Симон Кармиггелт. Ҳеч кимга осон эмас (ҳикоя)

 -Айтмаган эдимми, яна ҳамма ёқни кулга ботирдингиз, – деб тўнғиллади хотин. – Оёғингизнинг остига қарасангиз-чи, барака топгир!
 Эр одатда кечки овқатдан кейин қўлидан қўймайдиган газетани тиззасига тушириб, гиламга қаради.
 -Салгина-ку. Шунга шунча ваҳимами?
 -Бурнингизнинг шундоққина тагида кулдон турибди, ахир! – овозини баландлатди аёл.
 Эр ётган жойидан пастга эгилиб, гиламни пайпаслаган бўлди.
 -Мана, олам – гулистон. Энди кўзимни албатта каттароқ очаман. Чин сўзим. – Унинг овозидан муроса руҳи сезилиб турган бўлса-да, гўдакка муомала қилгандай нотабий бир оҳангда гапириши хотинига ёқмади. Қони қайнаб кетди.
 -Сиз менинг гапимни ҳеч қачон сариқ чақага олмагансиз! – деб овозини баландлатди аёл. – Менинг илтимосларимга тупургансиз. Ҳамма менга тупирган.
 Аёл овози шаллақи хотинларнинг овозига ўхшаб кетаётганини сезди. Ўзингни бос, деб койинди. Эшитган қулоққа ёмон.
 Эр газетасини йиғиштириб, хотинига маъюс тикилди ва оҳиста маслаҳат берган бўлди:
 -Балки бироз дам оларсан. Асабларинг чарчаган. Бор, онаси, бирозгина дам ол…
 Аёл ўрнидан сапчиб турди ва яна қичқира кетди:
 -Хўп-хўп, мана, турдим, менга аллақачон кафан бичиб қўйишганини биламан! Албатта-да, ахир мен жинниман, ақлдан озганман-ку!.. Узр, малол келаётган бўлсам, сизни бундай азобдан холос қилганим бўлсин…
 У эшикни қаттиқ ёпиб, зинадан тепага кўтарилар экан, икки юзини кўзёшлари юва бошлади. Ухлаш хонасида кўзгу қаршисига ўтирди ва ўзининг аксига нафрат билан кўз ташлади. Ёши элликка бориб қолган аёлнинг чеҳрасига аллақачон ажин тушиб, кўзларини бедаво ғусса босган. Кўзёшлари эса яноқлари ўзра тинимсиз оққани-оқан. У унсиз йиғлар эди.
 -Шу топда ёнимга чиқса эди, – деб ўз акси билан гаплашарди аёл. – Келса-ю, икки оғизгина ширинсўз айтса эди…
 Бу пайтда эр оромкурсисида хаёлга чўмиб ўтирарди.
 Гилам устида ётган газетага қараб бўлган воқеани идрокидан ўтказар экан, руҳида қандайдир енгиллик сезди. Негаки, энди у ёлғиз қолган эди.
 Арзимаган нарсадан чиқадиган жанжаллар бошланганига бир йил бўлди.
 Харҳаша қилиб, аразлашларнинг, гап билан чақиб олишларнинг ниҳояси йўқ. Хотинининг оғзидан чиққан ҳар бир сўз тўла заҳар.
 Дўхтир айтган эдики, аёл муомаласи қийин ёшга қадам қўйди, эр энди сабрли бўлиши лозим.
 Эр сабр-қаноатли эди, лекин туриш-турмушидан файз кетди. Фарзандлари оила қуриб, эр-хотинни совуқ низолар муҳитига ташлаганча ота уйини тарк этганидан кейин бу янада яққолроқ сезилди.
 “Вақти-соати билан ҳаммаси ўтиб кетади, – деган эди дўхтир. – Яна аввалгидай аҳил-иноқ яшай бошлайсизлар”.
 Эр – калтабақай ҳомсемиз одам – оромкурсидан туриб, буфетнинг олдига борди. Қадаҳни коньякка тўлдириб, бир кўтаришда сипқорди. Ичимлик дарҳол таъсир қилди: нохуш кайфият ўрнини “майли, ичингни ема, бир гап бўлар…” деган лоқайдлик эгаллади. Бу, айни аснодаги ҳолатга унчалик мос келмаса-да, кўнгилга таскин берар эди.
 Қўявер, деб хаёлидан ўтказди у яна, ҳаммаси жойига тушиб кетади.
 Ҳамон ойна олдида ўтирган аёл эса энди йиғлашдан тўхтаган, фақат ўз аксига бақрайганча тинимсиз бир гапни такрорлар эди:
 – Шу топда ёнимга чиқса эди. Шу топда ёнимга чиқса эди. Шу топда ёнимга чиқа қолса эди…
 У бу сўзларни илтижодек, лекин заррача умидсиз бир ҳолатда такрорлар эди.
 Эр яна қадаҳни тўлдириб, оромкурсисига қайтди.
 Ҳозир у бироз ухлаб дам олса, деб ўйлади эр, анча ўзига келиб қолади. Одамнинг ҳам зардаси шунчалик тез қайнайдими. Муомаласи қийин ёшда шунақа бўларкан-да. Ҳай, майли, ҳаммаси жойига тушиб кетади.
 У газетани олиб, қандайдир қотилликка оид хабарни ўқишга тушди. Бироқ, хаёли бошқа жойда бўлгани учун ўқиётганларини англамас, шундай бўлса-да, ҳарна, нима биландир банд эди.

Рус тилидан Қулман Очилов таржимаси.
“Китоб дунёси” газетаси, 2015 йил 28 октябрь.