ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР:
Э р.
Х о т и н.
С у ғ у р т а а г е н т и.
Қ ў ш н и қ и з.
Бахтли ҳаёт кечирувчи эр-хотин хонадонида мўъжазгина бир хона. Ҳаммаёқ чиннидай озода, саришта. Хона ўртасида стол, стол ёнида с у ғ у р т а а г е н т и ўтирипти, у уй эгаси — Эрга суғурта ҳужжатини узатади.
А г е н т. Марҳамат, афандим, мана бу ерига имзо чексангиз бўлди… Менинг ручкамни олақолинг — бу бахт келтиради.
Э р. (Ҳужжатга кўз югуртириб чиқади.) Демак, агар мен… худо кўрсатмасин, қазо қилсам, хотиним ширкатингиздан икки минг фунт пул олади, тўғрими?
А г е н т. Жуда тўғри… Ўша заҳоти… яъни…
Э р (сўзини бўлиб). Тушунарли… (Ручкани қўлига олиб имзо чекади, сўнг ручкани столга қўяди ва ҳужжатни агентга узатади.)
А г е н т. (Ҳужжатни оларкан.) Табриклайман!
Э р. Нима билан? Олдинроқ ўлишим биланми?
А г е н т. Йўғ-э… Худо сақласин… Суғурта ҳужжатига имзо чекканингиз билан.
Э р. Гап бундай… Мен сиздан талаб қиламан… Токи тирик эканман, хотиним бу ҳужжат ҳақида ҳеч нима билмаслиги керак… Унинг кўнгли жудаям бўш, асаби ҳам чатоқ. Ҳар нарсага дарди зўрайиб, мазаси қочиб қолади. Хотиним, агар ундан олдин менинг ўлиб қолишим мумкинлигини эшитиб қолса, ўша заҳоти турган ерида шамдай қотиб, соқов бўлиб қолади. Бундай жудоликка у асло чидай олмайди! У доим: “Ё, Аллоҳи карим, ишқилиб олдин менинг жонимни ол!” деб нуқул тавалло қилгани-қилган. Биласизми, мен ҳам кўп ўйлайман бу ҳақда. Ҳатто хотинимдан ҳам кўпроқ ўйлайман. Ишқилиб хотиним орқамда қолса, дейман. Менинг бирдан-бир орзуим шу.
А г е н т. О, қандай назокатли ва малоҳатли иноқлик! Бундай хушбаҳра меҳру муҳаббат дунёда камдан-кам учрайди.
Э р. Шунинг учун ҳам хотиним ҳаётимни суғурта қилдирганимни билмаса яхши бўларди. Тағин кўнгли бузилиб, мендан хавотир олиб юрмасин. Худо кўрсатмасин, агар эшитиб қолса, ҳаловатини йўқотади-қўяди шўрлик…
А г е н т. Хотиржам бўлинг! Биз хотинингизга ҳеч нима айтмаймиз, то… (гапидан тутилиб қолади). Хуллас, афандим, шартнома тузилганини сир сақлаш бизнинг бурчимиз.
Э р. Яхшиям хотиним уйда йўқ — юқори қаватдаги қўшнимизнинг касал ётган қизидан хабар олгани чиқиб кетувди. Мабода ҳозир тушиб, сизни бу ерда кўриб қолса, суғурта агенти эканлигингизни айтманг, хўпми?
А г е н т. Кўнглингиз тўқ бўлсин, афандим.
Э р. Бутун умидим, авваламбор, Оллоҳдан, қолаверса, сиз билан суғурта ширкатидан, тақсирим. Мана ниҳоят кўнглим таскин топди: мен оламдан ўтгач, бева қолган хотиним ҳеч нимага муҳтож бўлмай тинч ва хотиржам кун кечираверади.
А г е н т. Шартномада бир модда бор: мабодо бевангиз… йўғ-э, кечирасиз, умр йўлдошингиз… сиздан олдин отни қамчилаб, дорилбақога рихлат қилгудай бўлса, унда сиз суғурта қилдирган омонатингизнинг ҳаммасидан буткул маҳрум бўласиз…
Э р. (Даҳшатга тушиб.) Йўқ, йўқ! Нималар деяпсиз ўзи? Хотиним олдин ўлмайди! Унда менинг бу дунёда яшашимдан нима фойда, жамғарган ўша омонатларимни пишириб ейманми?
А г е н т. Узр! Афв этинг, афандим! Мен фақат шартномадаги бир моддага эътиборингизни қаратмоқчи бўлувдим, холос…
Э р. Бас, тақсирим! Бошқа эсимга солманг ўша бадбахт моддангизни!
А г е н т. Кечирасиз, оғзимдан чиқиб кетди. Яна бир бор узр сўрайман. Бегойим узоқ умр кечирадилар деб умид қилишга ижозат бергайсиз…
Э р. Шунингдек, менинг ундан олдин ўлишимга ҳам умид қилаверинг…
А г е н т. Ҳа, олдин ўлишингиз мумкин, унда суғурта пули зудлик билан рафиқангизга берилади. (Қоғозларни саквояжга солиб кетишга шайланади.)
Э р. Дарров кетяпсизми? Сизга қаҳва ҳам таклиф қила олмадим. Афв этгайсиз, тақсирим. Бугун уй ходимамизнинг дам оладиган куни эди. Эр-хотин икковимиз қолганмиз. Аксига юриб, хотиним ҳам юқори қаватга, қўшниникига чиқиб кетган эди… Дарвоқе, буни сизга айтувдим-а…
А г е н т. Зинҳор азият чекмасинлар.
Э р. Ўтинаман, унутманг: хотиним ҳеч нима билмаслиги керак.
А г е н т. Кўнглингиз тўқ бўлсин, афандим. Суғурта қилинган нарсани суғуриб олиб бўлмайди.
Эшик очилиб х о т и н киради. У саквояж кўтарган агентни кўради.
Х о т и н. (Агентга.) Доктормисиз? Сиз докторсиз-а?
А г е н т. (Таажжубда.) Менми?
Э р. (Шоша-пиша, агентга.) Хотиним… Бу менинг хотиним.
Х о т и н. Сиз, албатта…
Э р. (Сўзини бўлиб.) Ҳа, бўлмасам-чи, доктор бу киши…
Х о т и н. Вой, нима бўлди, доктор?
А г е н т. (Қўлидаги саквояжига қараб.) Доктор?
Э р. (Агентга кўз қисиб.) Ҳа, доктор бу киши. Лекин сен хавотир олма, жоним. Доктор бизникига келмаган. Мен соппа-соғман… Отдекман.
Х о т и н. Вой, бўлмасам-чи. Доктор бизникига адашиб кирганлар. Касал — қўшнимизнинг гулдаккина қизи. У ярим соат бурун дўхтирхонага қўнғироқ қилган эди. У биздан юқори қаватда туради.
Э р. Боринг, доктор, чиқақолинг беморнинг олдига…
А г е н т. Яхши. Мен кетдим. (Эшик томон юради.)
Х о т и н. Шошманг, доктор… Бемор қизга доктор эканлигингизни зинҳор айта кўрманг. Шўрликнинг аҳволи жуда ёмон. Агар докторман, деб айтсангиз ёнига яқин йўлатмайди. Яхшиси, сиз унга… унга ўзингизни, масалан…
А г е н т. Суғурта агентиман, ҳаётингизни суғурта қилгани келдим, деб айтақоламан.
Э р. (Агентга.) Балки бошқа бирон касбни айтганингиз маъқулдир?
Х о т и н. Нима фарқи бор? Майли хоҳлаган касбларини айтаверсинлар. Энг муҳими, докторлигингиз ҳақида лом-мим демасангиз бўлгани, йўқса…
А г е н т. (Тезроқ қочиб қолмоқчи бўлиб.) Яхши, айтаман.
Х о т и н. Шошманг, доктор, шошманг. Бемор жудаям тунд, одамови бўлиб қолган, ҳеч ким билан гаплашгиси келмайди, кўчага ҳам аҳён-аҳёнда бир чиқади, лекин жуда кўп мутолаа қилади. Хонадонда она-бола туришади. Ҳеч ким билан борди-келди қилишмайди. Фақат баъзи-баъзида мен кириб тураман. Бояқиш онаси қизининг аҳволини кўриб юм-юм йиғлагани-йиғлаган. Бахтсиз оила!
А г е н т. Бахтсиз?
Х о т и н. Ҳа, доктор. Ҳам бахтсиз, ҳам мудҳиш! Қизнинг дарди жуда хатарли. Бир қараган одамга туппа-тузук, нозандай кўринади, лекин ўзингиздан қолар гап йўқ, айланай: мол оласи сиртида, одам оласи ичида, дейдилар-ку… Мана, чиқсангиз ўзингиз кўрасиз — у бирам дилбар, бирам мулойим, бирам ўқимишли қизки… Шунга қарамай, яқинда… бир кўнгилсиз воқеа содир бўлаёзди, мен сизга айтсам… Уй ходимаси ошхонада идиш-товоқ юваётган экан… Бирдан қиз қўлида пичоқ билан кириб келибдию, кўзларидан ўт чақнатиб, уй ходимасини чавақламоқчи бўлгандай, унга ташланибди. Ҳа, ҳа, ишонаверинг. Агар устига онаси кириб қолмаганда, ким билсин, қандай фалокат юз берарди…
А г е н т. Ла ҳавло ва ла қуввато, илло билло…
Х о т и н. Буни нима деб аташади тиб илмида?
А г е н т. (Довдираб.) Буними?.. Ҳалиги… тиб илмида буни…
Э р. (Шоша-пиша сўзини бўлиб.) Нима деб аташарди? Албатта буни асабий, руҳий изтироб дейдилар-да.
Х о т и н. (Эрига.) Сиз жим туринг. Докторнинг ўзлари айтсин. Хўш, нима дейсиз бу ҳақда, доктор?
А г е н т. Бу даҳшат.
Х о т и н. Айтинг-чи, бу дарднинг сабаби нима? Уни қандай даволаса бўларкин?
А г е н т. Менимча… Биласизми, ҳозирги пайтда тиббиёт ҳар қандай дардни даволашга қодир. Дорихоналарда олимлар томонидан ихтиро қилинган янги-янги дори-дармонлар жуда сероб. Кун сайин ажойиб шифобахш дорилар кашф этилмоқда. Айрим касалликлар буткул барҳам топти. Одамлар, мен сизга айтсам, узоқ умр кечира бошладилар. Бу ҳол суғурта ширкатларини ғоятда руҳлантириб юборяпти…
Э р. (Пичирлаб.) Тақсирим, суғуртанинг нима дахли бор бунга?
Х о т и н. (Агентга.) Айтинг-чи, доктор, шўрлик қизнинг дардига даво топса бўлармикин?
Э р. (Хотинига.) Сен доктордан беморга ташхис қўйишни талаб қиляпсан, ҳолбуки, у ҳали касални ўз кўзи билан кўргани ҳам йўқ.
А г е н т. Ҳақ гапни айтдингиз. То беморни ўз кўзим билан кўрмагунимча бирон нима деёлмайман.
Х о т и н. Узр, доктор. Эзмалик қиляпти, деб ўйламанг мени. Гап шундаки, мен эгачимга — қизнинг онасига ачинаман. Шўрлик она қизининг дардига ич-этини еб адойи тамом бўлди. Бас, ортиқ ҳеч нима сўрамайман сиздан. Борақолинг, сизни кутишяпти. Шояд қадамингиз қутлуғ, қўлингиз енгил келиб, бемор дардидан фориғ бўлса.
А г е н т. Иншоолло. Саломат қолинглар. (Эшик томон юради.)
Х о т и н. Шошманг, доктор… Эҳтиёт бўлинг. Эгачим бугун қизининг хонасида тўппонча ётганини кўрипти.
А г е н т. Тўппонча?
Х о т и н. Ҳа. Қиз бугун кўчага чиқиб кетиб, тўппонча кўтариб келганмиш. Нима қиларкан уни, ҳайронман?
А г е н т. (Шоша-пиша.) Хўп, хайр.
Х о т и н. Сабр қилинг, доктор. Беморнинг хонадони қаердалигини биласизми?
А г е н т. (Асабийлашиб.) Йўқ!
Х о т и н. Унда, юринг, ўзим сизни кузатиб қўяман.
А г е н т. (Даҳшатда.) Йўқ, йўқ. Асло азият чекманг. Ўзим топиб оламан. Зинҳор уринтирманг ўзингизни. Ташаккур.
Э р. (Агентни қутқариш мақсадида.) Хотиржам бўл, жоним. Доктор ўзи топиб олади. Қани, ўтир, сенга айтадиган гапим бор.
Х о т и н. (Агентга.) Хонадон шундоққина тепамизда… ўнг томонда.
А г е н т. (Шоша-пиша.) Ҳозироқ ғизиллаб тушаман… яъни масалан, ғизиллаб чиқаман. Ташаккур! (Югуриб чиқиб кетади.)
Х о т и н. (Эрига яқинлашиб). Қани, айтинг, нима гапингиз бор эди?
Э р. Нима?
Х о т и н. Менга айтадиган гапингиз бор эди, шекилли?
Э р. А!.. Эсимда йўқ… Тўғри, сенга бир нима демоқчийдим… Эсимдан чиқди.
Х о т и н. Зарур гапмиди ўзи?
Э р. Ҳеч эслолмаяпман.
Х о т и н. Ўзингиз тўғрингиздами?
Э р. Йўқ.
Х о т и н. Мен тўғримдами?
Э р. Йўқ.
Х о т и н. Ундай бўлса, нима қиламиз бош қотириб? Сиз билан икковимизга дахли бўлмаган нарсаларнинг биз учун ҳеч қизиғи йўқ.
Э р. Тўғри айтасан, жонгинам. Икковимиз — бутун бир оламмиз. Икки жисмга жо бўлган бир жонмиз. Биз бир-биримизсиз бир лаҳза ҳам кун кечира олмаймиз. Ҳамонки шундай экан, мен доим хавотирдаман.
Х о т и н. Сиз ҳам-а, жоним?
Э р. Ҳа. Мен доим, ишқилиб ҳаётимизда бирон фалокат содир бўлмасин-да, деб ваҳимага тушганим-тушган. Ҳатто кечалари уйқум қочиб кетади. Борди-ю, олам ҳодис, сенинг дилингни бехосдан салгина ранжитиб қўйсам, бундай изтиробга биринчи навбатда ўзим чидай олмасдим.
Х о т и н. Мен ҳам, агар бошингизга, худо кўрсатмасин, бирон оғир ташвиш тушса, сиз учун жонимни фидо қилишдан ҳам қайтмасдим.
Э р. Йўқ, маҳбубам, мен сенинг бундай фидойилигингни қабул қилолмайман.
Х о т и н. Вой, ахир танимиз бошқа-бошқа бўлган билан жонимиз битта-ку! Сиз ҳам, мен ҳам бир-биримизсиз бир дақиқа ҳам яшай олмаймиз.
Э р. Агар фарзандларимиз бўлганда эди, Латифа, сен уларнинг қалбида мангу яшаган бўлардинг.
Х о т и н. На чора, Аллоҳ бизга фарзанд ато этмади. Аммо ёнимда сендек суюкли маҳбубим бор, шунинг ўзи катта бахт мен учун.
Э р. Мен ҳам Аллоҳга шукроналар айтаман, бағримда сендек бебаҳо маҳбубам борлиги учун.
Х о т и н. Сиз билан менинг жоним ҳаёт риштаси билан бир-бирига маҳкам боғланган, меҳрибоним. Мабода биттамизнинг кунимиз битиб, жонимиз узилгудек бўлса…
Э р. Шу заҳоти иккинчимизнинг ҳам жонимиз узилади.
Х о т и н. Вой, қўйинг, бас қилайлик бунақа кўнгилсиз гапларни. Бошим айланиб кўзим тиниб кетди. Аллоҳи каримдан сўрайманки, ишқилиб бу дунёдан аввал мен кўз юмай…
Э р. Худо сақласин.
Х о т и н. Ундай деманг, айланай, ундай деманг!
Э р. Ё Парвардигори олам, жонимизни оладиган бўлсанг, аввал меникини ол.
Х о т и н. Йўқ, йўқ, асло ундай дея кўрманг!
Эшик очилиб, хонага ўн саккиз ёшлардаги бир қ и з киради. У хушқад, хушчеҳра, башанг кийинган, бамайлихотир кайфиятда.
Қ и з. Илоё, илтижоларингизни Аллоҳ инобатга олсин!
Э р. (Ҳаяжон билан пичирлаб.) Телба қиз-ку!
Қ и з. (Чўнтагидан револьвер чиқаради.) Марҳамат қилиб, ёнма-ён ўтиринглар… Бир-бирингизга яқинроқ… янаям яқинроқ… Яхши. Энди айтадиган гапимни эшитинг.
Қиз эр билан хотин ўтирган диванни нишонга олади. Улар қўрққанларидан
тиллари калимага келмай, ғужанак бўлишиб, донг қотиб қолишади.
Қ и з. Авваламбор, ижозатингиз билан ўтирсам. (Стол ёнига ўтиради, энди у билан эр-хотин ўртасида стол бор.) Эшигингиз қия очиқ экан, кириб келавердим. Яхшиямки уйда ўзингиз ёлғиз экансиз. Бу менга қўл келади… Турган гапки, бу тасодифий ташрифим боисини билишни истасангиз керак, албатта?
Эр-хотин, қўрқиб кетганидан товушсиз лабларини пирпиратади.
Қ и з. (Ҳамон хотиржам оҳангда.) Бунинг боиси оддийгина. Мен одам ўлдиргани кирдим бу ерга. Ҳозир икковингиздан биттангизни отишим керак.
Х о т и н. Вой, Сеҳам ой, қизим, нималар деяпсан асти?
Қ и з. (Мулойим оҳангда.) Кечирасиз, опоқи… Мен таассуфдаман. Аммо ниятимни бажаришим шарт.
Х о т и н. (Ёлборувчи оҳангда.) Сеҳам ой!
Қ и з. Шундай қилишим керак. Ички ҳиссиётларим даъватига қаршилик қилишга ожизман.
Х о т и н. (Титроқ овоз билан.) Биз ахир қўшниларингмиз-ку, Сеҳам. Онанг билан опа-сингилдекмиз. Сен ҳам ўз қизимдай бўлиб қолгансан. Наҳотки раҳминг келмаса, наҳотки ёмонликни раво кўрсанг бизга?
Қ и з. Йўқ, мен сизларга ёмонликни раво кўрмоқчи эмасман. Лекин ичимдаги қудратли даъват мудом: “Ўлдир! Ўлдир! Ўлдир!..”, деб ҳоли-жонимга қўймаяпти. Бу эҳтиросли хоҳиш менинг измимда эмас.
Х о т и н. (Ёлборувчи оҳангда.) Эсингни йиғ, Сеҳам, худо хайрингни берсин.
Қ и з. Нима қилаётганимни яхши биламан, опоқи. Эсимни йўқотганим йўқ… ҳозирча.
Х о т и н. Унда қандай қўлинг боради бу даҳшатли жиноятга?
Э р. (Пичирлаб.) Аччиғини чиқарма.
Қ и з. Ҳа, бу даҳшат. Лекин иложим йўқ! Мен ўзимни бу ниятимдан қайтаришга кўп уриндим, астойдил қаршилик кўрсатдим, лекин енгилдим бу курашда. Энди мен ичимдан отилиб чиқаётган ўша даъватга итоат этишим керак. Кимнидир албатта ўлдиришим… ўлдиришим… ўлдиришим шарт… Шундагина хумордан чиқаман-у… кўнглим таскин топади…
Э р. (Дағ-дағ титраб.) Икки оғиз сўз айтишга рухсат этинг, ойим қиз.
Қ и з. Айтинг.
Э р. Сиз кўп одобли қизсиз, яхши оила фарзандисиз. Сизни зинада учратганимда доимо саломингизга алик олардим. Эсингиздами?
Қ и з. Мен сизни ҳозир ҳам ҳурмат қиламан.
Э р. Шунга қарамай, бизни фалокатга рўпара қилмоқчимисиз?
Қ и з. Йўқ, албатта. Лекин шундай қилишга мажбурман, бошқа иложим йўқ. Мен бугун, албатта, биронта одамни ўлдиришим шарт, йўқса жинни бўлиб қоламан. Мен учун ягона нажот йўли — одам ўлдириш.
Э р. Сизга барибирми… кимни ўлдириш?
Қ и з. Ҳа.
Э р. Ундай бўлса, кўчага чиқиб рўпара келган биринчи одамни отганингиз яхши эмасми?
Қ и з. Мен ҳам шуни ўйлаган эдим ва айнан сиз айтгандек иш тутмоқчи бўлгандим. Лекин йўлакдан ўтиб кета туриб, эшигингиз қия очиқ турганини кўриб қолдиму бу хонадонда икковингиз ёлғиз туришингиз эсимга тушди.
Х о т и н. Шўримиз қурсин!
Қ и з. Буям бўлса менинг бахтим. Агар кўчага чиқиб биронтани отсам… қий-чув, тўполон кўтарилиб, тепамга оломон тўпланарди… унда қилмишим самарасидан ҳузурлана олмасдим.
Э р. Сиз одам ўлдириб ҳузур қилмоқчимисиз ҳали?
Қ и з. Бўлмасам-чи. Мен: “Қотиллик қилишга бунчалик ҳирс қўйишимнинг боиси не?” деб ўзимга ўзим қайта-қайта савол бериб кўрдим. Лекин ҳар сафар ичимдан чиқаётган дохилий овоз: “Мен ўлаётган одамнинг нималарни ҳис қилишини, шу билан бирга, қотил дилида қандай туйғу вужудга келишини билишни истайман”, — деб жавоб қилди менга. Шуниси ҳам борки, агар қотил ўз қурбонини яхши билса, бу иш янада яхшироқ самара берар экан. Шунга кўра, сизлар менинг қотиллик ҳирсимни тўла қондира оласиз, деб ўйлайман… Мана, ниятимни сизларга тўла-тўкис изоҳлаб бердим. Энди ўлдирмоқчи бўлганим одамга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман… Мени кечирасизлар… Ўзингиз ҳал қилинг — қай бирингизни отай?
Револьверни ўқталади. Эр билан хотин бир-бирининг пинжига кириб кетади ва гўё ўзларини ҳимоя қилаётгандай қўлларини олдинга чўзадилар.
Х о т и н. (Фарёд солиб.) Сеҳам!
Э р. (Ёлборувчи оҳангда.) Ойим қиз!
Қ и з. Мен фақат биттангизни ўлдиришим керак. Агар икковингизни отсам, кўзлаган ниятимга етмай қоламан. Фақат биттангизни отишим керак.
Х о т и н. (Йиғлаб.) Сеҳам! Ўргилай Сеҳам! Қайт бу ниятингдан. Мен сенга ҳеч қачон ёмонлик қилмаган эдим. Биз сенинг дўстларингмиз, кўздай қўшниларингмиз. Сен менга ўз яқинларимдан ҳам яқинроқсан. Онангга неча-неча марта айтгандим, қанийди менинг ҳам Сеҳамга ўхшаган қизим бўлса, деб! Сенга доим ҳавасим келарди, айланай. Наҳотки қўлинг борса?..
Қ и з. Мен шундай қилишим шарт!
Э р. Нима ёмонлик қилган эдик сизга, мадемуазел? Биздек бегуноҳ, диёнатли одамларга нечун бунча бешафқатсиз?
Қ и з. Мен бешафқат эмасман. Биламан, сизлар оқкўнгил, диёнатли кишиларсиз. Лекин ноиложман… Агар ҳозир биттангизни ўлдирмасам дардим бадтар хуруж қилиб, ўзим ўлиб қолишим мумкин.
Х о т и н. Йўқ, йўқ, қизим, сен ҳам ўлма, биз ҳам ўлмайлик… Раҳм қил бизга, Сеҳам! Биламан, сен жуда раҳмдил қизсан!
Қ и з. Гапингиз тўғри, опоқи. Жуда раҳмдилман. Агар биронта саёқ мушукнинг зорланиб миёвлаганини эшитсам йиғлаб юбораман.
Х о т и н. Ишонаман, Сеҳам. Ойинг айтган эди буни. Ўзим ҳам биламан, беш вақт намозни канда қилмайсан, рўзаи рамазонни бир кунини ҳам қазо қилдирмай тутасан… Эшитдим, фаррош хотиннинг юпун кийинган боласига раҳминг келиб, кўйлак совға қилганмишсан?
Э р. Онангиз сизга биз тўғримизда ҳеч гапирмаганмилар, ойимқиз? Бизнинг нечоғлик иноқ яшашимиз, бир-биримизни қанчалик севишимиз тўғрисида ҳеч гапирмаганмилар?
Қ и з. Гапирганлар, бундан хабарим бор.
Э р. Шунга қарамай, шу кичик оиламизни барбод қилмоқчимисиз?
Қ и з. Сиз тушунмаяпсиз, амаки! Тушунинг ахир, дилимнинг энг теран еридан отилиб чиқаётган талабчан овоз мендаги раҳм-шафқатдан, мантиқий мулоҳазадан, сизларнинг барча илтижоларингиз-у, таъна-маломатларингиздан қудратлироқ. Бу дунёнинг ишлари ҳозир мени заррача ҳам қизиқтирмайди. Мен ҳозир на дарду алам, на шоду хуррамлик ҳақида, на эзгулик ва на ёвузлик тўғрисида ўйлай оламан… Ҳозир менинг бирдан-бир вазифам — мени одам ўлдиришга ундаётган даъватга итоат этишдан иборат. У дохилий даъват нуқул: “Одам ўлдир! Сен одам ўлдиришинг шарт!” — деб ҳеч ҳоли-жонимга қўймаяпти.
Э р. Ўша даъват… нима сабабдан сизни бу қадар мудҳиш жиноятга ундаётганини айтмадими?
Қ и з. Йўқ, у сабабини айтмади, у фақат буюради. Бошқа одамлар ҳам у ёки бу ишни бажаришга ундовчи ана шунақа ички овозни эшитишган ва нима қилаётганларини тушунмаган ҳолда у овозга итоат этишган. Гап шундаки, ўша ичимдан отилиб чиқаётган ҳокимона даъват менга ҳам ўзим тушунмаган ишни буюряпти, аммо мен руҳий енгиллик ҳис қилишим учун бу овозга итоат этишим шарт. Бошқа иложим йўқ… Энди, ижозатингиз билан…
Револьверни ўқталади. Эр-хотин ўзларини ҳимоя қилмоқчи бўлаётгандай қўлларини олдинга чўзишади.
Қ и з. Бас, етар! Гап жуда чўзилиб кетди. Ишга киришайлик!
Э р. (Ёлборувчи оҳангда.) Бир дақиқа сабр қилинг, ойимқиз, бир дақиқа.
Қ и з. Сизни огоҳлантириб қўяй: мулоҳазаю, илтижою, кўзёшлардан фойда чиқмайди. Икковингиздан биттангизни албатта отишим шарт! Гапим қатъий! Қай бирингизни отай? Қай бирингизни?
Х о т и н. (Ваҳимада.) Қай биримизни?
Қ и з. Ҳа, қай бирингизни? Ўқни кимга узай? Тез бўлинг! Ё ўзим танлайми қурбонни?
Э р. (Титраб-қақшаб.) О… ҳали ўзингиз танламоқчимисиз?
Қ и з. (Эр-хотинни диққат билан кузатаркан.) Ҳа. Ўзим танлашга мажбурман, лекин бу осон бўлмайди. Чунки сизлар бир олманинг икки палласидек, бир-бирингизга жудаям ўхшайсиз. Қандай қилиб икковингиздан биттангизни танлай? Икковингиз ҳам қилт этмай бир-бирингизга ёпишиб ўтирибсиз. Ҳатто қочишгаям уринмаяпсиз… Бўлди, тезроқ тугатиш керак бу машмашани, бўлмаса жинни бўлиб қоламан… Ҳа-а… зиммамга жуда қийин вазифа юкладинглар. Икковингиздан биттангизни танлаш осон эмас. Кимни отай ахир?.. Қай бирингизни? Сизнинг хотинингизними ё сизнинг эрингизними?
Х о т и н. (Пиқиллаб йиғлаб.) Биз ҳозир ўламизми? Наҳотки кунимиз битган бўлса? Шафқат қил бизга, Сеҳам!
Э р. Ё яратган эгам, ўзинг бизни паноҳингга ол! Ажал эшик қоқмоқда. Бизга раҳм қилинг, ойимқиз!
Қ и з. (Гўё ўзига-ўзи гапираётгандай.) Ажал остонада шай турипти, у яқин, мен уни янада яқинлаштирмоқчиман. Пайт келди, Сеҳам! Ботиний садога қулоқ ос… Мен ўлдиришим керак… Кимни? Кимни? Тезроқ ҳал қилишим, қурбонни танлашим лозим. У ким? Қай бири?
Қиз бирма-бир эр ва хотинга синчковлик билан тикилади. Улар қизнинг ҳаракатини даҳшат билан кузатадилар, лаблари қўрқувдан пир-пир учади.
Қ и з. (Қатъий тарзда.) Сиз, эй хотин!.. Чиқинг олдинга!
Х о т и н. (Даҳшатда.) Мен? Йўқ, йўқ, йўқ!
Қ и з. Ўлишни истамайсизми?
Х о т и н. Йўқ. Мен… хоҳ… хоҳламайман… ўл… ўлишни.
Қ и з. Бўлмаса, эрингизни, отаман… (Эрга.) Туринг ўрнингиздан!
Э р. (Қўрққанидан дағ-дағ титраб.) Мен? Йўқ, йўқ, ойимқиз. Йўқ!.. Мен яшашим керак… Ўтинаман сиздан… ижозат беринг…
Қ и з. Сиз ҳам ўлишни хоҳламайсизми?
Э р. Йўқ. Ўтинаман сиздан.
Қ и з. Нақадар оғир вазифа. Бунақада иш битмайди. Барибир, биттангиз ўлишингиз керак. Ким ўлади? Бир нима денглар ахир!.. Отяпман… Таваккал! (Яна револьверни ўқтала бошлайди.) Майли, хотин ўлақолсин!
Х о т и н. (Юм-юм йиғлаб.) Йўқ, йўқ, Сеҳам. Мени отма! Мен яшашим керак… Яшашим керак… Нимагаки, мен… мен… мен ҳомиладорман.
Қ и з. Ростданми? Ҳомилангиз борми? Нега буни олдинроқ айтмадингиз? Аллоҳга шукур қилинг, ҳомилангиз сизни шу охирги дақиқада ўлимдан асраб қолди. Сиз яшашингиз керак, албатта… Болангиз учун яшашингиз керак. Сизни ва сиз билан бирга болангизни ўлдириб қандай кечирилмас оғир гуноҳга ботган бўлар эдим-а! Сиз яшайсиз, опоқи. Бас, шундай экан, унда эрингиз ўлади.
Э р. (Дағ-дағ қалтираб.) Худо хайрингизни берсин, яхши қиз, мени ўлдирманг, ўлдирманг!
Қ и з. (Нишонга ола бошлайди.) Бошқа иложим йўқ. Хотинингиз ютди: унинг сабаби узрли экан. Ахир ҳомиладор хотинингиз ўлиб, сиз тирик қолсангиз инсофдан бўлмас!
Э р. У ҳомиладор эмас. Ёлғон айтди. Онт ичиб айтаман, у ёлғон гапирди!
Қ и з. Ёлғон, денг? Бунга ишончингиз комилми?
Э р. Онт ичаман: гапим рост. Докторлар аниқлашган унинг бола кўролмаслигини.
Х о т и н. (Эрига.) Ярамас!
Қ и з. (Хотинга.) Ҳали сиз ёлғон гапирибсиз-да, жон сақлаб қолиш учун?
Х о т и н. Йўқ, эрим ёлғон гапиряпти, жон сақлаб қолиш учун.
Қ и з. Дарвоқе, энди эсимга тушди, ойим сизни бепушт деб айтган эдилар. Мана, яна мени мушкул аҳволга солиб қўйдинглар. Нима қилиш керак? Таваккал қилиб отаверсаммикин? Шояд ўқ қурбонини ўзи топиб олса!
Мўлжалга ола бошлайди. Эр билан хотин қўллари билан юзларини қоплаб ҳўнг-ҳўнг йиғлайдилар.
Х о т и н. Йўқ, йўқ, отма мени!
Э р. Отманг, ойим қиз! Шафқат қилинг!
Қ и з. Шошманглар-чи… (Ўйланиб қолади.) Балки бирингиз иккинчингизга вафо қилиб, унинг йўлида жонини фидо қилишга рози бўларсиз?
Эр ҳам, хотин ҳам чурқ этмайди.
Қ и з. (Қисқа паузадан кейин.) Демак, фидойилик қилиш иштиёқи йўқ сизларда? Бўлмаса, гап бундай… Қуръа ташласак нима дейсиз? Майли, қуръа ҳал қила қолсин тақдирингизни. Сизда биронта танга пул топилар, афандим? Яхши… Энди танганинг бир томонини сиз танланг, иккинчи томонини хотинингиз танласин. У столга тушганида, ётган танганинг устки томонини танлаган тирик қолади. Остки томонини танлаган… ўлади.
Эр чўнтагидан танга чиқаради.
Э р. Гербли томони меники. (Тангани юқори отмоқчи бўлади.)
Х о т и н. (Эрининг қўлидан ушлайди.) Йўқ. Отманг. Мен сизга ишонмайман.
Қия очиқ эшикдан суғурта агенти мўралайди.
А г е н т. Кечирасизлар, авторучкамни унутиб қолдирибман. Шу арзимаган матоҳни деб қайтиб келиш, эҳтимол одобданмасдир. Аммо бу бахтли ручка, ҳеч йўқотгим келмайди уни.
Х о т и н. (Агентга қичқиради.) Доктор!.. Бизни қутқаринг, доктор!
А г е н т. Юқори қаватдаги касал деганингиз қиз соппа-соғ экан.
Х о т и н. (Агентга кўз қисиб, пичирлаб.) У қиз шу ерда.
Қ и з. (Агентга револьвер билан ишора қилиб.) Бу киши докторми? Доктор, мана бу муҳтарам зотларнинг ёнига ўтиринг. Гап қайтарманг.
А г е н т. (Қўрқиб.) Гап қайтараётганим йўқ. (Ўтиради.)
Қ и з. Ана, энди учта бўлдинглар. Бу менинг мушкулимни осон қилади ёки бешбадтар оғирлаштиради. Ҳарна бўлгандаям, қатъий бир қарорга келмоқчи эмасман, қарор чиқаришни сизларга ҳавола қиламан.
А г е н т. Қанақа қарор экан у?
Қ и з. Учовингиздан биттангиз ҳозир ўлишингиз керак.
А г е н т. (Даҳшатда.) Ла ҳавло ва ла қуввато илло билло!.. (Ҳаммага бир-бир кўз югуртириб чиқади.)
Қ и з. Қимир этиб қилган ҳаракатингиз ҳам жумбоқни ечишимга имкон беради ва мени бу ерда бош қотириб ўтиришдан халос этади.
А г е н т. (Шамдек қотиб.) Мен ҳайкалман!
Қ и з. Вақтни чўзманглар. Яна огоҳлантириб қўяй: ҳар бир қилган ҳаракатингиз дангал ўқ узишимга баҳона бўлади.
Х о т и н. (Қимир этмай ўтираркан, пичирлаб.) Доктор, бирон иложини қилсангиз-чи…
А г е н т. Илож? Қани ўша илож? Қаерда? Мен ўлгудек қўрқаман ўлишдан.
Х о т и н. (Яна пичирлаб.) Наҳотки бирон иложини тополмасангиз, доктор?
Э р. (Баралла.) Ҳеч қандай доктор эмас бу киши. Суғурта агенти у.
Х о т и н. Ие, ҳали доктор эмасми бу одам?
А г е н т. (Эрга пичирлаб.) Эсингиздан чиқдими, хотиним ҳеч нима билмасин девдингиз-ку.
Э р. (Баралла.) Майли, билсин! Билаверсин! Энди сир сақлашнинг ҳожати қолмади… ҳамонки агар мен ўлсам қайғурмас, дили ранжимас экан…
Х о т и н. (Эрига.) Хўш, мен ўлсам сиз қайғурасизми, дилингиз ранжийди-ми? Гапиринг!
Қ и з. (Қичқириб.) Токайгача мени калака қилмоқчи бўласизлар? Ўйламанглар, мен жинни эмасман. Ўз вазифамни яхши биламан… Ҳисобдан ҳам адашмайман. Мен фақат биттангизни отишим керак. Номзодни ўзингиз танланг! Сизлар уч кишисиз. Худди судда бўлганидек, кўпчиликни қарорини кутяпман. Икки киши бир қарорга келса мен учун кифоя. Эшитяпсизларми? Мен кўпчиликнинг хоҳишини ижро этаман. Икки киши учинчисини ўлимга ҳукм қилиши мумкин. Бир қарорга келиб ўз ҳукмингизни чиқаринг. Лекин имилламанг, тез бўлинг!
Эр билан хотин бир-бирига қараб қўяди.
Э р. Доно маслаҳат.
Х о т и н. Адолатли ҳукм.
Э р. (Ўзи билан хотинини кўрсатиб.) Биз икковимиз бир қарорга келдик.
Х о т и н. Эрим билан мен бир фикрдаман.
Қ и з. Шундай бўлиши турган гап эди. Демак қарорингиз… (Агентга ишора қилади.)
Э р в а х о т и н. (Баравар.) Ҳа, ҳа.
А г е н т. (Бақириб.) Менга қарши нима қарорга келдингиз?
Қ и з. (Револьверини унга ўқталиб). Сиз ўлишингиз керак.
А г е н т. (Қўлларини кўкка кўтариб ёлборувчи оҳангда.) Мадемуазел… Ойимқиз… Отманг… Отмай туринг. Икки оғиз гапим бор. Икки о… оғиз.
Қ и з. Нима демоқчисиз?
А г е н т. (Нафасини ростлаб олиб.) Ўтинаман, менга изоҳлаб беринг: бу қандай қарор ва қандай суд ўзи? Мен нима жиноят қилдим? Мен фақир бир одамман, суғурта агентиман. Бу ерга ўзгалар ҳаётини суғурта қилгани келган эдим. Ниятим одамларга фақат яхшилик қилиш бўлсаю, нега энди ўлишим керак? Гуноҳим нима?
Қ и з. Бутун воқеани сизга муфассал гапириб беришга вақтим йўқ. Тўғри, сизда ҳеч қандай гуноҳ йўқ, сиз фақир одамсиз, суғурта агентисиз…
А г е н т. Яна, вафодор эрман.
Қ и з. Вафодор эрсиз.
А г е н т. Гўдак болаларимнинг отасиман.
Қ и з. Гўдак болаларнинг отасисиз, оилангизнинг суянган тоғисиз… Сиз ҳеч қандай жиноят қилмагансиз. Сизнинг ҳозир дабдурустдан ўлиб кетишингизга ҳеч қандай сабаб йўқ. Сиз менга ҳеч қандай ёмонлик ҳам қилмагансиз. Лекин, минг афсуски, мен сизни ўлдиришим керак.
А г е н т. Ё халлоқ эгам!
Қ и з. (Револьверини ўқталиб.) Яна айтадиган гапингиз борми?
А г е н т. (Қўлларини кўтариб.) Сабр қилинг, мадемуазел. Сабр қилинг! Бир дақиқа, яна бир дақиқа сабр қилинг.
Қ и з. Яхши. Гапиринг.
А г е н т. Яхши қиз, фараз қилинг, мен ручкамни олгани қайтиб келмадим. Унда нима қилган бўлардингиз?
Қ и з. Унда манавилардан бирини отган бўлардим.
А г е н т. Бўлмаса, мени бу ерда йўқ деб тасаввур қилинг-у, ўша кўзлаган ишингизни амалга ошираверинг.
Қ и з. Лекин бу мумкин эмас. Чунки сиз бу ердасиз ва кўпчилик сизга қарши овоз берди…
А г е н т. Кўпчилик? Бу аёл ўз бахтининг нимада эканлигини билмайди ҳали. Билганида, менинг ёнимни олиб, эрига қарши овоз берган бўларди, нега десангиз, агар эри ўлса, у икки минг фунт пул олиши мумкин.
Э р. Сиз, тақсир, тақиқланган усулни қўллаяпсиз… Ҳамонки сир очилган экан, унда хотинимнинг ўлими фойдалироқ-ку сиз учун. Чунки агар у ўлса, мен суғурта қилдирган пулнинг ҳаммаси сизнинг ширкатингиз ихтиёрига ўтади. Сиз эса, воситачилик қилганингиз учун маълум миқдорда ҳақ оласиз.
Қ и з. (Чинқириб.) Бас қилинг, бас! Охири борми ё йўқми бу можароларнинг? Мен ўз вазифамни адо этишим керак. Яъни зудлик билан одам ўлдиришим керак. Агент, туринг ўрнингиздан!
А г е н т. Ойимқиз, шафқат қилинг. Ўтиниб сўрайман, мени ўлдиришга бунчалик шошилманг! Сабр қилинг. Ахир шафқат деган ҳиссиёт сизга бегона бўлмаса керак, албатта?
Қ и з. У ҳиссиёт менинг қалбимда узоқ вақт ҳукмронлик қилди.
А г е н т. Аллоҳ-чи?
Қ и з. Мен Аллоҳга доимо сиғиниб келдим.
А г е н т. Сиз муҳаббат нималигини биласизми?
Қ и з. Муҳаббат? Бу билан нима демоқчисиз?
А г е н т. Муҳаббат… Муҳаббат, менинг тушунишимча шундай нарсаки, у одамзоднинг яшаши ва ҳаёт маъносини чақишида энг фаол кўмакчидир. Мен ўз рафиқамни ёшгина қиз пайтида биринчи марта кўрганимдаёқ муҳаббат нималигини тушунганман. Ўшанда мен, кўз олдимда янги ажиб бир дунё пайдо бўлди, қўлимнинг учини теккизсам, у дунёда ҳамма нарса чамандек яшнаб кетади, ҳамма нарсада ҳаёт уйғонади деб ўйлаган эдим. Муҳаббат — бу ҳаёт демакдир!
Қ и з. Бас қилинг сафсата сотишни! Мен ҳеч қачон бундай хаёлга бормаганман. Ойим ҳам менинг бундай бемаъни ҳиссиётга берилишимга йўл қўймаганлар. Бунақа тутуруқсиз тантиқликларга ўрин йўқ менинг қалбимда, гарчи ёшим ўн саккизга кирган бўлса ҳам. Онам мени доим бундай машъум ҳиссиётлардан огоҳ тутганлар.
А г е н т. О! Бу қиз муҳаббатни ўлдиряпти, демакки ҳаётни ўлдиряпти. Унинг нафасидан ўлим уфурмоқда!
Қ и з. Бўлди, кўп алжиманг! Менинг қалбимда нималар бўлаётганидан сиз бехабарсиз. Қани, айтинг-чи, ким ўз севган кишисини астойдил қадрлай, ардоқлай олади? Ҳеч ким! Мана бу кўпчиликка ибрат бўла олувчи эр-хотинга бир қаранг. Кўрган одам, эриям, хотиниям меҳр ва оқибатда барчага намуна бўладиган одамлар, деб ўйлайди. Бундай ибратли одамлар ҳақида онамдан жуда кўп гаплар эшитганман!..
Х о т и н. Қаёқдан билибман эримнинг мени бунақа лақиллатишини?
Э р. Ким-кимни лақиллатаётгани ҳали маълум эмас.
Қ и з. На сиз хотинингизга, на сиз эрингизга фириб бергансиз. Бу ҳақ гап. Лекин ҳар бирингиз ўз-ўзингизга бевафолик қилгансиз, чунки икковингиз ҳам ўз қалбингизнинг теран тубига, бамисли уммондек теран тубига назар ташламагансиз. Ваҳоланки сатхи тиниқ бўлган сув остида қум ва сув ўтлари, ўткир қиррали харсанг тошлару шамолдек елувчи турфа хил балиқлар, нафис марваридлару бадбашара қисқичбақалар бўлганидек, ҳар бир одамнинг қалб туби ҳам мана шундай денгиз тубини эслатади… Бугун эрталаб доктор менга шундай деб айтди.
Х о т и н. Ие, бугун эрталаб сен докторга борувдингми?
Қ и з. Ҳа. Бугун мен ажойиб бир психиатр ҳузурида бўлдим. Унга мени одам ўлдиришга даъват этаётган доҳилий овоз ҳақида сўзлаб бердим.
Х о т и н. У нима деди?
Қ и з. У менга қалбим овозига итоат этишимни маслаҳат берди. Рефлексни бўғиш, импульсга қаршилик кўрсатиш яхши эмас, ўлдиринг, деди у…
А г е н т. (Чинқириб.) Доктор сизга одам ўлдиришни маслаҳат бердими ҳали?
Қ и з. Одам ўлдирган заҳотингиз руҳингиз енгил тортади, деб айтди у. Кейин менга мана бу тўппончани берди.
А г е н т. Ё тавба! Доктор тўппонча тутқазиб одам ўлдиришни маслаҳат берибди… Худди аспиринга рецепт ёзиб бергандай.
Қ и з. У менга тўппонча тутқазаркан: бу ҳақиқий рецепт, фақат шу доридан шифо топишингиз мумкин, деб айтди. Мен шифокор маслаҳатига бепарво қарай олмайман. Сизлар эса менинг шифо топишимга кўмаклашишингиз керак! Шундан кейин, албатта, миннатдорчилик билдирардим сизларга.
А г е н т. Шундан кейин? Қачон? Қаерда? (Чинқиради.) Мени асфаласофилинга жўнатганингиздан кейинми? Шошманг! Отманг! Сабр қилинг!
Қ и з. Мен жуда кўп кутдим… Бу шифобахш дорини тезроқ истеъмол қилишим керак, шундагина кўнглим ором олади.
А г е н т. Дори истеъмол қиламан?
Қ и з. Мени чалғитмаслигингизни, режамни бузмаслигингизни лутфан ўтиниб сўрайман сиздан.
А г е н т. Ё Аллоҳи карим! Нариги дунёга равона бўлмасимдан олдин эсимни олиб мени жинни қилиб қўя қолсанг бўлмайдими, бу кунимдан кўра! Бу қиз мендан ўзимни ўққа тутиб беришимни “лутфан” илтимос қиляпти.
Қ и з. Ҳа, илтимос, бир савоб иш қилинг: Қалбимга ором, жисмимга шифо бағишланг.
А г е н т. (Чинқириб.) Менинг ҳаётим, менинг қоним ҳисобигами?
Қ и з. Бунинг ҳеч ажабланадиган ери йўқ. Қон — энг ажойиб шифобахш дори. Марҳамат қилиб, олдинга чиқинг. Тағин ўқ беҳосдан анавиларга тегиб кетмасин. Отаман…
А г е н т. (Ўзини йўқотиб.) Шафқат қилинг! Гўдакларимга раҳмингиз келсин! (Эр-хотинга ташланади.)
Э р. (Агентни итариб юборади). Қочинг! Нари туринг! Ёпишманг менга!
А г е н т. (Эрни икки қўли билан маҳкам қучоқлаб олади.) Ҳали сизмисиз мени ҳайдайдиган? Йўқ, овора бўласиз! Сиз менинг бахтсизлигим сабабчисисиз, ҳаётимга зоминсиз…
Э р. (Ўзини ундан олиб қочишга уринади.) Қўйворинг мени! Нари туринг!
А г е н т. Йў-ўқ, овора бўласиз! Ўлсак бирга ўламиз. Нариги дунёга ҳамроҳсиз жўнайдиган анойи йўқ. Хўш, гуноҳим нима ўзи? Мен бу ерга сизнинг ҳаётингизни суғурта қилгани келган эдим, энда ўз ҳаётимни суғурта қилдирмай ўлиб кетавераманми?
Э р. (Хотинига.) Ёрдам берсанг-чи менга!
Х о т и н. Вой, қандоқ ёрдам бераман? Кўряпсиз-ку, канадай ёпишиб олди у сизга…
Э р. Уриниб кўр! Бирон иложини қил! Нега ахир қоққан қозиқдай қаққайиб турибсан?
Учовлари бир-бирларига ёпишиб оладилар. “Тортишмачоқ” бошланади.
Қ и з. (Уларни кузатиб тураркан.) О! Вазият яна мушкуллашди. Лекин мен ортиқ кута олмайман. Нафасим қайтиб кетяпти. Худди кимдир мени бўғаётганга ўхшайди… Йўқ, йўқ! Тезроқ ишга киришишим керак… Бўлмаса, буларнинг касрига ўзим ўлиб қолишим мумкин. Тавба! Энди буларни Азроилнинг ўзи ҳам бир-биридан ажрата олмаса керак. Эҳтимол мушкулимни осон қилувчи йўл айнан шундадир. Таваккал қилиб ўқ узаман. Майли, қурбонни ўқнинг ўзи танласин. Кўрайлик-чи, кимнинг ажали етган экан. Мана, ниҳоят отаман… одам ўлдираман… (Қиз бу охирги сўзларини ғижиниб туриб гапиради, кўзларидан ўт чақнайди. У бир-бирига ёпишиб олган учта одамга қарата ўқ узади, улар бир-бирларини ҳар томонга итариб юборадилар.)
У ч о в л а р и. (Ерга йиқилишади.) Вой, ўлдим!
Қ и з. (Улар тепасига бориб.) Қай бирингиз яраландингиз?
Х о т и н. (Йиғлаб.) Мен… мен ўляпман…
Э р. Вой, жонимдан жудо бўлдим.
А г е н т. Бўлди, кетдим нариги дунёга!
Қ и з. Бўлмаган гап! Битта ўқ уч кишига тегиши мумкин эмас.. Ҳеч бўлмаганда иккитангиз соппа-соғсиз. Туринглар, ўқ еган одамни аниқлай.
Учовлари ҳаммаёқларини пайпаслаб ўринларидан туришади.
Қ и з. Ўқ қани? Кимга тегди?
Э р. (Ўзини пайпаслайди, чўнтакларини кавлайди.) Тағин отган ўқини қидиртиргани ортиқча!
Қ и з. Ўқни қидириш керак эмас. Қонаган, яраланган ерингизни топинг!
Х о т и н. (Пешонасининг терини артаркан.) Шунча ваҳимадан кейин қон қоларканми? Бутун қонимиз қочиб кетди.
Агент столда ётган револьверни қўлига олади. Уни айлантириб кўриб бирдан чинқириб юборади.
А г е н т. Бунда ўқ бўлиши мумкин эмас. Пистон билан отиладиган ўйинчоқ тўппонча-ку бу!
Қ и з. Ростданми?
А г е н т. (Револьверни қизга узатиб.) Ҳа. Мана, ўзингиз кўринг.
Қ и з. Вой, доктор тушмагур-е… Ўйлаб топганини қаранг… Лекин ҳарна бўлгандаям, дардим ариди, энди соппа-соғман. Гўё алоғ-чалоғ тушлар тугаб уйғонгандекман.
А г е н т. Жуда тўғри. Кечирасиз, ойимқиз, мен тезроқ бориб, ўз ҳаётимни суғурта қилдириб қўймоқчиман. (Авторучка ва саквояжини олиб, ғизиллаб уйдан чиқиб кетади.)
Қ и з. (Эр билан хотинга.) Афв этинглар мени. Сизларни анча ранжитиб қўйдим. Мени кечиринглар. Нима бўлгандаям, мен сизлардан миннатдорман. Шу отилган ўқдан кейин кўнглим ором топти, гарчи ҳеч кимни ўлдирмаган бўлсам ҳам.
У бош ирғаб уй эгалари билан хайрлашади ва эшик томон юради; хотин бошини ерга эгганча, эрига қайрилиб ҳам қарамай, ўз хонасига кириб кетади.
Э р. (Чиқиб кетаётган қиз орқасидан.) Сиз бизнинг жисмимизни эмас, бахтимизни ўлдирдингиз!
Қодир Мирмуҳамедов таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 9-сон