Инжунинг отаси уйга худди бир хум тилла топиб олган кишидек кўтаринки кайфиятда кириб келди:
– Мана буни олиб қўй, хотин! Бирор тайин ерга қўйиб қўй. «Қарзинг мингдан ошдими, ҳар кун товуқ е!» дейишган қадимгилар, – деди.
Аёл лотерея чиптасига ҳайрат билан қаради. Сўнгра:
– Бу нима, хўжайин? – дея сўради.
– Лотерея… Кассанинг олдидан ўтиб кетаётгандим. Шунда ич-ичимдан бир ҳис ўша ёққа торта бошлади. Таққа тўхтадим. Шайтоннинг гапига кириб, юз йигирма беш лиранинг бошига етдим…
– Модомики, ичингизда шу хоҳиш уйғонган экан, у ҳолда яхши қилибсиз!
Инжу онасининг қўлидан чиптани олиб, унга узоқ вақт тикилиб турди. Кейин уни отасининг қалин жилдли китобларидан бирининг орасига солиб қўйди.
Овқатланишаётганда хотин эрига:
– Жудаям мулоҳазали одамсиз-да! – деди.
– Ҳеч бўлмаганда беш минг ютса, деб ўйлаяпман…
– Яна қандай беш минг?
– Лотерея олдим-ку!
– Эҳ-ҳ, хўжайинжон, у кунлар қаёқда дейсиз?
– Биласанми, агар беш минг ютиб олсам, дарров ишдан бўшаб, қарзларимни тўлаб…
– Хў-ўш?
– Истанбул бўйлаб саёҳат қиламан!
– Бўлмайди! Ишдан фақатгина ўн беш кунга рухсат оласиз! Бирга саёҳатга чиқамиз. Бир ўзингиз кетадиган бўлсангиз, яхши-ёмон кўп, яна бир ишкални бошлаб юрманг, тағин!
– Мени ўз ҳолимга қўй! Қўлимга беш минг лира тушиб турибди! Бундай имконият бошқа келадими-йўқми!
– Шошманг, аввал менинг гапларимни яхшилаб тингланг! Сизнинг қўлингизга шунча пул тушадиган бўлса, чирт-пирт қилиб, бир пасда йўқ қиласиз! Ўша беш мингнинг остидан кириб, устидан…
– Шундай дейишга қандай тилинг борди? Худди мен бир неча марта беш мингларнинг остидан кириб, устидан чиққандек!..
– Чиқмаган бўлсангиз, энди чиқасиз! Энг яхшиси, тўрт мингини банкка қўямиз. Қолган минг лиранинг беш юзи билан уст-бошимизни янгилаймиз. Масалан, менинг ич кийимларим ниҳоятда эскириб кетган!
– Меники-чи?
– Меники сизникидан кўра баттарроқ! Ярим тўп сурп оламиз. На кўрпаларнинг жилди қолди на кўрпачаларнинг, нада тўшакларда чойшаб… Ёстиқларнинг жилдини-ку, гапирмасам ҳам бўлади — устма-уст ямалайвериб, қўлга илинадиган яроқли жойининг ўзи қолмаган! Ички кийимларимиз бўлса жулдур бўлиб кетган… Ҳеч бўлмаса, битта-биттадан ич кийим. Кейин оёқ кийим… Битта менга, битта Инжуга…
– Менгаям ҳеч бўлмаса, учта ички кийим. Учта кўйлак, битта туфли, олтита пайпоқ, яхшисидан, яна бир дона кулранг либос…
– Менга битта пальто, албатта…
– Яхшиси, банкка уч мингини қўямиз… Минг лира билан уст-бошимизни бутлаб оламиз, яна минг лира қўлимизда тура-турсин!
– Йўқ, қўлимизда бир ярим минг лира олиб қолсак етади! Уч минг беш юзини банкка қўямиз…
– Шундай қилсак ҳам бўлади. Мен нимани ўйлаётганимни биласанми? Кема билан аввал Измирга борамиз. Измирни айлани-и-иб… сўнгра Истанбулга!..
– Сарф-харажат кўпаяди, хўжайин!.. Яхшиси, Измирни айланишдан воз кечайлик-да…
– Нега энди воз кечар эканмиз, жоним? Биз ҳам одаммиз ёки нотўғрими?..
– Одамликка одаммиз, албатта… Аммо харажат кўпаяди-да…
– Кўпаяверсин!
– Бу нима деганингиз? Пулни сарфлаш осон, аммо топиш…
– Бўпти, сен айтганча бўла қолсин, Измирга бормаймиз. Тўғри Истанбулга…
– Ўшанда лабларимни ўзим хоҳлагандек бўяшимга рухсат берасиз-а?
– Билинтирмасдан, жудаям тўқ рангда бўямаслик шарти билан!
– Битта донасини беш лирага беради, шундай бўёқ бор, жуда чиройли помада. Ана ўшандан иккита оламан…
Овқат тамом бўлди, дастурхон йиғиштирилди. Инжунинг отаси қаҳвасини ичаркан, ҳамон ўй сурарди. Бир пайт:
– Яхшиси, сен айтганингдек, аввал мен ўзим кетсам, – деди.
– Албатта, шундай қилганингиз маъқул. Бориб, биз учун жой оласиз, ўн беш кунга…
– Нимани ўйлаётганимни биласанми? Сиркачида кичик бир дўкон очсам… Ҳам кунимиз ўтиб турарди…
– Сиз сотувчилик қилолмайсиз! Беҳудага бундай ишларга вақт билан пул сарфлаб юрманг! Энди қирқ йил деганда қўлимизга бир бор пул тушганда…
– Сен нега бир иш қилмоқчи бўлсам, доим шундай қаршилик қиласан?! Қилолмайсиз, нима деганинг? Нега энди мен дўконни юргизолмас эканман? Сенингча, мен одаммасманми? Тавба, бу хотин ўйламай оғзига келганини гапираверади-я!..
– Одамсиз, хўжайин, одамсиз, аммо бошқалар тухумдан чиққанидан бошлаб сотувчилик қилишади. Сиз-чи?..
– Ёки менинг ақлим уларникидан пастми? Бошқалардан бирор кам жойим борми, сенингча?
– Тижорат қилиш учун фақат ақлнинг ўзи етмайди-ку, нега тушунмайсиз?..
Инжу аллақачон ухлаб қолганди. Эри устма-уст сигарет тутатди. Сўнгра кўйлагини ечиб, тўшагига чалқанчасига узанди-да, яна битта сигарет ёқди.
Хотини ҳам узанган, аммо оғзидаги сақичини ҳамон чайнарди. У ётган кўйи хаёлида бир эмас, иккита пальто олиш режасини тузарди. Иккита олдирса, алиштириб кийишга яхши бўлади, шунингдек, дарров эскириб қолмайди… Ёки битта пальто билан битта қалин юбка олдирсамикин?.. Ана шунда ҳозир кийиб юрган қаҳварангли пальтосини кундалик юришларга киярди. Шундай қилгани тузук.
Шу пайт эри:
– Ёки қаҳвахона… – деди. – Кичик бир қаҳвахона очсам…
Хотини:
– Менга қолса, пальтони битта эмас, иккита олганимиз яхши. Айтиб бўлмайди… Яна битта қўлга тақиладиган соат… Ёки бўлмаса, қалин тилла билагузук… Қачон пулга зориқиб қолсак, сотамиз, пул бўлади…
– Менга қолса, қаҳвахона ресторандан кўра яхшироқ… Гапим тўғрими?
– Бўлмаса, пальто битта бўла қолсин. Иккинчисининг ўрнига қалин юбка тиктираман…
– Юбка-субкангни бир пас йиғиштириб турсанг-чи! Қаҳвахона ресторандан кўра яхшироқ эмасми?..
– Менинг юрагим гупуриб, ҳаяжонланиб кетяпман, хўжайин!.. Аввал сиз мени эшитинг, қирқ йил деганда қўлимизга бир пул тушадиган…
– Жоним, нега энди сени тинглашим керак экан? Уловимнинг ғилдираги остига ўзидан катта тош қўйяпсан! Турмуш қурганимизга ўн йил бўлди, ўн йилдан бери доим шу аҳвол! Мен бир нарса айтадиган бўлсам, сен ҳамиша тескарисини айтиб турасан!..
– Ўзингиз-чи? Лабимни бўяйман десам, аралашасиз! Пайпоқсиз кўчага чиқишимга рухсат бермайсиз! Сочларимни жингалак қилдирмоқчи бўлсам, бўлмайди, дейсиз!..
– Демак, барча айб менда, шундайми? Сен осмондан замбил билан тушгансан!..
Узоқ жимликдан сўнгра аёл:
– Пул банкка кимнинг номига қўйилади?! – дея зарда аралаш сўради. Эр навбатдаги сигаретни ёқаркан:
– Менинг! – деди.
– Нега?
– Чунки чипта меники!..
– Бундан чиқди, у чиптада менинг ҳаққим йўқ, шундайми? Бу уйда мен кимман ўзи?!
– Уйнинг раиси менман!
– Мен эшак калла эмасман, билдингизми! Ҳаммангизнинг оғирингиз менинг елкамда. Ош-овқатни мен тайёрласам, кир-чирни мен, тикиш-илишни мен, бозор-ўчаргаям мен!.. Шундай бўлсаям… Гап тамом — пул банкка менинг номимга қўйилади!
– Бу қандай муомала?!
Хотин ётган еридан туриб, тўшакка важоҳат билан ҳурпайганча ўтириб олди:
– Агар банкка қўйиладиган пуллар менинг номимга қўйилмаса, мен бу уйда бир дақиқаям яшамайман! Мен хотин бўлиб, шу кунгача нима кўрдим? Ўн йилдирки, шу рўзғорингни деб жоним чиқаёзди! Ҳисоб-китоб, ҳисоб-китоб… Эркак бўлиб, мен учун нима қилиб бериб қўйибсан? На кинога олиб тушасан, на театрга… Қўлимизга келадигани бор-йўғи уч қуруш, қандай қилиб икки учини бир ерга тўпласам экан, дея миямнинг томирлари зирқирайди! Бу қандай ҳаёт ўзи?
Эр:
– Менимча, қаҳвахона эмас, ресторан яхши! Ҳам еб-ичишимиз, кунимиз ўтади, ҳам сармоямиз устига фойда қўшилади…
Хотин жаҳл билан кўрпани ўз устига тортаркан:
– Менинг бошқа нарса билан ишим йўқ; банкдаги пул менинг номимга қўйилади! – деди. Уйқуси қочди. Эрига орқа ўгириб олди. Хаёлида бўлса, пальто, юбка, пардоз-андоз учун бўёқ, қўл соати, олтин билагузук, чиройли оёқ кийимлар… Ҳаммаси яхши, аммо пальто билан юбкасининг ранглари қандай бўлади? Кулранг бўлса, жудаям расмий ранг, ҳамда тезда доғни билдиради. Оч жигарранг бўлгани яхши…
Эр сигаретининг чўғини ёнидаги идишга эзиб, чироқни пуфлаб ўчиргач, хотини томонга бурилиб, уни туртиб:
– Энг яхшиси, ҳаммамиз бирга кетганимиз! Ишдан бўшайман, нима бўлса-бўлар!.. – деди.
– Пул кимнинг номига қўйилади?
– Сенинг, бўлдими, сенинг номингга! Энди қутиламанми?..
– Пальтони майли иккитамас, битта оламан. Иккинчисининг ўрнига юбка… Бири кулранг, иккинчиси жигарранг…
Эр кўрпани бошига тортди. Хотин кўрпанинг учидан қоронғуликка боққанча ҳамон ўй сурарди…
* * *
Бу ёқда бўлса, лотерея чиптасини ўйлаб топиб, сотувга чиқарганлар қандай қилиб бўлмасин, ўз мол-мулкларининг ҳисобини кўпайтириш режасини ўйлаш билан овора эдилар…
Туркчадан Гулбаҳор Абдуллоҳ қизи таржимаси