан. Сабаби тирикчилик — чорвачилик, овчилик, деҳқончилик, табибликни ўрганди. Қизилтоғ этагидан игнанинг тешигидек жойдан сирқиб чиқадиган булоқ сувидан шифо излади; чўлдаги гиёҳлардан дори-дармон топди. У пайтлари чўлда парранда-даррандалар ҳам, турли хил илонлар ҳам кўп эди. Геологларга айтсанг кифоя, бир қоп заҳарли илон келтириб беришарди. Эсида, бир гал илоннинг кўзидан тайёрланган дори билан куёвликка ярамай қолган йигитни даволаган эди. Бояқиш миннатдор бўлиб эшигига соғин сигир боғлаб кетибди. Ҳали-ҳали туғишганлардай борди-келди қилишади.
Кейинги пайтларда бу томонларда геологлар кўрин-май қолишди. Излаган маъданларини топишолмади, шекилли.
Чўпон халқи ташқарида юргани билан элда нима гаплар бўлаётганини ҳаммадан яхши билади. Боз устига, бир марта учрашган танишининг авлод-аждодини сўраб-суриштириб бирпасда туғишгандек қалин бўлиб олади.
Қария эса кейинги пайтлари бот-бот қизил тулки ишқида ёнадиган бўлди. Шу дарди қўзиган кунлари отига миниб, яқин-йироқларни оралайди. Мана, Қашқа йўлига ҳам биров из солиб кетибди. Ҳойнаҳой, юк машинасининг изи бўлса керак. Яқин атрофда юрган бўлса-да, қачон ўтиб кетганини пайқамабди. Шофёр нима учун қариянинг кулбасида қўноқ бўлмади экан? Ахир, бир коса қимиз билан меҳмон қиларди. Ажаб, нега паналаб ўтиб кетди экан? Ё нияти бузуқмикан? Кўрамиз, қачонгача қочиб юрар экансан!.. Қария нотаниш меҳмондан ростакамига ўпкаланди. Одатда, қовун пишиғи даврида бу йўл серқатнов бўлиб қолади. То қора кўзга қадар бу йўлларда борти баланд юк машиналари ғиз-ғиз қатнайди. Асфалтланган тўғри йўлдан юрсалар ола таёқ ушлаган сохта ДАН ходимлари бир нималарни баҳона қилишиб, отасининг ба-ҳосини сўрайдилар ёки юкнинг ярмини тушириб қоладилар. Яна — тағин: «Биз бартерга ҳам кўнаверамиз», деб ишшайиб туришгани ортиқча бўлади. Чув тушган шофёрлар қариянинг кулбасида ўз саргузаштларини эринмасдан сўйлаб берадилар, хумори босилгунча сўкинадилар. Қария уларни ўзича юпатади.
Кечга томон қуёш юзи қуюқ булут билан қопланиб, ёмғир томчилай бошлади. Ўйланиб келаётган қария отни ниқтади. Олисдан кулбаси ёнида турган ДАН машинасини таниди. Ҳайрон бўлди. Отини бостирмага боғлаб ичкарига кирса, турқи совуқроқ кимсалар уй тўрини эгаллаб олишиб, арақ ичиб ўтиришибди. Қария салом бериб, пойгахга чўкди. Ҳеч ким алик олмади. Анавиларнинг кайфи ошиб қолган, ўзлари билан ўзлари алламбалолар тўғрисида баҳслашмоқда эдилар. Қария бомдодни ўқиш учун қўзғалган пайтда улар бир кунлик ўлжани тақсимлашга киришдилар ва ўртада бошланган даҳанаки жанг росмона муштлашувга айланиб кетишига бир баҳя қолди. Қария бомдодни даҳ-лизда ўқиб кирса, қовунфурушнинг йўл бошловчиси бўлган сариқ йигит Пўлат исмли ходимни уйғотаётган эди.
— Узоқ йўлга кетяпмиз, ҳужжатларимиз жойида.
Лекин, сизларга атаб қўйганимиз бор, — деб бир боғлам юз сўмликни тўшак устига қўйди. — Аслида, шуни бериб кетиш учун йўддан қайрилган эдик.
Пўлат қизариб кетган кўзларини очди. Пулга нигоҳи тушиб илжайди.
— Худо бераман деса… — Тирсагига суяниб хиёл қаддини кўтарди. Пулни тўппончанинг бўш ғилофига жойлади. — Шундай ишлаш керак. Ёлғиз отнинг чанги чиқмас… Баъзилар қочиб қутуламиз деб ўйлайдилар, кейин пушаймон қиладилар. Қўлга тушгандан кўра…
Арақ кайфидан асар ҳам қолмади. Қария ажабланди.
Пўлат ўзича сафсатабозлик қилгач, дастурхонда турган яримлаган арақ шишасини қўлига олди. Қултилла-тиб икки пиёлага босиб арақ тўлдирди.
— Биздан рухсат. Қани, кўтардик! — деб ходим пиёлани қўлига олди.
Қовунфурушнинг йўл бошловчиси килкиллаб турган пиёлага афтини буриштириб бирпас қараб турдию сўнг кўзларини чирт юмиб, арақни кўтарди. Пиёлани бўшатиб дастурхонга тўнкариб қўйди. Афтидан, ичмайдиган йигитга ўхшарди. Лекин… Иигит кабина ойнасидан бошини чиқарди.
— Ота, кечирасиз, аслида, сизни зиёрат қилиб ўтиш ниятида эдик. Кўрмайсизми, анавилар орқамиздан қувиб келишди… Насиб қилса, қайтишда албатта меҳмонингиз бўламиз, — деди йигит товушини бир оз кўтариб.
— Ой бориб, омон қайтгин, болам! — деб қария юзига фотиҳа тортди.
— Кўришгунча омон бўлинг, ота!
Машина ўрнидан вазмин қўзғалди.
Ажабо, бу йигитнинг сўзлари бамаъни ҳам сирли. Худди туғишгандай муомала қилади. Истараси иссиқ экан. Наҳот, кимлигини унутган бўлсам?.. Қария қошларини чимирганча машина ортидан хийла вақт тикилиб турди. Илойим, омон-эсон қайтиб келса, оёғининг остига қўй сўяман…
Чошгоҳ пайти Пўлат бўшашибгина ташқарига чиқди.
— Вой-бўй, излар кўпайиб кетибди-ку! — деди у машина изига чирт этказиб тупуриб. — Бобой, биз ухлаб ётган пайтда қовунфурушларнинг ақчасини олиб, оқ фотиҳа бериб юбордингизми дейман? — Икки қўлини шимининг чўнтакларига тикди.
— Тўшагимда ётиб, дастурхонимдан туз тотиб… айтган раҳматингми бу?!
— Ҳазил, бобой, ҳазил! Менга қаранг, бизга ишга ўтмайсизми? — Қарияга бошдан-оёқ синовчан разм солди. — Чойчақа бериб турардик. Иш оғир эмас. Фақат шу йўлдан ўтган-кетган машиналарнинг номерларини ёзиб бериб турсангиз кифоя. У ёғини ўзимизга қўйиб берасиз…
Қария гапириш учун оғиз жуфтлади-ю, лекин гапирмади. Алам билан бош чайқаб қўйди, холос.
— «Ҳаракатда баракат», деган. Ўзи айтган, — деб Пўлат бош бармоғини осмонга ниқтади. — Бекор ётгандан фойда йўқ, бобой.
— Соч-соқолим оқарганда иймонимдан айрилайми, бола?! Ҳаммани ўзларингга ўхшаган деб ўйлаяпсанми! — Қария турган жойида титраб қақшади.
— Ҳазил, бобой, ҳазил! — деб Пўлат икки қўлини юқори кўтарди.
Қариянинг авзойи бузилганини кўриб, шу тобда ҳазил ҳаром эканини англади, чоғи, шитоб уйга кирди-да, ҳамроҳини уйғотиб, машинасига шошилиб ўтирдилару жуфтакни ростладилар.
Қария эшик-деразаларни ланг очиб, хоналарни шамоллатди. Уйдан арақ, тамаки ҳиди анқирди. Ҳатто эшик тутқичига ҳам тамаки ҳиди ўтириб қолганга ўхшарди.
Кечга бориб шамол тинди. Шу оқшом янги ой чиқди. Қария остонадан тушиб, янги ойга уч марта салом берди. Осмонда бир тўда булут худди дарёда эриган муз мисоли бўлтак-бўлтак бўлиб сузиб борарди. Эти жунжикди. Уйига кириб, пўстинига ўраниб ётди.
Бомдод маҳали уйғонди. Ташқарига чиқди. Ҳовуздаги муздек булоқ сувига бет-қўлини ювди. Таҳорат олди. Кўнгли бир оз ёришди.
Илгари булоқнинг кўзи пиёладай эди. Қайнаб-тошиб чиқарди. Ҳовузга сув тўлиб турарди. Ойхон ҳам бир қултум сув билан ютгудек сўлим келинчак эди. Эҳ ярим кечагача бир-бирнинг висолига тўймасдилар, бир-бирини қучоғидан қўймасдилар. Сўнг иссиқ кўрпадан сирғалиб чиқардиларда ҳовузга шўнғирдилар. У шох-шаббалар орасида Ойхонни қўриқлаб ўтирарди. Ойхоннинг бадани ой нурида гўё сутга чайилгандай оппоқ кўринарди; айниқса, ҳовучлаб бошидан сув сочаётган кезлари худди сочларига юлдузлар қўнган фариштага ўхшарди. Сувдан чиққан сув парисими, тушимми-ўнгимми, деб кўкрагига тупуриб қўярди. Илойим, кўз тегмасин, дерди. Кўзим тегмасин, дерди. Э-э, ўзидан ҳам қизғонарди Ойхонни!
Беихтиёр иссиқ кўзёшлари икки юзини куйдириб томчилай бошлади. Яна Ойхоннинг сочларида юлдузлар жилва қила бошлади. Кафтлари билан мижжаларини артиб олди. Диққат билан разм солса, ўша осмон, ўша ой, ўша юлдузлар, булоқ тарновидан жилдираб сув оқяпти. Бари ўша-ўша. Фақат Ойхон йўқ. Ойхон — сароб.
Во дариғ, тириклик шунақа экан-да, қувонч билан ғам-ғусса ёнма-ён юрар экан.
