Имдат Авшар. Оқ булут (ҳикоя)

Чошгоҳ пайти келарди. Бир илиқ ел каби эсар, раҳмат булути сингари ўтарди маҳалладан. У келганда оппоқ бир товуш янграрди кўчалар бўйлаб, болаларни ҳайқириқ билан орқасидан эргаштирган бир товуш:
— Ўзи юради!
— Ўзи юради!
Бу товуш эшитилганда, товушга ошна болалар узоқ югуришга тайёрланишарди. Илиқ бир яйлов шабадаси ялаб ўтарди болаларнинг юзини. Шул оқ товуш ҳамиша айни гузаргоҳдан ўтарди. У ўтадиган йўлнинг икки четига болалардан баъзилари пойабзалининг ипини маҳкамлар, айримлари эса шоша-пиша золдирларининг чўнтакларига тиқиштиришарди. Ўйинда ютиб чиққан болалар кечирилар, қўлга тушганлар ҳайдаб юбориларди. Барча ўйинлар ёмғир охирига қолдириларди. У келганда оқ ёмғирга учарди болалар, шакар буржига кирарди қуёш. Ақида мавсуми, ҳайит дамлари ҳақиқий шакар байрамига айланарди. Суюнчи хабарлар уйларнинг деразаларига, осмонларга кўтариларди шовқин-суронлардан қўрққан қушлар. Оқ булутнинг келганини дараклаб бир-бирини қутлаган болаларнинг хушчақчақ овозлари юксаларди чанг кўчаларда:
— Ҳожи бобо келаяпти!
— Ҳожи бобо келаяпти!
Ҳар ҳафта дўл сингари ёғиб ўтарди Ҳожи бобо. Каттакон, оқ қанотли бир қуш мисоли учиб келарди, болалар унга қараб ҳайқирганча югуриб кетишарди. Ҳожи бобо ва болалар бир-бирларига яқинлашган сари севинч ҳайқириқлари ҳам кучаярди:
— Ҳожи бобо келаяпти!
— Ўзи юриб келаяпти!
Ҳожи бобо маҳаллага киргач, велосипедининг рулини қўйиб юборар, икки қўлини икки томонга кўтарарди. Шамолда ҳилпираётган пешбанди этаклари ҳаволанар, оқ кабутар сингари қанот қоқар, учиб бораётгандай кўринарди. Юзидан аримайдиган ўша табассум билан болаларга қанд сочар, бақирганича йўлида давом этарди.
— Ўзи юраяпти!
Болалар ўзи юрадиган ўша оқ ва баракали овоз орқасидан эргашганларида, маҳаллада бир қаҳқаҳа тўфони ҳамда кўп овозли югуриш бошланарди. Болалар тилларида завқли тезайтиш билан бир дарё бўлиб оқишарди велосипеднинг орқасидан. Ҳожи бобо завқли бир тезайтиш эди болаларнинг тилида. Югуришаркан ҳаммаси бир овоздан бақиришарди:
— Ҳожи бобо бери боқ, қулоғингга тери тақ!
— Ҳожи бобо бери боқ, қулоғингга тери тақ!
Бутун борлиғини шакар қилиб болаларга сочган, оқларга бурканган кўнгли қувноқ одам эди Ҳожи бобо. Яйловдан тушиб ўтган ҳар бир экин пайкалига барака бағишлаган оқ кўпикли шалола… Пахта каби оппоқ эди соқоллари. Бошидаги шляпа, оёқларидаги нейлон пойабзаллар, кўйлагининг устидан боғлаган узун пешбанди, велосипеди, велосипедига боғлаган тасмалар, ўнг ғилдиракнинг икки ёнидаги шамол гуллари, болаларга сочган ақида ширинликлари, куйлаган илоҳий қўшиқлари… Ҳаммаси оппоқ эди.
Болаларнинг уфқида оппоқ булут эди у. Ўтган йўлларига шакар бўлиб, қанд бўлиб ёғиларди. Ўша оқ булутнинг ёғдирган шакар-қандларини илиб олиш учун жон ҳолатда югурарди болалар. Ҳожи бобо қўлларини чўнтагига ҳар солганида тезайтишларни авжига чиқарган болаларнинг овозлари ўчарди бир зум. Барча кўзлар унинг қўлларига тикилар, ёмғирни кутишарди. Ҳожи бобо қандларини ҳавога ирғитганида ҳайқириқлар янгидан юксаларди. Болалар жоме масжиди ҳовлисида дон сепилган кабутарлар каби қандлар тушган ерга ташланишарди.
Дон тераётган кабутарлар: — “Ҳожи бобо бери боқ, қулоғингга тери тақ!”, — дея қичқириб қайтадан велосипед изидан тушардилар. Болаларнинг бу ҳайқириқларини эшитмагандай орқасига ҳеч қарамасди “ўзи юраётган”. Ҳар кун бошқа бир маҳаллага ёғаётган баракали оқ булут ҳар келганида қандлар сепиб, орқасидан бахтиёр болаларни эргаштирарди.
Болалар чарчаганида унинг ҳам овози узоқлашар, қўлларини қуш қанотларидай ёйиб учар, шу кетиш ғойиб бўларди. Ҳеч кими йўқ эди Ҳожи бобонинг. Хом ғиштдан тикланган бир уйда ёлғиз яшарди. Қанд сочадиган маҳаллалардан эски магнитофон, радио, соат, газ ўчоғи… нима топса сотиб олар, уларни таъмирлаб қасаба бозорида сотарди…топган барча пулини болаларнинг қувончлари учун қанд олишга сарфларди.
Баъзан велосипеднинг орқасида каттакон бир лимонад хуми билан келарди. Лимонад сотувчи айланиб юрарди. Мактаблар ҳовлисида кутар, болаларга лимонад тарқатарди. Танаффус қўнғироғи жаранглаганда болалар ҳужумига дуч келарди. Қўлидаги узун чўмич билан бардоқларни тўлдириб болаларга тарқатарди. Ўқувчилар унинг атрофига йиғилиб, ҳар бири бир ёнидан тортишар, уст-бошини юлишарди. Ярамаслар унинг қўлларига, елкасига осилар, баъзилар устига минар, айримлар этагидан тортишарди.
— Ҳожи бува, менга ҳам.
— Ҳожи бобо, мен ичмадим.
У чўмичини хумга тўлдириб бардоқларга бўшатаркан, бақириб қўярди:
— Ўзи тўлааади!
— Ўзи тўлади!
Таъмирлаган эски ашё, радио бўлса “ўзи гапиради”, газ ўчоғи бўлса ўзи ёнади!”— дея бақириб сотарди. Таъмирлаган ашёларни бозор жойига тизиб чиқар, бир кассетага ўз овозини ёзиб олар, магнитофон тугмасини босар, у ердан узоқлашарди. Таъмирланган магнитофон ҳам ўзини ҳамда бошқа ашёларни реклама қиларди. Ҳожи бобо узоқлашгач, кеча ўз овозини ёздирган кассета куйлаб, гапиришга бошларди. Таъмир қилинган магнитофон атрофига тўпланган қизиқувчан харидорларга узундан узоқ тушунтиришлар берарди:
— Мен гапираман, гапиришни биламан. Қўшиқ ҳам айтаман. Илоҳийларни ҳам куйлайман. Мана кўринглар, бу газ ўчоғи ўзи ёнади, мана бу соат вақтни ўзи айтиб беради. Мана бу радио эса бешта тилни билади…
Реклама фасли битгач, Ҳожи бобонинг овози билан бир илоҳи бошларди:
Мен юрибман ёна-ёна
Ишқ бўяди мени қона,
На оқилман, на девона,
Кел, кўр мени ишқ найлади.
Магнитофон теварагига йиғилган оломонга қарата шундай дерди:
— Олдимни тўсманглар, сурилинглар, тарқалинглар-чи!
Баъзан кўздан ғойиб бўларди оқ булут.
— Яна учиб кетди бизни тентак, — дейишарди орқасидан.
Ҳаждан қайтганлар қасам ичиб Ҳожи бобони Каъбада кўрганларини айтадилар. Телбамиди, валиймиди? Биров билмасди, аммо у:
— Ақлнинг сирдоши телбаликдир, эй ёронлар, — дерди ҳамиша.
Ҳаж мавсумида учиб бордим, учиб келдим. Ўзим бордим, ўзим келдим,— дея ўтарди маҳалладан. Болаларнинг устига қанд ўрнига хурмо ёғдирарди.
Январ ойи эди. Қор уч кун тинимсиз ёққанди. Қариялар шу пайтгача бунақа қишни кўрмаганликларини айтишарди. Шамол ҳеч тиним билмас, тунлари билан ёққан қорни совурарди. Уйларнинг шимол томонлари том бўйи қор билан қопланганди. Чордоқлар ҳам кўринмасди. Бутун қасаба оқ ёпинчиққа бурканганди. Ўша куни пешин азонидан кейин аччиқ бир даъват товуш учди миноралардан…
Оқ булут кўкка кўтарилганди, учиб кетганди бу дунёдан; “ўзи учганди…”
Оппоқ бўлиб келарди маҳаллага. Каттакон оппоқ бир қуш сингари учарди кўчаларда. Шакар ёмғири эди у. Чошгоҳ пайти, илиқ бир шамол билан ва оппоқ бир товуш билан келарди. Оппоқ бир кунда, бир тўфон билан учиб кетди ва бошқа сира келмади, “ўзи кетган”.
На ўша овоз ўтди маҳалладан, на-да шакар буржига кирди қуёш…
Ўша кундан кейин ўйинларини сира давом эттирмади болалар..

Туркчадан Файзи Шоҳисмоил таржимаси