Апельсинларни ўйнатаётган жонглёр
Жонглёр цирк майдони ўртасига келиб, тўхтади-да, қўлидаги уч апельсинни ҳавога ирғитиб, уларни чаққонлик билан ўйнай кетди. Сон-саноқсиз томошабинлар киприк қоқмай, ҳайрат ичида жонглёрни кузата бошладилар.
Жонглёрнинг кўрсатаётган ўйини ҳам худди ҳаётга ўхшайди: гоҳи кам, гоҳида кўп… Масалан, ҳар биримизнинг қўлимизда мана шундай уч дона апельсин бор, деб тасаввур қилайлик. Жонглёр каби апельсинларни бирин-кетин ҳавога ирғитсак, улардан иккитаси қўлимизда, қолган биттаси ҳавода қолади. Ана шу ҳавода умбалоқ ошиб тушаётгани ранг-баранглашиб бораверади. Дейлик, биз чаққонлик билан ирғитмайлик, у ўз «хоҳишича» «қанот қоқади». Жонглёр сингари орзу-умидаларимиз кўкка парвоз қилади, аммо кўп ҳолларда «кўкка» сингиб кетади. Негаки, жонглёр каби назорат қилишни билмаймиз ва бу орзу-умидларга эришиш учун муттасил курашмаймиз.
Орзуга эришиш учун жонглёр каби муттасил курашиш лозим.
Бунинг иложи йўқ
-Қачонки ўз йўлингни ўтаб бўлсанг, адоғида сиртида ибора битилган эшикка дуч келасан,-таъкидлади устоз шогирдини сафарга отлантираётиб,-қайтиб келгач, менга ҳаммасини сўзлаб берасан.
-Хўп, бўлади устоз,-дея шогирд йўлга тушди. У устози айтганидек, ўзига аталган йўлдан узоқ вақт юриб, охири етиб боргач, эшикка дуч келди ва унда ёзилган иборани ўқиб, изига қайтди.
-Эшикда «бунинг иложи йўқ» деган ёзув бор экан,-деди шогид устози олдига келган замон.
-Бу битик деворда ёзилганмиди ё эшикда?-аниқлик киритиш учун сўради устоз.
-Эшикда.
-Яхши. Энди бориб ўша эшикни тутқичидан тортиб, оч ва ичкарига киргин,-буюрди устоз.
Шогирд тағин устозининг амрига итоат этди. У етиб келгач, сиртига «Бунинг иложи йўқ» деб ёзилган эшикни очди. Эшик очилган заҳот ундаги ёзув эшикнинг нариги тарафида қолди ва энди шубҳага ўрин қолмай, шогирд ичкарига йўл олди.
Бу кунгача эшикни ҳеч бир шогирд оча олмаган ва ичкарига киролмаган эди. Негаки, «бунинг иложи йўқ» битиги муҳрланган эшикни кўрган заҳот шогирдлар устоз олдига бошқа қайтиб бормаган эдилар.
Умид Али таржимаcи