У мункайиб қолган бир чол эди, кичкинагина Кентукки шаҳарчасидаги темирйўл зиналари устида эрта тонгдан то қош қорайгунча ўтираверарди.
Шу ерга афтидан сайёҳ бўлиб келган, уст-бошлари башанг қандайдир бегона киши чолнинг рўпарасига келиб туриб қолди.
Қария унга тортинибгина кулимсираб қўйди.
Чолнинг табассуми худди ёш боланикига ўхшарди. Юзи тиришиб, бужмайиб кетган, картошкадай дағал бурни бўлса афтида хунук қаққайиб турарди.
“Нима бўлди, биродар, биронта касаллик сизни безовта қиляптими, дейман? Айтайлик, йўталданми, шамоллашдан, сил ёки қон йўқотадиган бошқа бир касалликданми қийналяпсизми?”- деб сўради у. Чолнинг овозида юракни сирқиратиб юборадиган ялинчоқлик оҳанги зоҳир эди.
Нотаниш киши бошини тебратиб “йўқ”, деган бўлди. Қария бир пас сукут сақлади-да, кейин инқиллаганча ўрнидан туриб, базўр қаддини ростлади.
“Ҳа, қон йўқотадиган касаллик жуда ёмон-да”, – деб қўйди у ўзича. Шундан сўнг оқариб кетган тилини сунъий тишлари орасидан чиқарди-да, негадир бир айлантириб қўйди. Тўсатдан титроқ қўлини бегона кишининг қўли устига қўйди-ю, бехос кулиб юборди.
“Ҳечам ташвишланманг, азизим” – деб хитоб қилди у кейин. “Мен ҳамма касалингизни даволайман – йўтал дейсизми, шамоллашингиз борми, ҳатто сил ёки бўлмасам, қон кетадиган оғриқларингизгача – бари-барига шифо топиб бераман. Мен ҳатто қўлдаги сўгалларни ҳам юлиб ташлай оламан – эҳ, аттанг, ҳозир буни қандай қилиб бажаришимни сизга тушунтириб бера олмайман-да – яхшиси бу сир бўлиб қолаверсин – энг асосийси, мен қилган меҳнатимга бир тийин ҳам пул олмайман – дарвоқе, менинг исмим Том – мен сизга маъқул келдимми ўзи?”
Бегона одамнинг чеҳраси ёришди. У дўстона жилмайганча, бош ирғаб, чолнинг гапини тасдиқлаган бўлди. Шу топда қариянинг хардамхаёллиги қўзиб, бирдан олма-терма гапларини айтиб, алжирай бошлади.
“Менинг отам ўлгудай қаттиққўл одам бўлганди”, – дея ҳикоясини бошлаб кетди чол. “У менга ўхшаб кетарди, айнан касб-коримиз жиҳатдан, яъни отам ҳам мендай темирчи бўлиб ўтганди, аммо отамнинг бошида ҳаммавақт бўйрадан қилинган шляпаси бўларди. Даладаги маккажўхори мўл ҳосил берган йиллари, у, албатта, бечора камбағалларга ҳайр-эҳсон қилар, “далага бориб, қорнингизга керагича дондан олаверинглар”, деб химмат кўрсатарди, аммо уруш даврида доннинг бир бушели (Америка ва Англияда дон ўлчов бирлиги) учун беш доллардан тўлаб, ўзи қуриб қолди”.
“Мен отамнинг айтганига кўнмай, ўзим топган қизга уйлангандим. Бечора олдимга келиб, юзимга очиқ-ойдин айтган эди-я: “Том”, деган эди раҳматли, “уйланадиган қизинг менга ҳечам ёқмади”.
“Сизга ёқмаса ёқмас, бироқ мен уни севаман”, – деб жавоб бергандим унга.
“У менга барибир ёқмайди”, – деб яна таъкидлаб қўйганди отам раҳматли.
Ўшанда ота-бола ёғоч хода устига ўтирволиб, алламаҳалгача гаплашган эдик. Ҳа, отам ажойиб одам эди-да, бўйрадан қилинган шляпасиниям ҳеч бошидан олмасди. “Мана кўрасиз, мен тўйимизга рухсатнома олиб келаман”, – деб туриб олгандим ўшанда.
“Энди мендан сариқ чақаям ололмайсан”, – деганча норози бўлиб қолганди отам бечора.
“Тўйим менга йигирма бир долларга тушганди – шу пулни топаман, деб жўхори даласида анча тер тўккандим – устимдан челаклаб ёмғир қуйиб турсаям, ҳатто отларим туманда ҳеч нарсани кўрмай қолган совуқ кунлардаям, ҳеч балога қарамай, жон-жаҳдим билан меҳнат қилавергандим – турмуш қурадиганларни рўйхатдан ўтказувчи ходимнинг берган саволи: “Ёшингиз йигирма бирдан ошганми ўзи?” деб сўраш бўлганди, холос. Мен ҳам, хотиним ҳам “Ҳа”, деб жавоб бергандик ўшанда. Тентаклигимизни қаранг-а, ўша кунни туфлиларимиз устига бўр билан ёзиб қўйибмиз. Отам аллақачон барини ҳал қилиб бўлганди: “Тўрт томонинг қибла”, – дедилару, бошқа гапирмай кетдилар, унинг охирги гапи ҳам шу бўлганди. Чўнтагимизда бир мириям ақчамиз йўқ, роса абгор бўлгандик. Орзиқиб кутган тўйим пешона тери қилиб қўлимга тушган 21 доллар пул эвазига тушди. Хотиним бўлса биз ҳеч қанча яшамасдан индамай ўлиб кетаверди”.
Қария гапдан тўхтаб, хўрсинганча осмонга тикилиб қолди. Қош қорая бошлаган палла эди, қуёш уфқ томон бош қўйишга чоғланаётганди. Бутун само кир булутлар билан ола-була бўлиб кўринарди. “Бир пайтлар чиройли-чиройли расмлар чизардим-а, ҳа-я, уларни бир-икки марта намойиш ҳам қилганман”, – деб қўшиб қўйди чол хомуш тортиб.
“Биттагина акам бор эди, ҳозир қамоқда ётибди. Авваллари ўзимча қизиқиб, аккердеон ҳам чалиб турардим. Худди сиздай, 37 ёшимда бўлишим керак. Бир марта қамоқда, акамнинг ёнидаям ўтириб чиққанман. Ҳурпайган сочлари билан ҳам акам барибир ёқимтой бўлиб кўринаверарди. “Альберт”, дегандим унга ўшанда, “Альберт, одам ўлдириб қўйганинг учун ич-ичингдан эзилаётган бўлсанг керак”.
“Асло”,- деганди у. “Зиғирчаям афсус қилмайман. Бир эмас, ўнта, юзта, ҳатто мингта одамниям ҳеч киприк қоқмай, ўлдириб кетавераман!”
Шу ерга келганда чолнинг кўнгли бузилиб, йиғлай бошлади, чўнтагидан кир рўмолчасини олиб, қалтираётган қўлларини секин артган бўлди. Бир дона тамакисини кайф қилмоқчи бўлганди, сунъий тишлари ўрнидан силжиб, жойидан бутунлай кўчиб тушди. Чол дарров титраётган қўллари билан оғзини ёпди-да, бешбаттар уялиб кетди.
“Ҳа, мен энди қариб қолдим. Мана сиз бўлса, бошқа дунёсиз, ёшсиз, нари борса, 37 га киргандирсиз-да, аммолекин мен ёшимнинг анчасини яшаб бўлдим”, – деб пичирлади чол.
“Акам ёмон одам эди – ўлгудай ичи қора эди – юзи чиройли, сочлари ярашиб турган бўлсаям, ўзи тинмай одам ўлдираверишдан завқ олаверарди. Мен кексаликдан нафратланаман – ўзим қариб қолганимдан ўзим уялиб кетаман. Қариликни Худо нари қилсин!..”
“Шунинг учун ҳам яқинда кетворган бир хотин олдим. Буни қаранг, унга тўрт дона мактуб ёзиб жўнатгандим, ёпирай, ҳаммасига жавоб қайтарса бўладими! Ахийри бу ерга келгач, турмуш қуриб олдик – оҳ, оҳ, унинг юришини бир кўрсангиз эди – мен хотинимга ажойиб либослар олиб бердим”.
“Лекин оёғи тўғри эмас-да қуриб кетгурни – оёқлари қийшайиб-мийшайиб ётибди – оҳ, аттанг, минг қилсаям, биринчи хотиним бебаҳо экан – ишонасизми, бармоқларим билан раҳматликнинг қўлларидаги сўгални шартта юлиб олсамам, бирор томчиям қон чиқмасди – шу сабаб бўлганми, ҳарҳолда ўз-ўзимдан йўталми, шамоллашми, сил ё қон йўқотадиган бошқа касалликларниям қўрқмай даволаб кетавераман – эшитган-уққанлар бўлса, менга дарҳол хат ёзиб юборишсин, ҳаммасига жавоб бераман – борди-ю, улар бир тийин ҳам пул жўнатишмаса, буниям зарари йўқ – қари чолга пулнинг нима кераги бор?”
Чол яна ҳиқиллай бошлади, нотаниш сайёҳ бечора қарияни юпатаман, деб анча уринди. “Ахир бахтлимисиз?”- ниҳоят бир таскин сўз топгандай бўлиб сўради у.
“Бўлмасам-чи”, – деди қария анча дадилланиб, лекин кўп ўтмай тағин алжирай кетди: “Мен яна яхши одамман ҳам. Истаган ерингизга бориб, мен ҳақимда бемалол сўрайверинг – исмим Том, темирчи Томман мен – хотинимнинг оёғи қийшиқ бўлсаям қадамини товусдай хиром билан босади – мен хотинимга узу-ун кўйлак олиб бердим – мана бунча, аёлим эндигина ўттизга чиқди, мен эса етмиш бешдаман – ўзиям бир дунё туфлиси бор-да хотинимнинг – ҳаммасини мен олиб берганман, лекин оёқлари қийшиқ-да – ҳа, майли, энди туфлининг тўғри юрдирадиганидан олиб бераман”.
“Хотиним мени ҳеч нарсани билмайдиган битта қари чол деб ўйлайди – ўзи ҳамма мени Том ҳеч вақони билмайдиган бир қария-да, деб қаттиқ адашишади – яқиндагина хотинимга этаги ерга тегадиган антиқа кўйлак олиб бердим – ана шунақа, мени Том дейдилар, ақлим ҳам бало мени, темирчи Томман мен – етмиш бешга кирган бўлсам киргандирман, аммо барибир унақа мункиллаб қолган эмасман – ахир бир томчиям қон оқизмасдан қўлдаги сўгалларни юлиб оламану – одамлар ҳеч тортинмай хат жўнатишаверсин, мен сира эринмайман, барига жавоб қайтаравераман – ахир бир тийин ҳақимни сўрамайман-ку!”
Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси