Печенье, шоколод, мармелад, зайтун ёғи ва совун ишлаб чиқарувчи цехлар билан ёнма-ён жойлашган кичик таъмирхоналардан бирида ишлаб, нонини кичик дастгоҳ ортидан топиб ейдиган бир дўстимни кўриш учун боргандим. Тополмадим. Энди қайтаётган эдим, эшик ёнида турган каттагина ёғоч сандиқнинг ичида бир болани кўриб қолдим. У пишлоқли нон билан памидор еб ўтирарди. Сап-сариқ сочлари кир бўлиб кетган эди. Машина ёғи тегиб қорайган юзи, ич-ичи чақнаб турувчи ям-яшил кўзлари фавқулодда мени ўзига тортди…
– Матбуотчи амакини излаётганмидингиз?
– Ҳа.
– Салгина олдин қоғоз қирқтиришга кетди. Ҳозир келиб қолади. – Сўнгра ёнидаги бир бўш тахта сандиқни тўнкариб, таклиф қилди: – Марҳамат, ўтиринг!
У шундай ёқимли қараб турардики, кўрсатган жойига эътирозсиз бориб ўтирдим. Қўлидаги нонидан бўлиб, менга узатди. Оч эмаслигимни билдирдим.
– Қўлларим кир бўлгани учун егингиз келмаяптими? – деди.
– Йўқ-йўқ, нега?..
– Бизнинг ишимизда тоза юришнинг иложи йўқ-да…
Унинг таъмирхоналардан бирида шогирд эканини тусмоллаб сўрадим:
– Нима иш қиласан?
– Токарлик дастгоҳини бошқараман.
– А, ни-ма?!
У менинг саволимдан қотиб-қотиб кулди:
– Ҳамма ҳайрон бўлади. Ҳолбуки, мана шу сентябрда ўн иккига тўламан.
– Токарлик дастгоҳларига оид ҳамма ишни бажара оласанми?
– Бунинг нимаси қийин экан? Илгари отамнинг шахсий устахонаси бор эди. Эрталаб мактабга борардим. Тушдан сўнг устахонага.
– Нечанчи синфгача ўқидинг?
– Бошланғич мактабнинг тўртинчи синфигача.
– Кейин-чи?
– Кейин онам ўлди. Икки укам билан ёлғиз қолдик. Отам ёмон бир аёлнинг ортидан кетди…
– Мактабни ташладинг, шундайми?… Мактабга боришни яхши кўрармидинг?
У хўрсинди:
– Жудаям!..
– Ким бўлишни истардинг?
– Капитан. Улкан денгизларда, тўлқинли, қўрқинчли денгизларда кезишни!.. Оврўпага, Америкага боришни. …Кейин Нью-Йоркдаги Озодлик ҳайкалини кўришни. Унинг бўйи неча метр? Жуда баландми?
– Билмадим.
– Сиз Робинзон Крузони ўқиганмисиз?
– Ўқиганман.
– Номсиз оролда қандай қилиб яшаган экан… Тўғрими? Шундай бўлишиям мумкинми?
– Бўлмаса янаям яхшироқ эмасми?
– Яхши… Ёки ёзувчи шундай ўйлаганмикин? Лекин яхши ўйлаган. Нима бўлгандаям, Робинзонга тасанно! Номсиз оролда қўлини қовуштириб ўтирмасдан, дарҳол ишга киришган! Тирик қолишнинг ўзи маърифат эмасми? Яшаш!
Машина ёғлари теккан кир дастрўмолини чиқараркан, кўзларим жомакорининг кенг чўнтаги ичидаги шиша коптокчаларга тушди. У ҳам буни сезиб турарди. Уларни чиқарди, ҳовучларида шақирлатиб:
– Нима қилайлик, – деди. – Иш, иш, иш… Одам сиқилиб кетади. Танаффус пайтлари Оташ Али билан тош ўйнаймиз.
– Оташ Али ким?
– Пастки қаватдаги печенье чиқарувчи цехда ишлайди. Бизнинг маҳалладан. Ҳар куни эрталаб ишга у билан бирга келамиз. Менинг онам йўқ, унинг эса отаси. Футбол ўйинларига, киноларга бирга борамиз.
– Кинони кўпроқ яхши кўрасанми ёки футболни?
– Энг кўп футболни ёқтираман. Аммо кутган нарсамизга эришолмаймиз.
– Нега?
– Рақамли трубина бизларга мос эмас. Унга ўтирсак, бўйимиз кичик бўлгани учун ўйинни томоша қилолмаймиз. Стадион қуришаётганда болаларни ҳисобга олишмаган!
– Шунинг учун сиз нима қиласиз?
– Биз кинога борамиз. Али билан яна кўпчилик болалар. Албатта бозор кунлари. Отам уйда бўлса, эрталабдан қочаман. Тўппа-тўғри Шаҳзодабошига.
– Бўлмаса-чи?
– Бўлмаса қочиб бўлмайди. Сув иситиш, ювиниш, укаларимни ювинтириш вазифаси менга тушади.
– Токарлигингнинг орқасидан қанча пул топасан?
– Ҳафтасига ўн лирадан.
– Етадими?
– Шундай қимматчиликда шу пул етармиди? Бошқа устахоналарда йигирма беш лира беришади, аммо кетолмайман.
– Нега?
– Уста отамнинг дўсти…
– Тағин бу ерда бир найрангбозлик бўлмасин?
– Бу фикр ўзимнинг ҳам ақлимга келган, аммо нима бўлганидаям, барибир, ота! Ёмон хаёлларга боришни истамайман.
Наридан-беридан у билан узоқ гаплашдик. Бу орада ҳар кун саҳар соат бешда соат қўнғироғининг овози билан уйғонишини, газ плитасига чойнакни қўйишини, идиш-товоқларни ювишини, бозорга тушиб нон, пишлоқ олишини, олтиларда укаларининг қорнини тўйдириб, роппа-роса олти яримда ишчи гуруҳлари орасида тенгма-тенг кемага миниб, еттида Кўприкка келишини, еттидан чоракта ўтганда устахонада иш бошлашини ўргандим.
– Яхши. Аммо бунинг охири нима бўлади?
– Қайсининг, амаки?
– Масалан, бир имкон туғилиб қолса, яна мактабга қайтиб билим эгаллаб, капитан бўлишни истармидинг?
Аввалига кўзлари қувончдан чарақлаб кетди. Сўнгра эса сўниб, бир нуқтага қадалиб қолди.
– Нега жимсан? Хоҳлармидинг?
– Хоҳлардим, аммо…
– Аммо?
– Укаларим… Отамга ишониб бўлмайди-ку… Яна битта ёмон хотинга илакишиб кетса…
Ичимда бир томир симиллаб оғриди.
– …Менга насиб қилмади. Укам ўқийди. Наригиси ҳали анча кичик. Улғайгач, униям мактабга бераман. Ўша пайтда бир ҳафтада ҳеч бўлмаганда эллик лира топадиган бўламан…
Сўнгра бирдан сўраб қолди:
– Амаки!
– Нима?
– Менинг бўйим энди шундай кичиклигича қоладими?
– Нега? Ўсмайдими?
– Онам ўлмасидан аввал деворга қора қалам билан чизгандим. Доим ўлчаб тураман. Ҳалиям ўша-ўша. Йўқса, энди шундайлигимча қоламанми?..
Дудоқларимдан тўкилажак жавобни қаттиқ ҳаяжон билан интиқиб кутиб турарди. Шунда машина шақиллашлари эшитилиб турган иссиқ йўлакнинг кир босган ёруғлиги бўйлаб улкан жуссали бири кўринди:
– Айхан! – унинг ҳам уст-боши, юз-қўллари кир-чир эди.
Бола сандиқ ичидан сакраб турди.
– Ҳалиям қорнингни тўйдирмадингми?
– Тўйдирдим.
– Тўйдирган бўлсанг, боргин-да, ишингни давом эттир!
– Хўп бўлади, уста!..
Мени ҳатто унутиб қўйганди. Тор йўлакнинг хира ёруғи бўйлаб югурганча узоқлашди. Йўлак охиридаги устахонадан ичкарилади. Ортидан бордим. Устахона деразасининг тирқишидан ҳаяжонланган кўйи кузатиб турдим: бўйи етмагани учун тўнкариб қўйилган бир тахта сандиқнинг устида турганча дастгоҳни бошқарарди. Машина бўлса болакайнинг амрига биноан ювош ҳайвондек итоатгўйлик билан ерга бурама-бурама, ялтироқ-ялтироқ темир қириндиларни тўкарди…
Туркчадан Гулбаҳор Абдуллоҳ қизи таржимаси