1-таржима
МЎЪЖИЗАВИЙ КУЛЧАЛАР
Марта Мичем хоним муюлишдаги кичкина нон дўконига эгалик қиларди (худди ўша, зина бўйлаб пастга тушиб эшикни очганингизда қўнғироқчалари жиринглайдиган дўкон).
Марта хоним қирққа кирган, банкдаги ҳисобида икки минг доллар ётарди. Иккита тиши ясама, ҳиссиётга берилувчан эди. Марта хонимдек бундай имкониятларга эга бўлган аёлларнинг кўпчилиги эрга теккан бўларди.
Дўконга ҳафтасига икки-уч бор бир мижоз ташриф буюра бошладики, Марта хонимда унга нисбатан озми-кўпми қизиқиш уйғонди. Бу ўрта ёшлардаги кўзойнак таққан, қора чўққи соқоли чиройли кузалган киши эди.
У инглиз тилида немисча талаффуз билан гапирарди. Эгнидаги эскирган, дазмол тегмаган, ямоқ тушган костюми рўдапога ўхшаб қолганди. Шундай бўлса-да, унинг кўриниши ораста, асосийси эса хушмуомала эди.
Бу мижоз ҳар сафар икки дона қотган кулча сотиб оларди. Янги кулчаларнинг донаси беш цент турарди. Қотганлари эса икки ярим цент. У бирон марта бошқа нарса сотиб олмасди.
Бир куни Марта хонимнинг кўзи унинг бармоқларидаги қизил ва жигарранг бўёқ изларига тушди. Шунда Марта хоним уни рассом ва чор-ночор яшайди деб ўйлади. Бирор ерда чордоқда яшаб, қотган кулчалар билан қорин тўйғизса керак. Марта хонимнинг дўконидаги мазали егуликлар ҳақида ҳам орзу қилса керак.
Марта хоним тўқмоқланган бузоқ гўшти, ёғли ширин кулча, мураббо ва чойдан иборат нонуштасига ўтирар экан, кўпинча хўрсинар ва бу хушмуомала рассом Марта хоним билан мазали таомлардан тановул қилиш ўрнига ўзининг елвизак кириб турадиган чордоғида қотган нонларни кемириб ўтирганини ўйлаб эзиларди. Аввал айтганимиздек, Марта хоним ҳиссиётга берилувчан, кўнгли бўш аёл эди.
Бу мижозининг касби ҳақидаги тахминини текшириб кўриш учун Марта хоним қачонлардир кимошди савдосида сотиб олинган суратни орқа тарафдаги хонадан дўконга олиб чиқиб пештахта ортидаги токчага ўрнаштириб қўйди.
Суратда Венеция табиатининг кичик саҳнаси тасвирланганди: энг кўзга ташланарли ерида серҳашам мармар сарой қад кўтариб турарди (агар сурат тагидаги ёзувлар алдамаётган бўлса). Қолган жойлар гондолалар* (уларнинг бирида бир хоним қўли билан сув ўйнаб ўтирарди), булутлар, осмон ва оқиш-қорамтир бўёқлар билан тўлдирилганди. Ҳеч бир рассом бундай сурат ёнидан беэътибор ўтолмасди.
Икки кундан сўнг эски мижозимиз дўконга кирди.
– Марҳамат қилиб иккита қотган кулча берсангиз.
Марта хоним кулчаларни қоғозга ўраётганида у шундай деди:
– Жуда ҳам чиройли сурат экан, хоним.
– Ростданми? – деди Марта хоним айёрона, гўё ажаблангандай. – Мен санъатни ва… («ва рассомларни» дейишга ҳали эрта эмасми?) – муносиброқ сўз топиб Марта хоним гапини тугатди: – …ва рассомчиликни севаман. Сизга сурат ёқдими?
– Ижодкор нотўғри ишлаган, – жавоб берди мижоз. – Манзара нотўғри чизилган. Кўришгунча, хоним.
У кулчаларни олиб, таъзим қилди ва шошиб кўчага чиқди.
Ҳа, шубҳага ўрин йўқ, у рассом. Марта хоним суратни орқа тарафдаги хонага қайтариб олиб кириб қўйди.
Кўзойнак ортидан нур сочиб турган кўзлар! Кенг манглайини айтмайсизми! Бир қарашдаёқ манзарани тушунишу қотган кулчалар билан кун кўриш! Даҳолар, дунё уларни тан олмасидан аввал, кўпинча яшаш учун курашишларига тўғри келади.
Агар шундай даҳо банкда ётган икки минг доллар билан қўллаб-қувватланса борми, санъат қандай гуллаб-яшнарди-я… Орзуни ҳақиқатга айлантирмоқчимисиз, Марта хоним?
Эндиликда дўконга кирган мижозимиз бека билан бирпас гаплашиб туриш учун пештахта олдида озми-кўпми ушланиб қоларди. Афтидан, Марта хонимнинг очиқ кўнгиллилиги унга ёқиб қолганди.
У ҳамон қотган кулча сотиб оларди. Қотган кулчадан бошқа нарса сотиб олмасди, на пирог, на сомса, на мазали қумоқ печенье.
Марта хонимга сўнгги пайтларда у озиб қолгандек ва қандайдир ғамгин бўлиб туюлди. Марта хоним унинг ночор харидига бирон мазали нарса қўшгиси келар, лекин ҳар сафар бунга журъати етмасди. Марта хоним уни хафа қилишни истамасди. Ахир, бу рассомлар жуда ғурурли бўладилар.
Марта хоним пештахта ортида майда хол-хол оқ, ҳаворанг гулли шойи кўйлакда пайдо бўла бошлади. Дўкон ортидаги хонада беҳи уруғи қўшилган қандайдир сирли аралашма тайёрлади. Кўпчилик бундан терини оқартириш учун фойдаланади.
Кунларнинг бирида эски мижозимиз дўконга кириб, пештахтага одатдагидек беш центни ташлади ва ҳар доимги қотган кулчаларини сўради. Марта хоним эндигина қўлини токчага узатган эди ҳамки, бирдан кўчада сирена чинқириғи, ғилдиракнинг ғизиллагани эшитилди ва дўкон олдидан ўт ўчириш машинаси ўтиб кетди.
Мижоз эшикка отилди, унинг ўрнида бошқаси ҳам шундай қилган бўларди. Хаёлидан ажойиб фикр ўтган Марта хоним бу вазиятдан фойдаланиб қолди.
Пештахта тагидаги энг пастки токчада ўн дақиқа илгари сут сотувчи олиб келган бир қадоқ сариёғ яшириб қўйилганди. Марта хоним кулчаларни пичоқ билан иккига бўлди, ҳар бирининг орасига катта-катта сариёғ бўлакларини солди ва кулчаларнинг устки ва остки қисмларини яхшилаб бир-бирига жипслаштирди.
Мижоз эшик олдидан қайтиб келганда Марта хоним аллақачон кулчаларни қоғозга ўраётган эди.
Қисқагина, бироқ ёқимли гурунгдан сўнг у кетди. Гарчи Марта хонимнинг юраги ҳовлиқиб дукурлаётган бўлса-да, жимгина табассум қилди.
Балки, Марта хоним ўзига ортиқча эрк бериб юборгандир. У хафа бўлиб қолса-чи? Йўғ-е, хафа бўлмаса кераг-ов! Сариёғ қўшиб бергани билан ножўя иш қилгани йўқ-ку!
Ўша куни Марта хоним шуларнинг ҳаммаси ҳақида ўйлади. Марта хонимнинг кичкинагина айёрлигини қандай сезиб қолишини кўз олдига келтирди.
Мана у мўйқалам ва палитрасини* четга сурди. Молбертда* бенуқсон манзарали сурат турибди.
У қотган кулча ва сув билан нонушта қилмоқчи бўлади. Кулчаларни кесади ва …. оҳ!
Марта хонимнинг юзига қизиллик югурди. Кулчаларга сариёғ қўшган қўллар ҳақида ўйлармикин? Хоҳлармикин…
Эшик тепасидаги кўнғироқ ғазаб билан жиринглади. Кимдир дўконга гурс-гурс қадамлар билан кирди. Марта хоним орқа тарафдаги хонадан югуриб чиқди. Пештахта олдида икки киши турарди. Оғзида мундштук билан қандайдир йигит – Марта хоним уни биринчи марта кўриб турганди; иккинчиси ўзимизнинг рассом эди.
Бўғриқиб кетган, хўмрайган рассом қўлларини мушт қилиб тугди ва Марта хонимнинг юзига ғазаб билан мушт ўқтади. Нақ Марта хонимнинг юзига-я!
– Dummkopf! – бор кучи билан немисчалаб бақирди. Кейин: – Tausendonfer! – ёки шунга ўхшаш сўз билан Марта хонимга бақирди.
Йигит уни ташқарига судради.
– Унга ҳаммасини айтмагунимча кетмайман, – қўполлик билан жавоб қайтарди эски мижозимиз.
Унинг муштлари остида Марта хонимнинг пештахтаси турк ноғорасига айланди.
– Сизники мени расво қилди! – қичқирди у Марта хонимга кўзойнак орасидан ғазаб ўтида ёнаётган кўм-кўк кўзлари билан қараб. – Мен ҳаммасини, ҳаммасини айтаман! Сиз сурбет қари мушуксиз!
Марта хоним беҳол бўлиб нон токчаларига суянди ва майда хол-хол оқ, ҳаворанг гулли шойи кўйлагини ушлади. Йигит рассомнинг ёқасидан олди.
– Юринг, кетдик! Етарлича алжирадингиз. – У қутурган ошнасини кўчага олиб чиқиб, Марта хонимнинг олдига қайтиб келди.
– Жанжал нимадан бошланганини билиб қўйсангиз ёмон бўлмасди, хоним, – деди у. – Бу Блюмбергер. У чизмачи. Биз у билан қурилиш идораларининг бирида ишлаймиз. Блюмбергер уч ой бош кўтармай янги муниципалитет биносининг лойиҳаси устида ишлади. Уни конкурсга тайёрлаётганди. Кеча кечаси у чизма устида гиёҳ билан юргизиб чиқишни тамомлади. Чизма аввалига қалам билан чизилиши, кейин эса қалам чизиқлари қотган нон билан ўчирилиши сизга маълум бўлса керак. Қотган нон ўчирғичдан яхши. Блюмбергер нонни сиздан сотиб оларди. Бугун эса… Биласизми, хоним, сизнинг сариёғингиз… у, биласизми… Хуллас, Блюмбергернинг чизмаси энди фақат бутербуродга ярайди.
Марта хоним дўкон ортидаги хонага кириб кетди. У ерда хоним майда хол-хол оқ, ҳаворанг гулли шойи кўйлагини ечиб аввалги жигарранг пахта кўйлагини кийди. Сўнг беҳи уруғи қўшилган суртмасини олиб, уни дераза ортидаги ахлат қутисига ағдарди.
Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 10-сон.
___________
* Г о н д о л а – Венеция қайиғи.
* П а л и т р а — расомларнинг бўёқ қорадиган тахтаси
* М о л б е р т — рассомчилик дастгоҳи
2-таржима
“ЖОДУГАР”НИНГ НОНЛАРИ
Марта Меҳам хоним кўча муюлишидаги кичик новвойхона эгаси эди (учта зинапоядан кўтарилиб чиққач, эшикни очиб киришингиз билан келганингиздан хабар бериб қўнғироқ жарангларди).
Қирқ ёшни қоралаб қолган, иккита ясама тиши билан жилмайган пайти ўзгача бир чиройли бўлиб кетадиган бу меҳрибон дил эгаси банкда икки минг доллар миқдорида даромадга эга эди. Ваҳоланки, шундай қила олиши мумкин бўлган бошқа оилалиларнинг имконияти Марта хонимникига қараганда анча паст эди.
Ҳафтада икки-уч марта дўконга келиб турадиган бир харидор Марта хонимни жуда қизиқтириб қўйганди. У кўзойнакли, соқоли тартибли қиртишланган ўрта ёшлардаги киши эди. Немисча талаффуз билан инглиз тилида сўзлаётган бу жанобнинг кийимлари анча униқиб қолган, баъзи жойлари ямалган, йиғирилган ва ўзига ҳалпиллаб турган бўлсада, хонимга у жуда покиза ва жуда яхши феъл атвор эгаси бўлиб кўринганди. У ҳар доим иккита қотган нон харид қиларди. Чунки беш центлик янги нон пулига қотган бўлсада, икки нон сотиб олиш мумкин эди ва жаноб ана шу қотган нондан бўлак ҳеч қачон ҳеч нарса олмасди. Бир сафар Марта хоним унинг қўлларида қизил ва жигарранг рангдаги бўёқ доғларини кўриб қолди ва шунда билдики, у рассом, аммо жуда камбағал. Унинг чордоқда яшаши, у ерда бебаҳо суратлар чизиши, қотган нон билан бечораҳол кун кечириши ва шунингдек, Марта хонимнинг дўконидан ейдиган бошқа яхшироқ нарсалар ҳақида хаёл суришига шубҳа йўқ эди. Марта хоним ҳар гал қийма, юмшоққина булочка ёки чой ва мурабболи столда ўтирганда тез-тез хўрсиниб қўяр, елвизак ўтиб турадиган чордоқда нозик табиатли рассом билан ўзининг тотли таомларини баҳам кўришни хоҳлаб юраги ачишарди. Чунки қаҳрамонимиз боя айтганимиздек, жуда меҳрибон ва кўнгилчан эдида! Бир куни у жанобнинг ҳақиқатда рассом ёки йўқлигини текшириб кўриш учун хонасидан қачонлардир арзонгина нархда сотиб олган суратни олиб чиқиб, нон растасининг орқасидаги токчаларга қарама-қарши қилиб осиб қўйди. У Венеция манзараси эди. Суратнинг олд қисмида, худди сув устида турган каби, мармардан қойилмақом қилиб ишланган катта уй тасвирланган бўлса, қолган қисми сув ичида қўлини сувга ботирган кўйи хаёлга чўмган қиз ўтирган қайиқ, булутлар, осмон ва ўзаро уйғунлашиб кетган ранглар жилосидан иборат эди.
Икки кун ўтгач дўконга ўша харидор кириб келди.
– Марҳамат қилиб, менга иккита қотган нон берсангиз, илтимос. Нонларни ўраётганида эса суратга кўзи тушди ва:
– Суратингиз жуда ажойиб экан, хоним, – деди.
– Ҳа, – деди Мис Марта ўзининг айёрлигидан завқланиб, – мен санъат шайдосиман ва яна… суратларнинг ҳам. (Рассомларнинг ҳам демоқчи эдию, суратларнинг деб тўғирлаб қўйди).
– Сиз уни яхши сурат деб ўйлайсизми?
– Унда манзара йўқ. Чизиш услуби нотўғри. Яхши қолинг, хоним.
У нонларни олдию, шошиб чиқиб кетди. Ҳа, у аниқ рассом. Энди Марта хонимнинг бунга асло шубҳаси йўқ эди. Суратни хонасига қайта киргизиб қўяр экан, хаёллари яна ўша сирли харидор томон тортди. Кўзойнаклари остида чақнаб турган кўзлари қандай мунгли ва меҳрибон! Кенг пешонаси ўзига жуда ярашган. Бир қарашдаёқ суратга баҳо бера олиш ва қотган нон билан кун кечириш! Бу даҳшат! Бироқ кўп ҳолларда қобилиятни юзага чиқариш учун курашишга тўғри келади. Агар банкдаги икки минг доллар, новвойхона ва меҳрибон юрак эвазига уни юзага чиқара олганида, бу фақат санъат ва сурат учун бўлган бўларди.Бироқ буларнинг бари хомхаёлдан ўзга нарса эмас эди.
Харидор тез-тез нон олишга келганда бироз муддатга раста ёнида хоним билан суҳбатлашишга одатланиб қолганди. Гўёки у Мис Мартанинг шодликка тўла сўзларига ташнадек туюларди. Аммо харидор торт, пирог ёки Марта хонимнинг ширин Салли Лунларидан бирини эмас, қотган нон сотиб олаверарди. У Марта хонимга кундан кунга озиб, кучсизланиб бораётгандек кўринар, шунинг учун харидорнинг одмигина харидига ейиш учун яхшироқ нимадир қўшиб қўйишни жуда хоҳларди. Бироқ журъати етмасди. Рассомларнинг ғурурини яхши билгани учун, агар шундай қилса, бу унга нисбатан ҳақорат бўлган бўларди.
Бир куни Марта хоним кўк нуқтали фартугини тақиб олиб, орқа хонада сариқ мева уруғлари ва тозалаш учун ишлатиладиган минералдан ўзининг одамлар юз терини тозалашда ишлатадиган ғаройиб аралашмасини тайёрлаётган эди. Одатдагидек ўша харидор келиб қолди. У раста устига тангасини қўйиб, қотган нон сўради. Марта хоним у томонга бораётганда ташқаридан қаттиқ сигнал овози ва моторнинг кучли ўт олгани товуши эшитилди. Харидор кўчага отилди. Сотувчи хоним эса имкониятдан фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Раста ортидаги пастки токчадан ўн дақиқа олдин сут фермаси ишчиси ташлаб кетган янги сариёғни олди. Ўткир пичоқ билан нонларни чуқур қилиб кесиб, орасига сариёғ жойлаб, яна зичлаб ёпиб қўйди. Харидор дўконга қайтиб кирганида у нонларни ўраётган эди. Ноодатий қисқа, аммо ёқимли суҳбатдан сўнг, у кетгач Марта хоним ўзича жилмайиб қўйди. Бироқ кўнглида бироз ҳадик бор эди: Нималар қилиб қўйдим ўзи? Уни юрагига озор бериб қўймадиммикан? Шунақа бўлмасинда, ишқилиб.
Шундан кейин бироз вақт ўтиб, Марта хоним болиб ўтган воқеа ҳақида яна эслаб қолди. Рассомнинг қотган нон ичида унинг ҳийласини билиб қолганини тасаввур қилди: У чўтка ва бўёқларини пастга қўяди. Сўнг расмтахта ёнида туриб чизаётган суратининг кўриниши ва манзарасини таҳлил қилиб бўлгач, қотган нон ва сув билан тушлик қилмоқчи бўлади. Нонни кесади. Оҳ! Мис Марта қизариб кетди. У нон ичига сариёғни жойлаб қўйган шу қўллар ҳақида ўйлармикан? Аммо шу пайт унинг хаёлларини тумандек тарқатиб, эшик қўнғироғи қаттиқ жиринглади ва шовқин солиб кимдир кириб келди. Марта хоним шошиб эшик томон борганида у ерда икки киши турарди. Бири тамаки тутаётган ёш жаноб, олдин уни ҳеч кўрмаганди, иккинчиси эса рассом – унинг юзлари қизарган, сочлари тўзғиган, шляпаси бошининг орқасида эди. Иккала қўли ҳам мушт бўлиб тугилганди.
«Аҳмоқ!» деб қичқирди у баланд овозда ва яна немисчада «Таусендорфен!» ёки шунга ўхшаш нимадир деди. Шериги уни олиб чиқишга ҳаракат қилди. Аммо у кўнмади.
Ҳеч қаерга бормайман. Ҳали гапимни тугатмадим, – деди у ғазабли оҳангда. Кейин бақириб йиғлаб юборди. Марта хоним унинг қизариб кетган мовий кўзларига қарашга тоқат қила олмади.
– Сен мени хонавайрон қилдинг. Сен ҳамма нарсага бурнини суқаверадиган қари жодугарсан. Марта хоним бир қўли кўк нуқтали фартугининг этагида, бир қўли полга тушганича, токчаларга ҳолсизгина бўлиб суяниб қолди. Ёш жаноб шеригининг ёқасидан олди.
– Бас, етар. Юр мен билан, – деди ва уни судраб кўчага олиб чиқиб кетиб, қайтиб кирди ва хонимга юзланди.
– Сизга айтилажак навбатдаги гаплар нима бўлиши мумкинлиги ҳақида бир ўйлаб кўринг, хоним. Ҳозирги киши Блумбергер, архитектура чизмачиси. Биз бирга ишлаймиз. У танлов учун уч ойдан бери янги шаҳар залининг режаси устида қаттиқ ишлаётганди. Кеча якунлади. Биласизки, чизмачилар ҳар доим чизмани биринчи қаламда чизишади. Ишни тугатгач, қалам чизиқларини қотган ноннинг кичик бўлаги билан ўчириб чиқишади. Чунки қотган нон ҳинд ўчирғичидан самаралироқ. Блумбергер бу ердан нон сотиб олиб юрган. Аммо бугун сизнинг аллақандай сариёғингиз унинг барча ишларини барбод қилди.
Марта хоним орқа хонага кирди. Кўк нуқтали фартугини ечди ва эски малларанг кўйлагини кийди. Кейин сариқ мева уруғлари ҳамда минерал аралашмасини деразадан кул идиши устига тўкиб юборди.
Инглиз тилидан Олтиной Ҳайитбоева таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 8-сон