Қўлидаги новдага балиқларни тизиб олган тақирбош болакай арғувон дарахти тагида бошини қуйи эгганича балчиққа беланган оёқларига ғамгин тикилиб ўйларди: «Бу чол менинг отамга шунақаям ўхшайдики!.. Оппоқ сочлари… Қоп-қора қошлар… Энли бурун… Чиройли кўзлар… Овози ҳам майин ва ёқимли экан, Агар кўзимни юмсам, уни отам деб ўйлашим мумкин».
Болакай шу заҳоти кўзларини юмиб олди.
— Сизни шунинг учун чорладим-да, муҳтарам Кишварди!.. Ортиқ тоқатим қолмади! Сира эплаёлмаяпман бу шумтакани!.. Ҳамма болалар ҳам бола — қўлларидан китоб тушмайди, бу бўлса туну кун балиқ тутиш билан овора! Келганига уч кун бўлмай нима қилди денг? Қудуғимизга каттакон тарвузни ташлаб юборса бўладими! Тарвуз ёрилиб, мана бир ҳафтадан бери икки хонадон сув ўрнига компот ичамиз!..
— Роса худо урибди-ку! Ҳов бола, шу гаплар тўғрими? Майли, энди, ташвиш чекаверманг, Юлия хоним. Уни Гурияга олиб борган заҳотим нақ оёғидан чинорга осиб қўяй, ана ўшанда типирчилашини кўрамиз!
— Уни қаеридан осиш кераклигини билмадим-у, очиғини айтганда, онаси бечора тағин ҳам бахтли экан, унинг бу кўргиликларини кўрмай кетди. Дарвоқе, отаси шўрлик ҳам шу азоблардан қутилди.
— Сизнинг фикрингиз қандай? Уни эпга келтириш қийиндир-ов?
— Билмадим, ҳеч нарсани билмайман. Ўзингиз ўйлаб кўринг: яқинда мен уни тегирмонга жўнатдим. Бир пуд сара жўхори олиб кетган зумраша бор-йўғи беш қадоқ ун кўтариб келса-я! Қолганини Валико Кухалашвилининг саёқларига ташлаб келибди. «Улар кўпчилик, очин-тўқин яшайди», эмиш! Бу нимаси, а?!
— Роса худо урибди-ку! Ҳов бола, шу тўғрими?
— Буям ҳолва! Ўтган куни Кукури Угулава деган ялангоёқ ўртоғи иккаласи, буни қаранг-а, ўзининг география ўқитувчиси Датико Цвераванинг боғидан шафтоли ўғирлаб тамакига алмаштиришибди! Бу қанақаси?!
— Вой ярамас-ей, ҳов бола! Шу тўғрими?
— Э, намунча бир гапни такрорлайсиз — «тўғрими?» «тўғрими?» Нима, сизнингча, мен ёлғон. гапиряпманми?
— Йўғ-э, муҳтарама Юлия! Уни наҳотки қайтариб бўлмаса, наҳотки бутунлай сондан чиқди экан, деб айтаяпман бунй.
— Нега энди. Уни қутқариш мумкин, албатта. Лекин менинг кучим етмайди-да. Бунинг учун бақувват эркак қўли керак. Устига-устак менда бунақалардан яна иккитаси бор — ўзимнинг Коламдан туғилган болалар. Яйловдан келсин, ўзингиз кўрасиз: улар бундан ҳам баттар.
— Хў-ў-ш-ш… Сизга нима десамикин, муҳтарама Юлия… Ота-онаси тирик пайтларида-ку, мени боланинг яқинигаям йўлатмасди. Энди нима қилсам экан-а?.. Унинг кўнглини қандай овлашниям билмайман. Мен унга бегоналашиб қолганман, тушуняпсизми? Бегона!
— Ундай деманг, муҳтарам Кишварди! Нима бўлганда ҳам у ўғил бола. Сизлар тез тил топишиб кетасизлар. Устига-устак, у авлодингиз давомчиси…
— Тўғри-ку, ўқишга кўнгли қалай, муҳтарама Юлия?
