Мен ҳилватроқ тамаддихонада зўр бериб дўлма чайнамоқда эдим. Дўлмаки, инсон зотига қасди бор бирор думбил қайсидир ўлаксахўрнинг мурдасидан шилиб олган сақичсимон гўштдан тайёрланган бўлса керак.
Уни сабр-матонат билан чайнамоқ, сўнг бир амаллаб ютмоқ пешонамга ёзилган бўлса, начора. Қорнимни нима биландир қаппайтиришим керак-ку, тўғрими? Аслида, дўлма деганнинг ўзи ҳам ушбу емакхонага – пориллаб турган чироқлару алмисоқдан қолган мебеллар қалаштириб ташланган омборхонага мос. Шу атроф-жавонибдаги сўққабош эркакнинг барини шу ердан топасиз. Улар худонинг берган куни кунда-шунда: газетасини сунъий гул солинган гулдоннинг устига ёйиб, таомномада қайд этилган нарсанинг ҳаммасини ямламай ютади.
Ягона мулозим – аллақачон элликни уриб қўйган, тарашадек қотма, нуҳатдай миттигина аёл столлар ўртасида пилдираганча уларнинг хизматини қилади. Олдингизга лагану ликопчаларни қўйиш асносида у сизга мўлтираб қарайди.
“Мана, оғажон, қорнингизни яхшилаб тўйдириб олинг”, деётгандай бўлади.
Унинг бу ҳокисорлиги ҳаммага ёқади.
Тунов куни, биз, ҳаммамиз насиб этган тансиқ таомларни паққос тушираётганимизда, тамаддихонага бир одам бош суқди. Олтмишни қоралаб қолган ва аллақачон сондан чиққани кўриниб турган бу одам аллатовур – ғалати кийиган эди. Бошига қўндирган соябони қозондай кенг эски шляпаси, агар қадим замонларда бўлганида, унинг киборлар қавмидан эканини англатиб турарди. Шу топда у ғоят ҳаяжонда эди. Остонада тўхтади-да, гўё нутқ ирод этишга ҳозирланаётгандек, ўтирганларга бир қур кўз югуртириб чиқди.
-Ҳалойиқ! – деб ҳайқирди тусатдан.
Афтидан у оломонни охир замон келганидан огоҳ этишга шайланган эди. Чамаси, бундай ваҳимали гапларга ҳали-ҳамон ишонадиганлар бор, деб ўйласа керак. Аҳли суққабошнинг ҳаммаси бошини лагану газетадан кўтариб, унга қаради. Шляпали одам қўлини олдинга чўзди ва титраётган кўрсатгич бармоғини хизматчи аёлга нуқиб, яна қичқирди:
-Ҳалойиқ! Мана бу хотин –суюқоёқ! Бузуқ!
Сўнг у дастрўмолини чиқариб, ўз фикрини тасдиқламоқчи бўлгандай бурнини қаттиқ қоқди. Хўрандалар, арғамчига тизилаган қушлар каби ҳаммаси бир қалқиб тушди. Нигоҳларида пайдо бўлган ифодага қараганда, улар аввал табаррук китобларда дарж этилган “суюқоёқ” сўзининг маъносини англаб етди, кейин ишонч ҳосил қилиш учун ҳаммаси аёлга қаради.
-Қани, тезда даф бўл бу ердан, бетайин! – деб қичқирди аёл.
-Акки!.. – меҳр билан ҳитоб қилди эркак.
Оқибатда ҳамма аёлнинг исми Акки эканини билиб олди ва уни шундай деб чақирадиган бўлди.
Аккининг ҳушдори – ошиғи бор.
Дуруст-ку, савил.
-Ҳозир хўжайинни чақираман, – деб пўписа қилди аёл.
-Хўжайин эмиш! – захарҳандалик билан қичқирди эркак. – Яхшиси жазманим десанг-чи!
Залнинг охиридаги эшик очилиб, ундан ўн икки ёшли болакайдек пакана бир ялтирбош одам ўқдек отилиб чиқди. Эшик олдида турган эркакнинг олдига бориб, муштини ўқталди:
-Ҳақингни олмоқчимисан? Айт, ҳаққингни берайми-а?
Эркак ортига чекинди ва эшик тутқичига ёпишди.
-Ҳали кунингни кўрсатаман, – деб ғудранди.
Сўнг жуфтагини ростлади.
Ҳамма иштиҳа билан яна овқат кавшамоққа киришди.
Ялтирбош жойига қайтди. Ғуссаманд одамнинг қораси қайта кўринмади. Гўё ҳеч гап бўлмаган, ҳеч бир воқеа юз бермаган эди.
Шундай бўлса-да…
Биз энди хизматчи аёлга бошқачароқ қарай бошладик, буни унинг ўзи ҳам сезди. Юз-кўзида сезилар-сезилмас ғамзаю ишва пайдо бўлиб, қадам олишлари чорак соат аввалгига нисбатан анча енгиллашгандек, ҳорғинлиги кетгандек туйила бошлади. Буни қарангки, шу бечоранинг ҳам ошиғи бор экан. Бу бизнинг етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган эди. Энди билдик. Бу янгиликдан огоҳ бўлганимизни унинг ўзи ҳам билди. Шунинг ўзи унга ғоят ғурур, завқ бағишлаётган эди.
Кейин кўчада соябони кенг шляпа кийган бояги одамга дуч келдим: бечора скамейкада буткул эзилган, ғуссага ботганча бир нуқтага тикилиб ўтирарди. Уни шафқатсизларча ранжитишган эди. Назаримда, киночилар ишқ аҳлини доим ялтир-юлтир ҳолатларда кўрсатавериб бизни анча эркалатиб қўйган. Тўғри-да, “Ромео ва Жулитта”ни ким ҳам икки бадбашара майриқ қиёфасида суратга оларди?
Аслида, шундай қилса, анчайин чиройли чиқиши мумкин.
Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси.