Ўзбекистон-Германия – 20 йил: “Фарғона водийсидаги учрашувлар”

Германия Федератив Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 20 йиллиги муносабати билан Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси, Тошкентдаги Goethe институти, Германия Халқ университетларининг халқаро ҳамкорлик бўйича институти (dvv international) ҳамда Хориждаги мактаблар бўйича Германия Марказий бошқармаси ваколатхонаси (ZfA) ҳамкорлигида “Фарғона водийсидаги учрашувлар” лойиҳаси 28 апрел куни Фарғона шаҳрида ўз фаолиятини бошлади.

“Немис классикларини тинглаб” рукни остида Фарғона шаҳридаги Санъат коллежида камер консерти уюштирилди. Германияда истиқомат қиладиган дирижор ва пианиночи Дезар Сулаймоний ҳамда ўзбекистонлик ёш мусиқачилар иштирокида ўтган камер консертида машҳур бастакорлар Волфганг Амадеус Мотсарт, Франсис Пуленк ва Ёҳаннес Брамс асарлари ижро этилди. Консертдан олдин қўшимча тарзда Фарғона санъат коллежи ўқувчилари учун маҳорат дарслари ҳам ўтказилди.

Албаниянинг Шкодра шаҳрида туғилган пианиночи ва дирижор Дезар Сулаймоний (Desar Sulejmani) 2006 йилдан бошлаб Германиянинг Дюсселдорф шаҳридаги Ҳайнриҳ Ҳайне номидаги симфоник оркестрга дирижорлик қилиб келмоқда. У ўз йўналишида халқаро доирадаги консертларда мунтазам иштирок этиб келмоқда.

– Ўзбекистонга иккинчи бор, Фарғонага биринчи бор келишим – дейди Сулаймоний – 2010 йил декабрида Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри билан ҳамкорликда Тошкентда илк консертимни берган эдим. Шу йилнинг 26-апрелида Ўзбекистон давлат консерваториясида консерт бердик. Мени Ўзбекистонга боғлиқлигим узоқ йилларга тақалади. Менинг отам Тошкентда ўқиган. Бизга бу юрт маданияти, одамлари ҳақида гапириб берган. Менга бу юртда консерт бериш, шу даргоҳнинг талабаларига маҳорат дарси ўтиш имкони берилганидан бахтлиман. Менга бу юртнинг одамлари жудаям ёқди. Бу ерда мен жудаям талантли ёшларни кашф этдим.

Фарғона Санъат коллежида ўтказилган камер консерти ўтказилган кошона мухлислар билан тўлди. Баъзилар тикка турган ҳолатда ҳам консертдан баҳраманд бўлдилар. Коллеж директорининг таъкидлашича, ушбу консертга нафақат Фарғона шаҳридан, балки атрофдаги туман ва шаҳарлардан ҳам санъат мухлислари ташриф буюришди. Консерт сўнггида жаноб Сулаймоний ўзига совға қилинган ўзбекона зарҳал тўнни кийиб чиқди-да, мухлисларга ўз миннатдорлигини изҳор этаркан:

– Мен санъатни қадрлайдиган Сизлардек мухлислар олдида миллий кийимингизда яна бир куйни ижро этиб беришни истадим. Сизларда ушбу тўнни тўйларда кийишади. Мен ҳам Сиз азизларга ана шундай тантанавор, немис бастакори Сезар дер Ҳунднинг “Танго” номли куйини чалиб бермоқчиман, – деди.

Консерт якуни гуллар ва узундан-узоқ дастхат олиш навбатига уланиб кетди. Дезар Сулаймонийдан келгусидаги режалари ҳақида сўраганимда у: “Ўзбекистонга яна кўп бор ташриф буюриш, консерт дастурларини тақдим этиш менинг энг катта орзуларимдан биридир” – деб жавоб берди.

“Фарғона водийсидаги учрашувлар” лойиҳасидан 29 апрел куни Андижон вилоят драма ва комедия театрида Дезар Сулаймоний ва ўзбекистонлик ёш мусиқачилар камер консерти ҳамда маҳорат дарслари, 1-май куни Марғилон шаҳридаги 6-мактабда немис тилида спектакл, 2 май куни Фарғона шаҳридаги “Нефтчи” футбол клуби қошидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида водийдаги немис тили чет тили сифатида ўргатиладиган мактаб ва литсейларнинг ўқувчилари ўртасидаги турнир, 3 май куни “Видергебурт” немис маданияти марказида очиқ эшиклар куни, шу куни адабий кеча ҳамда “Фридрих Шиллер – мутафаккир, шоир ва драматург” деб номланган кўргазма, 4-5 май кунлари Фарғона шаҳридаги 10-сонли мактаб ўқувчилари иштирокида мусиқий спектакл каби маданий дастурлар ўрин олган.