Бир адабий журналда менинг янги достоним – “Оналарни асранг” чоп этилди ва достон асосида тайёрланган эшиттириш радиода эфирга узатилди. Бу достон ҳали бирор тўпламимга кирмаганди, уни алоҳида китоб ҳолида нашр этиш учун эндигина тайёрлаётгандим. Адабиётшунослар тақриз ёзиб, матбуотда эълон қилишмаганди. Ҳали кенг китобхонлар оммаси достон билан танишиш имкониятига эга бўлмаганди. Шунга қарамай, журнал таҳририятига, радио қўмитасига ва менинг ўзимга достон ҳақида жуда кўплаб мактублар келгани чиндан ҳайратга солди.
Шеър-достонларни биринчи йил ёзаётганим йўқ, лекин илгари ҳеч қачон кенг китобхонлар оммаси ижодимга бунчалар эътибор берганини кўрмагандим. Достон турли ёшдаги, турли миллат кишилари, турли касбдаги, ҳатто ўзлари мактубларида иқрор бўлишича илгари шеър ўқимаган, аввал менинг номимни эшитмаганлар ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Ҳа, “Дўстларни асранг”, “Севги ҳақида китоб”, “Менинг Доғистоним” асарларим, “Турналар” қўшиғим машҳур бўлганда ҳам китобхонлардан бу қадар кўп мактуб олмагандим. Шу боис уларнинг қизиқиши сабабини бир қадар тушундим. Ўзим эса “Оналарни асранг” достонига камтарин ижод йўлимнинг навбатдаги бир босқичи сифатида қарайман.
1953 йилда адабиёт газетасида “Отам билан суҳбат” достони чоп этилганди. Мени шоир отам – устозим вафоти ларзага солганди. Аввал шеър, кейин достон ёздим. Қайсидир маънода бу достон ижодимнинг навбатдаги босқичи, шу билан бирга ижодимда деярли дастурий асар бўлганди. Нега “деярли дастурий асар” дедим, чунки мен бу дастурга кўпинча амал қила олмадим. Низом ва дастурлар ҳамма вақт қалб ҳаяжони, кайфияти ва изтиробларига мос тушавермас экан. Аммо шу достонимдан кейин мендай ёш ижодкорга вояга етган кишига қарагандай қарашди, мендай она тилда ижод қилиб, бошқа тилда ўзига йўл излаётган шеър тўқувчини сийлов тариқасида шоир деб атай бошлашди.
“Отам билан суҳбат” достонимни ўқиб чиққан Александр Фадеев менга шундай мактуб ёзганди: “Бу достоннинг муваффақияти шундаки, унда бизнинг шеъриятимиз манбаларига оид катта фикрлар чинакамига шеърда ифода этилган. Сиз бу достонингизда отангизнинг тирик руҳи билан суҳбатлаша олгансиз”. Достон ҳақида Самад Вурғун ҳам ўз фикрини билдирди, тақриз, таҳлилий, танқидий мақолалар ёзишди. Уни қайта-қайта нашр қилишди. Аммо у достон “Оналарни асранг” достони каби ўқувчилар ўртасида шундай катта қизиқиш билан ўқилмаганди, бу қадар кўп мактублар олмагандим.
Кўпчилик мендан бу достон чоп этилган журнални топишда ёрдам беришимни сўрашади. Радио қўмитаси достонга бағишланган эшиттиришни такрорлаш сўралган мактублар олди. Ҳузуримга саволлар билан қанча ёш адабиётшунослар ва “адабиётхўрлар” келишди. “Оналарни асранг” достони эълон қилингандан кейин менинг ҳамюртларим – ота-онаси ҳалок бўлиб етим қолган қанча фарзандлар эшигимни қоқишди. Ўқувчилар бу достонимни адабий воқеа сифатида эмас, ҳаётий воқеа сифатида қабул қилишди. Мен жуда ҳурмат қиладиган Виктор Шкловский таъбири билан айтганда, достондаги воқелик ҳаёт ҳақиқатининг ифодаси эмас, балки ҳаёт ҳақиқатининг ўзидир.
Ўзим бу достон ҳақида ўйлаганимда, унда илгари бошлаган ғояларимни давом эттирдим ва айрим қиёмига етмаган жиҳатларини тўлдирдим деб ўйлайман. Албатта, бу достон илгари ёзганларимнинг такрори ёки давоми деганим эмас. Достон қўлёзмаси Доғистон Ёзувчилар уюшмасининг авар адабиёти бўлимида муҳокама қилинганда кўпчилик унинг шакли ва услубига эътироз билдирди. Сўзма-сўз таржимасини узоқ йиллардан бери шеърларимни таржима қилиб келаётган Яковь Козловскийга бердим. У қўлёзмани қайтарар экан, достоннинг адабий қурилиши бўш эканлигини айтди. Таржимон кўпдан бундай узун достонларга қўл урмаётганини, ҳозир ўзининг шеърларини тартиблаш билан машғул эканини қўшимча қилди. Шунда мен достонни ҳам шоира, ҳам Давид Қуғултинов шеърларининг моҳир таржимони сифатида ҳурмат қиладиган Юлия Нейманга кўрсатдим. У достон ёққанини айтди ва тезда таржимасини тугаллади.
Достонни нуфузли журналга олиб бордим. Бош муҳаррири мени хафа қилиб қўймаслик учун таржимадан қониқмаганини рўкач қилди. Бошқа журналда достоннинг ҳажми катталигини, ундан парча бериш мумкинлигини айтишди. Мен яна учинчи уринишни амалга оширдим – достонни илгари менинг асарларимни чоп этмаган “Знамя” журналига бердим. Уларга достон ёқди ва тез орада деярли тўлалигича чоп этишди.
Ҳа, достон дунё юзини кўриш учун осон йўлни босиб ўтмади. Ўзим ҳам достонни осонгина ёзган эмасман. Достонни ёзар эканман, тез-тез отамнинг сўзларини ёдга олдим. “Ижодкорнинг маҳорати шундаки, – дер эдим отам, – ҳамма билган воқеаларни мухтасар ифодалайди, кўпчилик билмаган воқеаларни батафсил баён қилади. Бу мураккаб ва ижодкорлик талаб қиладиган қийин иш”.
Отам тоғликлар орасида таниқли киши эди. У эллик йилдан ортиқ вақт давомида “Ўзи ва замони” ҳақида ёзди, шу тариқа ўзига кенг йўл очди. Таъкидлашим керак, отам ҳақида жуда кўп ёзишган. Онам эса овулдан нарига чиқмаган, оддий, меҳрибон тоғлик аёл эди. У ёзишни билмасди, демакки, ўзи ҳақида ҳеч нарса ёзмаган, онам ҳақида ҳам ҳеч ким ҳеч нарса ёзмаганди. Лекин отам ҳар доим онамдан миннатдор бўларди. Ҳатто шуҳрат чўққисида бўлган пайтида таваллуд тўйини нишонлаётганда онамга ҳурматини изҳор этиш мақсадида “Хотинимнинг шикояти” деб номланган шеър ҳам ёзганди.
…Шуҳрат чўққисида турибди мағрур,
У билан фахрланар ҳар битта юртдош.
Аммо бўлармиди шунчалар машҳур,
Агар мен ёнида бўлмасам йўлдош.
Ижод қилиш учун чоғланган замон,
Дарҳол тутар эдим хома, сиёҳдон.
Сўнг жимлик сақлай деб уйнинг ичида,
Ҳаттоки юрардим оёқ учида.
Бугун тўйи, тонгдан тинмайди йўқлов,
Табрикка келганнинг кети узилмас.
Мен ҳам ёш эмасман ва лекин бирров
Табриклаш ҳеч кимнинг эсига келмас.
Ҳа, онамни табриклаш ҳеч кимнинг эсига келмасди. У доим ҳаммадан четда, юзлаб оддий тоғлик аёллар каби ошхонада куйманарди. Ахир, унинг қиладиган ишлари, ташвишлари кўп эди. Онам тоғлар куйчиси, машҳур кишининг умр йўлдоши эди, унинг хонадони узоқ-яқиндаги овул ва шаҳарлардан келган меҳмонлар билан доим тўла бўларди. Тўртта ўғли вояга етган сайин уларнинг ҳам ўқишдаги, ишдаги дўстлари меҳмонга кела бошлашди. Шу тариқа кексайган, хасталанган онамнинг кундалик ташвишлари йил сайин ошиб борди. Лекин ҳеч қачон у бундан шикоят қилмасди. Бир куни уйимизга бир гуруҳ дўстларим келиб, тунаб қолишди. Отам шунда: “Онангни аясанг бўларди”, деди. Тасодифан бу гапни эшитиб қолган онам отамдан ранжиди.
Онам Иккинчи жаҳон урушида икки ўғлидан – менинг икки акамдан айрилди, туну кун хаста ётган отам ёнида парвона бўлди… Отам кўз юмар экан, менга васият қилди: “Онангни асра”. Мен бу мавзуда шеър ёздим. Онам вафот этганда, изтироб билан достон ёзишга киришдим. Такрорлайман: достонни узоқ ва қийналиб ёздим. Онамнинг ҳаётида эсда қоладиган воқеа юз бермаганди. Аммо она бари бир она, мен унинг ўғлиман ва онам олдида ҳамиша ўзимни қарздор ҳисоблайман. Мен онамнинг қабртошига шеърий гулчамбар қўйишим керак эди. Бу ҳақда Сергей Есенин шундай ёзганди: “Одам ташқи таъсир ва ички сезгисидан ҳосил бўлган ҳаяжонни бошқаларга сўз, товуш ва ҳаракати билан етказади”. Изтироблар кўз олдимда онам тимсолини гавдалантирди, аввалига у менинг ички ва шахсий туйғум эди. Энди у ташқарига чиқди ва ҳаммага тегишли бўлди.
Мен онам ҳақида, унинг лаҳзалик қувончлари ва бошига тушган оғир мусибатлари, қисқа ёшлиги ва эрта сочи оқаргани тўғрисида ёздим. Мен унинг мотам кунлари кўк-қора рангга бўялган рўмоли тўғрисида ёздим. Кейин оналарнинг аллалари ҳақида, уларнинг бешикдан қабргача айтган қўшиқлари тўғрисида ёздим. Ким онаси айтган аллани унутса, она тилини ҳам унутади, – дер эди отам. Ўзим эса дунёдаги учта қўшиқ ҳақида кўп гапирганман.
Одамзод яратган учта қўшиқ бор,
Уларда жо шодлик ва ғамли палла.
Улар бир-бирини қилишмас такрор,
Биринчиси – она куйлаган алла!
Иккинчисини ҳам оналар айтар,
Ўғлин сўнгги йўлга кузатган пайтлар,
Унинг фиғонидан титрар бўшлиқлар…
Учинчиси – қолган барча қўшиқлар.
Мен тўққизта тош ҳақида ёздим, онам уларга қараб келажагим ҳақида сўзларди. Ҳар бир тошга ном қўйганди: меҳр, шодлик, ишонч, умид, ташвиш, хавф ва ҳоказо. Кейин оналарни ёдлаб бонг урувчи қўнғироқлар ҳақида ёздим. Мен онамнинг вафот этгани тўғрисидаги хабарни Хиросимада бўлган пайтимда эшитдим. Шу боис жудолик жуда оғир ботди, изтиробга солди ва шундай дамда узоқда эканлигим алам қилди. Илгари онам менинг бошимда алла, қўшиқлар айтарди. Энди мен онамга шеърлар ўқияпман, аммо уларни онам эшитмайди.
Оналар ўғлини тупроққа берса,
Бағрини ўртайди фарзанди доғи.
Онаси қабрининг пойида турса,
Ўғилни бўзлатар виждон қийноғи.
Ҳа, онам ўзига бағишлаб ёзилган кечиккан шеърларимни эшитмайди. Юзлаб мактублар орасида юқори ташкилотга жўнатилган битта заҳарханда арзнома ҳам бор эди. Уни китобхон эмас, ўз юртдошим, ёзувчи “катта акам” ёзганди. У сира тушуна олмабди: шундай улуғвор ишлар амалга оширилаётган замонда қандай қилиб ўз онаси ҳақида ёзиш мумкин, ўзи онаси халқ ва Ватан олдида қандай хизматлар кўрсатган ва ҳоказо.
Дунёда хизмат кўрсатган ва хизмат кўрсатмаган, яхши ва ёмон одамлар бор, лекин дунёда хизмат кўрсатмаган она йўқ ва улар ҳамиша фарзандлари учун яхши, муқаддас. Ҳикматда таъкидлангандай: “Аёллар кўп, она ягона”. Бу ҳақда тўхталишга ҳожат йўқ, қайсики, бу ҳақда ўқувчилар ўз мактубларида ёзишяпти. Улар асарнинг адабий қурилиши, мавзуи, мундарижаси, шакли, услуби, тили, бадиий тимсоллари ҳақида эмас, ўқигандан кейин олган таассуротлари, достон уйғотган ҳис-туйғулар тўғрисида ёзишяпти. Улар ўзининг онаси ва яқинларининг оналари тўғрисида ёзишяпти ва менинг оналар ҳақидаги фикрларимни давом эттиришяпти. Яширмайман, айрим мактубларни ўқиганда улар достонни ўқиганда ҳаяжонлангандан кам ҳаяжонланмадим. Ҳа, “онадан бошқа она йўқ”, унинг тимсоли барчамизни бирлаштиради.
Матбуотимиз ота ва ўғиллар тўғрисида кўп ёзишади, лекин улар ўртасидаги муносабат муаммосига кам тўхталишади. Оналар ва болалар тўғрисида эса кам ёзилган, демакки, улар ўртасидаги муносабатлар муаммоси қаламга олинмаган. Гўё бунга ҳожат йўқдай, лекин Некрасов очиқ-ойдин шундай таъкидлайди:
Бу дунёда кўпдир сохта меҳрибон,
Сохта мулозамат ва сохта йўлдош.
Ва лекин билдимки, она ҳеч қачон
Беҳуда тўкмайди кўзларидан ёш.
Бу муаммо ҳали ҳануз учрайди, ҳали унинг ечими топилмаган. Бу ҳақда китобхонлар ёзишмоқда, шу боис мен асар ҳақида эмас, ана шу масалага тўхталмоқчиман. Бу масалани ўзим кўтараётганим йўқ, уни китобхонлар олдимга қўймоқда, мен уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қаламга олдим. Мен фақат ўз онам ҳақида эмас, жаҳондаги меҳрибонлик тимсоли бўлган оналарнинг ҳар бири ва ҳаммаси ҳақида фикр юритмоқчиман, токи ҳеч ким онаси тириклигида бефарқ ёки эътиборсиз бўлиб, кейин виждон азобида қийналиб, унинг қабрига мунғайиб боқмасин.
Мактублар ҳар хил. Уларнинг мазмуни достонимни тўлдиради ва воқеаларни мантиқан давом эттиради. Келган мактубларни шартли равишда уч гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси – достондан олган таассуротлар ҳақидаги мактублар. Иккинчиси – она ва болалар чекаётган изтироблар, уларнинг дил нолалари, шикоятлари. Учинчиси – ўқувчиларнинг атрофдаги ота-болалар муносабатларига билдирган қатъий фикрлари.
Бу уч гуруҳ мактублардан алоҳида-алоҳида учта китоб қилса бўлади: таассуротлар китоби, шикоятлар китоби ва таклиф-истаклар китоби. Улар қизиқ, шу билан бирга ибрат олса бўладиган ҳаётий ҳақиқатлар.
Она ва болаларнинг юракни ҳаяжонга солувчи бу мактубларини ўз вақтида достонимни таржима қилмасдан қайтиб берган Яковь Козловскийга кўрсатдим. У мактубларни кўздан кечирар экан: “Бу мавзу учун”, деди. Мен-ку биламан, камтарлик одамни безайди, лекин ҳақиқат барибир афзал. Ханжар кимнинг қўлида эканлигига қараб ё одамни ўлимдан қутқаради, ё ўлдиради. Мавзу ҳам шундай, унга қандай ёндашишга боғлиқ. Бундан ташқари ўзингни дунёга келтирган онангни мавзу деб аташ яхши эмас. Чунки она меҳр-муҳаббат кўрсатиш керак бўлган улуғ зот, катта тақдир эгаси, илҳом манбаи. Биргина “Она” деган сўзни эшитишимиз билан сергак тортамиз, қалбимизга нур ва меҳр инади.
Руслар “мама” дейди, гуржилар “нана”,
Аварлар мулойим “баба” дейишар…
Мен Валентина Терешкова коинот парвозидан қайтиб келгандан кейин унинг иштирокида ўтган бир матбуот анжуманини кўп эслайман. Узоқ савол-жавоб бўлди, шунда хорижлик журналист кутилмаган савол берди: Сиз учун энг қадрли инсон ким? Валентина жуда қисқа, аниқ ва гўзал сўзда жавоб берди – Мама (Она). Барча унинг жавоби тўғрилигини тасдиқлаш мақсадида тин олди. Ўша кезда мен Валентинанинг коинотдаги қаҳрамонона парвозидан кўра шундай жавоб берганидан кўпроқ хурсанд бўлдим.
Тоғлик эркак севган аёлининг айтган барча шартларини сўзсиз бажаради, фақат онасини унутишни сўраса, буни бажаришни ўзига иснод деб билади. Болаларини Ватанга, халққа мерос қолдириб, қанча оналар ҳаётдан кўз юмишди.
Одамлар ҳар хил бўлади: яхши ва ёмон, кучли ва кучсиз, ҳалол ва ҳоказо. Қўшиқлар ҳам ҳар хил. Лекин ҳамиша оналар гўзал, улар куйлаган аллалар гўзал. Ёмон кимса ҳақида гап кетганда, унга онаси бешиги узра алла айтмаган, деб қўйишади. Шундай бир воқеа эсимда, тоғликлар бир қўшиқчи олдига келиб, ундан бирор нарса куйлаб беришини сўрашади. Қўшиқчи бугун куйлолмаслигини айтади, шунда тоғликлар ундан ниманидир сўзлаб беришини илтимос қилишади. Ўйга чўмган қўшиқчи бирдан уларга дейди: “Яхшиси, мен сизларга онам ҳақида куйлайман”. Албатта, бу унутилмас таассурот қолдирди.
Мен бевақт вафот этган ёш шоир Ражабов ҳақида ёзганман. У жуда ёш ва касал эди, катта асарлар яратишга улгурмади. Лекин у қанча касал бўлмасин, қанча касалхонада ётмасин, оналар ҳақида шундай бир қўшиқ яратди. Бу қўшиқни тинглаган минглаб оналар ва болалар унга саломатлик тилаш учун касалхонага келишди. Ўзим ҳам уни кўриш учун бир неча бор борганман. Агар одамлар меҳри касалликни тузатишга қодир бўлсайди, албатта у соғайиб кетарди. Она – энг яхши табиб, лекин у ҳам фарзандини сақлаб қола олмади.
Шунинг учун она зарур жиҳатларини ўрганиш билан чекланадиган асар мавзуси эмас. Она – бу фикру хаёлда яшайдиган, унинг қувонч-ташвишларига шерик бўладиган, ҳамиша меҳру муҳаббат кўрсатадиган улуғ зот. Бу буюк туйғу ҳақида Некрасов шундай ёзганди:
Она – буюк туйғу, қалбнинг махзани,
То тирик эканмиз – дилда сақлаймиз.
Севамиз отани, сингил, завжани,
Ғамли кун онани маъюс йўқлаймиз.
Ҳа, бу буюк туйғу тўғрисида ўқувчилар ўз мактубларида ёзишмоқда. Улар оналар олдидаги қарзни узиб бўлмаслигини такрор-такрор эслашмоқда, ажойиб ўғилларни тарбия қилган оналар, ўзгаларнинг болаларини асраб олиб, оналик меҳрини берган меҳридарё аёллар ҳақида ҳикоя қилишмоқда, оналарнинг руҳи ўзларини ҳамиша қўллаб-қувватлаб келаётгани тўғрисида фикрларини билдиришмоқда. Кўпчилик ўз оналари ҳақида ёзишиб, туғилган кунига достонимдан жўнатишимни сўрашади. Ёлғиз ўғли ҳалок бўлган она, барча ўғилларидан айрилган оналар… Ва лекин улар ҳамон умид билан ўғилларини кутишаётгани тўғрисида ёзишган. Оналаридан айрилган ўғиллар тўғрисида ҳам мактублар бор. Мактубларда онаси хотираси олдида хижолатда эканини, виждон азобида қийналаётганини, онаси тирик вақтида фарзандлик бурчини бажармагани тўғрисида ёзилган армонлар ҳам бор. Онаси сўнгги кунида ёнида бўлмаган фарзандларнинг ўкинч-надоматга тўла мактубларини ҳам ўқидим. Шу ўринда Александр Твардовскийнинг шеърини эслайман:
Ажал йўқлаб келмасдан бурун,
Оналарга айтамиз видо –
Ўзимиз-ку ҳали ўспирин,
Ҳали эшик очмаган дунё.
Ўғли учун ҳолбуки шу вақт
Пайпоқ тўқир меҳрибон қўллар.
Ўғли эса бўлар бетоқат,
Гўё уни кутмоқда йўллар.
Бошга бешак тушади фироқ,
Ва лекин бу бўлар кейинроқ…
Турли ўлкалардан оналарга бўлган меҳр, оналарнинг фарзандларига бўлган меҳри тўғрисида юзлаб мактублар олдим ва мен сўз билан ифодалаб бўлмайдиган бу меҳр одамларни бирлаштиришини чуқурроқ англаб етдим. Шу боис бу мавзу қанчалик шахсий бўлмасин ва қайси тилда ёзилмасин, умуминсониятга тегишли бўлар экан. Барча оналар битта миллатга мансуб ва улар бирдай юксак ҳурматга лойиқ. Бу мактублар – онаси барҳаётларнинг қувончлари ва онаси вафот этганларнинг чексиз қайғуси.
Иккинчи гуруҳ мактубларни изтироб чекмасдан ўқиш мумкин эмас, чунки улар оналарнинг кўз ёшларига бефарқ қарайдиган кимсалар ҳақида. Афсуски, бундай кимсалар орамизда оз эмас. Бу мактублар унутилган ва ўз ҳолига ташлаб қўйилган оналарнинг қалб нидоларига, қайғуларига тўла. Мушфиқ она бир қанча ўғилни вояга етказди, улар эса мамлакатнинг турли бурчакларида истиқомат қилишади. Аммо ҳеч қайсиси онаси ҳолидан хабар олмайди, мактуб ҳам ёзмайди, моддий ёрдам бериш ҳақида эса ўйлаб ҳам кўрмайди. Оналар эса уларни кутмоқда… Фарзандлари томонидан унутилган она сира фарзандларини унута олмайди, бундай хусусият табиат томонидан уларга берилмаган.
Бир она ўғлини кута-кута чидай олмай, охир ўзи шаҳарга борибди. Аммо у ерда кекса кампирни мамнуният билан кутиб олишмабди, она кечаю кундуз кўз ёш тўкибди. Ўзи дунёга келтирган ўғли бегоналардан баттар муомала қилибди, шаҳардаги хонадони она учун зиндон бўлибди. Она бечора қайси юз билан қишлоғига қайтади, ўғли ҳақида одамларга нима дейди? Онанинг оғир аҳволидан хабар топган қўшнилар уни қарамоғига олишибди. Барибир она она-да, қишлоғига бу ерда бахтиёр яшаётгани, жуда яхши ўғил ўстиргани тўғрисида мактублар ёза бошлабди.
Менга ўғли номидан ўзига мактуб ёзиб, уларни қўшниларига мақтаниб кўрсатиб юрадиган оналар тўғрисида ҳам ёзишган. Ўғли эса онасини, унинг дунёда борлигини батамом унутган.
Кексайиш, кексалик – қувонадиган ҳодиса эмас. Афсуски, шундай болалар борки, ўзларининг қилиқлари билан минг ташвишда юрган, кексайган онасини изтиробга солади. Давлат берган имтиёзлардан фойдаланиб, оналарини ойлаб шифохоналарда, сиҳатгоҳларда сақлашади. Албатта, уларнинг соғлигини тиклаш учун эмас, кўздан нари қилиш учун. Бундай ўғил ва қизлар ўзларига ҳаёт бағишлаган оналарига оғир юкка, кераксиз буюмга қарагандай қарашади. Улар ҳақида ёзилган мактубларда қалб нидоси ва азоби, ҳайронлик ва дуоибад, меҳру муҳаббат ва ҳақиқатнинг қарор топиши кераклиги тўғрисида фикрлар айтилган. Айримлар бу масалани ижтимоий муаммо дейишади, шахсан мен буни одам деган юксак мақомга эга зот учун иснод деб ҳисоблайман.
Учинчи гуруҳ мактубларда таклиф-истаклар битилган, биз улар ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Биз болаларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаймиз. Аммо биз онапарварлик ҳақида кам ёзамиз, ёзганларимиз эса юзаки. Гўё бу туйғу фарзандларда ўз-ўзидан пайдо бўлаверади. Ва лекин кимки онасини унутса, у кимса Ватанга ҳам ҳеч иккиланмай хиёнат қилиши мумкин.
Шубҳасиз, дунёда фарзанди бошида алла айтмаган она йўқ. Аммо онасига шеър бағишламаган шоирлар бор. Улар онаси дунёдан кўз юмгандан кейин марсия бағишлайди. Бошқалари азобли кунлардагина оналарини эсга олишади. Некрасовгача бўлган рус шеъриятида оналар ҳақида ёзилган шеърларни учратиш қийин. Авар мумтоз шеъриятида ҳам оналар ҳақидаги бирон мисра топмадим. Бошқа халқларда ҳам аҳвол шу. Бунинг сабаби битта деб ўйлайман. Мен уни ўзимнинг аварлик салафларимга бағишлаб ёзган шеъримда ифодалашга ҳаракат қилдим.
Маҳмуд, Элдарилав, азиз отажон,
Шеърларингиз ўқиб бўламан ҳайрон.
Улар ҳикматларга бўлса ҳам тўлиқ,
Нега она ҳақда бирор-бир сўз йўқ.
Маҳмуд дер: сен уни кўрсанг бир бора,
Бундай савол бермас эдинг ҳеч қачон.
Ишқ ўқи юрагим этганда пора,
Онам кўз олдимда бўлди намоён.
Элдарилав гапни эттирар давом,
Таърифлаш қийиндир бундайин дамни.
Мен ҳам Меседони кўргач бўлдим ром,
Унутдим оламни, ҳатто онамни.
Лекин Чохдаги тўй ёдимда ҳамон,
Заҳарли қадаҳни билмай ичган он,
Онамни эсладим, чиқар чоғда жон
Онам кўз олдимда бўлди намоён.
– Отажон, Доғистон қўйнида яшаб,
Нега битмагансиз онага ашъор?
– Онам мени эрта кетганди ташлаб,
На юзин, на меҳрин эслолмам зинҳор…
Пушкин ҳам, Лермонтов ҳам онаси меҳрини ҳис қилишмаган: уларни оналари дунёга келтирган, холос. Шу боис Пушкин онаси ҳақида эмас, энагаси тўғрисида машҳур шеър ёзган… Албатта, рус адабиётида оналарга бағишланган ажойиб асарлар бор. Некрасов, Блок, Есенин, Твардовский ва бошқа шоирлар бу мавзуда оналарнинг бадиий тимсолларини яратишган. Оналар ҳақидаги қўшиқни ҳозирги замон шоирлари ҳам куйлашяпти. Менимча, бундай шеър ва достонларни тўплаб, китоб ҳолида чоп этса айни муддао бўларди.
Дунё кезиб кўплаб байрамларда қатнашганман. Мени улар орасида Кубада нишонланган оналар байрами, оналар куни жуда ҳаяжонга солди. Гаванадан Сантяго шаҳрига боришим керак эди. Эрталаб шофёр келиб, йўлда албатта онаси ҳузурида 2-3 соат бўлиши кераклигини айтди: “Бугун оналар куни”. Улар серфарзанд оила экан. Барча фарзандлари онаси ҳузурига табриклаш ва миннатдорлик билдириш учун келишди. Худди шундай бутун мамлакатда фарзандлар оналари ҳузурида тўпланишди. Бошқалари оналари қабртоши устига гул қўйиш учун боришди.
Бизда хотин-қизлар байрами бор, болалар йилини ҳам нишонладик, шунингдек, шахтёрлар, балиқчилар ва бошқа касб эгаларининг куни бор. Бу албатта яхши. Агар биз ота-оналар куни дейилган яна бир эзгу байрамни нишонласак яхши бўларди.
Ўқувчилар мактубларини ўқиб, улардан олган таассуротларим асосида ёзган мақоламни бир шеърим билан якунлашни истайман.
Ханжарлар сопига ёзинг, одамлар,
Фарзандлар исмини, шунда қай куни
Жиззакилик қилиб тутсангиз ханжар,
Улар эсга солар буюк туйғуни.
Милтиқлар устига чизинг, одамлар,
Оналар расмини, шунда қай куни
Кимдир ўқ узишга чоғланса агар,
Мунис сурат йўлдан қайтарар уни.
Рус тилидан Асрор Мўмин таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 8-сон