Симон Кармиггелт. Сўз (ҳикоя)

Мени давлатга қарашли бир муассасага юборишди. Материал олиб келиш учун. Уша материалга таҳририятимиз кўз тикканига анча бўлган эди. Сўраб–суриштириб, беш-олти хонага бош суқиб чиққанимдан сўнг, ниҳоят, зарур туйнукни топдим. Туйнук ортида – каттакон залда ўттизга яқин эркагу аёл мук тушиб нималарнидир ёзиб ўтрибди. Гўё улардан муҳимроқ иш қилаётган, улардан бандроқ одам йўқ.
–    Бу масалада сиз илгари ҳам бир неча марта келгансиз, тўғрими? – деди менинг дардимни эшитиш учун туйнук олдига келган бир ходим. – Хў-ўш, материал деярли тайёр. Фақат сувофиқлаштириш қолди, холос. Шу боис келгуси ҳафтада хабар олсангиз…
–    Маъқул, – дедим мен ва туйнукни тарк этдим.
Лекин йўлакка чиққач ўйладим: сувофиқлаштириш нима дегани ўзи? Мувофиқлаштириш, синаб кўриш, имзолаш, келишиш деган сўзларни биламан, аммо «сувофиқлаштириш»ни умримда биринчи бор эшитишим эди. Ишхонамга қайтиб борганимдан сўнг бошлиғим билан бўладиган суҳбатни кўз олдимга келтирдим. «Хўш, материални олиб келдингизми?» «Йўқ, уни ҳали сувофиқлаштиришлари керак экан». «Бу нима деганингиз?» «Ўзимнинг ҳам ақлим етмайроқ турибди…» Шарманда бўлишим аниқ. Одамзоднинг ўз нодонлигини тан олиши қийин. Шундай бўлса–да, бироз иккиланиб турганимдан сўнг, ортимга қайтдим ва тўғри залга кириб бордим. Қоғоз қоралаб ўтирган ўттиз инсоннинг ҳаммаси қўлидаги ишини шартта четга суриб, менга синовчан тикилди.
–    Яна нима гaп, жаноб? – деди бояги ходим.
–    Сиз ҳали менга, – дедим иккиланиброқ, – «сувофиқлаштириш» деган бир сўзни айтдингиз. Гапим балки сизга жуда нодонликдек бўлиб туюлар, лекин ўша сўз нимани англатишини билмас эканман…
Бизни кузатиб ўтирганларнинг аксари тасдиқ маъносида бош ирғади: ҳа–я, нима дегани ўзи?! Қаршимда турган ходим ҳам бироз ҳаяжонда эди.
–    Ишонинг, жаноб, – деди у тирсагимдан ушлаб, – буни, ростдан ҳам, тарихий лаҳзалар, деса бўлади.
–    Нега?
–    Негаки, сиз «сувофиқлаштириш» нимани англатади, деб сўрадингиз. У ҳеч нарсани англатмайди. Шунчаки, йўлига айтилган сўз. Ўзим ўйлаб топганман. Келавериб жонимизга тегиб кетган бир мижоз бир гал яна мана шу туйнук олдида пайдо бўлдию, бажаришимиз учун анча–мунча вақт талаб этиладиган ишни тезроқ ҳал қилишимизни сўраб, шошираверди. Мен унга: «Жаноб, сиз мутлақо ҳақсиз. Лекин ишни сувофиқлаштириб олишимиз учун бизга яна бир ҳафтагина муҳлат беринг», дедим. Бу сўз ўз–ўзидан, жуда самимий бир вазиятда туғилди ва айтилди. Аммо мижозга ғоят зўр таъсир қилди, у ҳовуридан тушдию жўнаб қолди.
Шу-шу, бу сўз жонимизга ора кирадиган бўлди. Чунки, у ҳар қандай вазиятда ҳам асқотар экан. Масалан: «Афсуски, жаноб Фредерикс жойларида йўқлар, – деймиз. – У киши бугун пешиндан кейин сувофиқлаштириш билан банд бўладилар». Бу гапни эшитган мижоз: «Э, ҳа–а», – дейди–да, тавозе билан чиқиб кетади. Ҳатто, кимдир бирор папкани олиб (ичида нима борлигини Худо билади!), иккинчисига: «Марҳамат қилиб, мана шу ишни сувофиқлаштириб юборинг», деса, олам – гулистон. Қарабсизки, папкани қўлига олган одам кўздан ғойиб бўлади ва ишни топшириққа мос тарзда ўзгартиришга ҳаракат қилади. Бир куни биз, – деб гапида давом этди ходим, – раҳбарларимиздан бирининг столига қозон ювиладиган дасмол тўла қутини қўйиб, ёнида: «мазкур дасмолдаги тешикчаларни шахсан ўзингиз сувофиқлаштириб беришингизни илтимос қиламиз» деган мазмунда хат қолдирдик. Эртаси куни қай кўз билан кўрайликки, бошлиғимиз, илмий даражага эга, зиёли одам ўша мактубимизнинг орқасига: «Дасмолни текшириб чиқдим, ҳаммаси жойида», деб ёзиб қўйибди. Кўрмайсизми, у ҳам эҳтиёткорлик билан иш тутган–да. Сувофиқлаштириш нималигини билмаслигини ҳам, нодонлигини ҳам сездирмаган.
Ходим ўйлаб топган бу кашфиётнинг фалсафий теранлигига тасаннолар айтиб, хайрлашдим. Бироқ эшикка яқинлашганимда у ортимдан хитоб қилди:
–    Жаноб, мен… Албатта, катта рағбатдан умидвор эмасман. Лекин, шундай бўлса–да, бу ихтирони мен кашф қилганман. Шу маънода мукофотми ёки бошқа бирор рағбатлантиришми, дегандек… иложи йўқмикан?
–    Суриштириб кўраман.
–    Жавобини қандай билсам бўлади? – деб сўради у тоқатсизлик билан.
–    Кутинг, – дедим мен. – Сизни бу масалада ўзим сувофиқлаштираман.

Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил 6-сон.