Агар шу кунгача кўрган-кечирганларимнинг ҳаммасини тошларимга батафсил ёзиб боришнинг иложи бўлганда эди, биргина зинапоямнинг ўзини ўқиб чиқишга бир неча кун керак бўларди. Модомики ўтмишдан ҳикоят тинглаш ниятингиз бор экан, келинг, зинапоямга ўтиринг-да, тўлқинлар шовқинига қулоқ тутинг. Улар қаъридан аллақачонлар унут бўлиб кетган воқеа-ҳодисалар садосини баралла эшитасиз.
Мен сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеа худди мана шундай бир кунда рўй берганди, яъни замҳарир қиш этак йиғиштириб, чор-атроф эндигина фусункор баҳор либосига буркана бошлаган, сайроқи қушларнинг ёқимли чаҳ-чаҳлари борлиқни сурурга тўлдирган бир палла эди.
Сирасини айтганда, бунга унчалик кўп вақт бўлгани ҳам йўқ, ҳаммаси куни кечагидай эсимда турибди; аммо сиз, одамлар учун бу жуда узоқ ва қадимги замонлардаги гап бўлиб туюлиши мумкин. Кундузи қуёшнинг ўткир нурлари қанчалик баданимни куйдирмасин, кечаси тун ўзининг сим-сиёҳ пардасига қанчалик ўраб-чирмамасин, ҳар тонгда ва ҳар шомда меҳрибон она Ганга ўзининг мавжлари билан мени топ-тоза қилиб чайиб қўяди. Шу боис, ёшим ўтиб, қаримсиқ, нуроний кўринсам ҳам, лекин қалбим ҳамиша ёш ва тетик. Тўғри, сувда ҳар хил оқизиқлар учрамай иложи йўқ. Баъзан баданимга бир нималар келиб урилганини сезаман, лекин ўша заҳоти оқим уларни аллақаёқларга суриб кетади. Тўлқин қулочи етмаган жойларимдаги унда-мунда ёриқлардан ўсиб чиққан бута ё ўтларга келсак, улар менинг кексалигимдан нишоналардир. Эски қадрдонлик ҳурмати уларни бағримда иложи борича асраб-авайлашга, заррача озор етказмай, ўстиришга ҳаракат қиламан. Шу кунларда нимагадир она Ганганинг суви зинама-зина пастлаб кетяпти, мен ҳам пояма-поя қариб боряпман.
Ибодатдан олдин ғусл қилиб, елкасига чодра ташлаб олган, қалтираганча калима қайтариб кетаётган ҳов анави чолни кўряпсизми? У чакравартийлар авлодининг вакили. Мен унинг катта бувисини муштдайлигидан яхши биламан. Қизалоқлигида унинг яхши кўрган бир эрмаги бўларди — кунда шу ерга келарди-да, муқаддас дарахт япроғини сувда оқизиб ўйнарди. Япроқ биқинимдаги камарга тутилиб, гирдобда чириллаб айлана бошлар, қизча кўзасини ерга қўйиб, тик турганча узоқ томоша қилар эди. Ою йиллар ўтиб, қизча вояга етди, турмушга ҳам чиқиб кетди. Кўп ўтмай у сувга қизчасини етаклаб келиб қолди. Сўнг унинг қизалоғи ҳам вояга етиб, бир тўп дугоналари билан бу ерга ўйнагани келадиган бўлди. Лекин мана шу қиз жуда бамаъни эди. Шўхликни ошириб юборган баъзи қизларга ақл ўргатиб, йўлга солар, ёмондан қочиб, яхшига таассуб этишни уқтирарди. Сизга муддаодаги гапимни айтай дейман-у, сира айтолмайман-а. Энди битта гапни бошлаб турганимда оқим уни ювиб кетади-да, ўрнига бошқаси оқиб келади. Қачон қарамай, аҳвол шу, биттаси оқиб ўтади, бошқаси оқиб келади, лекин биронтаси тутқич бермайди.
Аввал айтганимдай, сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеа ўзи унчалик катта эмас, бор-йўғи икки кишига оид ҳангома, холос. Буни мен ҳалиги қизалоқ оқизиб ўйнаган япроқларнинг бир жуфтига қиёс қилгим келади ўзимча.
Дугоналарига ақл ўргатувчи ўша қизчани ҳамма Кусум деб чақирарди. Кусумнинг нозиккина сояси менга тушиши билан шартта соясидан тутиб олгим келарди. Ҳа, у шунақа ширин қиз эди-да. Жажжи оёқчаларини менга қўйиб, оёғидаги қўнғироқлари ёқимли жиринглаган пайтлари ёриқларимдан ўсиб чиққан гулбутоқлар яшнаб кетгандай бўларди. Кусум дугоналари ичида танҳо эди, чунки у ортиқча шўхлик қилмасди, бекордан-бекорга хандон ташлаб кулавермасди, оғир-вазмин, одобли, шарм-ҳаёли қиз эди. У бўлмаса дугоналари зерикиб қолишарди. Ҳамма уни эркалаб ҳар хил исм билан чақирарди, биров «Кусий» деса, бошқаси «Хуший» дер, яна бири «Ракшасий», яъни, «Бало қиз» дерди. Онаси эса «Касулий» деб атарди. Кусумни қидирган одам тўғри дарё лабига келаверсин, у сувга тикилиб ўтиришни жонидан яхши кўрарди.
Нима бўлдию Кусум дарё бўйига келмай қўйди. Дугоналари Бҳувна билан Суварна қирғоқда ўтириб, уни соғиниб роса йиғлашди. Гапларидан шу нарсани англадимки, Кусумни бошқа бир ерга узатиб юборишибди. Боёқиш қиз синамаган одамлар ичида, бегона ҳовли-жойда ўзини қандай сезаётган экан? У ердаги йўллар ҳам, соҳиллар ҳам етти ёт бегона…
Орадан бир йил ўтди. Аста-секин Кусум хотирадан кўтарила бошлади. Қирғоққа келиб турадиган дугоналари ҳам энди у ҳақда деярли гапирмай қўйишганди. Бир куни кечқурун, қош қорайганда, баданимга таниш оёқ келиб текканини сезиб, чўчиб тушдим. Қарасам, не кўз билан кўрайки, тепамда Кусум турибди. Ҳа-ҳа, Кусум, лекин оёқларида ҳеч қанақа позеб — қўнғироқ йўқ, қуп-қуруқ эди. Ҳар гал уни кўрганимда оёғидаги қўнғироқларининг ёқимли жиринглашига ўрганиб қолган эканман, ҳозир эса, назаримда, дунёдаги ҳамма товушлар тиниб, ранглар ўчиб, қимирлаган зот борки, ҳаракатсиз қотиб қолгандек ҳис этдим. Улар ўрнига бирдан борлиқни нолаю афғон, дод-фарёд тутиб кетгандек туюлди.
Кусум бева бўлиб қолган эди. Эшитишимча, эри узоқ бир вилоятда ишлар экан. Янги келин-куёв икки-уч кунгина бирга туришибди, холос. Ўша ёқдан хат ёзиб, эри талоғини берибди-ю, Кусум саккиз ёшидаёқ фарқидаги қизилни ўчириб, келинлик тақинчоқларини ечиб, оппоқ либосга бурканиб, яна қадрдон соҳилга қайтиб келибди. Энди унинг дугоналаридан ҳеч ким йўқ эди. Бҳувна, Суварна, Амла — ҳаммалари ота уйини тарк этиб, қайнота уйини ихтиёр этишганди. Битта Шарда қолган, лекин унинг ҳам тўйи бўлади, дейишяпти. Шундан кейин Кусум сўппайиб бир ўзи қолади.
Кусум бошини тиззасига қўйганича зинапоямда хомуш ўтираркан, дарё мавжлари унга тинмай қўлларини узатиб, «Кусий», «Хуший», «Ракшасий», дея ўзлари томон чорлаётгандай туюларди менга.
Ёмғир фасли келди дегунча она Ганга лиммо-лим бўлиб кетади. Янглишмасам, Кусум ҳам кундан-кун ўзига келиб, тўлишмоқда, қайта чирой очмоқда эди. Бироқ чеҳрасидаги ғамгинлик, одатдаги вазминлигию эгнидаги дағал либоси ундаги дуркунлигу чиройни беркитиб турарди. Тўғриси, унинг бу қадар тез балоғатга етгани мени ҳайратга соларди, чунки мен учун Кусум бошда қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандай — қўнғироқсиз оёқлари билан қадам ташлаб юрганда ҳам қўнғироқнинг ёқимли овози қулоғим остида жаранглагандай бўлади.
Шу орада яна ўн йил ўтганини ҳеч ким сезмай қолди.
Ўшанда ҳам худди ҳозиргига ўхшаб бҳадра ойининг сўнгги кунларидан бири эди. Қуёш ҳам худди шундай уфқдан бош кўтариб, заррин нурларини борлиққа аямай сочар, аёллар липпа уриб, кўзаларини кўтариб, илонизи сўқмоқдан гангур-гунгур гаплашиб мен томон тушиб келишар эди.
Ўша куни эрталабданоқ шимол томондан сарин шабада эсар, қийғос гуллаган акациянинг хушбўй ҳидини узоқ-узоқларга олиб кетар эди. Енгилгина шудринг тушган. Бир вақт юзидан нур ёққан, новча, бадани оппоқ ёш қаландар пайдо бўлди. У қаршимдаги Шива ибодатхонасига кириши биланоқ қаландар келгани ҳақидаги хабар бутун қишлоққа ёйилди. Хотинлар кўзаларини ерга қўя-қўя қаландарни зиёрат қилгани ибодатхонага йиғила бошлашди.
Ибодатхона кундан-кун гавжумлаша борди. Қаландар деган бундай бўлибди-да: тозаруҳ, қадди-басти келишган, катта-кичикка баравар. У болаларни бағрига олиб суяр, оналардан ҳол-аҳвол сўрар, тирикчиликларини ҳам суриштирар эди. Тез кунлар ичида у ҳамманинг, айниқса, аёлларнинг ҳурматини қозонди. Қаландарни зиёрат қилгани эркаклар ҳам кўп келар эди. Келганларга у гоҳ муқаддас китоблардан ўқиб берар, гоҳ ибодатхонада ўтириб, тариқатдан сўзлар эди. Хуллас, унинг олдига йўл-йўриқ сўраб, дардига даво истаб келган ҳар ким кўнгли тўлиб чиққанидан бир хурсанд бўлса, қаландарнинг нур ёғиб турган чеҳрасини томоша қилиб, икки хурсанд бўларди.
Қаландар ҳар куни каллаи саҳардан қирғоққа келиб томоғигача сувга тушиб оларди-да, пичирлаб узоқ калима ўгирарди. Уфқ ортидан қуёш кўрина бошлаганда сувдан чиқар, сочини қуритар, кейин ибодатхонага йўл оларди.
Шу тариқа яна бир неча ой ўтди. Чайт ойидаги ҳайитни нишонлаш учун одамлар она Ганга сувида чўмилгани келишди. Акациялар тагида оломон тўпланди. Улуғ айём кунлари қаландарни зиёрат қилгани ҳатто Кусум келин бўлиб тушган қишлоқдан ҳам талай хотин-халаж келди.
Эрталаб зинапоямда ўтирган кўйи қаландар дуолар ўқирди. Унга кўзи тушиши билан бир хотин шеригининг елкасидан туртиб деди:
— Вой, бу ўзимизнинг Кусумнинг эрига ўхшамайдими?
Иккинчи бир хотин ёпинчиғини кўтариброқ қараркан, унинг гапини қувватлади:
— Ҳа-я, бу ўша Чаттерпинтнинг кенжа ўғли-ку.
— Қоши-кўзи, бурни — ҳаммаси унга ўхшайди, — дея учинчи хотин далил келтирди.
Бошқа бир хотин эса қаландар томонга қарамасдан чуқур уҳ тортиб қўйди ва кўзасини сувга ботириб оларкан, ҳасратли овозда деди:
— Кошки у қайтиб келса. Ким билсин, ёруғ дунёда борми ўзи йўқми. Кусумнинг пешонасига сиғмади.
— Унинг бунақа соқоли йўқ эди-ку, — деди кимдир.
— Бунақа озғин ҳам эмасди.
— Бўйи ҳам ўртагина эди.
Шу билан баҳс тўхтаб, ҳамма жим бўлиб қолди.
Қишлоқда қаландарни Кусумдан бошқа ҳамма бориб кўрди. Доим одам гавжум бўлганидан Кусум бу ёқларга йўламай қўйганди. Аммо бир куни, кечки ибодатдан кейин, ҳамма уй-уйига тарқагач, қаршимда Кусум пайдо бўлди. Минг қилса ҳам эски қадрдонини соғинган-да.
Кеча ойдин эди. Қирғоқда ҳеч зоғ йўқ эди. Чирилдоқ жон-жаҳди билан чирилларди. Ибодатхонадан таралган қўнғироқнинг сўнгги садоси ҳам дов-дарахтлар оша қоронғилик қўйнига сингиб кетди. Зинапояларимга келиб урилган тўлқинлар чилоп-чулуп қилар, осмондан кумуш нур ёғиб, бамисоли тўлин ой борлиқни ясантирмоқда эди. Шитир этган шабада йўқ, япроқлар ҳам қилт этмайди. Кусум соясини менга туширганча аста чўкди. Аллақаерда, овлоқда шоқол қисқагина улиб қўйди.
Шу аснода бир-бир одимлаб ибодатхона томондан қаландар юриб кела бошлади. У қирғоққа етиб, пастга оёқ қўйиши билан кўзи Кусумга тушди. Аёл кишининг шундай бемаҳалда ёлғиз ўтирганини кўриб, у изига қайтмоқчи бўлди. Бироқ шу пайт Кусум бошини кўтариб, унга қайрилиб қаради.
Кусумнинг ёпинчиғи орқага сурилиб кетди. Ойдинда у жуда гўзал кўринар, жамоли худди эртакдагидай кўзни қамаштирар эди. Шу алпозда иккови эски танишлардай бир-бирига узоқ тикилиб қолишди.
Тепадаги хурмо шохларини шитирлатиб ҳаққуш учиб чиқдию Кусум чўчиб ўзига келди. Дарҳол ёпинчиғини юзига тортди, аста ўрнидан турди-да, қаландарнинг қаршисига бориб таъзим қилди.
Қаландар уни дуо айлаб, саволга тутди:
— Исминг нима?
— Кусум.
Ўша кечаси улар ўртасида бошқа ҳеч қандай гап-сўз бўлмади. Кусум аста уйи томон юриб кетди. Қаландар алламаҳалгача зинапояларим устида ўтириб қолди. Ой шарқдан ғарбга кўчиб, орқадаги соя олдинга ўтгандан кейин қаландар ўрнидан туриб ибодатхонага қайтди.
Шу куннинг эртасидан бошлаб Кусум кунда соҳилга чиқадиган ва қаландарнинг хоки пойини оладиган бўлди. Қаландар ваъз ўқиган пайтларда у бир четда тик турганча диққат билан қулоқ соларди. Эрталабки тоат-ибодатларни ниҳоясига етказгач, қаландар Кусумни олдига чақириб оларди-да; имон ва эътиқод мавзуида яна ваъз ўқий бошларди. Гарчи ҳамма-ҳамма гапларининг мағзини чақишга кучи етмаса-да, Кусум қунт билан охиригача жим ўтириб тингларди. У қаландар насиҳатлари, сўзларининг биттасини ҳам ерда қолдирмасликка, уларга тўлиқ риоя қилишга тиришарди. Ҳар куни келиб ибодатхонани супуриб-сидириб қўяр, тоат-ибодатни канда қилмас, санамларга сочгани гул териб келар, она Гангадан сув ташиб, сепиб ибодатхонани салқинлатар эди.
Кусум зинапоямда ўтириб оларди-да, қаландардан эшитганлари хусусида мулоҳаза юритарди. Бора-бора, унинг нигоҳлари олис-олисларда суза бошлади. Илгари у кўрмаган нарсалар энди кўринар ва илгари у эшитмаган нарсалар энди эшитила бошлаган эди. Мудом юзига соя солиб турувчи ҳалиги ғамгин ифодадан ном-нишон қолмаганди.
Баҳор келди. Шох ва бутоқларда очилган гулларни кўриб тош юрагимда сурур тўлқинланади, Аммо шундай ажойиб фасл бошланганда Кусум қаёққа ғойиб бўлди экан? Бир неча кундирки, у на ибодатхонага келади, на қаландарнинг олдига боради.
Ё орада бирон гап ўтдимикин? Ўйлаб, ўйимнинг тагига етолмайман. Иттифоқо бир куни, қош қорайганда, зинапояларим устида қаландар билан Кусум учрашиб, суҳбатлашишди.
— Ҳадрай, сиз мени йўқлаган эдингизми? — бошини эгиб суради Кусум.
— Ҳа, йўқлаган эдим. Айт-чи, нега кўринмай қолдинг? Ибодатларга ҳам келмайсан? Тинчликми?
Кусум хомуш тураверди.
— Сен дилингдаги гапларни мендан яширма.
Кусум тескари қараганча жавоб берди:
— Ҳадрай, мен гуноҳкорман, ибодатга келмаётганимнинг боиси шунда.
Қаландар ғоят мулойим оҳангда деди:
— Кусум, мен сенга айтсам, юрагингга ғулғула тушибди. Мендан яширмай қўя қол.
Кусум сесканиб тушди, кўзлари пирпиради. Аввалига, «менинг ичимдагини у қаёқдан билиб ўтирибди» деб ўйлади-ю, кейин бўшашганча ўтириб қолди ва ёпинчиғининг учи билан юзини яшириб, пиқ-пиқ йиғлаб юборди.
Қаландар икки-уч қадам чекиниб, аста деди:
— Юрагингга нима ғулғула соляпти, очиғини гапир, мен сенга йўл-йўриқ кўрсатаман.
Кусум тўтила-тутила, юрагини базўр босиб гапира бошлади:
— Ҳадрай, сизнинг ҳар бир сўзингиз мен учун амри вожибдир, инкор этишга қандай ҳаддим сиғади. Айт дедингиз, майли, айтганим бўлсин. Аммо гапга ўлгудаи нўноқман, буни ўзингиз сезиб турган бўлсангиз ҳам керак. Ҳадрай, мен бир одамга тақдирга сиғингандай сиғинар эдим, шундан ўзимни чексиз бахтиёр деб ҳис қилардим. Бир куни ўша одам тушимга кирибди. Иккаламиз бир ўрмон ичида ўтирган эканмиз. У чап қўли билан менинг ўнг қўлимдан ушлаганча севги изҳор қилар эмиш. Мен эса бепарво қараб турганмишман. Туш бари бир туш-да, ўнгдагидай бўлмайди, лекин ўша тушнинг таъсиридан қутулмадим-қутулмадим. Эртасига ўзини кўрганимда у одам тушимдагининг ғирт тескариси эди. Кўз олдимдан тушимдаги сиймо бир дам нари кетса-чи. Қўрққанимдан узоққа қочиб кетдим, бари бир фойдаси бўлмади, ҳалиги сиймо мени таъқиб қилаверди. Ўшандан бери юрагимда ғулғула, безовтаман, ғашман, дунё кўзимга қоронғи.
Кусум кўзёши тўкиб сўзлар экан, қаландар ўнг оёғи билан тошни маҳкамроқ босаётганини сезиб турардим.
Кусум гапини тугатиши билан қаландар савол берди:
— Сен тушингда кўрган одам ким эди, айт.
Кусум қўлларини қовуштириб деди:
— Йўқ, айтолмайман, айтолмайман…
— Сенинг фойдангни кўзлаб сўраяпман, айт, ким эди ўша одам? — қисталанг қилди қаландар.
Кусум нозик лабларини қаттиқ қисиб, қўлларини қовуштириб, изтироб ичида:
— Айтмасам бўлмайдими? — деди.
— Ҳа, айтмасанг бўлмайди.
Кусум шартта:
— Сиз эдингиз, ҳазрат! — дедию ҳушдан кетиб, кўксимга йиқилди. Қаландар ҳайкалдай қимир этмай турарди.
Ҳушига келгач, Кусум туриб ўтирди. Қаландар унга ётиғи билан гапира бошлади:
— Нимаики айтсам, барисига тўлиқ амал қилдинг. Энди эшитишинг лозим бўлган яна бир нарса қолди. Мен бугуноқ бу ердан кетаман. Энди бизлар умрбод кўришмаймиз. Мени эсдан чиқар. Жавоб бер: шу нарса қўлингдан келадими?
Кусум ўрнидан турди-да, қаландарнинг юзига тик қаради.
— Ҳазрат, ҳукмим бажарилди деяверинг, — деди.
— Унда мен кетдим.
Кусум бир оғиз ҳам гапирмай, унга таъзим қилди, хоки пойини олиб фарқига сурди.
Қаландар кетди.
— Унинг ҳар сўзи мен учун амри вожиб, — деди-да, Кусум битта-битта юриб она Ганга ичига туша бошлади.
Болаликдан умри она Ганга соҳилида кечган одамни толиққан пайтда ҳам яна шу она Ганга қўлини чўзиб бағрига олмаса, ким уни она дерди?
Ой ботиб, тун зимистонга айланди. Шу топ сувда кимдир қичқиргандай бўлди. Нима деб қичқирганини англолмадим. Ёруғда биров кўриб қолмасин, дедими, ҳар қалай, шамол туриб, осмондаги юлдузлар шамини ўчиришга уринарди.
Доим бағримда ўйнаб юрадиган қиз бугун ўйинини тугатиб, индамай жуфтакни уриб қолибди-я! Кўзим қаёқда эди?!
Ҳинд тилидан Амир Файзуллаев таржимаси.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 5-сон.