Вокзалда уч аёлдан бошқа ҳеч ким кўринмасди. Уларни чўл ўртасидаги шаҳарнинг кўчаларига, кутиш залининг бир бурчагига чанг-тўзон тиқиб қўйганди. Темир уларга яқинлашиб, кассаларнинг қачон очилишини сўради.
Атрофда саф тортган қайрағочлар давра қуриб, жим ўтирган одамларни эслатарди. Ортга чекинган сари дарахтзор қалинлашиб, яқин-орадаги ўрмон билан туташиб кетарди. Крандан шариллаб оқаётган сув ўриндиқлар яқинида катта кўлмак ҳосил қилганди.
Темир қайрағочлар панасидаги ошхона тарафга ўтди. Ҳар гал йўлга тушишдан аввал унинг анча бўш вақти бўлар, шу боис бу ерларни айланиб, пухта ўрганиб олганди. Саргардонликда кечган геологларга хос ҳаёт тарзи сабаб бу ерларни жуда ёқтириб қолган. Бу ерга иссиқдан толиққан одамлардан икки-уч киши келиб, соя-салқинда давра қуришарди.
Бу гал Темирнинг юраги алланечук ишонч ва алланечук самимият билан тепмоқда эди. Ёзда эртадан кечгача ранг-баранг қояларда минг хил ифор уфуриб турган адирларда, қидирув ва изланишлардан ҳориб чарчаган кезлари бу ерларга тез-тез келиб турарди. Аммо, айни дамдаги руҳий сокинлик ва вазминлик сабабини била олмади. Буни ўзича лоқайдлик дейишга-да тили бормади…
Ошхонадан бир бокал муздек пиво ичди. Кейин йўл бўйи ҳамроҳлик қилиб келаётган каттакон сафархалтасини елкасига осиб, қўзғалди. Эшик олдида шарқираб турган сувга ювиниб олди.
Боя кутиш залида кўринган аёллар ҳам энди дарахтлар соясидан паноҳ топишганди. Йигит ҳам уларнинг ёнидан жой олди. Чипта муаммоси дилини ғаш қилди. Баланд бўйли, хушбичим аёл анча киришимли экан, йигитни гапга солди:
– Геологман, – ўзини таништирди йигит. – Кунимиз тоғ-тошларда кечади.
Аёл кулимсиради. Ёрқин, мулойим бир тебраниш Темирнинг юрагини қалқитиб юборди. Йўқ, бу тебранишга аёлнинг табассуми сабабчи эмасди. Унинг елкаси оша бир жуфт шаҳло кўз унга қадалиб турарди. Темир буни сезганида кўзлар ҳам уялиб, ўзини четга олди.
Орага сукут инди. Темир сафархалтасини тиззалари устига қўйди. Унинг устидан қўлларини қовуштириб, пешонасини тиради ва чўлнинг бўз тупроғига маъносиз термилиб қолди. Қарама-қарши турган ўриндиқлар орасида вақт ана шундай сас-сабарсиз кечарди. Кечки ғубор кўнгилдаги гурунг истагини қувиб қолганга ўхшарди. Йўл устидан ҳар куни юзлаб одам ўтиб қайтади. У ёқ-бу ёқдан гап-гурунг кетади. Кимдир чипта етишмаслигидан, вақтдан, иссиқдан нолийди. Бу ерда маълум масофа қадар танишлик, бир-бирининг сафари, иши, лавозими ҳақидаги қизиқишлар ҳаммага табиийдек туюлади. Умидсиз, мақсадсиз одамлар ўз ҳаётидан, бутун мажлисларда кўп марталаб муҳокама қилинган ҳодисалардан сўз очарди.
Темир бошини қуйи солиб, ўйга чўмди. Юрагининг дахлсиз нуқтасига нимадир тегиб ўтгандек бўлди. Фақат, бу шу қадар ожиз, тушуниб бўлмайдиган бир ҳис эдики, маъносини ўзи ҳам билмасди.
У ёш жувон ёнидан ўтаркан, учинчи ҳамроҳи – қорачадан келган, ёши каттароқ хотиннинг паст овоздаги пичир-пичирига қизиқиш билан қулоқ тутди. Қизга тикилиб қолганидан хижолат бўлиб, ўзини тамомила четга олди. Қизнинг қўнғиртоб сочлари елкасидан пастга интилган, бир тарафдан юзни пардадек тўсиб олганди.