— Ҳим-м… Ўз ўқитувчисининг шафтолисини ўғирласа… Қандайдир бир «Декамерон» деган китоб учун ўз бувисининг кумуш қошиқларини олиб сотса… Ўзингиз айтинг, муҳтарам Кишварди, шунақа бола дарс ҳақида бош қотирармиди?!
— Ҳов бола, шу тўғрими? Масала ҳал! Уни Гурияга олиб бораману оёғидан чинорга осаман-қўяман!
— Ана унга бир қаранг, биз ўлиб-тириляпмиз-ку, бу кишининг парвойи фалак. Бир туки қимир этмайди-я…
Бола эса арғувон дарахти тагида кўзларини юмганча хаёл сурарди:
«Юлия бувим бечора обдан чарчабди. Илгарилари овози нақадар ёқимли эди, энди бўлса одамни нақ чақиб олай деяпти. Балки, менга шундай туюлаётгандир. Анови одам чиндан ҳам буваммикин-а? Шунчалик осойишта ва ёқимли гапирар эканки!.. Ҳа, бувим чарчаганга ўхшайди. Ишқилиб, манави чолга қўшиб жўнатиб юбормаса гўргайди. Бундан кейин сираям уни хафа қилмасдим! Жўнатмаса, жўнатиб юбормаса майлийди…»
— Етим-ку, муҳтарама Юлия, ғазабдан ташқари унга меҳр ҳам керак, ахир!
— Етим кўнглини етим билади! Меҳр нималигини биладими у? Меҳр эмиш…
— Ҳов бола, шу тўғрими? Уни Гурияга олиб бораману оёғидан чинорга осиб қўяман! Қачон олиб кетай, муҳтарама Юлия?
— Менга деса, ҳозирнинг ўзидаёқ! У йўлга шай бўлиб турибди.
— Қандай қилиб ахир? Болакайнинг уст-боши юпун-ку…
— Ўтган йили уни Авчалдан мен ҳам шу аҳволда олиб келганман, муҳтарам Кишварди. Ёки заржиякли иштон-кўйлак тиктириб беришим керакми?
— Бечора болагинам!
— Йўл олдидан овқатланиб олсангиз бўларди, муҳтарам Кишварди.
— Э, йўқ, ташвишланманг муҳтарама Юлия, Самтредиада тамадди қилиб оламиз. У ердан уйимизгача бир қадам йўл.
— Ихтиёрингиз… Эсон-омон етиб олинг. Авлиё Георгий сизни ўз паноҳида асрасин!..
— Омон бўлинг, муҳтарама Юлия!..
— Мана буларни олиб кетинг, муҳтарам Кишварди!
— Нима бу?
— Унинг турли ҳужжатлари-да… Сентябрда мактабга юборишингизга тўғри келади. Ўшанда асқотади. Тўртинчи синфга кўчган. Тўғри, справкада бир чатоқ жойи бор: Ломжария Нодари ўрнига Ломжария Надири* деб ёзилган… Лекин, менимча, унчалик хато эмас, унинг ўзи асли шунақароқ шекилли.
— Ҳов бола, шу тўғрими? Нима ҳам дердим, уни Гурияга олиб бораману оёғидан чинорга осиб қўяман.
— Хоҳлаган жойингизга осинг, фақат энди уни бу ерда кўрмасам бас.
— Оёғидан, оёғидан осаман!
— Омад ёр бўлсин.
— Агар у ҳам ёрдам бермаса, бошқача йўл билан шундай таъзирини бераманки, ҳатто тошлар ҳам йиғлайди.
— Хўп бўлмаса, кўришгунча муҳтарам Кишварди.
— Яхши қолинг, муҳтарама Юлия!
Мазкур олди-берди можароси 1938 йил август кунларининг бирида қоқ пешин чоғи Хони қишлоғида, Нодар Ломжариянинг имеретиялик бувиси, аниқроғи — онасининг онаси муҳтарама Юлия Микеладзе ва боланинг гуриялик бобоси, аниқроғи — отасининг отаси муҳтарам Кишварди Ломжария ўртасида бўлиб ўтди.
Орадан бир соатча ўтиб, болакай — 1928 йилнинг 14 июлида Тбилиси шаҳрида хизматчи оиласида туғилган Нодар Ломжария бувасининг ортидан бўйнига арқон солинган бузоқдек бошини эгиб, қизиган тупроқ йўлдан юриб борар эди…
Хонидан Кулешигача бобо билан набира тўрт ғилдиракли енгил аравада, Кулешидан Самтредиагача катта аравада боришди. Бу ердан бирон нарса тамадди қилмай, чой фабрикасининг Чохатаурига кетаётган оғир юк машинасига ўтиришди. Сўнг Интабуети қишлоғига йўл олишди.
Бобо олдинда, набира унинг ортида борар эдилар. Кексалик қийнаб қўйган бобо оғир нафас олар, инқилларди. Қаршидан келаётган йўловчига кўзи тушса, у жим эгилиб таъзим қилган кўйи саломлашар, сўнг бир оз жим туриб, яна инқиллаганча йўлга тушарди. Гоҳо болага унсиз кўз ташлаб қўярди. Қари от ортда қолаётган тойчоғи—супрақоқдисига шундай қарайди.
Бола эса ўй ўйлаб борарди:
«Мана, олдимда кекса, касалманд, инқиллаб-синқиллаган, бошида ранги униқиб кетган шляпали чол боряпти… У мени дарахтга оёғимдан осиб қўймоқчи… Чол менинг бобом… Отамнинг отаси… Бобо! Унинг кетидан эргашишга мени нима мажбур қиляпти? Нима учун худди қулдек итоат билан шу чанг йўлдан судралиб кетяпман: икки қадам четга чиқсам бас, тўрт томоним қибла, кетавераман!.. Лекин ундай қилолмайман! Қила олмайман! Мени қандайдир бир куч мажбур қилиб олиб кетяпти, чолнинг кетидан борасан-вассалом, деяпти! Бу қандай куч ўзи? Нима учун мен — чарчаб ҳолдан тойган, оч, иссиқ ва ташналикдан беҳол бўлган бола шартта ортимга қайтиб кета олмаяпман? Нега? Бу қандай куч ўзи?»
— Нималарни ўйлаяпсан, болагинам? — бирдан ўгирилди чол.
— Ҳеч нимани, — ўйлаб ўтирмай жавоб берди шошиб қолган бола. У ҳамма нарсани кутса-да, бундай савол тушиши хаёлига келмаган эди.
Чол йўл четига чиқиб ўтирди. Оқ-уҳ қилиб нафасини ростлаб, болага қаради-да, бармоқларини букиб санай бошлади: «28, 29, 30, 31… 38».
— Сен болам 28-йилда туғилгансан, ҳозир 38-йил, демак 11 га кетяпсан. Катта йигит бўлиб қолибсан. Ҳеч нарса ҳақида ўйламасликка қандай ҳаққинг бор, а? Ёки бобонгдан яширяпсанми?
— Йўқ, бобо, ҳеч нарсани ўйлаганим йўқ! — алдади бола.
— Лекин, энди ўйлашга ўрганадиган пайтинг келди, аллақачон келган.
Мўйсафид яна «оҳ-уҳ»лаб ўрнидан турди-да, йўлида давом этди. Болакай, гўё арқонланган бузоқдек итоат билан унга эргашди…
* * *
Офтобда қорайган, сочлари пахмоқ бола энди чинор тагида белкуракка таяниб, лой бўлиб кетган ялангоёқларига ғамгин қараб турар ва ўйларди: «Бир йилда у шунчалар қариб, бучайиб қолибди. Юзи тўла ажин… Овози қандайдир бўғиқ… Лекин, барибир, у менинг онамга — ёш, чиройли, ёқимтой, қуралайкўз, меҳрибон онамга ўхшайди. Сочлари ҳам, юриши ҳам ўхшайди. Агар кўзимни юмиб турсам уни ўз онам деб ўйлашим мумкин.»
Лекин бола кўзларини юммади, қўрқди.
— Тинчимни йўқотдим, муҳтарам Кишварди! Онасининг арвоҳи мени тушимда ҳам, ўнгимда ҳам қўймаяпти… Ўз виждоним ҳам қийнаяпти мени… Уни олиб кетганингиздан бери, кўкрагимдан юрагим суғурилиб қетгандек, қаддимни кўтаролмаяпман… Болани менга қайтариб беринг, муҳтарам Кишварди.
— Шунақа денг, уни сизникидан олиб кетаётганимда бола эди. Энди катта йигит бўлиб қолди, мен қаршилик қилмайман.
— У мендан хафа бўлган. Яраштириш фақат сйзнинг қўлингиздан келади, муҳтарам Кишварди. Сиз доно одамсиз.
— Ахир сизда бунақадан яна иккитаси бор-ку, муҳтарама Юлия. Менга жуда бўлмаса биттасини қолдиринг!
— Гап сонда эканми! Иқкитами, ўнтами, юзтами — ҳаммаси бир. Ҳамма набира ҳам буви учун баб-баравар, муҳтарам Кишварди.
— Шундайликка шундайку-я, лекин мен нима қилай? Мендан кейин Ломжария авлодини давом эттирадигай шу бола-ку!
— Мен фамилиясини ўзгартирмайман. Хоҳласангиз, анови икковиниям фамилиянгизга ўтказдириб бераман, бир тилагим — болани менга беринг.
— Демак, болани мендан тортиб олгани келибсиз-да, муҳтарама Юлия?
— Мени нариги дунёга армон билан жўнатманг! Ахир у дунёда онасинингч кўзига қандай қарайман?!
— Эй, муҳтарама Юлия, у дунёга ким олдинроқ бориши маълум эмас-ку. Агар сиздан олдин мен кетсам, унинг отаси билан онасининг юзига қандоқ қарайман?!
— Сиз юратуринг, муҳтарам Кишварди.
— Бу бола — менинг далам, узумзорим, тегирмоним, қабрим, қабр тошим ҳам. Йўқ, ўлдирсангиз ҳам уни бермайман!
— Ундай бўлса, мен худди шу ерда ўзимни ўзим ўлдираман! Нақ кўз олдингизда…
— Худо хайрингизни берсин, муҳтарама Юлия, нималар деяпсиз?.. Бувинг билан кетасанми, болагинам?
— У айтармиди? Сиздан уялади-ку!
— Шундайми, болам?
— Унга она меҳри керак, муҳтарам Кишварди! Ювиб-тараш, чўмйлтириш… Ахир сиз она ўрнини боса олмайсиз-ку!
— Энди бундай деб ҳам бўлмайди. Шу маҳалгача ёмон қарамадим. Ҳарҳолда сиздан ёрдам сўраганим йўқ…
— Тўғри, тўғри, муҳтарам Кишварди, лекин барибир… Ётишдан олдин боланинг оёғини ювиш, мактабидан хабар олиб туриш керак. Бу эркак кишининг иши эмас!
— У бизнинг мактабдан хафа эмас. Сизнинг мактабингизда уни ҳайвон дейишди, ёдингизда бўлса. Сиз ҳам… У эса бинойидек одам. Ўқитувчисининг шафтолисини ҳам ўғирлагани йўқ.
— Нега ўшанда тилим танглайимда қотмади-я!..
— Лекин у энди мўмин-қобил бўлиб қолган-у, шафтоли ўғирламайди десангиз янглишасиз.
— Нима қилсаям майли.
— Унни бошқаларга инъом этмайди, деб ким кафолат бера олади?
— Инъом этса этар. Топганим шуники. Истаса — ёқиб юборсин, сира қаршилигим йўқ.
— Чекадиган қилиқ ҳам чиқарди…
— Шу тўғрими, болам?
— Сиз мендан сўранг, чўнтагимни қоқиштириб оляпти…
— Чекса чекар, ўзингиз айтдингиз-ку, эркак киши деб!
— Яна бир ой сабр қилинг. Қурт тутганимга мукофот чиқади, бошдан-оёқ кийинтираман, шу ҳолда чувринди бўлиб кетмайди-ку.
— Фақат жавоб берсангиз бўлди, уни кийинтириш — менинг ишим. Ўз кўйлагимдан бўлса ҳам кийим-бош тикиб бераман.
— Лекин унга жудаям ярашиб тушса керак-да!
— Сизга ҳазил бўлса, менинг эса юрагим лахта қон…
— Айтдим-ку, муҳтарама Юлия, у катта йигит, бу масалани ўзи ҳал қилсин.
— Унга сиз диндор учун хочдек бир гапсиз. Ҳар бир сўзингиз гўё яратганнинг ҳукмидек. Айта қолинг, муҳтарам Кишварди!
— Худодан қўрқсангиз-чи, муҳтарама Юлия! Ким ўз жону жаҳонини уйимдан кет, дейди.
— Нима, мен бегонаманми унга? Менинг жону жаҳоним эмасми? Бор-йўғи бир йиллик умрим қолди. Ўтиниб сўрайман сиздан, ажалимдан беш кун бурун ўлдирманг, шу болани бечора кампирга совға қила қолинг.
— Муҳтарама Юлия!
— Истасангиз қаршингизда тиз чўкаман, мана, тиз чўкаман!
— Э, қўйсангиз-чи? Ўрнингиздан туринг, тавба! Майли, сиз истаганча бўлақолсин.
— Э, яратган эгам, шу болага бахт ва шодлик ато қил!
— Энди менга бу дунёда ортиқ қувонч йўқ! Бувинг билан борақол, болагинам…
Бундай айтишув юқорида тасвирланган воқеалардан нақ бир йил кейин, яна боланинг гуриялик бобоси ва имеретиялик бувиси ўртасида бўлиб ўтди. Лекин энди бу олди-берди можароси эмас, қайнаб турган икки қоннинг тортишуви, талпинаётган икки юракнинг фарёди эди. Меҳр- эҳтиросларнинг бунчалик тортишувидан болада юрак уриши кучайди, томоғига шўр бир нарса тиқилди, муздек тер, қаттиқ иситма, титроқ ва кўкрагида оғриқ пайдо бўлди. Нотаниш зўр бир куч уни гоҳ бувисига тортар, гоҳ қаттиқ зарб билан бувасига итқитар эди. Бола гўё баданига бир неча марта қизиган темир санчилгандек аччиқ оғриқ ҳис этди. Чол билан кампир ўртасида бу ғалати, аламли айтишув давом этар экан, боладан англаб бўлмас бир қўрқув, таҳлика ва ниманидир кутиш туйғуси аримасди.
Бувиси ўрнидан турди, боланинг ёнига қелди, уни қучоқлади.
— Сен менинг севинчимсан, кўзимнинг нури, юр, мен билан. Менга икки кун бўлсаям умр ҳадя эт!
Бувиси йиғлар, боланинг бошига қайноқ томчилар томарди. Йиғлаб бўлиб, у болани аста бағрига олди. Лекин бола қимир этмай темир таёқдек, ерга чуқур илдиз отган дарахтдек тураверди.
— У билан борақол, болам! Бувинг бечора билан борақол… У сенга тўйиб олсин, кейин менга қайтариб беради. Унгача сени мен соғиниб қоламан. Сен нима деб ўйловдинг? Набира бўлиш осон иш эмас. Қийин, жуда қийин. Айниқса, мен ва сенинг бувингга ўхшаш, шарти кетиб парти қолган чол-кампирларнинг набираси бўлиш осонмас… Борақол, жон болам… Болтанг, омочинг, белкурагинг, саватинг, сигир билан бузоғинг, эчки билан чўчқанг ҳеч қаёққа кетмайди, улар сени кутиб туришади.
Бобо эса давом этди:
— Мана, папканг, китобларинг, грузин тили, тарих… Яна ниманг бор эди? Ҳаммаси шу шекилли. Шиминг, кўйлагинг, шиппагингни кийиб олгансан. Қишлоққа етгунингча оёқяланг кетавер. Бўлмаса шиппагинг дош беролмайди, Ана бўлди… Қани бор!
Кишварди Ломжария ҳозир набираси сеҳр оғушида эканини, икки қоннинг тортиш кучи уни зўр бериб икки томонга тортаётганини тушунди. Унинг қай бири ғолиб чиқар экан? Қайси қон енгади? Бу курашнинг ниҳоясини кутиш мумкин эмас.
Шунда Кишварди Ломжария кампирдан олдин гап бошлади:
— Хўш, нимани кутиб турибсан? Сен билан пачакилашиб чарчадим.
Бола чўчиб бобосига қаради.
— Бор, қайтишни хаёлингга ҳам келтирма! Тушундингми?
Бир пайтнинг ўзида боланинг юрагида бобосига нисбатан аччиқ алам, бувисига нисбатан илиқ меҳр уйғонди. Оқиб чиққан кўзёшидан нигоҳлари хиралашди. Боши ўз-ўзидан кўксига эгилиб тушди. Сўнг у бир оғиз ҳам сўз қотмай, арқонланган бузоқдек, Чохатаурининг чанг йўлларида ўзининг қари, букчайган, бошдан-оёқ қора кийинган бувисига эргашиб кета бошлади.
Кишварди Ломжария камин олдида ўтирар ва мис қозондаги сув қайнашини кутарди. Кишварди Ломжария оловга тикилар ва ўйлар эди. Ўйлар ва, шу билан бир пайтда, ўзининг эзгин хаёлларидан қочишга уринар эди. Аммо одам боласи ўзидан ўзи қаёққа ҳам қочиб қутуларди. «Болани юбормаслигим керак эди. Лекин кампирнинг нолаларига чидай олмадим-да. Энди ўзим унинг аҳволига тушиб ўтирибман. Янаги ҳафта бораман-да, болани қайтиб беришни илтимос қиламан. Бермаса тортиб оламан. «Ўз қонимни, ўз жонимни мендан тортиб олишга нима ҳаққинг бор, ахир сен худо эмассан-ку», дейман. Лекин у ҳам менга худди шундай жавоб қилиши мумкин-да. Ахир мен ҳам бор-йўғи бир бандаман. Бола менга қандай бўлса, унга ҳам шундай-да. Шундай экан-да, одамзод нақадар ожиз! Кейинги ҳафта бораман-да, кампирнинг оёғига йиқиламан. Йўқ, бир ҳафта чидай олмайман, индингаёқ бораман… Йўқ, эртага! Эрта саҳарлаб, тонг отиши билан йўлга чиқаман. Тезроқ тонг отақолсайди…»
Кишварди Ломжария камин олдида, мис қозондаги сув қайнашини пойлаб ўтириб шуларни ўйлар экан, бирдан эшик очилиб, остонада боши эгик, шиппакларини боғлаб елкасига хашлаб олган бола кўринди.
— Ўзингга шукр! — деб юборди бобо.
— Қайтиб келдим, — шивирлади набира.
— Қайтиб келишингни билардим, — деди бобо.
Кейин Кишварди Ломжария мис тоғорага мис қозондан иссиқ сув қуйиб, набирасининг толиққан оёқларини узоқ ювди. Унинг учун ёғоч каравотга ўрин солди-да, ўзи ташқарида, ҳужрада ётиш учун чиқиб кетди.
Ярим кечада мўйсафидни боланинг овози уйғотди:
— Бобо, иккимиз бирга ётсак бўлмайдими?
— Келақол, болагинам, — чол шундай деб девор томонга сурилди.
Бола бобосининг бағрига кирди.
«Бувам бечора обдан совқотибди-я», — ўйлади бола.
«Қандай қайноққина!» — ўйлади бобо.
Орадан бироз дақиқа ўтгач, бобо сўради:
— Менинг олдимга нега қайтиб келганингни биласанми?
— Йўқ!
— Ундай бўлса билиб қўй, сени қон суриб келди. Ана кўрдингми, қон — буюк куч, болагинам!
Бу тун улар ортиқ сўзлашмадилар. Ҳеч нарса ҳақида ўйламадилар, гаплашмадилар ҳам. Бобо ҳам, набира ҳам ширин туш оғушида уйқуга кетдилар.
Ш. Юсупова таржимаси.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 6-сон.
______________
* Сўз ўйини: Нодари — эркакча исм, надири — ҳайвон.