Бир оғайним бор. Қизиқмаган нарсаси йўқ. Ўзи Сурхондарёнинг олис, чекка бир қишлоғида яшаса ҳам, билағонликда шаҳарда яшайдиганлардан-да, ўтиб тушади. Адашмасам, ана шу шоввоз ўтган асрнинг 80- йилларида қайси бир жаҳон олимпиадаси ўйинлари Москвада ўтказилганда, бор- йўғини сотиб бўлсаям, мусобақаларни бориб кўриб келган эди… Шу қизиқиши орқасидан дунёқараши кенгайиб, ҳозир тузуккина фермер бўлиб олган. Навоий бобомиз айтган “Агарчи огоҳсен, шоҳсен сен”деган сатрни ўзига тумор қилиб олган. Яқинда шу оғайним олдимга келиб қолди. Кичкиналигимизда, у билан Пошхурдсойнинг юлғунзорида уруш-уруш ўйнаганмиз. “Кимнидир Сен Америка томонидан, Эйзенхауэрсан деганмиз». Унга қарши “қўлбола ракеталар” тайёрлаб, ўзимизча шу душманни енгганмиз. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида “совуқ уруш” хавфи кучайгани биз болаларга ҳам таъсир қилган экан-да. Дўстим менинг Америкага бир-икки марта борганлигимни эшитган экан, одатдагидек бетга чопиб гапирди.
– Сафарга бориб келгандан кейин, нонини ҳалоллаш керак-да, оғайни.
– Хўш, нима қилиш керак?
– Халққа, одамларга кўрган-билганларингни ёзиб, матбуот орқали етказмайсанми?
– Ҳозир сафарнома ёзиш урфдан қолган. Неки бўлса, интернетдан ўқиб олса ҳам бўлаверади, – дедим.
– Авваламбор, дунёда нимаики яхши нарса бўлса, ҳеч қачон урфдан қолмайди, – деди оғайним. – Интернет билан китоб-дафтарнинг фарқи бор. қолаверса, ҳали ҳаммада интернет кўриш имконияти йўқ. Бўлганида ҳам, унинг йўриғи бошқа, китобга нима етсин. Қўлинг билан ушлаб, ўқисанг, тамом бошқача-да… Яхши жойини қайта-қайта ўқийсан. Шундай.Қўй бу гапларни…. Қани, тўртта гурунг қилайлик. Аслида гурунгдан зўри йўқ. Шошма, телевизорингни ўчир. Гапни гапга қўшмайди… Мана, ман телевизоримни гурунгни бузади деб, бировга совға қилиб юбордим. Шундан бери, уйқум яхши. Хотиним аввалига хафа бўлиб юрди. Энди эса, тўғри қилган экансиз, вақтни кўп олар экан, дейди.
– Балки, радионг ҳам йўқдир, – дейман.
– Радиом бор… радио зўр нарса. Ишингни бажаратуриб ҳам эшитаверасан. Гурунг ҳам кетаверади. Ўзбек учун суҳбат, гурунг эскирмаган. Бу катта мактаб. Бу бир ўзига хос театр, ҳаётий театр. У табиий ўтказилади. Айниқса, қишлоқларда…
Рост, қишлоқларда театр ҳам, кино ҳам, саёҳат ҳам – барининг ўрнини ана шу суҳбат – гурунг босади. Бу гурунг бобо-момоларимиздан мерос. Илгарилари Ипак йўли бўйлаб узоқ элларга кетган аждодларимизнинг топган энг катта бойлиги – шу гурунг бўлган. Улар сафардан қайтганларидан сўнг, қавму-қариндошларига бошдан кечирганларини ҳикоя қилиб берганлар. Уларнинг тасаввурларини бойитишган. Ҳозир ҳам бу анъана бор. Аммо мавзу доираси тор, биқиқ бўлганлиги учун, бу суҳбат-гурунглар ҳамиша ҳам мароқли кечавермайди. Сабаби эса, дунёвий суҳбатларнинг камлиги. Халқ эса ҳамиша бошқа мамлакат, бошқа эллар, бошқа одамлар, уларнинг савдо-сотиғи, расм-русуми, яшаш тарзи, турли урф-одатлари ҳақида билгиси келади.
Оғайним ўйга толганимни кўриб:
– Ошна, гапиришга эринсанг, бошқа пайт келай. Аммо, гурунг берсанг, чўғи билан бўлсин. Одамлар топиб айтишган: еганинг ўзингники, кўрганларингдан гапир, дейдилар.
– Йўқ, мен еганларимни ҳам гапириб бераман, – дейман жиддий туриб.
–Тўғри қиласан, еган-ичганнинг маънисини чақиб олсанг, яхши-да, – дейди оғайним гапимни маъқуллаб.
Оғайним йўлхалтасидан мен яхши кўрадиган, тегирмонда тортилиб, унидан тандирда ёпилган нимқора нонни олиб, олдимга қўйди. Жайдари қизил буғдойдан қилинган бу нонни кўриб, суҳбатга хамиртуруш, туртки топилганлигидан суюниб кетдим.
– Хўш.. бошладикми?.. Мана, мен Америкада еб-ичганимдан гапираман.
– Ие, бўмасам-чи. Шуниси қизиқ-да.
Оғайнимни ҳамма нарса қизиқтиради: бозор-ўчар, урф-одат, тижорат, еб-ичишлар…
Мен эса ўзим учун, ҳеч бўлмаганда болаларимга сўзлаб бериш мақсадида кўрган-билганлариму эшитганларимни ёзиб қўйган дафтаримни оламан. Аммо, уни варақлаб гапириш менга малол келди.
Америка ҳақидаги суҳбатни нондан бошладим. Оғайнимга қишлоқдан келтирилган мана шундай ноннинг уни Америкада оқ унникига нисбатан баҳоси икки-икки ярим баробар юқори туришини айтганимда, у гангиб қолди.
– Америкада шу жайдари ун бор эканми?
– Албатта. Бу унни Жанубий Америкадан, Аргентинаданми-ей, олиб келишаркан.
Ана шу тариқа, нон баҳонасида унга эсимда қолганларни айта бошладим.
Нью-Йоркнинг супермаркетларида ўзим кўрган ва дафтаримга ёзиб олган нархларни ўқидим: 1 кило сули уни 6 доллар, 1 кг жавдар уни (қора ун) 6–7 доллар, 1 кг оқ ун 2 доллар, 1 кг арпа уни 6 доллар, қизил буғдой уни ҳам 7–8 доллар туради. Жавдар, сули ва оқ ун ҳамда кепаги қўшиб тайёрланган нон энг қиммат, 500 грамми 3,5 доллар. Оқ ундан тайёрланган ноннинг 500 грами – 2 доллар, қизил буғдой нони, вазни 500 грамм – 4,5 доллар туради.
Бу нархлар ўзгариб туриши мумкин. Нью-йоркликларнинг бозори-ўчари қуйидагича: 1 кг қўй гўшти – 4 доллар, 1 кг балиқ, энг арзони – 7 доллар, қиммати – 12–15 доллар, 1кг мол гўшти – 4 доллар, 1 кг бузоқ гўшти – 7 доллар, 1 кг чўчқа гўшти – 5 доллар, 1 кг товуқ (оёғи) – 1 доллар. 2 кг келадиган товуқ – 5 доллар.
Нью-Йоркдаги танишларим бу нархлар аввало маҳсулотларнинг дармондориларга қанчалик бой ва экологик тозалигига қараб белгиланишини ҳам айтишди. Гормонлар билан боқилган Америка товуқлари энг арзон ҳисобланади.
– Шунинг учун бизда ҳов қайси бир йиллари Америка товуғи келтириб сотишган экан-да. Ҳукумат шундай маҳсулотларга чек қўйиб тўғри қилаяпти, дейди оғайним. – Ўзимизнинг хонаки товуқлар улардан яхши денг.
Хуллас, оғайнимнинг саволларига жавоб бериб бўлган эдимки, энди у мени саёҳатимни бир бошдан айтиб беришга ундади.
Мен Америкага биринчи марта 1998 йилнинг баҳор ойида учган эдим. Тошкент – Франкфурт – Бостон – Вашингтон маршрути бўйича ва орқага қайтиш билети нархи – 4060 долларни ташкил этди. Иккинчи марта эса «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясига қарашли самолётда учдим, Тошкент – Амстердам – Нью-Йорк – Вашингтон ва орқага қайтиш билети нархи – 2120 доллар. Деярли аввалгига кўра икки марта арзон. Суҳбатнинг бошидаёқ айтиб қўяй, бу сафар харажатлари Вашингтон – “Таймс” фонди ҳисобидан қопланди.
Америкада бўлиб ўтган Осиё ёзувчилари анжуманида Хуршид Даврон иккаламиз иштирок этдик. Қозоғистондан – 8 киши, Туркманистондан – 6 киши, Тожикистондан – 5 киши, Қирғизистондан – 6 киши, Россиядан – 20 га яқин ёзувчи ва шоирлар қатнашди.
Анжуман Вашингтон шаҳрининг «Омни» меҳмонхонасида ўтди. У инглиз, испан, француз, хитой, рус тилларида олиб борилди. Осиё ёзувчилари билан бир қаторда Европа ва Америка ёзувчилари, олимлари меҳмон сифатида қатнашишди. Кўпгина Нобель мукофоти совриндорлари XX асрда рўй берган фожиалар таҳлили, XXI асрда Осиё мамлакатлари адабиёти истиқболлари ҳақида гапиришди. Маърузачилар асосан, 2-3 ой аввал махсус белгилаб қўйилар экан. Рус тилида маъруза қилмоқчи бўлсангиз, унинг инглиз тилида таржимаси шарт. Марказий Осиёдан фақат 3 киши сўзга чиқди. Қозоқ адиби, «Қон ва тер» трилогиясининг муаллифи Абдужемил Нурпеисовнинг чиқиши иштирокчилар баҳсига сабаб бўлди. У турли республикаларда яшаётган адабиёт аҳлининг собиқ тузум тарқалиб кетгандан кейинги иқтисодий аҳволини таҳлил этди, адабиёт истиқболи қандай бўлиши кераклиги ҳақида атрофлича гапирди.
Мен анжуман ҳақида батафсил тўхталмайман. Шарқ адабиёти ва ғарб адабиёти ўртасидаги муштаракликлар, мумтоз анъаналар билан бир қаторда экология, дин, оила ҳақида жиддий суҳбатлар бўлди. Америка олимларининг қайд этишича, мусулмон оилаларидаги барқарорлик бошқа диндагиларга нисбатан бир неча бор юқори экан. Америкада 18 ёшга кирган йигит-қиз мустақил яшашлари учун ота-она уйидан чиқариб юборилиши анъанага айланган. Натижада ҳали турмушнинг паст-баландини билмаган ёшлар ҳар хил тоифадаги нопок одамлар таъсирига тушиб қолиши, иқтисодий қарамлик туфайли танглик ҳолатига келган ёшлар ҳаётидаги фожиалар ҳақида сўз борди.
Анжуман кунлари биз вақт топиб, Ўзбекистоннинг Америкадаги элчихонасига қўнғироқ қилдик. Элчихонамиз Вашингтон марказида жойлашган, қадимий, гўзал, беш қаватли бинода экан. Авваллари бу ер Канада элчихонасига мансуб бўлган. Бино ичида ўзбекистонлик бир гуруҳ ганчкор, ўймакор усталар ишлашаётганлигининг устидан чиқдик. Элчимиз А. Сафоев билан бирпас cуҳбат қурдик. У киши гап орасида “Вақт топсаларинг, Нью-Йоркка боринглар, эртага Илёс Маллаевнинг ўзбекча шеърий китоби тақдимномаси бўлади,” – деб қолди.
Ўша куни кечаси элчихонамизнинг маданият соҳаси мутасаддиси Исмат деган йигит “Линкольн” машинасида, ёнида 7- синфда ўқийдиган ўғли билан келиб, бизни Вашингтонни томоша қилишга таклиф этди. Биз кундузи Капитолийни, Оқ уйни, Космонавтика музейини ва шаҳар хиёбонларини томоша қилган эдик. Космонавтика музейи катта таассурот қолдирди. Унда биринчи дирижаблдан тортиб, то ойдан келтирилган қора тошгача қўйилган. Кириш бепул. У Америкадаги барча мактаб ўқувчиларининг севимли маскани ҳисобланади.
– Вашингтон кечаси бошқача, – дейди ҳамроҳимиз. – Келинглар, яхшиси, Виржинияга бориб, Пентагон биносини томоша қиламиз. У дунёдаги энг узун бино.
Биз эртаси куни “Вашингтон таймс” рўзномаси таҳририятида бўлдик. У Вашингтон шаҳри чеккасида, улкан бир бинода жойлашган. Унинг кенг, баланд залига кирганимизда, юзлаб ходимлар иш столида ишлашаётганини кўрдик. Ҳар бир ходим ёнида телефон, маълумотнома ва қомус, шахсий компьютер. Ҳар ким ўз иши билан банд. Мен айримларининг ёнига бориб, таржимон ёрдамида ўзимни қизиқтирган саволларни бердим. Бу ерда фақат бош муҳаррир ва рассом-дизайн, бош муҳаррир ўринбосарига алоҳида хона ажратилган. Рўзнома 80-90 саҳифада, инглиз тилидан ташқари, айрим мамлакатларда испан, француз тилларида ҳам чоп этиларкан. Мен икки суҳбатдошимнинг ҳам Ўзбекистонни билмаслигини эшитиб ҳайрон қолдим. Албатта, улар Россияни, собиқ СССРни билишади. Саёҳатим давомида бундай ҳолатларга бир неча бор дуч келдим. Мен ўшанда Ўзбекистон номи беш-ўн йиллардан сўнг дунёга довруқ соладиган юрт бўлишини, аммо бунинг учун ҳали кўп ер тўкишимиз зарурлигини ҳис қилдим. (Америкага кейинги гал борганимда, бу нарса амалга ошганлигини, Ватанимиз номини айтишим билан америкаликлар Самарқанд, Бухоро, Тошкентни эслашлари менга ҳузур бағишлади.)
Вашингтон дўконларини, супермаркетларини айланиб юрдик. “Сентер” деб аталган метро ёнидаги улкан бир супермаркетда узум майизини солсанг, иккинчи томонидан қанд қилиб чиқарадиган ярим метр келадиган кичик электр аппаратни, ун, сув, туз солиб қўйсангиз, турли шаклда нон пишириб берадиган, бир оилага мўлжалланган электр тандирни кўриб, ҳавасим келди. Қўли қора меҳнатдан бўшамайдиганларга жуда қўл келаркан, деб ўйладим.
Анжумандан сўнг, Хуршид Даврон Тошкентга, мен эса Нью-Йоркка борадиган бўлдик. У ерда яшайдиган танишларим сафаримдан телефон орқали хабар топгач, тезда йўқлаб келишди. Ҳайрон бўлдим. “Тўғри, Вашингтонда отеллар жуда кўп, – дейди Камол. – Мен отель маъмурига қўнғироқ қилиб, унинг манзилини факс орқали Нью-Йоркка жўнатишини сўрадим. Факсда кўрсатилган манзил бўйича тез топиб келдим.”
Биз ўша куни Вашингтон ёнидан оқадиган Потомак дарёсини, Вьетнам ва Корея урушида ҳалок бўлган америкалик аскарлар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик лавҳаларини, генерал Жефферсон ва генерал Ли ёдгорлик қадамжоларини томоша қилдик. Сўнг Вашингтоннинг сергавжум кўчаларидан бири – Эма атрофидаги бир қаҳвахонага кирдик. Бу ерда ота-бобоси қашқадарёлик, ўзи Афғонистонда туғилиб, кейинчалик Америкага бориб қолган Усмон деган йигит ишлар экан. Қаҳвахонаси икки қаватли, қирқ кишига мўлжалланган. Иккинчи қаватида ва йўлакларда Қашқадарё, Сурхондарё халқ амалий санъатига оид хуржун, ишлик, гилам, сўзана, палаклар осилган. Биринчи қаватда уч-тўрт хўранда тамадди қилиб ўтирарди. Ош, манти, чучвара, кабоб, шўрва қилишар экан. Усмон ва хотини иккаласи ишлашади. Бинони ижарага олишган, Виржинияда, Вашингтондан 20–30 чақирим нарида туришаркан. Ўзбекчани тоза гапиришади.
– Одам кам-ку, харажатларингиз қопланадими? – деб сўрадим Усмондан.
– Америкаликларнинг кўпи уйда овқатланишмайди, – дейди Усмон. – Ошхонамизда оқшомда одам кўп бўлади. Албатта, фойда қилмасак, ишлаб нима қиламиз.
Усмон билан савдо-сотиқ, обу ҳаво, нархи наво ҳақида бирпас гаплашиб, сўнг хайрлашиб, Нью-Йоркка равона бўлдик.
“Тойота” машинаси текис, ниҳоятда кўркам йўлдан елиб кетди.
Вашингтон – Парквей катта йўли, яъни 95-шимол йўлига чиқдик. Ҳар бир штатнинг маълум бир ерларида йўл ҳақи сифатида икки, уч, тўрт доллар берилди. Голланд туннелидан ўтганда, тўрт доллар тўладик. Бу туннель Ҳадсон (русча Гудзон) денгиз тагидан ўтган. Кейин Нью-Йоркнинг асосий шаҳарчаси – Манхэттенга келдик. Истривер (шарқий дарё) устидан Вильямс кўприги орқали ўтиб, Бруклин – Квинз, сўнг Лонг Айленд тезюрар йўлига чиқдик. Булар Нью-Йорк шаҳрининг туманлари. Утопия парки ёнидан ўтиб, Хэнли кўчаси бўйлаб юрдик ва ниҳоят, Эйва плэйс (калта кўча)даги уч қаватли уйга келдик. Камол шу ерда яшайди. Маҳалла номи Жамайка деб аталади. Бу жойда кўпроқ икки-уч қаватли уйлар бўлиб, асосан яҳудийлар, қора танлилар, испанлар яшашади. Камолнинг уйи яқинида 12-синфгача ўқийдиган мактаб, сал нарида Сэйнт Жонс ҳуқуқ Университети жойлашган. Танишимизнинг биринчи қаватдаги қўшниси – эру хотин ўша университетда дарс беришаркан. Асли инглиз бўлган бу қўшнилар билан салом-аликдан нари ўтишмас экан. Негаки, Америкада бемалол гап сотиб юришга вақт етмайди. Ҳамма ўз иши билан овора. Қолаверса, бу ерда ҳар ким билан муомала қилинаверилмайди. Ҳар бир кишининг ўз давраси, қизиққан клублари, танлаган йўналиши бор.
Америкада ўқитувчиларнинг маошлари билан қизиқаман.
– Биласизми, ўқитувчининг маоши катта бўлган мамлакатда тараққиёт қанча равнақ топади. Эсимда, Афғонистонда энг абгор одам – муаллим ҳисобланар эди. Чунки улар энг кам маош олишади. Америкада ўқитувчилар иш тажрибасига қараб, катта-катта маош олишади, – дейди Камол.
Нью-Йоркда шаҳар кезувчи сайёҳ учун яхши бир қулайлик бор. Бу шаҳар топонимикасида кўринади. Яъни мўлжални осон олишга йўналтирилган номлар: Шимол йўли, Жануб йўли, Шарқ, Ғарб ёки Шарқий Дарё, Шарқий қирғоқ. Кўчалар эса аниқ, рақамлар билан белгиланган.
Нью-Йоркда об-ҳаво жуда оғир, 60–70 фоиз намлик рутубат борлиги учун одам оғирроқ нафас олади, кўпроқ ухлайди. Баҳор фаслида эса ҳаво бирқадар енгилроқ. Сафаримиз апрелнинг охирига тўғри келди. Шаҳардаги ҳамма дарахтлар гуллаган, ҳаммаёқ чаманзор, ям-яшил. Бундан ташқари, рутубат кўплиги учун айрим дарахтларнинг барглари ҳар доим яшил либосда бўлади.
Эрталаб дунёнинг довруқли жойларидан бири – Метрополитен музейига бордик. Кириши бепул, лекин хайрия бериш савобталаб иш ҳисобланади.. Одамлар музейга кириш учун турнақатор бўлиб туришибди. Худда наҳор ошига келгандек. Бу ерда турган одамларнинг кўринишию либосларида музей ичидаги рангтасвир асарларида ишлатилган рангларнинг бари бор деб ўйлайсиз. Фундаментализм услубида қурилган бу маҳобатли бинога кирганимизда, бўлимлари, экспозициялари шу қадар кўп эканки, қайси бирига киришни ҳам билмай қолдик. Кимнингдир ортидан эргашиб, юрган эдик, Хитой, Миср, Юнонистон каби давлатларнинг қадимги санъат намуналари намойиш этиладиган залларига дуч келдик. Фиръавнларнинг мўмиёланган жасадлари, оссурийлар, ниқоблар, ҳайкаллар, уй ва уруш анжомлари тартиб билан намойиш этилган.
Ислом санъати бўлимига кирдик. Бу ерда туркман гиламларини, ўзбек сўзаналарини томоша қилдик. “Эрон гиламлари деб ёзилган-ку” десам, “Эрондаги Мозандаронда жуда кўп туркманлар истиқомат қилади. Шу боис туркман гиламларини Эрон ёки Форс гиламлари деб юборишган”, деб тушунтирди Камол.
Ўша куни афсуски, қўлёзма китоб санъати бўлимига кира олмадик. Бу ерда миниатюрачи рассомимиз Шомаҳмуд Муҳаммаджоновнинг нафис зийнатланган миниатюралар мураққаси бор деб эшитган эдим. У менга Метрополитен музейида миниатюра санъати бўлими ходимаси Мария Светоховская билан биргаликда икки ойдан ортиқ амалий ишлар олиб борганлигини айтган эди. Бу аёл ўрта Осиё ва Шарқ миниатюралари бўйича мутахассис, Темурийлар даври ва Камолиддин Беҳзод ҳақида кўплаб рисолалар ёзган. “Музейда бундай сир-синоат кўп”, – деганди Шомаҳмуд. Мен ўшанда аслида музейга киришдан олдин аниқ бир режа тузиш кераклигини ҳис қилдим. Ахир, танлаб кўрмасанг, ундаги экспонатларни бир ойда ҳам кўриб улгуролмайсан.
Музейда ўзим яхши кўрадиган рассом Поль Гоген суратларини кўриб қолдим. ”Мева тераётган гаитилик аёллар” деган асари ёнида суратга тушдим. Бир пайтлар бу рассом ҳақида “Санъат” журналида мақола ёзган эдим. Европа рассомларининг, хусусан, Ван Гог, Поль Сезаннларнинг энг зўр асарларини ҳам шу залда кўрдим.
Ван Гогнинг “Сарв дарахтлари”, “Арлезианка” (“Жину хоним портрети”), Поль Гогеннинг “Аве Мария” ҳамда Таити ва Гаити даврига оид туркум асарларини завқланиб томоша қилдим.
Бу рассомлар ўзларининг кўп асарларини 1912 йилда Мюнхенда бўлиб ўтган мусулмон рассомлари кўргазмасидан, хусусан, Камолиддин Беҳзод, Султон Али, Мир Саид Али кабиларнинг илиқ рангларда ишланган асарларидан ил-ҳомланиб чизишган. Музейда француз рассоми Камил Коро асарларини ҳам кўришни ният қилган эдим. Коронинг йирик ҳажмли асарларини кўриб ҳайратга тушдим. Рассом ҳақида нашр этилган альбомлар орқали у кичик ҳажмли асарлар яратган, деган янглиш тасаввурда эканман.
Метрополитен музейини тарк этар эканман, унинг бисотидан яна баҳраманд бўлиш учун қайта келишни ният қилдим. Айни пайтда ён дафтаримга ушбу маълумотларни қайд қилиб қўйдим: Музей 1870 йилда америкалик бир гуруҳ бизнесмен ва санъат ҳомийлари томонидан ташкил этилган.Ҳомийлар асосан йирик саноатчилар ва бадавлат сармоядорлар бўлишган (Масалан, Ж.П. Морган, Горас Хэвмейер ва унинг Луиза).
Музей 1872 йилда биринчи кўргазмасини очган экан. Жон Тейлор Жонсон – музейнинг биринчи президенти. Жорж Палмер Путнэм – ижрочи директори бўлган. Музейнинг ҳозирги биноси америкалик меъморлар Калверт Во ва Жейкоб Молд томонидан лойиҳалаштирилиб, 1880 йилда музейга айлантирилган.
Музей асосан учта хусусий коллекция ҳисобида шаклланган – 174 Европа рангтасвир асари, уларнинг орасида Франс Халс, Ван Дейк, Тьеполо ва Никола Пуссен асарлари ҳам бор. Музей сармоядор Жон Кенсетт вафотидан сўнг, унинг шахсий коллекциясидан олиб келинган 38 та полотно билан янада бойиди. Бу музей фақатгина XX асрга келиб, дунёга танилди. 1907 йилда музейга Огюст Ренуар асари келтирилди. Шундан буён Метрополитен ўзининг импрессионизм ва постимпрессионизм асарлари коллекцияси билан мунтазам тўлдирилиб, бойиб борди. 1979 йилда музей Вермеер қаламига мансуб 40 полотнога эга бўлди. Миср санъати тўпламлари дунёдаги барча коллекциялардан мукаммалроқ эканлигини айтсак, унинг мавқеи қандай мақомда эканлиги маълум бўлади.
Бугун икки миллиондан ортиқ санъат асарлари музейнинг доимий коллекциясидан ўрин олган. Метрополитенда турли йўналишдаги кўплаб коллекциялар бор.
Музей ҳар йили янги сотиб олинган асарлар рўйхатини ўз ичига олган “Йиллик ҳисобот” нашрини чоп этади. Мен музей фойесидан рангли суратларга бой, календарь тарзида тез-тез нашр этиладиган, бепул тарқаталадиган “Метрополитен музейи санъат бюлеттини”нинг турли нашрларидан олдим.
Нью-Йоркдаги энг яхши жойлардан бири – Марказий истироҳат боғи. У Манхэттенда, Мадисон авенюда жойлашган бўлиб, шаҳардаги энг катта яшил манзарали боғ ҳисобланади. Бу ерга келганимизда, гўзал бир табиат манзарасига бой маскан кўз ўнгимизда намоён бўлди: табиий ям-яшил тепаликларда ёш-яланглар ётиб олиб, қуёшда тобланишарди, суви лиммо-лим кўлда ранго-ранг оққушлар сузиб юрар, қаердандир қурбақаларнинг симфонияси эшитиларди, каттагина чекка қумлик сайҳонда ёши улуғроқ икки ҳабаш киши қулоғига ниманидир тиқиб олиб, рақсга тушар, уларнинг ёнларида копток, бадминтон ўйнаётганларни кўриш мумкин эди, кенг йўлакда майкачан, шортикларда чопиб юрган ёшу қарилар кўп, майдон бўйлаб кетаётган қадимий соябонли араваларда болалар, қариялар ўтириб, атрофни томоша қилишарди.
Бу ердан чиқиб, Манхэттен хиёбонидаги 14-кўчада жойлашган катта бозорга бурилдик. Бу бозор кўпинча чоршанба ва шанба кунлари бўлиб ўтаркан. Жуда кўркам ва гавжум бу бозор шаҳар ўртасида жойлашган. Расталар, дўконлар кўп, ранго-ранг. Бу ерга мамлакатнинг турли бурчагидан одамлар келишади, томоша қилишади, савдолашиб кетишади. Бу ерга машҳур кино ва спорт юлдузлари ҳам бозорлик қилгани келишаркан. Чунки, бу ерга ҳар хил штат ва шаҳарлардан энг юқори сифатли мева ҳамда сабзавотлар олиб келинади. Бундан ташқари, қўлда тайёрланган ҳунармандлик ва амалий санъат намуналари, айниқса, америкалик ҳиндуларнинг харидоргир буюмлари ва маҳсулотлари кўргазма қилиб сотилади.
Биз у ердан чиқиб, Бруклин, Харлем томонга ўтиб кетдик. ”Нью-Йоркда ҳамма маҳалла ва жойлар бир хил сариштали эмас, – дейди Камол. – Бу ерда хароба жойлар ва эски мавзелар (кварталлар) жойлашган, асосан, қоратанлилар яшашади”. Менга айтишларича, худди шу ерда кўп жиноят содир бўларкан. Айниқса, нашавандлик, ўғрилик, талончилик…
Мен америкаликларнинг қай тарзда дам олишлари билан қизиқаман.
– Дам олиш учун кўпроқ бирор бир табиат қўйнига бориш режалаштирилади. Бу ердаги ўзбеклар кўпроқ бир-бириникига меҳмонга боришни яхши кўришади, – дейди Шафиқа. – Афғонистон орқали келган туркистонликлар, Канаданинг Торонто шаҳрида ҳам яшайди. Торонто шаҳри Нью-Йоркнинг шимолий ғарбида жойлашган. У ерда танишимиз Наим ва хотини Салво яшайди. Торонто Нью-Йоркка қараганда тинчроқ, тозароқ шаҳар. Нью-Йоркдагидай гавжум эмас. Салво бир куни бизларни синглисининг тўйига чақирди. Тўй базми отелда чиройли ва замонавий, айни пайтда афғонча бўлиб ўтди. Шу ерда қизиқ бир гап эшитдик. Афғон уруши пайтида паноҳ излаб, Торонтога келиб қолган бир ўзбек кўчада қолгани учун ҳам канадалик уйли-жойли, бой аёлга уйланади. У аввалига намоз ўқишини, динини хотинидан яширади. Аёл бир куни қараса, эри оят ўқиб, намоз амалини бажараяпти. Намоз нималигини билмаган аёл “Эрим ақлдан озибди” деб полицияни чақирган экан.
– Америкада мусулмонлар ҳаётига бошқалар қандай қарайди, – деб сўрайман Шафиқадан.
– Бу ерда бировнинг бировга иши йўқ. Аммо, инглиз ёзувчиларининг китобларида негадир мусулмон ҳаёти қўрқинчли тасвирланади. Яқинда инглиз тилида “Фуаднинг ҳаёти” деган китобни ўқиган эдим. Унда араб қизи Фуаднинг аянчли ҳаёти, ўз оиласидан ажралиб, бошқа мамлакатга қандай қилиб кўчиб кетиши ва у ерда ўз бахтини топиши ҳақида ёзилган. Ироқнинг кичкина бир қишлоғида яшаган бу ёш қизнинг аянчли ҳаёти одамни сескантириб юборади, – дейди Шафиқа.
Американинг катта шаҳарларида автобуслар деярли кам, чунки ҳамма ўз машинасида юради. Биз Манхэттенда қайсидир бир метро бекатига бориш учун кичик автобусга чиқдик. Ўзингиз автоматга пул ташлаб, чипта оласиз. Бу ерда ҳеч қандай имтиёз йўқ, ҳамма чипта олиши шарт. Фақат нафақахўрларга эллик фоиз чегирма бор. Осмонўпар уйлар оралаб, метро бекатига келдик.
Нью-Йоркнинг қоқ марказидаги метро бекатига тушиб, бироз ажабланиб турдим… Мен бу ерни метро эмас, Тошкентдаги поездлар жўнаб кетадиган кўп тармоқли темир йўл вокзалига ўхшатдим. 1902 йилда қурилган бу метро ростини айтганда, кўзимга анчайин хароб кўринди. Эски вагонларнинг бирига кирдик. Вагон ичида кўпроқ йирик, гавдали, семиз негр аёлларига дуч келдик. Улар орасидан бошига сомбреро кийган бир давангир семиз негр чиқиб келди, олдимиздан хиргойи қилганича ўтиб тўхтади. Қўшиғини тугатиб, шляпасини тутиб, чой-чақага ишора қилди. Менга айтишларича, аждоди қул қилиниб, Америкага келтирилганларнинг бугунги авлоди ишлаб кун кўришдан кўра, давлат нафақасини олиб еб ётишни хуш кўришар экан. “Биз ишламаймиз, Америка учун аждодларимиз қул бўлиб ортиғидан ҳам кўп ишлаб қўйишган”, – дейишаркан. Давлат томонидан бериладиган нафақа уларнинг фақатгина еб-ичишига етади, маишат қилишга эса пул керак, шу боис, улар мана шундай усулда садақа сўраб юришади. Мабодо, унга ҳеч қандай сабабсиз пул берсангиз, улар дарғазаб бўлишади, ҳамиятига теккан ҳисобланасиз. “Биз тиланчи эмасмиз”, деб сизнинг ёқангиздан олиши турган гап.
1980 йилларда америкалик архитектор Франк Ллойд Райт, япониялик архитектор Кензо Тангиларнинг Америка шаҳарларида қурган ажойиб биноларини китобларда кўриб, улар ҳақида “Ўзбекистон санъати” журнали учун мақолалар ёзган эдим. Жаҳон архитектураси юлдузлари ҳисобланган бу меъморлар авангард изланишлари билан машҳур. Айниқса, Франк Ллойд Райтнинг Пенсильванияда 1937 йилда қурган “Фоллингуотер” деб аталган шаҳар ташқарисидаги дала уйи мени мафтун этган эди. Бу меъморнинг асосий мақсади – инсон яшайдиган уй ёки маконнинг табиат билан уйғунлигига эришишга қаратилган эди. Бу ғоя “Фоллингуотер” лойиҳасида қоялар устига қурилган уй тимсолида табиатга путур етказмаслик йўлидаги изланиш намунаси сифатида машҳур бўлди. Бу ақида Америка меъморлари ижодига қаттиқ таъсир қилди. Натижада бир қатор шу тамойилга яқин бинолар пайдо бўлди. Масалан, Скидмор, Оуингс ва Меррил “Чейс-Манҳэттен” банк биноси, Людвиг Мис ван дер Роэ “Сигром” биноси ва ҳоказо.
Хуллас, набобот оламидан нусха олган улуғ меъмор Райтнинг ажойиб бинолари, уларнинг шаклу шамойиллари мени ниҳоятда қизиқтирганди. Америкада қад кўтарган бундай бинолар болалигимда ўқиган ҳиндулар ҳақидаги эртакларни эслатган эди. Бундай олганда, ана шу каби янги маълумотлар туфайли Америка ҳақидаги кўнгилни ғаш қилувчи таассуротларга дарз кетган эди. Негаки, унгача ҳамиша кишида фақат ғашлик уйғотувчи асарларни ўқиган эдим. Хусусан, Максим Горькийнинг “Сариқ иблис шаҳри”, Владимир Маяковскийнинг “Мен кашф этган Америка?” очерклари ёки Марк Твеннинг “Геклберри Финнинг бошидан кечирганлари”, Бичер Стоунинг “Том тоғанинг кулбаси” каби романлари. Уларни барча қатори мактабда юрган кезларимда ўқиганман. Дунё қизиқ-да, “Том тоғанинг кулбаси” романи муаллифининг аёл киши эканлигини университетда билганман. Талабалик пайтимда, Американинг энг машҳур ёзувчилари – Эрнест Хемингуэй, Жон Стейнбек, Эмилия Эдисон, Томас Вульф, Жек Лондонларнинг асарлари менда Америка халқига нисбатан катта ҳурмат ва эҳтиром уйғотган бўлса-да, тузумга нисбатан қандайдир нафрат шаклланган эди. Бу орада Азиз Абдураззоқ таржимасида Лонгфеллонинг “Гаявата ҳақида қўшиқ” достонини, Уольт Уитменнинг шеърий тўпламларини ўқиган эдим. Жером Селинжер ва О’ Генрининг ҳикоялар тўплами ҳам жуда катта таассурот уйғотган эди.
Жек Лондоннинг “Мартин Иден” романи, “Ҳаётга муҳаббат”, “Киш ҳақида қисса”ларини ўзбек тилида мактабда қайта-қайта ўқиганмиз. Ўша кезларда америкалик коммунист ёзувчи Жон Риднинг Октябрь тўнтаришини мадҳ этиб ёзган “Дунёни титратган ўн кун” асари оммалашган эди… Ёзувчи 1920 йилда тиф билан оғриб вафот этган, Москвада Кремл деворига дафн этилган. Университетда ўқиган йилларимизда америкалик Анжела Дэвис деган коммунист аёлнинг номи машҳур эди.
Хуллас, мактабдан буён Америка адабиётининг мухлисига айланган эдим. Очиғи, битта мамлакатдан бир қанча Нобель мукофоти совриндорлари: Синклер Льюис, Юджин О’Нил, Пёрл Бак, Уильям Фолкнер, Эрнест Хемингуэй, Жон Стейнбеклар чиққанлиги мени ҳайратга солган. Тўғри, уларнинг ижоди менга бирдай ёққан эмас. Шунга қарамай, Америка адабиётига оид қўлимга нимаики тушса, ўқишдан чарчамасдим. Гарчи фантастикага қизиқмасам-да, Айзек Азимов (фамилияси ўзбекча оҳангга мослиги мен учун янада қизиқ эди), Рэй Брэдбери асарлари маъқул бўлган эди. Детективларга тобим бўлмаса-да, Стивен Кингнинг “Жағлар” романи ўзига ром этган эди.
Сўнгги йилларда эса мени ҳиндулар деб аталмиш эл тарихи қизиқтириб қўйди. Қайси бир йили “Жаҳон адабиёти” журналида татар олими Каримуллиннинг асарини ўқиб қолдим1 . Унда ҳиндуларнинг тили туркий тил билан таққосланганди. Бундан келиб чиққан муаллиф хулосаси қизиқишни янада орттирди. Уларнинг тили, антропологик хусусиятлари туркий қабилаларга ўхшашлиги мени ҳайратга солди. Туркий халқлар эртакларида борса- келмасга бориладиган йўл тез-тез тилга олинади. Балки, бу сўз Сибирь томонлардан қачонлардир Америка қитъасига ўтиб кетган туркий уруғлар йўлига ишорадир? Ҳозирги ҳиндулар эса ўша, борса-келмасга жўнаб кетганларнинг авлодлари бўлса, не ажаб?!
1970 йилларда рассом Саъдулла Абдуллаев менга Эрнест Сетон Томпсоннинг жониворлар ҳақидаги мароқли китобини совға қилган эди. Кейинчалик бу ёзувчининг асарларини Гавҳар Норматова таржима қилди. Кейинчалик бу муаллифни Тоғай Мурод ҳам таржима қилиб, китоб ҳолида чиқарди. Ўша китобни ўқиганимда, Америка ҳиндуларига, табиатига, ҳайвонот дунёсига катта қизиқиш уйғотган эди. Мирёқуб Қобилов деган дўстимиз бу китобни ўқиб, ҳиндулар каби чодир тикиб, бизни унга таклиф этган эди. Ҳиндуларга тили жиҳатидан яқин яна бир қабила – эскимослар ҳам мени қизиқтирган эди.
Мустақилликдан сўнг, Ўзбекистон–Америка маданий алоқалари йўлга қўйилди. Бадиий Академияда ўзбек – америка рассомлари ҳамкорлигида бадиий лойиҳа амалга оширилди. Аввал Ўзбекистонда, сўнг Америкада. Рассом Алишер Алиқулов менга шуларни ҳикоя қилган эди: “Биз беш ўзбек рассоми тўрт америкалик рассомни Ўзбекистонга таклиф этдик. Тошкентда Акмал Нур устахонасида биргаликда бир матода асар яратдик. Бу асар 1-Тошкент Биенналеси кўргазмасида намойиш этилди. Меҳмонлар турли хонадонларда яшашди, ўзбек оилалари билан танишишди, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини томоша қилишди. Шундан сўнг худди шу гуруҳ тажриба алмашиш учун Америкага борди. Вашингтондаги Университетнинг графика факультетида бўлдик, устахонасида шу жанр бўйича янги усул ва методикада асарлар ижод қилдик. Уларни институтнинг дастгоҳлик бўйича махсус машинасида бир неча нусхада чоп этдик. Офорт, ксилография, гравюра ишлашнинг янгича усуллари билан танишдик. Кейин бизга ҳомийлик қилган Жаҳон банкининг галереясида тўрт ўзбек рассоми кўргазмаси очилди. Вашингтонда йилнинг ҳар ойида, қайси бир кунида барча шахсий ва бошқа галереялар келишган ҳолда кўргазма очишаркан”.
Замонавий санъат марказида америкалик собиқ НАТО генерали Робертсон фотокўргазмаси бўлди. Тошкент Фотосуратлар уйида Американинг Калла институти томонидан тайёрланган замонавий америкалик график рассомларнинг кўргазмаси бўлиб ўтди. Хуллас, бундай ўзаро алоқалар анча кучайиб бормоқда. Ўзбек рассомларидан Америкага бориб, истиқомат қилаётганлар ҳам бор. Туркиядан Америкага кўчиб борган ўзбек рассоми Салима Укийан билан Тошкентда танишган эдим. Уни Рўзи Чориев устахонасига фотожурналист Рустам Шагаев эргаштириб келган эди. Суҳбатимиз рангтасвир ҳақида бўлди. Салима китоб графикаси рассоми экан. Китобларга суратлар ишлайди. Америкада бу соҳада катта ном чиқармаган рассомнинг тирикчилиги қийин, деди у. Аммо бу соҳада чет элда яхши маълумот, таълим олиш учун кўп маблағ кераклигини таъкидлади. Шунда мен Ўзбекистонда қардош миллат вакиллари нима учун жон-жаҳди билан малакали таълим олиб, кейин хорижга кетишларини англагандай бўлдим. Ахир, бизда махсус тасвирий санъат мактаблари бепул, лицей, коллеж, институтларда истеъдоди бўлса бепул ёки хориждан анча арзон нархда таълим олиши мумкин-да.
Ўзбекистондан Америкага бориб қолганлар орасида Нью Йоркда кандакор- мисгар Омон Азизов, график рассом Гулбаҳор Ҳошимова, Хуршида Камол, ҳайкалтарош Жавлон Ёрмуҳамедов, Чикагода Фаррух Расулов ва бошқалар бор. Уларнинг ижоди қай тарзда эканлигини билмоқ ниятида айрим танишлардан суриштирдим, аммо, аниқ жавоб ололмадим.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 12-сон.