Рафиқ Холид Қорай. Бўз эшак (ҳикоя)

Дарёдан сув ташиётган болалар тоғ йўлида бир кекса кишининг ётгани ҳақидаги хабарни келтиришди. Бир бўз эшак ҳам ўша ерларда ўтлаб юрарди. Буни эшитган Ҳусман хўжа:
– Қани, бориб кўрайлик-чи. Ўзи нима гап экан? – деди.
Шомга яқин қолганди. Икки сой бирлашган бу ботқоқли чуқур майдонга шолилардан кўтарилган бадбўй, оғир бир туман ёйилган; гавдалари ёрилган, ёнган, беш-ўн туп кекса, жонсиз тол ортида қуёш хира нур таратиб, ариқлардаги туриб қолган сувларда аксланарди. Бу ёруғ парчалар кул рангидаги рутубатли текислик ўртасида булутли бир кўкнинг ёриқларига ўхшар; аста-секин хиралашиб, сўниб, ёпилиб борарди.
Уч қишлоқдош узун, жарликларга ёндош сўқмоқ бўйлаб, бир-бирининг ортидан оғир-оғир қадамлар билан кетиб борарди. Улардан бири худди касал отга ўхшаб, тинимсиз йўталарди.
Дастлаб, бўшалиб юрган эшакни кўришди. Даранинг қоқ ўртасида чанг-тупроқли бир ер топиб, роса тепинган шекилли, ётиб, ағанаб, мириққан кўринади, ёнбошлаб ётар, ботиб бораётган қуёшни лоқайд бир ҳолда кузатарди.
Атрофни кўздан кечириб чиққан Хўжа:
– Ҳе-ей, қаердасан, йўловчи-и?! – дея бақирди. Нарироқда сиртини қуруқ ахлатга белаганча, кекса, мажолсиз бир киши тез-тез хириллаб нафас олар, ёнидагиларга нурсиз хира кўзлари билан боқар, қўллари билан кўксини кўрсатиб, нимагадир ишора қиларди.
– Амаки, сизга нима бўлди?
– Қаерингиз оғрияпти? – сингари саволларга товушдан кўра кўпроқ нафасга, хирриллашга ўхшаган паст овозда тушунарсиз жавоблар йўлларди.
Қишлоқликлар «ўлади» деган ўйда унинг ёнига чўккалашганча кутиб ўтиришарди. Аммо беморнинг аҳволи яхшиланиб, жонлана бошлади. Нақшинкор сариқ саллали, сиёҳранг жуббали, фақир кўринишли бир кекса киши эди у. Дағал, ўсиқ соқол қоплаган чеҳрасининг очиқ қисми, ялангликда қуёш тафтидан қоврилган, бурушиқ ва ажинлар ичида қолганди.
Салқиган, шишган қовоқларининг остида оч мовий ва кичик кўзлари бор эдики, кишига худди болалардек тик боқарди. Секин-секин бу чеҳрага ранг, кўзларга нур ина бошлади. Айни дамда уст-боши ахлатга қоришган ҳолда ҳорғин товушда бир нималар дер, олисдан келаётганини, яна узоққа кетажагини тушунтирмоқчи бўларди.
Ҳусман Хўжанинг «Хонага олиб боринг, ётиб, ўзига келсин!» деган таклифига биноан ёрдамлашиб, уни эшакка миндиришди. Уни икки тарафидан суяб, йиқилиб тушишига йўл қўймасликка уринишар, тош-тупроқларни кўчиришиб, минг бир машаққат билан пастликка оғиб боришарди.
Қуёш ботиб кетганидан ариқлардаги сувлар энди унинг аксидан порламай қўйганди. Атрофни ўраб турган тик, қиррали тоғлар туман ва булут ўралган улкан бошларини бир-бирларига суяб, уйқуга кетганига ҳам анча бўлди. Қишлоқ қояларнинг қават-қават сояларига кўмилиб, на деразаларидан нур, на йўлларида бир сас таратмасдан, жимжит қоронғулик ичра уларни кутарди.
Қишлоққа кириб келишгач, уларнинг шовқинларини эшитиб, даричалардан яккам-дуккам бошлар кўринди. Оғилхоналарда сигирлар мўради. Ҳусман бақирганча:
– Ҳо-ой! Қаёқдасизлар? Чиқсаларинг-чи, меҳмон келди! – дея хабар беришга тушди. Шунда қўлида чироқ кўтарган оқиш бўз тўн кийган бир қанча кишилар ҳар тарафдан чиқишиб, туман ва нурдан ҳосил бўлган мураккаб бир гардиш ичра қоронғу бурчакларга ойдинлик таратиб, шоша-пиша меҳмонхонага қараб кела бошлади.
Бу ер энг яқин шаҳарчага икки кунлик масофа олисда бўлиб, Онадўлининг яланг, йўлсиз, вайрона бир қишлоғи эди. Бир вилоятдан бошқасига борадиган уловсиз йўловчилар, баъзан ҳаво ниҳоятда қуруқ келиб, Қизилирмоқдан ўтиш мумкин бўлган пайтда катта айланма йўлни қўйиб, қирқма йўлдан ушбу қишлоқ орқали икки кунлик йўл юришарди. Мана шу васила билан беш-ўнта камбағал ушбу қайғули паллада ҳориб-чарчаб келиб, даричаларни урар эди. Шунда оқсоқол Ҳусман қишлоқдагилардан меҳмонни қабул қилиш кимнинг гали бўлса, унга хабар юбориб, ўзи ҳам ўчоғида қишин-ёзин сўнмасдан тутантириқ тўнкаси ёниб турадиган меҳмонхонасига йўловчини жойлаштирарди. Дунё аҳволини қишлоқ аҳли шу келиб-кетувчи қўноқларнинг келтирган янгиликлари, гоҳида ёлғон-ёшиқ хабарлари орқали билиб оларди.
Хаста анча сокинлашганди.
– Юрак… мана шундай ҳар-ҳар замон ушлаб туради… – деди у хириллабгина.
Қишлоқликлардан бири ўчоққа қозон осди. Чироқларнинг нури уриб, ичидаги нарса худди совун кўпигига ўхшаб, рангоранг ҳолда тоша бошлади. Қозонни тушириб, ичидагидан қарияга бир косада қуйиб беришди. У совутиб-совутиб, завқ билан ичарди. Сутни ичиб тугатиши ҳамоно уни қаттиқ ҳиқичоқ тутди. Ҳиқичоқ азбаройи қаттиқ турганидан бутун вужудини қамраб олганди. Қария ҳар ҳиқиллаганда бир бор «Алҳамдулиллаҳ!» деб қўярди. Қишлоқдагилар унинг рўпарасида чордона қуриб ўтирганча суҳбатлашишга фурсат пойлашарди. Ёшлар эшик олдида оёқда тик турганча тизилишган, уйқу босган кўзлари кичрайган, бу сокин, хаста меҳмонга қараб, ҳеч бир нарса англаёлмай ҳалак эдилар.
Ҳиқичоқ тўхтай демас, аксинча, тезлашиб, кучайиб борарди. Хаста шунда қўллари билан «Менга яқинроқ келинглар» дегандек ишора қилди. Ҳусман олдинда, қолган қариялар унинг ортидан меҳмоннинг атрофини ўраб олишди. Ёшлар хавотир ичра, фақат яқин боришга журъат қилолмай эшик остида туришарди. Йўловчи қийналиб ниманидир тушунтирарди, чамаси. Балки васият қилаётгандир? Ҳусманнинг бўлса қайта-қайта:
– Ташвишланманг! Кўнглингиз хотиржам бўлсин, биз албатта бажарамиз! – дегани эшитиларди. Бирдан қариялар ерга, кўрпачага эгилишди. Сўнг эса сукут ичра оёққа туришди.
Ҳусман:
– У Ҳаққа қовушди!.. – дея пичирлади. Шунда ўчоқдаги ўтинлардан бири «лов» этиб, бир шиддатли ёруғлик билан ўликнинг юзини ёритди-да, ўчиб қолди. Ташқарида бўлса, бир сигир узун-узун мўради.
Йўловчи охирги орзусини англатишга улгурган эди: камарида терилган саккизта олтин танга билан ўзи миниб келган маркаб — бўз эшагини Ҳижозга вақф қилганди (савоб умидида қолдирган эди).
Қабристондан қайтган қишлоқ аҳли қўлларида қолган бу лиралар билан эшакни нима қилишни, ушбу васиятни қандай қилиб адо этишларини билмай, очиқ осмон остида йиғилишиб, узоқ-узоқ баҳслашишарди. Ниҳоят, бир бора бориб, ҳоким билан маслаҳатлашишга қарор қилишди. Ҳафта ўртасида Ҳусман ушбу маркабни ёнига олиб, йўлга чиқмоқчи эди.
Жонивор қишлоқликлар назарида алоҳида эътиборга лойиқдек эди — олдига мўл ем тўкилар, маккажўхори поялари йиғиб олинарди. Бу диний бир вазифа сингари шикоят қилинмасдан, оғринмасдан, ҳурмат билан соатма-соат бажариларди. Улар тез-тез эсга олиб:
– Бўз эшак суғорилдими? Арпаси берилдими? – дея бир-бирларидан сўраб туришни канда қилишмасди.
Бир куни Ҳусман хўжани тонгнинг олачалпак қоронғулиги ичра ҳамма қишлоқдошлари биргаликда тегирмон олдига қадар олиб боришди. Омонлик тилаб кузатишди. Бўз эшак хўжанинг уловига қўшиб боғланган ҳолда думини ўйнатиб, мамнун кайфиятда юксиз ҳолда эргашиб борарди. Янги туғилган қуёшнинг тарам-тарам симдек заррин нурлари эгарнинг устига қопланган матога тушиб, ипакдек ялтиратарди.
Бу нақадар узун, нақадар зерикарли бир йўл эди. Кўлмак сувларни ичиб пишқириб етилган гуруч бошоқлари билан ариқлар бўйлаб кетган қамишларнинг яшиллиги нишаблик ортида кўринмай қолгач, қуп-қуруқ текис тупроқ икки кун ҳеч бир қишлоққа, ҳеч битта тегирмонга, ҳатто икки нимжон қайрағоч соя солган бирор сув бошига ҳам учрамасдан изсиз саҳродек давом этиб кетарди. Сўнгра тик қояли баландлик, қўрқинчли бир тепаликдан ошиб ўтилар, тепасига яқинлашган сайин салқин шабада билан бирга латиф бир манзара бошланарди. Ханжар сиртидек ялтираган нафис серсув дарада ям-яшил беҳизору олмазорлар бўлганидан кўзни яшнатарди. Телеграф симларининг устунлари тизилган оппоқ текис шоссе буралиб-буралиб, ниҳоят қайрилиб, тоғларга тирмашиб кетарди.
Ҳусман карвонсаройда ўтказган туннинг эртаси, азонда ҳокимиятга йўл олди.
Кичиккина шаҳарчанинг пешайвонли, минорали казинога ўхшаган улкан бир биноси бор эди. Лекин охиригача қуриб битказилмаганди. Сувалмаган ғиштин деворлар ҳар ер-ҳар еридан кўчиб тушган, ўйиқлари қумриларга уя бўлганди. Юқори қават деразасиз, деворлари сувоқсиз бўлиб, ёғоч томлар билан ёпилганди. Бурчакда яроқсиз бир оҳак ўчоғи, бироз берида ишчилар ишлаган замондан қолган бир айвон, улар борлигида қандай бўлса, ҳалиям шундай ҳолатда эди. Бино яхшигина харобалашган эди.
Костюмсиз, қалпоқсиз бир жандарм лейтенанти хўжадан нима масала билан келганини сўради. Хўжа энг бошидан; дарёдан сув ташиётган болаларнинг келиб, қандай хабар етказганидан бошлади. Ҳикояси ҳали ярмига ҳам етмасдан, қаршисидаги одам узоқлашиб, сувда сузаётган ўрдакларга нон бўлаклаб отар, бурчакдаги шийпон остида чилимини пўриллатаётган бир кишига:
– Нима у, афандим? Саҳармардондан яна кайфми? – дея хитоб қилишга тушди.
Қозининг рухсат олиб, иш билан Истанбулга кетганини эшитган Ҳусман хўжа бир гал туман ҳокимига муддаосини англатмоқчи бўлди. Пойабзалини ташқарида, эшик остида ечиб, бармоқлари кўриниб турган йиртиқ пайпоқли оёқлари билан ичкарига кириб, тортина-тортина, қўлларини қорни устида боғлаб, ҳикоясини бошлади.
Ҳоким қимматбаҳо матодан тикилган костюмини елкасига осилтириб ташлаб олган, мўйловлари бўялган, тишлари тўкилган, миянғи бир одам эди. Гапни охиригача эшитишга сабри чидамасдан:
– Менга лейтенантни чақиринг! – дея буйруқ берди.
Беш кундир, Ҳусман хўжа олдига келган, йўлида учраган одам борки, ҳаммасига дардини айтиб, шаҳарчада айланиб юрарди. Жандарм лейтенанти бўлса на бўз эшакни қабул қилиб олар, на хўжани қўйиб юборарди. Ниҳоят, унинг аҳволига ачинган бир киши топилди:
– Айтинг, қишлоғига қайтиб, икки ҳафтадан кейин келсин! Ишни қозига айтамиз! – деди; алдади.
Зотан, бу ернинг қозиси таниқли, машҳур бўлиб, уни Қовоқ қози деб аташарди. У ҳамма ишни ҳал қилар, ҳар кўндаланг келган муаммога ечим топарди. Елкасига тўқ сариқ либос илиб, қизил соябони билан бозордан бир ўтиши, улкан гавдасини силкитиб, бўлар-бўлмас нарсага бир кулиши бор эдики, бундан халқ ҳушдан кетай дерди.
Хўжа бу гал ҳам айни йўллардан, айни ҳолатда яна бўз эшак билан бирга ортига қайтди. Ҳусман хўжанинг кетма-кет қилган сафари ҳамда яхши боқилиши лозим бўлган маркаб учун катта пул сарфланган, озиқ-овқат танқислиги туфайли бу харажатлар ҳажми анчагинани ташкил қилган эди.
Мажлис қурган қишлоқ аҳли бу қийинчилик қаршисида: «Муборак ерга тегишли эшак. Уни боқиш бурчимиз!» дея шунда ҳам оғринишмади. Ҳусман ҳам чарчаганидан шикоят қилмас, Ҳақ йўлида қилинаётган хизмат унга сафар машаққатларини унуттирарди.
Аммо иккинчи сафаридан ҳафта ўтиб, яна маркабни етаклаганча қишлоққа қайтишга мажбур бўлди. Қози ҳануз келмаганди. Жандарм лейтенанти хўжа билан жиқиллашган: «Аҳмоқ, харип! Қаёққа бунча шошиласан?!» дея ҳақоратлаганди.
Қишлоқликлар бўлса, вақф қилинган ҳайвонни ишлатиш мумкинми-мумкин эмаслиги устида шубҳага тушиб, ҳеч бир юмушларида бўз эшакдан фойдаланишмасди.
Учинчи сафарнинг қайтиши яна аввалгиларидек — эшак орқада бўлди. Қишлоқдагилардан бири узоқдан туриб, ўткир кўзлари билан маркабнинг яна қайтиб келаётганини кўрган ва шу заҳоти қишлоққа хабар тарқатганди. Қишлоқ халқи энди ҳайратга тушиб, ташвишланганча кутиб ўтиришарди. Ҳусман ҳали уловидан тушмай туриб, қайғули бир овозда:
– Нимаям қилардик? Гувоҳлар билан боришимиз керак экан!.. – дея қишлоқдошларини кўп маҳтал қилмасдан, бир нафасда муаммони англатди.
«Ростданам, нега бу ҳақда аввалроқ ўйлаб кўришмаган экан-а? Зарари йўқ, маркабни қози барибир қабул қилади, қабул қилгани ҳақидаги ҳужжатни тайёрлаб беради; келаси ҳафта уч киши биргаликда жўнайди, лозим бўлса, қасам ҳам ичишади…»
Бўз эшак ора-сира юксиз ҳолда қилган саёҳатларга қарамай, олдига тўкилган мўл емларни ея-ея семирар, суғориш учун олиб боришганида модаларнинг ортидан югурар, жазавага тушиб, жиловини бермасликка уринарди. Шу зайлда икки ярим ой ўтганди.
Ниҳоят, сўнгги сафарга тайёргарлик кўрилди. Тегирмоннинг олдида хайрлашишаркан, янги чиқаётган қуёш бу кичик карвонча ортидан кўтарилган чанг-тўзонларни ёритар, юлдузли булут ичра баландликка тирмашган қишлоқликлар орқада қолганларга худди юксалаётгандек, кўк сари кўтарилаётгандек бўлиб кўринарди.
Бўз эшак бошқа қайтиб келмади. Қишлоқ халқи тайёрланган ҳужжатларга, босилган муҳрларга боқиб, маркабнинг икромлар ичра оҳиста-оҳиста юксиз ҳамда азият чекмасдан то Ҳижозга қадар кетажагига, у ерда Зам-зам суви ташишига буткул ишонишганди. Ҳатто Ҳусман, бир кеча тушида эшакнинг эгарини яшил бир матога ўроғлиқ ҳолда кўрган, шундан буткул ишончи комил бўлганди.
Лекин, ушбу воқеадан бир йил ўтиб, шаҳарчага гуручини сотиш учун кетган Ҳусман хўжа телбасифат бўлиб қайтиб келди. Унинг англатиши-ча, бозор майдони энг гавжум бўлган пайтда узоқдан: «Пў-ўшт, қочинглар! Тегиб кетмаси-ин!» деган хитоб янграган, халқ иккига айрилиб, Қовоқ қози остида бўз эшак, елкасида ўша тўқ сариқ ёпинчиқ билан йирик гавдасини ўраган бир суратда атрофига салом берганча ўтиб кетганди!..

* * *

Қишлоқликларга шу нарса сал ўтиб маълум бўлдики, Қовоқ қози Қуръон ва ҳадис илмини мукаммал эгаллаган ўта тақволи ҳамда адолатпеша қозини туҳмат билан мақомидан тушириб, қозилик курсисини ўзи эгаллаб олган экан. Бунга эса у отасидан қолган олтинлар орқали эришган эмиш… Бу разилликка эса албатта, унинг жоҳиллиги сабаб бўлган!
Асл исми Ҳошим бўлган бу одамни шундан халқ Қовоқ дея номлаган экан…

Туркчадан Гулбаҳор Абдуллоҳ қизи таржимаси