Сомерсет Моэм. Тайпан (ҳикоя)

Унинг нақадар эътиборли ва нуфузли шахс эканлиги ҳаммадан ҳам кўра ўзига яхши аён эди. Бинобарин, у кимсан – Англияга қарашли  қудратли фирманинг бутун Хитойдаги энг йирик шохобчасида биринчи раҳбар эди. Қолаверса, бу каби обрў ва мансаб пиллапояларига фақат ва фақат ўз иқтидори, қобилияти орқали эришди. Мана, ҳозир,  шу топда у бундан ўттиз йиллар муқаддам илк бор Хитойга кетган пайтлари, ҳали она сути оғзидан кетмаган ўсмир – клерк[1] бўлган чоғларини мийиғида кулимсираб эсга олди.

Унинг хотирасида ўзи туғилиб ўсган, қизил ғиштдан қурилган кичкинагина, ота-онасининг камтарона уйи қад ростлади. Уларнинг уйи шаҳарнинг Барнс деб аталгувчи мавзесида, худди ўзлариники каби ғиштин иморатларнинг узун қаторида турарди. Гарчи бу мавзедагилар шаҳарнинг асилзодалари яшайдиган ҳудудлари билан беллашишга ҳарчанд чиранишмасин, барибир, бундаги иморатлар  марказдагилардек маҳобатли ва кўркам салобат касб эта олмас, алланечук файзсиз ва зерикарли бўлиб туюлаверарди.

У ўша болаликдаги уйларини ҳозирги дабдабали мармар кошонаси билан хаёлан таққослади: ҳозирги уйи бир нечта марта кенг ва ёруғ айвонга,  яна ўн чоғли каттагина хоналарга эга бўлиб, хоналарининг баъзиларида фирма идоралари фаолият юритса, бошқалари  унга  шахсий қароргоҳ бўлиб хизмат қиларди. Хаёлан бўлса-да, қилинган бу муқояса унда такаббурона бир  истеҳзони уйғотди.

Ҳа, ўшандан буён қанча сувлар оқиб ўтмади, дейсиз… У ўзининг коллеждаги ўқишидан қайтгач (дарвоқе, бу авлиё Павел номидаги коллеж эди), отаси, онаси ҳамда икки синглиси билан бақамти дастурхон теграсида ўтириб қилинадиган тўйимли кечки овқатдан кейинги чойхўрликларини хотирлади. Ўшанда уларнинг чой дастурхонида, албатта, бир бўлак молнинг биқин гўштидан тайёрланадиган яхна овқат бўларди, ундан ташқари – нон, сариёғ… албатта, сариёғдан қисинишмасди… уни хоҳлаганча тановул қилиш мумкин эди; чойга сутни ҳам аяб ўтиришмасди. Энди-чи, у мутлақо бошқача тушликларга ўрганган. Тушлик олдидан у ҳамиша кийимларини алмаштиради. Ёлғиз ўзи тамадди қиладими, ёки меҳмонлари билан биргами, бундан қатъи назар, доим унинг дастурхони атрофида учта хизматкор парвона. Уларнинг ичидаги “Биринчи рақамли” хизматкор ўз хўжайинининг барча соҳадаги диди ва таъбини мукаммал ўрганган, шу боисдан у хўжалик юритиш борасидаги майда-чуйда ишларга ортиқча бош суқиб ўтирмасди. У жуда мириқиб, иштаҳа билан овқатланишни хуш кўрарди, унинг дастурхонига тушликка ҳамиша  аччиқ газаклар, шўрва, балиқ, сабзавотлар, қовурдоқ, кетидан ширинлик тортишарди. Бас, шундай бўлгач, у агар ўзи истаб қолса, хоҳлаган пайтда, ҳатто тушликни дас­турхонга келтириш пайтида ҳам бирортасини бемалол меҳмонга таклиф қилиши мумкин эди. У турли тансиқ таомлардан лаззатланишни, чин маънода роҳатланишни хуш кўрарди. У ўзича “нега энди мен ўзим ёлғиз овқатланганимда, меҳмондорчилик вақтидагидек еб-ичмаслигим керак экан?” – деган фикрда эди.

Ҳа, чиндан ҳам  у мансабу мартаба борасида ажойиб ютуқларга эришди. Шу важдан ҳам ўз ватанига қайтишни у қадар хоҳламасди. Англияда бўлмаганига ҳам ўн йиллардан ошиб кетди; меҳнат таътилларини одатда ўзининг Хитой соҳилларида орттирган эски дўстларини, ҳамкасбларини учратиб қолиш эҳтимоли мутлақо бўлмаган Япониядами ёки Ванкувердами ўтказарди. Айни пайтда ота-онаси нима билан машғул эканликлари ҳам унга қоронғи.

Сингиллари ҳам аллақачон ўз доирасидаги кишиларга турмушга чиқиб кетишган, уларнинг эрлари ҳам, фарзандлари ҳам турли идораларда оддий хизматчи-клерк даражасида фаолият юритишарди. Унинг бу одамлар билан ҳеч бир умумий жиҳатлари йўқлигидан, улар билан мулоқот қилишни ўзи учун мутлақо зерикарли иш деб биларди. У яқинлари билан қариндошлик муносабатларини, фақат Рождество байрами арафасида уларга бир-икки кийимлик чиройлик ипак матоми, ёки бўлмасам, нозик қилиб қўлда тўқилган аломат тарздаги кашталарними ҳадя этиш, ёхуд бир катта қутидаги чойни юбориш орқали сақлаб турарди. Уни албатта, мутлақо хасис деб ҳам бўлмасди, илло, у онаси тириклигида мунтазам равишда волидасига моддий кўмак бериб келди.

Бироқ, нафақага чиқиш вақти етиб, энди шунча қилган хизматларининг роҳатини кўриш муддати етганида ҳам, Англияга қайтиши ҳақидаги фикр унинг хаёлига  келмаганди. Зеро, жуда кўп танишлари шундай йўл тутганида, барисининг ишлари чаппасига кетиб, охири вой бўлганидан у хабардор эди. У ўзига Шанхайдан, турли от пойгалари бот-бот ўтказилиб тургувчи ипподромга яқинроқ жойдан ихчамроқ бир уйни сотиб олишни режалаштириб қўйганди. Ана шундай қилган тақдирда, ўзи севган бридж, гольф каби эрмаклари, қолаверса, зотдор тулпорлари-ю, понилари унинг қолган умрини роҳат-фароғатда ўтказиши учун асқотиши тайин, деб ўйларди.

Афсуски, унинг ҳали-бери ҳордиққа чиқиш имконияти йўқ. Чунки, орадан беш-олти йил ўтгач, унинг раҳбари Хиггинс ўз ватанига жўнаб кетади,  шунда у ўз-ўзидан  Шанхайдаги  шохобчанинг биринчи раҳбарига айланиши керак. Ҳозирча у ўзининг эгаллаб турган мавқеидан рози – бу ерда истаганча пул топиши, жамғариши, ҳаётдан тўйгунича баҳра олиши мумкин, эртага – Шанхайга кўчиб ўтгундек бўлса, бундай имкониятлар қаёқда дейсиз…

Унинг ҳозирги пайтдаги яшаш жойининг яна бир устувор жиҳати бўлиб, у бу ерда округдаги энг биринчи шахс – яъни тайпан[2] ҳисобланарди. Тайпаннинг гапи эса – бу ерликлар учун қонун мақомида. Ҳатто давлат консули ҳам у билан ҳисоблашиб муомала қилар, дўстона муносабатларини бузиб қўйишдан чўчиб, унинг раъйига қараб иш тутарди. Бир гал нимадир сабаб билан унинг фикри консулнинг айтган гапларига мос келмай қолди, шунда ҳам у эмас, айнан консул ўз фикридан қайтиб, унинг олдида тилёғламалик билан думини ликиллатишга мажбур бўлганди-ку. У ҳозир ҳам ўша воқеани эсларкан, беихтиёр ғазабнок бир алпозда пастки жағини олдинга чиқариб, тишларини ғижирлатиб қўйди.

Аммо, тайпан шу лаҳзанинг ўзидаёқ беихтиёр кулиб қўйди – сабаби бугун унинг кайфияти аъло, димоғи ҳар доимгидан ҳам чоғ эди. Зеро, у ҳозиргина Гонконг-Шанхай банки томонидан уюштирилган  ажойиб тушлик зиёфатидан чиқиб келганди. У ердагилар тайпанни жуда катта иззат-икром билан сийлашди. Таомларнинг ҳаммаси шоҳона бўлиб, ичимликларнинг ҳам сархилларини қалаштириб ташлашди. У дастлаб бир-икки қадаҳ коктейлдан бошлаб, кейин ажойиб винодан сипқорди, охирида – икки стакан қора портер пивосидан ва узоқ сақланган ўткир брендидан баҳраманд бўлди; у шу топда ўзини жуда яхши ҳис қилар, кайфияти аълодан аълороқ эди.

Кўчага чиқар экан, у шу пайтгача  деярли ҳеч қачон қилмайдиган бир ишни, яъни уйига пиёда қайтишни ихтиёр этди. Унинг ортидан эргашиб юрган иккита хизматкор-ҳаммол ҳар эҳтимолга қарши унинг кўчма ўриндиғи деймизми, ёки тахтиравонини десакмикин, қўлтиқлаб боришар, агар хўжайинлари уларнинг хизматини истаб қолса, ўриндиқ билан қўшиб, унинг ўзини ҳам кўтаришга шай эдилар; бироқ, тайпан пиёда қилаётган сайридан ҳузурланиб, масрур одимлаб борарди. Аслини  олганда,  у ўзини жисмоний ишлар билан кўпам зўриқтиравермасди. Айни пайтда  анчагина семириб, вазни ҳам тобора ошиб бораётганидан отда юролмас, лекин, баъзан: нега энди минишим бироз осонроқ бўлган пони отларидан фойдаланмаяпман? – дея ўйлаб қоларди.

Отхонадан келаётган гўнг ва чириган хашакнинг  аралашган ўзига хос ачимсиқ ҳидини туяр экан, у беихтиёр баҳорги пойгаларни эслади. Унинг бир жуфт ёшгина чопағон тойлари бўлиб, у келажакда ана шу отларининг пойгаларда ғолиб чиқишидан умидвор эди. Қолаверса, идорасида ишлайдиган клерклардан бири туппа-тузук чавандоз чиқиб қолди. (Дарвоқе, уни Шанхайга, чол Хаггинснинг ихтиёрига оғдириб кетишмаса бўлгани, бундан албатта, кўз-қулоқ бўлиб туриш лозим, негаки, у қари туллак ёш чавандоз учун унча-мунча пулнинг юзига қараб ўтирмайди.)

Ҳа, чавандозига бир-иккита мусобақада иштирок этиш имконияти яратиб берилса, яхши бўларди. Тайпан ўзининг отхонаси шаҳардаги энг зўри эканлигини ўйлаб, ич-ичидан ғурурланиб қўйди. Кейин худди зотдор каптарлар каби кўкрагини ғоз ғўдайтириб керишди. Қандай ажойиб кун-а! Шундай мунаввар ва фаровон ҳаётда яшаш қанчалар яхши!

Инглизлар қабристони ёнига келганда у тўхтаб, нафасини ростлади. Қабристонннинг батартиб ва ораста ҳолатда сақланиши ҳам бу ердаги инглизлар жамоасининг ўзига хос тинч-хотиржамлиги, фаровонлигидан нишона эди. Ҳар гал қабристонга келганида, тайпанни ажабтовур бир ғурур ҳисси чулғаб оларди. Ҳа, инглиз бўлиш нақадар яхши! – дея ўйларди у. Қабристон тушган ҳудуд бир пайтлар арзимаган пул эвазига сотиб олинган бўлиб; энди, шаҳарнинг кўрку чиройи, ободлиги тобора ошиб бораётган айни кунларда бу ерларнинг нархи ҳам ўн чандон ошиб кетди.

Шу сабабли кимлардир қабристондаги марҳумларниг хоки-турбатини бошқа жойга кўчириб, бу ерларни янги қурилишлар учун сотишни таклиф қилишди, аммо жамоатчилик бу фикрга қарши чиқди. Тайпанга айни пайтда марҳум инглизларнинг жасади ҳам шаҳардаги энг қимматли ердан қўним топганини ўйлаш ёқимли эди. Буларнинг бариси унинг учун гўё бу дунёда пулдан ҳам муҳимроқ нарсалар борлигини исботловчи далилдек туюларди.  Пул нима ўзи… у бугун бор, эртага йўқ бўлиши мумкин… Агар, дунёдаги ҳар нарсанинг асл моҳиятини англаб етсанг (дарвоқе, бу гап унинг энг севимли ибораси эди), пул – бу ҳамма нарсадан муҳим, дегани эмаслигини тушуниб қоларкансан киши.

У уйига қабристон орқали, тўғридан-тўғри кесиб чиқишга қарор қилди. Йўл-йўлакай саф тортган қабрларни бир-бир кўздан кечириб борди. Ҳар бир қабрнинг ҳолати намунали тарзда, улар орасидаги йўлаклар ўт-ўланлардан тозаланган эди. Бундаги ҳамма нарса ораста ва файзли эди. Тайпан қабртошлар ёнидан ўтар экан, улардаги битикларни ўқиб кўрарди. Мана бирданига учта қабр – унда “Мэри Бакстер” номли йирик елканли кема дарғаси ва унинг икки нафар ёрдамчиси дафн этилган; уларнинг учаласи ҳам 1908 йилда юз берган кучли тўфон оқибатида ҳалок бўлганди.

Бу фожиани у жуда яхши эслайди. Улардан сал нарида учта миссионернинг хотинлари ҳамда болалари билан кўмилган қабрлари. Улар боксчилар исёни чоғида ўлдирилгандилар. Ҳа, бу жудаям шармандали  иш  бўлганди! Йўқ, у бу фикрларни, азбаройи бегуноҳ қурбон бўлган миссионерларнинг оилаларига ачинганидан айтмаётганди, шунчаки, у лаънати хитойликларга инглизлардан шу тариқа ўч олишларига йўл қўйиб берилганини сира  ҳазм қила олмасди!

Шундан кейин тайпан бир исм ёзилган хочнинг ёнига яқинлашди. Илло хочга битилган исм эгаси унга таниш эди. Ҳа, бу Эдуард Маллок деганлари чиндан-да, жуда азамат йигит эди. Бироқ, ичкиликка муккасидан кетиб, бор-йўғи йигирма беш ёшидаёқ ўлиб кетди, шўрлик. Тайпан бу каби қисмат жуда кўпчиликнинг бошига тушганини яхши биларди. Маллокнинг исми ёзилган хочнинг ёнгинасида у яна уч-тўртта хочга эътиборини қаратди; уларда ҳам кимларнингдир номи, туғилган ва вафот этган саналари ёзиб қўйилганди. Уларнинг ҳаммаси ҳам йигирма беш, йигирма етти ёшлар атрофидаги бўз йигитлар эди…

Бу йигитларнинг деярли ҳаммасининг ҳам тақдири бир хил кечган: улар Хитойга келиб, ўз ватанларида етти ухлаб тушига ҳам кирмаган пулларни топишган; ҳаммаси ҳам жуда одамшаванда, кайф-сафони хуш кўрадиган улфатижон йигитлар бўлганидан, ким улфатчиликни таклиф қилса, ўша билан тап тортмай ичиб кетаверишган. Бирортасининг таклифини рад этиш учун уларда на ирода кучи ва на қатъият етишмаган. Мана, оқибатда, уларнинг ҳаммаси, гул ёшида хазон бўлиб, гўристонда ётишибди. Аслида Хитойдек нозик мамлакат аҳли билан ош-қатиқ бўлиш, улар билан улфатчилик қилиб, ичкиликбозликда беллашмоқ учун нафақат мустаҳкам соғлиқ, балки аввало, одамнинг елкасида шунчаки калла эмас, боши ҳам бўлиши  керак-да.

Бу ўй-хаёлларнинг бариси жуда аламли ва алланечук ёқимсиз эди; лекин тайпан, мана шу ерда ётган неча-неча йигитлар билан бирга ичкиликбозлик қилиб, алалоқибатда  улар каби ичкиликнинг домига буткул тушиб кетмаганидан, балки бундай қисматни ўзи кучи, ақли билан енгиб чиққанлигидан, бир сўз билан айтганда, уларнинг ёнида бевақт қабрга тушмаганидан ғурурланиб, кулимсираб қўйди. Улар эса, ана, бари  дорулбақода, шоввозлар. Дарвоқе, улардан бирининг бевақт вафоти тайпанга жуда қўл келганди ҳам. Ўша йигит тайпан билан битта идорада ишлар, ёши тайпандан каттароқ бўлиши билан бирга, ақл бобида ҳам ундан хийла устунроқ эди. Агар у ёшлигида ўлиб кетмаганида, Худо билади ҳозир ким тайпанлик мақомида бўларди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам Худонинг ишини бандаси ҳеч қачон олдиндан била олмайди!

Ие, ана, назокатли, кичкина Тёрнер хоним ҳам шу ерда эканлар-ку, Вайолет Тёрнер. О, нақадар ажойиб, офатижон қиз эди у. Тайпан бир вақтлар унга ошиқи беқарор бўлиб, қанча изтироблар чекмаганди-я. Ҳа, ҳамон эсида, севгилисининг вафоти туфайли ўшанда ғам-ғуссага тушиб, сал қолса, эс-ҳушидан айрилаёзганди. У қабртошдан хонимнинг таваллуд санасини ўқиди. Ҳа, агар ҳаёт бўлганида, анча ёшга кирган бўларкан…

Тайпан  нарига дунёга риҳлат қилган мана шу одамларнинг ҳар бири тўғрисида ўйлар экан, кўнглида алланечук бир қониқиш ҳиссини туярди. Илло, унинг наздида: ўзи уларнинг ҳамасини ортда қолдиргандек, яшаш  илмида улардан устунроқ эканлигини исботлагандек бўларди. “Уларнинг бариси марҳум, ёруғ дунёни тарк этишган, мен-чи, мен тирикман! Яшаб­ юрибман давримни суриб! Ҳа, Худо ҳаққи, чиндан ҳам мен уларнинг ҳаммасини доғда қолдирдим”, – дея ўйларди у. Тайпан бу ердаги барча қабрларга бир-бир кўз ташлар экан, унинг лабларида яна истеҳзоли табассум пайдо бўлди. Кейин у ҳатто, алланарсадан хурсанд бўлгандек, қўлларини бир-бирига завқ билан ишқаб ҳам қўйди.

– Мени ҳеч ким, ҳеч қачон аҳмоқ дея олмаган, – бироз овозини чиқариб минғирлади у.

Сабабини англамаса-да, лекин у бундаги марҳумларнинг барисига нисбатан  ўзида такаббурона бир нописандликни туярди.

Тайпан йўлак бўйлаб тобора ичкарилаб борар экан, дафъатан бир четда гўр кавлаётган икки нафар жулдурвоқи кули[3]га рўпара келди. У бундан ҳанг-манг бўлиб қолди, чунки, унинг билишича, жамоасидаги инглизлардан яқин кунлар орасида ҳеч ким вафот этмаганди.

– Бунда нима қилиб юрибсизлар? Нимага бу ерда гўр кавлаяпсизлар? – баланд овозда сўради у.

Мардикорлар унга ҳатто қайрилиб ҳам қарамадилар; улар кавлаш ишларини тўхтатмасдан, чуқур хандақда туриб, юқорига оғир тупроқ уюмларини отишда давом этардилар. Тайпан гарчи узоқ йиллардан буён Хитойда яшаса-да, бу ерликларнинг тилини билмасди. Ўша пайтларда бу лаънати тилни ўрганишнинг ҳожати ҳам йўқдек эди. Тайпан мардикорлардан яна инглиз тилида, улар кимга гўр кавлаётганликларини сўради. Гўрковлар  тайпаннинг сўзларидан ҳеч нима тушунмай, ўз тилларида нималардир деб жавоб қайтаришди. Шундан сўнг тайпан: “каллаварам, аҳмоқлар”,– дея сўкиниб, улардан узоқлашди. У миссис Брумнинг ёш боласи оғир касал эканини эшитганди. Балки ўша болакай нобуд бўлгандир? Аммо… у ҳолда, ўзини бундан албатта хабардор қилишарди-ку; бундан ташқари кавланаётган қабр ҳам ёш бола учун эмас, катта одамга, тағин йирик гавдали эркак киши учунлиги шундоққина кўриниб турибди. Ушбу фикр­дан тайпаннинг бадани жимирлаб кетди.У энди уйига қабристон оралаб юрмоқчи бўлганидан афсуслана бошлади. Тезроқ бу ердан катта кўчага чиқиш истагида у  ўзининг кўчма тахтиравонини ортмоқлаб олган икки хизматкорини ёнига чақирди. Энди тайпаннинг аъло кайфиятидан асар ҳам қолмаган, юзи эса тобора хунук тарзда тундлашиб борарди. У идорасига қайтиши биланоқ, “иккинчи рақамли” малайини ёнига чақирди.

– Қани, Питерс, менга айт-чи, бугун шаҳримизда ким оламдан ўтди?

Аммо Питерс ҳам ҳеч нарсадан бехабар эди. Тайпан бундан янада ҳайратга тушди. У хитой миллатига мансуб клеркларидан бирини чақирди-да, қабристонга бориб, ўша лаънати мардикор кулилардан нима гаплигини, улар кимга қабр ковлаётганликларини аниқлаб келишни буюрди. Ўзи бўлса кун давомида йиғилиб қолган хат-ҳужжатларга имзо чекишга киришди. Хитой клерк тез орада қабристондан қайтиб келиб, у ердаги жулдурвоқи кулилар аллақачон кетиб бўлишгани ва нима гап эканини била олмаганлигини маълум қилди. Тайпаннинг бу гапдан баттар ғазаби қўзғади: илло, у ҳеч қачон бирон-бир ишнинг ўзидан бекитиқча амалга оширилишига чидай олмасди. Аммо, у ўзича, ҳойнаҳой, “биринчи рақамли” малайим ҳамма нарсани билса керак, негаки, у ҳар доим ҳамма нарсадан воқиф бўлади, дея ўйлади. Тайпан “биринчи рақамли”ни чақиртирди, лекин аксига олиб: у ҳам шаҳарда кимдир ўлгани ҳақида ҳеч гапдан хабари йўқлигини, ким ўлганини билмаслигини айтди.

– Биламан, галварс, ҳеч ким ўлмаган, – ўшқирди тайпан. – Аммо қазилаётган гўр ким учун, ахир?!

Кейин у малайини чақириб, секин қабристонга боришни ва у ерда назоратчилик қиладиган хитойликдан, нима сабабдан ҳеч ким ўлмаган бўлса-да, янги қабр кавлашга буйруқ берганини билиб келишини тайинлади.

– Аввал менга сув қўшилган виски келтириб бер, кейин жўнайверасан, – деди у, эшик олдига етган малайни ортига қайтишга мажбур қилиб.

Тайпан шу топда ўша қабрнинг кўриниши нима сабабдан ўзини бунчалик безовта, беҳаловат қилиб қўйганлигини  сира тушуна олмаётганди. У ўз хаёлидан бу каби фикрларни имкон қадар тезроқ чиқариб ташлашга тиришарди. Виски ичганидан сўнг унинг аҳволи бироз яхшиланди. Айни пайтга келиб, у идорасидаги бугунги барча қоғозларини саранжомлаб, ёзув-чизув ишларини ҳам ниҳоясига етказди. Кейин ётоқхонасига ўтиб, аллақандай китобни қўлига олганча, лоқайдлик билан варақлашга тушди.

Ҳа, яхшиси, у яна бир неча дақиқадан сўнг клубга чиқади, тушликкача қартабоз улфатлари даврасида бир-икки қур бридж ўйнайди. Аммо наф­силамбрини айтганда, уни ҳозир  қабристонга юборган малайи нима гап топиб келиши ҳамма нарсадан кўра кўпроқ қизиқтираётганди. Малайнинг жавобидан кейин зора, кўнглидаги номаълум хавотири ариса. Шу важдан у малайнинг қайтишини илҳақ кута бошлади.Чиндан ҳам тез орада малай қайтиб келди, у ўзи билан ўша – қабристон назоратчиси бўлиб ишлайдиган хитойликни ҳам бошлаб келганди.

– Хўш, нимага қабристонда янги қабр ковладинглар? – дангалига кўчди тайпан дағдағали оҳангда. – Ахир ҳеч ким ўлгани йўқ-ку?!

– Ми-ин ка-абр кавла-аа-гани йуқма-аа-ан, – жавоб берди назоратчи хитой инлизча сўзларни ҳижжалаб.

– Жин урсин, бу тағин нимаси бўлди? Ахир, бугун айни чошгоҳ вақтида у ерда иккита исқирт, жулдурвоқи кули қабр қазиётганди-ку!

Икки хитойлик, бир-бирига ҳайрон бўлиб қараб қўйди. Кейин малай тилга кириб, улар назоратчи билан бутун қабристонни бошдан-оёқ айланиб чиқишгани ва бирорта янги қабрга кўзлари тушмаганини баён қилди.

Тайпан шу топда тилининг учида турган бир талай сўкиш сўзларини ва: “Бу қандай бемаънилик! Ахир мен ўша қабрни ўз кўзим билан кўрдим-ку!” – деган ҳайқириғини ҳам бир амаллаб бўғзида тутиб қолди. Уларни нимагадир сиртига чиқармади. Шу гапларни ичига ютди-ю, беихтиёр ўзи ҳам охиригача англаб етмаётган ғазаб ҳиссидан ранги рўйи қип-қизариб кетди. Хитойликлар эса ҳамон унга ҳиссиз бақрайиб туришарди. Тайпаннинг бир лаҳзага нафаси буғилиб, кўз олди қоронғилашди.

– Ҳа, майли, даф бўлларинг, – ўдағайлади у.

Бироқ улар хонадан чиқиши биланоқ, яна малайини чақирди, тепса-тебранмас хизматкор имиллаб кириб келар экан, тайпан унга яна виски келтиришни тайинлади. Кейин у терлаб кетган юзларини рўмолчаси билан артди-да, қўллари қалтираганча, малай келтирган виски тўла стаканни лабларига олиб борди. Майли, бу ярамаслар истаган гапларини валақлайверсин, лекин ўз кўзи билан ўша лаънати қабрни кўргани аниқ, ахир. Қолаверса, унинг қулоқлари остида ҳалигача, ўша лаънати гўрковлар қабрдан ташқарига отаётган тупроқ уюмларининг гурсиллаган товуши жаранглаб турарди! Бу нима бўлди экан, тағин? У кутилмаганда кўксидаги юраги гурсуллаб ура бошлаганини ҳис қилди. Тайпаннинг бутунлай авзойи бузилиб, мазаси қочди; лекин шундай бўлса ҳам у зўр бериб, ўзини қўлга олишга тиришарди. Ҳаммаси арзимас нарсалар. Ортиқча хавотирга ҳам, бош оғритишга ҳам ҳожат йўқ. Агар, чиндан ҳам у ерда қабр бўлмаса, демак, булар шунчаки унинг кўзига кўринган холос. Ҳозир энг оқилона иш – бу клубга чиқиб бироз чалғиш, дам олиш, агар у ерда докторни учратса, ундан бирйўла  ўзини кўриб қўйишини ҳам сўрашди.

Клубда эса ҳамон ўша-ўша манзара: унга таниш одамлар, худди аввалгидек  чақчақлашиб,  доимий  эрмаклари билан машғул эдилар. Тайпан шу топда нима учун “улар бугун бошқачароқ бўлиши керак”, – деб ўйлаганини ўзи ҳам англаёлмай, ҳайрону лол эди. Лекин, нима бўлганда ҳам, атрофдагиларнинг худди аввалгидай эканликлари унинг кўнглини хотиржам қилди. Бу ердаги кишиларнинг бариси, аллақачон бири-бирига ҳам, ўзаро  мулоқотларига ҳам кўникиб, ўрганиб кетишган эди; уларнинг бундаги турмуш тарзи гўё олдиндан белгилаб қўйилган аниқ ва равон йўлдан бораётгандек бир текис кетмоқда; бундаги ҳар бир кишининг ўзига хос феъл-атвори, хатти-ҳаракатлари ҳам бўлиб, уларни ҳам улфатлари беш қўлдай билишарди. Масалан, кимдир қарта ўйнаётганда доим қайсидир куйни минғирлаб ўтирса, яна бири пивони коктейль ичиладиган найчада симиришни хуш кўрарди. Улфатларининг бу каби хурмача қилиқлари шу пайтга қадар унинг асабига тегиб, ғашини келтирган бўлса-да, бугун нимагадир улар тайпан учун ўзига хос халоскорлик омилларига айлангандек эди. “Ҳаммаси аввалгидек, ҳеч нима ўзгармаган, қандай яхши-я!” – ўйларди у. Айни пайтда у худди шундай мададга, айнан шундай халоскорона ҳиссиётга ниҳоятда муҳтож эди. Чунки унинг кўз ўнгидан ҳалигача ўша ўзи гувоҳи бўлган  қабрнинг ғариб кўриниши сираям нари кетмаётганди. Қартани ҳам бу гал жуда ёмон ўйнади, шу боис шериги у йўл қўяётган қўпол хатолари учун тинмай танбеҳ берар, бундан тайпаннинг бадтар жаҳли чиқарди. Унинг наздида нафақат шериги, балки бунда йиғилган ҳамма одамлар ўзига аллақандай шубҳа, мавҳум бир ишончсизлик билан қараётгандек туйиларди. Қизиқ, улар бугун тайпанда қанақа нотабиий жиҳатни, ғайриодатийликни  пайқашди экан?

У бирдан энди бу ёғига клубда қола олмаслигини ҳис қилди.Чиқиш йўлагида, қўлида “Таймс” газетасини тутиб турган докторга рўпара келди, бироқ, унинг ёнига боришга журъат қила олмади.

Шу пайт унда қабристонга шахсан ўзи бориб, ўша лаънати қабр бор, ёки йўқлигини текшириш истаги пайдо бўлди. У ўзининг портшези, яъни, кўчма тахтиравонига ўтириб, икки ҳаммолини чақирди-да, уни қабристонга олиб боришларини буюрди. У ўзича, “галлюцинациялар ҳеч қачон икки маротаба такорорланмайди”, – дея ўйларди. Бундан ташқари, у ўзи билан бирга қабристон назоратчисини ҳам эргаштириб олади. Агар чиндан ҳам у ерда қабр бўлмаса, борганлар шунчаки уни кўришмайди: агар тайпан айтганидек,у ерда янги қабр кавланган бўлиб чиқса, у ҳолда мунофиқ назоратчининг шундай таъзирини  берсинки, у буни бир умрга эслаб юрсин…

Аксига назоратчи ҳам ўз жойида йўқ экан, қаёққадир зарур юмуш билан кетган эмиш; бу ҳам етмагандек, қабристон дарвозалари калитини ҳам олиб кетибди. Қабристонга кира олмаслигига ишонч ҳосил қилгач, тайпаннинг танаси бўшашиб, кутилмаганда у ўзини жуда беҳол ҳис қилди. Кейин эса тағин тахтиравонга ўтириб, ҳаммолларига уйига элтиб қўйишларини буюрди. Аслида у тушликдан аввал, доимий одатига мувофиқ, ҳеч қурса ярим соатча ётиб дам олиши керак эди… Аммо бугун ўша тартиби бузилди. Бор гап шу. Ўлгудай чарчаганидан ҳолсизланиб боряпти, холос. Айтишларича, ўта чарчаган, зўриққан кишиларда галлюцинация юз бериб, уларнинг кўзига ҳар балолар кўринадиган бўлиб қолармиш.

Хизматкори тушлик олдидан кийим алмаштиришига кўмаклашиш мақсадида ётоқхонасига кириб келганида, тайпан ўзини мажбурлагандек, зўрға ўрнидан қўзғалди. Унинг хаёлидан бир лаҳза бўлса-да нимагадир:  “бугун кийимимни алмаштирмасам-чи”, – деган ўй кечди, лекин тайпан ҳар галгидек, ўзидаги бу эринчоқликни, қатъият билан енга олди: овқат олдидан рисоладагидек кийиниш – бу унинг доимий одати эди, тайпан бу ишни ҳар куни, қарийб йигирма йилдан буён изчил бажариб келарди. Шунча йиллик таомилни, устувор қоидани бузиш асло ярамайди.

Тушликка у бир шиша шампань виноси келтиришни буюрди, винодан сўнг у бироз тетиклашди. Кейин хизматкорга энг кучли брендидан олиб келишни айтди. У икки қадаҳ бренди ичиб, яна авалги, доимгидек ҳолатига қайтганини туйди. Жин урсин, қуриб кетсин ўша бари галлюцинациялари-ю, вос-вослари! Тайпан бильярдхонасига ўтиб, жуда қийин бўлган бир-иккита зарбаларни машқ қилиб кўрди. Кўзининг чамалаш қобилияти уни алдамади: демак, ҳаммаси жойида. Шундан сўнг тайпан ётоқхонасига кириб, юмшоқ ўринга чўзилди-ю, қаттиқ уйқуга кетди.

Аммо кутилмаганда уйғониб кетди. Унинг тушига яна ўша, жулдурвоқи гўрковлар эринчоқлик билан кавлаётган очиқ лаҳад кирганди. У ҳали  ҳам  ўша гўрковларни кўрганига ишончи комил эди. Буни шунчаки вос-вос, ёки галлюцинация деб ўйлашнинг ўзи ғирт бемаънилик, ахир у буларнинг ҳаммасини ўз кўзи билан кўрди-ку! Тайпан шу пайт ташқаридаги тунги қоровуллар қўлида тутган шақилдоқнинг шақир-шуқурини эшитди. Бу товуш ўзининг ёқимсиз жаранги билан тунги сукунатни бузиб юборганидан, алланечук ваҳима босиб, тайпаннинг танасида чумоли ўрмалагандек бўлди ва вужудини даҳшат қоплади.

Кўнглидаги ададсиз қўрқув, ваҳима уни хаёлан хитой шаҳарчаларига хос бўлган тор-танқис, илонизи жинкўчаларга бошлаб кетди. Бу ердаги ички деворлари турли-туман даҳшатли қиёфалардаги жин-ажиналарнинг тасвирига тўлиб ётган ибодатхоналарнинг қиялама томларида ҳам  алланечук ваҳшат, қўрқинч  яшириндек эди. У ердан тараладиган ҳид ҳам жуда бадбўй, кўнгилни айнитадиган даражада ёқимсиз эди. Қолаверса, бундаги одамлар, одамлар-чи… Сон-саноқсиз, кўк кўйлакли, жулдурвоқи кулилар, сасиб, бижғиб кетган рўдапо латталарга бурканган гадойлар, узун қора ридо кийиб юрадиган тужжорлар ва амалдорлар, олдингда лаганбардорлик билан  айёрона тиржайишиб, ортингдан эса билганини қиладиган мунофиқ каслар-чи… Ҳа, уларнинг ҳаммаси, шу топда тайпанга бирваракай ҳамла қилишаётгандек, унинг руҳиятига таъсир этиб, қалбини парчалаб ташлаётгандек бўларди. У шу топда ўзи учун бир нарсани тўла англаб етдики,  аслида унинг Хитой аталмиш бу мамлакатни кўргани кўзи йўқ экан. Нимага ҳам келди ўзи бу юртга? Энди уни тамоман ваҳима босди. Бу ердан эси борида жуфтакни ростлаб қолиши керак! Энди бунда бир йил тугул, ҳатто бир ой ҳам ортиқча қололмайди. Шанхай эмиш… Шанхайи ҳам унга керакмас, ҳаммаси… ҳаммаси ордона қолаверсин!

– Эй, худойим! – ҳайқирди у. – Ишқилиб, омон-эсон Англияга қайтиб бора олсам, бас!

Ниҳоят, энди у бутун қалби, вужуди билан ўз ватанига талпина бошлади.

Агар,чиндан ҳам ажали етиб ўладиган бўлса, майли, ажал чангали уни Англияда тутақолсин. Ахир, у ўзининг жасадини, мана шу сариқтанли, қийиқкўзлилар, доим айёрона тиржайган одамчалар орасига кўмилиши ҳақидаги ўйга қандай кўниксин, бунга қандай чидасин?! Йўқ, у ўз хоки туробининг жонажон ватанига қўйилишини истайди, зинҳор бугун кўргани– очиқ лаҳадга эмас! Агар шундай ҳол юз берса, унинг руҳи ўлимидан кейин ҳам ҳаловат топмайди. Бунга зинҳор йўл қўйиб бўлмайди! Атрофидаги одамларнинг гап-сўзлари нима бўпти… улар билганини гапиравермайдиларми… бунинг нима аҳамияти бор… улар билганича ўйлашсин, билганича ғийбат қилаверишсин…  кимнинг нима иши бор?! Муҳими… муҳими, кеч бўлмасидан бу ердан туёқни шиқиллатиб қолиш, жуфтакни ростлаш…

Тайпан тўшакдан туриб, фирма раҳбарига ўзининг жуда оғир касалга чалингани аён бўлганлиги ҳақида хат ёзди. Ва шу сабабли унга истеъфо беришларини сўради. “Мен, фирма билан тузилган шартномаларнинг бекор қилиниши учун зарур бўладиган кундан бир кун ҳам ортиқ ишлай олмайман. Зудлик билан ватанимга қайтишим лозим” – деган сўзлар билан тугатди у ўз мактубини.

Эртаси куни тайпаннинг ушбу мактубини, ғижимланган ҳолда унинг қўлларидан олишди. У ёзув столи ва оромкурси оралиғида юзтубан йиқилиб ўлиб ётарди. Жасади эса аллақачон совиб, қотиб ҳам улгурганди.

Рус тилидан Муҳиддин Омон таржимаси

 «Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 2-сон

___________________

[1] Клерк – баъзи мамлакатларда майда ёзув-чизув ишларини олиб борувчи кичик идора ходими.

[2] Тайпан – қишлоқ ҳокими.

[3] Кули – мардикор, айрим Осиё мамлакатларидаги камбағал ёлланма ишчиларни шундай аташади.