Cодиқ Ҳидоят. Ёш хотиннинг жафоси (ҳикоя)

Кеч тушиб қолган, тоғлар орасидаги қўрғон ёнида, мўъжазгина қаҳвахона ҳовлисида, тут соясидаги ёғоч каравотда икки кишинигина кўриш мумкин эди. Граммофондан дилрабо мусиқа тараларди.
Қаҳвачи эса улардан анча нарида, самоварга ўтин қалаш билан овора. Тут соясидаги мусоҳибларнинг бири озғин, кўзлари ич-ичига ботган, чўққисоқол қария Машҳади Шаҳбоз қаландарсифат, юзидан ҳорғинлиги сезилиб турган суҳбатдоши Мирзо Ядоллоҳга маъни берар эди. Бир қарашда уларнинг янги, тасодифий танишлар эканини сезиш мумкин.
Улар замонанинг бевафолиги, хотинларнинг беандоза қилиқлари хусусида қизғин баҳслашишарди. Гап тирикчилик масалаларига, пул топишнинг чандон оғирлашиб бораётганига тақалди.
– Тирикчилик одамни не куйларга солмайди, – бошини ликиллатиб гап бошлади Шаҳбоз. – Қилмаган ишимиз қолмади. Бир пайтлар Теҳронда баққоллик дўкони ҳам очганман. Кунига олти қиронга яқин пул топардим. Учма-уч рўзғорга етказардим.
Ҳамсуҳбати Мирзо Ядоллоҳ илкис унинг сўзини бўлди:
– Нима, ҳали сиз баққолчилик ҳам қилганмисиз? Менинг баққол жамоатидан кўнглим қолган.
– Нега? – ажабланди Шаҳбоз.
– Бунинг тарихи узун. Сиз аввал гапингизни тугатинг! Шаҳбоз сўзида давом этди: – Шундай қилиб… ҳа, дўконим бор эди. Шу касбнинг орқасидан яхшими-ёмонми анча пайт тирикчилик қилдим. Ўша фурсатда бир заифа йўлимдан чиқди. Э, у хотинмас бир ўт парчаси эдики, асти қўяверинг. Хуллас, у билан оила қурдим. Мен уни еру кўкка ишонмас эдим. Хотин зоти эркакнинг териси остига кириб олмасин экан.
Бутун ақлу ҳушимни эгаллаб олганди. Инон-ихтиёрим унинг қўлида эди. Беш йил аввал мендан кўнгли қолдими, ё бошқа бировга кўнгил қўйдими, ҳарқалай “талоғимни бер, кетаман”га тушиб олди. Ҳеч нарса деёлмадим. Бор-будимни сотиб, пулни бўғчага жойлаб, икки яшар боласини эргаштириб кетворди. Аввалига ҳийла енгил тортдим. Қулоғим тинчиди деб ўйлагандим. Аммо бу хотин мени тамомила ўзига боғлаб олган экан.
Беш йилдирки, ороми қарорим йўқолган. На ётиш-туришимда, на еб-ичишимда барака қолди. Биттаю битта зурриёдим, кўзимнинг қорасига нима бўлди, кимларнинг қўлида қолди, билмайман.
– Э, бу хотин зотини тушуниш қийин, – бош чайқади Мирзо Ядоллоҳ. – Бунақа бевафо аёллар аслида эркакларнинг эътиборига, ғамхўрлигу парваришига арзимайди.
– Аёлимнинг жуда ғалати феъли бор эди, – Шаҳбоз пешанасини тириштириб хотираларига берилди. – Баъзан ҳеч ким билан гаплашмас, жуда одамови бўлиб қолар, нуқул ҳеч нарса гапирмай уҳ тортгани тортган эди. Шунда “аввалги эрини қўмсаб қолгандир” дея ичимни рашк тирнай бошларди.
– Нима, сиз унинг иккинчи эримидингиз? – сўради Мирзо Ядоллоҳ қизиқсиниб.
– Ҳа, – бош ирғади Шаҳбоз. – Қўлимдан келганича унинг кўнглини овлашга, меҳрини қозонишга интилдим. Боримни йўлига нисор қилдим. Айтганини бажардим. Аммо, на илож, кетди. Уни яна бир кўрсам, юзма-юз келсам эди, деб орзу қиламан. Лоақал ўғлимни кўриш насиб этсайди.
– Э, биродар, бир кам дунё дейдилар, – унга таскин берган бўлди Ядоллоҳ.
– Сабр қилган муродига етар, дейди. Яратган ҳам сабрлиларни хуш кўрармиш. Ўзим ҳам минбар тепасида бўлганимда ҳамиша айтардимки, ас-сабру мифтохул фарах, яъниким сабр шодлик калитидур.
– Сиз олим бўлганмисиз? – сўради Шаҳбоз.
– Э, бу ўн икки йилнинг нарёғидаги гаплар, – афсус билан бош тебратди Ядоллоҳ. – Ҳозир кўриб турганингиздек бир овораю саргашта кимсаман, – у бир муддат жим қолиб, оғир хўрсинди. – Менинг ҳам ҳаётимни бир аёл барбод қилган.
– Э, бу хотинлар дастидан додингни ким айтасан, – деди Шаҳбоз.
– Йўқ, бу воқеанинг хотинлар макрига алоқаси йўқ. Бунга фақат ўзим айбдорман. Агар Теҳронда яшаган бўлсангиз, Абувий деган кишини эшитгандирсиз? Отамнинг довруғи бир пайтлар бутун шаҳарга таралган эди. Қиссахонлигу қасидахонликда, воизлигу дуогўйликда ҳеч ким унинг олдига тушломасди. У қатнашган мажлисларда одам шу қадар тирбанд бўлардики, игна ташласанг, ерга тушмасди. Аммо отам шону шуҳратини ўзи билан олиб кетди. От изини той босади деб, мен унинг ўрнини эгаллашга ҳаракат қилдим. Отамнинг жоҳу жалолини тиклаб, ҳужрасига эгалик қила бошладим. Ўзим талаба эдим, оладиган нафақам еган-ичганимга етмасди. Ҳар қалай ваъзу қасидалар ўқиб, тингловчилар эътиборини тортишга, улар ичидан ўзимга мухлис топишга уриндим…
Кўп ўтмай отамнинг муносиб издоши эканим элга маълум бўлди. Шу-шу мени баъзи хасталарга дам солиб дуо ўқишга ҳам чақирадиган бўлишди. Бир оқшом мени бир беморга дам солиш учун олиб кетишди. Қарасам, ўн тўрт-ўн беш ёшли қизча экан. Нафасим унга қанчалик кор қилганини билмадим, аммо у ўша заҳоти мени хаста қилиб қўйганди. Алқисса, ўша қизчага кўнглим суст кетди. Унгача иккита сийға (шиа мазҳабига мансуб мусулмонлар учун вақтинча никоҳдаги аёл – тарж.) билан яшаб, кейин уларнинг жавобини бергандим. Аммо бу қизча уларга ўхшамасди. Хуллас, икки кун ўтиб, унинг уйига уч туман пул, бир сидра кийим- бош ва майда-чуйда билан совчи жўнатдим. Қизнинг ота-онаси кўп куттирмади. Камтарона тўй қилиб ўйландим. …Кечқурун унинг ёнига кирдим. У шу қадар кичкина ва норасида эдики, ўзимдан ўзим уялиб кетдим.
Унга раҳмим келарди. Ахир унинг ҳали она сути оғзидан кетмаган, оила нима, эр-хотинлик нима, англайдиган ёшда эмасди. Бироқ ёши етмишдан ошиб, ўн-ўн икки яшар қизларни ҳар хил ҳийлаю найранглар билан қўлга киритадиганлар озмунчами? Рубоба (унинг исми шунақа эди) мени кўриши билан дағ-дағ титрай
бошлади. Қўлимни теккизишга ҳам ботина олмасдим. Унга яқин боришим билан йиғлай бошларди. Хуллас, уни каравот устига ётқизиб, ўзим ундан анча нарида, ерда ётадиган бўлдим. Ўша ондан яхши гап билан уни ром қилишга киришдим. Унга битта эртак айтиб бердим.
Эртаси куни яна бир эртакни ярмигача айтдим. Учинчи куни индамай ётсам, Рубобанинг ўзи “Кечаги эртакнинг давоми нима бўлди, подшоҳ Жамшид овга чиққан жойда тўхтатиб қўйгандингиз”, деди. Мен шу гапни кутиб турувдим. “Бошим оғрияпти, қувватим йўқ, баланд овозда гапиролмайман, яхшиси сенга яқинроқ борай”, дедим. Эртакни айтарканман, унга томон силжиб боравердим. Охирида…
Шаҳбоз мусоҳибининг суҳбатини эшитиб кула бошлаганди, аммо унинг кўзойнаги ортидан ёшли кўзларини кўриши билан ўзини қўлга олди. Мирзо Ядоллоҳ эса жўшқин овозда ҳикоясини давом эттирди.
– Бу гапларга ўн икки йил бўлди. Ўн икки йила-а? Қанақа аёл эди у? Меҳрибон, ақлли, одобли. Саранжом-саришта, ораста эди. Ўзи кичкина бўлсаям ҳамма ишга улгурарди. Кичкина қўлчалари билан кир ювар, тикиш-бичиш қилар, ширин-ширин овқатлар пиширарди. Мен унга ўқиш- ёзишни ўргатдим. Тез орада Шайх Саъдийнинг ҳам шеърларин ёддан айтиб берадиган бўлди. Хуллас, у билан уч йил бахтли ҳаёт кечирдик. Ўзингиз биласиз, бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув. Тирикчиликнинг ўзи бўлмайди. Фақат қасидахонлик қилиб, гузарма-гузар кезиб топган пулим рўзғорга етмайдиган бўп қолди. Келишмовчилик ҳам ана шундан келиб чиқди. Дўст бор, душман бор, кимдир хотинимни йўлдан уриб, орамизга совуқчилик тушди. Нима бўлдию, кунларнинг бирида қаттиқ тортишиб қолдик. У аввал кўзимга мусичадек беозор, хокисор ва муте бўлиб кўрингани билан турган битгани заҳар- заққум эканини ўшанда билдим. Уни тинчлантириш учун ҳар қанча уринмай тўхтатишнинг иложи бўлмади.
– Қанчалик пешонам шўр экан. Ўз уйимда ёғ ичидаги буйракдек яйраб ўсгандим. Еганим олдимда, емаганим ортимда эди. Қурумсоқ отам келиб-келиб сендек бир тиланчига мени сотди. Менинг тенгим аслида сен эмасдинг. Бу кунимдан ўлганим яхши эмасмиди? Сен билан бошқа яшолмайман, – дерди. Ҳарчанд ўзимни қўлга олишга уринмай, уддасидан чиқолмадим. Ахир сабр-тоқатнинг ҳам чеки бўлади. Кўз олдим қоронғилашиб кетди. Дастурхон бошида ўтириб эдим, овқат тўла идишни олиб, ҳовлига ирғитдим. Шарт ўрнимдан турдиму, хотинимниг қўлидан тутиб, қўшни ҳовлида турадиган Шайх Маҳдийннг ёнига бордим. Унинг гувоҳлигида хотинимни уч талоқ қўйдим.
Эртаси куни уйғониб, тундаги ҳолатнинг даҳшатини тасаввур қилдиму дунё кўзимга қоронғу туюлди. Пушаймон бўлдим. Аммо, энди бундан нима наф? Хотиним менга ҳаром бўлганди. Девонага ўхшаб кўчама-кўча саргардон кездим. Мени кўрган танишларим ҳам танимай ўтиб кетишарди. Хотинимни қанчалик севишимни ўшанда пайқадим. На ейиш- ичшимда, на ётиш-туришимда ҳаловат бор эди. Ҳатто, уйда ҳам қамалиб ўтиролмасдим. Уйдаги ҳамма нарса уни ёдимга солаверарди. Ахийри мазам қочиб, ётиб қолдим. Рост, уйланай десам, дарахт шохидан қиз ёғиларди. Аммо ҳеч ким унинг ўрнини боса олмасди.
Шу тариқа икки ойдан зиёд вақт ўтди. Унинг иддаси ҳам тугаб қолди. Мен ҳар қандай йўл билан бўлмасин, уни қайта никоҳимга олишга аҳд қилдим. Неча марталаб эшигига бош эгиб бордим. Аммо фойдаси бўлмади. Биласиз, шариат ҳукмига кўра, талоқ қилинган хотинни қайта никоҳга олиш учун кимгадир тегиб чиқиши керак. Иккинчи эрнинг ҳарамини кўрмай, аввалги эрига қайта олмайди. Демак, пул тўплаб, ижарага бирорта муваққат эр топишим керак эди.
Маҳалламизда бир баққол яшар, унинг башарасига қараган одамнинг қусгиси келарди. Умрида бетини ювмагани учунми, етти кучук яласа тўярди. Ўзиям яримта пиёз учун бош кесишга тайёр кимсалардан эди. Бориб, унга вазиятни тушунтирдим. Ҳамма харажатни ўзим кўтариб, Рубобани бир оқшом унга никоҳлаб берадиган бўлдим. Устига-устак қўлига беш туман пул ҳам бердим.
Шаҳбоз ҳамсуҳбатининг гапларини эшитиб, бошини хиёл эгиб олди. Чамаси у Ядоллоҳнинг ҳикоясидан мутаассир бўлмоқда эди.
– Ўша оқшом янтоқнинг устида ётгандек ухлолмай чиқдим. Уч йил бир ёстиққа бош қўйган аёлимни биров исмини тилга олса, чавақлашга тайёр турардим. Энди эса ўз қўлларим билан уни бир бедавонинг қўйнига солиб қўйдим. Хуллас, амаллаб тонг оттирдиму саҳар туриб, баққолнинг уйига йўл олдим. Уни чақириб, эшигида бир соат кутдим. Назаримда бир аср ўтгандек бўлди.
У чиқиши билан “Қани, хотинимни чақир, келишувга биноан уни талоқ қилишинг керак, ҳар қалай сенга беш туман берганман” дедим. Унинг ўша фурсатдаги шайтоний қиёфаси кўз ўнгимдан кетмайди. Тиржайганча “Тошингни тер, – деди менга. – Минг туман берсанг ҳам сенга хотинимнинг бир тукини раво кўрмайман”.
Кўз олдимда яшин чақнагандек бўлди.
Шаҳбоз кўзларини олайтириб, Ядоллоҳга юзланди:
– Субҳоноллоҳ, шунақаси ҳам бўларканми а?
– Сиз ишонмайсиз, биродар, – кадар билан гапида давом этди Мирзо Ядоллоҳ. – Нима ҳам қила олардим? Ҳақиқат мен томонда бўлганида ўзим билардим. Баққолнинг ниятини пайқадим. “Минг туманга бир тукини бермайман” деганидаёқ унинг мақсади фақат пул, каттароқ пул эканини билдим. Аммо менда ўша фурсатда сариқ чақа ҳам йўқ эди. Унга ҳеч гап айтолмадим. Томоғимга нимадир тиқилган, овозим битиб қолганди.
Нокому ноумид унинг эшигидан қайтдим. Қайтдиму дунёи дунга ҳам этак силкидим. Эгнимга қаландарлар жомасини илиб, ҳайё ҳуй деб йўлга тушдим. Мана ўн икки йилки, жаҳонгаштаман, шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ кезаман, гоҳ одамлар гавжум жойда қиссахонлик қиламан, гоҳ муаллимлик. Баъзан униси- бунисига хат, ариза ёзиб бериб, чойчақа ишлайман. Гоҳида қаҳвахоналарда одамларга «Шоҳнома» ўқийман, вақти келса, най чалиб бераман.
Шу тариқа умрим ҳам поёнига етиб бормоқда. Боя нима учун баққол халқидан кўнглим қолган, деганимни энди тушунгандирсиз? У гапини тугатиб, бир нуқтага тикилганча, жим қолди.
Шаҳбоз бошини икки кафти орасида қисиб ўтирарди. Ниҳоят бошини кўтариб, оҳ чекди.
– Рубобанинг чап юзида чечакдан қолган изи бормиди? – сўради дафъатан Ядоллоҳга юзланиб. – Гапирганда кўзларини пирпиратиб турармиди?
Ядоллоҳ даст ўрнидан қўзғолди: – Сизга ким айтди буни?
– Ҳаёт инсонни ўзгартиради, юзларга ажин тушади, соч-соқол оқаради, тишлар тўкилади, овоз ўзгаради. Қарангки, иккимиз ҳам бир-биримизни танимабмиз. Ахир сиз бир пайтлар маҳалламизда турган шайх Расулнинг ўғли оғойи Мирзо Ядоллоҳ эмасмисиз?
– Сиз… кимсиз? – Мирзо Ядоллоҳ бехос ўрнидан қўзғолди.
– Ё тавба, ўша, мени ўн икки йилдан бери саргардон юришимга сабабчи бўлган баққол Шаҳбозмисиз?
Икковлон бир-бирига қадалганча қотиб қолди.

Форс тилидан Рустам Жабборов таржимаси