Мефрау Волсма ўн гульденлик қоғоз пул ерга қандай тушганини аниқ–тиниқ кўрди. Пул олдинрокда турган чарм курткали бақалоқ одамнинг ҳамёнидан сирғалиб чиқиб, почтахонанинг иркит полига – кампирнинг шундоққина оёқлари остига тушди. Кампир ўйлаб-нетиб ўтирмай, унинг устига ўзининг рўзғор сумкасини қўйди.
– Кимнинг навбати? – деб тўнғиллади кассир.
– Менинг навбатим, иним, – деди кампир ва пулни рўзғор сумкасига қўшиб эпчиллик билан олдинга сурди, сўнг пальтосининг чўнтагидан эскириб кетган ҳамёнини чиқарди.
– Одамларнинг вақтини олмай, тезроқ қимирласангиз бўларди, онахон, –деди ойна ортида ўтирган мулозим жаҳлини зўрға босиб. Мижознинг мункиллаб қолганигина уни бор заҳрини тўкиб–солишдан аранг тийиб турарди.
Кампир титраган қўллари билан ўғлидан келган тўрт гульден пул қайд этилган почта қоғозини олди. Ўғли ҳар ҳафта унга тўрт гульден жўнатиб туради. Негаки қариялар уйида пул беришмайди.
– Марҳамат, иним, – деди кампир дадиллашиб.
Кассир почта қоғозини текшириб кўргунича кампир шартта энгашиб, сумканинг остидаги пулни олди ва ҳамёнига урди. Сўнг қаддини ростлаб, мунис ва мўътабар онахонларга хос маъсумлик билан почта ходимига боқди.
– Мана бу ерга қўл қўйинг.
Мулозим тўрт гульденни санаб, мармар пештахта устига ташлади. Ҳаяжондан терга тушган кампир пулни қўлидаги ўнталикка қўшди ва ҳамённи сумкасига урди.
– Баракалла, иним, омон бўлинг.
Кассир жавоб ўрнига яна тўнғиллади:
– Кимнинг навбати?
Ҳеч ким ҳеч нарсани сезмади. Кампир елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлиб, эшик томон шошилди ва айвонга чиқиб, тоза ҳаводан ўпкасини тўлдириб нафас олди. Вужудини илиқ бир ҳаяжон чўлғаб олганди: буни қаранг, ўн гульден–а! Ўн гульденга энди у истаган нарсасини сотиб олиши мумкин. Истаган нарсасини!
Одатда мефрау Волсма магазинлардаги молларни витринадан узоқ томоша қилар, аммо остона ҳатлаб ўтишга журъати етмасди. Энди улардан бирига шартта кириб, сотувчисига: “Қани, она қизим, менга анавини беринг–чи!” – дея олади.
У отаси антиқа совга олиб келган қизалоқдай қувончдан дир-дир титрарди.
Кампир бирдан қўрқувдан тошдай қотиб қолди. Чарм курткали бояги бақалоққа кўзи тушганди. Бақалоқ тош зинадан кўтарилиб, яна почтахонага кириб кетди. Унинг касалманд юмалоқ юзи асабий кўринарди. Ёнидан ўтаётиб, кампирга кўз қирини ташлаб қўйди.
“Пулини излаб келяпти”, – деб ўйлади мефрау Волсма. У кўзлари хиралашганига ҳам қарамай шоша–пиша зинадан тушди ва кўчани кесиб ўтиш учун йўлак сари юзланди.
– Шошилманг, мефрау!– деган овоз эшитилди ортидан.
Тамом! Энди пулни тортиб олишади. Балки, боплаб жазосини ҳам беришар. Ана, яқинда магазинда биттагина соч қистиргични сўрамай олгани учун бечора Реесни бир ой кўчага чиқармай қўйишганди. Энди унинг бошига ҳам шундай қора кунлар тушади.
– Кўчани мундоқ кесиб ўтмайдилар–да.
Уни тўхтатган оқ фуражкали полициячи экан.
– Бунақа жойда кўзга қараш керак, хола, кўчанинг гавжумлигини кўрмаяпсизми? – деди у меҳрибонлик билан.
Полициячи уни етаклаб трамвай бекатигача олиб бориб қўйди. Кампир сумкасини бағрига босганча уйига жўнади. Қариялар уйи олдида трамвайдан тушди. Қўрқув ўтиб кетган, боягина бутун вужудини жунбишга келтириб турган ҳаяжондан ҳам асар қолмаган эди. “Бу пулга нима олсам экан?”, деб ўйлай бошлади. Бирор ширинлик олгани маъқулми? Шундай егулик олиши керакки, тўшакда ётганча ими–жимида ейиши мумкин бўлсин. Йўқса, бошқалар билан баҳам кўришига тўғри келади. Бошқаларга берса, ўзига нима қолади? У кўпинча орзу–хаёлларга ғарқ бўлганча олдида узоқ туриб қоладиган ҳашаматли магазиннинг ойнаванд витринасига суқланиб қаради. Сўнг дўконга дадил кириб, тантанавор оҳангда деди:
– Омонмисиз, синглим? Юз грамм “Олча” конфетидан, юз грамм олма шарбати қўшилган анави шоколадингиздан берсангиз.
Томошани кўринг! У илгари – ҳали уй–жойи, оиласи бор маҳаллар шундай дадил гапира оларди, дасти узун эди.
– Мана, марҳамат. Икки гульдену ўттиз центлик бўлди.
Мефрау Волсма ўнталик пулни пештахта устига қўйиб, ширинлик солинган пакетни сумкасининг тубига жойлай бошлади.
– Кечирасиз, пул ўрнига шуни бермоқчимисиз? – деб сўради сотувчи қиз мулойимлик билан. – Бу – реклама қоғози-ку!
Сотувчи қиз кампирнинг пештахта устида турган ҳамёнини олди:
– Келинг, яхшиси, ўзим қарашиб юбора қолай… Хўш, мана пулингиз… тўрт гульден… Қаранг, сиздан уч гульден оляпман… энди етмиш цент қайтим беришим керак…
Сотувчи пештахтага мовий қоғозни бепарвогина ташлаб қўйди. Мефрау Волсма қуюқ туман орасидан унинг шундоққина ўз оёқлари остига сирғалиб тушганини элас-элас кўрди.
Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил 6-сон.