Ойхон оппоқ чойшабга ўраниб уйга кириб кетгач, ўзи аста шох-шаббалар орасидан чиқиб келиб ҳовузга тушарди. Муздек сув юрагини ҳаприқтириб юборарди, қони қайнаб кетарди, ғайрати жўшар эди… Оёғига калишини илардию билч-билч одимлаганча яна Ойхон томон талпинарди… Сўнг то тонггача ҳовузда бирга-бирга чўмилишарди. Сўнг хориб-толиб чошгоҳгача тошдай қотиб ухлардилар. Улар Дунёни унутиб юборишарди. Дунё ҳам уларни унутиб юборган эди гўё.
Энди ўша тотли дамларни соғиниб эслайди. Соғиниб эслаган кунлари Ойхон албатта тушига киради; ой тўлган оқшом, ҳовуз, бошидан сув сочаётган сўлим келинчак… Чошгоҳ пайти Ойхон оёқ учида юриб қумғонни ўчоққа қўяр, чой қайнатар, ўзича бир нималарни шивирлар, қиқирлаб кулар эди. Кулар эди-ю, юзларини яширарди.
Руҳи уйда, кириб-чиқиб юрибди-ку, деб қария ўзига тасалли беради. Суви тортилиб кетганини билса ҳам ўша булоқ кўзини очиб қўяди.
Ойхон бор пайтида ишларим қолиб кетяпти деб баъзан нолирди. Доим шошиб юрарди, кун ўтганини ҳам билмай қоларди. Энди эса кун ўтмайди. Зерикади. Қайси ишга қўл урмасин, бари бир охирига етказмайди — сабри чидамай ташлаб кетади.
Суякларим шалдираб кексайган пайтимда бир ўзимни ҳайҳотдек дунёга ташлаб кетдинг-а, Ойхон?! Энди кўнгуддаги гапларимни далатузга айтаманми? Ким тинглайди? Ким таскин беради?.. Мендан кейин нима қиласан деб, нега сўрамадинг, Ойхон?! Қандай яшашни нега ўргатиб кетмадинг?.. Паймонам тўлиб, уч-тўрт кун тўшакда ётиб қолсам, ким мендан рози-ризолик сўрайди? Ким оғзимга сув томизади? Сенинг ёнингда тайёр турган лаҳадга ким мени элтиб кўмади?.. Тириклайин гўрга кириб ётиб бўлмас экан-ку, Ойхон! Эсингдами, қиш каттиқ келган йиллари озиқ тополмай қолган қашқирлар товдан пастга тушарди, ҳамма ёқда изғиб юрардилар. Энди ўша қашқирларга ем бўлиб кетмаганимга афсусланаман. Ойхон!.. Ўпкалаяпсан. Тўғри, сендан олдин кетганим билан ер тўйиб қолармиди? Кейин ёлғиз ўзинг бўм-бўш оламда қандай яшардинг? Кимга ялинардинг, кимларга сарғайиб борардинг? Элга қўшилармидинг? Эл сени қабул қилармиди? Эркак бошим билан мен ҳаминқадар кун кўряпман, кўникяпман. Бир ҳисобда, оддин кетганинг — сенга кўрсатилган улуғ марҳамат. Қайғурма, бир амаллаб мен ҳам манзилимга етиб оларман. Ноумид — шайтон, дейдилар.
Завол келтирган ўша қизил тулки яқиндан бери яна пайдо бўлди. Қариянинг қўрслиги тутди, қалбида қасос ўти аланга олди. Тулкида худим бор, деди. Унинг бошига етмай қўймайман…
Қария хаёлга толди. Бугун бошқа қиладиган иши ҳам йўқ. Ҳар куни битта ишни такрорлайди: дастлаб, қизил тулки юрадиган йўлларга тузоқ қўяди, сўнг беш-отар милтиғини обдан текшириб кўради. Иккита ўқи бор. Бирини ўша тулкига атаган, иккинчиси кимга аталганини ўзи ҳам билмайди. «Боши янчилиб ётганини кўрсам бўлди», Қариянинг бу дунёда бошқа армони йўқ эди.
Қизил тулки эса анойи эмас. Тулки шумлигини қўймайди. У қарияга панд бермоқчи бўлади.
Қария армони ушалмасдан ўлиб қолишдан қўрқади. Худо кўрсатмасин-у, шундай кун бошига тушса борми, Пўлатга ўхшаган ҳаромхўрлар жасадни тепиб кўриб: «Қанча мол-дунёси қодди экан?» деб уйни ағдар-тўнтар қилишдан ҳам тоймайдилар.
Битта ўғли бор эди. Чала туғилган. Балоғатга етгач, лўлиларга эргашиб дом-дараксиз кетди. Қайтмади, Чол-кампирдан хабар олмади. Онасининг ўлганини ҳам эшитмади, чоғи. Эҳтимол, ота-онаси борлигини бутунлай унутиб юборгандир. Қария ҳам уни унутди.
Кампири оламдан ўтганини эшитиб, дастурхондан туз тотган шофёрлар бирин-кетин кўнгил сўраб келишди. Бояқиш шофёрлар олис сафарга отлансалар ул-булдан кўмаклашиб турадилар. Чол-кампирга кўп нарса керак эмасди. Битта жонига эса деярлик ҳеч нарса керак эмас.
Қариянинг бирдан-бир нияти — тулкидан қасдини олиш. Ҳисоблаб кўрса, ўша тулки билан йўли кесиш-ганига йигирма йилдан ошибди. Камёб учрайдиган қизил тулки шу пайтгача не-не тузоқларга, не-не мерганларнинг ўқига чап бериб юрганига қариянинг ақли бовар қилмайди. Шу пайтгача ўша тулкининг изидан юрибдими ёки ҳозиргиси қизил тулкининг авлодими, қария учун у ҳам бир жумбоқ.
Эшак ўлдирар кун кўринса-да, аёз бор.
Қариянинг кўзи илинди. Деразадан соя кўринди. Хонага шарпа тушгандай бўлди. Кўзини очса, қўл чўзса етадиган жойда ўша қизил тулки турибди. Тулки қариянинг рўпарасига чўнқайиб ўтириб олди. Кўзлар тўқнашгач, тулки қочишга шайланди. Қария шоша-пиша милтиққа интилди. Афсуски, улгурмади. Тулки ғойиб бўлди.
Тўшакда ғужанак бўлиб ётган қария умрида биринчи марта эрта тонгда уйғонмади. Одатда қанча кеч ётишига қарамай албатта бомдод пайти уйғонарди. Сўнг чопонини елкасига ташлаб ташқарига чиқарди-да, қуёшнинг чиқишини томоша қиларди. Асрдан кейин эса қуёшнинг ботишини мунгли кузатиб ўтирарди. Шундан ўзича маъно қидирарди, ўзича роҳатланарди.
Сутдай оқариб тонг отди. Ортидан оппоқ из қол-дириб осмонда юлдуз учди. «Юлдузим баланд бўлсин», деб шивирлади қария.
Биламан, анави хунхўр тулки бекорга келмади. Азизларимнинг бошига етди. Энди менга завол етказмоқчи. Фақат кучи етмай турибди. Негадир ажалимни ортга судраяпти. Шошма, биз ҳали биргаликда жон талашамиз, тулкивой! Кўрамиз, қачонгача бировларнинг умрига эгов бўлар экансан?! Ана, олисларда момогулдурак гулдураяпти. Осмонни қора булут қоплаяпти. Бехосият кун бошланяпти, чоғи. Ҳечқиси йўқ, бир бошга — бир ўлим…
Қария ўзича тулки билан баҳслашди. Йўқ, ўзи билан баҳслашди.
Бирдан шаррос ёмғир қуя бошлади. Шамол турди. Сувоқлари кўчган, шифтидан қамиш бостирмалари кўриниб турган кулба қалқиб кетгандай туюлди. Бошпана ҳам путурдан кетган эди. Қаттиқ ёмғир ёғиб ўтса, бир-икки кунгача шифтдан чакка томиб турарди. Ойхон ҳаёт пайтида ёзнинг ёруғ кунлари уйнинг кўчган жойларини суваб юрар, ўчоқдан чиққан кулни томга таширди — ўйдим жойларни текисларди. Ойхон туфайли бу кулба одам яшайдиган уйга ўхшаб турарди. Баъзан қария ҳам хотинига ёрдамлашарди-ю, аммо асосий иш Ойхон зиммасига юкланган эди. Энди бўлса, бундай ишларга қўли бормайди. Уй деярли ташландиқ ҳолига келиб қолди. Гўё бу ишларни гўрда ётган Ойхон тирилиб келиб, бажариб берадигандай.
Ноилож яна уйга қайтиб кирди. Нам тортган кийимларини олов гуриллаб ёнаётган ўчоққа тутиб қуритди. Сўнг пўстинига ўраниб ёнбошлади. Кўзларини юмди. Умрида касал бўлиб кўрмагани учунми, ажалим етганга ўхшайди, деб ичида қувонди. Тов тарафдан момогулдурак гулдираги эшитилди. Эсиз, товга жўнашим лозим эди. Қария ўкинди. Боя йўлга тушганда шу чоққача манзилга етиб оларди. Бир амалларди. Увадага ўхшаб қолган оёқларини судраб босиб, ўша жойга етиб борарди. У ёқдан қайтиб келиш шарт эмас. Боз устига, у ёкдан ҳали ҳеч ким қайтиб келмаган. Ҳатто очиқ гўрдан ҳам ҳеч ким қайтиб чиқмайди. Товда оёқларидан дармон кетиб йиқилса нима бўпти! Ўша тулкига ем бўлгани яхши эмасми? Бирйўла ҳаммасидан қутилади-ку!
Минг ёмон бўлса-да, Пўлатнинг қадри ўтди. Ҳарҳолда, у ҳам одамнинг боласи — балки, гапга кўнармиди…
Қирчиллама йигит пайтида белига қирқ қулочли арқон боғлаб, тик жарликка тушган эди. Жарлик тубида кўзёшдай жимирлаб жилға оқарди. Ўшанда ярим масофага пастлаган пайт бирдан патирлаб қушлар учиб кетган эди-ю, юраги торс ёрилишига озгина қолган эди. Жарликнинг ажиб сеҳри бор эди: жазирама ёз кунлари қандайдир куч тубанликка тортаверарди. Бир-талай эчки-улоқ жарликка ўзини отиб юборарди. Бир-пас теварагида айланиб юрардию бирдан тубанликка сакрарди. Ажаб.
Узуқ-юлуқ хаёл суриб ётган қария бирдан сафар-дан қайтишда меҳмон бўлишга ваъда бериб кетган сариқ йигитни эслаб қолди. Устидан пўстинни отиб, ўрнидан турди. Унга нима бўлди экан? Айтган муддатидан анча ўтиб кетди-ку? Ҳақ ниятли кишининг йўлида ҳеч қандай тўсиқ учрамайди. Агар ўша йигит остонамга қадам қўйиб: «Ота, биз билан юринг. Уйимнинг тўри — сизники. Элга қўшилинг!» деса, худо ҳақи, унга эргашиб кетардим. Одам бўлиб туғилдим, одам бўлиб ўлишим керак. Тавба, Қашқайўлда ётган кампирим билан боламни ташлаб кетаманми? Ахир, тўримдан кўра гўрим яқин-ку!
Қария деразага қараб ўзи билан ўзи сўзлашаётган пайт ўткир ёруғлик юзларидан сирғалиб ўтди. Кўзлари қамашди. Беихтиёр кўзларини юмиб олди. Кўзларини қайта очган дамда деразадан кўриниб турган кенглик ҳам, осмон ҳам яна зимистонга айланган эди.
— Ўзинг паноҳингда асрагин, худойим! — деди қария соқолини силаб.
Кўнгли ёмон бир нарсани сезди. Тов тарафдан эшитилган гумбурлаган товуш эса, кўнглидаги ғулғулани баттар кучайтириб юборди…
* * *
Истараси иссиқ йигитнинг исми Исо эди. Ёшлигидан отасиз ўсди. Онасига дастёр бўлди. Вояга етгач, шофёрлик касбини танлади. Бир йилдан ортиқроқ шогирд бўлиб юрди. Автобазага ишга қабул қилишди. Йигирма йил давомида бир жойда муқим ишлади. Йигирма йил бадалида бир марта ҳам янги машина миниш насиб этмади. Шароит маълум. Кимдан ҳам ўпкаларди: бу дунёда ё заринг бўлиши керак, ё зўринг. Униси ёки буниси бор йигитлар ҳар йили битта янги машина минадилар. Улардан ортганини бошқалар та-лашади. Шалоғи чиққанларини эса Исо кабиларга бе-ришади. Бундай машинага эга бўлган шофёр бечоранинг кўп вақти носоз қисмларни тузатиш билан ўтади. Бора-бора кўникди. Оиласи ҳам кўникди. Шукр, борига чидаб юришибди.
Автобаза директори тўсатдан Исога яп-янги машинани миндириб қўйди. Уч-тўрт кундан сўнг йўлланма олиш учун диспетчер хонасига кирса, навбатчи аёл: «Сизни директор йўқлаяпти», деди. Юраги шиғ этди. Лекин сир бой бермасдан аёлнинг изидан итоаткорона эргашди. Бошлиқ кабинетига кирса, доим қовоқ-тумшуғини осилтириб, саломига тил учида алик олиб юрадиган одам хушчақчақ ўтирибди. Хонада ёшини дафъатан билиб бўлмайдиган яна бир бегона киши ҳам бор.
— Боядан бери мақтаб ўтирганим Исо пайғамбар мана шу йигит бўлади, — деб директор уни бегона кишига таништирди. — Темирнинг тилини билади. Сизни доғда қолдирмайди, ишонаверинг!
— Яхши. Фақат тилига маҳкам бўлса бас, — деди нотаниш киши.
Исо унга разм солди: кўса экан.
— Хотиржам бўлинг, Исо ўғил бола, — деб ишонтирди директор. Сўнг, Исога юзланиб: — иним,
уйингдагиларга бир ҳафтага командировкага кетяпман деб айт. Рўзғорингда озиқ-овқат етарлими? — деди.
— Раҳмат, етарли.
Шундай қилиб, йўлга чиқдилар. Олис бир қишлоққа боришгач, дарвозали бир ҳовлига машинани орқаси билан киритди. Оёқларининг чигилини ёзиш учун энди кабинадан тушмоқчи эди: «Бирпас сабр қил. Озиқ-овқатингни шу ерга келтириб беришади», деди кўса. Ўзи машинадан тушди. Олдиндан шундай шарт қўйилгани туфайли Исо миқ этмади. Таом келтирилди. Овқатланди. Сўнг оёқларини ойнадан чиқариб ўриндиққа узаласига чўзилди. Бир замон эти жунжикиб уйғонди. Тонг ёришаётган экан. Қайта ухлай олмади. Ҳадемай кўса пайдо бўлди.
— Кетдик, — деди у кабинага кириб.
Йўлга тушдилар. «Иккинчи марта кўсага ҳамроҳ бўлсам, кунте бўлай!» деб ичида қасам ичди Исо. Йўл ёқасидаги битта ошхонада чала-чулпа тамадди қилиб олишди.
— Энди асфалт йўлдан юрмаймиз. Қаёққа юришни ўзим кўрсатиб бораман, — деб огоҳлантирди кўса.
Йўлсиз йўлдан кетдилар. Мўл юрдилар. Тупроқ чангитиб юрдилар, ўркачли барханлар оша юрдилар. Баъзан учраб қоладиган омонат ўтовларга кўса бирров кириб чиқар, кузовдан кимдир қандайдир юкни тушириб қолар, сўнг боғлам-боғлам пул кўтарган кўса кабинага кириб: «Кетдик!» деб амр қилар эди. Гоҳида кундуз куни овлоқ жойга машинани киритиб қўйиб, мизғиб олишарди. Исо қаэрга келиб қолганини тусмолдан биларди-ю, аммо айнан қаэрда эканини аниқ билмасди. Юрган манзилларини қайта топиб боролмасди. Бир жойга етишгач, кўса Исони машинада ёлғиз қолдириб, ўзи чакалакзор оралаб йўқолиб кетди. Кабинада ярим қопдан зиёд пулни унга ишониб қолди-риб кетганига ҳайрон бўлди.
Учинчи куни, шекилли, йўлда кетаётган пайтлари кўса белига боғлаб олган жун рўмол ичидан тўппонча чиқарди. Исо умрида бундай матоҳни биринчи марта кўраётгани учун шошиб қолди ва нохос машинани йўл четидаги дарахтга элтиб урди. Ўнг томондаги фара чил-чил синди.
— Нега менга қарайсан? Йўлга қарасанг бўлмайдими? — деди кўса норози бўлиб.
Синган чироқ ўрнига янгисини қўйди. Кўса йўл бўйи тўппончасини ўйнаб борди. «Топган эрмагини қаранглар», дерди Исо ичида ғижиниб.
— Йигит кишининг ёнида қуроли бўлса яхши-да, Исобой!— деди кўса мамнун қиёфада. — Қил кўприкдан ҳам омон-эсон ўтиб олсак, марра бизники! Худо хоҳласа, ўтиб оламиз. Қўрқма, ёнингда мен борман…
Ўқдонни чиқариб, ўқларни санади.
Қанақа «қил кўприк»ни назарда тутаётганини, ал-батта, Исо тушунмади. Кейин гап нимадалигини англади. Тонг чоғи коллектор устига қурилган тахта кўприкдан ўтаётган пайтлари рўпараларидан кабинаси устига чироқ ўрнатилган битта машина чиқиб қолди. Бирдан ўша машинанинг эшиклари очилдию юзларига ниқоб тутган йигитлар ўзларини ерга отдилар. Ҳар бирининг қўлида биттадан қирқма милтиқ бор эди. Кўза ўзини йўқотмади.
— Ўнг томонга бур! — деб рулга ёпишди.
Исо беихтиёр машинани саксовулзорга буриб юборди. Ағдарилиб кетишига сал қолди ўзиям. Йўлтўсарлар негадир уларнинг ортидан қувмади. Қалин чакалакзорга етиб боришгач, кўса машинани тўхтатишни сўради. Қуёш чиққунча ўша жойда пойлаб ўтирдилар.
— Ҳайда! — деб амир қилди кўса.
Бояги кўприкка яқинлашгач, ўша машина ҳамон йўл четида турганини кўрдилар.
— Итваччалар-эй, сизларга оғзимдагини олдириб қўяманми?! — деди кўса тишларини ғижирлатиб. — Ортга қайтар!
Яна чакалакзор оралаб кетишди. Чошгоҳ маҳалигача бир жойда ўтиришди. Кўса бир оз мизғиб ҳам олди. Сўнг:
— Айланиб ўтамиз, шекилли, — деб қўли билан кун ботар тарафни кўрсатди. — Қани, кетдик!
Чакалакзор оралаб юриб, ахийри яна коллектор устидан чиқишди. Сув ёқалаб кетдилар. Бир жойда росмана кўприкка дуч келишди. Исо машинани кўприк-ка тўғрилади. Омон-эсон ўтиб олишгач, тез орада катта асфалт йўлга чиқишди. Тахиатошга кираверишда кўса машинани тўхтатди.
— Ўғил бола экансан, — деди у кабинадан тушишга шайланиб. — Сени уч марта синадим. Синовларимдан мардона ўтдинг. — У қопчиқ оғзини очиб… ичидан уч боғлам юз сўмлик олди-да, Исога узатди: — Бигтаси хизматинг учун, иккинчиси хавф-хатардан олиб чиққанинг учун, учинчиси бола-чақаларингнинг насибаси. — Қопчиқ оғзини қайта боғладию кабинадан тушди.
Исо бир неча муддат жойида қимирламай ўтирди. Сўнг ён томондаги кўзгудан орт тарафга назар солди: кўса қопчиқни орқалаб, тобора олислаб борарди. Биров уни бир қопчиқ пул кўтариб бораётганини асло хаёлига келтирмасди… Бир пайт оппоқ «Волга» пайдо бўлдию кўсанинг ёнгинасида тўхтади ва эшик оҳиста очилди. Кўса енгил машинага ўтирди. «Волга» шитоб ўрнидан қўзғолди. У кўздан ғойиб бўлгач, Исонинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Аммо, ички бир норозилик кўнглини безовта қила бошлади.
Автобазага боргач, машинани бир қатор қаровдан ўтказди.
Эртаси куни директорни учратди.
— Азамат йигит экансан! — деб елкасига қоқди у.— Бир ҳафта дам ол. Бундан кейин бирга ишлаймиз.
Бир ҳафта дам олиб ишга чиқса, директор йўқлатди. Кабинетга кирди. Негадир бошлиқнинг қовоғидан қор ёғарди.
