Оҳ, у дарров, дарров таниди! Бу лотинча, думалоқ, худди чағалай қанотларидек тўғри “n” ҳарфи. У ўша пайтдаёқ бу қулоқсиз қизни огоҳлантирган, “исмимни тўғри ёз, “n” ни “u” га ўхшатиб ёзма”, деган эди. У ахир Touko эмас, япон Jaukin эмас. Унинг исми-шарифи Тонко Янкин, Жин Шохи Устида деган хитойча вилоятни забт этган аллақандай Тоуко Яу Киу, Киу Шиу ёки Шиу Мицу эмас, у зодагон, оқсуяк Янкин. Ушбу “n” ҳарфининг ёзилишида қандайдир таъкид айтилган, аммо ошкор этилмаган нимадир бор. О, бу “n” қанчадан-қанча хотираларни уйғотмайди?
Мен сизни таниб турибман, хоним, сиз ёзган мана шу “n” боис таниб турибман! Энди мендан, эски калитларни йиғиб юрадиган калвакдан нима истайсиз? Бундан ўн йил аввал, ўн бир йил аввал мени ғалати одам, калвак деб атаган эдингиз, эсингиздами? Ўн бир йил муқаддам бирданига жазавангиз тутди, йиғлаб, оёқчаларингиз билан шағални тепиб (ўша пайтда, ўн бир йил олдин бу йўлкаларга оқ шағал тўкилган эди) “Шу эски калитларинг жонга тегди, нима истайсан мендан?” деб қичқирган эдингиз (Оҳ, худойим, бирам кўҳлик эди-я бу қиз!). Кекса Люция юқори қаватда ивирсиб юраркан, бизнинг қичқириқларимизни эшитиб, кейин мендан: “Шьор Тонко, синьорина Аннага нима бўлди?” – деб сўраганди.
“Синьорина Аннами? – дедим мен. – У бармоғига пальма баргини санчиб олибди…” “Менинг сўраётганим, у калитлар дегандай бўлди-да”, – минғирлади Люция.
Кекса Люция гап нимадалигини англаган, пальма ҳам, ҳатто калитлар ҳам шунчаки тилга келиб қолганини тушунган эди. Мен ҳам калитларнинг бунга алоқаси йўқлигини билардим. Сиз илгарилари мени калитлар йиғиб юришимни билардингиз, буни ҳамма, бутун шаҳар биларди, лекин шунга қарамай, менга унаштирилдингиз. Бутун шаҳар менга қадимий калитларни сотарди, ҳатто сиз ҳам, ойимқиз, готика услубида ясалган венецияча калит совға қилгансиз. У тенги йўқ, нодир калит эди, коллекциямнинг фахрига, безагига айланган эди. (Оҳ, Анна!)
Йўқ, йўқ, гап калитларда эмас эди, менинг гўзал маликам, ҳамма гап ер ўлчаб юрадиган анов танобчида эди. Худди ўша танобчи, бизникига ерни ўлчаб, кесиб бериш учун келган танобчида. Жаҳлингизнинг, кўз ёшларингизнинг сабаби шунда эди, шунинг учун сиз боғда ер тепинган эдингиз! Ўшанда пошнангизни синдирган эдингиз, биз туфличангизни тузаттириш учун Люцияни этикдўзникига жўнатгандик, агар шундай қилмасак, уйингизга ҳам кетолмасдингиз. Люция туфличангизни олиб келгунча ялангоёқ (“миттигина яланг оёқлар!”) самбитгуллар орасидаги ўриндиққа ўтириб олиб, жаҳлингиз чиқиб сукут сақлардингиз, менга бир оғиз ҳам сўз айтишни истамадингиз. Мен ўзимни айбдор сезардим, ахир мен бадбахт, танобчини хаёлимга келтирибмидим? Бошингиз узра самбитгуллар ифор сочар, лекин сиз бу исга парво қилмасдингиз. Мен эса сиз шу маст қилувчи севги ҳидини, кўксимдан чиқаётган хўрсиниқни ҳис қилмаганингиз учун ўзимни айбдор деб билардим, сизнинг зардали сукутингиз, ўзимнинг мавжуд бўлмаган айбим боис хўрсинардим (бунча бағритош бўлмасанг, Анна!), охири қаршингизда тиз чўкдим, узр сўрадим, калитларимдан воз кечдим, ваъдалар бердимки… оёқларингизни ўпмоқчи эдим, сиз эса ўпилмаган оёғингиз билан менинг кўксимга тепиб юбордингиз, йўлкадаги шағал устига йиқитиб юбордингиз. Мен чин маънода ташланган, танобчига жой бўшатиш учун қувиб юборилган эдим.
Бу танобчи сизга қачон кўз ташлади, қачон сизни маҳлиё қилиб, ер ўлчаб юрадиган тасмасига боғлаб олди, ҳозир ҳам ақлим бовар қилмайди. Лекин сиз уни деб эс-ҳушдан айрилдингиз, уни пойлашдан, атайлаб унга дуч келишдан уялмадингиз (ўшанда ҳамма шуни гап-сўз қиларди, мен эса уятдан ёнар эдим, Анна). Унинг сафари ниҳоясига етиб, кетганда, сиз ҳар қандай уятни йиғиштириб қўйиб, ортидан югурдингиз… Кейинроқ, уруш бошланганда, ҳатто унинг орқасидан ўрмонга кетишга ҳам аҳд қилибсиз! Шим кийиб, қўлингизга қурол олиб!
Мана, Люция туфличангизни олиб келди, сиз менга бир сўз демай, ҳатто қўл бермай кетдингиз. Шундан кейин сизни қайтиб кўрмадим. Уруш тугагач, Люция менга сизнинг ўша танобчига турмушга чиққанингизни айтди. Оч, кир, бит босиб келган танобчини ювиб, тараб, унга хотин бўлибсиз (оҳ, Анна, Анна, ўшанда бетиним йиғлаган эдим), у сиз билан никоҳдан ҳам ўтибди, сиз билан… сиз билан…
Энди мендан нима истайсиз, бу хатингиз билан нималарга уриняпсиз? Чағалайнинг қанотига ўхшаган шу “n” билан бошлаган хатингиз! Балки устимдан кулиш хаёлидадирсиз, танобчининг хотини!
У боғдаги худди ўша, бир вақтлар оппоқ, тоза шағал тўкилган, энди эса ифлос тупроғи қорайиб ётган йўлка четидаги ўриндиқда ўтирарди. Самбитгуллар ҳамон ўн бир йил аввал, қиз ўриндиқда ўтирган маҳалдагидек муаттар ҳид таратарди. У хотираларга берилар экан, ўзича хўрсинди.
Сиз, хоним, кетганингиздан кейин бетобланиб қолганимни билмайсиз, мен иситма ичида ёниб, алаҳладим, сизни чақирдим… Мен сиз совға қилган калитдан бошқа ҳамма калитларни ташлаб юбораман, дея бақирардим. Назаримда сиз берган калит жаннатнинг эшигини очар эди… Кейинчалик Люция айтиб берди, мен яккаш жаннат эшигининг калитини эслаган эмишман… Бечора кампир мени жон таслим қиляпти, руҳи нариги дунёда, жаннат дарвозаси олдида муқаддас Пётр билан суҳбат қуряпти, деб ўйлаган экан. Мен бўлсам жаннат калитини (сен жаннат эдинг, Анна, менинг жаннатим) сўрардим, шу калит билан сизнинг шафқатсиз, тош қалбингизни очиб, унга назар ташлашни хоҳлардим. Тузалгач, уни дўзах эшигининг калити деб атаб, дераза остидаги, бир вақтлар канарейкали қафас осиғлиқ турган михга илиб қўйдим. Хаста ётган кунларим ҳамма унутганидан, қуш ҳам нобуд бўлибди. Шундай қилиб, тунларнинг бирида дўзах эшигининг калитини қалбингизга ўрнашиб олган иблис олиб кетади, деган умидда дераза тагига илдим. Ҳар кун эрталаб мен калит жойидами йўқлигини текширардим, тунларнинг бирида иблис калитни олиб кетди.
Калитни сенга қайтарган киши мен эмас, иблис, сенинг ичингдаги иблис, деб ёзмоқчи ҳам бўлдим, Анна… Кечир, нима қилаётганимни ўзим ҳам билмасдим. Кейинчалик Люция айтдики, гўё калитни сенга мен жўнатиб юборган эмишман, унинг ўзи калитни почтага элтиб берган эмиш, аммо буни эслолмайман, ҳеч нимани эслолмайман. Мен ғамдан эсимни йўқотиб қўйгандим.
Хоним, сизни роппа-роса икки йил кутдим. “J’attendrai toujours…” номли пластинкани сотиб олиб, уни туну кун эшитардим, қўшиқни тинглаётиб, сизни кутиб, кўз ёши тўкардим. Сиз келмадингиз. Ўн бир йил ўтди, келмадингизу, энди бу мактубингизда нималарни ёздингиз?
У қўлида очилмаган хатни ушлаб ўтирарди. Қоғоз енгил, майин, оппоқ эди, гўё кафтига Аннанинг оппоқ, майин, худди эндигина севишган пайтларидагидек меҳрибон қўллари тегар эди. Кафтидаги хат хотиржам, мулойим, ройишли жилмаяётгандай, ўзини бутун софлиги, маъюслиги, умидсизлиги билан унга бағишлаётгандай, ушбу ҳорғин, сўлғин ёзувда битилган “n“ ҳарфи пушаймонлик ичра “кечир” деб шивирлаётгандай… У ҳамон хатни очиш учун ўзида куч топа олмаётганди. Самбитгуллар унинг дилини шубҳаларга тўлдириб, эски азобларини қўзғар, ўриндиқдаги ўша жаҳл қилишини эслатарди. Кафтида тутиб турган шу арши аълони, қўлидаги шу дўзахни, шу маккор мубҳамлик эшигини очадиган жаннат калити ҳам йўқ эди… Дераза тагида илиғлиқ турган калитни тунларнинг бирида иблис олиб кетганди…
У ҳаяжондан дир-дир титраркан: “Кулгили-я! Менга мактуб битганини! Анна менга хат ёзибди! Қизиғ-а!” – дея ғўлдирарди. У аёлнинг умидсизлигини, омадсиз турмушини, собиқ ошиғини соғиниб ёлворишини, ўзини ерга уриб, қайтишга изн сўраб ёлворишини тасаввур қилишга уринди. Лекин кўз олдидан ушбу хушбаҳра орзулар, титроқ ва бахт умидларига тўла орзулар, ғалаба сезгиси боис янада тўлган, улканлашгандек туюлган орзулар сузиб ўтиши биланоқ қарши шамол эсиб, мазкур тантананинг маст қилувчи дудини қувиб юборди. Фақат кафтдаги мактуб, номаълум хабар элчиси, юрагида рўй берган барча алғов-далғовларга сабаб бўлган, уни тақдирга тан бериш деб аталувчи чодир остида ўн бир йил давом этган осуда ҳаёт номлик уйқудан тортиб чиқарган арзимас қоғозча қолди.
Люция йўлакда шиппакларини шапиллатиб юрганини эшитди-ю, хатни кўйлаги тагига тиқди. Қатъийлик билан ўриндиқдан турди. Конвертнинг қаттиқ бурчаги унинг юраги устига санчилди-ю, кўксидан чуқур хўрсиниқ узилди. Хонасига қамалиб, ўзининг ўтмишига мотам тутиш учун уйига йўл олди. Ўтмиш гўё бирон марта ҳам кийилмай, хотиралар сандиғига ташланган қимматбаҳо байрам либоси эди-ю, уни ўн бир йил давомида унутилиш куялари кемирган, кейин либос бирданига қуёшга чиқарилганда ҳайратомуз тарзда эскириб, илма-тешик бўлиб кетгани кўриниб қолганди. Ҳар ҳолда, ўтмишнинг азоблагувчи сўқмоғи, вақт барча оқликни ювиб юборган сўқмоғи атрофини ўраган самбитгуллар иси таралган ҳавода бу хотиралардан аччиқ ҳид тараларди.
Бир вақтлар софдил Анна бор эди. Қор ва қанддан, булутлардан яралган оппоқ илоҳа, унинг босинқирашларида, хомхаёлларида оқарган, унинг чин ихлосидан оқарган соф илоҳа. Кейин сиз тўсатдан, кўз ўнгимда эриб кетдингиз, хоним. Фақат оппоқ доғлар, оппоқ бўшлиқлар, олисларда айрилиқнинг оқ рўмолчаларини силкитаётган ҳаяжонли оппоқ хотиралар қолди.
Сиз кетган ўша тонгда ҳам мен айвончадан туриб сизга сочиқча силкитдим, хоним. Мен дурбиндан қараб, сизнинг кемага чиққанингизни, палубада тутқичга суяниб турганингизни кўрдим. Сиз менинг сочиқча силкитганимни кўрдингиз, худди ҳар куни, сиз уйғониб, дераза ёнига келиб, мен йўллаётган саломни кўриш учун тикилган пайтингиздагидек қарадингиз. Илгари сиз ҳам саломимга жавоб йўллардингиз. Аммо у сафар, кемада, умрбод кетаётганингизда, менга салом йўлламадингиз. Сумкачангиздан оқ рўмолча чиқардингиз-у, унга бурун артдингиз. Мана шу сизнинг видолашишингиз бўлди.
Ўша сочиқча, ўша дурбин жавоннинг махсус токчасида, оқ қоғоз устида турибди. Мен ўтган ўн бир йил мобайнида сизга салом йўллашни бас қилганим йўқ, хоним. Мен ҳар тонгда айвончадан туриб сизга салом йўллайман (Анна, сен ҳали ҳам менинг тонгги ибодатимсан!), ўрнингизга эса сизнинг деразангиздан кексайиб, эсдан оғиб қолган холангиз Роза қарайди.
У ёзнинг оғир қуёши ураётган деразани ёпиб, пардаларни тортди, шу заҳоти хона мотам ғира-ширалигига ғарқ бўлди. Мана шу ярим қоронғиликда, фотопластинкали кассетани очаётгандай эҳтиёткорлик билан конвертни йиртиб, хатни олди. Хона жуда қоронғи эди, шунинг учун кўзлари зулматга ўргангунча кутиб турди.
Анна нимани истайди ўзи? Калитини қайтариб берганман, менда унга тегишли ҳеч нарса йўқ. Балким, танобчига бирон нима керакмикин? Балки, ўртоқ танобчи Анна орқали менга сулҳ таклиф қилиб, бахтимни тортиб олиб, роҳат кўраётгани учун узр сўрамоқчидир?
Майли, бахтли бўл, оғайни, танобчи, марҳамат, роҳат кўравер (ахир унақаларга сенлаб муомала қилиш керак, ўзлари шундай буюришган). Наҳотки мен бахтсиз бўлсам? Аксинча, сен менга шундай бир яхшилик… (Кечир, Анна, мен эринг устимдан кулмаслиги учун унга шундай деяпман. Дилимдан нималар ўтаётганини ўзинг биласан-ку!) Шундай яхшилик қилдингки…
“Қадрли Тони, – деб ёзилган эди мактубда. – Бўлиб ўтган шунча гапдан кейин сенга хат ёзаётганим ғалати, албатта… яна шунча йилдан кейин… Сендан катта бир ўтинчим бор эди, умид қиламанки, менга йўқ…”
Унинг юзларига олийжаноблик табассуми ёйилди (Сенга йўқ деб бўлармиди, Анна? Буюр, буюравер…).
“Беш йиллик бесамар кутишдан кейин умидсизликка тушган пайтимизда мен ўғил кўрдим!”
У кейинги жумлани икки марта ўқиди, лекин мазмунини учинчи ўқишда, сўзларни ўзича такрорлаб, уларни воқеликка айлантиргачгина англади. Беш йил кутиш! Жуда яхши! Танобчи иккингиз деразага боқиб, лайлак учиб келишини кутаверибсиз, чоғи? Шуни кутиш деб атаяпсизми?
У шу топда жуда баджаҳл, орсиз эди. Шу туришда ўзи-ўзига ёқиб кетди. Юзида шунга мос ифода пайдо бўлганини сезиб, кўзгу қаршисига борди. Кўзгудаги акс маъюс умидсизлик эди, у бунинг устидан истеҳзо ифодасини машаққат билан ниқоб қилиб тортди. Бу худди бир қўлга бошқа бир қўлнинг қўлқопини кийишдек бўлди, юзи қийшиқ ойнага боққандек буришди. Лекин бу қиёфа ўзига хуш келди. Назарида айнан шунақа кулги рақибини йўқ қиладигандек эди. У бурни устида шиша кўтариб юрган хуққибоздек бошини кўтариб, юзидаги ифодани хона ичра олиб ўтди.
“Кутиш… кутиш… – ғўлдирарди у тасаввурига аччиқ, ҳақоратомуз ҳиссиётларни чақираркан. – Кўрамиз, қандай илтимос экан бу.”
“Тони, биласан-ку уларнинг қандайлигини (биламан, “ўртоқлар”!), лекин мен болам чўқинтирилмай қолишини хоҳламайман. Улар болаларни фақат “рўйхатга олишади”. Ҳа, майли, никоҳ аҳди дея кўп ҳам қайғурмадим (тушунарли, кутиш учун бу жуда ҳам шарт эмас), биз кап-катта, ақл-идрокли одамлармиз (буни ҳали худо билади!), нима қилаётганимизни биламиз (буни ҳам ҳали худо билади!), аммо бу миттигина бегуноҳ хилқат… агар унинг бурни қанақа кулгили эканини кўрганингда эди! Унинг сиёсат билан нима иши бор? У кейинчалик мендан ўпка қилиб юрмасин, дейман, шунинг учун ўйладимки… Бу ерда кимга ҳам ялинардим, бари… ўзинг тушунасан… (тушунаман!) сен эса менга акамдек қадрли бўлиб қолгансан (раҳмат, сингил). Шунинг учун сенга ишониб, миттивойимга чўқинтирган ота бўлсанг, демоқчийдим… Розимисан, Тони? (Ҳм…) Эрим бу ниятимдан хабарсиз. Биз эрталаб, эрим ишда эканида черковга борамиз, отахон Винко билан келишиб қўйганман. Эримга сени болани кўргани икки-уч кунга меҳмонга келади, деб айтдим. У “Майли, келаверсин”, деди. Билсанг, у сени ҳурмат қилади. “У бизнинг сафдошимиз бўлмаса ҳам, лекин босқинчиларга ён босмади. Қатъиятли одам экан!” – дейди. Эрим ҳамма нарсага сиёсат нуқтаи назаридан қарайди, баъзида бу жонимга ҳам тегади (наҳотки?), лекин умуман айтганда, у яхши, меҳрибон киши, пашшага ҳам озор бермайди. Нима ҳам дердик, (менми? Ҳеч нима!) тўрт йил ўрмон кезиб юрган, энди бизнинг урфимизга ўрганишига вақт керак… Ўтинаман, Тони, йўқ дема! (ҳм…) Агар рози бўлсанг, келишингни хабар қилиб, телеграмма бер. Дилдан салом!
Анна.
P.S. Ҳали ҳам калит тўплаяпсанми? Менда сенга аталган нимадир бор!”
– Менда ҳам бор, – деди у баралла ва хатни ғижимлаб отиб юборди. Юзида хунук тиржайиш пайдо бўлди. Олдинига бу тиржайиш миттигина шўх шайтонча каби лаблари атрофида, бурни тагида сирпанди, бетининг аввал бир, кейин иккинчи томонини қийшайтирди, қотиб қолган ланж мушакларни, мунгли ажинларни, кўзлар остидаги эринчоқ халтачаларни қитиқлаб титратди, исёнга чорлаб, қўзғади. Унинг юзи борган сари жонланиб, уйғониб, ҳаракатга кела бошлади, кўп йиллик маъносиз серрайиш йўқолди, мушаклар ёзилди, тийиқсиз кулги зўрая бориб, сунъий, ғайриихтиёрий буриштиришдан яралган ғов ва тўғонларни бузиб, бутун юзни тошқин каби босди. Кулги ушбу рангпар, топ-тоза қирилган ниқобни ларзага солди, жонли бу кулги ҳалок этувчи ичиқораликка тўла бўлиб, барча бидъат, одамшавандалик, раҳмдиллик, оғриқларнинг қолдиқларини, тугаётган кўз ёшларни йўқ қилиб борарди. У жўн, қўпол куларди, шунинг учун унинг кулгиси баланд, оғир сўкишдек туюлар, чўчқанинг хуриллашига ўхшаб кетарди. Бу кулгида қабиҳ, ғайриинсоний нимадир, қандайдир қўрқинчли, қасоскорона лаззат бор эди.
У ўрнидан туриб, полдан ғижимланган хатни олди, уни текислаб, китоб тагига бостирди. Кейин қари Люцияни чақириб, телеграмма юбориш учун почтага жўнатди. Телеграммага “эртага етиб бораман, Тонко” деб ёзилган эди.
Кема силлиқ сув юзасида тинчгина сирпанар, кампир эса вайсагани вайсаган эди… У урушдан қайтиб уйланган, энди эса Сплитда масъул вазифада ишлаётган ўғлини гапираверарди. Кампир ўғлининг уйига меҳмонга бораётган экан. Ўғлининг икки яшар боласи бор экан, “олтингинам-ей, – дерди у. – Ўзинг кечир худойим, гўдакни чўқинтиришмабди! Оҳ, шьор Тонко, худо кўрсатмасин, бирданига болага бало ёпишса, нима бўлади? Ўзинг кечир, худойим, чўқинтирилмаган руҳ тангри таоло чеҳрасига қандоқ қилиб рўбарў бўлади? Бу янги одамлар, ўғлим ҳам, шак йўқ, яхши одамлар, фақат табиат, табиат, дейишади… Бу олам, бу қуёш, ёз-у қиш, денгиз-у денгиз тубини ким яратди, ўзингиз айтинг, шьор Тонко, қанақадир табиат шунча нарсани жой-жойида ярата оладими? Вой, жоним-а, ҳеч нимани англамайман, фақат неварамга қарайман-у, олтингинам-ей, худонинг марҳамати тушмади-да, унга, кўзимдан ёшларим оқаверади, оқаверади, азизим, шьор Тонко…
У сукут сақларди. Кампир чўқинтиришнинг муқаррар муҳимлигини ташвиш билан уқтиргани сайин у жиддий хаёлларга ботиб борарди. Унинг бориш қарори чигаллашган хаёллари тўрида типирчиларди, кампирнинг сўзлари эса ўйларига янада кўпроқ беҳаловатлик соларди. Нима бўлганда ҳам бу эътиқод иши! Бундай ишларга аралашишни у ёқтирмасди.
У чўчий бошлади, таклифга рози бўлгани учун пушаймон ҳам чекиб қўйди. Майли, болани чўқинтиришсин, бунга монеълик қилмоқчи эмас. Чўқинтиришга шарафлар бўлсин! Қолаверса, бу ишни танобчидан яширинча, писибгина, баҳслашмай, шовқин солмай, ич-ичидан шодланиб, кулиб бажаради… Кейин эса… буёғи энди чўқинтиришга мутлақо боғлиқ бўлмаган ишлар.
Бу масалани виждонига ҳавола қилиб, ҳал этиб бўлгач, яна содир этилажак алдовдан қувона бошлади. Худо уни тушунади, унга иноят кўрсатади, худо уларнинг тарафида ахир. Анна ҳам. Худо, у ва Анна танобчига қарши, маккорона, моҳирона, жимгина, устомонлик билан, яширинча, бақириқ-чақириқ ва ҳақоратларсиз. Анна икковлари устомонлик билан танобчининг боласини чўқинтиришади… “Хи, хи, хи” – у ўзича маза қилиб ҳирингларди.
Аннанинг ишончи унга хуш келганди. Аёл уни эрига қарши фитнада иштирок этишга чақирарди. Тонко бу ишда умидлантирувчи ниманидир кўргандек бўлди… Анна эрини баъзан жонга тегади, дебди. Сиёсат-чи! Анна у билан яширин фитнага киряпти, шивирлашиб, кўз қисишяпти. Уларнинг умумий сирлари бор. Бу сир унга қоронғи хона бўлиб кўринди, унинг ичида Анна бор, титраётган, ҳаяжонланаётган, қаршилик кўрсатиш қобилиятини йўқотган, унга ён беришга тайёр, эшитилар-эшитилмас шивирлаш билан уни ўз қучоғига чорлаяпти. Хурсандликдан курагидан чумоли ўрмалагандек бўлди-ю, сесканиб кетди.
– Устингиздан ажал сакраб ўтди, – деди кампир.
– Қанақа… ажал? – сўради у қўққисдан айтилган гапдан жаҳли чиқиб.
– Шунақа гап бор-да, – узр сўрагандек сўзлади кампир. – Агар кимдир сесканиб кетса, устидан ажал сакраб ўтди, дейишади. Ким билади, бу ростми ё шунчаки гапми?
Ажал? Ҳозир шу сўз билан ўз кайфиятини бузгиси йўқ эди. Унинг ҳаёти шу топда жуда тор кўриниб кетди, шунчалик торки, эртага эрталаб Анна иккови фитна боис боғланиб, ёлғиз қолганларида ёпириладиган жўшқин лаззатни ичига сиғдира олмайди.
– Боғламни тушириб юборасиз, шьор Тонко, – огоҳлантирди кампир унинг тиззаларидан сирғалиб кетаётган пакетчани тутиб қолиш учун қўл чўзаркан. – Бу нима, совғами?
– Ҳа, – жаҳл билан жавоб берди у ва кампир боғламга тегишидан қўрқиб, унинг қўлини итариб юборди-да, тушиб кетаётган пакетни илиб олди.
– Мен эса ўғлимга узум олиб кетяпман, – кампир ёнида турган каттакон саватга ишора қилди. – Ўғлим бояқишдан кўра келинимга кўпроқ тегади, албатта. У еб-ичишга ҳам улгурмайди. Югургани-югурган.
“Ҳа, бу совға”, – қайтарди у ўзича. Шу пайт юзи худди кечагидек, шу даҳшатли қарорга келган пайтидагидек, ички кураш титроғидан бужмайиб кетди. “Совға, зўр совға, бу уччовимиз уч ёққа тирақайлаб кетадиган бомба, – у хаёлан кампирга мурожаат қилди. – Агар пакет ичига қанақанги қўрқинчли динамит яширганимни билганингда эди!”
Оқ ипак қоғозга синчиклаб ўраб, кенг қизил тасма билан кўндалангига боғланган кичиккина пакетча унинг тиззаларида худди ёрқин алвон лентача билан безатилган беланчакда, ипак ва тўрлар кўпиги орасида ётган ёқимтой боладек софдил кўринарди… гўё кутилаётган маросимга тахт қилиб қўйилгандек… У хавфли боласини тиззаларида аллалаб, хаёлан уни эркалай бошлади: “Шошмай тур, шошма, миттигинам, аввал биз дадажонингни хурсанд қиламиз, ўғилчани чўқинтирамиз. Кейин сени беланчакка, ўғилчанинг ёнига қўямиз, онасини ҳам хурсанд қилиш керак-ку… Она сени кўрса қувонади, ота эса сенга кўзи тушганда севинчдан осмонга сакрайди, охир-оқибат ҳаммамиз ўйинга тушамиз, шу тариқа, вақтичоғлик бўлади, хуррамчилик бўлади…”
– Совғага нима олиб боряпсиз, шьор Тонко? – кампир жуда қизиқувчан чиқиб қолди.
– Э, шунчаки, чақалоқнинг каравотига қўйиладиган, ота-онасини ҳам, болани ҳам хурсанд қиладиган майда-чуйда. Шиқилдоқлар, шиқилдоқчалар, қўнғироқчалар…
– Қўнғироқчалар бўлса, яхши. Менинг болаларим гугурт қутиларини ўйнашарди, баъзан гугурт доналарини сочиб ташлашарди…
Кеманинг кескин гудоги унинг сўзларини кўмиб юборди. Кема бортга кирди.
Соҳилда қувноқ шовур-шувур, югур-югур авжида эди. Бизнинг юртимизда кеманинг ҳар бир ташрифи – кичкина бир байрам. Айниқса, ўша йиллари, урушдан кейинги, одамлар сафар қилиш, юриш, ҳаракатланиш истаги билан ёнган пайтлар эди. Албатта, ҳамма тўрт йилги оғирчилик, турли таъқиқлардан кейин енгилгина нафас олиб, шундан ҳузурлана бошлаган эди. Одамлар кемаларни бесабаб сабрсизлик, қизиқиш билан кутиб олишарди, ҳатто яқин ороллардан келадиган маҳаллий кичик кемачалар ҳам ҳаяжон билан қарши олинарди. Худди уларнинг лангар ташлаши қандайдир кутилмаган учрашув, қаердадир ҳаяллаб қолиб, энди қўққисдан, барчанинг кўнглини бирдек очиб, ҳайрон қолдирмоқ ниятида шодлик ваъда қилаётгандек.
У бирдан ташвишга тушиб қолди. Соҳилдаги бу тиқилинчда, безовта қимирлаётган, шўх шамол ўйнаётгандек чайқалаётган бошлар орасида унинг ҳам тантиқ, беқарор бошчаси бор… У нима ҳақда ўйлаётганийкин? Нега энди уни (айнан уни!) танобчига қарши фитнага тортди? Нега уни икковлари ўртасида яратилажак сирга ошно қилиб, дилида туйғулар… туйғулар уйғотди, уни қандайдир махфий, икковлари ёлғиз қолиб, фитначилардек пичир-пичир қиладиган хилват жойга чақиряпти? Унинг ўзига яраша сири бор (ҳали-вери хотирадан ўчмайдиган даҳшатли қасос фитнаси бор!), бу сир тасма билан боғланган оппоқ бокира ипак қоғоздаги дўзах, эртага, тонгда, чўқинтириш маросимидан кейин беланчакка қўйиладиган, ўлим келтирувчи бомбадир… Аёлнинг қизиқиши устун келади, сабрсизликдан ичи куяди… Чўқинтирган (чўқинтирган!) ота ҳадя этган совғани кўриш учун пакетни очади-ю, воҳ! Бомба портлайди, ер лаззатдан титраб кетади…
У қўрқувдан қалтирар эди. У бомбадан эмас, Аннадан қўрқарди… У ўзича бир нималарни гапирган ҳам бўлди, лекин булар шунчаки сўзлар эди, фикрлари эса чигаллашиб, Аннадан яширинганча бир-бирининг ичига беркиниб олди.
Анна ҳув нарида, соҳилда туриб, уни кутяпти. Маккор қотилни қучоқ очиб кутяпти (Анна! Анна! Анна! – дея сўзсиз ҳўнграрди у), унга ишониб, дили енгил тортиб кутяпти: Тони йўқ демади, хайриҳоҳ бўлди! (Тони, ni, ni, ui эмас, эҳ, ҳозир у гапиряпти-ку, ёзаётгани йўқ-ку…) Эрини алдаётгани учун чекаётган пушаймонига унга, қотилга бўлган енгилгина майл, балки, ўн бир йиллик қаттиқ уйқудан кейин ғайриихтиёрий тарзда уйғонган сокин, ҳуркак севги ҳам қўшилаётгандир. Ахир нимага ҳам уни чақирсин, нимага? Балки, бу фитна, бу чўқинтириш маросими – уйдирма, баҳонадир? Бу эҳтимол хаёлига келиши билан ўзича тамшаниб қўйди-ю, бахт туйғусидан йиғлаб юборай деди. У эса ўзининг кутилмаган, ақл етмас бахтига совға қилиб бомба олиб кетяпти! Шунчалар ҳам ношукурчилик бўладими? Қанчалик ақлсизлик бу!
Қўлидаги шу иблисона, ахмоқона юкни ташлаб юборгиси, ундан халос бўлгиси келди. Бу юк, пакетда телбаларча, разилларча гумбурлаётган шу разил, сурбет юк унинг виждонига бутун оғирлигини ташлаган эди. Лекин уни қандай қилиб, ҳеч кимга билдирмай, қизиқувчан кўзларга кўрсатмай ташлаб юборади? Агар уни сувга ташласа-чи? У совғани тутқич устига қўйиб, қўлини нарига олди. Кема бир силкинса, тушиб кетади. Кампирга ўгирилиб, унинг диққатини ўзининг ясама паришонхотирлиги билан алаҳситмоқчи бўлди, лекин кампир унинг орқасида туриб кимгадир тинимсиз валдирар эди.
– Вой, шьор Тонко, совғангизни эсдан чиқардингиз! – дея хитоб қилди кампир. – Зўрға тутиб қолдим. Ҳечқиси йўқ, келинг, мен олиб юрай, йўқса, сиз уни кемада унутиб қолдирасиз, бирам паришонхотир экансизки, худо ҳақи. Сиз, ўқимишли кишилар, ҳамиша ҳар нимани унутиб юрасиз! Ҳечқиси йўқ, мен оламан… Шьор Тонко, барака топинг, менинг саватимни кўтара қолинг… Фақат соҳилга чиқариб берсангиз бўлгани… Одам жуда кўп, оёқларим эса толиб кетяпти. Фақат қирғоққача… – вайсарди кампир, узумини эҳтиётлаб, кеманинг қирғоққа тақалган бортига қараб шошаётган бесабр йўловчилардан этаклари билан тўсар экан. Қизил тасма билан боғланган пакетни эса кампир қўлида маҳкам ушлаб борарди.
У пакетини тортиб олмади, ўзи эса узум тўла саватни энсаси қотиб итоаткорлик билан худди сувга ташлаб юбормоқчидек иягигача кўтарди.
– Оҳ, шьор Тонко! – қўрқиб кетди кампир. – Шошмай туринг, ҳали трапни туширишмади. Чарчаб қоласиз…
Лекин у саватни қўймади. Кампирга қулоқ солмай, соҳилни кузата бошлади. “Агар мени эри билан бирга кутиб олса-чи? – ўйлади у жаҳл билан. – Яна “ўзларининг беҳуда кутишлари меваси билан” – қўшиб қўйди у яна маккорона қасосга тайёрланар экан.
Қуёшда оппоқ рўмолча ярақлади. Ҳа, бу ўша, Анна. Бир ўзи. Атрофда юк кўтарувчилар, милиционерлар, оломон, ранг-баранг, серташвиш, бақироқ, зерикарли оломон. Аннанинг эгнида ёзги, енгсиз, кўксида ғалати, тўртбурчак ўйиғи бўлган оқ кўйлак. Ўйиқ шунчалик чуқурки, аёлнинг оппоқ бадани кўриниб турибди (“Бадан”. У бу сўзни ёмон кўрарди). Бошида денгиз ва осмон рангидаги тасма ҳилпираб турган, панама-сомбреро номлик катта шляпа… Аёл ёз, осмон ва денгиз мисоли истарали, чағалай сингари оппоқ эди, унинг оқ шляпаси ранг-баранг оломон узра сузарди…
– Мана, ўтиб олдик, – деди кампир. – Энди секин-аста кетаверамиз, шьор Тонко.
У дафъатан қўлида сап-сариқ, болакайнинг юзларига ўхшаб кетадиган узумга тўлдирилган оғир, ахмоқона сават турганини эслади… Хаёллари соҳилга отилди: кўйлак ўйиғидан кириб, оппоқ титроқ жарликка сингиди… Кўйлак остидан сутга тўлган, тўла сийналар мўралар эди…
Аёл унинг қарашларини, хаёлларини сезгандек бўлди, кўйлагини тўғрилаб, уялиб жилмайди. У ҳатто Аннанинг юзида қизиллик ўйнаганини кўрди, эҳтимол, у мени совғага узум кўтариб келяпти, деб ўйлаган бўлса керак, дея дилидан кечирди. Аммо у миясига келган фикрдан уялмади. Аксинча, саватни худди катта бойликка тўлдирилгандек кучаниб кўтара бошлади. У аёлнинг кўз олдида, шу оломон олдида вазиятга мослашган, ўзгалардан фарқ қилмайдиган одамга айланган кишидек кўринишни истаб қолди.
Трапда унинг ортидан пилдираркан, кампир одамларга қарата:
– Четга чиқинглар, йўл беринглар ахир, вой худо! – дер эди. Кейин эса: – Шьор Тонко, узумни эзиб қўйманг, ўғлимга олиб кетяпман-а… – деди-ю, кетидан минғирлади: – Албатта, унга-да! Ҳаммасини хотини еб тугатади! Бояқиш, мева ейишга ҳам фурсат тополмайди. Югургани-югурган, касал бўлиб қолмаса денг, жонкуярим! Ҳой, четланинглар, кўрмаяпсизми, узум олиб кетяпмиз, – дея бесабр йўловчиларни нари-бери сура кетди. – Бу ёққа, шьор Тонко, бу ёққа.
Кампир уни бир четга, тиқилинч камроқ бўлган томонга тортиб кетди. У Аннани кўздан қочириб қўйди, аёл оломон орасига ғарқ бўлди.
У терга ботди, пешонаси ва бўйнидаги томирлари шишиб, оғирлик кўтаришга кўникмаганидан қўли ва бели оғриб кетди. Бироқ атрофда саватни қўйишга жой йўқ эди. Шу онда кимдир елкасига аста қўл теккизди:
– Тони!
У саватни кўкси устида тутганча довдираб қолди, юраги уриб, қулоқларига аскарларнинг баравар ташлаган оғир қадами каби зарб берди, гўё бошидан саноқсиз қўшин юриб ўтди.
Аёлнинг лаблари ёрқин қизил, тишлари тиниқ оқ, кулиб турган кўзлари осмон мисоли мусаффо эди. Гўё Анна унинг устидан куларди.
У аёлга узоқ тикилди, қўлида савати билан қаққайганча, ҳеч нимани идрок этолмай туриб қолди. Ҳеч нимани. Унинг оёқ-қўлини қўпол, тушкун, ноумид нимадир кишанлаб қўйди, у Аннага тикилганча абадий туриб қоладигандек эди. Лекин кампир саватни ерга қўйиш кераклигини эслатди, у Аннадан кўзини узолмай, ғайришуурий равишда, телбанамо ҳаракат билан саватни ерга қўйди. Кейин ўзига узатилган кичкина бўлиқ қўлни худди шундай ғайриихтиёрий тарзда, сеҳрга учраган каби ушлади, ўпиш учун эгилди, аммо аёлнинг қўллари уятчанлик билан ўпичдан қочди. У ўпичдан қочган қўлларни тутиш учун янада пастроқ эгилди-ю, биров орқасидан туртиб юборгандек кулгили тарзда чайқалиб кетди. Анна жилмайди. “Масхара қиляпти, – ўйлади у ва хижолатдан қип-қизариб қаддини кўтарди. – Энди қўлни ўпиш урф эмас, улар буни таъқиқлашади… У билади буни…”
– Қариб кетибсан, Тони, – аёл унинг сочи оқариб кетган чаккаларига қаради.
“У-чи? Мен уни зўрға танидим, шунчалик ўзгариб кетибди! – у жуда бўлмаганда хаёлан ўч олишга интилди. – Наҳотки ҳали ҳам ёшман, деб ўйлайсиз, хоним? Ўзингизни қизчалардек тутасиз! Шўх қизчадек!”
У аёлга “сиз” деб гапиришни ҳам, “сен” дейишни ҳам билмасди, шунинг учун гапирганда иложи борича олмошларни тилга олмасликка интилди. Шу боис гапи истеҳзоли лутфга ўхшаб қолди-ю, лойқа тубига тушган марварид сингари портнинг умумий шовқинида изсиз ғарқ бўлди.
У аввалги гўзаллик излари жимгина ўча бошлаган чеҳрага разм солди. Бурни устида майда доғлар, кўзлари ёнида майда буришиқлар, кўз тагида кўкимтир чуқурча пайдо бўлибди. Бўйнидаги тери сўлий бошлабди, кўйлагининг ўйиғида эса қуюқ хамир ёйилиб, уятчан юпқа буришиқ ҳосил қиларди, кейин эса ўйиқдан мўралаган қуюқ зувалалар тазйиқи остида бўйин остидаги маъюс ажин тармоқларига бориб қўшиларди. Бир вақтлар кўйлак ўйиқларидан силлиқ, чиройли қайтариқ билан бир-биридан ажратилган иккита қаттиқ олмачалар мўраларди, улар иккита тўлқин орасидаги камгак, иккита бўса орасидаги “оҳ” янглиғ гўзал эди.
“Бу ерга қарилик ин қурибди”, – ўйлади у ва кўзларини маъюслик билан четга тортди.
Аёл буни пайқаб, қизаринқиради-да, кўйлагини юқорига тортиб қўйди.
– Қани, кетдик, – жонланиб сўзлади Анна уни қўлтиқлаб оларкан.
Лекин кампир унинг иккинчи қўлидан тортди.
– Совғангиз-чи, шьор Тонко? – кампир ўзича шивирлаш деб ўйлаган товушда эслатди. – Яна совғангизни унутяпсиз.
Кампир унинг қўлига пакетчани тутқазиб, шарбатга тўлган иккита улкан узум бошини узатди. Узум бошчалари бирам чиройли, таранг эдики… Худди аввалги, бир вақтлардаги…
Унинг томоғини ғалати, тўпланиб, қуюқлашиб қолган адоватдан таралаётган ичиқоралик аралаш ҳасрат сиқиб ташлади (оҳ, Анна, Анна!). Унинг ичида аллақандай қувноқ, қутурган ғазаб ёнарди, шу билан бирга, ғамгин, паришон ёмғир ёғиб, ғазабни ўчирарди. У маъюс тортиб қолди.
Кампир узум бошларини қайтариб олишдан бош тортди.
– Сиз менга шунчалик ёрдам бердингизки, шьор Тонко, олақолинг. Сиз бўлмасангиз, мен бечора нима қилардим?
Кампир йиғлаб юборай дерди.
– Шунча узумни нима қиламан? Қандай кўтараман? Раҳмат сизга!
У ўзининг беминнат хизматини лаънатлай бошлади. Анна икки бош узум боис қўзғалган баҳсга аралашмаслик учун ўзини чеккага олди. Аёл хижолат тортаётган эди.
– Сизга энг яхши бошларни танладим, мана, қаранг. Олинг, шьор Тонко, оғиримни енгил қилдингиз. Агар сиз бўлмасангиз, менга ким ҳам ёрдам берарди? Олақолинг, – кампирнинг жағи тинай демасди.
– Кўчада буларни қандай қилиб кўтариб юраман, ғалати хотин экансиз. Раҳмат, кераги йўқ.
– Вой худойим-ей, узум кўтариб юриш ҳам уят эмишми? Узумни қўлда кўтариб юрса ҳам бўлаверади, нима бўпти? Мана, хоним айтсинлар, бунинг ҳеч уят ери йўқ, айтинг, хоним.
Анна ўзини ҳеч нима эшитмаганга олди, уларга орқа ўгириб, оғирлигини бир оёғидан иккинчисига солди.
У охири кўнишга мажбур бўлди. Узум бошларини олиб, худди балиқни жабраларидан кўтаргандек, бармоқларига осди-да, кампир билан хайрлашмасдан кетди.
Аннанинг юзида кўринган, меҳмонларга аталган илтифот ифодаси кўп ўтмай масхара аломатлари билан аралашганини илғади. Илғаган ҳамон биринчи муюлишдаёқ узум бошларини ерга отди, сап-сариқ доначалар болаларнинг шаффоф шиша шарчалари сингари ҳар ёққа сочилиб кетди.
Аёл кулиб юборди:
– Нима қиляпсан?
– Нима жин уриб, буларни тутқазиб юборди у? – аччиқланарди у – Сен ҳам куляпсан-а!
– Йўқ, Тони, кулаётганим йўқ, – деди аёл, лекин кулишдан тинмади.
“Шошмай тур-чи, кўрармиз, эртага эрталаб ҳам кулармикинсан, – ўйлади у. – Эртага, чўқинтиришдан кейин!” У ниҳоят, қўлида қўрқинчли қурол – пакет турганини ҳис қилди-ю, қатъияти аввалги кучи билан қайтди.
– Кулгим келади-да, – давом этди аёл. – Ўзгариб кетибсан, ён берадиган бўлибсан, ҳукм ўтказишни бас қилибсан.
– Ҳукм ўтказишни? Мен ҳеч қачон ҳукмрон бўлмаганман.
Аёл индамай қўя қолди. “Албатта-да, нима ҳам дерди? Мен ҳукм ўтказармишман! Бу гап инсофдан эмас, Анна…”
Улар денгиз соҳили бўйлаб, боғлар билан қуршалган виллалар қад ростлаган сокин қишлоқча томон кетиб боришарди. Денгиздан эсаётган оқшомолди шабадаси боғлардаги қарағайлар, пальмаларни шувиллатар, аёлнинг чеккаларидаги гажакларини ўйнар эди. Баъзан мана шу ингичка соч толаларига тикилар экан, раҳмдиллик қуёши сочаётган ёрқин нурлар унинг бор жасоратини шафқатсизлик билан йўқ қилиб юбораётганини англарди. Бу ҳарорат уни эритиб, ухлатиб қўйяпти, кучларини тортиб оляпти. У ланж бўлиб, худди чарчаган, уйқудан қолган одамдек эснади.
– Толиқиб қолибсан, шекилли, – аёл унинг юзига узоқ, ғамгин нигоҳ ташлади. – Етиб қолдик. Анави қизил томни кўряпсанми? (Ҳа-да, қизил! Сизларнинг тусингиз шу, деб қўйди ўзича). Бу бизнинг вилла.
“Вилла?” – ўйлади у. Кейин:
– Айвончалими? – деб сўради.
– Ҳа, – жавоб қилди аёл.
Айвончада, сариқ-қизил йўлли соябон остида кўзойнак таққан бир киши газета ўқиб ўтирарди.
“Танобчи”, – заҳархандалик билан ўйлади у. Лекин миясининг қат-қатида янграган бу сўз уни чўчитиб юборди, шунинг учун у ўзини ташвишлангандек кўрсатди:
– Ғира-ширада ўқияпти, – таъна қилгандек сўзланди у. – Кўзга зарар қилади.
– Ҳа. Мен ҳам неча марталаб айтганман! – қизишиб қувватлади Анна. Унга меҳмонининг қайғуриши хуш келганди, шекилли. – Лекин бари бефойда. Шунақа экан-да, эркаклар. У кўзларини расво қилиб бўлди…
Аёл ҳуштакда “Фра Диаволо” операсидаги куйни чалиб, эрини чақирди. Бир вақтлар уни ҳам худди шундай чақирарди (Анна, Анна! Юрагим ёрилиб кетай деяпти!)
Танобчи чўчиб тушди, бошини кўтариб қаради, газетани шодон силкитиб, уларни кутиб олиш учун уйга қараб юрди.
– Ажойиб одам у, – шошиб шивирлади Анна. – Ҳали ўзинг кўрасан. Бу ишни… ундан яшириб қилаётганимдан хижолат бўляпман… – аёл гапини тугатмай, тортиниб хўрсинди.
У хижолатмиш! Унинг ичида яна бетинч, итларча оч қасос истаги бесабрларча қайнай бошлади.
“Жуда қопағон ит” деб ёзилган эди боғ эшикчасига ўрнатилган занг босган темир лавҳада. Лекин “қопағон” ит инида мудраб ётарди, у ҳатто кирган меҳмонни ҳам сезмади.
Танобчи уларни уй остонасида кутиб турарди. У калта енгли теннис кўйлаги кийиб олган, қўллари чўнтакларида, баланд бўйли, озғин, қуёшда куйган, ковбойга ўхшаган бир киши эди. Унинг узунчоқ юзи (кўзойнагини ечиб қўйибди) гўё атайлаб бирон-бир намунага қараб чизилгандек мутаносиб келишган, меҳмондўстлик билан жилмаяр эди.
Эркаклар қўл қисиб кўришишди. Улар “ўша пайтлардан” бери таниш эдилар. Лекин бунда икковлари учун уятлик бир нима бордек, бу ҳақда сўз очишмади.
Анна иккита бўлакни бирлаштирувчи ажойиб, чиройли тўқа янглиғ уларнинг ўрталарида жилмайиб турарди, у майл туғилиши учун хизмат қиладиган сўзлар, лутфлар, эътибор аломатлари билан уларни бирлаштириш, дўстлаштириш, боғлашга уринарди.
Аслида танобчига хотинининг бунақанги ёрдами керак ҳам эмасди. Хушмуомалалик унинг табиий хулқига, унинг дўлворлигига зид келмасди. У одатдаги, бир-икки оғизлик ҳол сўрашишдан кейиноқ Тонконинг елкасига худди яқин дўстидек қоқа бошлади. Ҳатто бир неча марта сенсираб ҳам қўйди.
Ўрмон ҳаётидан қолган қилиқлар! Тонко, зодагон, оқсуяк Янкин ўзини ҳақоратлангандек сезди. “Ўрмон”дан жамиятдаги хулқ борасида соддалашган тасаввурлар билан қайтган бу одамнинг кескинроқ марҳамати, бетакаллуфлиги унинг кўнглини оздирарди. У ҳатто бундай феъл-атворнинг самимийлигига ҳам кўпда ишонмасди, ҳадеб панд, масхара кутаверарди. Унинг назарида танобчининг такаллуфдан холи ишораларида ғолибнинг ҳомийларча ачиниши, муруввати сезиларди. Икки карра ғалаба қозонган ғолибнинг.
“Менга ачинишнинг ҳожати йўқ, – дегиси келди унинг. – Мени бахтсиз экан, деб ўйламанг”. Шу асно эртага, черковдан қайтгач, беланчакка, чақалоқнинг кўксига тантана билан қўядиган пакетини эслади-ю, ёвуз лаззат туйди. “Мана шунда ўрнимиз алмашади, – ўйлади у. – Ўшанда мен сенинг елкангга ҳомийларча қоқиб қўяман, ўртоқ… хе, хе…”
Эр-хотин (Анна, Анна!) меҳмоннавозликда мусобақалашаётгандек эди. Иккови унга шу қадар ғамхўрлик қилардики… “Ахир сен ўзимизникисан, тортинма…” – дерди танобчи, “Тони, ўз уйимдаман, деб ўйлайвер”, – дерди Анна.
У анчайин босиқ, такаллуфи кўпроқ муомалани афзал кўрган бўларди. Ахир ҳозирги меҳмондўстлик шунга муносиб жавоб қайтаришни тақозо этарди, у эса кўнглига хоинликни тугиб қўйганди. Икки бора ошириб хоинлик қилишни. Икки карра ғалаба қозонган ғолиб ва икки карра ошириб хоинлик қилган хиёнаткор – натижа шундай бўлиши керак! Ҳаммасига ўша айбдор! Эҳ, Анна, негаям мени чақирдинг?
У ўз уйини, дарахтлари ўсиб кетган боғини, дарпардалари тушириб қўйилган ярим қоронғи хоналарини, йўлакдан ўтаётган Люциянинг оёғидаги шиппакларнинг тақводорона шалпиллаши-ю, унинг белидаги калитларнинг шалдирашини соғиниб кетди.
Калитлар! Кичкина ва катта калитлар, тақинчоқлар солинадиган қутичаларнинг жимит калитлари, Аннанинг сочи сақланадиган, ўн бир йил аввал бўлиб ўтган охирги карнавалда сочилган қоғоз тангача солинган медальоннинг митти калити.
Бу эски калитлар танҳоликда ўтган кунларида қанчалаб хотираларни сўзлаб бериши мумкин! Титраган, терлаган очкўз қўллар, хасис, телба, рашкчи юраклар, эҳтирослар ва мудҳишликлар, уйқусизликлар, маҳбусларнинг даҳшат, ваҳима ва шубҳаларга тўла тунлари, ёпиқ эшикка дуч келганларнинг азоблари, ёпиқ, яширин, махфий, номаълум барча нарса ва ҳодисалар қаршисидаги ҳасрат ҳақида сўзлаши мумкин. Барча азобларнинг калити эса – оддийгина калит, ҳаммага тушунарли бўлган оддийгина мосламадир. Оҳ, агар ҳозир шу ердан олисда бўлиб қолса, ўзининг ҳамма нарсани биладиган эски калитлари билан яшириниб олса эди!
Мезбонлар Тонкони “ўз хонаси”га кузатиб қўйишди, эгнидаги пиджаги ва оёғидаги туфлисини ечиб олишди, уй эгасининг курткасини, шиппагини кийишга мажбур қилишди. Кийимлар унга катта келди, у шиппакларни худди қари Люцияга ўхшаб шалпиллатиб юра бошлади. Анна секинроқ қадам ташлашни илтимос қилди, тағин чақалоқ уйғониб кетмасин…
“Танобчининг менга ичи ачияпти, шекилли, – тунда хонасида ёлғиз қолиши билан одатда ўзига ўзи сўзлайдиган нутқини шундай бошлади, – Худди бахтли экани учун мендан узр сўраётганга ўхшайди. Толеъи дуруст, нима ҳам дердим? Ҳасад қилишга арзийди! Кечқурун айвончада бирам кулдики… У кулгисини қоронғиликка яширмоқчи эди, лекин овози… мен унинг овозидан англадим, куляпти. Нега энди калитлар йиғасиз, деб сўрайди. Буюмпараст, деб ўйлаяпти. Яна кулади!”
Уй эгасининг тунги кўйлагида хона бўйлаб ялангоёқ юрарди. Кўйлак унга мос келганди, лекин бу кийимда ўзини жуда ёмон ҳис қилаётганди. “Худди менга тиндириш кўйлаги кийдиришганга ўхшайди, ҳеч тинчий олмаяпман. Албатта, у менга раҳми келаётганини, менинг бахтсизлигимга ачинаётганини кўрсатмоқчи бўлди. Ҳа, мен калит йиғаман! У бўлса, “ёлғизлик” ҳақида гапиради, шафқат қилганидан очиқ гапиришдан қочади. Аслида бахтсиз, демоқчи. Бахтсиз одам – менман. У эса – ғолиб. Музаффар! Танобчи!
Агар дурустроқ ўйлаб қараса, у мени хўрлаяпти, мана, кўйлак ҳам берди. Аслида мени менсимайди, устимдан кулади. Мен ҳатто тиш чўткаси ҳам олмабман, ҳамма нарсани унутибман. Эрталаб у менга ўзининг тиш чўткасини илинади, мана кўрасиз, танобчи шунга ҳам қодир… “Ўз уйимдаман, деб ўйланг, тортинманг…” Мен ўз уйимда эмишман, ўз кишиси эмишман! Нима деганди? “Босқинчиларга ён босмади”. Менинг ҳам феъл-хуйим бор. “Ўшалардан бири”. Аннанинг гап оҳанги-чи? “Беш йиллик бесамар кутишдан кейин умидсизликка тушган пайтимизда…” …Кутишдаги умид, умидланиб кутиш… Тсс!”
Бирданига жим бўлди, тўхтаган жойида қотиб, қулоқ солди. Унга шундай туюлдики… Ҳа, бу товушлар шиддатли, қандайдир даҳшатли бир куч билан ҳаракатланаётган тезюрар қайиқ эшкаклари сингари қизғин бир маромга бўйсунганди. Тўшакнинг ғижиллаши унга етказилган хўрлик, ҳақорат, иснод, мана шу тунги кўйлак, яланғоч, пардаланмаган баданни эсга солганча дилида мудҳиш ингроққа айланарди…
У эгнидаги кўйлакни йиртиб, нафрат билан отди. Энди ўзи ҳам яланғоч қолган, лекин кучи, шошилинч суръати, мақсади йўқ эди. Саёзликка тиқилиб, ташлаб кетилган, қуёшга қирраси билан қараганча қуриб бораётган кема мисоли эди. Сафар тугади. Тамом.
Товушлар эса тинмасди. Нимадир қирсиллар, одатдагидек, тунда ниманидир кемираётган сичқондек хотиржам ғижирлар эди. Узуқ-юлуқ шивирлаш, қизишган нафас, лаззат исини олиб келаётган илиқ товушлар тун ичра уятсизларча сузарди. Улар ушбу азобли тунда оила жомини шифтдан то ертўлагача тутган ғижирлаш, қисирлаш товушлари билан, сафо мусиқаси билан, ақлсизларча қониқиш кайфи билан тўлдирадилар. Назарида бу ўжар товушлар уни ақлдан оздирадигандек туюлди. Хаёллари танобчи – Анна, танобчи – Анна, танобчи ва Анна оралиғида бориб-келарди. Юраги туннинг суқли нафас, тийиқсиз лаззатга тўла ҳар бир ҳаракати, тебраниши ортидан эргашганини ҳис қилди.
У ўзини каравотга ташлаб, ушбу тўлқинлар оша шиддатли сузишдан, денгиз касаллигидан яшириниш учун бошини ёстиқ тагига тиқди. Бегона муҳаббат тўлқинларида тебранган, тикка қалқиган бу тунда ҳеч ердан осойиш, қўним топиб бўлмас эди. У азобга қолганди. У шовқин солиб, гулдираб, ғазабга миниб, умидлар, орзулар, титроқлар ва қийноқлар билан тўлган бутун бир ҳаётни ҳаракатга келтирадиган даҳшатли машина тагида қолган бақа, топталган чувалчанг янглиғ буралар, тўлғанар эди.
Ёстиқ тагига қўл тиққанди, шитирлаётган қаттиқ нарсага тегиб кетди. Қизил шилдироқ қоғозга (яна қизил!) ўраб, олтин ранг тасма билан боғланган узунчоқ ўрам. Ўрамда калит, ўн бир йил аввал иблис олиб кетган ўша жаннат эшигининг калити турарди. Мана у, шу ерда, дўзахда! Энди калитга олтин суви югуртирилган (олтин суви билан расвоси чиқарилган, Анна!), унга рақамлар ва ҳарфлар ўйилганди. Калитнинг тилида 1937 йил, готика услубидаги тўрсимон нақшлар чекилган, тепа қисмида эса 1948 рақамлари ўйилган. Ўртасида бир томонга ТОНИГА, бошқа томонига АННАДАН деб битилган. Бу Анна ўз хатида ёзган ўша совға эди. “Менда сенга аталган нимадир бор”. Олтин суви югуртирилган…
Аслида у олтин ҳал, ёзув, рақамлар ва ҳарфлардан, исмлардан таъсирланиб кетганди, ёзувдаги келишик қўшимчаларининг нисбати, ўзига кўрсатилган нозик эътибор уларни бўса каби яқинлаштирар, бирлаштирарди.
Унинг танасини меҳр титроғи силкитиб юборди. Анна! Унинг елкасини тер босган, зўрға нафас оларди. Назарида тун оғир, дим эди, сал бўлса-да, шабада турсайди…
У ўрнидан туриб, дераза ёнига келди.
Бу ўн бир йил аввал бўлганди… У дераза ёнида турганча оқ сочиқчани силкитиб, салом йўллаяпти, дурбиндан қараб, уйқудан туриб, гулдек титраб турган қизнинг жилмайганини, жавобан қўл силкиганини кўряпти… Ҳар куни мактуб келарди: “Ягонам, менинг ягонам, Тони… нега бугун менга эриниб қўл силкидинг? Қўлингдаги сочиқча зўрға силкинди, худди энди менга аталган севги изҳоринг қолмагандек! Менга ҳозироқ мактуб ёз, тезгина ёзиб, Люциядан бериб юбор, мен эртага почта келгунча кутолмайман. Мен ҳозироқ хатингни ўқишни, мени қанчалик севишингни, фақат мени севишингни, фақат менигина эсдан айрилгудек севишингни билмоқчиман! Айнан шундай деб ёз: “Эсдан айрилгудек!”
Кейин ўша маъюс кунлар етиб келди, у менга жавобан қўл силкимади. “Ягонам, менинг ягонам… Роза холам нимадандир шубҳаланди. У Люциянинг менга хат келтириб берганини кўриб қолганди. Тўғри у хатнинг ўзини кўрмаган. Энди эса у ҳар куни, биз бир-биримизга салом йўллаётган пайтимиз дераза токчасига қафасни қўяди-да, тўтиқуши билан узоқ гаплашади. Биламан, тўтиқуш шунчаки баҳона. У мени пойлаб деразамга қарайди-да, тўтисига: “Buon, giorno, amor mio, buon giorno, tesoro mio!” дейди. Бу гап менга тегишли, биламан. У қари, қизғанчиқ бир хотин. Ягонам менинг, бироз чида, мен бир неча кун сенга жавоб йўллай олмайман, лекин сен менга қараб сочиқчангни силкитавер, менинг қадрли тентагим…”
Бу тентак ҳали ҳам ҳар куни дераза олдига келиб, сочиқча силкитади. Эсидан оғиб қолган Роза хола Аннанинг деразаси ёнида қариб қолган тўтиқуши билан ўйнаб ўтиради, унга мулойимлик билан шивирлайди: “Тesoro, amor mio…” ўзини тўтиқуши билан гаплашаётгандек кўрсатади, у уятчан қари қиз, ўз ишқини ошкор қилолмайди, йигит унга совчи жўнатишини кутади, ўзи ҳам ишқдан ёниб битади. Йигит дераза олдида ўз хотираларига салом йўллаяпти, у…
Тўлин ой уфққа тушиб, уни масхаралаган каби узун сариқ тилини чиқарди. Бу тил ойна каби қотган сув сатҳига тушиб, дераза тагигача чўзилди.
“Олтин суви югуртирилган бу калит – янги бир хўрликнинг ўзгинаси, деган ўй келди миясига. – санани ҳам, исмларни ҳам, ҳаммасини… икковлашиб ўйлаб топишган”.
Яна икковини эслади. Энди уй ичида чарчоқ бир сукунат ҳоким эди. У фақат қулоқларида жаранглаган сукунатни, ўзининг ҳаяжонланган қонидан чиққан шовқинни эшитди. Энди қон томирларида итоат билан тинч оқар, чаккаларига ҳуркибгина, гўё истамаган каби тепар эди.
“Балки буларнинг ҳеч бири бўлмагандир? – ўйлади у. – Балки, мен яна, ўн бир йил аввал, Анна ташлаб кетган пайтидагидек, иситма ичида алаҳлаётгандирман? Аслида томирларимда ҳақоратланган қоним тепяпти, менинг гўзал хотираларимни аллалаяпти, ўтмишимга алла айтяпти: “аллаё, алла!”
У дераза токчасига чиқиб олиб, ойга тикилар, кўксига бўм-бўш қўлларини босиб, худди чақалоқни аллалагандек, тектакнамо тебранарди: аллаё, алла.
Қаердадир, уй қаърида, олисларда бола йиғлади.
“Йиғла, йиғла, миттивой, аллаё, алла… – У қўлларида хаёлий чақалоқни тебрата бошлади. – Сенинг азиз… азиз онанг…” – У тамомила бошқа нарса демоқчи, унинг ғами боис туғилган қабиҳ, орсиз гап айтмоқчи эди, аммо шу дамда бола тинчиди. Унинг тасаввурида тунги кўйлак ўйиғидан чиқариб чақалоққа тутилган оппоқ, думалоқ сийна жонланди. Шу топда болага ҳасади келди, рашки келди, фу!
Кулгили. Эртага бу чақалоқни отасидан яширинча чўқинтиришади. “Хи-хи”, – у хаёлига шу фикр келиши билан илондек роҳатбахш чақишдан ҳузурланиб, заҳарли ханда билан хирингларди. Чўқинтирган ота чақалоқнинг беланчагига совға қўяди. Совға… Воҳ!
У каравотига ўтириб, оғир хўрсинди. Хаёлига келган иш елкасидан оғир юк бўлиб босар, у ҳамон иккиланарди: ҳа – йўқ? Ҳа – йўқ?
“Мен хотиржам, зериктирувчи кунларни… йилларни кечираётган эдим, – у нима деётганини ўзи ҳам англамай қолганди. – Мени жуда бўлмаса, ўз ҳолимга қўйишса, ўз-ўзимча яшашга қўйишса бўларди! Эҳ, Анна, Анна!”
У саҳнадаги фожиаларда ўйнаётган актёрлардек улуғворлик билан бошини кўксига осилтириб, бемақсад, гангиган нигоҳларини полга тикди. Лекин полни эмас, ўзининг ориқ, кучсиз, ўлик қора қон қотиб қолган ҳаво ранг иланг-биланг томирлар тўрига ўралган оёқларини кўрди.
Дилидаги ҳамма нарса ўлик, ўлик ва ихтиёрсиз эди, хаёлига “Балки, шундай бўлгани ҳам яхшидир… – деган фикр келиши билан чарчоқ ва бефарқлик ҳиссига чулғанди. – Агар танобчи боласининг чўқинтирилишини билса-ю, фақат… Э, қаердан ҳам биларди?”
У асаблари аста-секин хасталикка ўхшаш ниманингдир таъсирига учраётганини сезди, барча бўғимлари ва пайлари бўшашганини, уни ўзининг узун, ориқ, яланғоч танасига нисбатан нафрат туйғуси қамраб олганини, маккорона ўйларидан кўнгли айниётганини туйди. “Қара-я, бу портлатгич шу ерда экан. – У тунги курси устидан пакетни олди. – Агар истасам, уларнинг бахти жаҳаннамга қулайди!”
Бундай интиҳонинг театрга хос жўшқинлиги уни тўлқинлантириб юборди, кўнгли юмшаб, дилида бир кечада ахлат уюми устида очилиб, ўзига ўзи маҳлиё бўлаётган, чиринди ўртасида ифор сочаётган гул сингари кутилмаган, тортинчоқ, деярли кулгили бўлган яхшилик уйғонганини пайқади. У кечирди. Ўзининг кичкина гули косасидан атрофга ярашиш чангини сепди, ушбу кутилмаган эзгулиги ладандонидан муаттар бўйлар сочди, ҳатто кўзларидан томган ёшлар билан уларнинг никоҳини дуо қилди. У тўсатдан ёпирилган танти киши фидойилигидан лаззатланган жафокаш каби сўзсиз, маъюс йиғларди.
У қизил тасмани ечди, ипак қоғозни очди ва мактублар орасидан бирини олди. Кўкиш конвертда (осмон ранги, Анна!) қунт билан унинг манзили битилган, унда думалоқ “n” ҳарфи ажралиб турарди. Бу ҳарф ҳеч ким тилга олмаган муҳаббат қўли билан битилгандек, майин чизгиларда ёзилган эди.
У полга ўтирди-ю, думалоқ, юмшоқ ҳарфларга лабини босди. Шу ҳарфларни ёзган, шу думалоқ, меҳрли севгини ҳис қилган, қунт билан, эҳтиёткорлик билан унинг исмини битган қўлларни хаёлан ўпа кетди…
“Азизим, азизим “n”, – пичирларди у шавқ билан. – Сенда унинг гўзал, меҳрибон қўллари, ишқи яшаган кўкси қолган. Азизам!”
У ақлини еб қўйгандек эди. Аннанинг хатларини бир бошдан, санама-сана ўқир экан, ичига эътиборсизлик қилиб пайқамай қолган, уйқуни туйқусдан, қўпол узган ширин заҳар кириб келаётганини сезди. У яна ўзини ўзи ухлатиб, уйқунинг сеҳрига банди бўлар, эндигина таниган, эндигина ютган, ўзи қўл теккиза олмаган бахт исидан маст бўлди. У Анна ёзган сўзлар кўпигида чўмилар, унинг хўрсинишлари билан ювинарди.
Шаҳарда соатлар бонг урди, лекин у буни эшитмади, унинг вақтида барча миллар тўхтаганди. Ой аллақачон ботиб кетган. Дераза ортида зулмат ва сокинлик ҳукмрон. Фақат аҳён-аҳёнда чирилдоқлар чириллаб қўярди… Тун уларнинг товушидан қоронғи, теран, муаттар ва юлдузли туюларди. Чирилдоқларнинг куйида унинг орзулари ва армонлари яшарди…
Бизнинг истеҳзоли ҳикоямиз шу ерда ниҳоясига етса ҳам бўларди. Азобли бедорлик олдида таъзим қилиб, эшитилар-эшитилмас, оёқ учида нари кетиб, ёруғ дераза ортида ўзининг очиқ яраларини ўзи ялашига имкон берсак яхши эди. Келинг, ҳикоя тунга кириб кета қолсин… чироғи ўчирилган, бошқача тушлар кираётган бошқа деразаларга мўралай қолсин…
Бироқ қўшнининг хўрози қаттиқ қичқириб, орзуларни кесиб қўйди. Дераза остида ётган ит хўрознинг қичқириғидан уйғониб кетиб, жаҳл билан қандайдир сўкишларни айтиб ғўлдиради. Тепадаги хонада эса яланғоч Тристан полда хатларга кўмилиб, мисоли орзулар булути узра ўтираркан, совуқ рўё тегиб сесканиб кетди.
Яна бизнинг ҳикоямиз учун сезилмасдан ортга чекиниб, ширин орзуларидан уйғониб, полда бемаъниларча ўтирган шу бадбахт кимсани ташлаб кетишига имкон туғилди. Лекин унинг ўзи уни булутлардан ерга мана шундай ташлаб юборишларини, умрбод полда қолдиришларини истамади. Ахир ҳаёт шундай тугаши, полда, яланғоч ҳолда, эски ишқий мактублар уюми устида ниҳоя топиши мумкинми? Унинг ўзи ҳикоянинг ва ҳаётнинг ниҳоясини талаб қиляпти. Шунинг учун у орқаси совқотиб қолганини сезиб, ғамга ботди, нима қилишни билмаган одамлардек ўрнидан турди…
Оёқ учида юриб йўлакка чиқди…
Наҳотки сиз унинг ўзи шуни хоҳлаётганини кўрмаётган бўлсангиз? Ҳикоя шу ерда, хонада қолишни, бу одам билан қандай бўлишидан қатъий назар, ниҳоя ҳақида келишиб олишни, уни ўзи содир этиши мумкин бўлган ортиқча ва уятли ахмоқликдан асраб қолишни афзал кўради. Лекин у билан келишишнинг иложи йўқ: ҳаммаси тугаши олдидан, у яна бир марта Аннанинг яқинлигини ҳис этиш, унинг нафасини яна бир марта эшитишни истайди.
Қоронғида яланг оёқлари билан шипиллаб, эркак кишининг қудратли ўпкадан отилиб чиқаётган кучли, соғлом нафаси эшитилаётган эшикни пайпаслаб топди. Табиатнинг ушбу соғлом, соддадил нафаси орасида майин, хушоҳанг, титроқ нафас эшитилди. Товушсиз шабада енгил муслин дарпардаларни силкитиб, кўпикка ўхшаш шаффоф матодан ўтгандек туюларди. У зўрға нафас олганча қоронғи йўлакда турар, шу қадар ҳар хил, бирлаша олмайдигандек туюлган уйқулар умумий тунда қандай чирмашиб кетганини тингларди. У мана шу икки уйқуни хаёлан бир-биридан ажратар, ипак пардани титратаётган шабада каби енгил уйқуни эркаларди. У лабларини бўса учун жуфтлади-ю, Аннанинг нафаси учган ҳавони ўпди. Кейин эҳтиётлик билан эшикка яқинлашиб, унга лабини теккизди, гўё ушбу дағдағали, ниҳоясиз ўпич билан эшикка ўз ишқининг қарғишини абадиятга михлади. Ва шивирлади: “Алвидо, Анна…”
Йўлак бўйлаб қайтар экан, авф сўзларини шивирлар, носамимий ўлиш истаги унда ўз-ўзига маҳлиё бўлган ғусса, ўз-ўзига ачиниш ҳисларини уйғотарди. Бундай ҳислар уйғонганда одам ўзини худди ҳавас қиларлик жафокашлик шоҳсупасида тургандек сезади. Бу қадар беҳузурликка яна ким мубтало бўлганийкин, бу қадар азобларни яна ким торта олганийкин? Қаердан тўппонча, заҳар, ўзини намойишкорона ташлай оладиган осмонўпар бинони топиб бўларкин?
Аслида эса у “енгилроқ восита” излаб, хонани тимирскилаб чиқаётганди, худди ўлим эмас, уйқу тилга олинаётгандек… Унинг кўзи арқон, пичоқ, баландликни эслатадиган ҳар бир нарсадан қоча бошлади, буларнинг бари қўпол, унга муносиб эмас… Бирдан у қўлида Аннанинг хатлари боғланган ипак тасма турганини пайқаб қолди. Ҳа, буниси узилмайди… Содда макр. Унга бу ишнинг одатдаги рамзийлиги, шоирона восита эканлиги ёқаётган эди. Шунинг учун тасманинг пишиқлигини синаб кўраркан, бу ишни ҳам рамзий маънода, юзаки бажарди. Тасма синовдан осон ўтди. Кейин у сиртмоқ ясади, унга бошини тиқди (кўряпсизми, бу одам нима қиляпти?), тасманинг иккинчи учини эса дераза илмоғига боғлади.
– Хўш, – деди у, – энди эса – алвидо! Ҳаммангизни авф этаман… – деразага орқа ўгириб, санади: – бир, икки, уч…
Одатда болалар сувга сакрашга журъатлари етмаганда шундай санашади. У кескин чўнқайди-да, оёқларини ишқалаб ювилган силлиқ полга узатиб юборди…
Бутун уйни “гурс” этган товуш босди. Бирдан қараса, полдаги хатлар устида, оёқларини кериб ўтирибди. Қулоқларида даҳшатли шовқин, бошида қандайдир зарбани сезди. Бўйнида қизил тасма билан деразадан кўчага йиқилиб тушган кучук боладек оғзини очганча ўтириб қолди.
Ўзига келиб улгурмай эшик очилиб, хонага кўзларини ишқалаганча танобчи югуриб кирди. Полда ўтирган одамни кўриб ҳайронликда бақрайиб қолди. Сал ўтиб ялангоёқ, шоша-пиша кийилган, олд тугмалари ечилиб кетган халатда Анна чопиб кирди.
– Вой худойим, Тони! – қичқирди у, қўрққанидан унинг кийимсиз ўтирганини пайқамай.
Танобчи эшик ёнида тўхтади. У аста-секин нима бўлганини тушуна бошлаган эди, деразада тасманинг бир учи осилиб турибди, иккинчи учи бўйнида… Хаёлан шу икки бўлакни бирлаштирди. Тушунарли. Юзларида ижирғаниш аралаш ҳамдардлик ифодаси кўринди.
– Тони, сенга нима бўлди? – қўрқиб кетди Анна ҳеч нарсани тушунмай. У эса полда ўтирганча ўзининг қилиғи иснодга қолдирганини сезиб, худди Одам Атонинг кўзлари очилиб, ўз аҳволини англаганидек, полдаги хатларни олиб, ўз уятини яширишга уринарди. Шундагина Анна нима воқеа рўй берганини тушуниб, уятидан қичқириб юборди-ю, халати ёқаларини ёпди, кўзларини тўсди. У эса аёлнинг яланг оёқларига, бир вақтлар ёзган ишқий мактубларини босиб ташлаётган оёқларига тикилар, бор умидидан айрилиб, ҳаётнинг туб қаърига юмалаб кетган омадсиз одам сингари бемаъни, умидсизларча илжаярди…
Танобчи ҳам Аннанинг оёқларига қадалган нигоҳларни кўрди, бояқишнинг аянч ишшайиши боисини тушунди (у хатлардан бирининг муқаддимасини ҳам ўқишга улгурди: “Ягонам, менинг ягонам Тони…”), индамай унга яқинлашди-да, бўйнидаги кулгили сиртмоқни ечиб олди, худди болани кўтаргандек қўлларига кўтарди-да, каравотга олиб бориб ётқизди.
У дордан ечиб олинган жасаддек, кўрсатилган халоскорликка қаршилик қилмади, танобчига яширинча шивирлади:
– Сизлар мени бебахт деб ўйлаганмидинглар? Шу сабабдан ўзини ўзи осади, деб ўйлабмидинглар? Устиларингдан хўп кулдимми? А?
Рус тилидан Рисолат Ҳайдарова таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 11-сон