Темир яна бир маротаба қизнинг қарашини истади. Унинг юзига диққат билан тикилгиси келди. Қиз ҳам худди унинг истагини сезиб тургандек, унга мамнуният билан қараб олди-ю, тиззаси устида турган мовий сумкасидан китоб чиқарди.
Темир зерикдими, сумкасини уларнинг ёнига қўйиб, автобус бекатига чиқди. Баланд дарахтларнинг, икки қаватли уйларнинг орасидан кўринган самони уфққа ботишга чоғланган Қуёшнинг баркашдек юзи эгаллаб олганди.
Дашт бўйлаб кеч кира бошлаганди. Ҳавода чивинлар қанот қоқа бошлади. Қилт этган шабада эсмайди. Темир тоғларда сокин оқшомларнинг ранг-баранглигига ўрганиб қолганди. Табиат сезилар-сезилмас навозишлари ила уни ўзгартириб қўйганди. Гоҳида иш билан шаҳарга келганида гавжум оқшомларда кўчаларнинг алвон нурлари остида кезаркан, тоғ бағрида тикилган чодирларни, тоғларда, қояларда минг хил рангда жилоланувчи оқшомлар тароватини, дараларни буркаган сирли қоронғиликни соғинарди.
Айни пайтда тоғда қолган ҳамроҳлари чодирларга кириб олишган бўлса керак. У ана шу эркин, қайғусиз оламга маҳлиё эди. Янги жойга ўтиб, чодирларни майсазорга, бошқа гуллар орасига ўрнатган чоғида ҳам атроф унга аллақандай қадрдон туюларди.
Бари бир борар манзили тайин — ишхонасидан берилган бир хонали уй эди. Шунда яна ўша кенгликлар қайғуси уни исканжасига олар, яна мўъжаз қароргоҳига қулф уриб, хушчақчақ, ҳаётсевар ҳамроҳлари сафига, ўзи севган олам қучоғига ошиқарди. Ўз келажагини ҳам бошқача тасаввур қилолмасди.
Ким билсин, уни Зарифадан совитган, ораларига нифоқ солган нарса ҳам ана шу хусусияти бўлгандир? Талабалик йилларининг тотли севгиси ҳам уларнинг йўллари айрилган жойда якун топди. Ҳа, ҳаммаси институт сарҳадларида қолиб кетганди. Ҳа, у ерда, аудиторияда ёнма-ён ўтириб сирлашиш, коридорларда ёнма-ён юриш қанчалар осон, нақадар гўзал. У ана шу гўзалликни тоғлар қўйнига кўчирмоқчи эди. Ўртоқлари унга баъзан ҳазил қилишарди:
“Бу хоним геологга хотин бўла олармикин? Борди-ю, булоқдан сув ташишга тўғри келса, челакнинг дастаси нозик бармоқларга азият бермасмикин?”
Темир бу гаплар ҳазил эканига, Зарифанинг қалбига, ақлига ишонарди. Фақат ўзи институтни тамомлаганидан икки йил ўтиб, ишга тайинланганида, гап фақат Зарифанинг розилигига келиб тўхтаганда, ана шу умидлар бирдан лойқаланди:
– Мен ўн беш йил тоғ-тошларда сарсон-саргардон бўлиш учун ўқидимми? Одамларга кулги бўлишни истамайман.
– Туманда ҳам ишласанг бўлади-ку?
– Йўқ, шаҳарда илдиз отмасак бўлмайди, сен ҳам бу фикрингдан қайт.
– Бизнинг аспирантурамиз бу — тупроқ-ку?
– Мен умримни тоғ-тошларда чиритишни истамайман. Ота-онам нима дейди? Мен у ёқда, улар бу ёқда!
Ўшанда йигит хиёл асабийлашди:
– Мен-чи? Менда ота-она йўқми? Уларга фарзанд керакмасми?
Хуллас, келишолмадилар. Темир бахтни бошқача тасаввур қилганди. Тонг пайтлари сумкасини елкасига осиб, шабнамга беланган ўтлоқларни кезаркан, беихтиёр кафтлари Зарифанинг майин бармоқларини соғинарди. Унинг назарида, агар қиз бир мартагина бу ерга келиб, бу бахмал кенгликларни ўз кўзи билан кўрса, саҳар кезлари чодирлар ортида ястанган, оламга ёйилган оппоқ туман, денгизни томоша қилса, сирли ороллар каби унда-бунда бош кўтариб турган қояларга кўзи тушса, ҳар тунда юлдузлар сингари чор атрофдан таралаётган шаҳар чироқларига кўз ташласа ва бу ерда олиб борилаётган изланишлар, тадқиқотлар аҳамиятини англаб етса, ортга қайтмайдигандек, Темирнинг ёнидан жилмайдигандек туюларди.
Зарифанинг иддаоси эса бўлакча эди:
– Шаҳарда қолган дугоналарим уйли-жойли бўлиб, кам-кўстини битирган пайтда мен дарвешга ўхшаб кун кечиришни истамайман.
– Сен тезроқ эс-ҳушингни йиғ, – деганди Темир.
Энди ўртага инган совуқликни олиб ташлаш, Зарифа билан очиқчасига гаплашиб олиш қарорига келганди.
– Сумкангиз бунча оғир?
Бу овозни илк марта эшитиб турарди. Ўгирилди.
– Чарчаб қолмадингизми?
Сумкасини олиб келган қизнинг юзига қаролмади. Ёш жувон тарафга ўгирилди.
– Тез туриб кетибсизлар, ҳали вақт бор эди!
– Сув ичмоқчи эдик!
Йигит ҳам уларнинг фикрига қўшилди.
– Синглимнинг айтишича, сумкангиз жа оғир экан, – кулимсиради бояги аёл. – Ичига нима солгансиз?
Улар бир-бирига жуда ўхшашини Темир энди пайқади. “Опа-сингил экан-да” дея хаёлидан ўтказди ва жилмайди.
– Олтин-кумушга тўлдирганман. Геологларнинг бойлиги шу!
Темир қизнинг кўзларида аллақандай беғуборлик, бокираликни кўрди. Унинг юзи ҳам худди сутга чайилгандек оппоқ, беғубор эди. Беихтиёр ўзининг офтобда қорайган, қўпол қиёфаси билан уникини солиштирди ва дарҳол бу муқоясадан воз кечди. Унинг миясида бошқа фикр туғилганди: қизни Зарифа билан ёнма-ён қўйди.
Назарида бу аёллар унга анчадан бери танишдек туюлди. Бунинг бошқа сабаби ҳам бўлиши мумкин. Эҳтимол, бу кимсасиз вокзалда уларнинг ўзи бир эркак паноҳига киришни истагандирлар?
Шу фикрни тугатмаган ҳам эдики, елкасига бир қўл келиб тушди. Ортида эски ҳайдовчи таниши турарди. Бир пайтлар уларнинг бригадаси учун у-бу нарса ташиб юрарди. Қучоқ очиб кўришишди.
– Темир, қачондан бери сени кўрмоқчи бўлиб юрардим. Қарасам, ёнингда аёллар бор экан, чақирсамми-йўқми деб иккиланиб турувдим.
Улар ҳол-аҳвол сўрашгунча аёллар четда қараб туришарди.
– Уйим яқин, олиб борайми?
– Йўқ, раҳмат, вақт оз қоляпти. Ҳали чипта олганим йўқ.
Майдоннинг бир четига чекиндилар.
* * *
Поезд станциядан чиқди. Йўловчилар купеларга жойлашди. Ҳайдовчи “Бу ердагилар ҳаммаси танишим бўлади”, деб уларга битта купедан жой ҳозирлаб берганди. Бундан Темир ҳам хурсанд бўлди. Чамаси ёш жувон ҳам бундан рози эди:
– Қандоқ яхши бўлди-я? Ўзимизам тузукроқ жой тегармикин, деб турувдик!
Темир офтобда қорайган қўлларини поезд дарчасидан ташқарига чиқарди. Кечанинг салқин ҳавоси совуқ сувдек қўлига ёқимли тегар ва бутун бадани бўйлаб ёйиларди.
Қиз ҳам ойнага суянганча хаёлга толганди. У ойнадан ташқарига тикилиб турганмиди ё хаёли Темирдамиди, билиб бўлмасди.
Шунда бояги ёш жувон уларнинг коридорга чиқиб туришини сўраб, икковидан узр сўради. Ҳар қалай, икки хотиннинг махфий гапи борга ўхшайди.
– Тасодифни қаранг, ўзингиз геолог, исмингиз Темир?
Қизнинг кутилмаган бу гапи йигитга ёқиб тушди.
– Олдиндан билишган экан-да!
Қиз жиддийликни йўқотмади.
– Ўзингизнинг исмингиз нима? – сўради Темир.
– Нурдон, – қизнинг тараддудсиз жавоби йигитга ёқиб тушди.
– Ҳа, одамнинг исми жисмига монанд бўлади, – бу сўзларни у беихтиёр айтиб юборди.
Йўл таассуротлари, касб-кор мавзусидан четга чиқмаган суҳбатнинг қиз билан боғлиқ тарафга оғиши енгилгина ҳаяжон уйғотганди. Темир ҳам алланечук бошқача бўлиб қолганди. Ғилдираклар устида, адоғи кўринмайдиган бу йўлда бир кечанинг айрича жозибаси юз кўрсатарди. Темир бу доирадан чиқмас, чиқишни ҳам истамасди. У одатда йўлда якка-ёлғиз кетишни, шу аснода ўтган-кетган ҳодисаларни таҳлил қилиб боришни ёқтирарди. Аммо, ҳозир ёнида турган қиз унинг ёлғизлигига халал бермаса керак.
Фарқи шундаки, айни пайтда ўйлаётганларини тилига кўчирар, Нурдон эса унга қулоқ осарди.
Бу баланд бўйли, буғдойранг йигит Нурдонга бошқа бир дунёнинг одамидек кўринарди. Ундан тупроқ таровати, тупроқ тафти келарди.
– Демак, ўша тоғларга темирйўл ҳам боради, дедингизми?
– Ҳали гўзал бир шаҳар бунёд этилади, нақ ўрмон бағрида!
– Қанчалик бахтлисиз, шундай жойда яшайсиз!
– Истасангиз, сизам меҳмонга келинг.
– Меҳмонга борсам, савол беравериб, тинкангизни қуритаман-да?
– Масалан?
– Масалан, ўрмонларга, улардаги жонзотларга раҳмингиз келмайдими, дейман?
Темир бу сўзни жиддий қабул қилди:
– Маъданларнинг захираси қанчалигини биласизми?
– Ўрмон ва ундаги жонзотлар захирасини-чи? Машиналар шовқини, портлашлар ноёб жониворларни ҳам тум-тарақай қилади-ку?
– Жуда ичингиз ачиса, бориб, ўзингиз қўриқланг!
Қиз аввалига жимиб қолди, кейин сўз бошлади:
– Мен жиддий гапирдим!
Шу пайт унинг опаси купедан чиқиб қолди:
– Сизларни куттириб қўйдикми? – Кейин купе эшигини ёпди. – Бу аёл мени роса ҳайрон қолдирди. Бугунги одамларга ўхшамайди. Айтишича, кечалари ухламаскан, сирли мавжудотлар унинг ёнига келиб, бутун дунёнинг сирларини ўргатармиш.
– Ким ўзи бу аёл? – қизиқсинди Темир.
– Қўшни қишлоқдан, шаҳарга қизининг олдига кетаётган экан, бизга қўшилиб қолди.
Купе оғзида бояги аёлнинг юмалоқ юзи, ёниб турган кўзлари кўринди. Кўзлари чақнар, озғин юзида уятчан, шубҳали табассум порларди. Қўлидаги стаканни худди яширмоқчи бўлгандек кўксига сиқиб турарди. Стакан сут билан тўла эди. У катта опага юзланиб пичирлади:
– Чақалоқни уйга ташлаб келувдим, энди азобини тортяпман.
У вагоннинг бошига қараб кетди.
Нурдон Темирнинг юзига боқишга ҳам уяларди.
* * *
– Сизлар биздан кўра ёшроқсизлар, – дея уларни тепа қаватга чиқариб юборишди. Аёл Темирдан уялиб, оқ чойшабга бурканиб олганди. Ухлаяптими-йўқми, билиб бўлмасди. Қизнинг опаси эса юзтубан ётарди. Сочлари сўнгги модага мувофиқ япроқсимон қилиб ўрилганди. Осмонга қараб ётолмасди. Ниманидир ўйлаб, аста қўзғалди. Боятдан бери бир гапириб ўн кулса-да, кўзларида алланечук сокинлик бор эди.
30–32 ёшли бу аёлнинг малоҳатли юзида қайғу кўланка ташлаганди. Унда Нурдонга нисбатан меҳрдан кўра дўстона самимият барқ уриб турарди. Опа-сингил орасида сўзсиз, қарашсиз бир ўхшашлик бор эди. Ҳаракатларида бир-бирига ишонч, эркинликни илғаш мумкин. Ҳали эрта эди. Опа сукунатни бузди:
– Бизнинг даврамизда зерикиб қолмадингизми?
Темир авваллари бундай сафарни хаёлига келтирса ҳам, юраги сиқилгувчи эди. Ҳозир эса…
– Йўқ, ахир ҳамиша йўлда юракка яқин инсонлар билан ҳамроҳ бўлавермайди одам. Нурдон билан ҳам танишиб олдик.
– Сиз у чизган суратларни бир кўрганингизда эди… Ҳозир у рассомлик билим юртида ўқийди.
Бу гап-сўзлар Нурдонни ғалати аҳволга солди. У оиладаги кенжа қиз эди. Жуда ўйчан, оғир-вазмин қиз эди. Опаси уни она ўрнида ўстириб, вояга етказганди.
Бир гал, болалик йилларида уйларининг орқасидаги тепаликка чиққанди. Шу чоқ момоқалдироқ гумбурлаб, чақмоқ осмонни қоқ иккига бўлиб юборди. Икки дарё ўртасидаги бу тепалик осмоннинг қорнида осилиб турарди, гўё! Нурдон ана шу манзарани аслидагидек чизишни истаганди. Хаёлидаги ҳамма нарса чизиши лозим бўлган суратга боғланарди. Кўзи ранглардан тўймасди. Онаси унинг хаёлида тупроқ рангида, нон рангида эди. Унинг буғдойранг юзида кун ботар пайтда тандир ё ўчоқдан чиқаётган шуъла акс этарди.
Опа гапида давом этди:
– Нурдон ҳар доим нимага бизнинг ерларнинг суратини ҳеч ким ўхшатиб чизолмаган, деб юрарди.
Темир индамади: “Биласанми, онам нима деяпти? Нега ўшанга бунча ёпишиб олгансан, дейди!” Бу Зарифанинг овози эди.
– Олтин-кумуш йиққанман, десам, ишонмадингиз-а? Қаранг, қўлида ранг-баранг тошлар чиқарди. – Купенинг хира ёруғида уларнинг ҳар бири айрича кўринарди. Темир учун бу тошларнинг ҳар бири бир олам. Улар тупроқ остидан хабар узатар, юз хил фикр туғдирарди.
– Қаранг, табиат буларга қандай шакл ва ранг берган? Манави тошни “Везувийнинг кўз ёшлари” деб атаймиз. – У сумкасидан оппоқ тош чиқариб кўрсатди.
Нурдон болаларча ҳайрат билан тошни қўлига олди, ҳар томонини айлантириб томоша қилди.
– Оппоқлигини қаранг, худди қорга ўхшайди.
Темир эса турли кўринишдаги тошларни кўрсатиб, мақташдан чарчамасди:
– Қаранг, минг йиллар ўтса-да, минг кўйларга тушса-да, тош ўз рангини ўзгартирмайди, гуллар, япроқлар, майсалардан ранг кетади, тошлардан кетмайди. – У кулимсираб қўшиб қўйди. – Биз ҳам шунақамиз, ҳар хил ҳолатга кирсак ҳам, рангимиз ўзгармай қолади.
Нурдон эшитиб турарди. Унинг назарида бу йигитнинг қалби худди сумкасидаги тошлар сингари ранг-баранг орзуларга тўла эди. Бу тошлар гулдек пок, оппоқ…
Опаси ғамхўрлик билан деди:
– Юқори совуқ бўлади, ойнани ёпинглар!
Тепадагилар кўнишмади: салқин бўлиб тургани яхши!
…Иккови ҳам юзтубан узаниб, атрофга ёйилган кечанинг қуюқ нафосатини томоша қилишарди. Ҳар-ҳар замонда йўл четидаги чироқлар уларнинг юзларини ёритиб ўтарди.
Ойнадан юлдузли осмоннинг этаклари, ҳар замонда қишлоқларнинг чироқлари кўриниб қоларди. Бу нурлар эса ёз кечасининг қоронғилигини янада қуюқлаштирарди. Пастда ҳалиги хотиннинг қутида олиб кетаётган товуқлари қақақлади. Темир ғилдиракларнинг товуши сукунатни бир текисда бузиб турарди.
Купе ойнаси пастга туширилганди. Купега ёвшанларнинг ёқимли ҳиди оқиб кирди. Сал ўтиб, Нурдон қуниша бошлади: сарин ҳаво ўзини кўрсатганди. Темирнинг фикр-ёди унда эди. Қизнинг уйғоқлигини ҳис этиб турар, ҳар замонда ичкарига тушиб турадиган чироқ шуъласи унинг шаҳло кўзларини ошкор этиб қўярди. Темирнинг хаёлида уларнинг бояги суҳбати қоронғилик ва сукунат тилида давом этарди.
Қўлини узатиб, ойнани кўтармоқчи бўлди. Бўлмади. Бунинг учун пастга тушиш керак экан. Аммо, пастдагилар безовта бўлишади. Қалин парданинг Нурдон тарафдаги қисмини тортиб, ўзи тарафидаги билан бирлаштирди ва шу тахлит тутиб турди. Қўйиб юборса, совуқ шабада пардаларни икки тарафга суриб, купега оқаверади. Шу тахлит қанча турганини билмайди. Аммо, Нурдоннинг ҳам қўли шу яқин орада эканини сезиб турарди. Қиз билан ўртасидаги бу қадар яқин масофа қандайдир бир сеҳрли сирдек эди.
Бу шуурий суҳбатда, ўзи сездиришни истамаган ғамхўрликда тасалли ва саодат туйғуларини ҳис этарди. Балки бу туйғулар Нурдонга ҳам бегона эмасдир, деб ўйларди йигит.
* * *
Эрталаб вокзалга тушиб, платформадан кета бошладилар. Аёл ортига ўгирилиб, хайрлашар пайти “Эрталабгача ухлолмай чиқдим”, деди. Темирнинг кулгиси қистади. “Бугун ҳам унга бирор бир сирни ўргатиб кетишгандир-да!” дея хаёлидан ўтказди.
Аслида чиндан ҳам туни билан мижжа қоқмай, ҳаяжон ва изоҳсиз яқинлик ила тонгни қарши олганлар бошқалар эди. Улар жим эдилар. Нурдоннинг кўзларида қандайдир илинж порларди. Ортда қолган тун қайтарилмас, тотли ва олис бир тушга айланганди. Бу туш қизга қандай таъсир кўрсатгани маълум эмасди. Трамвай йўлига келиб тўхташди. Опа катта сумкани Темирнинг қўлидан олди.
– Саломат бўлинг, ука, сизни анча овора қилдик!
У розилик кутмаётганди, кутилмаганда бошланган ва туташган бу йўлдошлик кутилмаганда жуда оддий якун топиши унга ёқмаётганди. Қизга қаради, Нурдон нимагадир андармон бўлган каби бошқа тарафга назар соларди.
Темир хиёбон тарафга бурилди. Осмонга интилаётган фавворалар ёнидан жим ўтди. Хиёбон йўлакларида ҳеч ким кўринмасди. Зарифа билан кўришишлари керак. Аммо, ўзи учун аллақачон маълум бўлган масалалар устида янгитдан бош қотиришни истамасди. Қаршисида турган куннинг интиҳоси ҳам мана йўлакнинг охири сингари бўм-бўш кўринди.
Йўлак четига терилган ғиштларнинг сарғиш рангини илк бора кўраётгандек эди. Беихтиёр жойида тўхтаб қолди. Кейин илкис ортига қайтди. Фавворани айланиб ўтиб, хиёбондан чиқди. Кенг кўчага, майдонга кўз ташлади. Тунги ҳамроҳлар буюк шоирнинг ҳайкали қаршисидаги бекатда туришарди. Уни кўриб қолишди. Темир секин чақирди:
– Нурдон!
Қиз тараддудланиб, у тарафга бир-икки қадам босди.
– Эсимдан чиқарибман, буни сизга совға қилмоқчи эдим. – Темир сумкасидан оппоқ товланиб турган тошни чиқарди. – Сизга ёқиб қолганди…
Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси