Роялдан таралаётган “Мовий Элегия”нинг маҳзун садоси қулоққа чалинмоқда. Экран тобора оқариб борарди. Ётоқ. Икки кишилик кенг каравотда бир аёл уйқу оғушида. Ёнгинасида беш-олти ёшлар чамаси қизалоқ ётибди. Кўзларини катта-катта очганча каравот устидаги эртакнамо манзарани томоша қилмоқда. Ранг-баранг соялар оппоқ чойшабу гўдакнинг жажжи юзида лип-лип ўйнаб турибди. Қизалоқ қиқирлаб кулади, эртакнамо манзарани тутиб олишга интилади, аммо тутиб ололмайди.
Қизалоқнинг ёқимли табассуми тасвирларга қўшилиб, чойшаб устида жимир-жимир айланмоқда.
Девордаги гулқоғозлар қоп-қора тусда – юракни тилка-пора қилувчи тусда. Очиқ деразадан кираётган шабада дарпардаларни ҳилпиратади. Дераза ёнида осиғлиқ катта сувратда ранго-ранг орзу шакллари бўртиб турибди.
Каравотдан нарироқда жавонча ва катта тошойна кўринади. Хонага кириб келаётган енгил шабададан ноксимон сопол гулдондаги рўёбга чиқмаган умид ғунчалари секин-секин чайқалади. Гулдон ёнида мевали ликопча ва пичоқ. Ҳўл мевалардан бири тишланган (тиш изларидан гўдакникилиги аён), яна бири арчиб-тозаланган, дид билан кесиб, бўлакланган. Пўчоқлар атрофида майда чумолилар ғимирлаб юрибди.
Думалоқ ликопча жавонга жуда хил тушган. Ғижим ёпинчиқ унинг чиройи олдида кўзга унчалик ҳам ташланмаяпти. Ликопчадаги бўртма нақшлар юрак тубидаги яширин истаклар билан уйғунлашиб кетгандек.
Янграётган “Мовий Элегия” куйи энди тамом бошқа маъно англатар, мовий денгиз гирдобини эслатарди.
Каравот устида яна эртакнамо манзара намоён бўлди. Деразадан кираётган кўчанинг ёқимсиз шовқини хонадаги хаёлий манзарани тобора ютиб юбормоқда.
Йўғон, узлуксиз таралаётган куй бутун манзарани йўққа чиқарди-қўйди, хаёлий таассурот қизнинг тасаввуридагина қолди, холос. Аёл уйқудан уйғонди. Лекин кўзлари ғам учқунларидан ҳали буткул фориғ бўлмаган, балки ҳеч уйқудан уйғонишни истамаётганди.
Бу дафъа аёлнинг кўзлари катталашиб, уларда икки табақали, баланд, ҳашамдор эшик акси кўринади. Камера сездирмайгина оҳиста очилган эшикка яқинлашиб, аёлнинг ўчиб бораётган уйқусига дахл қилади… Ана, олдимизда оқиштоб узун, кенг хона пайдо бўлади. Хона ўртасида тим қора роялдан бўлак ҳеч вақо йўқ. Фақат оппоқ хона, қоп-қора рояль ва нимпушти бежирим кўйлакдаги нотаниш аёл. Жўшқин садо аёл ва роялни бир бутун қилиб юборган, иккиси бир-бирининг парчаси, бир-бирининг давомидек эди, гўё. Ҳазин мусиқа роялнинг олд томонига энгашиб олган, қўллари клавишлар устида енгил югураётган аёлда мужассам эди. Боядан бери янграётган куй денгиз рангли мусиқа эканлиги энди баралла намоён бўлди.
Рояль аёл билан баравар айланади. Теран, маънодор кўзларига қараб созанданинг бир оз аввал ётоқда ётган аёл эканлигини англаш қийин эмас. Оҳ, у рояль орқасида янаям жозибали! Елкаларига тушиб турган қўнғир жингалак сочлари аёлни бироз маъюс кўрсатса-да, гўзаллигига халал бермасди. Маъюс қиёфа мусиқа билан биргаликда ҳорғин, латиф туйғуларни эсга соларди. Оқ, қора ва қирмизи ранглар оҳанги завқ улашар, ранглар мусиқа маромига уйғун ўлароқ гоҳ маъюсланар, гоҳ ўйноқи тус оларди. Рангин манзаралар гоҳ катталашиб, гоҳ кичраярди.
Бирдан чойшабда узала ётган қиз экранда малак сиймосида пайдо бўлади. Балки у аллақачон ётоқдан залга ўтиб олгандир, балки оппоқ чойшабли қизни назардан қочиргандирмиз?
Қизалоқ мусиқа садолари остида рақс туша бошлади. Унинг рақси ой ва юлдузларни эслатарди. Мусиқа қизчанинг белидан юқори кўтариб, ҳаволатарди. Аёл ажойиб куй чалар, қизча эса моҳир балет раққосасидек енгил рақс тушарди. Аёлнинг юзида кўздан қочириб бўлмас бир ифода борки, бу ифода қизнинг ҳар бир ҳаракатида, чеҳрасида, кўз қарашларида акс этарди. Аёл қизни яхшироқ кўриш учун дам-бадам бошини юқорига кўтарар, бармоқларини роялдан бир муддат олиб қочишга уринар, аммо бунинг иложи йўқ, зеро қизнинг рақси унинг бармоқларига боғлиқ эди. Қизнинг мусиқага монанд рақс тушиши ҳамда шерикларининг бир-бирларини яхши тушунишлари унинг уринишлари самараси эканлигини билиш қийин эмасди. Рақс рояль жўрлигида давом этар, залда қизлар қушдек парвоз қилишар, қўлларини бошлари узра айлантиришарди.
Қиз онанинг орзулари билан бирга ўсди, зариф, нозик балет раққосаси бўлиб етишди. Унинг қўли катта қилиб кўрсатилади. Қиз вояга етгунча, йиллар аёлнинг сочларига оппоқ қор каби ўз изларини қолдириб улгурди, чеҳрасида роҳат, осудалик ифодаси зоҳир, бу ифода унинг чексиз мамнуниятидан ҳам дарак эди…
* * *
– Шакар чой ичаман.
Бола овозидан сесканиб кетган камера яна ётоқхонага қайтади. Ҳали уйқусираётган аёл бола учун келтирган чойни каравот ёнидаги жавонча устига қўйди.
– Жонгинам менинг, чой ичадими?
Аёлнинг овози жудаям ширали эди, худди пиёлага солиниб, қошиқ билан аралаштирилган ширин чойнинг ўзгинаси. Бола чойдан бир қултум ичиб, кўзгу олдида мудроқликни енгиб, бедор бўлган онасининг ярим яланғоч баданига тикилди.
Она ёрқин рангли кўйлагини кийиб, ғаладонни очди, атирларига кўз солди, бирпас ўйланиб қолди-да, ниҳоят бирини олиб бўйин ва сийналарига сепди. Шодлик ифори бутун хонани тутди. Атир идишнинг қопқоғини ёпиб жойига қўйгач, хонани тартибга келтирди ва қизига қараб деди:
– Болажоним чойини нимага ичмаяпти?
– Жудаям ширин бўп кетибди. Томоғимни қичиштиряпти.
Аёл кулимсиради. Қиз онасининг илиқ табассумини чойга қўшиб, роҳат билан ичди.
* * *
Рақс мактаби даҳлизида учта аёл турарди. Бири сарғимтил, иккинчиси тўқ қаҳва рангида кийиниб олган. Қирмизи рангли ҳарир кийим учинчисига шунчалик ёпишганки, қад-қомати шундоқ кўриниб турибди. Кўйлагининг икки юқори тугмаси очиқ бу аёл ёнидаги иккаласига қараганда анча гўзал ва жозибадорроқ эди.
Уларга яқинлашганда, қаҳва рангли кийимдаги аёлнинг овози эшитилди:
– Уят борми сенда? Бу кийим билан кўчада қандай юрасан? Бутун баданинг кўриниб ётибди. Ҳеч бўлмаса, тугмаларингни қадаб олсанг-чи.
Қирмизи кийимли аёл кулимсиради:
– Кўчада нега юролмас эканман? Машинада келиб, машинада кетсам. Жуда ошириб юбормадингизми? Бу ердагиларнинг ҳаммаси хотин-халаж бўлса.
– Худди эркаклар кўриб хижолат тортадигандек-а? Эй қиз, бунда бошқача чирой бор… – сариқ либослиси шундай дея шарақлаб кулиб юборди.
Аёлларнинг кулгиси деворларга урилиб, янаям жаранглаб кетарди.
Улардан сал нарида, дераза олдида турган уч ёш қиз нималарнидир пичирлашарди.
Қизлардан бири чўнтагидан бир ҳовуч писта олиб, дугоналарига бўлиб берди. Анча писта ерга тўкилиб кетди. Писта пўчоғу қанд қоғозларидан безор бўлган фаррош уларга қараб бақириб берди:
– Ҳой, инсоф бергурлар! Мактабни ахлатхонага айлантирманг! Ана, бориб кўчада чақинг пистангизни!
Қизлар қўлларидаги писталарни тез чўнтакларига солиб, ерга тўкилганларини ҳам териб олдилар.
Йирик планда қора рангли Бергхоф роялининг ёнида оқ кийимли аёл кўринади. Нозик қўллари ила уйғонишни сира истамаётган роялнинг қопқоғини аста очади. Аёл клавишларни бир сидра босиб чиққач, рояль инсофга келиб аёлнинг майин бармоқларига тобе бўлади. Бегона кўзлардан яширингандек, кўзгулар деворга тақаб қўйилган.
Рақс хонасининг эшиги очилди. Оқ балет кийимидаги қизчалар югуриб ичкарига кирдилар, бир-бирларига урилиб-сурилиб кўзгу қаршисида тизилишдилар. Орқаларидан кўркам рақс муаллимаси кириб келди. Мусиқа ҳазин садо бериб турибди. Кўзгуларда оппоқ капалакларнинг қанот қоқишлари акс этмоқда. Майин, сокин мусиқа садолари остида оппоқ капалаклар залнинг ичида давра қуришни бошладилар. Оппоқ капалаклар атрофини туман қоплади. Бу оқ туман ичида қора рояль яна ҳам фусункор кўринар, мусиқа чалиб ўтирган аёл оқ тишларини кўрсатиб кулимсирар ва худди рояль ҳам капалакларга қўшилиб айланмоқда эди.
Қизил жиға таққан, қизил пайпоқ кийган қизча роялнинг оёғини қучоқлаганча раққосаларни томоша қиларди. Туман ичидаги капалаклар рақси пайдо қилган эпкиндан қизча оҳиста-оҳиста акса урарди. У ора-сира рояль орқасида ўтирган онасига қараб-қараб қўяди. Эрталаб ётоқда кўзу киприкларига суртган ранглари онанинг қовоқларида ялтираб, кўзни қамаштирарди. Қиз тишларини кўрсатиб, оёқ-қўллари ҳавода муаллақ сузаётган балет раққосаларининг ҳаракатларини такрорлашга ошиқарди…
Икки соат ўтди. Ўқувчилар ва рақс муаллимаси залдан чиқдилар. Рояль орқасидаги аёл Рахманинов хонасининг ёнидаги деразаларни очди, ичкарига Моцарт симфонияси қуйилиб кирди. Симфония ноталари роялнинг тишлари устидан отилиб чиқаётган нурга ўхшайди. Қирмизи жиғали қизча ўзини бояги капалакларга менгзаб, рояль атрофида қанот қоқарди. Аёлнинг кўзларидан севинч ёшлари томчиларди. Хаёлий томчилар Моцарт ноталари билан бирга ўйнар, хаёлидаги бу тасаввур қизчани пардек енгил қилар ва ўртада тинимсиз айланарди. Шу чоғ аёлнинг юзида кичик томчилар қотиб қолди. Камера ойнасига сачраган томчилар узра зал эшиги ёнида тизилиб турган оналар кўринади. Аёл рояль орқасидан оёққа туриб, қизи билан эшик томон юради.
– Салом, муаллима.
– Салом. Яхшимисиз? Мошаллоҳ, бугун сизнинг қизларингиз қойилмақом машқ бажардилар. Одам бошқача завқ олди. Кўриб кўзинг тўймайди-я!
Волидалардан бири ҳамсуҳбатларига очиқ, кулиб турган чеҳраси билан сўз қотди:
– Сизнинг қизингизни севиб қолдик. Бу қизча онасидан раққоса бўлиб туғилганми, деймиз. Бизнинг қизларнинг ҳаракатларини шундай такрорладики… Буни тўппа-тўғри саҳнага олиб чиқасиз, шекилли. Онаси роялда чалганда, парвона каби айланишини кўринг…
Аёлнинг юзига қон югурди. Қизига боқди. Боласининг қизил жиғаси онасининг юзидаги қизилдан ранг олиб, янада порлаб кетди.
– Албатта! Менинг болам жуда истеъдодли. Ишонинг… Қачон катта бўларкин, деб ҳеч сабрим чидамаяпти! Хореограф, ҳали бола, шошилма, йиқилиб у ер-бу ери лат еса, кейин рақс тушолмайди, деб қўймаяпти. Ёши етгач, сизнинг қизингиз сафига қўшилади. Болажоним, албатта, балет раққосаси бўлади. Насиб қилса, кўрарсиз.
Аёл гапини тугатиб, қизининг пайпоқларини тўғрилади. Ҳамма билан хайрлашгач, қизчанинг қўлидан тутиб, бино эшиги томон одимлади.
Оналарнинг бағоят қизиқиш билан боқишлари муаллима ва қизини хурсанд қилиб юборганди.
Камера хотинларнинг суҳбатларини тинглаш учун уларга яқинлашди.
– Фариштанинг ўзгинаси! Бу ерга гўё жаннатдан чиқиб келгандай!
– Шуни айтинг, унга биргина қанот етишмаяпти, холос. Малак, малак….
– Онасининг ёлғиз овунчоғи. Эркаклар қаёққа қараяпти ўзи? Шундай соҳибжамол аёл ёлғиз бўлса-я…
– Менинг ўзидан сўраганим бор… Муаллима бошқа оила қуришни истамас экан. Бутун ҳаётини қизига бағишлабди.
Камера хотинларнинг ғийбатидан ажралиб, улардан узоқлашди. Бўм-бўш зални танҳо рояль куйининг акс-садоси тўлдириб туради…
* * *
Тахта пиллапоялар катталаштириб кўрсатилади. Зиналар кучли ҳаяжонга тушгандай силкиниб қўяди. Ҳовлида сукунат. Нотаниш бир киши ҳовлига кириб, зинадан кўтарилади. Йўқ, йўқ, у оёқ босиши билан зина ғичирлаб кетади.
– Тағин шу аҳвол! Ҳеч бир инсон тўғрилаб қўяй демайди! Овозидан қулоқ қоматга келади бунинг. Энди шу чириган тахтада ўтирарканман-да!
Бироздан сўнг ҳовлига чўккан чуқур сукунат йирик планда кўринади. Жимжитлик ҳамма пучмоқларни қидириб топган. Бу тип-тиниқ бўшлиқ ичра “Диор” атрининг хушбўй ҳиди оҳиста кириб келади. Зиналар севиниб кетди, гўё. Ташқаридан қўнғироқдай жаранглаб кираётган қизчанинг овози сукунатни буткул парчалаб юборди, онасининг қўлидан отилиб чиқиб, осмонга сакрарди. Қизил жиғали қизчанинг кулгиси ҳовлидаги жимжитлик туманларини тарқатиб юборди, зинадан сакраб-сакраб юқори кўтарилди.
– Қизалоғим, ёлғизмисан?
– Йўқ, ойим биланман.
– Вой бунинг жиғаларидан!
– Ҳа-а-а…. Пайпоғим билан бир хил рангда. Ойим олиб берганлар…
– Сенинг онанг “супер” она экан-да?
– Йўғ-эй… Ойим пианиночи…
– Ҳаҳ, сени, шайтон қиз!
Француз ифорига бурканган аёл эшикдан шошилиб кириб келди. Дарров зина тепасидаги қизини қидира бошлади.
– Сенга неччи марта айтганман, югуриб қочма, деб!
– Ойи, ахир бу ерда машина йўқ-ку…
Зиналар шу қадар ҳаяжонда эдики, тахталарнинг ғичирлашидан сукунат яна бир ортга чекинди. “Диор” ифори келиб турган қўллар сирпанчиқ тутқичларни тутиб юқорига кўтарилди. Таниш оёқлар остида тахта зиналар тош каби қотиб қолди.
– Салом, қўшнижон! Сен чиққанда бу зиналар ҳам ғичирламай қолдими? Ёки ҳавода учиб чиқяпсанми? Йўқса, ким оёғини қўйса, шундай овоз чиқарадики, уйқум ўчиб, жойимдан дик этиб туриб кетаман-а.
– Пашшадан фил ясаманг. Ҳа, энди эски зина бўлса… Айби йўқ. Ўзим уларни қотириб қўяман, уйда болға ҳам, мих ҳам топилади.
Деразадан унга қўшниси қараб турарди. Дарахтлар сояси дераза ойнасида бир текис чайқалади. Қўшнисининг таажжубли овози янгради:
– Нималар деяпсан! Ҳовлида шунча эркак бўлиб, сенга қоптими зина тузатиш? Бу аҳмоқларнинг иккита мих олиб қоқиб қўйишга ақли етмайди!
– Улар ишли одамлар бўлса, бунга вақти бормиди? Ҳеч кимни овора қилма! Ўзимиз тузатамиз…
– Эҳ, қўшнижон! Мана шунақа ҳамма ишни ўз гарданимизга оламиз-да, улар кейин бошимизга чиқишади.
Аёл жимгина юқори кўтарилиб, хонанинг эшигини очди. Қизи билан бирга ичкари кирди. Камера ҳовлига чўккан сукунатни кўрсатади.
* * *
Тун. Хона чироғи пардалар орасига чўккан ва пардалар оғирлигидан ҳилпирамасди. Роялдан чиқаётган нота товушлари деворларга урилиб, деразаларга ёпишарди. Аёл рояль чалмоқда. Шопен сонатаси аёлнинг бармоқлари орасидан сув каби сизиб, бўшлиққа томон оқиб кирмоқда. Ёш йигит диванда ўтирганча хонани тутиб кетган мусиқани тингларди. У кўзларида акс этган ишқ учқунларини яширган каби назарини бошқа ёққа олиб қочди. Бир муддат ялтиллаб турган пол устида у ёқдан-бу ёққа бориб келгач, чўнтагидан олов ёндиргични чиқарди, қутидан бир дона сигаретани лаблари орасига қистирди-да, ўт олдирди. Сигарета тутуни Шопен мусиқасига қўшилиб бутун хонага ёйилди. Боядан бери дилни тилка-пора қилган роялнинг овози тинди. Аёл йигитга яқинлашаркан, деди:
– Нақадар ёқимли ифор!
– Сендаги ифор каби!
– Ойнани бироз очиб юбор, тутун чиқиб кетсин – эрталаб болалар келишади.
– Яна болани бувисиникига жўнатдингми? Билмадим, нега уни мендан олиб қочасан? Эртами-кеч у барчасини тушунади.
– Йўқ. Ҳали эрта! Қўй, бироз катта бўлсин. Шусиз ҳам мендан тез-тез отасини сўрайди, мен эса зўрға гапни бошқа ёққа буриб юбораман.
Аёл рояль олдида озроқ тургач, кўринмас мусиқа садолари остида оёқларини таппиллатиб йигит томон келди. Оёқлари остидан мусиқа томчилари камера объективига сачраб, гўё хонадаги мусиқий эврилишдан дарак берарди. Камера диванда ўтирган силлиқ юз, шиша кўзларни катталаштириб кўрсатади. Роялнинг қопқоғи очилганча қолди. Аёл йигитнинг дудоғидан енгилгина бир-икки ўпич олди. Ёноғини унинг юзига аста теккизди. Бошини пастга энкайтириб, кўзларига тикилди. Йигитнинг кўзлари қовоқлари ичига чуқур ботганди.
– Мени севмайсан!
– Нега ундай деяпсан?
– Бўлмаса нега менга турмушга чиқмайсан?
– Биласан-ку ахир! Айтганман. Боламни деб… Ёт кишининг уйда бўлиши унга ёмон таъсир қилади. Кеча яқинда бир сантехникнинг уйга келганига қанча тўполон қилди. Қўй, вояга етсин, ўзининг бошига тушмагунича тушунмас.
– У эрга теккунича кутайми ҳали?
– Йўқ! Ҳеч бўлмаса, ақли кирсин, яхши-ёмонни тушунсин, ҳаётни билсин…
– Ахир бунга йиллар керак! Сен бутун ёшлигингни унга қурбон қилмоқчимисан?
– Керак бўлса, бутун ҳаётимни… Ёши етиб қолди, келаси ҳафта мактабимизнинг рақс синфига ёзилади. У ҳаммадан яхши балет раққосаси бўлади, дунё саҳналарини забт этади. Қизимнинг катта саҳналарда олқишларга кўмилишини орзу қиламан.
– Биламан, у истеъдодли қиз. Орзуларинг ушалади. Истасанг, телевизорга чиқараман, ҳаммага танитаман. Аммо булар ёшлигингни қурбон қилишингга арзимайди.
– Арзийди…
Аёл дивандан туриб иш столининг устида турган ноутбукка яқинлашди. Ёқув тугмачасини босди. Ноутбук бир неча сония эснаб, кўзларини очди. Аёл видеофайллар ичидан бирини танлаб олдиёқ экранда қизи кўринди:
“Ассаломалейкум, ҳуйматли томосабинлай… Бугун мен ойим билан майтабга бойдим… У ейда қизлай кўпакан… Ойим менга қизил бант… Эээ… Йўқ, бошқатдан. Салом, азиз болалай. Мен ойимни жуда ясси кўяман. Улаям мени ясси кўядила. Катта бўсам балет йаққосаси бўламан. Ойим мени ҳаммадан ясси ўйнайсан дийдила…”
Қизнинг овози фонида онанинг порлоқ юзи кўринди.
– Бунақа истеъдодли болага одам умрини қурбон қилса ҳам ачинмас. Қара, қандай ширин?!
– Қачон ёзиб олгандинг?
– Ўзи камерага олган. Шунақа тасвирга олишлар унинг жону дили. Фурсат бўлди дегунча, югуриб ноутбукка ёпишади, шеърлар ўқийди, қўшиқ айтади… бунақа видеолардан кўпи йўқ бунда!
Йигит кулимсиради:
– Балки уни болалар кўрсатувларига олиб борармиз?
– Йўқ, керакмас. Унинг келажаги – балет.
* * *
Хореография залининг кўзгуси олдидан овоз эшитилди:
– Қизингизнинг пластикаси, тана тузилиши, қомати бир-бирига тўғри келмайди. Хафа бўлманг-у, ундан балет раққосаси чиқмайди! Очиғини айтсам, у машғулотларга келиши мумкиндир, аммо умуртқасидаги муаммо кўнгилсизликларга олиб келиши тайин… Тинимсиз машғулот, тана ҳаракатлари мураккаблашиб боради… қизингиз лат еб қолиши мумкин. Ҳатто шикаст олиш таҳликаси ҳам йўқ эмас.
Кўзгуда боядан бери акс этиб турган табассум ғойиб бўлди.
– Бўлиши мумкин эмас! У кўзини очгандан бери шу муҳитда, мусиқа ичида катта бўлди. Бутун куни мен билан ўтади. Бу залнинг ҳавосини олди. Тушунмаяпман, нималар деяпсиз ўзи?
– Ахир, опажон, сизни ёлғончи умидларга рўпара қилолмайман! Истасангиз, машғулотларга қатнаб турсин. Аммо унинг қомати рақсга тўғри келмайди. Параметрлар уйғун келмаган. Ишонмасангиз, текширтиринг! Бироз муддатдан сўнг натижасини ўзингиз кўрасиз. Энг муҳими, қизнинг соғлиғи борасида таваккал қилиб бўлмайди. Сизга унинг бахтли аёл бўлиши муҳимми ёки балет раққосаси?
Хореографнинг сўзи ҳукмдай янгради. Ҳар бир сўзи худди ўқдек санчиларди. Бу “ўқлар” уни рақс хонасининг эшиги томон кузатиб қўйди. Эшик олдида тўпланиб турган хотинлар аёлни юпата бошлашди:
– Муаллим, ўзингизга олманг! Раққоса бўлмаса, бошқа касблар ҳам кўп-ку…
– Бу бўлмаса, бошқаси! Қизингиз – ақлли. Қайси касбнинг этагидан тутмасин, эплаб кетади.
– Тавба, мен ҳеч қизимнинг раққосалик қилишини истамайман, бу ердан чиқариб олсам дейман. Боламнинг бутун вақти ойна қаршисида ўтади. Болалиги қаёқда қолди?
– Шу иш пешонасида бор экан. Энди шугинани деб ўзингни қийнайсанми? Буни қисмат демишлар…
Хотинларнинг бир-бирлари сўзларини маъқуллаб, тинимсиз чуғурлашлари орасида аёлнинг ич-ичидан ғазаб ва алам тўла эътирози отилиб чиқди:
– У балет раққосаси бўлиши шарт!..
Қаҳр ва ғазаб аёлни вулқондек кўпиртириб юборди, у жон-жаҳди билан зиналардан пастга, даҳлизга тушди, чиқиш эшигидан, қоровул олдидан ўқдай ўтиб, кўчага отилди.
– Қизини ташлаб қаерга кетди? Юраги вайрон бўлди… Қара, ёшгина қизи ҳам онасининг ортидан қақшаб қолди!
– Йиғлама болажон, йиғлама! Югур, онангга етиб ол!
Камера кўрганларини ҳайрат билан муҳокама қилаётган хотинлардан узоқлашиб қизчани излайди. Қизча кўнглию кўзи ёшли онасининг ортидан югуриб кетмоқда.
* * *
Аёл кўчадаги дарахтлар, чироқли устунлар ёнидан тўхтамай ўтиб борар, ҳар тараф кўзига қоп-қора кўринар, ғам ва ҳасратини тобора оширарди. Эски уйлар олдида изғиб юрган қоп-қора мушуклар уни кўриши ҳамон ҳуркиб кетишди, тукларини ҳурпайтириб, тум-тарақай қочишди…
Камера йиғидан кўзлари қизариб кетган қизалоқни кўрсатади. Айби нима эканлигини билолмаган қизча онасининг муздай қўлларидан тутади, она қўлини тортиб олади-да, қизчанинг жажжи қўллари ҳавода қолиб кетади. Машиналарнинг овозлари тошдек қотиб қолган аёлга урилиб, баайни муз парчасидек ерга тўкилиб тушади.
– Эй хотин, йўлдан ўтишда боланинг қўлидан ушлаб олсанг-чи!
– Карми нима бало?
– Боласини машина уриб кетсаям, парвойи фалак!
Аёл на ҳайдовчиларнинг бақир-чақирларига, на қизининг йиғисига эътибор бермай, йўлида давом этди…
“Шанел” атри ҳовлини тутиб кетди. Аёл атрофни бир қур кўздан кечирди… Хона эшигини тепиб очди-да, ичкарига ўзини отди. Уйқу оғушидаги сукунат ваҳимага ўрнини бўшатиб берди. Ёғоч зинанинг ғичирлаши ҳаммаёқда акс-садо берарди…
– Яна кимдир зинадан чиқдими? Э-э-э… Сенмисан, қўшни? Сен келгандагина шунақа ширин ислар таралади…
Аёлнинг авзойини кўриб, қўшни тилини тишлади. Бошини чайқаганча, ойнасини ёпди. Аёл орқасида йиғлаб келаётган қизига эътибор бермай, эшикни тарсиллатиб ёпди. Қизча эшикка яқинлашди-ю, ичкарига киришга юраги бетламади. Ҳовлида ўтириб, ҳўнграб-ҳўнграб йиғларди. Осмондаги қора булут ҳовлига кўланка солди.
– Бу бечора мурғакнинг айби нима? – қўшни аёл қизчанинг елкасидан тутди.
Ёмғир томчилай бошлади.
* * *
Қиз кўзини очганда девордаги соат тўққизга бонг урганди. Қуёшнинг заррин нурлари баданини қитиқлади, кўзлари ёруғдан қамашиб очилгиси келмасди. Шошилмайгина, эринчоқлик билан ётоғидан турди ва онасининг хонасига борди. Онаси катта каравотда кўзларини очганча чўзилиб ётарди. Ҳуши ўзида эмас, мурдадек донг қотиб қолган, чалкаш хаёллар ичида сузиб юрарди. Қиз онасига яқинлашади:
– Ойи, чой ичаман.
– ….
– Қорним очди…
– ….
– Совқотяпман…
– Жим бўл! Шунчалигам кўпчиб ухлайдими? Очингдан ўляпсанми? Яна қанча тик турмоқчисан?
…Деворда осиғлиқ соат миллари ўн иккига қараб кетмоқда эди. Қизча чойнакнинг тагини ёқишга уринди. Гугурт билан қўлини куйдириб олди-ю, йиғлаганча онасининг олдига чопди…
– Ойи, қўлимни куйдириб олдим. Ах, ачишиб кетяпти… қаранг, қизариб кетди…
– ….
– Ойи, эшитяпсизми?
– Бор, чиқ хонамдан! Музлатгичдан нима топсанг, е. Қўлинг ҳам ёниб, куйиб кетмас.
Аёлнинг маъносиз қарашлари катталаштириб кўрсатилади. Ҳайрон қизча ётоқнинг бир бурчагида онасини томоша қилди, кейин ўзи каби “болача”сини судрай-судрай хонадан чиқиб кетди.
Қиз нима қиларини билмай қўшнининг эшигини тақиллатди. Қаршисида кулиб турган кекса кампир кўринади.
– Вой шириним, сенмисан? Нима керак экан сенга?
– Чой ичаман…
Қўшнининг табассуми ўрнини таажжуб эгаллади. Кўзлари киртайиб, атрофга олазарак боқди.
– Чой? Онанг уйдамасми?
– Уйда ётибди, турмаяпти.
– Вой ўлмасам, касалми?
– Билмадим.
Боланинг кўзлари ёшга тўлди. Қўшни кампир қизнинг қўлидан тутиб, зинадан уйига томон кўтарилди.
– Ҳой қўшни, боланг келиб чой сўради, ҳайрон бўлдим. Тобинг қочдими? Балки табиб чақирармиз?
– Ҳали мени касалга чиқардиларингми? Нега боламга чой бермас эканман? Ўзим бераман. Бошингдан ордона қолсин чойларинг!
Қўшнининг дудоқлари титраб, тили айланмай қолди:
– Худо ҳақи, гапингни тушунмадим. Бола айтди, мен шунга…
– Сен соғ бўлсанг, боланинг гапига кириб… Чиқ бу ердан! Ҳозироқ йўқол кўзимдан!
Ётоқни ваҳима босди. Қўшнининг қўрқувдан авзойи ўзгариб, эшик томон югурди.
Аёл қизининг қўлидан ушлаб, ошхонага олиб келди. Стол орқасида турганча қизга ўшқирди:
– Сен қизга яхши тарбия бермабман, ўзи. Қўлингдан бир иш келмайди-я!
Чойнак ичига бир сиқим қуруқ чой солиб дамлади-да, қизга тутқизди. Музлатгичдан балиқ олиб, қовурди ва боланинг олдига тақ этиб қўйди-да, яна ётоғига кириб кетди.
Қизчанинг кўз ёшлари пишган балиқ устига бир-бир оқиб тушди. Илиқ ва шўр сув балиқларнинг умрини узайтиради, деб эшитгани бор эди қизнинг…
Камера ошхона деворига суянган қизни оларди. Хона куюк ҳидига тўла. Қизча камерада ўзининг ёшли юзини кўриб, ҳўнграшга тушди.
Камера боланинг кўз ёшларидан айрилиб, айвонга чиқди. Ташқаридаги манзара ичкаридан-да даҳшатли. Аёл боланинг ўйинчоқларини бир уюм қилиб олиб, қўлига тушганини қайчи билан қирқиб-қирқиб ташламоқда эди. Ўйинчоқларининг оҳ-воҳи шаҳарни бошига кўтаргудек. Ўз қалбларида уввос солаётган ўйинчоқларнинг нима деганларини ҳеч ким англамади. Ўйинчоқларни ташқарига отиб хуморидан чиқаётган она учун бу байрам бўлса, бола ҳасрат ичида эди. Камера айвонда узуқ-юлуқ ўйинчоқларни суратга оларкан, қизнинг улар билан севина-севина ўйнаган дамлари ёдига тушди. Бу орада маҳалла хотинларининг суҳбати ҳам камера қулоқларидан нари қочмаганди.
– Эҳ, бошига бир кулфат тушган-ов… Яқинда ишдан бўшатишганмиш…
– Йўғ-ей… Бу пул дардимас. Балки ёнига келган ҳалиги йигит…
– Сизнинг ишингиз нима? Худо билади барини! Боя ёнига киргандим, қувиб солди, яшшамагур!
– Ўзи сақласин, сақласин…
Айвонда чордона қуриб ўтирган аёл яқиндан кўринди. У атайлаб ёки билмасдан қайчи билан терисини шилди, қонади, кейин қони билан қўғирчоқларнинг дудоқларини бўяди… Кўчага юзланиб қичқирди:
– Менинг болам, албатта, раққоса бўлади, балет раққосаси! Дунёдаги энг машҳур раққоса бўлади. Эшитдингизми? Кўрасизлар ҳали…
* * *
Мусиқа мактабининг зали. Аёл пианино чалмоқда. Қизлар рақс тушмоқда, рақс муаллимаси ўртада кезиб юриб, ҳаракат қоидаларини ўргатмоқда. Пианиночи хонимнинг кўзлари яқиндан кўринади, кўзлари қип-қизил қонга тўлган, шунақанги шиддат билан чалмоқдаки, раққосалар мусиқа маромига улгура олишмаяпти. Рақс муаллимаси унга яқинлашиб, қулоғига нимадир деб шивирлади. Аёлнинг қулоқлари ҳеч нимани эшитмас, унинг бармоқлари клавишлар устида тобора тезроқ югурар, мусиқа тобора тажовузкорона тус оларди. Кўзлар яна катталаштириб кўрсатилади. Ўқувчилар қўрқувдан тош қотиб қолдилар. Ваҳимали мусиқа уларнинг устига ёпирилиб келиб, гўё оёқ-қўлларини тишлаб узиб олаётгандек эди… қичқириб залдан ташқарига чиқиб кетишди… Рақс муаллимаси ўзини қанчалик босишга уринмасин, бўйсунмас бармоқлар пианино клавишларини суғуриб олиб, улоқтириб ташлаётгандек товуш чиқарди. Товушлар девордаги кўзгуларга урилиб, муз парчаларидек ерга тўкилиб тушмоқда эди. Залда ёлғиз тажовузкор пианиночи ва унинг тажовузкор мусиқасигина қолганди.
Кўз ўнгида бўлиб ўтган манзара оналарни ҳайратга солиб қўйганди.
Залдан чиқаётган мусиқа остида уларнинг қисқа-қисқа суҳбатлари қулоққа чалинади:
– Бунга нима бўлибди ўзи?
– Директорга хабар бериш керак. Асаблари жойида эмас бунинг… Болаларнинг юраги ёрилаёзди…
– Инсоф берсин, ишқилиб…
– Ҳуши бошидан учибди, шекилли…
– Ичига шайтон кириб олган кўринади…
– Ўзининг қизини ҳам рақсга йўлатмай қўйибди…
* * *
Тун. Ётоқхона. Қиз ширин уйқуда. Она лампани ёқди, қизининг устидаги чойшабни секин очиб, унинг оёқларига, қоматига разм солди. Қулоғи остида эса хореографнинг сўзлари акс-садо берарди:
– Қизингизнинг пластикаси йўқ, оёқларини ишлата олмайди, тўпиқлари бўртиб чиққан… Умуртқа поғонаси ҳам мураккаб ҳаракатларга дош бермайди…
Аёл ғайриихтиёрий равишда қизининг оёқларини силади, сўнгра ёқимли ҳислар хиралашиб, ноумидлик, ожизлик туйғулари лоп этиб юзига урилди-ю, ёпинчиқни қизнинг бошига отиб, ётоқдан чиқди.
Столнинг устида экрани ёниқ қўл телефонини кўриб, хатни ўқишга тушди: “Азизим қалай менинг? Соғ-саломатми?” Шу заҳоти жавоб ёзди: “Тез етиб кел!”.
* * *
Ётоқ тамаки тумани ичида қолди. Креслода ўтирган аёлнинг оёқлари совуқдан эмас, безовталикдан қалтирарди.
Йигит тамаки кукунини кулдонга қоқаркан, аёлга юзланди:
– Нечук мени қизинг уйдалигида йўқлаб қопсан? Ҳамиша уни бувисиникига жўнатиб юборардинг-ку…
– Уни бўлажак отаси билан таништириш фурсати келди.
– Тушунмадим, сенга нима бўлди ўзи? Ғалати қилиқларинг билан мени ҳайратда қолдиряпсан. Худди бошқа бировга йўлиққандек-а?…
– Тасаллиларингга зор эмасман. Ёқмаса – ана катта кўча.
– Жиннилик қилма! Мен ҳеч қачон сендан айрилишни хаёлимга келтирмаганман. Сендан айрилиб эсимни ебманми? Тушун, ахир, наҳот шу инжиқликларингга тоқат қилиб бўлса? Невропатолог дўстим бор, балки унинг ёнига бориб маслаҳатлашармиз, бир сидра муолажа олардинг, нима дейсан?
Аёл ўрнидан дик этиб турди-да, қўлига тамаки қутисини олди. Катталаштириб кўрсатилганда унинг қўллари товуқ терисидек жунжикиб кетгани билинади. Йигитнинг кўзларида эътироз акси бор.
– Чекма! Бу барибир сенга ёрдам бермайди. Менгаям ўқрайма! Никотин мени адойи тамом қилганини ўзим ҳам яхши биламан. Тўғри, оз-моз ичингни ёндиради, кейин эса…
– Қўрқма! Бу шунчаки… дилнинг чигилини ёзиш учун-да… Тамакини деб гўзаллигимни гаровга қўйиб ўлибманми? Ортиқча ғалва…. дарвоқе, невропатолог дўстинг қизимни балет раққосаси қила олармикин-а?
– Яна бошладингми? Чиндан ҳам ақлдан озибсан!
Аёл оғзи тўла қора тутунни ташқарига ҳайдаркан, оппоқ шифтга қарайди. У ерда қора ҳарфлар билан ҳикматли сўзлар битилгандек манзара пайдо бўлади.
– Сен буни тушунмайсан. Чунки мени тушунмайсан. Ҳеч нимадан хабаринг йўқ. Мени эса ақлдан озганга чиқарасан…
– Азизам, ишон, оғзингдан чиққанини муҳайё қиламан. Тушунаман сени. Балки ёрдамим тегар ҳам. Йўқса, йўқса муаммонг мени-да адо қилади-ку? Мен нима бўлганини борича билишни истайман. Охирги пайтларда ўзинг билан ўзинг ўралашиб қолгансан…
Йигитнинг ширин сўзлари аёлни ҳовуридан туширди. Тамакини худди ичидаги оловни бостиргандай, кулдонга босиб сўндирди.
– Сенга айтсам, болалигимда уйимиз ёнида бир рус оиласи яшарди. Қизи ҳар куни рақс тўгарагига қатнар, унинг рақсларини кўриб, балет рақсига қизиқишим ортарди. Бироқ, менинг отам диндор, художўй одам эди. Мени бундай рақсларнинг яқинига ҳам йўлатмасди. Ярим очиқ кийимлар, ўғил болалар билан бирга рақс тушишимга-ку чидай олмасди… узоқ йиғи-сиғиларимдан сўнг пианино дарсларига қатнашимга рози бўлдилар. Бироқ уйда ёлғиз қолганимда, ўзим дераза пардадан тикиб олган балет кўйлагини кийиб кўзгу олдидан бери келмасдим. Мусиқа мактабини битиргач, рақс мактабида саҳна режиссёри бўлиб ишладим. Отамнинг таниш-билишлари соясида кун кўришни истамадим. Ўша пайтлардан балет тўгарагига қатновчи жажжи қизалоқларни кўриб, қизим бўлса, бутун олам қарши чиқмасин – уни, албатта, балет раққосаси қиламан, деб орзулардим. Бутун кучим, умримни шу қизимнинг машҳур раққоса бўлишига сарфлаб, унинг дунё саҳналарига чиқиши, минглаб, миллионлаб мухлисларнинг олқишлари ёмғири уни шалаббо қилмоғи учун жонимни бериб бўлса ҳам ҳаракат қиламан, дердим. Шу армонимнинг ушалишини чин дилдан истардим. Менинг ёшлигим, гўзаллигим, орзуйим қизимда қайта яшасин! Шу кунгача мана шундай орзулар билан яшадим, қийинчиликларга чидадим…
Аёл тўлиб-тошиб сўзлар, гоҳ титроқ дудоқлари, гоҳ ҳавода турли шакл чизаётган қўллари унинг ўтмишидан сўзларди. Йигит уни жимгина, бироз ҳадик билан тингларди. Аёл сўзида давом этди:
– Ҳа, майли, мени телбага йўйиша қолсин. Аммо менинг бутун дунём, орзуларим чиппакка чиқди, шуни тушунаяпсанми? Нега дарсим бўлмаса ҳам, ҳомиладор бўлсам ҳам мактабга бораверардим? Шерикларимнинг ўрнига ҳам нега ишлайверардим? Кўзимни рақс тушаётган қизлардан бир дақиқа бўлсин узмасдим, нега? Барчаси – шу болам учун! У ҳатто қорнимдалигиданоқ шу муҳитни ҳис қилсин, дердим. Чайковскийнинг “Ухлаётган гўзал” куйини чаларканман, юрагим остида қизимнинг жажжи юракчаси рақс тушарди… У пайтларда қизимнинг рақсга ноқобил бўлиши етти ухлаб тушимга кирмаган эди. Отаси бизни ташлаб кетганида ҳам шунчалик куюнмагандим. Тушундимки…
Йигит тинчлантириш учун аёлга яқинлашди, қучмоқчи бўлди. Аёлнинг қайноқ нафаси юзига урилди. Қизча уйқудан туриб, онасининг хонасига кирди-ю, нотаниш одамнинг онасини қучоқлаб турганини кўриб қичқирди:
– Қўйвор ойимни!
Йигит нари кетди. Бир сўз дейишга ҳам жазм қилолмади.
Она мулойимлик билан қизига йигитни таништирди:
– Қара, бу сенинг бўлажак отанг. Сенга ёқдими? Ҳақиқий отанг эмас, бошқаси. Ҳақиқий отанг, Худо билади, қаёқларда санғиб юрганийкин? Бу бошқа киши. У энди биз билан бирга яшайди. Ҳеч нимадан қўрқма, олдинги ҳавотирли кунларимиз ўтиб кетди. Тушундингми? Ҳар куни уйда нима бўлса, етти маҳалла хабар топарди. Ўзингни ёмон ҳис қилсанг, касал бўп қолсанг, отанг сени даволайди, бошқалардан ҳимоя қилади. Ўгай оталар шунақа болаларини яхши кўради.
Хонани ёнаётган резина ҳиди тутди. Қизча аёлнинг қучоғига кўмилиб ҳўнг-ҳўнг йиғларди. Оталикка номзод йигитнинг асаби таранглашди:
– Бўлди, бас қил! Бекорчи гапларни гапирма!
– У энди ёш боламас. Ҳаммасини билсин!
Аёл кутилмаганда йигитнинг бўйнига осилиб, юзини ўпичга тўлдириб юборди. Йигит зулук каби ёпишган аёлни ўзидан нари итариб, орқа ўгирди. Аёл баттар қизишиб, йигитга бор бўйи билан ташланди, юз-кўзини тирнай бошлади.
Йигит унинг ҳамласидан қутулиб, даҳлиз томон юрди-да, эшикни тарсиллатиб ёпди. Аёл ҳали ҳам асабий қичқирар, ўзини ҳар томонга отмоқда эди. Йигит деразадан ичкари қаради-ю, деворда осиғлиқ, шу пайтгача назари тушмаган Иероним Босхэнинг “Жаҳаннам малаги” расмини кўрди. Суратдаги аёл қиёфаси худди жазавадаги аёлнинг ўзгинасидек намоён бўлди.
* * *
Саҳар. Энли каравот катталаштириб кўрсатилади. Аёл қизининг оёқларини қучганча, иккиси чўзилиб ётибди.
Меҳмонхонадан ўт ёққичнинг овози эшитилди. Йигит ноутбук қаршисида ўтириб сигарет билан дардлашарди. Изтироб ўти юрагини ёндирганидан кулдоннинг тўлиб кетганини ҳам сезмабди. Ноутбукда қизча тасвирга олган видеолардан бирини кўришга ошиқди: “Салом, азиз болалар. Ойим ҳозир ухлаяптилар. Уларни уйғотолмайман. Қўрқаман. Муаллим менинг рақс тушолмаслигимни ойимга айтди. Бу гапни эшитиб, ойим бетоб бўлиб қолдилар. Мени ортиқ яхши кўрмайдилар. Ўйинчоқларимни ҳам… Қўғирчоқларимни ҳам синдириб ташладилар. Кеча ойим ишдаликларида мен оч қолдим, Саида хола менга ширин кулча бердилар. Энди… ойимни чақирганиям қўрқаман…” “Қизалоқ анча улғайиб қолибди”, ўйлади ўзича.
Йигитнинг титроқ қўллари кўринади. Бошини чангаллаган бола каби йиғлашга тушди. Йиғи томоғига тиқилди. Йиғи унинг болаларча овозини босиб кетди. Деразадан ичкари тушган қуёш шуълалари ёноғидаги ёш томчиларини жилолантирди, бошини кўтарди.
Бола бир оздан сўнг, уйқудан туриб меҳмонхонага келди.
– Қизим, уйғондингми?
– Сиз кимсиз?
– Мен ойингнинг дўстиман. Унинг кечаги гапларига хафа бўлма. Биласан-ку, ойинг бетоб бўлиб қолганди.
– Нима?
– Сен олган видеоларни кўрдим. Камера қаршисида ўзингни жуда яхши тутибсан. Истасанг, сени телевизорга чиқараман. Болалар кўрсатувига бошловчи бўласанми?
– Ҳа, бўламан… қўшиқ айтишни ҳам биламан.
– Қўшиқ айтасанми?
– Албатта-да!
– Қани унда кетдик!
Камера қизнинг севинчига қўшилиб, бир маромда тебранади. Йигит сигаретани тутатиб кулимсиради.
– Тез бўл, энг чиройли кўйлагингни кийиб чиқ! Телевидениега борамиз!
Қиз ўзининг ётоғига учиб кирди-да, деворга ёпиштириб қўйилган кийим жавонини очиб, кийимларини бир-бир кўздан кечира бошлади. Шоша-пиша танланган кийимларнинг ярми ерга тушиб, ярми илгакка ярим осилиб қолди. Ҳар бирини ойнага солиб, устида синаб кўрар, ёқмаган кўйлакларини ҳар томонга сочиб ташларди. Кўйлаклар экранга чиқишларини билгандек, ҳаяжондан пичирлашарди.
Аёл барча ташвишлардан фориғ бўлиб уйқудан уйғонди. Кўзларини ишқалаб, қизининг ётоғи томон йўл олди. Меҳмонхонада йигит унга қараб табассум билан деди:
– Хайрли тонг. Қалайсан?
– Сенга нима? Вой, бошим ёрилай деяпти… юрагим тўхтаб қолаётгандек.
– Мен уни телевидениега олиб кетяпман. Бизда янги лойиҳа ишга тушяпти. Болалар кўрсатувига бошловчи қидиряпмиз.
Аёл йигитни сўроққа тута бошлади:
– Тушунмадим. Кимни, қаерга олиб кетяпсан?
– Қизимизни. Истеъдодли қизчани. Видеоларини кўриб мазза қилдим. Табиий, жонли чиққан тасвирлар… ҳали ҳеч устоз кўрмай шундай тасвирлар олса-я! Яна қўшиқ куйлашни ҳам қойил қилади.
– Бекор айтибсан! Ҳеч ҳожати йўқ! Менинг қизим балет раққосаси бўлади, эшитяпсанми, балет раққосаси! Бошқалардан нима ками бор унинг? Ҳаммадан чиройли рақс тушади, саҳнада малак каби хиром айлайди, энг машҳур театрларда ўйнайди, ҳамма оналар унга ҳайрат билан боқади ҳали, кўрасан!
Аёл йиғлоқи овозда бағри эзилиб гапиришда давом этарди:
– Нима қилсанг, қил, бироқ мени бу азоблардан қутқар, қутқар, азизим! Сабрим етмайди менинг! Унинг келажаги учун бутун ёшлигимни қурбон қилдим. Ортиқ чидолайман!..
* * *
Телевидение биноси. Йигит қизчанинг қўлидан тутиб бинога яқинлашди. Уларнинг ортидан хоҳламайгина аёл кетиб бормоқда, қадамида сустлик ва умидсизлик сезилиб турибди. Одим ташлашидан беҳушга ҳам ўхшайди…
Орқа томонда ўйноқилаб юрган ўнтача бола-бақранинг ром этувчи кулгиси қулоққа чалинади. Камера ҳам, аёл ҳам , йигит ҳам бирваракайига орқага ўгирилишди.
Телевидениеда бошловчилик учун болалар ўртасида синов бошланди. Аввалига бир журналист қиз имтиҳон жараёни ҳақида батафсил маълумот берди. Кейин бирма-бир болаларни таклиф эта бошлади. Экранда малаксиймо, оппоқ кийимли бир қизча пайдо бўлди. Камера қизни дарҳол таниди. Бу момиқ юзлар, шайтон кулишлар, енгил қўл ҳаракатлари ва мимикалар камерага анчайин таниш эди…
Аёл телевизорга қаради-ю, юзида табассум жилваланди. Йигитнинг қўлини маҳкам сиқиб, ушлаб олди. Бутун ётоқ шодлик зиёсига тўлиб тошди. Қизча ранго-ранг гулларни онасининг бошидан сочди. Йигитнинг мамнун ва намли кўзлари катталаштириб кўрсатилади.
“Кечангиз хайрли бўлсин, дўстлар. Ўринга ётишдан аввал онангизнинг юзидан ўпинг ва уни қанчалар яхши кўришингизни айтинг, хўпми?” – кўрсатув шу сўзлар билан тугади ва қизча ҳам уйқуга кетди. Қаёқдандир олқишларнинг тўхтовсиз жаранги эшитиларди. Олқишлар, хаёлга берилиб кетган аёлнинг қулоқлари остида ёқимли жарангларди.
* * *
Роялда ҳазин “Мовий Элегия” куйи янграмоқда. Экран порлаб турибди. Ётоқхона. Аёл чойшабга ўраниб ётибди. Қизи пинжига кириб олганча, катта очилган кўзлари билан чойшабнинг устида айланаётган тасвирларга боқяпти. Тасвирлар чойшаб устида, деворда, она-боланинг юзида ўйнарди. Қиз кулимсираганча уларни тутиб олишга интиларди, аммо тутолмасди. Қиқир-қиқир кулиши тасвирларга қўшилиб ётоқ узра янграрди.
Янграётган “Мовий Элегия” куйи энди тамом бошқа маъно англатар, мовий денгиз гирдобини эслатарди.
Аёлнинг кўзлари катталаштириб кўрсатилди. Икки табақали эшикка ўхшаш кўзлари юмуқ. Камера аёлнинг қовоқларига яқинлашади, уйқуда ётган онанинг кўзлари эшикдай очилиб кетади. Актрисанинг эшиги олдида тўпланган одамларни ёриб ўтгувчи журналист каби киприклар бир-биридан ажралади. Театр саҳнаси, ҳар тарафи ҳаяжон, ҳайратга тўлиқ. Саҳнада гўзал, зариф актриса роль ўйнамоқда. Бир қадар яқинлашганда, қизнинг таниш чеҳрасига кўз тушади.
“… Ва ниҳоят, мен актриса бўлдим. Онам болалигида ўзи учун пардадан тикиб олган балет кийимини театрдаги илк ролимда кийиб чиққанман… ҳалигача у кийим жавонимнинг илгичида осилиб туради…”
Ўриндиқнинг биринчи қаторида ўтирган аёлнинг ёшли кўзларида саодат тўла, севинч акси бор. Томоша тугади. Оёқда туриб олқишлаётган томошабинларни кўриб, юзларида завқ ва мамнуният ёшлари қотган. Камера олқиш садолари остида театрни тарк этади. Спектакль афишаси ташқарида катта паннога осилиб турибди. Унга катта ҳарфлар билан “Балет раққосаси” деб ёзилган эди…
* * *
– Шакар чой ичаман.
Камера ётоқхонага қайта киради.
Аёл бола учун ширин чой келтириб, каравотнинг ёнидаги столчага қўйди.
– Шириним, ширин чой ичадими?
Қизча шакарқандларнинг бир нечтасини пиёлага солиб, қошиқча билан аралаштирди. Бола чойдан бир қултум ичиб, кўзгу олдида мудроқ ишваларидан халос бўлган бедор онасининг ярим яланғоч баданига тикилди.
Она тонгни севиниб қарши олганча, кийимининг тугмаларини қадарди. Ғаладонни очиб, атирларига кўз солди, бирпас танлолмай қолди-да, ниҳоят бирини олиб бўйни ва сийналарига сепди. Шодлик ифори бутун хонани тутди. Атир идишнинг қопқоғини ёпиб жойига қўйгач, хонани тартибга келтирди ва қизига қараб деди:
– Болажоним чойини нимага ичмаяпти? Ахир бугун сувратга тушамиз-ку! Бу галги кўрсатув мавзуси нима ўзи?
– Бешиклар. Нимага оп қўясиз уни? Ахир, режиссёр онангнинг болаликдаги бешигини олиб келгин, деганди-ку…
– Ҳа, шайтон қиз. Бор, хонангни қара.
– Бўлди, чой ичмайман.
– Нимага ичмайсан. Ўзимнинг эркатойим, экран маликаси нимага чой ичмас экан?
– Жудаям ширин бўб кетибди, томоғимни қичиштиряпти.
Аёл кулимсиради. Қиз онасининг илиқ табассумини ширин чойга қўшиб, роҳат ила ичиб юборди.
Камера эртанги фараҳли саҳифаларни муҳрлаш учун бугунча ўчириб қўйилди…
Озарбайжончадан Севара Алижонова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 4-сон