Ўғуз Атай. Отамга мактуб (ҳикоя)

Азиз отажоним!
Эҳтимол эсламассиз, аммо бугун бу дунёни тарк этганингизга роппа-роса икки йил бўлди. Минг афсуски, бу вақт мобайнида мен зарра қадар ўзгармадим. На яхши одам бўлдим, на ақлим кириб қолди. Ўтган вақтдан фойдаланишни ҳам эплай олмадим. Ҳолбуки, авваллари менинг қўлимдан кўп нарса келишига ишонардингиз. Энди эса айб ўзимда эканлигини тан олишга мажбурман.
Сизга баъзи нарсаларни айтолмагандим. Бир-икки йил яна яшаганингизда ёки бу дунёга (бир неча кунга бўлса ҳам) қайтиб келганингизда эди, ҳаммаси бошқача бўлармиди?
Чорасизлик туфайли кўп нарсаларнинг маъноси йўқолиб бормоқда. Ўзингиз бўлмаганингиздан кейин сизга ёзилган мактуб нима ишга ярарди? Фақат мен ҳам бир ишнинг бошини тутдим, отажон. Ён-веримдагиларга сиз ҳақингизда гапириб берсам, “Қандай яхши” дейишади, “Бу нарсалардан бирон жойда фойдаланишинг керак” дея тавсия қилишади. Шу сабаб сиздан узр сўрайман, отажон. Сиздан “бирон жойда” масалан, мактубда фойдаланишга мажбурман. Ўтиб кетган вақт фақат шу тарзда қиймат қозонаркан. Одамзоднинг ўтмиши шу шаклда маъно касб этаркан. Мен сиз билан боғлиқ хотираларимни гапириб бераётганимда аслида сизнинг қандай инсон эканлигингизни билдирмасликка ҳаракат қиламан. Гўё шундай қилсам, менгагина аён бўлган феълларингизни ҳаммадан асраган бўламан. Кейин сизни тушунмаганлиги учун улардан хафа бўлиб ҳам қўяман. Мендан жаҳлингиз чиқса, “сен ойнада кўрадиган нарсани мен дуволда кўраман” дердингиз. Онам билан бирга “дуволда” дейишингизга кулардик. Мен ҳам энди ёшларга қараб (мендан ёшлар ҳам бор энди, ота) шу гапни айтсам кулишади. Бу гапни айтаётганда асл мақсадим нима эканлигини билишмайди, албатта. Отасининг устидан куляпти ёки катталарни масхаралаяпти, деб ўйлашади. Ҳарҳолда мен очиқ ойдин тушунтиролмаяпман шекилли, нима демоқчи эканлигимни. Табассумни, ичимдаги севгини, демакки, англатаолмаяпман.
Ҳозирги ёшлар бутунлай бошқача, ота. Ҳар бир сўздан бир маъно чиқаришади. Мана шу нарса менинг ғашимни келтиради. Мақсадимни унутиб, сизни уларнинг ҳам яхши кўришини истай бошлайман.
Аслида бу ҳаракатларимнинг маънисизлигини сезиб тураман. Юртнинг энг бадавлат одамлари сизнинг палтонгизни тутиб турганда ёки “Лутфан, Жамил Бей, марҳамат қилинг” дея шахсан палтонгизни кийгазиб қўйишга муштоқ бўлиб турганда ўзларини сиздай ҳис қилолмагандан кейин, сизни ёқтиришларининг қандай маъноси бўлиши мумкин?
Буларнинг бари ўзингизга маълум гаплар, ота. Сизга бироз билмаган нарсаларингиздан гапирай. Масалан, жаноза маросими қандай бўлди? Кимлар келди? Жаноза номози қандай қилинди? Умуман олганда, камчилик бўлмади, отажон. Мен йиғладим. Мактабда у пайтлар эътиборим бўлгани учун бир автобус бўлиб ўқитувчилар келишди, гулчамбар ҳам олиб келишди. Умрингиз бино бўлиб кўрмаган баъзи одамлар қўлларини қовуштириб, бошларини эгиб ўлимнинг тушунарсиз ҳақиқатини идрок этаётгандек бир муддат сукут сақлашди, қабрингиз бошида. Тобут лаҳадга қўйилгандан кейин устига катта бетон блокларни қўйишди. (Бу одатни сира ёқтирмайман, ота. Ошиб бўлмайдиган тўсиқларни асло ёқтирмайман.) Сизни, онам ётган қабристонга қўя олмадик. Баъзи қариндошлар шуни маъқул кўришди. Гўё инсонлар ўлиб кетгандан кейин ҳам уларнинг орасидаги тушунмовчиликлар давом этадигандек… Менинг хафалигимдан фойдаланиб сизни қабристонда ҳам онамдан ажратган яқиним аслида у дунёга умуман ишонмайди. Ҳолбуки менга, “Онанг шундай бўлишини хоҳлаганди” дейишди. Сиз бу одамни ёқтирмасдингиз. Лекин унга ўзингизни яқин кўрсатардингиз. Шу сабабдан унинг ҳеч қандай ҳаққи бўлмаса ҳам сизга “отахон” дерди. Энди мен қариндош бўлмаганларнинг бир-бирларига “отахон, онагинам…” дейишларига бутунлай қаршиман. Энди ҳақиқий қариндошим қолмагани учун бутун бу сохтагарчиликларга қаршиман. Ҳамма бир-бирига исмини айтиб мурожаат қилсин. Мантиқни ёқтирадиган бир инсон сифатида сизнинг ҳам бу фикримга қарши чиқмаслигингизни биламан. Сиз ўлгандан кейин борган сари сўфинамо бўлиб қоляпман, отажон. Масалан, “Оллоҳ ҳеч кимни эрта ота-онасиз қолдирмасин” ва ҳоказо, деб дуо қиляпман. Сиз ҳақингизда гапирганда, кўпинча, “мунаввар бир зот” деб ғурурланганим учун ёки ўзимни шундай деб ўйлаганим учун бу жумлага ҳам “ва ҳоказо”ни илиб қўйишни унутмадим. Ичимизда “маърифат” жиҳатидан (зоҳиран) бир фарқ борлиги аниқ. Сиз бундай нарсаларини тасаввур қилолмайдиган даражада соф ва содда эдингиз. Яъни мендай “зид кучларнинг ҳосиласи” бўлмаганингиз учун эҳтимол бу ёзганларимни қабул қилишингиз ҳам қийин бўлар. Аслида бутун зиддият ичимда. Бу мактубни ёзиш истаги ҳам руҳиятмнинг ўзига хос бир исёни. Бу исён ҳам сизнинг вафотингиз билан боғлиқ. Ичимда кун сайин шиддатланиб, кучайиб борган “Жамилбейни яшатиш истаги” билан боғлиқ. Ичимда мендан айри бир Жамилбейнинг мавжудлигига сиз “тазйиди шахсият”[1]ми ёки “тақсими шахсият”[2]ми дейсиз, билолмайман.
Ўхшаш томонларимизнинг борлиги аниқ. Сиз уст-бошингизга унча аҳамият бермасдингиз. Мен эса на кийим-кечагимга, на машинамга аҳамият бераман. Ҳаётимизнинг каттагина қисми ўтган бу шаҳар кўчаларида икковимиз ҳам пала-партиш кезиб юрдик. (Онам бу гапларимни эшитмасин.) Баъзан машинамни бир тор кўчага қўйиб кичик ва қоронғи майхонага кираман. Сизнинг тилингиз билан айтганда бир нави “тадрижи интиҳор”[3]. Шу билан бирга у-бу нарсаларни қоралаганим учун (шу мактубга ўхшаш) ошна-оғайнилар орасида (ичкилик ва паришонхотирлик каби барча беъманиликларимга қарамай) катта эътиборим борлигини айта оламан. Ҳаётда бўлганингизда эди, мен ёзган нарсалардан битта жумлани ҳам тушунмаганингиз ҳолда барибир мен билан ғурурланиб юрардингиз. Менимча, ота, биз бир-биримизни доим мана шундай тушунмасдан севдик. Ёзганларим аслида “бемаъни” (сизнинг таъбирингиз) нарсалар. Худди онам сериал томоша қилаётиб ёки ўқиган романларидан таъсирланиб йиғлагани каби “бошдан оёқ бемаъни” (бу ҳам сизнинг таъбирингиз) нарсалардир. Сизга ёзаётганим ушбу мактубнинг ҳам бир қисми “бемаъни” бўлиши мумкин. Изоҳи қийин бўлган баъзи нарсаларни сиз тушунадиган тилда ёзиш учун ҳақиқатдан бир қадар узоқлашишга мажбурман. Бундан ташқари, ҳақиқат ёки ёлғон бўлган бу сатрларни мен ҳис қилган шаклда тушунишингизга ҳам ишончим комил эмас. Ҳатто тушуниб тушунмаганингизни ҳам билолмайман.
Шунақа гаплар, отажон. Баъзан ҳақиқат гирдобига тушиб қоламан. Шунинг учун ҳам сизга ҳақиқатдан, сизнинг ҳам қарши чиқишингиз мумкин бўлмаган ҳақиқатлар ҳақида ёзгим келади. Бугунларда, хусусан, энциклопедик ҳақиқатлар модага айланган. Шу боис, ўзим кўрган-билган кишиларнинг кўпчилик назарида аҳамиятсиз ҳисобланган ҳаёт ҳикояларидан иборат энциклопедия ёзишни хоҳлайман. Шунга ўхшаш нарсалар ёздим. Бироқ, улар ҳам сизнинг таъбирингиз билан айтганда, “ғирт бемаъни” нарсалар эди. Шу сабабдан, отажон, ҳаммага қисқа ва лўнда қилиб эълон қиламан: 1892 йилда туғилдингиз. Мамлакатдаги ўртача ёшдан анча узоқ яшадингиз. Эшитишимча, Швециядаги ўртача ёшни бўйлаган экансиз. Қишлоқда, марказдан узоқ ҳудудларда униб-ўсдингиз. Вояга етган чоғингизда мамлакатни бошқарганлар “кўпчилик бўлиб кўринсин” деб чекка ҳудудлардан олиб келиб сафига қўшишди. “Партия умумий котиби”нинг ёки яна бир бошқа “акобир”нинг назарига тушиш учун курсига чиқиб томоқ йиртиб лаганбардорлик қилишни уддалай олмаганингиз учун тарих ўз саҳифаларига сизни ёзмади. Ҳатто бугун мен тузаётган махсус энциклопедиядан ҳам тузукроқ жой ололмайсиз, деб қўрқаман. Сассиз фазилатлар учун ҳайкал ўрнатишмайди. Ёки шунга ўхшаш гаплар…
Катта шаҳарда давлатни бошқарганлар тўпланган залда нега ўтирганингизни ҳеч тушунолмайман. Бундан ташқари, инсоннинг коинотдаги ўрни ҳақида ўйга толганингизни ҳам тасаввур қилолмайман. Фақат (бу айтганларим чиндан ҳам бор гап) мен бутун буларни ўйлаганим ҳолда ўз ўрнимни тополмадим. Мени янада яхши тарбиялаганингизда эди, масалан, билмадим чет элларга юборганингизда эди, бугунгидан катта фарқ қилмаса ҳам ҳарҳолда ўзимни ифода қилиш ва моддиятга муносабатимни тайин ва борлиқдаги ўрнимни собит қилиш хусусида анчагина тажрибалироқ бўлармидим… Сиз ҳар доим мантиқли бўлгансиз. Қандай бўлсангиз шундай кўринишдан чекинмасдингиз, ҳаракатларингиз ҳам табитингизга мос эди.
Мен эса ҳою хаваслар пешида овораман. Сизнинг таъбирингиз билан айтганда, “икки масжид орасида бенамоз” бир бандаман. Ёки сиздан аввал бу оламни тарк этган раҳматли Нўъмонбей “жангу жадал токайгача; ҳожи Муҳаммад ер остида” деганидек беному бенаво бир бандаман. “Тадрижи инхитот”[4] бўляпман, ўзингизга маълум буёғи. Кўряпсизми, сиз ҳақингизда ҳикоя қилиш ўрнига ўзим ҳақимда гапириб ётибман. Сизнинг асолатингизни таворус[5] қилмаганим учун фурсат топилди дегунча ўзимни пешлашдай зиллатга таназзул қилмоқдаман.
Майли, сизга қайтайлик, ота. Ҳеч қандай урушга қатнашмадингиз. Ва сўзнинг маълум маъноси билан ҳеч қандай қаҳрамонлик ҳам кўрсатмагансиз. Шунинг учун орден ва медалларга сазовар бўлмаганингиз каби молк-мулк орттириш пайида ҳам бўлмадингиз. Сиёсат ичида яшаганингиз ҳолда сиёсатни билмаганингиз учун тинч замонда ҳам муваффақиятли бўлолмадингиз. Бу жиҳатдан сизга нисбатан айтишим мумкин бўлган энг катта танқид шу: ўзингизни тақдим қилишни уддалай олмадингиз, ота. Шаҳарда катта мавқега эга ҳамюртларингизни зиёрат қилиб, уларга ташриф қоғозингизни тарқатмадингиз. Маҳаллада сайловчилар билан учрашиб уларнинг эътиборини қозонишга уринмадингиз. Қилган энг катта ишингиз, сайлов участкасига борганингизда, агар рамазон ойига тўғри келса, ташқарида сигарет чекмасликка ҳаракат қилардингиз. Ўзингизни жуда ёқтирсангиз ҳам камчилигингизни билмаганингиз каби имкониятларингизни ҳам чамалай олмагансиз. Одатда қаттиққўл, ҳиссиз ва худбин кўринардингиз.
Бу феълингиз баъзан тарбиясиз болага ўхшаб кетарди. Бола деяпман, чунки бадфеълликдан қандайдир “манфаат таъмин этиш”ни кўзламагансиз. Менга қолса, доим ҳар қандай мавзуда болаларга хос самимий фикр айтардингиз. Шу билан бирга бу болаларча ҳаракатларингиз уйда баъзан “бачканалик” сифатида қабул қилинган, “манфий натижалар тавлиди[6]”га йўл очган ҳолатлар ҳам бўлган. Мен бундай хулоса чиқаришларига қарши эдим ва бу муносабатим туфайли “осий фарзанд” дея аталгандим. Бирга яшаган кунларимизда, нимани ёқтирган бўлсам, ҳаммаси сизга қарши ҳаракатим натижасида шаклланди. Сиз учун турк классик мусиқаси “минғирлаш”дан бошқа нарса эмас. Ғарб мусиқасига бўлган муносабатингизни “ўчир шуни” дейиш билан намоён қилардингиз. Сиз шундай қилганингиз учун мен ҳар иккисини ҳам ёқтиришни ўзим учун бир бурч деб қабул қилгандим. Маданият ҳақидаги фикрларингиз ҳам кўнгилни кўтарадиган даражада эмас эди. Индаллосини айтганда, атрофингиздаги ҳамма нарсани иккига ажратар эдингиз. (Бу жиҳатдан сизга ўхшашимни эътироф этишим зарур.) Сизнингча, бу ёруғ дунёдаги ҳамма нарса ё яхши ё ёмон бўлади. Одамлар ҳам ё ақлли бўлади, ё аҳмоқ. Сизга ўхшаб мағрур бўлмаган инсонларнинг ҳаммасини лаганбардорликда айблардингиз. Сизга ўхшамаган, зиёли ва маданиятли кишиларнинг барчасини олифта атардингиз.
Биз (онам билан бирга) сизга эътироз қилардик. Фақат мен ўзим фарқ қилмаган ҳолда сизнинг ўрта йўл қолдирмаган шафқатсиз таснифингизни юқтириб олибман, отажон. Устига устак (энг ёмони ҳам шу эди мен учун) шундай бўлганимдан ичимдан ғурурланиб қўярдим. Мен шуни тушунолмай қийналаман. Чунки мен оз бўлса ҳам туйғуларимнинг “романтик” томонини (сизнинг жаҳлингиз чиқиши тайин аммо) онамдан мерос қилиб олганман. Хусусан, баъзи китобларни ўқигандан кейин ичимдаги бу олчоқ зиддиятларнинг фарқига бориб, сиз умуман англамайдиган бир тарзда собит назар билан бўшлиққа боқиб қоламан. Сизнинг ишингиз бир томондан осон эди, отажон. Кўп нарсага кўз юмиб муайян интизом асосида умргузаронлик қилардингиз.
Кинога бормасдингиз. Умрингиз бино бўлиб биронта роман ўқимагансиз. Зайтун ёғида пиширилган энгинор[7]дан бирон марта татиб кўрмадингиз. Хорижий мамлакатларга саёҳатни ихтиёр қилмадингиз. Совға бериб бировнинг кўнглини олишни билмай яшадингиз. Уйда сарсабилдан бошқа ўсимлик парвариш қилмадингиз. Эшитганингз фақат халқ қўшиқлари бўлди. Маҳдуд завқингизнинг баъзан мени ажаблантирадиган жиҳатлари ҳам топиларди. Ўрнак келтириш жоиз бўлса:
Тўлғон Қора денгиз тўлғон
Кемалар очди елкан…
га ўхшаш менга ёққан эртак қўшиқлари билан бирга
Якта яврум якта
Сургўштларинг қаёқда…в.ҳ.
га ўхшаш маза-матрасиз қўшиқларни ҳам бемалол тинглайверардингиз. Мен қулоққа қуйма тарбиям натижасида иккинчи тоифа қўшиқларга масхараомуз қўшиқлар сифатида қараб ишнинг ичидан осонгина чиқишга ҳаракат қилар эканман. Шу “ва ҳоказо” деб тугатган жумлаларим ҳам аслида менсимаганимни билдириш учун ишлатилган ва ҳоказо… Энди нима бўлса ҳам бу дунёда йўқсиз, отажон. Сиз умр бўйи қобиғингиздан чиқмай яшадингиз. Мендан сўрасангиз, бутунлай мавҳум тарзда яшадингиз ва вафотингиз ҳам шунга мос бўлди.
Сизни энди ўзгартиришнинг иложи йўқ, отажон. Шу жиҳатдан, ўзимни ўзгартиришнинг ҳам иложсизлигини биламан. Собит назар билан бўшлиққа боқиб турган пайтларимда, кўпинча, тамалдаги ўхшашлигимизни яшириш учун умидсиз ўйлар билан ўзимни чарчатаётган эканман. Сиз тушунадиган тилда айтсам, отажон, сиз олифта деб атаган инсонларнинг ички сохтакорлигини яшириш учун асилзода қиёфасига кириб олганларига кўр-кўрона эргашаётгандекман. Сиздек мантиқли бўлмаганим учун кўпинча шубҳага тушиб шошиб қоламан ва маълум муддат дазмолсиз шиму кир кўйлаклар билан хайрлашаман.
Бугун сизни мендан бошқа эслайдиган одам йўқ, отажон. Бу дунёда бўлмаганингиз учун билмайсиз буларни. Аммо сизга очиқча айтишим керакки, атрофингизни ўраган қуруқ оламоннинг ярмидан кўпи ҳали ҳозирдан тарих саҳифаларига киришга улгурди. Дарс китобларида сизга ўхшаган инсонларнинг яшаш тарзи намуна қилиб кўрсатилгани ҳолда, уларнинг икковимизга ҳам маълум бўлган кичик ва қоронғи ҳаёти ўқитилади. Сиз бўлмаганлигингиз учун сизнинг номингизни қўлланиб, баландпарвоз нутқлар, ёлғон мақолалар, хаёлий мунозаралар тўқиб сизнинг исмингизни уларнинг хаёллари ҳам етиб боролмайдиган юксакларда тўлқинлантиришни истайман. Агар сайлов ўтказилса ва сизни чин маънода таниган ўн киши овоз бериши талаб қилинса, уларнинг тўққиз нафари овозини сизга беришлари аниқ, буни исмим каби биламан.
Кўрасиз, отажон. Бир ўзим ёзадиган энциклопедиямни бир бошлаб олсам, ҳаммаси изга тушади. Ҳеч бири тўғри-дуруст билмайдиган бу мамлакатда ундан-бундан (яъни чет эллик ёзувчилардан) олиб бир асар ёзолмасмидингиз?! Таржималарни мен қилардим. Онам сизга ўқиб берарди. (Ҳеч йўқ шунга иқрор бўлишингиз керакки, отажон, кўпинча фақат онам ўқиган нарсаларни тушунардингиз холос. Сизнинг тилингизни ҳам зоҳирдаги зиддиятларга қарамай, фақатгина онам англарди.)
Орамизда ҳеч қачон бошқаларга ўхшаган ота-ўғил муносабати бўлмади. На мен бошқа қизиқувчан болалар каби ҳамма нарсани сиздан сўрадим. На сиз мени ёнингизга олиб баъзи нарсаларни ўргатишни лозим топдингиз.
Шу сабабли кўплаб воқеаларнинг асосини вақтида ўрганолмаганим учун бу дунёнинг кўпгина сирларидан воқиф бўлолмадим. Баъзи воқеаларнинг сабабини ҳам анча кейин ўргандим. Масалан, овқат еб бўлгандан кейин ҳаммадан олдин қўл ювишга чопардингиз. “Мен сигарет чекишим керак” дея мени туртиб шошардингиз. Мен ҳам сиз каби сигарет чека бошлагунимга қадар бу ҳаракатингизнинг маъносини тушунмас эдим. Кейин бирга ўтириб чекишадиган бўлдик. Бир куни дабдурустдан “оёғини отасига узатган ҳолда ўтириб сигарет чекадиган бебош ўғилни” боплаб таъзирини бердингиз. Ҳамма нарсада худди шунга ўхшаб доим кеч қолиб юрардингиз. Хотиним билан ажрашиб сизнинг ёнингизга қайтганимда ҳам “саёқ юрмасдан уйга барвақт кел” деб йиллар аввал таъкидлашингиз керак бўлган танбеҳларингизни қайтариб асабимни бузардингиз.
Ҳолбуки, отажон, мен уйланиб ажрашган ҳам эдим. Ҳатто болам ҳам бор эди. Яъни бир қараганда худди сизнинг вазиятингизда эдим. Сиз ҳам йиллар аввал баъзи ишларни баҳона қилиб катта шаҳарга кетиб бизни бир неча кун ёлғиз қолдирмасмидингиз? Мен ҳам шундай ҳолда эдим, отажон. “Ўзим истагандай яшаш” умидида бир нималарни баҳона қилиб уйдан чиқиб кетдим.
Мен ўшандан кейин уйга қайтмадим, отажон. Баъзи ҳолларда сизга нисбатан ошириб юборганга ўхшайман. Балки бу дунёда ўз ўрнимни топиш мақсадида фикрларимни амалга ошириш пайига тушгандирман. Сиз эса буни асло ўйлаб ҳам кўрмадингиз. Шу билан бирга бу дунёда сиздай эътибор топганимдан ҳам шубҳадаман. Шу сабабдан ҳам асабий, бесабр ва жиззаки бўлиб қолдим. Биласиз сиз билан ҳам кўп тротишиб қолардим. Эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетардим, бундай маҳалларда. Менга нисбатан ҳақсизлик қиляпти, деган ўй ичимни кемирарди. Назаримда, нуқул мени тергашдан завқ олардингиз. Аълочи ўқувчи бўлганим ҳолда “Бу боланинг китобни варақлаганини кўрмадим” деб койир эдингиз. Менга умуман ярашмаган кийимларни олиб берардингиз. Ўзимга ёқмаган мактабга юборардингиз. Шикоятимни тинглашга тобингиз йўқ эди.
Бугун балки сиз орамизда бўлмаганингиз учун менга бир замонлар ҳақсизлик қилганингиз ҳақида ўйлашни хоҳламасам-да, менга ҳақсизлик қилингани ҳақидаги фикр ичимда шу даража ғовладики, энди фақатгина сизни эмас бутун дунёни айблай бошладим. Бу жиҳатдан… Бу жиҳатдан ҳам ўз истакларимга мос бўлмаган жойларга келдим. Энди бутун дунёнинг юзига эшикларни қарсиллатиб ёпиб кетишга одатландим.
Сизни худбин дейишарди. Мени ҳам шундай дейишади орқа-воротдан. Онам вафотидан кейин сиз ҳам бир муддат ёлғиз қолгандингиз-ку, шунинг учун ёлғизликнинг нима эканлигини биласиз, деган умиддаман. Мен ҳам ёлғиз қолганда сизга ўхшаб қолдим, отажон. Ўзимга ўзим овқат пишираман. Сизнинг ғижим рўпдўшамбир[8]ингизга ўхшаган бир нималарни устимга илиб бир қарич соқол билан уй ичида ҳузурсиз бир ҳолда айланиб тураман. Очиқ қолган чироқларни ўчираман. Тинмай пул санайман, нималарнингдир ҳисоб-китобини қиламан. Ўзимни тузукроқ ҳис қилганимда бозорга чиқиб айланиб танлаб-саралаб савдолашиб ул-бул оламан.
Борган сари сизга ўхшаб қоляпман, отажон. Ҳеч кимни жиним суймайди, одамови бўлиб қолганман. Ойнага ҳам кўп қарамайман. Мен ёқтирадиган нарсалардан гапиришганида сизга ўхшаб энса қотириб қўяётганимни ҳам ҳис қиляпман. Бирон кишиникига борсам, овқат еб кетишим учун етарли манзират қилишмаса ҳам худди сиз сингари, балки сиздан ҳам бадтарроқ ғашим келади. Фақат таом мазали чиқмаган бўлса сиздай ошкора танқид қилолмайман. Нима ҳам дердим, бу феълим онамдан ўтгани аниқ. Барибир таом ҳақидаги фикримни у ёки бу шаклда айтиб ўтишдан чекинмайман. Ҳамма менинг инжиқ табиатимни билиб қўйишини истаганим учун шундай қилаётгандайман, ота. Сизнинг бошингизга келган кўргуликларни ўйлаганда ҳеч қандай туйғунинг ичимда қолиб кетмаслиги кераклигига, ҳеч қандай хафагарчиликнинг ичимда палак отишига рози бўлмаяпман, ота. Мен ҳам сиздай тилимга келганини баралла айтишни одат қилдим.
Аввалги писмиқ ўғлингизни кўриб энди ғурурланасиз, демоқчи эмасман. Чунки ҳамсуҳбатларимнинг муносабатига қараганда, ғурурланишга арзийдиган ҳеч қандай хусусиятим йўқ деб ўйлайман, ота. Одатда, мавҳум бир исён ичида юргандек ҳис қиламан ўзимни. Айтишларича, сиз ҳам оқшом уйга кирганда онангизни топа олмасангиз, дарров кўчага қайтиб чиқиб кетар экансиз. Агар қўни-қўшниникига чиққан бўлса, қидириб бориб ўша хонадоннинг деразасига майда тошлардан отиб чақирар экансиз. Мен сизга ўхшаб қишлоқда эмас, шаҳарда ўсиб-улғайдим. Ёлғиз ташлаб кетишса, ўзимча бир муаммони ўйлаб топман ва қайтиб келишганида ташлаб кетишгани учун пушаймон қиламан.
Ҳолбуки, ҳозир сиз ҳақингизда ўйлаб ўз-ўзимча кулиб ўтирибман. Сизни сиз бўлиб яшагим келяпти. Хоҳлардимки, уйда онамга ўхшаган бири бўлсин. Мен ошхонага ўтиб: “Муаззиз! Ошхонангга қараб қўй, бир нималар тошяпти…” – деб бақирсам. Менга: “Тошаётган бўлса, газни ўчириб қўя қолмайсизми, Жамилбей!” десин. Мен эса ҳеч нимага қўл урмай секингина хонамга кириб кетсам. Балки, қандай одам бўлганингизни ҳозир ҳам тўлиқ тасаввур қилолмаётгандайман. Очиғи, бугун, сиз билмайдиган баъзи нарсалардан бохабар бўлгач, сизнинг қандай инсон бўлганингиз ҳақида чуқурроқ ўйлай бошладим.
Қизиқ, онг ости сезгиси ҳақида билармидингиз, ота? Менга баъзан бундай нарсалар сиз яшаган даврда ҳали ижод қилинмагандек туюлади. Гўё усмонлиларда бундай нарсалар бўлмайдигандек… Сизнинг фес[9] ва редингот[10] кийиб тушган расмингизни кўз олдимга келтиряпман-да… Бу сурат билан “экзистенциалист тушкунлик”ни тасаввур қилолмаяпман, очиқчаси… Аслида бугунги авлод тақлидга ўч. Биз шу тақлидчилик балосидан қутулолмаяпмиз. Баъзи масалалар шу сабабли муболағадор бўлиб кўринмоқда. Қизиқ, агар ҳамма масалаларни сизга тушунтирсам, сиз буларни қандай қарши олган бўлардингиз? Ёзганларимни ўқисангиз нима деб ўйлардингиз? Ҳаммасини “бемаъни, аҳмоқона” деб отиб юборармидингиз?
Сизнинг даврингизда ҳарҳолда бундай қийинчиликлар бўлмагандир, отажон. Овқатланиш ва кроссворд ечиш энг асосий иш. Кейин радиодан замонавий қўшиқларни менинг инжиқлигим туфайли тинглашга мажбур бўлардингиз. Пашшаларнинг деразаларни кирлатиб юбориши… Газета саҳифаларидаги саломатлик билан боғлиқ мақолаларга муносабатингиз… Оилавий кирим-чиқим ҳисоблари… Эртанги кун пишириладиган ашура[11]га нималар солиш кераклиги… Ва шунга ўхшаш… Алоқасиз барча тушунчаларингизнинг “онг оқими” деб аталадиган бир мураккаб қатламда тўпланишини тасаввур қилганингизда эди, менимча, овқатдан кейин оромкурсингизга чўкиб уйқуни бошлаб юбормасдингиз. Модданинг асосида тузатиб бўлмайдиган нуқсонларнинг намоён бўлиши ёки баъзи табиат қонунларининг аввалгидек айнан такрорланмаётганини кўрсангиз андишага тушармидингиз?
Аслида, “руҳият билан боғлиқ янгиликларни мен ҳам тўғри-дуруст билолмаяпман, отажон. “ (Масалан, худбин бўлганингиз ҳолда сиз ҳам “эго” ҳақида ҳеч нимани билмасдингиз) Бирон жойда ўқиган тақдирингизда менга: “Ўғлим, сенда Oedipus комплекси[12] борми?” деб сўрасангиз нима деб жавоб беришни билолмай каловланардим. Эслайсизми, мен сиздан аччиғлансам ёки номаълум бир сабабдан хафа бўлсам ташқарига чиқиб бўккунча ичардим… Ҳозиргилар ундай қилишмайди, ота. Улар сиз эшитмаган “онг ости” билан боғлиқ муаммо деб ташхис қўйишади-ю тўппа-тўғри докторга мурожаат қилишади. Мен эса борган сари сизга ўхшаб боряпман, ота. Энди ичкилик ҳам дардимни енгиллатмай қўйди. Шундай пайтларда “оромкурсига бойқушдай ўтириб” ухлаб қоляпман.
Демакки, сизнинг қишлоқча табиатингиз менга мерос қолибди, ота. Маданиятни ёқтирмайман. Бу кунларга етиб келганингизда эди, сиз ҳам мендай телевизордан нафратланардингиз. Мен сиз улғайган қишлоққа қайтишни хоҳлайман. Яъни, сохта денгиз ошуфталари каби соҳилда балиқчилар билан суҳбатлашишни истамайман. Балиқ ови бизга тўғри келмайди, ота. Мен сизнинг бепаён далалар орасидаги миттигина қишлоғингизда (атрофда бир-икки дарахт бўлса кифоя) ёғоч тўсинли пахса девор уйда яшашни истайман. Хаёлимдаги уйнинг тархини ҳам таниш бир меъморга чиздирдим. (Бу борада ҳам ёшларга ишончим қолмаган.) Сизга тушунтиришим қийин, аммо менга ҳақсизлик қилган дунёга нисбатан бир исёнимдир, бу ҳаракатларим. Яъни, мен у ерга кетиш билан “тараққиёт деганингизнинг ҳаммасини кўрдим ва аслимга қайтмоқдаман” (яъни Жамилбейга қайтмоқдаман) дейман аммо улар буни тушунишмайди.
Сиз буни Зиё Пошо[13]нинг ёки Меҳмед Акиф[14]нинг муносабатига ўхшатишингиз мумкин. Онам эшитсалар тинмай йиғлаган бўлардилар. Сиз қандай қабул қиласиз, билолмайман. Ҳарҳолда бу ҳаракатимни ҳам сизга қарши атайин қилинган исён деб ёқтирмаган бўлардингиз. Мени бу кўйга ўқиган китоблар бошлаганини таъкидлардингиз. Lukianos[15]ни ўқиётган пайтимда китобни қўлингизга олиб варақлагандингиз ва тангриларга қарши айтилган сатрларни ўқиб “мана шунинг учун бу бола Оллоҳгаям ишонмайди, менга ҳам доим гап қайтаради” дегандингиз. Менга бу фикрларингиз мантиқли туюлмаганди, ўшанда. Ўзингиз ҳам Оллоҳга (буни эътироф этишингиз қийин, албатта) умрингизнинг сўнгги паллаларида ишона бошлаган эдингиз, ота.
Охирги йилларда жума кунлари ҳеч кимга билдирмай масжидга қатнаганингизни билардим. Қизиқ, аввалроқ, менга ўхшаб ёш бўлган пайтингизда “имон буҳрони”ни бошдан кечирганмидингиз? Ҳа, майли, охирги дамларда бу даражада ўзгарганингизни ҳам қабул қилмадингиз. Ҳар доим “намоз-ниёзни” канда қилмаганингизни айтиб таскин топардингиз. Менинг бу узлатнишинлигимни ҳам балки эски инончларга боғлаб изоҳлашга ҳаракат қилардингиз. Ҳолбуки, мен модаси эскирган бири сифатида “шаклланганим учун” сизнинг болалигингизга сиғиняпман, ота. Бу ҳаракатларимнинг онамдаги каби ҳиссиётга мойиллик билан алоқаси йўқ.
Яъни, энди ҳаддимни биляпман. Олдида “ҳайбат” деб аталадиган ҳарсанг тош турган тоғ этагидаги уйимда вақтида сезмаган руҳий эҳтиёжларимни қондиряпман. Қудуқдан сув тортиб, эшагимга юкланган ўтинларни ташиб ўчоқ ёқяпман. Буни ҳозиргилар “қочиш” деб аташади. Жамиятдаги бир қатор муаммоларни ечишни уддалай олмаган “олифталар”, яъни шаҳарда яшаб, шаҳар ҳаётини ёқтирадиган зиёлилар шундай қилишади. Сиз бундай гапларга эътибор қилманг, ота. Ўғлингизни улардан сўраб ўрганадиган одам эмассизку! Сиз ҳам онамга ўхшаб менинг ҳеч қачон ёмон иш қилмаслигимга ишонасиз, тўғрими? Бир пайтлар ғоявий китобларни ўқиб, уйга турқи совуқ танишларимни етаклаб келиб баланд овозда талашиб-тортишар эдим. Шундай пайтларда онам бир балога илакишиб қолишимдан ташвишланар эди, аммо уни огоҳлантирган қариндошлари олдида мени ҳимоя қиларди. Энди мени ҳимоя қиладиганим қолмади. Икковингиз ҳам бу дунёни тарк этдингиз.
Мана мен ҳам ёлғиз қолдим. Ёлғизлигимни билиш учун кўпинча (собит назар билан бўшлиққа қараганимда) пахса уй ҳақида янада жиддий ўйлай бошлайман. Мен бу турқи совуқ зиёлиларга сира ўхшамайман, ота. Уларга қаршиман ва сизнинг самимиятингиз томонидаман. Баъзи китоблар туфайли бироз ақлим қоришган бўлса ҳам бугун сизнинг самимиятингизни ичимда ташиётганимдан қувонаман. Аммо барибир сизга бутунлай ўхшаб қолишдан ҳам қўрқяпман, отажон. Яъни алал-оқибат мен ҳам сизга ўхшаб ўламанми? Мактубимни шу ерда тугатиб ҳурмат билан қўлингиздан ўпаман.
Ўғлингиз.
_______________
[1] Инсон руҳиятида ота-боболарга хос феъл-атворнинг намоён бўлиши ҳақидаги фалсафий-психологик ҳолатлар учун ишлатилади.
[2] Бутун-бўлак муносабатининг бир кўриниши.
[3] Секин-аста ўзини ўлдириш, ҳаётига якун ясаш.
[4] Секин аста йўқ бўлиб бориш, чўкиш, ғарқ бўлиш.
[5] Мерос, мерос қилиб олмоқ.
[6] Тавлид – пайдо бўлиш, туғилиш, кўпайиш.
[7] Артишок (Supaga) — ko‘p yillik va bir yillik sabzavot ekini.
[8] Уй ичида кийиладиган эркаклар халати
[9] Қизил матодан тикиладиган бош кийим
[10] Бир пайтлар сиёсий доираларда мода бўлган эркакларнинг расмий уст кийими
[11] Ҳижрий тақвимга кўра мухаррам ойининг ўнинчи кунида пишириладиган ширинлик. Ривоятга кўра, Нуҳ алайҳиссалом тўфондан кейин қўлида қолган дон-дунларни қайнатиб бу ширинликни пиширган экан.
[12] Зигмунд Фрейд илгари сурган “Эдип комплекси”.
[13] Ziya Paşa (1825-1880). Турк ёзувчиси, шоири ва сиёсат арбоби.
[14] Mehmet Âkif Ersoy (1873 – 1936). Турк шоири ва сиёсат арбоби.
[15] Lucianus (125 – 180). Сурёний нотиқ, сиёсатчи ва ҳажвий асарлар муаллифи.

Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси