Элчин Ҳусейнбейли. Анор (ҳикоя)

Ўша кун аниқ ёдимда қолган. Ўзи ҳар бир кунни соат ва дақиқаларигача эслаб қолиш қобилиятим йўқ. Ўшанда қарийб бир кунни ҳожатхонада ўтказган эдим. Бу жой билан уйимиз орасини эртадан кечгача қадамлаб ўлчаб чиққанман ўшанда. Бундан бир иш чиқмасди. Бувим шу куни кечгача мен билан қарғана-қарғана шу йўлдан неча марта қатнади. Мениям, анорниям, эккан одамларниям авра-астарини ағдариб чиқди. Мени — “ижод қилганлар”ни-ку, сўкса бўлар. Чунки уларнинг фатвоси билан қишлоққа жўнатилганман.
Лекин, мен жудаям яхши кўрадиган анор энди мени жуда қийин аҳволга солиб қўйганди. Мен билан тинимсиз олишарди, гўё.
Анорни жуда яхши кўрардим. Чунки унинг қип-қизил, йирик ва серсув доналарининг сувини болаларнинг юзига сачратишдан мароқлироқ иш йўқ бу оламда. Яқинда мактаб ҳам бошланади. Аслида мактаб анча олдинроқ очилиши керак эди. Негадир, ўша йил кечроқ бошландими ёки анор ҳали пишиб етилмагани учун дарсга бор­гим келмадими… Хуллас, эсимда йўқ-да! Кўчага чиқа олмасам, анчадан бери ўйлаган орзумга етол­маслигимни ўйлаб сиқилардим. Чунки болаларнинг оппоқ кўйлагига анор сувини сачратишни жуда ёқтирардим. Менга энг ёқадигани эса шунақа ҳунар кўрсатганимдан кейин бошланадиган томо­шалар эди. Мен “қонга белаган” болаларнинг ота-оналари ва ўқитувчилар бечора бобом билан бувимни ўртага олишарди.
Ўшанда мен ҳақимда айтилган таърифу тавсиф­ларнинг ҳаммаси эсимда қолмаган. Эслайдиган гап ҳам эмас. Шуниси эсимда қолганки, бу тўполонда менинг барча инсоний хислатларим таҳлил қи­линар, мен феълимга кўра тенгдошларимдан кескин фарқ қиламан ва асосийси, ҳамма мендан қўрқарди.
Дарвоқе, менга қишлоқда “Шака” деб от қў­йишганди. Ўша пайтлар “Гул ва тош” фильми жуда машҳур эди. Мен бу кинони илк марта қўшни қишлоқда кўрганман. Ўшанда клуб оғзи-бурни қадар одам билан тўлиб-тошганди. Бўйим паст бўлгани учун клубнинг деразасига чи­қиб томоша қилгандим. Ҳаммаси жуда қизиқ эди. Айниқса, ниҳояси томошабинларни қаттиқ ҳаяжонга соларди. Шака ўз итининг орқасидан Шанти олиб кетилган тарафга югуриб кетарди…
Одамларнинг қий-чувини эшитиб, улар Шака­нинг итидан ҳам тезроқ югуриб, Босс дегич амакининг тит-питини чиқариб келишга тайёр туришганини англаш қийин эмасди. Ўша фильмни кўриб, кўпчилик ёшлар Шакага тақлидан юриш-туришга, кийинишга, унинг уришиш усулларини қўллашга ўтиб кетишганди.
Шака монанд машқлар натижасида бировлар­нинг оёқ-қўли синар, ҳазил зилга айланиб, ростакам муштлашув бошланиб кетарди.
Айтгандай, мен қишлоққа фахрий сургунга жўнатилганман. Сабаби менга боғлиқ эмасди. Чунки мен бирор жиддий гуноҳ қилганим ҳам йўқ. Фақат бир марта қўшнимизнинг деразасини синдирдим. Бир марта (ўзи ҳар гапни айтиб бўл­майди, акс ҳолда менинг ҳусни одобимга шубҳа туғилиши мумкин) муаллимамизнинг аллақаерига яширинча қарабман. Иннакейин, укамнинг оёғини осмондан келтириб дарахтга боғлаб қўйдим. Албатта, бундан катталар хабар топиб, укамни қутқариб қолишди.
Алам қилгани шу бўлдики, менинг бу ҳазил­ларимни ҳеч ким тушунмади. Ҳатто мени жуда яхши кўрадиган бобом ҳам. Ҳа, айтганча, бир гал қўшнимизнинг мушугини ушлаб, думига олов бериб юборганимни айтиш эсимдан чиқибди. Яна анчасини эслолмадим. Аслини олганда, буларнинг бирортасини ёмон ниятда қилганим йўқ. Менимча буларнинг ҳеч бирини ёмон иш деб бўлмайди.
Қишлоққа сургун вақтини меҳмон бўлиб кел­ган амакиваччамни денгиз бўйига элтиб, адаш­ти­риб келишим тезлатиб юборди. Бунга ҳам ўша амакиваччамнинг ўзи айбдор. Мақтанчоқликка бало борми? Нима эмиш, ҳамма нарсани, ҳатто умбалоқ отишни ҳам мендан яхши билармишлар. “Э, менга нима”, дедим-у, туриб-туриб алам қилди. Рост-да, бу ҳунарда менга етадигани йўқ. Меҳмонлар олдида ўз маҳоратимни кўрсатаман деб, кўп бор калтак еганман.
Жаҳлим чиқиб, севимли амакиваччамни ден­гиз қирғоғида қолдириб, ўзим бекиниб олдим. Кейин эса бир четда шаҳар кўчаларида келаётган машиналарни томоша қилиб ўтиравердим. Сўнг уйга қайтдим. Ёмон иш бўлгани йўқ. Севимли амакиваччам ҳам йўқолиб кетмади. Бари бир топиб келишди.
Ўшанда, адашмасам, етти ёшларда эдим. Бир гап бўлди дегунча бувим менинг ёнимни оларди: “Ҳали бу гўдак бўлса, кўп нарсага ақли етмайди” дерди. Тўғри айтарди бувим, бу фикрга ўзим ҳам қўшиламан.
Ўша йил ёшим етгани учун би­ринчи синфга бордим. Аввалига ҳаммаси бир зайлда кетаётганди. Бир куни қўлим қичиб қол­ди ва панжамнинг бўёғини олд партада ўтирган Кўнгил исмли қизнинг оппоқ бантигига артдим. Нима қилай, ўз кўйлагимга артишим керакмиди? Уйдагиларнинг қўл кирини кийим-бошга артмас­лик тўғрисидаги панду насиҳатлари жон-жоним­дан ўтиб кетганди ва буни амалда қўллаб кўргим келди. Ўйлайманки, бу ишим фақат таҳсинга лойиқ бўлиши керак эди. Эсимда, ўша куни онам мени қучоғига олмади, отам эса мени балконда ётишга мажбур қилди. Таътил бошлангач, отамнинг фат­воси, бувим ва бобомнинг таклифи билан мени қишлоққа жўнатдилар. Ўзи бобом ва бувим биз­никига келиб қолишса, дарров қишлоқни соғиниб қолишар ва тезроқ уйга отланиб, мени ҳам опкетгилари келарди.
Рост, қишлоққа бадарға қилишларидан олдин ўзларича тор доирада йиғилиш ўтказилди. Менинг таржимаи ҳолим, қўшни қизнинг этагини кўтариб қочганимдан тортиб, мушукнинг думини ёқиб юборганимга қадар бўлган фаолиятим қисқача таҳлил қилинди.
Эс-эс биламан, отамнинг қаршисида унинг ҳамма гапларини бош ирғаб тасдиқлаб ўтирган эдим. Очиғи, унинг гапларида ҳақиқатга яқин фикрлар кўп эди, мен бундан ўзимча зарур ху­лосалар чиқарар, ўз хатоларимни тушунгандек бўлардим. Масалан, қўлимни Кўнгилнинг оқ бан­тигигамас, бинафшаранг кофтасига артсам, ранги билинмасди. Муаллиманинг аллақаерига синфда ҳеч ким қолмаган пайти, дарсдан кейин ҳам қа­расам бўларди-ку? Мушук масаласига келсак, бу менинг юксак маҳоратимдан дарак беради. Унинг думини ёқиб юборганимдан пушаймон эмасман. Чунки (гарчи бу томоша менга манзур бўлса-да) унинг ўзи ҳам мен ёқтирган чумчуқларни ушлаб ер эди. Ана шулар ҳақида ўйлаб турган пайтимда отам устимдан чиқарилган ҳукмни ўқий бошлаган эди.
Бошқа нарса менинг ғашимга тегаётганди. Онам ҳадеб бошимни силаб, пешонамдан ўпаверар, бу эса фантазияларимнинг ривожига ва отамнинг гапларини бош ирғаб тасдиқлашимга халал бе­рарди…
Ҳозир эса ҳожатхонада ўтириб, ўша кунларни орзиқиш билан эслаяпман. Аслида қишлоқ менга жуда ёқарди. Чунки бу ерда менинг ўзимга яраша обрў-эътиборим бор эди. Ҳеч ким мушугимни пишт деёлмасди. Мен шаҳардан ўзим билан бир ўйинчоқ тўппонча олиб келгандим. Болалар ўшани бир марта отиб кўриш учун мени аравага солиб сайр қилдиришга, қўлларини осмонга кўтариб отдек кишнашга, эшакдек ҳанграшга тайёр эдилар. Умуман, ҳаммаси яхши эди. Гоҳида қишлоқда туғилмаганимдан афсусланиб ҳам қўярдим.
Ҳозир қорним бураб оғрияпти. Ортиқча куч сарфлашдан наф йўқ. Бизнинг уйдан анча нари­даги майдончада болалар футбол ўйнаяпти. Менсиз ўйиннинг қизиғи ҳам бўлмаса керак. Чунки уларнинг бор-йўғи кичкина резина коптоклари бор. Катта чарм тўп эса фақат менда бор эди, болалар унга худди Пеленинг оёғи теккан тўпдек қарашарди.
Ўзим ўйнамаган пайти тўпни уларга бермасдим. Мен ўйнайдиган бўлсам, капитан бўлишим шарт эди. Тўғрироғи, менинг шартим шунақайди. 11 метрли жарима тўпини ҳам фақат мен уришим керак эди ва бунга майдоннинг қайси томонида йиқилишимнинг аҳамияти йўқ эди. 11 метр ма­софани эса ўзим майда қадамларим билан ўл­чардим. Менинг тўпимни қайтариб қолган дарво­забон ўйиндан чиқариларди. Борди-ю, тўп нотўғри кетиб қолса, қайтадан тепардим. Қоида шунақа-да! Чунки тўпнинг хато кетишига кутилмаганда эшакнинг ҳанграши, ит ҳуриши ёки кимнингдир чуқурроқ нафас олиши сингари арзимас ҳодисалар сабаб бўларди.
Баъзида жаҳлимни чиқаришса, индамай тўпни қўлтиғимга уриб, майдонни тарк этардим. Мени яна қўлга олиш учун каттароқ мукофот тикилиши лозим эди. Табиийки, мен унчалик содда бола эмасдим. Одатда, мен ўйнаган жамоа, албатта, юти­ши керак эди, акс ҳолда эртаси куни тўпимни бермай қўйишим мумкин бўларди.
Албатта, бу ҳангомалар ҳамма вақт тинч муроса йўли билан кечмасди. Мен ўз мавқеимни ҳимоя қилиш учун унча-мунча куч сарфлашга мажбур бўлиб қолардим.
Ўшанда мен жуда ҳам зерикардим. Темирйўл­нинг четларида тушиб қолган сигарет қолдиқла­ри­ни болалар менсиз териб олишадиган бўлди. Йўқ, мен-ку, умуман чекмасдим… ўшанда. Бироқ, си­гарет қолдиқларини эрталаб териб келиш фақат менинг ишим эди. Кашанда болалар ҳар куни менинг атрофимда гирдикапалак бўлишарди. Мен эса бу қолдиқларни уларга сотардим. Аввалига ҳаммасини бир нархда сотавердим. Кейин узун-қисқалигига қараб нарх қўядиган бўлдим. Насияга оладиганлар ҳам бўларди, олма, ёнғоқ, анорга алмашадиганлар ҳам… Ҳар ҳолда менга ҳам бир нима қоларди-да. Бу даромаддан ташқари бобом ҳар ой пенсиясидан менга бир сўмдан берарди.
Бир гал мен наматнинг тагидан яна бир сўм топиб олдим. Пул бобомники эди. У кексайиб қолган, ҳамма нарсага эътибор қилавермасди. Ҳар доим пулни тўрт буклаб қўярди. Буям уники эканига шубҳам йўқ. Аввал ўша пулни қидириб анча ивирсиди, кейин эса ёдидан кўтарилди. Ўша пулга нима олганим ҳам эсимда йўқ.
Қишлоғимиздан анча нарида темирйўл станция­си бор эди. Мен уйдагилардан аразлаб кетиб қол­сам, биринчи бўлиб ўша ёққа қочиб борардим ва ўз қочишимни “сценарийлаштирардим”. Ана шундан кейин мени қанча ваъдалар билан ялиниб-ёлвориб уйга олиб келишарди. Мени ортга қайтариш жа­раёнида шўрлик бобом анча азият чекарди.
Ҳар жойда бўлганидек, ўша ерда ҳам битта қиз бор эди. Борингки, мен уни севардим ҳам дей­лик. Чунки ҳар гал уни кўришим билан қўлимда нима бўлса — ботқоқликдан тутиб олган қурбақа бўладими, дарахт танасидан терган қуртларим бўладими, ҳаммасини ирғитиб, кафтимнинг лойи­ни шимимга артардим-да, сочларимни текислашга тушардим. Ўша куни ҳам мен ҳожатхонада ўтир­ганча ўша қизни эслаган ва ҳозиргидек соғинган эдим.
Бувим бўлса ҳалигача мен билан анорнинг гўрига ғишт қаламоқчи бўларди. Қаршимда ўтирганча менга ачиниш билан қараб қўярди. Менинг эса ташқарига чиққим йўқ эди…
Ўша пайтлар қишлоқда ҳамма нарса бор эди. Уларнинг ҳаммаси эсимда қолмаган. Эсимда қол­ганда нима? Вей, ўзи мен нималарни валақлаб ўтирибман. Сизга ҳар гапни айтавераманми? Бо­ринг-э!

Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси