Сидони-Габриэль Коллет. Бегона аёл (ҳикоя)

– Икки кишилик дастурхонми? Қани, мана бу ёққа марҳамат қилсинлар, ҳурматли жаноб. О, хонимингиз ниҳоятда латофатли экан! Сиз учун атайлаб дераза олдидаги жойни танладик, кўрфаз манзарасидан баҳра олиб ўтирасизлар-да! Қалай, маъқулми? — деди мулозамат кўрсатиб офицант.
Алиса хурсанд бўлиб эрига қаради:
–Ҳа, албатта! Бўлмасам-чи! – деди аёл қувончдан кўзлари чақнаб. – Марк, азизим, бу ерда биз ўзимизни худди денгизда, қайиқ ичида тушлик қилаётгандай ҳис этамиз! О, қандай ажойиб! Бу ерни…
Аёлнинг гапи оғзида қолиб кетди. Эри хотинининг қўлини қаттиқ қисди.
–У ердан сал берироқдаги жой анча тузукроқ кўринади, чамамда».
– Анави ёқдаги, дейсанми? Нақ одамларнинг ўртасида-я? Лекин менга кўпроқ…
– Алиса, жонгинам, илтимос.
Марк аёлининг қўлларини янаям маҳкамроқ қисди. Бу гал у шундай ҳаракат қилдики, Алиса беихтиёр эрига ўгирилиб қаради.
– Нима гап? Сенга нима бўлди?
– Тисс…, – деди Марк бармоғини лабига оҳиста босиб. У хотинига бор вужуди билан тикилиб турарди. Алисани тамаддихона ўртасидаги стол томон бошлади.
— Нима гап, Марк? Тинчликми? — хавотирланиб сўради Алиса яна.
— Кейин айтиб бераман, азизам. Кел, аввал таом буюртма қилиб олайлик. Хўш, нима еймиз? Майда денгиз қисқичбақасига тобинг қалай? Ё қовурилган тухум хоҳлайсанми?
— Истаганинг, азизим, менга фарқи йўқ.
Икки ёш бир-бирларига меҳр билан жилмайиб қўйишди. Кейин ёнларида тинмай рақсга тушаётган бир тўда одамларни мароқ билан кузатиб ўтирдилар.
— Ундай бўлса, биринчисига майда қисқичбақадан бўла қолсин, — деди Марк. — Кейин тухум ва тузланган чўчқа гўшти ҳам еймиз. Яна жўжа кабоб билан итальянча салат олсак. Бугун бир маза қилиб ўтирайлик, а, Алиса? Шошманг, — деди у шунда официантга юзланиб. — Ёдимдан кўтарилаёзибди, яна иккита қора қаҳвадан ҳам олиб келсангиз.
Шундай деди—да, у яна Алисага қараб гапида давом этди:
— Ҳайдовчимиз ҳам тушлик қилаётгандир ҳозир. Демак, тахминан икки соатлардан сўнг кетсак ҳам бўлади. Буёғидан ташвишланма. Икки соат давомида бемалол дам олсак бўлади.
Бир муддат шундай гаплар билан ўзини нимадандир чалғитган Марк ниҳоят енгил хўрсиниб, гўё ичидаги оғир бир тошни сал бўлса-да қўзғатгандек бироз енгил тортди. Сўнгра у ҳаётининг мазмунига айланган, чиройли шляпаси устидан рўмолини нафис танғиб олган гўзал хилқат —умр йўлдошига нигоҳларини қадади.
— Сен жуда дилбарсан, жоним! — деди у рафиқасининг нурли чеҳрасидан кўзини ололмай. Мана бу денгиз суви эса сенинг жозибали кўзларингга ажиб зангорлик бағишлаб, ҳуснингни янаям оширган. Ўзинг ҳам бир кўргин-а, Алиса! Бунинг устига саёҳатма-саёҳат юравериб, анча вазн ташлагансан ҳам. Фақатгина… Сен ўзинг ҳам шу малоҳатни қалбинг билан худди мендай ҳис қила олишинг керак, Алиса, эшитяпсанми?!
Аёлнинг ихчам кўкраклари унинг қоматини янада жозибали кўрсатарди. У эрининг сўзларини бутун вужуди билан тинглар, унга бўлган меҳри янада ошарди.
Марк тўсатдан жиддий тортиб, аёлга синчков кўзларини тикди.
— Алис, биласанми, сен ҳозир бу ерда сенга нотаниш бўлган, аммо менга жудаям таниш бўлган одам билан битта тамаддихонада ўтирибсан.
— Менга нотаниш бўлган одам?
— Ҳа… Яъни, ўша одам менинг собиқ хотиним.
Шу пайт аёлнинг кўзлари ҳайратдан катта-катта очилиб кетди, у қандай калима билан айни дамда ичида кечаётган кучли ғалаённи ифодалашни билолмай, сўзсиз қотиб қолди.
— Хўш, нима қипти?.. — деб оғиз очди у ниҳоят. Унинг бу ерда эканлигининг бизга нима аҳамияти бор? Ахир… у сен учун муҳим инсон эмас-ку, Марк… Алиса шундай деб ўзини бироз чалғитгани билан барибир барча аёлларга хос қизиқувчанлик ила эрини қатор саволларга кўмиб ташлади:
— Унинг ўзи сени кўрдими? Ё сенинг унга қараганингни пайқаб қолмадими? У қани ҳозир, қаерда турибди? Марк, ўшани менга кўрсатиб юбора олмайсанми?
— Ҳозир эмас, илтимос. У бизни кузатаётган бўлиши мумкин… Зимдан назар ташла: Ҳув, ана — жигарранг сочли, бошида шляпаси йўқ, ялангбош аёл. Кўрдингми? У шу меҳмонхонада турган бўлса керак.
— Ҳмм, тушунарли.
Алиса кўпгина аёллар орасидан ахийри, уни кўриб олишга эришди. У аёл эрининг ўн беш ой муқаддам турмуш ўртоғи бўлганди.
— Бемаънилик, — деди Марк ғаши келиб. — Менга бу ҳол умуман ёқмаяпти… Турган-битгани бемаънилик! Тўғри, биз тарбияли кишилардай жимгина, жанжалсиз ажралишдик. Кейин менинг ҳаётимга фаришта мисол сен кириб келдинг. Мен сени севиб қолдим ва сен ҳам мен билан бир умрга бахтиёр бўлишни истадинг. Бизнинг бахтимиз, атрофдаги ҳар қандай ғаламислар иғвосию ҳасадгўйлар ҳийласидан омон қолади! Менга ишон, азизам!
Ўша бошяланг, жигарранг сочлари елкасини қоплаб, тўзғитиб ётган аёл ҳеч ким билан иши йўқ, парвойи фалак, кўзларини ярим юмганча сигара тортиб ўтирарди. Алиса ундан кўзларини олди-да, эри тарафга ўгирилди.
Дастурхондаги қовурилган қисқичбақага титроқ қўлларини узатди-да, шошилмай ея бошлади. Орага бир неча сониялик сукунат чўмди. Охири Алиса чидамай сўради:
— Нега сен менга унинг кўзлари кўк эканлигини индамагандинг?
— Буни айтиш ҳечам калламга келмаган экан!
Марк хотинининг нонга узатган қўлларини олиб, оҳиста ўпди, Алиса хотиржам қиёфага кирди.
Аста-секин тамаддихонани оқшом чулғай бошлади, атроф тобора қоронғулик бағрига сингиб, деворларда узун-қисқа кўланкалар соя ташлади. Алисанинг ҳам кўнглини қандайдир нотинчлик босиб борар, нимадандир ташвишланар, жойида тинч ўтиролмасди. Унинг кўзлари ҳадеб одамлар орасидан жигарранг сочли, сигара тутатиб ўтирган аёлни қидирарди.
Марк турмуш қурганларидан буён хотинига қилдек ҳам ёмонлик қилмаган, бор-буди билан Алисани хурсанд қилишга уринарди.
Улар анча пайт гаплашмасдан овқат ейишди, шампан ичишди, мириқиб ўтиргандай бўлишди, аммо ҳар иккисининг ҳам хаёли ўша «жигарранг соч»ли аёлда эди. Ора-орада Алиса қаттиқ кулиб юборар, Марк бўлса унинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан ҳушёр ўтирар, Алисанинг бош буришларию, қаерга кўз ташлашларигача назаридан қочирмасди. Улар буюртма қилган қаҳваларини узоқ вақт кутиб қолишди. Уфқ шуъласи остида ётган поёнсиз денгиз сатҳига узоқ тикилиб қолишди. Чинданам, денгиз кўзни қамаштиргудай даражада ял-ял товланиб турарди.
— Марк, — деди Алиса эрига бироз саросима аралаш. У ҳали ҳам шу ерда.
— Бу сени безовта қиляптими? — жавоб берди Марк хотинининг ваҳимасига писанд қилмасликка уриниб. — Қаҳвамизни бошқа бирон холироқ ерга бориб ичайликми? Нима дейсан?
— Йўқ, йўқ! Асло! У менга нимага ҳалал берсин? Менимча, у бу ерда ёмон дам олмаётган кўринади, рафторини кўряпсан-ку ўзинг! Нима, энди уни деб шундай ширин ўтиришимизни бузишимиз керакми? Ҳечам-да!
Марк сигарасини олиб тутатди-да, худди айни дамда собиқ хотини чекаётгани сингари бурунидан паға-паға тутун чиқарди.
Сўнг Марк жиддий қиёфага кирди. У энди ҳеч нарсани яширмай, бор жиноятини фош қилиш фурсати етганини англаган айбдор каби сўзлай кетди:
— Йўқ…Йўқ, — деди у ўйчан бош чайқаб. — Тўғрисини айтганда, у мен билан сираям бахтли бўлолмади. Эҳтимол, мен ўзим у кутган бахтини бера олмагандирман? Эҳтимол, у мен туфайли бахтсиздир…
— О, сен унинг юриш-туришига бир қара. Ғирт такасалтанг-ку! Нега сен ўзингни гуноҳкор ҳисоблашинг керак, азизим?
Марк юзлари кучли ҳаяжондан қизариб, нозик бармоқлари асабий титраётган хотинининг бутун вужудига меҳр-муҳаббат тўла кўзларини қадади.
— Менинг бутун фикру хаёлимни ўғирлаган жиноятчи бу сенсан, жоним… Сен… Сен нақ фариштанинг ўзгинасисан… Сенинг севгинг… Сенинг ишқ тўла нигоҳларингни ҳар он кўрганимда, беихтиёр энтикиб кетаман. Сенинг нигоҳларинг бўлакча, Алиса. Уни мен қандай қилиб сендек масъуд қилишни билолмадим, бор-йўғи шу, холос.
— Унинг ўзи шунга муносиб экан!
Алиса яна асабийлашиб, енгил қалтирай бошлади, яна ўша жигарранг сочли танноз хонимга тез-тез аламнок қарарди. У аёл бўлса ҳамон ҳеч ким билан иши йўқ, парвойи фалак, баланд курсиси орқасига бошини ташлаганча, ҳалиям сигара тортиб ўтирарди. Унинг нигоҳларида ҳорғинлик, лоқайдлик ва алам акс этарди.
— Сен ҳақсан, — деб иқрор бўлди Марк Алисага юзланиб. — Нимаям дердим? Баҳтиқаро одамларга фақат ачиниш керак, холос. Кейин эса ўзгача бир ғурур билан хотинига баланд овозда хитоб қилди:
— Биз эса баҳтиқаро эмасмиз! Биз жуда-жуда бахтлимиз! Шундай эмасми, азизам?
Алиса индамади. У эрининг юзига синчков тикилиб қолганди. У Маркнинг чеҳрасидан ўзи учун хуфия бир белгини, носамимий бирон аломатни қидирар, эрининг қалин, қора сочларию оппоқ, узун-узун бармоқларига зийраклик билан боқар экан, ич-ичини аёвсиз қийноқ тимдаларди. У илк маротаба шунча вақт ардоқлаган, ишонган эридан шубҳа қилди. Қандайдир хавф бордай, ҳушёр тортди. Хаёлидан «Эҳтимол, биринчи хотини ҳалиям эрининг кўйида юргандир?..» деган фикр ўтди.
…Ниҳоят, улар кўнгилсизликларга макон бўлган тамаддихонани тарк этишди. Марк ҳисобни тўлаган заҳоти ҳайдовчисини чақирди. У гўё ҳеч нима юз бермагандай йўл бўйи ҳайдовчиси билан чақчақлашиб кетди. Алисанинг хаёлидан эса ўша сигара тортиб ўтирган Маркнинг ширакайф собиқ хотини кетмас, у ҳар нафас «Балки у эримни қидириб, ортимиздан қувиб келаётгандир» деган ваҳима билан ортига қарар, ташвишдан юраги така-пука урарди.

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси