Ҳеч ким ўлишни истамайди, ҳеч ким уни кутмайди. Шунчаки, нимадир яхши ишламай қолади, ракета ёнбошига ағдарилади ёки рўпарадан астероид шиддат-ла келади, қўлларинг билан юзларингни беркитиб олишдан бошқа иложинг қолмайди, қарабсанки, атроф зимистон, мотор ҳамон олдинга суриб кетаяпти, тирик қолай деб уринасан, бироқ чоранг қанчалик!
У парчаланиб кетган ракета бўлаклари ичида ўтирганича, бир зум тек қолди…
Зимистон. Тушуниб бўлмайдиган оғриқ, алаҳлаш. У ҳушидан кетгани йўқ.
– Исминг? – сўради ғойибона овозлар.
– Сейл, – деди у кўнгли айниб, ичи ағдарилиб кетаётгандек бўлса ҳам. – Леонард Сейл.
– Кимсан?! – бақирди овозлар.
– Космонавт! – бақирди у ҳам танҳо, қороғиликда.
– Хуш келибсан, – дейишди овозлар, – хуш, хуш…
Овозлар тинди.
У ўрнидан турди, ракета парчалари увадаси чиқиб кетган кийим сингари оёғи остига тўкилди.
Қуёш чиқиб, тонг ёришди.
Сейл шлюзнинг торгина туйнугидан бошини чиқариб, нафас олиб кўрди. Омадни қаранг, омадни! Ҳаво нафас олишга яроқли экан! Озиқ-овқат икки ойга етади. Зўр! Зўр бўлди! “Буёғи ҳам зўр! – деди у ракета парчаларидан бирига бармоғини нуқиб. – Мўъжизалар мўъжизаси!”
Радиоаппаратлар шикастланмабди. У аппаратлар калитини ишга солди:
“787-астероидга йиқилдим. Сейл. Ёрдам юборинглар. Сейл. Ёрдам юборинглар.”
Жавоб ҳам тезда кела қолди: “Алло, Сейл. Марсопортдан Адамс гапиряпти. “Логарифм” қутқарув кемасини юбораяпмиз.
787-астероидга олти кундан кейин етиб боради. Чидаб тур.”
Сейл хурсанд бўлганидан ўйнаб юборай деди. Ишлари оппа-осон кечди. Фалокатга учради, лекин тирик қолди, озиқ-овқати етарли. Ёрдам сўраб хабар юборди. Ёрдам албатта келади! Ла-ла-ла! У чапак чалиб юборди.
Қуёш кўтарилиб, кун исиди. Ўлим уни четлаб ўтди. Олти кун дегани нима бўпти, бир пасда ўтади-кетади. Ейди-ичади, ухлайди. У атрофга қараб қўйди, ҳавфли ҳайвонлар йўқ, кислород етарли. Яна нима керак! Нўхат билан пиширилган гўштми? Шу заҳоти ҳавони ёқимли ис тутиб кетгандек бўлди.
Нонушта қилиб, сигарета тутатди, чуқур тортиб, аста чиқарди. Роҳатланиб, бошини чайқаб қўйди. Бу – қандай ҳаёт бўлдийкин-а! Бир жойи тирналмапти-я! Омади бор экан. Жудаям омади келди!
Боши қалқиб кетди. Ухлаш керак. Ҳа, бу бошқа гап. Овқатдан кейин озгина мизғиб олиш қандай яхши! Вақт масаласи бемалол. Ана шундай бекорчилигу файласуфликка бой бўлган узундан узоқ олти куни бор. Ухлаш керак.
У ўтирган жойида чўзилди, бошини қўлига тираб, кўзларини юмди. Шу чоқ унинг жисмини телбалик эгаллаб олди.
“Ухла, ухла, о-о-о ухла, – шивирлади овозлар. – А-а-а, ухла, ух-ла.”
У кўзини очди. Овозлар тинди. Ҳамма нарса жойига тушди. Сесканиб кетди, жойига яхшироқ ўрнашволиб, кўзларини қаттиқроқ юмди.
– Ээээээээ, – куйлади узоқ-узоқдаги овозлар.
– Аааааааа, – шивирлади овозлар.
– Ухла, ухла, ухла, ухла, – аллалади овозлар.
– Ўл,ўл, ўл, ўл, – хиргойи қилди овозлар.
– Оооооооо! – қичқирди овозлар.
– Зммммммм , – ғинғиллади арилар миясининг ичида.
У туриб ўтирди, бошини силкитди, қулоқларини қўллари билан беркитди. Кўзларини қисиб, пачағи чиққан кемасига қараб қўйди. Ана, қаттиқ металл, билиниб турибди. Бармоқларининг учи билан остидаги харсангтошни пайпаслаб кўрди. Зангори осмон гумбазидаги, иситиб турган Қуёшни ҳам кўраяпти.
– Қани, осмонга қараб ётиб кўрай-чи, – деди ўзича ва яна ётди. Қулоғи остида соати чиқиллаяпти, томирларида жўшқин қон уриб турибди.
– Ухла, ухла, ухла, ухла , – ашуласини бошлади овозлар.
– Ооооооох, – интизор бўлди овозлар.
– Ааааааах, – куйлади овозлар.
– Ўл, ўл, ўл, ўл,. Ухла, ухла, ўл, ўл, ухла, ўл, ухла! Оохх, Аахх, Ээээээээ! – аралашиб кетди овозлар.
Қулоқларида қон бўрондек ғувиллади.
– Меники, меники! – деди бир овоз. – Меники, меники, у меники!
– Йўқ, меники, меники, у меники! – деди бошқа овоз. – У меники, меники!
– Йўқ, бизники, бизники! – жўр бўлди ўнлаб овоз. – Бизники, бизники, у бизники!
Унинг бармоқлари чангак бўлиб, юз мушаклари тортишиб қолди, қовоқлари уча бошлади.
“Хайрият, хайрият, – ашула бошлади баланд овоз. – Узоқ-узоқ интизорлик. Тамом, тамом. Хайрият, тамом, тамом.”
У худди сув ости дунёсида ётгандек. Яшил қўшиқлар, яшил шарпалар, яшил вақт. Овозлар биқиллаб, денгиз тубига чўкади. Узоқ-узоқларда товушлар хори тушуниб бўлмайдиган хониш қилади. Леонард Сейл жон талвасасида типирчилай бошлади. “Меники, меники! – қичқирди баланд овоз.” “Йўқ, меники, меники!” – чинқирди бошқаси. “Бизники, бизники!” – гувиллади хор.
Темирнинг тарақлаши, қиличлар жаранги, тўқнашув, жанг, кураш, уруш, ҳаммаси бирданига портлаб, унинг мия қатиғи минглаб томчиларга парчаланиб кетгандек.
“Ээээээээ!”
У қулоқни қоматга келтирар даражада ўкирганча, ўрнидан туриб кетди. Кўз ўнгида ҳаммаёқ эриб, оқиб тушаётгандек. Ғойибдан овоз келди: “Мен раталарлик Тиллеман! Мағрур Тилле! Қонли мозор тепалиги ва ўлим дўмбирасининг Тиллеси! Раталарлик Тилле! Одамлар қотили!” Кейин бошқа овоз улаб кетди: “Мен вендиллолик Иоррман! Донишманд Иорр! Ғайридинларни қирувчи!”
“Биз жангчилармиз, – куйлади хор. – Биз пўлат, биз жангчи, биз оқиб турган қирмизи қон, тўкилаётган алвон қон, Қуёшда тутаётган қора қон.”
Леонард Сейл, устига оғир юк ортилгандек гандираклаб кетди.
“Йўқолларинг! – бақирди у. – Ўз ҳолимга қўйларинг, Худо ҳаққи, ўз ҳолимга!”
– Ииииииии, – темирни темирга ишқалагандек, чийиллаб сўнди овоз.
Жимжитлик.
У қаро терга ботиб, қаттиқ безгак тутганидан оёғида зўрға турарди. “Жинни бўлиб қолдим, – деб ўйлади. Муқаррар эсим оғиб қолди. Бирданига телба бўлиб қолдим.”
У озиқ-овқат солинган қопчани йиртиб, кимёвий пакетни чиқарди. Бир дақиқадан сўнг иссиқ кофе тайёр бўлди. Энтикиб-энтикиб хўплади. Аъзойи-баданида қалтироқ турди, оғзини каппа-каппа очиб, ҳаво ютинди.
Мундо-оқ, ақлни пешлаб кўрайлик-чи, деди у ўзига, кофе оғзини куйдиргандан кейин ерга оғир ўтираркан. Менинг аждодимда, кейинги икки юз йил ичида ҳеч ким ақлдан озмаган. Ҳамма соппа-соғ, ақли-ҳуши жойида вазмин одам бўлган, демак, ўзимни жинни бўлиб қолдим, дейишга ҳеч қандай асос йўқ. Эсанкирадимми? Эсанкираганим йўқ! Мени олти кундан кейин қутқариб олишади. Хавф-хатар бўлмагандан кейин, зарбадан лат ейиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Нимадан эсанкирарканман?! Оддий астероид. Йиқилган жойим ҳам оддий, ақлдан озишга ҳеч қандай сабаб йўқ. Мен соғман!
– Иии? – деди унинг кўкраги ичида ингичка, ғийчиллаган овоз. Акс садо. Сўниб борувчи акс садо.
– Ҳа! – бақирди у муштини муштига уриб. – Мен соғман!
– Ха-ха-ха-ха-а-а, – қаердадир пасайди кулги.
У шартта ўгирилди, “Ўчир овозингни!” – деб бўкирди.
– Биз ҳеч нарса демадик, – дейишди тоғлар.
– Биз гапирмадик, – деди осмон.
– Биз индамай турибмиз, – дейишди ракета парчалари.
– Ҳа, ҳа, бўпти, – деди у ишонқирамай. – Тушуниб турибман, сиз эмас.
Теваракда ҳамма нарса одатий тарзда кечаяпти. Тошлар аста-секин қизияпти, осмон эса кенг ва кўмкўк. У бармоқларига қараб, қоп-қора тукларининг ҳар бирида қуёш қиздириб, жимиллаганини кўрди. Чанг босган бошмоқларига қарадию, ҳаёлига тўсатдан келган фикрдан қувониб кетди. Мен ухламайман, деди у ўзига. Босинқираганимдан кейин нима қиламан, ухлаб?
Йўли топилди.
У кун тартибини тузиб чиқди. Мана, ҳозир соат роппа-роса тўққиз. Ҳар куни тўққиздан ўн иккигача астероидни ўрганади, кейин сариқ қалам билан ҳамма кўрган-билганларини ёндафтарига ёзади. Сўнгра бир банка сардинни очиб, қалин сариёғ суртилган нон билан еб олади. Ўн икки яримдан бошлаб тўртгача “Уруш ва тинчлик”дан тўққизтадан боб ўқийди. У китобни ракета парчалари орасидан топиб, кўзга кўринарли жойга қўйди. Унда Томас Элиотнинг шеърлар китоби ҳам бор. Бу жуда ажойиб! Кечки овқат – беш яримда, олтидан то ўнгача Ердан бериладиган радиоэшиттиришларни: қизиқчиларнинг хунукдан хунук ҳазилларию, товуши совуқ ашулачининг хонишини, сўнгги ахборотни тинглайди. Ярим кечада эса, Бирлашган миллатларнинг гимни билан эшиттиришлар тугайди.
Кейин-чи? Унинг руҳи тушиб кетди.
– Тонг отгунча қарта ўйнаб чиқаман, – ўйлади ўзича. – Ўтирволи-иб, қора кофе ичиб, тонг отгунча ғирром қилмай ўйнайман.
– Хо-хо, – деди ўзича.
– Нима дединг? – сўради ўзи ўзидан.
– Мен “Хо-хо” дедим, – жавоб қилди ўзи.
– Эртами-кечми бари бир, ухлаб қоласан, – деди ўзи.
– Бир кўзимниям юммайман!
– Ёлғончи! – гап қайтарди у, ўзи билан ўзи гаплашганидан завқланиб.
– Тилёғламасан, – эътироз қилди ўзига.
– Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман! Тундан ҳам, уйқудан ҳам!
– Жуда қизиқ-ку, – кесатди ўзи.
У ўзини ёмон сеза бошлади. Уйқуси келди. Ухлаб қолишдан қанчалик қўрқса, шунчалик ётгиси, ғужанак бўлволиб, кўзларини юмгиси келаверди.
– Ҳамма қулайликлар билан-а? – кесатди унинг тили заҳар “суҳбатдоши”.
– Мана, кўрасан, ҳозир ўйнаб юриб, қояларни, геологик белгиларни томоша қиламан, тирик юриш қанчалик яхшилиги ҳақида ўйлайман, – деди ўзи.
– О, худойим-эй! – чинқирди “суҳбатдоши” – Уильям Сароян бўб кет-э!… Бор, шундайоқ бўлсин, бир кун бўлар, бир кеча бўлар, ундан кейинги тунда нима бўлади? Яна ундан кейин-чи? Шу-унча вақт, кетма-кет олти тунни бедор ўтказа оласанми? Қутқарувчи кема келгунича-я? Сабринг чидайдими, кучинг етадими?
Ҳеч қандай жавоб бўлмади.
– Нимадан қўрқаяпсан?
– Билмайман. Товушлар, овозлар… нималигини билмайман.
– Уларнинг сенга ҳеч қанақа зиёни тегмайди, шундай эмасми?
– Тегиши мумкин. Барибир улар билан тўқнашишга тўғри келади…
– Бунга зарурат бормикин? Ўзингни қўлга ол, қария! Тишингни тишингга қўй. Шунда у алвастилар қочиб кетишади.
У қаттиқ ерда ўтирар, ўзини йиғламоқдан бери ҳис қилмоқда эди. Худди умри тугаб, янги, ҳали нотаниш бир дунёга кириб бораётгандек. Бу, гоҳо одамни алдаб қўядиган мана шунақа илиқ, қуёшли кунда содир бўлаяпти-я!
– Балиқ тутиб ёки гул териб, севганингни қучиб ёки бошқа бир машғулот билан дилхушлик қиладиган шундай ажойиб кунда сени нима кутаяпти?
– Ўлим!
– Йўғ-э.
– Ўлим! – қаттиқ турди у сўзида.
У фикрлари чалкашганидан чарчаб, кўзларини юмиб, ётиб қолди. Яхши, ўйлади ўзича, агар сен ўлим бўлсанг, кела қол, мени ол. Бир кўриб қўяй-чи, бу нима лўттивозлик экан.
Шунда унга ўлим яқинлашди.
– Ээээээээ, – деди овоз.
– Буни эшитдим, – деди Леонард Сейл. – Яна нима гапинг бор?
– Ааааааах, – чўзилди овоз.
– Бу ҳам янгилик эмас, – жавоб қайтарди Леонард Сейл асабийлашиб. Унинг аъзойи-бадани музлаб, афти-башараси қўрқинчли буришиб кетди.
– Мен раталарлик Тиллеман, одамлар қотили!
– Мен вендиллолик Иоррман, ғайридинларни қирувчи!
– Бу қандай сайёра бўлди, ўзи? – сўради Леонард Сейл, даҳшатни енгишга ҳаракат қилиб.
– Қачонлардир у қудратли эди, – жавоб берди раталарлик Тилле.
– Қачонлардир жанг майдони, – қўшилди вендиллолик Иорр.
– Энди бўлса, ўлик, – давом этди Тилле.
– Энди, сукунат, – деди Иорр.
– Бироқ, мана, сен келдинг, – деди Тилле.
– Бизга яна ҳаёт бергани, – қўшилди Иорр.
– Сизлар ўлиб кетгансиз, – эътироз қилди жон талвасасида типирчилаётган Леонард Сейл. – Сизлар ҳеч нима, шунчаки… шамол.
– Бизлар сен туфайли яшаймиз. Ва сен туфайли жанг қиламиз.
– Мана, гап қаёқда экан, – ўйлади Леонард Сейл. – Мен жанг майдони бўлишим керак, шундайми? Сизлар дўстмисизлар?
– Душман! – бақирди Иорр.
– Ашаддий душман! – қичқирди Тилле.
Леонард жон азобида жилмайди, аҳволи чатоқлашди, “Қанча вақт кутдинглар?” – деди қийналиб.
– Вақт, ўзи, қанча чўзилади?
– Ўн минг йилми?
– Эҳтимол.
– Ўн миллион йилми?
– Балки. Сизлар ким? – деди Леонард. – Фикрми, руҳми, шарпами?
– Ҳаммаси! Ундан ҳам кўпроқ!
– Ақлми?
– Худди шундай!
– Қандай қилиб яшаб қолдинглар?
– Ээээээээ, – куйлаб юборди хор узоқ-узоқда.
– Ааааааах, – куйлади бошқа лашкар жангни кутиб.
– Қачонлардир бу сайёра маҳсулдор, бой замин бўлган. Унда икки халқ, икки буюк миллат яшаган. Уларнинг теппасида иккита қудратли одам турарди: мен – Иорр ва ана у – ўзини Тилле, деб таништирган. Сайёрамиз инқирозга учради, йўқликка юз тутди. Халқлар ва лашкарлар беш минг йилга чўзилган уруш туфайли ҳолдан тойди. Биз узоқ яшадик, узоқ севдик, севилдик, роса еб-ичдик, ухладик, жуда кўп жанглар қилдик. Сайёрамиз ўлгандан сўнг жисмимиз қуришиб, қоқ бўлиб кетди, фақат бирмунча вақт ўтгандан кейингина фан тирик қолишимизга ёрдам берди.
– Тирик қолишга? – ҳайрон бўлди Леонард Сейл. – Жисмингиздан ҳеч нарса қолмаган-ку!
– Ақлимиз бор, аҳмоқ, ақлимиз! Ақл бўлмаса, тан нимага керак?
– Тансиз ақл нима қилиб берарди? – кулиб юборди Леонард Сейл. – Бу ердан сизларни мен топдим, тўғрими? Мен топдим!
– Шундай! – деди кескин овоз. – Тан ёки ақлнинг ёлғиз ўзи билан ҳеч нима қилиб бўлмайди. Аммо, ўлмай қолиш – бу, тирик қолиш демакдир, майли онгсиз бўлса ҳам. Фан ёрдамида, мўъжиза билан халқларимиз тирик қолди.
– Ақлнинг ўзи холос – ҳис-туйғусиз, кўзи, қулоғи йўқ, ҳеч нарсани сезмайдиган, билмайдиган.
– Ҳа, ҳеч нарсаси йўқ! Биз узоқ вақт, шу кунга қадар йўқлик эдик.
– Энди, мен пайдо бўлдим, – ўйлади Леонард Сейл.
– Сен, – деди овоз, – бизнинг ақлимизга жисмоний қобиқ бўлгани келдинг. Бизнинг орзу қилганимиз ана шунақа тан эди.
– Ахир, мен атиги биттаман-ку! – дилидан ўтказди Сейл.
– Шундай бўлса ҳам бизга кераксан.
– Мен – эркин шахсман! Сизларнинг хатти-ҳаракатларингиздан нафратланаман!
– Бизнинг бостириб киришимиздан аччиқланаяпти. Эшитдингми, Иорр? У ғазабланаяпти.
– Гўё ғазабланишга ҳаққи бордек!
– Эҳтиёт бўлинглар, – огоҳлантирди Сейл, – кўзимни очиб юборсам, йўқ бўлиб қоласизлар, шарпалар! Уйғониб кулингизни кўкка совураман!
– Бари бир, эртами-кечми ухлашинг керак! – қичқирди Иорр. – Ўшанда биз мана шу жойда, тепангда кутиб турган бўламиз. Кутамиз! Сени кутамиз!
– Сизларга нима керак?
– Тан. Жисм. Ҳиссиёт.
– Ахир, бир ўзим қайси бирингларга татийман?
– Биз, бир-биримиз билан курашамиз!
Қиздирилган омбур чеккасини қисгандек бўлди, назарида, иккала мия яримшарлари орасига мих қоқиб ташлашди. Энди, ҳамма нарса бутун даҳшати билан ойдинлашди. Қўрқинчли, дабдабали. Жисми улар учун борлиқ дунё. Унинг ҳаёлот дунёси, мияси, бош суяги икки лагерга бўлинган, бири – Иоррники, иккинчиси – Тилленики. Улар бундан фойдаланишади.
Лоладек қизарган осмон – мия гумбази ичида байроқлар ҳилпираб кетди, бронза қалқонларда қуёш ярақлади. Турқи совуқ ваҳшийлар ғимирлаб, карнай, қилич-қалқонлар тўлқини аро югуриб кетишди.
– Ээээээээ!
– Ааааааах!
– Мммммммм…
Кичкинагина, кўз илғамас майдончада ўн минг одам тўқнашди. Ўн минг одам кўз соққасининг ялтироқ ички сиртида югуриб кетди.
Ўн минг найза унинг бош суякалари орасида чивиллади. Ясатилган ўн минг замбаракдан ўқ отилди. Ўн минг овоз унинг қулоқларида ғувиллади. Энди унинг танаси ҳар ёнга тортқиланиб, бурдаланиб ташланаётгандек титрар ва думалар, чинқирар ва буралиб-буралиб тўлғонарди, бош суяги эса портлаб, парча-парча бўлиб кетаётгандек. Ғўнғиллаган, қичқирган, ўкирган овозлар боши ичида бири-бирига қўшилиб кетди. Қўшин кетидан қўшин унинг ақли узра, бош суягининг қитъалари аро, вена томирларининг жарларида, артерияларининг дўнгликларида қадам ташларди, ҳазинлик дарёларида сузарди, бир-бирига урилган қиличлар қуёшда ярақларди. Леонард Сейлга муҳтож бўлган ва ундан фойдаланаётган эллик минг ирода бир-бирига чирмашди, бири иккинчисини чопиб ташлашга ошиқди: гумбурлаш, жаранг-журунг, қон, ақлдан озиш, даҳшатли тўқнашув.
У ўкирганича, ўрнидан туриб, яланглик томон югуриб кетди. Ўзини тўхтатолмай югурди. Кейин ўтирдию ҳўнграб йиғлаб юборди. Кўкрагида оғриқ пайдо бўлгунича йиғлади. Овунолмасдан узоқ йиғлади. Кўз ёшлари юзларидан оқиб, титраб-қақшаб қолган, ҳолсиз қўлларига томди.
– Эй, Худойим, эй, худойим, ўзинг мадад бер, – деб такрорларди у.
Теварак атроф яна одатдаги аҳволга қайтди.
Кун иккинчи ярмига ўтган, соат тўртлар, қуёш қояларни қиздиради. Бироз вақтдан сўнг, у қулупнай қиёми аралаштириб, чуррак нон тайёрлади. Кейин ҳеч нарсани ўйламасликка тиришганидан, қўлига теккан қиём юқини, беихтиёр, кўйлагига суркади. Жилла қурса, энди атрофимда кимлар борлигини биламан-ку, ўйлади ўзича.
Эй, Худойим, бу қандай дунё бўлди! Бир қарашда беозор кўринадию, аслида эса, нақ жаҳаннамнинг ўзи! Яхшиямки, менгача бу ерда ҳеч ким бўлмапти. Балки, кимлардир бўлгандур? – У боши зинғиллаб оғриганидан чайқаб қўйди. – Ким бўлса ҳам, мендан олдин бу ерда фалокатга учраган одамларга раҳмим келади. Ҳақиқатдан ҳам йиқилган бўлса!… Иссиқ қуёш, бақувват қоялар, ёмонликдан ҳеч қандай дарак йўқ. Гўзал дунё! Кўзингни юмиб, унутгунингга қадар. Кейин-чи? Кейин қаро тун, овозлар, ақлдан озиш, унсиз қадамлар билав тепангга келадиган ўлим. Нима бўлгандаям, ҳозир аҳволим яхши, – деди у мағрурона. – Мана, кўр! – деб қўлларини олдинга чўзди. Юксак иродага бўйсунган қўллар энди титрамаяпган эди. – Ким бу ерда ҳокимлигини мен сенга кўрсатиб қўяман! – деб, у гуноҳсиз осмонга дўқ қилди. – Бу мен! – Ва, кўкрагига мушт уриб қўйди.
Фикр шунча узоқ яшаши мумкинлигидан ҳайрон қоласан, киши! Сайёранинг бир қарашда беозор, аслида эса, заҳарли ҳавосида ўлим, фитна орзулари билан яшаган фикрлар, эҳтимол, миллион йиллардан буён бирор тирик зотни кутиб ётган, “Қани энди, бу тан унинг ёвуз ниятларини амалга оширишда жисмонан хизмат қилса!”
Ҳозир у ўзини яхши ҳис қилаётганида бу гапларнинг бари кулгили туюлади. Олти сутка уйқусиз туриб берсам бўлди, деб ўйларди ўзича. Ўшанда булар мени қийнай олмайди. Мен уйғоқманми, демак мен ҳўжайинман! Ақлдан озган лашкарбошилару наъра тортган тентаклар галаси, қилич-қалқон кўтарганлар, ҳаммасидан ўзим кучлиман!
Бироқ, чидай олармикинман? – гумонсиради у. – Олти кеча-я! Ухламасдан юриб чиқиш! Йўқ, ухламайман! Кофе бор, дорилар, китоблар, қарталар бор. Аммо, мен ҳозирнинг ўзидаёқ чарчаганман, жуда чарчаганман. Чидай олармикинман?
Бўлмаса-чи? Унда, тўппончам доим тайёр. Қизиқ, бу аҳмоқ шаҳаншоҳлар чиқиб оладиган саҳнга қараб ўқ отсам нима бўларкин? Ўша уларнинг бутун дунёси бўлган саҳнга! Йўқ! Сен, Леонард Сейл, жуда кичкина саҳнсан, улар эса, сендан ҳам майда актёрлар.
Орқаваротдан ўқ отса, декорациялар, парда, томоша залларини бузиб ташласа, нима бўларкин? Саҳнани, унга чиқиб олган анави махлуқларни, йўлда учраганларни, ҳаммасини йўқ қилиш керак!
Олдин Марсопортга яна бир хабар берганим яхши. Қутқарув кемасини олдинроқ юборишнинг иложи бўлса, балки чидаб турарман. Ҳар ҳолда, уларни, кўринишидан беозор, аслида эса даҳшат ва ваҳший сафсаталар макони бўлган бу сайёра тўғрисида огоҳлантириб қўйиш керак.
У бир мунча вақт тишларини ғижирлатиб, аппарат калитини тиқиллатиб турди. Радио миқ этмади. Ёрдам сўраб, хабар юборишга юборди, жавобини ҳам олди, энди бўлса, бу аппаратнинг товуши чиқмаяпти.
“Куним масхарага қолди-ку, – ўйлади у. – Режа тузишдан бошқа илож йўқ, шекилли?”
Шундай қилди ҳам. Қўлига сариқ қаламини олиб, олти кунга ҳалоскорлик режасини тузди. “Шу кеча, – деб ёзди у, – “Уруш ва тинчлик”дан яна олти боб ўқиб чиқиш. Тонгда, соат тўртда аччиқ қора кофе ичиш. Ўн беш минутдан кейин қарта билан ўн партия ўйин. Шу билан вақт олти яримга бориб қолади, у ёғига яна қора кофе. Соат еттида Ердан бериладиган тонгги эшиттиришларни тинглаш… аппарат ишласа. Ишлармикин?”
У аппаратни яна бир бор текшириб кўрди. Яна жимлик.
“Хўп, – ёзишда давом этди у, – еттидан саккизгача билган ҳамма қўшиқларимни айтиб, ўзимни ўзим овутиш. Саккиздан тўққизгача Элен Кинг ҳақида ўйлаш. Эленни эслаш. Йўқ, Элен ҳақида ҳозироқ ўйлаш керак.”
Шу жойга келганда, сўзларнинг тагига чизиб қўйди.
Кейинги кунларни минутма-минут ёзиб чиқди. Дори-дармонлар халтасини кўздан кечириб, уйқуни қочирадиганларидан топди. Олти кун, соат оралатиб ичса ҳам етади. Энди, ўзига ишонч ҳосил қилди. “Саломатлигингиз учун Иорр, Тилле!” У тугмача доридан биттасини тили устига қўйиб, иссиқ қора кофе билан ютиб юборди.
Шундай қилиб, режадаги ишлар кетма-кет келаверди. Аввал Толстой, кейин Бальзак, ромли джин, кофе, тугмача дори, сайр. Яна Толстой, яна Бальзак, ромли джин, кетидан қарта. Биринчи кун кетидан иккинчиси ҳам шундай ўтди, учинчиси келди, уни ҳам амаллаб ўтказди.
Тўртинчи кун у қоя соясида сулайиб ётаркан, хаёлини нима биландир банд қилиб уйғоқ ётиш учун минггача санади. Аввалига бешталиклар билан, кейин ўнталиклар билан қайта-қайта санайверди. Кўзлари шу қадар чарчадики, тез-тез совуқ сув билан ювиб турмаса бўлмай қолди, боши оғриганидан тарс ёрилиб кетадигандек, китоб ўқишни-ку, аллақачон йиғиштириб қўйган. Шунчалик ҳолдан тойдики, юришга ҳам мажоли келмай қолди. Дориларни ичавериб, мияси карахт бўлди. Ташқаридан кўрган одам унинг очиқ турган кўзларини ҳисобга олмаса, мумдан ясалган ҳайкал, дейди. Назарида, ўша очиқ турган кўзлари шишага, тили занглаб кетган найзанинг учига ўхшайди, бармоқларидан гўё қалин жунлар ўсиб чиққану, ҳар бири игнага айланиб қолган.
У соат милларига қаради. Ана, бир секунд камайди, ўйлади ўзича. Икки секунд, уч секунд, тўрт, беш, ўн, ўттиз секунд, бир минут.
Энди, кутиш бутун бир соатга камайди. О, кема, манзилга тезроқ кела қол!
У секингина, ожиз кулиб қўйди.
Шу онда ҳамма нарсага қўл силтаб, ухлаб қолса нима бўларкин? Ухлаш, ухлаш, балки орзу қилиш. Бутун дунё – бир саҳн. Тенгсиз курашни бой бериб, енгилса нима бўлади?
– Ииииииии! – темирннинг ғийчиллаган, қулоқларни тешиб юборгудек даҳшатли овози.
У сесканиб кетди, қуриб-қақшаб қолган оғзида тилини қимирлатиб қўйди.
Иорр билан Тилле яна азалий низоларини бошлашади, Леонард Сейл эса, ақлдан озади. Енгиб чиққан томон жинни бўлиб қалтираётган, хахолаб кулаётган мана шу, ёввойи тананинг қолдиғига эга бўлади. Уни, балки ўн йил, балки йигирма йил бутун сайёра бўйлаб саргардон қилади, ўзи эса, унинг ичига бемалол жойлашиб олиб, ҳукм чиқараверади, маҳобатли бир имо билан қатлга жўнатаверади, кейин, кўзга кўринмас раққосаларнинг руҳи билан базм қуради. Леонард Сейлнинг ўзини, ундан нима қоладиган бўлса, қаёқдаги бир махфий ғорга обориб ташлайди. Ғорда у қуртлар ва қирғин уруғлари бижғиб ётган, қадимий ёввойи фикрлар билан тўла йигирма йилни ўтказади. Қутқарув кемаси келиб уни тополмайди. Сейлни, унинг миясига жойлашиб олган ғолиб лашкар қаергадир, бирор қоянинг ёриғига беркитиб қўяди. Ўшанда у макон бўлиб қолади ва қандайдир Иорр ёки Тилле унинг ичида ўтириб, ўзининг жирканч режаларини амалга оширишни ўйлайди.
Бу фикрлар уни тамом қилаёзди.
Йигирма йил ақлдан озиб юриш, йигирма йил азоб-уқубат, ўзинг истамаган ишни қилиш. Шунча йил уруш бўрони, кўнгил озиши, қалтираш…
Унинг боши тиззасига тушиб кетди, қовоқлари ғирчиллагандек очилдию, юмшоққина ёпилди, ҳолдан тойган қулоқ пардалари бемадор гупиллади.
– Ухла, ухла, ухла, – қўшиғини бошлади узоқ-узоқдаги овозлар.
– Сизларга… сизларга таклифим бор, – ўйлади Леонард Сейл. – Ҳой, Иорр, сен ҳам – Тилле, эшитинглар! Иорр, Тилле, икковинг! Иорр, сен мени душанба, чоршанба, жума кунлари эгаллайсан. Тилле, сен эса, – шанба, якшанба, сешанба кунлари. Пайшанба – менга дам олиш куни. Бўптими?
– Ээээээээ, – куйлади денгиз тўлқинлари унинг мияси ичида.
– Оооооооҳ, – мулойим хониш қилди узоқдаги овозлар.
– Нима дединглар? Келишдикми Иорр, Тилле?
– Йўқ! – деди бир овоз.
– Йўқ! – деди бошқаси.
– Очкўзлар! Икковинг очкўз! – бақирди Сейл йиғламоқдан бери бўлиб. – Қирғин келсин, сенларга!
У Иорр бўлди. Қўлларида қимматбаҳо узуклар ярақлади. Ракета ёнига келиб, бир қўлини олдинга чўзганча, кўзи сўқир лашкарга йўл қўрсатди. Ҳа, у Иорр эди, қимматбаҳо тошлар билан безанган ўша қадимий лашкарбоши!
Яна, у Тилле ҳам эди, аёллар арзандаси, итлар қотили!
Унинг қўли, беихтиёр, белига осиғлиқ тўппонча қинига борди. Уйқудаги қўл тўппончани чиқарди, тепага кўтарилди, тўппонча нишонни мўлжалга олди.
Тилле ва Иоррнинг армиялари жангга кирди.
Тўппонча отди.
Ўқ Сейлнинг пешонасини ялаб ўтиб, уйғотиб юборди. У қуршовдан чиқди. Кейинги олти соат давомида ухламади. Бунинг фойдаси йўқлигига у энди ишонч ҳосил қилди. Ярасини ювиб, боғлади. Мўлжал хато кетганига ачинди, азоблардан қутулган бўларди. Осмонга қараб қўйди. Яна икки кун! Икки кун-а! Тезроқ кела қолсанг-чи, кема!
Уйқусизликдан у гаранг бўлиб қолди. Фойдаси йўқ. Энди у аниқ алаҳлаётган эди. Тўппончани қўлига олди, қўйди, яна олди, чеккасига тиради, тепкини босмоқчи бўлдию, ўйлаб қолди ва осмонга бир қараб қўйди.
Кеч кирди. Ўқимоқчи бўлиб, қўлига китоб олди-ю, шу заҳоти улоқтириб ташлади, йиртиб-йиртиб, ёқиб юборди. Нима биландир шуғулланиш керак-да!
“Чарчадим… Бир соатдан кейин…, – деб ўзига ўзи аҳд қилди. – Ҳеч нарса бўлмаса, ўзимни ўзим ўлдираман. Албатта. Бу гал қалтирамайман.”
Тўппончани тайёр қилиб, ёнига қўйди. Ўлгудек қийналган бўлса ҳам, хотиржам бўлиб қолди. Шу билан қутулади.
Осмонда аланга кўринди!
Бу шунчалик кутилмаганда бўлдики, у ҳатто йиғлаб юборди.
“Ракета! – бақирди у ўрнидан тураркан, – Ракета!” – Кўзларини ишқалаб, ракета кўринган томонга қараб югуриб кетди.
Аланга борган сари яқинлашиб, катталашиб, пастга тушаверди.
У олдинга мункайиб кетаркан, тўппончасини, чўнтакларидаги нарсаларни улоқтириб, жон ҳолатда қўлларини силкитарди.
“Кўрдиларингми, Иорр, Тилле! Ёввойилар, ваҳшийлар, мен сизларга бардош бердим! Мен енгдим!”
У қояларга, осмонга, ўз қўлларига бир-бир қараб чиқиб, заҳарханда кулиб қўйди.
Ракета қўнди. Леонард Сейл, қачон эшик очилар экан, деб чайқалганча туриб қолди.
– Алвидо Иорр, алвидо Тилле! – Тантанавор қичқирди у, кўзлари ёниб илжаяркан.
– Ээээээээ, – узоқларга ёйилиб, тиниб қолди ўкирик.
– Аааааааҳ, – деганича овозлар ўчиб қолди.
Ракета шлюзи очилиб, икки киши сакраб тушди.
– Сейл сизми? – деди улардан бири. – Биз АСДН компаниясининг ўн учинчи кораблиданмиз. Сиз юборган SOS сигналини эшитиб, ёрдамга ошиқдик. Марсопортдан эса, кема индинга келади. Бироз дам олсак, деган ниятимиз ҳам бор. Тунаб қолишга боп жойлар экан, кейин сизни олиб, учиб кетамиз.
– Йўқ! – деди Сейл, афти даҳшатли бужмайиб. – Тунаш мумкин эмас!
У бошқа бир сўз ҳам айтолмасдан, шилқ этиб йиқилди.
– Тез! – келганлардан бирининг товуши туманли қуюн ичидан қулоғига чалинди. – Озгина суюқ озуқа билан уйқу дори бер. Унга овқат ва дори керак.
– Дам олиш керакмас! – бақирди Сейл жонҳолатда.
– Алаҳлаяпти, – шивирлади келганлардан бири.
– Ухлаш мумкинма-ас! – додлади Сейл.
– Секин, секин, ҳозир, – деди тепасидаги одам мулойим.
Сейлнинг қўлига игна санчилди. У оёқ-қўлларини типирчилатди.
– Ухлаш керакмас! Кетайли-ик! – даҳшатли қичқирди у. – Кетайли-ик!
– Алаҳлаяпти, – деди келган одам. – Қаттиқ зарб билан йиқилган.
– Уйқу дори керакмааааас! – чўзи-иб қичқирди Сейл. Дори унинг баданига тарқаб улгурган эди.
“Ээээээээ”, – қўшиғини бошлади қадимий шамоллар.
“Ааааааааҳ”, – куйлади денгизлар.
– Уйқу дори керакмааа-ас, мумкинмас ухлаш… илтимос, керакма-ас, керакмас! – бақирди Сейл ўрнидан туришга интилиб. – Сизлар… бил… майсизлар…
– Хотиржам бўл, қария, сен хавф-хатардан холисан, тинчлан.
Леонард Сейл ухлаб қолди. Икки киши тепасида қараб туришарди, қарашгани сари Сейлнинг юзи ўзгармоқда. У уйқусида ингради, йиғлади, бўкирди, юзи эса бетўхтов ўзгараяпти. Бу юз – донишманд, гуноҳкор, ёвуз руҳ, аждаҳо, зулмат, нур, бир киши, минг киши, лашкар, бўшлиқ… ҳамма ҳаммаси!
У уйқусида тиришди.
– Ээээээээ! – ўкириб юборди, бирданига оғзини очиб, кейин – Ииииииии! – деб чийиллади.
– Унга нима бўлган? – деди “ҳалоскорлар”дан бири.
– Билмасам. Уйқу доридан яна озгина юборайми?
– Ҳа, яна бир улуш. Асаби чатоқлашган. Кўп ухлаши керак.
Улар Сейлнинг қўлига яна игна санчишди. Сейл инграб, оғзи кўпириб, типирчилади ва… бирданига, ўлиб қолди.
Тепасидаги икки киши нима қилишини билмай, туриб қолди.
– Даҳшат! – деди бири. – Буни нима деб тушуниш керак?
– Қаттиқ зарб еган. Бечора. Чатоқ бўлди. – Улар Сейлнинг юзини ёпиб қўйишди. – Шунақа юзни умрингда кўрганмисан?
– Мутлақо телба!
– Ёлғизлик, зарба…
– Ҳа. Тавба, бу қандай нигоҳ? Ҳеч кимга кўргулик қилмасин.
– Фалокатни қара, бизни кутган, етиб келдик, бари бир, ўлди-қолди.
Улар атрофни қараб чиқишди.
– Нима қиламиз? Тунаймизми?
– Ҳа, фақат, кемадан ташқарида.
– Албатта. Аввал уни кўмамиз.
– Бўлмасам-чи!
– Кейин очиқ ҳавода ухлайверамиз. Бўптими? Манави лаънати кемада икки ҳафта учавериб, очиқ ҳавода ухлашни соғиниб қолдим.
– Кел, бундай қилайлик: мен унга мос жой қидираман, сен эса, овқат тайёрлайсан. Келишдикми?
– Келишдик.
– Бугун мириқиб ухлайлик.
– Мазза қиламиз!
Улар гўр қазишди, жаноза ўқишди. Кейин индамасдан қора кофе ичишди. Сайёранинг тоза ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олишди, ажойиб осмонда чарақлаб турган гўзал юлдузларни томоша қилишди, “Қандай тун-а!” дейишди ётишга тайёрланиб.
– Яхши тушлар кўриб чиқ, – деди бири ёнбошлар экан.
– Сен ҳам, – деди иккинчиси.
Улар ухлаб қолишди.
___________________
*Армагеддон – христиан ривоятларига кўра, бутун Ер юзи подшоҳларининг қиёмат-қоим жанги содир бўладиган жой. Шимолий Фаластиндаги тоғнинг яҳудийча номини эслатади. У ерларда жуда қадим замонларда ҳам катта урушлар бўлган экан. Христиан-яҳудоча изоҳларга қараганда, “Исроил тоғлари” деган ибора ҳам ана шу тоғ билан боғлиқ. Христианларнинг назарида, дажжол Гоганинг қўшинлари Армагеддон тоғи яқинида яксон қилинади.
“Шарқ юлдузи”, 1998 йил, июнь.
Русчадан Қудрат Дўстмуҳаммад таржимаси