— Ўзининг фаросати етса керак деб ўйлаган эдим. Лекин, инсофинг йўққа ўхшайди. Нега улушимни бермай юрибсан? — деди директор дангал.
— Кечирасиз, сиз билан кўсанинг ўзи ҳисоб-китоб қилади деб ўйлабман, — деб узр сўради Исо. — Бўпти, оға, эртага ҳаммасини келтириб бераман.
— Ҳаммаси керак эмас, фақат улушимни берсанг кифоя. Мен беш қўлини оғзига тиқадиган очофат эмасман!
Уйга бориб, ҳангомани хотинига сўзлаб берди.
— Қуриб кетсин, ҳамасини элтиб беринг! — деди хотини тутоқиб.
Ҳаммасини элтиб берди. Директор бир боғламини ўзига қайтарди, лекин Исо рад этди.
— Бўпти, яқинда янги машина бераман, — деб ваъда қилди директор.
Дарҳақиқат, директор ваъдасида турди. Тез орада Исога янги машина берилди. Директор Исога йўл-йўриқ кўрсатиб турди: тенг шерикликка мўмай буюртмалар топиб қўярди. Олис шаҳарларга қовун элтиб сотишни ҳам директор маслаҳат берди. Охири хотини чидамади.
— Ё мени денг, ё ишни!— деб кескин шарт қўйди
У:
— Нима қил дейсан?
— Бу ишингизни йиғиштирасиз, вассалом! Сиз у ёқлардан уйга келгунча адои тамом бўляпман! Бўлди, жонимдан тўйдим…
Исо кулди. Хотини йиғлади.
— Бўпти, охирги марта бориб келай. Кейин бас қиламан, — деди Исо ноилож.
У охирги марта машинани тўлдириб қовун босди. Ҳамкасбларидан маслаҳат сўради: қовун қиммат шаҳарни билиб олди. «Қашқайўлнинг устида Бован исмли қария яшайди. У кишидан оқ фотиҳа олсанг, албатта, ишларинг бароридан келади», деб насиҳат қилди кекса шофёр. Исо ўша қариядан дуо олиш ниятида Қашқайўлга бурилган ҳам эдики, ортидан ДАН ходимлари қувиб етишди.
Йўлга чиқиш арафасида Хўжайли бозорида нарх-наволарни суриштириб юриб тасодифан қадрдон Дўсткалийни учратди. Унга шерикликни таклиф этди. Дўсткалий рози бўлди.
— Учдан бири сеники, — деди Исо.
Улар қайтишда Устюрт оралаб ўтган йўлдан юрдилар. Сафарлари хайрли ўтди. Қашқайўлга тушиб олган пайтлари шаррос ёмғир қуя бошлади. Исо рулни Дўсткалийга топширди.
— Бир оз мизғиб оламан. Тўғри ҳайдайверсанг, ҳадемай Бован бобонинг кулбасига етиб борамиз, — деб пинакка кетди.
Туш кўрди. Бован бобонинг ҳовлисида юрган эмиш. Хотини болалари ҳам шу ерда эмиш. «Сизларни кутиб олгани келдик», дермиш хотини. Лекин негадир ўзини олиб қочармиш…
Тонг палласи тепаликда уюр бўлиб турган кийикларга дуч келдилар. Жониворлар машина чироқларидан таралаётган шў‘лага чулғаниб, гурас-гурас бўлиб югурардилар. Тўдадан ажралиб чиққан битта кийик машинанинг йўлига тушиб олиб, шитоб қоча бошлади.
— Шуни уриб олмаймизми? — деб сўради Дўсткалий ҳамроҳини уйғотиб.
— Бўпти, газни бос! — деди Исо завқланиб.
Кийик изидан қувлаб боравердилар. Бир пайт кийикнинг думи бир қучоқ қизил тулкига айланиб қолганини яққол кўрдилар. Тулки чиройли думини ўйнатиб қочиб бораверди. Дўсткалий баттар жўшиб кетди — тезликни янада оширди. Тулки эса баланд бир тепаликдан ошиб ўтдию машина ҳам ўша тепаликка сапчиб чиқиб, бирдан тубсиз жарликка учиб кетди. Исо кўзини очган пайтда машина тумшуғи билан жарлик тубига зарб билан урилди. Аъзойи бадани зир қақшаганини ҳис этдию ҳушидан кетди.
Бир замонлардан сўнг Исо ҳушига келди. Осмонда юлдузлар милтилларди, кабинанинг нариги бурчагида Дўсткалийнинг гавдаси қорайиб кўринарди. Ўрнидан қўзғалмоқчи бўлдию белидан пастроғини темир-терсак исканжага олганини билди. Инграб юборди. Оёқ-қўллари йўқдай эди. Товуш чиқариб яна ингради. Аммо, негадир ўз товушини ўзи эшитмади. Бирдан оппоқ булутлар устида сузиб юргандай бўлди. Булутлар бағрида йўқ бўлиб кетди — яна ҳушини йўқотди. Ҳушига келгач, нафаси етгулик масофада қип-қизил тулки ўтирганини кўрди. «Ўша», деб ўйлади. Кўзлари чақнарди. Қип-қизил эди. Умрида бунақа махлуқни илк бора учратиши эди. «Балки, мени қутқариш учун келгандир», деб ўйлади. Кўнгли бир оз таскин топди. Тулки ундан кўз узмасдан ўтирарди. Одамзотнинг бемажол эканини биларди, чоғи. Тулки аста қўзғалди. Боши рул чамбараги устида осилиб турган Дўсткалийга яқинлашди ва унинг оғзини ялай бошлади. Қон ялаётгани аниқ билинди. Олдинги оёқларини Дўсткалийнинг елкаларига тираб олди. «Энди навбат ўзимга келади», деб хаёлидан ўтказди Исо. Ижирғаниб қўйди. Тулки унинг ижирғанишига парво қилмади. Дўсткалийнинг оғзидан сизиб чиқаётган қоп-қора қонни ялаб бўлгач, машинанинг синиқ олд ойнасидан капот устига чиқиб чўнқайиб ўтирди ва осмонга қараб ув тортиб юборди. Узоқ-яқиндан бошқа тулкиларнинг жавоби эшитилди. Исо тағин ҳушидан кетди, ҳушига келган пайт тулки думини лик-лик этказиб, копот устида айланиб юрган эди. У томондан ёқимсиз ҳид анқирди. Ўпкаси шиғ-шиғ этиб нафас олаётгани ҳам баралла эшитиларди. Кўзлари бежо эди. Турки атворидан нияти яхши эмаслиги билиниб турарди.
«Эй одам, агар ҳозир мен ярадор бўлганимда бор-ми, албатта, теримни шилиб олардинг! Лекин, бу сафар мен эмас, сен мададга муҳтожсан. Буни қайтар дунё дейдилар».
Тулки тантана қилди. Ичидан қувоняпти.
Бир пайт осмондан тушдими ё тошлар орасидан чиқдими, ишқилиб, тумшуқлари қайрилма қиличга ўхшаш қоп-қора қушлар пайдо бўлди. Парлари тўкилиб қолган қари қуш аста Дўсткалийнинг елкасига қўнди-да, ён томонга энгашиб унинг кўзларини чўқилай бошлади.
Исо яна-тағин ҳушини йўқотди.
У қайта ҳушига келмади.
* * *
Қария кун бўйи кулбаси олдидаги япалоқ тош устида ўй суриб ўтирди. Ўқланган бешотарни қучоғидан қўймади. У қизил тулки билан чинакамига олишмоқчи: ё ўлади, ё ўлдиради. Нима бўлса такдиридан кўради. Такдирдан қочиб қутулиб бўлмайди.
Қоронғи туша бошлагач, кутганидай момиқ думини тебратиб қизил тулки ўқ етмас жойда кўринди. Тепаликка чўнқайиб ўтирди. Оғир ишни бажариб қайтган каби хориб-толгани сезилиб турарди. Демак, у ҳам обдон чарчаган, тинка-мадори қуриган кўринади. Ахир, пинхоний олишув бир неча кундан буён давом этаётибди.
Қария милтиғи қўндоғини елкасига тираб, шошмасдан тулкининг қоқ манглайини мўлжалга олди. Тепкини босган заҳоти кўпдан бери отилмаган милтиқ зарби елкасини қақшатиб юборди. Қария чалқанчасига йиқилди. Йиқилаётиб, ўша тепалик устидан ялтираб турган бир жуфт кўзни кўриб қолди. Назарида тулкини ўлдиргандай бўлди. Ўзича қувонди. «Шукр, бу дунёдан беармон кетадиган бўлдим», деб шивирлади. Тирсагига суяниб аста қаддини кўтариб, ўша тепалик томон қаради. Не кўз билан кўрсинки, қизил тулки ҳамон тепалик устида қария томондан кўзларини узмай тикилиб ўтирарди. Ҳагто дастлабки ҳолати ўзгармаган эди.
Қария жон аччиғида милтиқни қайта ўқлади. Ҳув ўша тепалик устида энди тўртта бўлиб кўринаётган қизил тулкиларнинг қай бирининг манглайини мўлжалга олишни билмасдан ҳийла фурсат тараддудланиб турди. Ахийри қўллари толиб кетди ва жон аччиғида милтиғини япалоқ тошга зарб билан урди. Ўқ товуши эши-тилди. Милтиқнинг қўндоғи ёрилди. Қувурини қўлдан қўйиб юбормаган қариянинг кўкрагига чўғ босилгандай бўлди. Эт ҳиди анқиб кетди. Негадир бурнига порох ҳиди билинмади, фақат эткабоб ҳиди гуп этиб димоғига урилди. — Эй, бевафо дунё, — деб ингради қария. Аста чўк тушди. Милтиқ қувури ҳам қўлидан сирғалиб ерга тушди.
Мажоли қурий бошлади. Мажолсизланаётган пайти негадир кулбаси томон эмас, балки Ёрқовокдаги мозор томон эмаклай бошлади.
«Ишқилиб, ўзимга тайёрлаб қўйганим — очиқ гўримга бир илож қилиб етиб борсам бас», деб шивирлади у. Ёмғирдан пайдо бўлган халқобга юзтубан йиқилди. Бирпасдан сўнг тирсакларига таяниб қаддини ердан кўтарди. Яна Ёрқовоқ тарафга тирсаклари билан эмаклай бошлади.
Қорақалпоқчадан Набижон Боқий таржимаси