Ўрхон Камол. Нон, совун ва муҳаббат (ҳикоя)

Қамоқхонада, Ғолиб исмли ёш бир қоровулимиз бор эди. Куннинг ҳар соатида, ҳибсхонанинг қаерида бўлса бўлсин, қўлида ойна-ю, тароқ, сочларини тарарди. Соч мойидан ялтираган сарғич сочлари тўлқинланиб турарди. Унда умуман, уятчан бир ҳол — консерватория ўқувчиси қиёфаси бор эди.
Бир ҳарбий учувчидан арзонга туширган ёзги кўк пальтони буздириб, ағдариб гавдасига лойиқ қилиб тиктирган эди. Модага уйғун келмаса-да, бу бичим уни бус-бутун севимлилаштирар, гўзал бир консерватория ўқувчисига ўхшатиб кўрсатарди!
Унинг мен билан дўстлиги, мен уни яқин бир киши сифатида ҳурматлашим учун эди. Менинг китобларим ҳам иккимизни яқинлаштирди… мен ўзим ташвишли бир аҳволда бўлганим, ҳаётнинг энг остки «даҳлизларида» яшашга мажбур этилганим ҳолда, нима учун ҳамон бу қадар тиришқоқлик билан ўқишимни суриштирган эди. Бунчалик ўқишнинг нима кераги бор? Ҳали кўп йиллар қамоқда ётишим керак. Кунлардан бир куни чиқсам-да, пешонамда катта бир жиноят тамғасини кўтариб туришга тўғри келади…
Унга, наша чекиб, ошиқ ўйнаб ёки пичоқбозлик қилиб юргандан кўра, китоб ўқиш минг марта фойдали эканини тушунтирганим замон, узоқ вақт ўйланиб қолди.
Шундан кейин дўстлашиб кетдик.
Аксари майдондаги навбатчилигини топширгандан кейин келиб, ёнимга ўтирар, кўзларини бир нуқтага тикиб, бирмунча вақт шу ҳолда қоларди. Шундан сўнг, худога, ишқ-муҳаббатга, бахтга, жаннатга, дўзахга, ўлимга доир саволлар берарди. Боши туппа-тузук ишларди, ҳақиқатан ҳам у бир кун менга:
— Биз ҳам инсонмизми? — деди. — Роса бир ой худди қамоқда тургандай туриб, ўттиз беш лира ойлик оламиз. Сиз билан орамиздаги фарқ нима? Биз бу ишга кўнгилли равишда келганмизми?
Унинг ҳеч кимсаси йўқ эди. Онаси ўн йил муқаддам сил касали билан ўлган. Отасини ҳеч танимасди. Баъзан:
«Ишқ соф бўлса, дерди у, киноларда кўрганимиз каби илоҳий ишқдан баҳс этаман… Шундай бир севгилим бўлишини истайманки, нима демак истаганимни боқишларимдан тушунсин. Сўз билан эмас, балки кўз боқишларимиздан бир-биримизни тушунайлик. Кўп эмас, икки бўлма ва бир залдан иборат кичкина бир уйимиз бўлсин… Аммо фисқи-фужурли шаҳарларда эмас, шаҳарлардан, мотор гуриллашларидан, радио овозидан узоқда, кенг бир денгиз каноридаги бир ўрмон ичида бўлсин. Қиш кечаларида, қутурган денгизнинг даҳшатли тўлқинлари гумбурлашидан титрайлик, бир-биримизга чирмашайлик. Ўрмондан бўриларнинг увлашлари эшитилсин. Бўронлар ёғочларни шатирлатиб ағдарсин, севгилим эса менга: «Ғолиб, қўрқаётирман…» десин… сўнгра бир боламиз бўлсин, сариқ жингалак сочли, кўм-кўк кўзли, дўмбоқ ўғлон. Худди кинолардаги каби…»
«Кейин-чи?»
«Кейин… Севгилим ўлсин. Уни мен ўз қўлларим билан кўмгандан кейин, унинг мозорини қучоқлаб мен ҳам ўлсам!»
Бошқа бир кун мендан бир китоб сўради. Китоб ичида қизиқ ишқий афоризмлар, илоҳий ишқ тасвирлари бўлсин, деди. Бу хилдаги китобларим йўқ эди. Бир ўртоқдан «Чой гул тақиб юрувчи қиз» китобини олиб бердим. Эртаси кун, кўзлари қип-қизарган ҳолда келди. Тун бўйи ухламабди, китобни зўр иштиёқ билан ўқиб чиқибди.
«Ишонасанми, деди у, Маргарита мени соатларча йиғлатди, тонг отгунча уйқимни қочирди… Ё раббий, бу эгри-бугри ҳарфлар ичида қандай сеҳр, қандай каромат бор?»
Сўнгра бир бошқа китоб сўради. Ўз китобларим орасидан тўғри келган бирисини суғуриб олиб, узатдим. Бу китоб «Менинг университетларим» экан.
«Бу ёқмади!» деб қайтариб келтирди.
Сабабини сўрадим.
«Балки, деди, бунда ҳам бир нарсалар бордир-у, аммо… Билмадим… Менинг, сенинг, ҳар қайси бир инсоннинг ҳаётига ўхшайди!».
Изоҳ беришга уриндим.
«Тўғри, деди, ҳақлисан, аммо… Ҳар китобда бир бошқа Маргариталар бўлишини истайман… Сўнгра Арман Дювал… Биласанми, мен бир Арман Дювал бўлишни хоҳлайман…»
Ҳар қандай бўлганда ҳам, олган китобларининг кирланиб ёки йиртилиб кетмаслигига жуда эътибор берарди.
Касалхонада ётганим кунлардан бир куни бир хатнинг қора Лама нусхасини кўтариб келди. Ҳаяжонли эди. Каравотимга ёндошмасданоқ, уни узатди.
«Нима бу?»
«Ўқиб кўрсанг биласан…»
Хат бўлмағур ишқ тасвирлари билан тўлиқ, оддий тарзда ёзилган эди. Бир севгилига қаратиб, ўлим деган муаммодан, бахтдан, абадий ишқдан, ишқнинг чуқурликларидан, нозик қанотли ишқ париларидан, хотин кишининг худойи таоло томонидан бир сароб тусида яратилганидан узундан-узоқ баҳс этарди.
Бу сўзларни кимга ёзганини сўрадим. Қулоғининг учларигача қип-қизаргани ҳолда қаршисига боқди. Нима дейишини кутиб турдим.
«Кейин билиб қоларсан…» деди ва қизиқсиниб сўради: «Қандай бўпти? Таъсирлими?»
Мутлақо маъқуллашимни истаган сирли бир кўз боқиши билан қараб тургани учун, тескари жавоб беришим тўғри келмас эди. Агар тескари жавоб қайтарсам, яна ҳам таъсирлироқ қилиб ёзиб беришимни сўраб қолиши мумкин эдики, бунга менинг қурбим етмас эди… Жуда мукаммал ёзилганини сўзладим. Даставвал, ҳазиллашаётир деб ҳисоблади, кейин ишонди, севинчидан сакраб кетди.
Орадан кунлар ўтди. Касалхонадан қутулиб чиқиб, камерамга келган куним у ёнимга келди. Тим яшил кўзлари ҳасратга тўлиқ ҳолда, мени бир чеккага тортди. Саккиз букланган бир мактуб чиқариб узатди.
Мактуб ғоят бузуқ бир имло билан ёзилган эди. Хотиримда зўрға сақланишига кўра, қуйидагича бошланарди:
«Севгилим,
Баҳорнинг бу нозик кунларида юборган муҳаббатномангни олиб, жуда севиндим. Лекин сиёсий гапларни кўп гапирибсан. Мен бу турли гапларни тушунмайман. Қалб билан қалб дуч келмишдир. Сен мени севасан, мен ҳам сени севаман, демак, сенинг менга майлинг тушган бўлса, менинг ҳам сенга майлим тушмоғи табиийдир…»
Мактуб қуйидагича тугаларди:
«Ташқаридан менга қаровчи ҳеч кимсам йўқ. Гап ўртамизда қолсин, кўйлак-лозимларимни бит босиб кетди. Шу сабабдан ҳеч ким мени ёнига йўлатмайди, мендан бурун жийирадилар. Қорним ҳам ҳеч тўймайди. Бир кунга бериладиган овқатни бир нафасда тамом қиламан. Яна бу ерда қирқ кун жазо тортишим қолди. Ташқарида ҳисоблашармиз. Агар мени чинакам яхши кўрсанг, бир кулча совун билан иккита нон киргизиб юбор!»
Мактубнинг тўрт бурчаги сигарет билан тешик-тешик қилиб куйдирилган эди.
«Қандай? — деди, — маъқул тушдими? Биз илоҳий ишқдан баҳс этдик, у эса бизга совундан, нондан сўз бошлади…»
Мактубни қўлимдан олиб, парча-парча килиб йиртиб ташлади.
«Эҳ, — деди, — хотинми булар?»
Ноҳақ гапирганини узоқ вақт унга тушунтиришга уриндим. Нон ва совуннинг ҳаётимиздаги муҳим роллари ҳақидаги гапларимга қулоқ солар, кўзларини жовдиратар ва баъзан хўрсиниб қўярди.
Сўнгра кетди.
Эртаси эрталаб, яшил кўзлари завқ билан тўлган ҳолда яна келди. Астагина деди: «Бир кулча совун билан икки буханка нон киргизиб юбордим!».
Шу кундан кейин, хотин чиққунча унга нон, совун ва оз бўлса-да, пул билан ёрдам этганини хотинларнинг қамоқхонасига кириб-чиқиб турадиган навбатчилардан эшитиб турдим.
Бирмунча вақтдан сўнг, хотин қамоқдан озод этилди. Ўн тўрт ёшида зўрлаб, қари бир чолга берилган, ўн бешида зино иш қилгани учун эри қўйиб юборган, сарсонликка тушган, бир қанча вақт юртдан-юртга кезгандан кейин, суд томонидан уч ой қамоққа ҳукм этилган ёш бир хотин экан.
Кўп ўтмасдан соқчи Ғолибнинг бу хотинга уйланганини эшитдик.

Туркчадан М. Даврон таржимаси