Уильям Фолкнер. Нобель мукофотини топшириш маросимида сўзланган нутқ

Тушуниб турибман: мукофот менга эмас, асарларимга — шу пайтгача мавжуд бўлмаган, инсон қалбига таяниб, пешана тери ва қалб тўлғоқлари билан яратилган, шон-шуҳратни ҳам, манфаатни ҳам кўзламаган ишларимга берилаяпти. Шунинг учун мукофотни ишончли вакил сифатида қабул қиламан. Унинг пул қисмини бу мўътабар мукофот мақсадлари ва ўтмишига муносиб равишда сарфлаш мен учун қийин эмас.

Менга берилган эътибордан муносиб фойдаланган ҳолда, ўзини оғир ва азобли ёзувчилик меҳнатига бағишлаган ёшларга мурожаат қилишни истардим ва ишонаманки, вақти келиб, гапларимни мен ҳозир эгаллаб турган минбарга чиқадиганлар ҳам эшитишади.

Давримизнинг фожиаси шундаки, биз, ҳаммамиз ёппасига ҳайвоний қўрқув билан яшаб келяпмиз. Бу — узоқ вақтдан бери давом этиб келаётганидан қўрқувга ўрганиб ҳам қолдик. Инсон руҳиятига тегишли ҳамма масалалардан фақат биттаси қолди: қачон бизни қириб ташлашаркин? Шунинг учун ҳам ҳозирги ёш қаламкашлар ҳақиқий адабий асарни бунёд эта оладиган, ёзишга, меҳнат қилиш ва азоб чекишга арзийдиган мавзу — одам ўзи билан ўзи курашиши муаммосини унутиб қўйдилар. Ёзувчи булар ҳақида ўйлаб кўриши, қўрқув — энг пасткаш ҳиссиёт эканини тушуниб етиши ва ниҳоят, ўз “устахонасидан” юрак ҳақиқатини, асарни абадийликка дохил қиладиган муҳаббат, ор-номус, мурувват, ғурур, раҳм-шафқат, фидойилик каби азалий ва абадий қадриятлардан бошқа барчасини чиқариб ташламоғи керак. Агарда ёзувчи шундай қилмас экан, унинг асари устида лаънат тошлари ўйнаб туради. У муҳаббат ҳақида эмас, шаҳвоният, безиён мағлубиятлар, умидсиз ғалабалар ҳақида ва энг ёмони — ачинмасдан, ҳамдард бўлолмасдан ёзади. Унинг дардини ҳеч ким тушунмайди, бу дардлар ҳеч қайси қалбда из қолдирмайди. У инсоний қалб ҳақида эмас, балки жисмоний фаолият ҳақида ёзган бўлади. Ёзувчи шуларни тушуниб етмагунча, четдан туриб кузатаётган одамдек, инсониятнинг ҳалокатга юз тутиши ҳақида ёзади. Мен инсониятнинг ҳалокати ҳақидаги фикрни рад этаман. Одам боласи ҳамма нарсага чидайвергани учун инсониятни мангу дейиш осон. Зулматнинг бир чаккасидаги қонли шафақ узра илиниб турган қоядан энг сўнгги қўнғироқ ноласи узилганда ҳам битта сўнмас овоз — ОДАМ овози қолади, деган гапларни тан олмайман. Одамзод нафақат тирик қолишига, балки тантана қилишига ишонаман. Унинг мангулиги овозининг сўнмаслигида эмас, балки ўз хусусияти ва руҳиятига кўра раҳм-шафқатга, фидойиликка, матонатга мойиллигидадир. Ёзувчи ва шоирнинг бурчи — шулар ҳақида ёзиш, мардлик, ор-номус, умид, раҳм-шафқат, мурувват, фидойилик каби инсонга хос азалий ифтихорни мустаҳкамлаш йўли билан одамлар қалбига мадад беришдан иборат. Уларнинг овози, шунчаки акс-садо бўлмасдан, одам ҳаёт синовларига бардош бериши ва тантана қилиши учун замин, таянч бўлмоғи лозим.

1950 йил

Русчадан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси