Николай Лесков. Мценск уездидан чиққан Макбет хоним (қисса)

Илк қўшиқни сен ёниб куйла.
Матал

БИРИНЧИ БОБ

Бизнинг томонларда баъзан шунақанги тоифа одамлар учрайдики, бундай учрашувлардан сўнг орадан анча-мунча йил ўтган бўлса-да, уларнинг айримларини эслаганингда вужудинг жимирлаб, қалбинг ҳаяжонланиб кетади. Савдогар хотини Катерина Львовна Измайлова ана шундай одамлар тоифасидан эди; бир пайтлар у жуда мудҳиш бир фожиага қўл урган эдики, биздаги аслзода кишилар, Катерина Львовнани, ана шу ёвуз қилмишидан кейин, Мценск уездидан* чиққан Макбет хоним*, деб атай бошлаган эдилар.
Катерина Львовна унча гўзал бўлмаса ҳам, сиртдан қараганда, истараси иссиқ жувон эди. У йигирма тўрт ёшга қадам қўйганди; бўйи унча баланд эмас, қадди-қомати келишган, бўйни худди сай-қалланган мармардек силлиқ, елкалари дуркун, таранг сийналари дўмпайган, нафис бурни ипга тортгандай тўғри, қора кўзлари тийрак, оппоқ пешанаси кенг, сочлари тим-қора эди. Уни биздаги савдогар Измайловага эрга бердилар; Измайлов бу қизга муҳаббат туфайли ҳам, қандайдир хоҳиш билан ҳам эмас, шунчаки, хотинли бўлиш мақсадида совчи қўйиб уйланди, холос. Катерина камбағал қиз бўлгани учун куёв танлайдиган аҳволда эмас эди. Измайловлар уйи шаҳримиздаги нуфузли хонадонлардан бири эди: уларнинг бу уездда ижарага олган каттакон тегирмони бўлиб, олий нав оқбуғдой уни билан савдо қилар эдилар, шаҳар чеккасида даромадли боғлари ва шаҳар ичида данғиллама уйлари ҳам бор эди. Умуман, улар бадавлат савдогарлардан эдилар. Бунинг устига, оилалари ҳам катта эмас эди; оила аъзолари: ёши саксонга бориб қолган, кўп йиллардан бери бева қайната Борис Тимофеич Измайлов; унинг ўғли — Катерина Львовнанинг эри Зиновий Борисич (бу ҳам аллақачон эллик ёшни қоралаган) ҳамда Катерина Львовнанинг ўзи, вассалом. Катерина Львовна, гарчи Зиновий Борисич билан турмуш қурганига беш йил бўлиб қолган бўлса ҳам, ҳануз фарзанд кўрмаган эди. Зиновий Борисич Катерина Львовнага уйланмасдан олдин биринчи хотини билан йигирма йилча умр кечирди, аммо ундан ҳам фарзанд кўрмаганди. Бева қолганидан кейин, шояд шу иккинчи хотинимдан бутун молу давлатимга меросхўр бўлувчи фарзанд кўрсам, деб орзу қилди; лекин, мана, Катерина Львовна билан ҳам унинг бахти очилмади, орзуси ушалмади.
Бефарзандлик Зиновий Борисичнинг дилини оғритар, нафақат Зиновий Борисич, унинг отаси қария Борис Тимофеич ҳам, ҳатто Катерина Львовнанинг ўзи ҳам бу аламли дарддан юрак-бағрилари ўртаниб, қаттиқ қайғурардилар. Гир атрофи баланд девор билан ўралиб, итлари занжирлардан бўшатиб юбориладиган бу бадавлат хонадондаги диққинафас ҳаётдан юраги зиқ бўлиб кетган бойвучча хотин, агар Худо унга фарзанд ато этганида борми, жигаргўшасини туну кун бағрига босиб ардоқлаган бўларди, албатта; иккинчи томондан — “Ўзи нега эрга тегдинг, ниятинг нима, бепушт экансан, нимага энди шўрликнинг бошини боғладинг?” — деб қилинган таъна-маломатлар жувоннинг юрагига наштардек санчиларди – гўё ўз эрига ҳам, қайнатасига ҳам, бу савдогарларнинг жамики қариндош-уруғларига ҳам хиёнат қилаётган айнан у, яъни Катерина Львовна эди.
Қайнатасининг уйида у ҳеч нарсага муҳтож бўлмай, ҳузур-ҳаловатда кун кечираётган бўлса ҳам, доим юраги зиқ эди. Меҳмонга аҳён-аҳёнда бир борар, шунда ҳам, эри билан биргаликда фақат савдогарларникига борардики, бундай меҳмондорчилик унинг кўнглини заррача ҳам овутмасди. Бу тоифа одамлар ҳазил-мутойибани билмайдиган дағал табиат кишилар бўлиб, нуқул Катеринанинг қандай ўтирганини, қандай тургани ва юрганини зимдан кузатар эдилар; ваҳоланки, Катерина Львовна юрагида ўти бор жувон эди, турмушга чиқмасидан олдин, қизлик пайтида у одмигина эркин ҳаёт кечиришга одатланган эди: истаган пайтида қўлига челак олиб, дарё бўйига сувга борар, хоҳласа, бандаргоҳда кўйлагини ечмасдан чўмилар ё бўлмаса, четан девор ёнидан ўтиб кетаётган йигитларнинг устига, ҳазиллашиб писта пўчоқларини сочиб юборарди; лекин бу ерда ҳаёт бутунлай бошқача. Қайнатаси билан эри эрталаб барвақт туришади, соат олтида чой ичишиб, ҳар бири ўз ишига кетади, Катерина бўлса кун бўйи бекорчиликдан хонама-хона сандирақлаб юргани-юрган. Ҳамма ер чиннидай озода, ҳаммаёқ сокин ва овлоқ, иконалар олдида шамчироқлар порлаб туради, бутун бошли уйда на “тиқ” этган товуш, на бирон кимсанинг овози эшитилади.
Катерина Львовна ҳувиллаган хоналарда сандирақлаб юриб, зерикканидан эснай бошлайди, шунда у зинадан болохонадаги эр-хотин учун ажратилган мўъжазгина ётоққа кўтарилади. Шу ерда у дераза олдига ўтириб, хизматкорларнинг омбор олдида каноп толаларини ўлчашаётганини ё оқбуғдой унини қопларга солишаётганини кузатади — шунда яна оғзи очилиб эснай бошлайди; яхши-ку қайтага: бир-икки соат мизғиб олади, уйғонгач, яна савдогарлар хонадонига хос ўша рус дилгирлиги бошланадики, бундай аҳволда яшагандан кўра, ўзини дорга осиб ўлдириш юз карра қувончлироқ, дейишади. Катерина Львовнанинг китоб мутолаа қилишга унча ҳуши йўқ эди, устига-устак, бу хонадонда шундоқ ҳам битта Киев патерикидан* бошқа ҳеч қандай китоб йўқ эди.
Катерина Львовна қайнатасининг бой-бадавлат хонадонида бемеҳр эри билан беш йилдан бери шу тарзда юраги тоқ бўлиб яшаб келарди; лекин, маълумки, унинг бу дилгир кайфиятига ҳеч ким эътибор ҳам бермасди.
___________
* Мценск уезди — Орёл губерниясидаги бир уезд.
* Макбет хоним — В.Шекспирнинг “Макбет” номли трагедияси қаҳрамони; у бадқаҳр ва ўта маккор аёл бўлган.
* Киев патерики (“Оталар китоби”) — қадимги рус адабиёти намуналаридан бири.

ИККИНЧИ БОБ

Катерина Львовна эрга текканининг олтинчи баҳорида Измайловлар тегирмони тўғонини сув олиб кетди. Аксига олиб, бу пайт тегирмонда иш ошиб-тошиб ётган эди. Афсуски, тегирмонга жуда катта зиён етган эди: сув тегирмон новини кўтариб турган пастки тўсин тагига оқа бошлади; уни шоша-пиша тузатишнинг иложи бўлмади. Шунда Зиновий Борисич теварак-атрофидан бир талай одамларни бошлаб келди, ўзи ҳам доим шу ерда муқим бўлди; шаҳардаги ишларнинг бари чол отанинг ўзига қолган эди; Катерина Львовна эса, ҳайҳотдай уйда ёлғиз ўзи эртадан кечгача юраги сиқилиб вақт ўтказарди. Эрининг уйда йўқлига аввалига уни зериктира бошлади, лекин, айни чоғда, унинг йўқлиги, қайтага, яхши бўлгандай эди: у ёлғизликда ўзини эркинроқ ҳис қила бошлади. Катерина Львовнанинг эрига ҳеч қачон кўнгли бўлмаган эди, эрининг йўқлиги эса, бу уйда унга хўжайинлик қилувчиларнинг биттага камайганидан далолат беради.
Бир куни Катерина Львовна болохонадаги ўз кўшкида ўтираркан, ҳеч нарса ҳақида ўйламай, нуқул ҳомуза тортаверди. Ниҳоят, бекор ўтириб, оғзини каппа-каппа очиб эснайверганидан ўзи уялиб кетди. Ҳовлида ҳаво бирам ёқимли: кун илиқ, чароғон, хушвақт, боғнинг яшил панжарали девори орасидан турфа хил қушларнинг дарахтдан дарахтга, бутоқдан бутоққа пир-пир учаётгани кўриниб турарди.
“Вой, нима бўлди менга — нуқул ҳомуза тортганим-тортган? — деб ўйлади Катерина Львовна. — Ундан кўра, пастга тушиб, ҳовлида сайр қилганим ё боғни айланганим яхшимасми?”
У қоплама калта пўстинни елкасига ташлаб, пастга тушди.
Ҳовли бирам чароғон, бирам хушбаҳра, тўрдаги омборлар олдида эса, шўх-шўх кулги янграрди.
— Мунча оғзинглар қулоғингларда? — сўради Катерина Львовна қайнатасининг гумашталаридан.
— Биласизми, онагинам Катерина Львовна, биз тирик чўчқани тарозида тортиб кўрдик, — деб жавоб қилди ишбоши.
—Қанақа чўчқани?
– Аксиньяни-да — у ўғил туққан бўлса ҳам, лекин бизни чўқинтириш маросимига чақирмади, — деди кулиб туриб чиройли чеҳраси суллоҳона боқувчи, тим-қора сочлари жингалак, иягида соқоли эндигина сабза урган ёш йигит.
Шу пайт тарози шайинига осилган ун бўчкасидан ошпаз хотин Аксиньянинг чўғдай қизариб кетган ойтовоқ юзи мўралади.
—Яшшамагур шайтонлар, — дея қарғанди ошпаз хотин тарозининг темир шайинига осилиб, тебраниб турган ун бўчкасидан чиқишга уринаркан.
—Ҳозир, тушлик қилмаганида саккиз пуд келди, агар ҳали бир боғлам пичан еб олса, қадоқтошлар ҳам етмай қолади уни тортишга, — деди яна ҳалиги чиройли йигит ва ошпаз хотинни бўчкадан ун қоплари устига ағдариб туширди.
Хотин ҳазиломуз жавраб-жавраб ўзини тартибга келтирди.
—Қани, мен қанча келаркинман? — деди ҳазиллашиб Катерина Львовна ва арқондан ушлаб тарози палласига чиқиб турди.
—Уч пуд-у етти қадоқ, — деди яна ўша чиройли йигит Сергей иккинчи паллага қадоқ тошларни қўяркан. — Во ажаб!
—Нимага ажабланяпсан?
—Тошингиз атиги уч пуд эканлигига, Катерина Львовна. Ўйлайманки, сизни кун бўйи қўлда кўтариб юриш керак — шунда ҳам ҳеч чарчамайсан, қайтага, мириқиб ҳузур қилгандай бўласан.
—Нима, сенингча, мен одам эмасманми? Барибир толиқиб қоласан, — деди бунақа қочириқ гаплардан анча чиқиб қолган Катерина Львовна қизариб кетиб; кейин кутилмаганда, унинг шўх-шўх, қувноқ сўзлар айтиб, одамлар билан чақчақлашгиси келди.
—Ҳеч ҳам-да! Сизни мен ҳатто саодатли араб юртигача бемалол кўтариб борган бўлардим, — деди Сергей Катерина Львовнанинг илмоқли гапига жавобан.
—Сен, йигит, нотўғри гапирдинг, — деди қопга ун солаётган мужик. — Бизда қанақа оғирлик, қанақа салмоқ бўлиши мумкин? Нима, тош босарканми жисмимиз? Бизнинг жисмимизда, укам, сон бор, лекин салмоқ йўқ: жисмимиз эмас, кучимиз, ҳа, фақат кучимиз тош босади.
—Биласизларми, мен қизлик пайтимда жуда кучли эдим,– деди Катерина Львовна яна ўзини тийиб туролмай.–Кўпчилик эркаклар мени ҳеч енголмаганлар.
– Қани, узатинг-чи қўлингизни, агар шу гапингиз рост бўлса, — деб илтимос қилди ўктам йигит.
—Вой, узугим: қўлимни оғритдинг! — чинқириб юборди Катерина Львовна Сергей унинг қўлини сиққанида ва иккинчи қўли билан йигитни итариб юборди.
Беканинг қўлини қўйиб юборган Сергей бу турткидан икки қадам орқага тисарилиб кетди.
— Ҳм… Ана сенга аёл киши, — деди ҳайрон қолган мужик.
—Йўқ, агар хоҳласангиз кураш тушайлик, — деди Сергей жингалак сочларини тарвақайлатиб.
—Майли, бошла, — деди вақтичоғликка майл қўйган Катерина Львовна ва тирсакларини кўтарди.
Сергей бу ёш бекани қучоқлаб, унинг лўппи сийналарини ўзининг қизил кўйлак кийган кўкрагига босди. Катерина Львовна елкаларини силкитиб, унинг қучоғидан сирғалиб чиқмоқчи бўлган эди, лекин Сергей унинг оёғини ердан узиб кўтарди, бироз вақт шу алпозда кўтариб турди-да, сўнг тўнкарилган ғалла яшиги устига астагина ўтқазди.
Катерина Львовна керилиб мақтаган кучини ҳатто ишга солишга ҳам улгурмади. У лоладек қизариб кетиб, ўтирган ерида елкасидан тушиб кетган калта қалпоғини тўғрилади, кейин аста-аста юриб омбордан чиқиб кетди; Сергей эса мардона томоқ қириб қўйиб қич-қирди:
—Қани, ҳей худонинг нотавон бандалари! Анқаймасдан торт унни, ярим қилма бутунни, қопларга тўлдириб сол, ортганини олиб қол…
Сергей ҳозир бу ерда бўлиб ўтган ишга мутлақо бепарводек кўринарди.
Катерина Львовнанинг орқасидан келаётган Аксинья дерди:
—Ўлгудай хотинбоз бу касофат Серёжа! Ҳар қанақа аёлни ҳам ўзининг қадди-қомати, чиройли ҳусни билан бир зумда авраб ром қилади бадбахт, тилёғламалик билан хушомад қила-қила ахири гуноҳга ботирмай қўймайди; жудаям виждонсиз бу ярамас!
— Сен, Аксинья… ҳалиги, — деди олдинга кетиб бораётган ёш бека, — ҳалиги… ўғлинг тирикми?
— Тирик, онагинам, тирик — балоям урмаган! Ҳеч кимга кераги йўқ одамнинг жони қаттиқ бўларкан.
— Кимдан орттиргансан ўша ўғлингни?
— Э-э, сўраманг! Ўйинқароқлик меваси — ахир эл ичида юрганингдан кейин… бўларкан-да.
— Бизда кўпдан бери ишлайдими анави йигит?
— Ким? Сергейни сўраяпсизми?
— Ҳа.
— Бир ойча бўлиб қолди. Илгари Копчановларникида хизмат қилган экан, ҳўжайини ҳайдаб юборибди. — Аксинья бу ёғига пичирлаб гапирди: — Миш-мишларга қараганда, уй бекаси билан ошиқ-маъшуқ бўлганмиш… Худодан қўрқмаганини қаранг бу муртаднинг!

УЧИНЧИ БОБ

Хира тортган илиқ ҳаво оғушидаги шаҳарда қош қорая бошлаган пайт. Зиновий Борисич ҳали ҳам тегирмондан қайтмаган. Қайната Борис Тимофеич ҳам уйда йўқ: у, мени кечлик таомга кутманглар, деб тайинлаб, эски қадрдонининг туғилган кунига меҳмонга кетган. Катерина Львовна бекорчилик туфайли барвақт кечлик қилди, кейин болохонадаги кўшки деразасини очиб, унинг ёндорига суянганча писта чақиб, пўчоқларини тупуриб ўтирди. Ҳамма хизматкорлар ошхонада овқатланишди, кейин бирин-кетин ҳовлига чиқишиб, ухлагани ҳар ёққа: кимлар омборхоналарга, кимлар хушбўй пичан ғарамлари устига тарқалишди. Ошхонадан энг охирида Сергей чиқди. У ҳовлида бироз тентираб юрди, итларни занжирдан ечиб юборди, сўнг Катерина Львовнанинг деразаси тагидан ўтаркан, бош кўтариб унга қаради ва эгилиб таъзим қилди.
— Салом, — деди ўз кўшкида ўтирган Катерина Львовна паст овоз билан; бу пайт бутун ҳовли худди сув қуйгандек теран сукутга чўккан эди.
—Бегойим! — деган овоз келди икки дақиқадан кейин Катерина Львовнанинг эшиги ортидан.
— Ким у? — сўради қўрқиб кетган Катерина Львовна.
— Қўрқманг; бу мен, Сергейман, — жавоб қилди гумашта йигит.
— Нима керак сенга, Сергей?
—Сизга гапим бор эди, Катерина Львовна: арзимаган бир нарса сўрамоқчийдим, бегойим; ижозатингиз билан бир зумгагина ҳузурингизга кирсам.
Катерина Львовна калитни бураб, Сергейни хонага киритди.
— Нима дейсан? — деб сўради у ўзи дераза томон тисарилар экан.
—Сизда, Катерина Львовна, ўқигани биронта китоб йўқмикин, деб келувдим. Зерикиб кетяпман жуда ҳам.
—Менда ҳеч қанақа китоб йўқ, Сергей, китоб ўқимайман сира, — деб жавоб қилди Катерина Львовна.
—Бирам зерикяпманки, — деб зорланди Сергей.
—Нимага энди зерикаркансан?
—Қизиқсиз-а, нега энди зерикмай: қирчиллама йигитман ахир; лекин монастир роҳиблари сингари кун кечиряпман, ким билсин, бунақада то гўрга киргунимизча сўққабош бўлиб ўтиб кетамизми, дейман. Баъзи пайт шунақанги аянчли аҳволга тушаман…
—Нега уйланмайсан?
—Эҳ, бегойим, уйлан, деб айтишга осон! Кимга ҳам уйланардим? Хашаки бир одам бўлсам; бадавлат хонадоннинг қизи менга тегмаса — камбағал бўлганимдан; Катерина Львовна, ўзингиз ҳам яхши биласиз, бизлар оми одамлармиз. Нима, ўша бойвучча қизлар муҳаббат нималигини билишармиди? Ана, кўрдингизми, бойлар учун бегона муҳаббат деган сўз. Лекин сиз, айтишим мумкинки, муҳтожликдаги ҳар қандай одамга тасалли бера оласиз, ҳолбуки, ўзингиз мана бу уй соҳиблари қўлида худди қафасдаги қушчадек эрксизсиз.
—Ҳа, мен ҳам зерикаман, — деган гап Катерина Львовнанинг оғзидан чиқиб кетди.
—Ахир зерикмай бўларканми, бегойим, бунақа ғурбатхонада! Башарти, сиз, худди бошқаларга ўхшаб, ўзингизга четдан биронта овунчоқ орттирганингизда ҳам, у билан юз кўришингиз амри маҳол бўларди.
—Э, қўй… гапирма унақа гапларни. Агар битта бола туғиб олганимда борми, у билан овуниб, зерикмай яшайверардим.
—Аммо-лекин, мен сизга айтсам, бегойим, ўша бола ўзидан-ўзи пайдо бўлмайди-да; бунинг учун бирон-бир туртки керак. Нима, не-не хўжайинлар қўлида ишлаб, сиздек аёлларнинг аччиқ қисматларини кўра-кўра, кўзимиз пишимабдими бизнинг? Эсингизда бўлса, шундай бир қўшиқ бор: “Сен бўлмасанг, мени, маҳбубам, қамраб олур доим қайғу-ғам”; ана шу қайғу-ғам, мен сизга айтсам, Катерина Львовна, юрагимга шундай оғули наштар бўлиб санчиляптики, қанийди, пўлат ханжар билан кўксимни чок қилиб, юрагимни сизнинг оёғингиз остига ташласам. Шунда руҳим енгил тортган, юз карра енгил тортган бўларди…
Сергейнинг овози титрай бошлади.
—Нега энди сен юрак дардингни келиб-келиб менга айтяпсан? Кераги йўқ менга бунақа гапларнинг. Бор, кет бу ердан…
—Йўқ, узр, бегойим, — деди Сергей бутун вужуди титраб Катерина Львовна томон қадам ташларкан. — Мен биламан, кўряпман, ҳаттоки жуда яхши сезяпман ҳам, тушуниб турибман ҳам аҳволингиз меникидан яхшироқ эмаслигини; мана, фақат ҳозир, — деди у бир энтикиб олиб, — ҳозир… шу дамда бўладиган ҳамма иш фақат сизнинг қўлингизда, сизнинг ихтиёрингизда, бегойим.
—Нима деяпсан ўзи? Нима? Нега хонамга чиқдинг? Ўзимни деразадан ташлайман, — деди Катерина Львовна бутун вужудини ғайритавсиф ваҳима қамраб олаётганини сезиб, дераза токчасидан маҳкам ушлаб оларкан.
—О менинг жоним-жоним! Нима қиласан ўзингни деразадан ташлаб? — деб суллоҳона пичирлади Сергей ва бойвучча бекани дераза олдидан тортиб олиб, маҳкам бағрига босди.
—Вой, ўлмасам! Оҳ! Қўйвор, — пичирлади Катерина Львовна ингроқ товуш билан. У Сергейнинг қайноқ бўсаларидан тобора бўшашиб бораркан, беихтиёр йигитнинг мардона пинжига суқилиб кирарди.
Сергей бекани худди гўдак боладай кўтариб, хонанинг қоронғи бурчагига олиб кетди.
Хона теран сукутга толди; бу сукунатни фақат Катерина Львовнанинг каравоти бошида деворга осиб қўйилган эрининг чўнтак соати чиқиллаши бузарди; аммо бу чиқиллаш ҳеч нимага халал бермади.
Орадан ярим соат ўтди; Катерина Львовна Сергей томонга қарамай, тўзиб пахмайган сочларини кичкина кўзгу қаршисида тартибга келтираркан, деди:
— Кет энди.
—Нега энди бу ердан кетарканман? — қувноқ оҳангда қувлик билан жавоб қилди Сергей.
—Қайнатам эшикларни қулфлаб қўяди.
—Вой, жонгинам-ей! Қайси йигит маъшуқасининг олдига фақат эшикдан кираркан? Сенинг ҳузурингга киришим ё хонангдан чиқишим учун менга ҳаммаёқ эшик, — деб жавоб қилди йигит, болохонани кўтариб турган устунларга ишора қилар экан.

ТЎРТИНЧИ БОБ

Зиновий Борисич уйида яна бир ҳафта бўлмади, бу аснода унинг хотини ҳафтанинг ҳар туни то тонг отгунча Сергейнинг оғушида бўлди.
Бу кечаларда Зиновий Борисичнинг хобхонасида, қайнатанинг ертўласидан олиб чиқилган майлар ичилди, турфа хил ширинликлар ейилди, беканинг асал лабларидан энтика-энтика бўсалар олинди, пар ёстиққа ёйилган тим-қора жингалак соч толалари майин-майин силанди. Ваҳоланки, банданинг юрадиган йўли ҳаммавақт ҳам силлиқ-текис бўлавермайди, унда ўйдим-чуқур жойлар ҳам учрайди.
Борис Тимофеичнинг ҳеч уйқуси келмади: қария тунги йўл-йўл чит кўйлакда ҳувиллаган уй ичида хонама-хона тентираб юриб, гоҳ у, гоҳ бу деразадан ҳовлига назар ташларди. Қараса, келинининг деразаси остидаги устундан қизил кўйлак кийган хизматкор Сергей аста-секин тушиб келяпти. Ана, холос! Борис Тимофеич уйдан ўқдай отилиб чиқиб, азаматнинг оёғига чанг солди. Йигит хўжайинининг қулоғи тагида шавла қайнатмоқчи бўлиб ўгирилди-ю, лекин шов-қин кўтарилишини ўйлаб, шаштидан қайтди.
— Қани, гапир, — деди Борис Тимофеич, — қаердан тушяпсан, ўғри?
—Қаерда бўлган бўлсам ҳам, энди у ерда йўқман, Борис Тимофеич, — деб жавоб қилди Сергей.
— Келинимнинг хонасида тунадингми?
—Қаерда тунаганимни, хўжайин, ўзим биламан; сиз, Борис Тимофеич, яхшиси, гапимга қулоқ беринг: бўлиб ўтган ишни, отагинам, энди тўғрилаб бўлмайди; ундан кўра, сиз, ҳеч бўлмаса, хонадонингиз шаънига иснод келтирмасликни ўйланг. Очиғини айтаверинг, мени нима қилмоқчисиз? Нима билан кўнглимни овламоқчисиз?
—Сен газандани беш юз қамчи билан сийламоқчиман, — деди Борис Тимофеич.
—Айб менда — ихтиёр сизда, — деб рози бўлди йигит. — Айтинг, қаёққа борай? Майли, ича қолинг қонимни.
Борис Тимофеич Сергейни ўзининг кичкина, аммо пишиқ қурилган омборхонасига бошлаб бориб, то ўзи ҳолдан тойгунча уни қамчи билан савалади. Сергей бирон марта ҳам инграмади, лекин оғриқ аламидан кўйлаги енгининг ярмини ғажиб тилка-тилка қилди.
Борис Тимофеич Сергейни то орқасидаги қонли қамчи излари қотиб битгунча шу омборхонада қолдирди; олдига сопол кўзада сув қўйди, кейин эшикни отнинг калласидай қулф билан қулфлаб, ўғлини чақириб келгани одам юборди.
Лекин Русия заминида юз чақиримли тупроқ йўлни ҳатто ҳозир ҳам тез босиб ўтиб бўлмайди; Катерина Львовна бўлса, энди бир соат ҳам Сергейсиз туролмай қолган эди. Кутилмаганда унинг ғайрати жўш уриб, ғафлатда ётган шаҳвоний табиати кўз очди-ю, у ти-йиқсиз қатъий ҳаракатлар қила бошлади. У Сергейнинг қаерда ётганини билиб олди, у билан темир эшик ортида туриб гаплашди ва калитни қидириб топгани югуриб кетди. Сўнг “Қўйворинг, дадажон, Сергейни”, — деди у қайнатаси олдига келиб.
Чолнинг ранги бўзариб кетди. У шу чоққача ҳамиша мўмин-қобил бўлиб келган, илло эндиликда фаҳш ишига ружу қўйган келинининг бундай суллоҳлик қилишини ҳеч кутмаган эди.
—Нималар деяпсан, беҳаё? — деб у Катерина Львовнага танбеҳ бера бошлади.
—Қўйворинг уни, — дерди Катерина Львовна, — виждоним ҳаққи, қасам ичаман, ҳеч қандай ёмон иш бўлмаган ўртамизда.
—Ёмон иш бўлмаган, де! — деди чол тишларини ғижирлатиб. — Бўлмаса, туни билан нима қилдинглар болохонада? Эрингнинг ёстиқларини қоқиб кўпчитдингларми?
Лекин келин нуқул, “қўйворинг, қўйворинг”, деб тихирлик қилаверди.
—Ундай бўлса, — деди Борис Тимофеич, — яхшилаб қулоғингга қуйиб ол: ҳали эринг келсин, шунда сени — ҳаёли, покиза хотинни отхонага олиб кириб, ўзимиз пўстагингни қоқамиз, анави аблаҳни бўлса, эртагаёқ қаматиб юбораман.
Борис Тимофеич шундай қарорга келган эди, лекин қарори амалга ошмади.

БЕШИНЧИ БОБ

Борис Тимофеич ётар олдидан қўзиқоринли бўтқа еган эди, унинг жиғилдони қайнади; кейин бирдан кўкрак ости қаттиқ ачиб, азза-базза ўқчиб қуса бошлади, эрталабга қолмай жони узилди, худди омборхонадаги каламушлардек — Катерина Львовна ўша каламушлар учун ўқтин-ўқтин заҳарли оқ кукун доридан овқат тайёрлаб турарди.
Мана, Катерина Львовна Сергейни чолнинг зиндонидан олиб чиқиб, уни эрининг тўшагига ётқизди ва елкасидаги қамчи изларини даволай бошлади; Борис Тимофеични эса, ҳеч қандай иштибоҳга бориб ўтирмай, христиан дини удуми бўйича дафн этдилар. Шуниси қизиқки, нега бундай бўлди, деб ҳеч ким сўрамади ҳам, ўйламади ҳам: Борис Тимофеич қўзиқорин еб ўлибди — нима бўпти, қўзиқориндан ўлганлар сон мингта. Чолни шоша-пиша дафн қилишди, ўғлининг етиб келишини ҳам кутишмади, чунки ташқарида ҳаво иссиқ эди, Зиновий Борисични чақириб келиш учун тегирмонга юборилган одам уни у ердан топмабди — Зиновий Борисич юз чақиримча нарида арзонга сотиладиган ўрмон дарагини эшитиб, ўша ўрмонни кўргани кетган экан, лекин қаерга кетаётганини ҳеч кимга айтмабди ҳам.
Катерина Львовна бу ишни бошқариб бўлгач, бутунлай қуюш-қондан чиқиб кетди. У шундоқ ҳам довюрак хотинлардан эди, энди бўлса, унинг нималарни кўнглига тукканини ҳеч билиб бўлмасди; у савлат тўкиб керилиб юрар, ҳовлидаги ҳамма одамлар устидан ҳукмронлик қилар, Сергейни эса ёнидан бир қадам нари кетказмасди. Ҳовлидаги хизматкорлар беканинг бу юриш-туришини кўриб ҳайрон бўлишган эди, Катерина Львовна саховат кўрсатиб, ҳамманинг кўнглини олди ва одамларда уйғонган ажабланиш зумда барҳам топди. “Нима бўпти, — дейишарди улар, — бекамиз Сергей билан тил топишибди, холос. Бу унинг иши, жавоб берадиган ҳам ўзи”.
Бу орада Сергей бутунлай соғайиб, яна қаддини тиклади ва Катерина Львовнанинг атрофида худди бабақ хўроздай парвона бўла бошлади; уларнинг ошиқ-маъшуқлик ҳаёти яна авжига минди. Лекин тўхтамай ўтиб бораётган вақт нафақат уларга, ўзгаларга ҳам хизмат қиларди: Катерина Львовнанинг анчадан бери узоқда бўлган эри Зиновий Борисич, мана, ғазаби жўш уриб, шошганча уйига келаётган эди.

ОЛТИНЧИ БОБ

Тушдан кейин ташқарида ҳаво жазирама эди, бунинг устига, хира пашша жуда жонга тегди. Катерина Львовна ётоқхона деразаси қоп-қоғини ёпди, яна ичкаридан уни шол рўмоли билан ҳам тўсиб қўйди-да, ҳузур қилиб дам олгани савдогар эрининг момиқ тўшагига Сергей билан бирга ётди. Катерина Львовна гоҳ пинакка кетиб, гоҳ уйғоқ ётаркан, васвасали тахайюллар таъсиридан вужуди чўғдек қизиб, қора терга ботар, ҳарорати кўтарилиб, базўр ҳансираб нафас оларди. Бека, гарчи уйғонадиган пайт келганини, боққа тушиб чойхўрлик қилиши лозимлигини сезаётган бўлса ҳам, ҳеч ўрнидан туролмасди. Мана, ниҳоят, ошпаз хотин келиб эшикни тақиллатди. “Олма тагида, — деди у,– самовар ўчиб қоляпти”. Катерина Львовна зўрға уйғонди ва ёнида — ўзи билан Сергей ўртасида ётган мушукни эркалай бошлади. Бу ёқимтой, бўзранг, дуркун ва хўппа семиз мушукнинг мўйлови худди солиқ йиғадиган бурмистрникига ўхшарди; Катерина Львовна мушукнинг момиқ юнгини титкилар, у эса нуқул тўмтоқ тумшуғи билан бекага суйкалар ва аста минғирлаб қўшиқ айтарди — гўё ишқ-муҳаббатдан сабоқ бераётгандек. “Нега кирдийкин-а, бу мушук хонамга? — деб ўйлади Катерина Львовна. — Дераза олдига қаймоқ қўйгандим, ҳали ялаб еб қўяди яшшамагур. Ҳайдаб юборишим керак”, — деган қарорга келди у ва мушукни ушлаб отиб юбормоқчи бўлди, лекин мушук унинг бармоқлари орасидан худди тумандек сирғалиб чиқиб кетди. “Тавба, қаёқдан келиб қолди ўзи бу мушук уйимизга? — деб ўйлади Катерина Львовна ҳамон босинқираб. — Ҳеч қачон мушук зоти бўлмаганди бу ерда, қай гўрдан келиб қолдийкин-а?” У яна мушукни ушлаб олмоқчи бўлди, лекин мушук кўринмай қолди. “Вой, тавба, нима бўляпти ўзи? Нима ўзи бу? — мушукми ё бир баломи?” — деб ўйлади Катерина Львовна. У эсанкираб қолганди; кейин бирдан уйқуси ҳам, мудроғи ҳам қочиб, кўзини очди. У хонанинг ҳар томонига бир-бир кўз ташлаб чиқди — ҳеч қанақа мушук-пушук йўқ эди, фақат чиройли йигит Сергей маъшуқасини бақувват қўли билан қучиб, унинг сийнасини қайноқ юзига босганча ёнида ухлаб ётарди.
Мана, Катерина Львовна ўрнидан туриб тўшагида ўтирди, Сергей ўпа-ўпа, суя-суя ғижимланган пар тўшак билан парқу ёстиқни текислади-да, чой ичгани боққа тушиб кетди; қуёш энди уфққа ёнбошлай бошлаган, офтобда қизиган заминга ғоят хушбаҳра сеҳрли оқшом тушаётган эди.
—Ухлаб қолибман, — деди Катерина Львовна Аксиньяга ва оппоқ гуллаб турган олма дарахти тагига ёзилган гиламга бориб ўтирди. — Сенга бир гап айтаман, Аксинюшка — таъбирини билармикансан? — деди у ошпаз хотинга, финжон ликопчасини ўзи сочиқ билан артаркан.
— Нима, онагинам?
—Нафақат хобимда, ўнгимда ҳам аллақандай мушук нуқул қўйнимга кираверади.
— Вой, у ростданам мушукми?
— Рост, мушук.
Катерина Львовна қўйнига мушук қандай кирганини сўзлаб берди.
— Нима қилардингиз уни эркалаб?
— Ким билади дейсан! Ўзим ҳам билмайман нега уни эркалаганимни.
— Вой, тавба! — деди ошпаз хотин.
— Ўзим ҳам жуда ҳайронман.
– Бунинг таъбири — чамамда, кимдир сизнинг олдингизга келмоқчига ўхшайди ё, эҳтимол, бошқа бирон иш содир бўлар.
— Ахир нима бўлиши мумкин?
—Нима бўлишини ҳеч ким аниқ айтолмайди сизга, тасаддуқ, ҳеч ким тушунтиролмайди ҳам буни, илло бир нима юз бериши аниқ.
—Бир ой тушимга ой кириб чиқди, энди бўлса, мана, мушук, — деб гапида давом этди Катерина Львовна.
— Ой — бу чақалоқ.
Катерина Львовна чўғдай қизариб кетди.
—Нима дейсиз, ҳузурингизга Сергейни юборайми? — деди Аксинья бекасига мунис дугона бўлиш иштиёқида.
—Майли, — деди Катерина Львовна, — гапингда жон бор, яхши, чақирақол: бирга чойхўрлик қиламан.
—Бўлмасам-чи, албатта, чақириш керак уни, — деди Аксинья ва боғнинг эшикчаси томон худди ўрдакка ўхшаб лапанглаб юриб кетди.
Катерина Львовна мушук тўғрисида Сергейга ҳам гапириб берди.
— Бу хаёлот, холос, — деди Сергей.
— Агар бу хаёлот бўлса, нега илгари ҳеч ҳам кўринмаган эди?
—Илгари нималар бўлмаган дейсан! Илгари сенга кўзим тушган ҳамоно ишқингда ўт бўлиб ёнардим, энди бўлса, мана! Оппоқ баданинг бутунича меники.
Сергей Катерина Львовнани гир-гир айлантирди ва ҳазиллашиб уни патгиламга ташлаб юборди.
—Вой, бошим айланиб кетди, — деди Катерина Львовна. — Серёжа! Бери кел, ёнимга ўтир, — деб чақирди уни, ҳам нозланиб, ҳам керишиб.
Азамат йигит бошини эгиб, гулга ғарқ бўлган олма дарахти тагига кирди ва Катерина Львовнанинг оёғи ёнига ўтирди.
— Сен менинг ишқимда ёнгансан-а, Серёжа?
— Бўлмасам-чи, ёнганман.
— Қанақа ёнгансан? Сўзлаб бер менга.
—Э, буни сўзлаб бўларканми? Ишқ ўтида ёниш қанақа бўлишини сўз билан ифодалаб бўларканми? Мен, кошки васлингга етсам, деб орзу қилардим.
—Унда нега мен сезмадим, Серёжа, ишқимда ёнганингни? Бу бир қарашда сезилади, дейишади-ку.
Сергей индамади.
– Васлимга етиш орзусида юрган экансан, унда нега доим қўшиқ айтардинг? Нега? Ўзим эшитганман бостирма тагида қўшиқ айтганларингни, — деб яна сўроққа тутди Катерина Львовна маҳбубини эркаларкан.
—Қўшиқ нима экан? Уни ҳамма айтади, ана, чивинни ол, умри бўйи ғинғиллаб куйлагани-куйлаган, лекин бу унинг шодлик қўшиғи эмас-ку, — деб қуруққина жавоб қилди Сергей.
Улар сукутга толдилар. Сергейнинг ушбу изҳори ишқидан Катерина Львовнанинг кўнгли ёришиб кетди.
Унинг гаплашгиси келар, лекин Сергей тумшайиб гунг бўлиб ўтирарди.
—Қара, Сергей, ахир бу жаннат-ку, жаннат! — деди Катерина Львовна олма дарахтининг чамандай гуллаб турган қуюқ новдалари орасидан беғубор мовий осмондаги мунаввар тўлин ойга маҳлиё бўлиб боқаркан.
Олма дарахтининг япроқ ва гуллари орасидан сизиб ўтаётган ой шуъласи гиламда чалқанча ётган Катерина Львовнанинг юз-кўзи ва бутун вужуди бўйлаб ғоят ажиб нурли доғлар бўлиб пилдирарди, ҳаво сокин, фақат енгилгина эсган илиқ шабада пинакка кетган япроқларни аста-аста тебратар, гулга кирган гиёҳлар ва дарахтларнинг нафис атрини учириб келарди. Кишини эринчоқликка, ҳузур-ҳаловатга, дил хуморини ёзишга бўлган иштиёқини қитиқловчи аллақандай хушҳоллик ҳавони тўлдирган эди.
Ўз гапига жавоб олмаган Катерина Львовна оч пуштиранг олма гуллари орасидан осмонга тикилганча яна сукутга толди. Сергей ҳам сукутда эди; лекин уни осмон қизиқтирмасди. У тиззаларини қучоқлаб ўтираркан, бутун нигоҳи оёғидаги этикларига қаратилган эди.
Нодир оқшом! Осуда, ойдин, муаттар ҳамда хайрли ва хузурбахш илиқ оқшом. Узоқда, боғ ортидаги жарнинг нариги томонида кимдир янгроқ овоз билан қўшиқ куйлай бошлади; четан девор тагидаги шумурт бутасига қўнган булбулнинг шўх чаҳ-чаҳи эшитилди; баланд хода учига илинган қафасдаги бедана уйқу аралаш вавағлаб қўйди, отхонадаги от маъюс пишқирди, боғ девори ортидаги майдонда эса, бир гала итлар шўх-шўх акиллашиб қувалашганча, ярим харобага айланган эски туз омборларининг қуюқ соясида кўздан ғойиб бўлди.
Катерина Львовна тирсагига таяниб, бошини кўтарди-да, боғдаги гуркираб ўсган ўт-ўланларга қаради; бу ўтлар дарахтларнинг гул ва япроқлари томонидан парча-парча қилиб юборилган ойнинг шуъласи билан бекинмачоқ ўйнашарди. Бу муҳташам, нафис, ярқироқ доғлар бутун ўтлоқни заррин рангга бўяб, улар узра жонли олов капалаклардек, шундай безовталаниб, шундай милтиллаб лип-лип учардиларки, гўё дарахтлар тагидаги барча ўт-ўланлар ҳозир ой ташлаган тўрга илиниб, гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа талпинаётгандек кўринардилар.
– Оҳ, Серёжечка, қандай ажойиб тун-а! — деди Катерина Львовна теварак-атрофга бир-бир кўз югуртираркан.
Сергей лоқайд елкасини қисди.
—Вой, нима бўлди сенга, Серёжка, нимадан хафасан? Ё жонингга тегдимми мен?
—Қўйсанг-чи бемаза гапни! — деб қуруққина жавоб қилди Сергей ва энгашиб Катерина Львовнани номигагина ўпиб қўйди.
—Сен бевафосан, Серёжка, — деди рашки келган Катерина Львовна . — Тутуруғинг йўқ сенинг.
—Бу гапингни сира ҳам юқтирмайман ўзимга, — деб жавоб қилди Сергей бепарво оҳангда.
—Нега бўлмаса ўпичинг совуқ?
Сергей индамади.
—Фақат уйланган эркаклар ўз хотинларини шунақа ўпишади, — деди Катерина Львовна Сергейнинг сочини ўйнаганча гапида давом этаркан, — улар шу тарзда бир-бирларининг лабидаги чангни қоқишади. Сен мени шундай ўпгинки, тепамдаги олма дарахтининг нозик гуллари бошимга дув тўкилсин. Мана, мана бунақа бўлади ўпиш, — деб пичирларди Катерина Львовна ўйнашини қучоқлаб, ундан шаҳвоний ҳирс билан бўса оларкан.
—Сендан сўрамоқчийдим, Серёжа, — деб яна гапира бошлади Катерина Львовна бироз фурсат жим ўтиргач, — нега ҳамма сени хиёнаткор деб айтяпти?
—Ким экан ўша мен тўғримда ғийбат қилган?
—Одамлар гапиришяпти.
—Бўлса бордир, бир пайтлар битта-яримта бўлмағур қизга хиёнат қилган бўлсам қилгандирман.
—Нима қилардинг, аҳмоқ, бўлмағур қизлар билан элакишиб? Ҳеч ҳам севиш керакмас бўлмағур қизларни.
—Гапингни қара-ю! Бунақа ишда мулоҳаза қилиб ўтирарканми киши? Бунда фақат ҳавас иш кўрсатади, ишқ эмас. Олайлик, сен биронта дўндиқча билан, шунчаки, номига, ҳеч қандай жиддий мақсадни кўзламай, номақбул, яъни ғайриқонуний алоқа қилиб қўйдинг; қарабсанки, ўша дўндиқча кўз очиб юмгунингча бўйнингга маҳкам чирмашиб олади — буни ҳатто ўзинг ҳам сезмай қоласан. Э, ўргилдим унақа муҳаббатдан!
—Эшит гапимни, Серёжка! Сенинг бошқалар билан қандай алоқада бўлганингни мен билмайман, билишни ҳам хоҳламайман; лекин сен менга пешма-пеш хушомадлар қилиб, ахийри, мана бугун икковимиз бир-биримизни севишга муяссар бўлдик; бу гуноҳ ишда менинг хоҳиш-истагим қанча бўлган бўлса, сенинг ҳийла-найрангларинг ҳам шундан кам бўлмадики, мабодо, Серёжка, сен менга бирон марта бўлса хиёнат қилсанг, агар бошқа биронтани мендан ортиқ кўрсанг ва мени бошқа биронта дўндиқчага алмаштиргудек бўлсанг, мен сендан, о қалбим қувончи, мени кечирасан-у, фақат ўлганимда ажраламан, асло тирик ажралмайман.
Сергей бир сесканиб тушди.
—Э, нималар деяпсан, чароғон офтобим Катерина Львовна! — дея гапга киришди Сергей. — Ахир ўзинг кўриб, билиб турибсан-ку аҳволимизни. Мана, бугун менинг ўйчан кайфиятда ўтирганимни ўзинг ҳам пайқабсан, аммо, нега бунақа ўйга чўмди экан, деб ўйлаб кўрмаяпсан. Ким билсин, ҳозир менинг юрагим лахта-лахта қондир!
— Гапир, гапир, Серёжа, ёз юрагингни.
—Ниманиям гапирай? Мана, олайлик, биринчи навбатда, ҳадемай эринг қайтиб келади, ана унда мен пуф сассиқ бўламан — “Қани, Сергей Филипич, шиқиллат туёғингни, орқа ҳовлига чиқиб кет, ўша ердан, бостирма тагидан туриб, Катерина Львовнанинг ётоқхонасида ёниб турган шамни кузат, унинг пар тўшакни кўпчитиб ёзиб, ўзининг қонуний эри Зиновий Борисич билан ёнма-ён ётаётганини кўз олдингга келтир”.
—Бу бўлмайди! — деди Катерина Львовна шўх оҳангда ва қўл силтаб қўйди.
—Қанақасига бўлмас экан! Мен аниқ сезиб турибман, бусиз туролмайсизлар. Менда ҳам, Катерина Львовна, юрак бор, мен ҳам азоб чекаман.
—Бе, қўйсанг-чи, шу гапларни.
Сергейнинг рашк қилиши Катерина Львовнага хушёқарди, шу боис у кулиб қўйиб, яна маҳбубини ўпишга тушди.
—Яна шуни, — деб Сергей гапини давом эттираркан, бошини Катерина Львовнанинг елкасигача яланғоч бўлган қучоғидан аста-секин озод қила бошлади, — яна шуни айтишим мумкинки, ҳозирги мушкул аҳволим мени бир эмас, ўн эмас, кўп марта шундай ва бундан-да бошқача ўйлар суришга мажбур қилади. Борди-ю мен, айтайлик, сиз билан тенг мавқеда бўлганимда эди, агар бадавлат барин ё савдогар бўлганимда эди, то ўла-ўлгунимча сиз билан бирга бўлардим. Ана, энди ўзингиз ўйлаб кўринг, сизнинг ёнингизда қанақа одамман мен? Сизнинг оппоқ билагингиздан ушлаб, ётоқхонангизга етаклаб кириб кетишларини кўз олдимга келтирсам, бунга юрагим сира ҳам дош беролмайди, бунинг оқибатида, ўзим ҳам умрбод жирканч одам бўлиб қолишим аниқ, Катерина Львовна! Мен аёл киши билан, фақат роҳатланиш учунгина боғланадиган одамлар тоифасидан эмасман. Мен чин муҳаббат нималигини, унинг юрагим қонини худди заҳарли илондек сўришини бутун вужудим билан ҳис қиламан.
—Нега энди менга бунақа гапларни гапириб ётибсан? — деб Катерина Ильвовна унинг сўзини бўлди.
Унинг Сергейга раҳми кела бошлаган эди.
—Катерина Львовна! Нега энди бу ҳақда гапирмай? Ахир ҳамма нарса кундай равшан, ҳаммаси аллақачон худди ипга тизгандай аниқ белгилаб қўйилгандан кейин, қолаверса, бир кун келиб эмас, ҳатто эртагаёқ бу ҳовлида Сергейнинг ўзи ҳам, сояси ҳам қолмайдиган бўлганидан кейин, нега гапирмай? Нега?
—Йўқ, Серёжка, йўқ, гапирма буни! Бу айтганинг ҳеч қачон бўлмайди, мен бир зум ҳам сенсиз туролмайман, — деб Катерина Львовна Сергейни юпатаркан, бояги-боягидай уни эркаларди. — Агар иш чатоқлашгудай бўлса… ё у ўлади, ё мен, сен фақат мен билан бўласан.
—Муҳаббатимизнинг давом этиши асло мумкин эмас, Катерина Львовна, — деди Сергей маъюс ва ғамгин бош чайқаб. — Бундай муҳаббат домига илинганимдан ёруғ дунёга келмаганим яхши эди. Ундан кўра, тенг тенги билан, деганларидек, ўзимга тенгимни топиб, фақир киши панада қабилида, борига қаноат қилиб яшайверсам бўларди-ку. Нега энди келиб-келиб сизни танладим мангу муҳаббатим деб? Наҳотки, менга жазман бўлиб яшашдан фахрлансангиз? Муқаддас боқий ибодатгоҳ ҳаққи, мен сизнинг эрингиз бўлишни истардим: ана унда мен, гарчи ўзимни ҳамиша сиздан қуйироқ поғонада турган ҳисобласам ҳам, ҳар қалай, сиз, завжаи муҳтарамамни қанчали севиб эъзозлашимни бутун элга кўз-кўз қилган бўлардим.
Катерина Львовна Сергейнинг бу сўзларидан, уни рашк қилаётганини ва унга уйланиш иштиёқида эканини ҳис қилиб, суюнганидан ўзини йўқотиб қўяёзди — аёл қалбини селдек эритиб юборувчи бу иштиёқ шундай ҳузурбахш туйғуки, севилган қиз унинг таъсирида никоҳдан олдинги қисқа муддатли ишқий муносабатнинг кўз очиб юмгунча “ғув” этиб ўтиб кетганини ҳам сезмай қолади. Катерина Львовна ҳозир Сергейни деб, сув келса сувдан кечишга, ўт келса ўтдан ўтишга, ҳатто энг оғир машаққатларни бошидан кечиришга ҳам тайёр эди. Сергей уни ўзига шундай ром қилиб олган эдики, Катерина Львовнанинг бу йигитга бўлган садоқати ҳозир ҳадсиз-ҳудудсиз эди. Ёш бека бундай саодатдан телба бўлиб қолаёзди; унинг томирларида қон гупурар, энди ҳеч бир гап қулоғига кирмасди. У шоша-пиша кафти билан Сергейнинг лабларини тўсди ва унинг бошини ўз сийнасига босиб қучоқлаганча деди:
—О, ўзим биламан сени қандай қилиб бой савдогарга айлантиришни ҳам, сен билан қонуний тарзда умргузаронлик қилишни ҳам. Сен фақат то вақти-соати келгунча бекордан-бекорга дилимни ғаш қилмай тур.
Яна устма-уст тотли бўсалар, суйиб-сийпалашлар давом этади.
Пичанхонада ухлаб ётган кекса гумаштанинг қулоғига сокин тунда уйқу аралаш гоҳ худди тўполончи болалар мункиллаб қолган чолни мазах қилаётгандай, пичирлаш ва ҳиринглашлар, гоҳ шўх сув парилари гўё кимнидир қитиқлаётгандай янгроқ ва қувноқ хандалар эшитилар. Ҳолбуки, бул вақтичоғлик ижрочилари фақат ой нурига чўмиб, патгилам устида у ёқдан-бу ёққа думалашиб ўйнашаётган Катерина Львовна билан унинг навқирон маҳбуби эди, холос. Уларнинг бошлари узра қад кўтарган олма дарахтининг оппоқ гуллари дўлдай тўкила-тўкила ахийри тўкилмай қолди. Бу аснода ёзнинг қисқа туни ўтиб борар, ой ҳам омборларнинг баланд томлари орқасига беркиниб, рўйи заминга қиё боққанича хира торта бошлаганди; ошхона томидан мов бўлган бир жуфт мушукнинг қулоқни тешиб юборгудек чийиллагани, кейин уларнинг жон ҳолатда пишқиргани эшитилди; шунинг кетидан иккита ё учта мушук томга тираб қўйилган бир боғлам тахтага тирмашиб пастга думалаб тушди.
—Кетдик ухлагани, — деди Катерина Львовна худди силласи қуриган одамдай ҳансираб ва гиламга қандай ётган бўлса, шу кийимида, яъни фақат битта кўйлак билан оқ юбкада ўрнидан туриб, қабристон сукунатига ғарқ бўлган ҳовлидан юриб ўта бошлади, Сергей эса гиламни ва бека шўхлик қилиб ечиб ташлаган блузкани кўтариб унга эргашди.

ЕТТИНЧИ БОБ

Катерина Львовна шамни пуфлаб ўчириб, бутунлай ечиниб момиқ партўшакка ётган заҳоти уни уйқу элитди. Тўйиб-тўйиб ўйнаб, мириқиб кўнгилхушлик қилган Катерина Львовна донг қотиб ухлаб қолди, энди унинг оёқлари ҳам, қўллари ҳам маст уйқуда эди; лекин унинг қулоғига уйқуси аралаш, яна эшик очилгандай ва кечаги мушук яна унинг кўрпаси устига худди эски чориқдай “дўп” этиб тушгандай бўлди.
—Вой, бошга битган бало бўлди-ку, бу яшшамагур мушук! — деди айшу ишратдан толиққан Катерина Львовна уйқусираб. — Эшикни атайлаб ўз қўлим билан қулфлаб қўйгандим, дераза ҳам ёпиқ, қай гўрдан кирдийкин? Ҳозир отиб юбораман уни, — Катерина Львовна ўрнидан турмоқчи бўлди, лекин ғафлат уйқусидаги қўллари ҳам, оёқлари ҳам унга итоат этмадилар; мушук бўлса унинг устида юриб, нуқул хуриллар, боз устига, одамга ўхшаб гапиргандай бўларди. Катерина Львовнанинг бутун вужуди бошдан-оёқ жимирлаб кетди.
“Йўқ, — деб ўйлади у, — ортиқ чидолмайман, эртага албатта муқаддас сувдан бир коса каравотим ёнига қўйиб қўяман, негаки, уйимга танда қўйган бу мушук жуда аломат жонивор кўринади.”
Мана, у яна тумшуғини Катерина Львовнанинг қулоғига тираганча, “хур-хур” қилиб гапира бошлади: “Нега энди, — деди у, — мен мушук бўларканман? Қанақасига? Сен ўзинг, Катерина Львовна, оқила жувонсан-ку, биласан-ку ахир, мен ҳеч қанақа мушук эмасман, балки эл таниган нуфузли савдогар Борис Тимофеич бўламан. Фақат шуниси ёмонки, ичимдаги жами ичак-чавоқларим келингинам меҳмон қилиб боққан овқатдан тилка-тилка бўлиб кетган. Оқибатда, — деб хуриллади у, — мен кичрайиб қолдим, энди мени яхши танимаган одамларнинг кўзига асл шакл-шамойилимда эмас, мушук бўлиб кўриняпман. Қани, айт-чи, менга, туриш-турмушинг қалай ўтаяпти, Катерина Львовна? Эрингга бўлган садоқатингни қандай оқлаяпсан? Мен атайлаб келдим қабристондан, Сергей Филипич билан биргаликда эрингнинг тўшагини қандай иситиб обод қилаётганингни кўргани… Хур-хур… Энди мен ҳеч нима кўрмайман. Мендан қўрқма: биласанми, кўзларим косасидан отилиб чиқиб кетган сен берган овқатни еганимдан кейин. Қани, кўзларимга қара-чи, келингинам, қўрқма!”
Катерина Львовна қарадию додлаб юборди. Ўзи билан Сергей ўртасида яна ўша мушук ётарди, лекин мушукнинг боши Борис Тимофеичнинг боши эди; у бош марҳумнинг тириклигидагидай катталикда бўлиб, кўзларининг ўрнида бир жуфт оловли доира гир-гир айланарди.
Сергей уйғониб кетди, Катерина Львовнани тинчитиб, яна ухлаб қолди; лекин Катерина Львовнанинг уйқуси бутунлай ўчган эди — айни вақтида ўчганди.
У кўзини очиб ётаркан, бирдан кимнингдир дарвоза оша ҳовлига сакраб тушганини эшитиб қолди. Ана, итлар ҳам вовиллаб ўша одамга ташланишди-ю, лекин дарров жимиб қолишди — эркаланиб унга суйкалишаётгандай туюлди. Мана, орадан яна бир дақиқа ўтди, пастдаги темир лўкидон шиқиллаб, эшик очилди. “Ё менга шундай туюл-япти, ё бўлмаса, менинг Зиновий Борисичим қайтиб келди, негаки, эшик унинг захира калити билан очилди”, — деб қўнглидан ўтказди Катерина Львовна ва шоша-пиша Сергейни туртиб уйғотди.
— Эшит, Сергей, — деди у ва ўзи ҳам тирсагига таянганча ҳушёр тортиб қулоқ сола бошлади.
Ҳақиқатан ҳам, кимдир зинадан эҳтиётлик билан аста-секин қадам босиб чиқиб, хобхона эшигига яқинлашаётган эди.
Катерина Львовна тунги кўйлакда тўшакдан ирғиб тушиб, деразани очди. Шу заҳоти Сергей болохона айвонига ялангоёқ сакраб ўтиб, устунга қўл ва оёқлари билан чирмашди — у беканинг кўшкидан неча марталаб шу устунни қучоқлаб пастга тушган эди.
— Йўқ, тўхта, кетма! Шу ерда ётиб тур… узоқлашма, — деб пичирлади Катерина Львовна ва Сергейга деразадан унинг кийими билан пойабзалини ташлади, сўнг ўзини яна кўрпа тагига олиб кута бошлади.
Сергей Катерина Львовнанинг айтганини қилди: устундан пастга сирпаниб тушиш ўрнига шу болохонадаги чипта бордон панасига беркинди.
Бу пайт Катерина Львовна эрининг эшик тагига келганини ва нафасини ичига ютиб, хонага қулоқ солаётганини эшитиб ётарди. У ҳатто эрининг рашк ўтида ёнаётган юраги тез-тез гурсиллаб ураётганини ҳам эшитгандай бўлди; лекин Катерина Львовнада бу пайт эрига ачиниш эмас, балки уни мазах қилувчи ёвузона истеҳзо уй-ғонган эди.
“Чучварани хом санабсан”, — деб ўйларди у худди маъсум гўдакдек жилмайиб ҳузур қиларкан.
Бу воқеа ўн дақиқача давом этди; лекин эшик ортида туриб, хотинининг қандай нафас олиб ухлаётганини эшитиш ахийри Зиновий Борисичнинг жонига тегди шекилли, эшикни тақиллатди.
— Ким у? — деб сўради Катерина Львовна бир оз фурсатдан ке-йин уйқусираган овозда.
— Мен, — деб жавоб қилди Зиновий Борисич.
– Сизми?
– Бўлмасам-чи, эшитяпсан-ку!
Катерина Львовна битта тунги кўйлакда сакраб туриб, эрини хонага киритди ва яна иссиқ ўрнига ётиб олди.
— Негадир тонготар чоғда салқин тушяпти, — деди у кўрпага бурканаркан.
Зиновий Борисич хонага киргач, атрофга кўз ташлаб чўқиниб олди ва яна ҳар томонга олазарак бўлиб қарай бошлади.
— Қалайсан? — сўради у хотинидан.
— Ёмонмас, — деб жавоб берди Катерина Львовна, сўнг ўрнидан кўтарилиб, эгнига олди очиқ хонаки чит кўйлагини кия бошлади.
— Самовар қўйиш керакдир? — сўради у.
— Майли, Аксиньяни чақир, ўша қўйсин.
Катерина Львовна яланг оёғига бошмоғини илиб, югуриб чиқиб кетди. Ярим соатча дараги бўлмади унинг. Бу аснода у ўзи самоварни ўт олдирди ва аста-секин болохона айвонига кўтарилиб, у ерда писиб ўтирган Сергейга:
— Қимирламай ўтир, — деб пичирлади.
— Қачонгача ахир? — сўради Сергей ҳам пичирлаб.
— Вой, мунча калтафаҳмсан-а! Ўтиравер, ўзим айтмагунимча.
Шундай деб, Катерина Львовна уни яна аввалги жойига ўтқазди.
Бу ердан ётоқхонада бўлаётган ҳамма гап Сергейга эшитилиб турарди. У эшик очилганини ва Катерина Львовнанинг яна хобхонага, эрининг олдига кирганини эшитди. У ерда айтилаётган ҳар бир сўз аниқ эшитилиб турарди.
—Қаёқда қолиб кетдинг шунча вақт? — сўради Зиновий Борисич хотинидан.
— Самовар қўйдим, — жавоб қилди хотин бепарво оҳангда.
Жим бўлиб қолишди. Зиновий Борисич камзулини қозиққа илгани эшитилди. Мана, энди у пишқириб, сув сачратиб ювина бошлади; ана, у сочиқ сўради, яна гапира бошлади.
– Хўш, қандай ўтди дадамнинг маъракаси, қандай дафн этдинглар уни? — сўради эр.
— Қандай бўларди, — деди хотин, — ўлди, кўмдик.
— Ҳайронман, нега бундай бўлдийкин-а?
— Ёлғиз Худога аён бу, — деб жавоб қилди Катерина Львовна, кейин финжонларнинг жаранглагани эшитилди.
Зиновий Борисич хона ичида маҳзун кайфиятда у ёқдан-бу ёққа юра бошлади.
— Қани, айт-чи, бу ерда ўзинг қандай кун кечирдинг менсиз? — деб яна савол бера бошлади Зиновий Борисич хотинига.
— Қандай бўларди — ҳамма қатори: базму зиёфатларга, театрларга бормасак…
— Назаримда, эрингнинг келганига ҳам унча қувонмаётгандайсан, — дея пичинг қилди Зиновий Борисич хотини томонга қиё боқаркан.
— Нима, сен билан биз ёш келин-куёвмидикки, эс-ҳушимизни йўқотсак? Бундан ортиқ қандай қувониш мумкин? Кўриб турибсан, югуриб-елиб ётибман қўнглингни овлаш учун.
Катерина Львовна самовар олиб келгани яна чопиб чиқиб кетди ва яна Сергейнинг олдига ўтиб, унга деди: “Ҳушёр бўлиб тур, Серёжа!”.
Сергей нима бўлишини аниқ билмасди, шунга қарамай шай бўлиб турди.
Катерина Львовна хонага қайтиб кирганида Зиновий Борисич тўшакда тиззалаб туриб, каравот тепасига ўзининг мунчоқ занжирли кумуш соатини осаётган эди.
— Нима учун сен, Катерина Львовна, ёлғиз ўзингга икки кишилик ўрин солдинг? — деб у бирдан худди таажжублангандай сўраб қолди.
— Нимагаки, сени кутаётувдим, — жавоб қилди Катерина Львовна дангал эрига тикилиб туриб.
— О, беҳад миннатдорман сендан бунинг учун… лекин тўшакда ётган мана бу нарса қаёқдан келиб қолди?
Зиновий Борисич чойшаб устида ётган ингичка жун белбоғни (Сергейнинг белбоғини) бир учидан ушлаб, хотинининг кўзи олдига олиб борди. Катерина Львовна ўйлаб ҳам ўтирмай жавоб қилди:
— Боғда ётган экан, — деди у, — олиб юбкамга белбоғ қилгандим.
— Ҳа-а, — деди Зиновий Борисич ўз сўзларига алоҳида урғу бериб, — юбканг масаласида эшитдик биз ҳам.
— Нимани эшитдинг?
— Нимани бўларди, қилиб юрган савобли ишларингизни-да.
— Мен ҳеч қанақа иш қилганим йўқ.
— Биз буни ҳали текшириб, суриштириб кўрамиз, — деди Зиновий Борисич хотини олдига чойдан бўшаган финжонни суриб қўяркан.
Катерина Львовна индамади.
— Биз, Катерина Львовна, сизнинг ҳамма қилган ишларингизни аниқлаймиз, — деди яна Зиновий Борисич узоқ чўзилган сукутдан кейин хотинига қошини чимириб қараркан.
— Сизнинг Катерина Львовнангиз кўрқоқлардан эмас. Бунақа пўписангиз билан қўрқитолмайсиз мени, — деди хотин.
— Нима? Нима? — деб ўшқирди Зиновий Борисич.
— Ҳеч нима — эшитганинг, — жавоб қилди Катерина Львовна.
— Эҳтиёт бўл, эй хотин! Мен йўғимда тилинг бийрон бўлиб қолибдими?
— Нега энди тилим бийрон бўлмасин? — деди Катерина Львовна.
— Ундан кўра ўзингни ўйласанг бўларди.
— Нима қилибманки ўзимни ўйлайман? Одамлар тилим бор деб нималарни ғийбат қилишмайди; нима мен ҳаммасига чидашим керакми тишимни тишимга қўйиб? Анойи йўқ!
— Ғийбат эмас бу, сенинг ким биландир дон олишиб юрганинг ҳам бизга маълум.
— Ким билан қанақа дон олишиб юрган эканман?
— Биламан қанақа дон олишиб юрганингни.
— Билсанг, айт аниқроқ қилиб!
Зиновий Борисич индамади ва яна бўшаган финжонни хотини томон суриб қўйди.
— Нима дейишингни ўзинг ҳам билмайсан, — деди Катерина Львовна эридан ҳазар қилиб ва чой қошиқни унинг финжонига жаҳл билан ташларкан. — Қани, гапир, ким ҳақида чақимчилик қилишди сенга? Ким экан ўша менинг жазманим?
— Биласан ҳали, кўпам шошилма.
— Нима, сенга Сергей тўғрисида бирон нима деб ғийбат қилишдими?
— Билиб оламиз ҳали, билиб оламиз, Катерина Львовна. Ҳали ҳеч ким бизнинг сенга бўлган ҳуқуқимизни бекор қилмаган, бекор қила олмайди ҳам… Ҳаммасини ўзинг айтиб берасан ҳали…
— Э… Э!.. Сабр косам тўлиб тошди, — дея чинқирди Катерина Львовна тишларини ғижирлатиб ва ранги докадай оқариб кетиб, эшикдан ўқдай отилиб чиқди.
Бир неча сониядан кейин у Сергейнинг қўлидан ушлаб хонага кириб келди-да, деди:
— Мана у. Майли, сўроқ қил уни ҳам, мени ҳам, ўз билганингча. Балки, яна бошқа билмаган нарсаларингни билиб оларсан. Хўш, яна нимани билмоқчисан?
Зиновий Борисич ҳатто каловлаб қолди. У гоҳ эшик олдида турган Сергейга, гоҳ, қўлларини кўксида чалиштириб тўшак четида беҳузур ўтирган хотинига қараркан, нималар бўлаётганини тушунолмай гаранг эди.
— Ҳей, нима қиляпсан ўзи, илон? — деёлди у зўрға ўтирган еридан қўзғалолмай.
— Бўл, сўрайвер ўша яхши билган нарсаларингни, — деди Катерина Львовна густохлик билан. — Балки ҳали мени калтаклаб қўрқитмоқчидирсан ҳам, – деб гапида давом этди у, ҳеч нимадан тап тортмай, — ҳеч қачон бундай бўлмайди; энди менга келсак, сенинг бунақа ваъдаларингни илгариям эшитганман… Мен энди сени нима қилишим кераклигини яхши биламан, айтганимни қиламан ҳам.
— Бу нима қилиқ? Йўқол! — деб бақирди Зиновий Борисич Сергейга.
— Нима қилиқ! — деди Катерина Львовна эрининг жиғига тегиб.
У чаққонлик билан эшикни қулфлаб, калитни чўнтагига солди, сўнг яна тунги кўйлагида тўшакка ёнбошлаб ётиб олди.
— Қани, Серёжечка, бери кел, келавер, жонгинам, — деб у гумашта йигитни ўз ёнига имлаб чақирди.
Сергей жингалак сочларини силкитиб, заррача ҳам тортинмай беканинг ёнига келиб ўтирди.
— Ё тавба! Э Худо! Бу нима, деган гап? Нима қиляпсанлар, махлуқлар?! — деб ўкириб юборди чўғдек қизариб кетган Зиновий Борисич ўрнидан тураркан.
— Ҳа, нима? Ёқмадими сенга? Мана, кўр, томоша қил, шунқорим эрим, қандай маза!
Катерина Львовна кулиб юборди ва эрининг кўзи олдида Сергейни жўшқин ҳирс билан ўпа кетди.
Шу пайт беканинг юзига шарақлаб тарсаки тушди ва Зиновий Борисич очиқ турган дераза томон отилди.

САККИЗИНЧИ БОБ

— А… а, шунақами ҳали!.. О, раҳмат, жоним эрим. Мен сендан шуни кутган эдим! — дея чинқирди Катерина Львовна. — Мана, энди кўрасан… Менинг айтганим бўлади, сеникимас…
У бир силтаниб, Сергейни ўзидан итариб юборди-да, эрига қуюндай ташланди. Зиновий Борисич дераза олдига етиб боришга улгурмай, хотин унинг орқасидан бориб, ўзининг ингичка бармоқлари билан унинг томоғидан худди намиққан каноп боғини сиқиб боғлаётгандай, хиппа бўғди ва ерга отиб йиқитди.
Энсаси билан ерга қаттиқ урилган Зиновий Борисичнинг эси оғиб қолди. Можаро ечими бунчалик тез юз беришини ҳеч кутмаган эди у. Хотини томонидан қилинган бу биринчи ҳужум Катерина Львовнанинг эридан қутулиш учун ҳозир ҳеч нимадан тап тортмаслигидан ва айни пайтда, ўзининг ҳам ушбу дамдаги аҳволи ниҳоятда хатарли эканлигидан далолат берарди. Зиновий Борисич буларнинг ҳаммасини ерга йиқилиб тушган лаҳзадаёқ идрок қилди-ю лекин, барибир, бақиргани билан овозини ҳеч ким эшитмаслигини, қайтага, жиноий ишни жадаллаштириши мумкинлигини тушуниб дод солмади. У чурқ этмай ётганча, атрофга олазарак бўлиб қаради ва ахири хотинининг кўзига тикилди — у нозик бармоқлари билан эрининг томоғидан бўғаётган эди.
Зиновий Борисич ўзини ҳимоя қилишга уринмади ҳам; унинг мушт бўлиб маҳкам тугилган қўллари икки ёнида ётар, ўзи дағ-дағ қалтирарди. Унинг бир қўлини Катерина Львовна тиззаси билан ерга босиб турган бўлса ҳам, иккинчи қўли озод эди.
— Босиб тур буни, — деди аёл Сергейга лоқайд оҳангда пичирлаб ва ўзи эри томон ўгирилди.
Сергей хўжайинининг устига миниб ўтириб, унинг иккала қўлини тиззалари билан босди ва Катерина Львовнага қўшилиб, у ҳам Зиновий Борисични бўғмоқчи бўлди, лекин шу чоқ бирдан Зиновий Борисич жон аччиғида чинқириб юборди. Устига миниб олган рақибини кўрган Зиновийнинг қалбида қонли интиқом ўти аланга олганди: у ўзининг энг охирги кучларини жамлаб, Сергейнинг тиззаси тагидаги қўлларини жон-жаҳд билан тортиб олди ва унинг қора соч-ларига чанг солиб, бўйнидан худди ваҳший ҳайвондек ғарчча тишлади. Лекин бу интиқом узоқ давом этмади: Зиновий Борисич шу заҳоти оғир инграб, боши шилқ этиб осилиб тушди. Ранги докадек оқариб кетган Катерина Львовна эри билан ўйнаши тепасида зилдай оғир куйма шамдоннинг уч томонидан ушлаб, ҳайкалдай қотиб турарди. Энди Зиновий Борисичнинг чаккаси ва ёноғидан қон ингичка из қолдириб оқа бошлаган эди.
— П-попни ч-чақир, — деб ингради Зиновий Борисич устида ўтирган Сергейдан жиркангандай бош силкиб узоқлашишга уринаркан. — Ис-истиғфор қиламан, — деди у ғўлдираб ва сочлари остида лахта бўлиб қуйила бошлаган илиқ қонга кўз қирини ташлади.
— Шундоқ ҳам тўнғиз қўпаверасан, — пичирлади Катерина Львовна, сўнг: — Бас, етар, кўп чўзма, — деди у Сергейга, — маҳкамроқ бўғ томоғидан!
Зиновий Борисич хириллай бошлади.
Катерина Львовна энгашиб, эрининг томоғини бўғаётган Сергейнинг қўллари устидан ўз қўлини босди, кейин Зиновий Борисичнинг кўкрагига қулоқ тутиб бирпас ётди. Беш дақиқали сукутдан сўнг ўрнидан туриб деди: “Бўлди, етар, куни битди”.
Сергей ҳам ҳансираганча ўрнидан турди. Томоғи бўғилиб, чаккаси ёрилган Зиновий Борисич ўлиб ётарди. Унинг боши тагида чап томонда мўъжазгина қон доғи бўлиб, энди у патила сочлар орасида ивиб, лахталаниб, оқмай қўйган эди.
Сергей Зиновий Борисичнинг жасадини ертўладаги ғиштин омборчага (бундан бир неча кун бурун марҳум Борис Тимофеич уни, яъни Сергейни шу ерга қамаган эди) олиб тушиб, яна болохонага қайтиб чиқди. Бу пайт Катерина Львовна тунги қўйлагининг енгини шимариб, этагини липпасига қистириб, Зиновий Борисичдан қолган ердаги қон доғларини мочалка ва совун билан азза-базза ишқалаб юваётган эди. Зиновий Борисич заҳарли чой ичган самоварнинг суви ҳали совимаган эди; ҳамма доғлар осонгина ювиб, йўқ қилинди.
Катерина Львовна идиш-товоқ ювиладиган мис тоғорача билан совунланган мочалкани қўлига олди.
— Қани, шам тутиб тур, — деди у Сергейга ўзи эшик томон юраркан, сўнг Сергей Зиновий Борисични кўтариб ҳамма ерни диққат билан кўздан кечираркан: — Пастроқ, пастроқ ушла, — деб буюрди.
Бўялган полнинг фақат иккита ерида олча донасидай кичкина иккита қон доғи учради. Катерина Львовна уларни мочалка билан иш-қалаб йўқ қилди.
— Ўз хотинининг орқасидан айғоқчилик қилишнинг, унинг олдига худди ўғридай пусиб киришнинг жазоси шу бўлади — деди Катерина Львовна қаддини тиклаб ва ертўладаги омборча томонга қараб қўйиб.
— Бўлди, тамом, — деди Сергей ва ўз овозидан ўзи сесканиб кетди.
Улар болохонага қайтишганида, кунчиқар томондан балқиган шафақнинг нафис қизғиш шуъласи оппоқ гулга бурканган олма дарахтини заррин нур билан безаб, боғ атрофидаги яшил панжара орасидан Катерина Львовнанинг хобхонасига мўралай бошлаган эди.
Елкасига калта пўстин ташлаган кекса гумашта пичанхонадан чиқиб, ҳовлидан ошхона томонга ўтиб бораркан, ҳам чўқинар, ҳам ҳомуза тортарди.
Катерина Львовна деразанинг ёпиқ эшигини ипидан тортиб очди ва Сергейга, гўё унинг қалбини ҳис этмоқчи бўлгандай, тикилиб қаради.
— Мана, энди сен савдогарсан, — деди у оппоқ билакларини Сергейнинг елкасига қўйиб.
Сергей ҳеч нима демади.
Унинг лаблари пир-пир учар, бутун вужуди худди безгаги қўзигандай дағ-дағ қалтирарди. Катерина Львовнанинг эса фақат лаблари совуқ эди.
Икки кундан кейин Сергейнинг қўлларида мисранг ҳамда белкурак дастасидан қавариқ ва қадоқлар пайдо бўлди; шу билан бирга, Зиновий Борисич ҳам ўзининг хандоқли омборчасига шундай пухта жойлаштрилган эдики, энди уни бева қолган хотини ёки хотинининг ўйнашисиз ҳеч ким то маҳшар кунигача топа олмайди.

ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ

Сергей бўйнини қизил рўмол билан ўраб юрар ва доим, томоғимга қандайдир яра чиққанга ўхшайди, деб зорланарди. Бу орада, Сергейнинг бўйнидаги Зиновий Борисичнинг тишларидан қолган тамға ҳали битиб кетмасидан, одамлар Катерина Львовнанинг эрини эслаб хавотирлана бошладилар. Ҳаммадан кўпроқ Сергейнинг ўзи уни тез-тез тилга ола бошлади. У кечқурунлари дарвоза олдидаги узун ўриндиқда йигитлар билан гурунглашиб ўтираркан: “Ҳайронман, йигитлар, хўжайинимиздан ҳалигача дом-дарак йўқ, нима бўлдийкин-а унга?” — деб ўзи гап очарди.
Йигитлар ҳам ҳайрон эдилар.
Ана шунда тегирмондан, хўжайиннинг от-арава ёллаб аллақачон шаҳардаги ҳовлисига жўнаб кетгани ҳақида хабар келди. Уни шаҳарга олиб келган аравакаш, Зиновий Борисичнинг гўё нохуш кайфиятда бўлганини ва унга жуда ғалати тарзда жавоб бериб юборганини, яъни: шаҳарга етмасдан уч чақирим наридаги монастир тагида аравадан тушиб, қўлига пул солинган халтани олиб, пиёда юриб кетганини айтибди. Бу хабарни эшитиб, ҳамма яна ҳам кўпроқ таажжубга тушди.
Зиновий Борисич дом-дараксиз йўқолган эди, вассалом.
Ана шунда қидирувлар бошланди, лекин ҳеч нима аниқланмади: савдогарзода худди сувга чўккандай ғойиб бўлганди.
Ҳибсга олинган аравакаш берган гувоҳликдан, савдогарнинг фақат монастир яқинда, дарё бўйида аравадан тушиб пиёда юриб кетганигина маълум бўлди. Хуллас, ҳеч нима ойдинлашмади. Катерина Львовна эса бу пайт бева хотин мақомида Сергей билан эркин-эмин вақтихушлик қиларди. Бу ҳам етмагандай, Зиновий Борисич фалон жойдамиш, писмадон жойга жўнаб кетибди, деган тахминларни овоза қила бошлагандилар. Ва лекин Зиновий Борисич ҳамон уйига қайтмасди, ҳолбуки, унинг ҳеч қачон уйига қайта олмаслигини Катерина Львовна жуда яхши биларди.
Орадан бир ой, икки ой, уч ой ўтди, ана шунда Катерина Львовна ўзининг ҳомиладор эканини ҳис эта бошлади.
— Энди, Серёжечка, ҳамма сармоялар бизники бўлади: менинг меросхўрим бор энди, — деди у Сергейга ва дума маҳкамасига бориб, мана шунақа-шунақа гаплар, мен иккиқатман, хўжалик ишлари ўлда-жўлда, уни бошқаришимга рухсат беринглар, деб арз қилди.
Тижорат ишлари таназзулга юз тутса яхшимас-ку, ахир. Катерина Львовна эрининг жуфти ҳалоли; ҳеч кимдан қарзлари ҳам йўқ кўринади, бинобарин, бева хотинга хўжалик ишларини бошқариши учун рухсат берилса ҳам бўлади. Шу қарорга келиб, рухсат беришди.
Катерина Львовна бутун мулкка ҳукмронлик қилиб яшай бошлади; Сергейни эса, энди маликанинг амри билан Сергей Филипич деб атай бошладилар; шу кунларда, худди томдан тараша тушгандай, яна бир нохушлик содир бўлди. Ливендан шаҳар ҳокимига келган мактубда Борис Тимофеичнинг тижорат ишларда фақат ўзининг сармоясигина эмас, балки унинг кичик ёшдаги жияни Фёдор Захар ўғли Ляминнинг ҳам пули муомалада бўлганлиги, боз устига, Ляминнинг пули Борис Тимофеичникидан ҳам зиёдроқ эканлиги ҳақида, шунга кўра, бу нарсани пухта текшириб чиқиш ҳамда бутун сармояни ёлғиз Катерина Львовнанинг қўлига топшириб қўймаслик лозимлиги масаласи ёзилган эди. Бу хабарни, турган гапки, шаҳар ҳокими Катерина Львовнага маълум қилди; кейин, орадан бир ҳафта ўтар-ўтмай, ҳеч кутилмаганда Ливендан бир кампир кичик бир ўғил болани етаклаб кириб келди.
— Мен, — деди кампир, — раҳматли Борис Тимофеичнинг холаваччаси бўламан, бу бола — менинг жияним Фёдор Лямин.
Катерина Львовна уларни кутиб олди.
Келганларнинг Катерина Львовна томонидан қандай қарши олиниб, қандай қабул қилинаётганини ҳовлида туриб кузатаётган Сергейнинг ранги қув ўчиб кетди.
— Ҳа, нима бўлди сенга? — сўради бека мурдадек оқариб кетган Сергейдан; у келганлар орқасидан кириб остонада тўхтаб қолган эди.
— Ҳеч нима, — деб жавоб қилди гумашта орқасига ўгирилиб даҳлизга чиқаркан.
— Хўш, энди нима қиламиз? — деб сўради Сергей Филипич Катерина Львовнадан тунда самовар атрофида ўтиришганда. — Бундан чиқди, Катерина Львовна, энди бутун умидларимиз пучга чиқаркан-да, а?
— Нега энди пучга чиқаркан, Серёжа?
— Негаки, энди ҳамма нарса тақсимланади. Кейин, бу қуппа-қуруқ ерда нимага ҳам бекалик қиласиз?
— Нима, бизга қолгани камлик қиладими, сенингча?
– Йўқ, гап менда эмас; мен фақат, энди бахтли кунларимиздан жудо бўлиб қоламизми, деб қўрқяпман, холос.
— Қанақасига? Нега энди биз бахтли бўлолмас эканмиз, Серёжа?
— Негаки, Катерина Львовна, мен сизни соф муҳаббат билан севаман, шунга кўра, сизни шу чоққача бўлган қиёфада эмас, аслзода хоним-афанди сифатида кўришни хоҳлайман, — деб жавоб қилди Сергей Филипич. — Энди бўлса, ҳамма нарса чаппасига кетиб, ҳали сармоянгиз камайгандан кейин аввалги аҳволингиздан ҳам ғариброқ бўлиб қолишингиз мени куйдиради.
— Эҳ, Серёжечка, нима қиламан мен шунча бойликни?
— Тўғри, Катерина Львовна, балки сизга қизиғи йўқдир ўша бойликнинг, илло менинг сизга бўлган ҳурматим ҳаққи, шуни эътироф этишим жоизки, ичқора, малъун одамларнинг сизга қандай кўз билан қарашларини ўйласам, юрак-бағрим қон бўлиб кетади. Сизнику, билмайман, аммо мен бундай аҳволда ҳеч ҳам бахтли бўлолмасам керак, деб ўйлайман.
Сергей шундай гапларни қайта-қайта Катерина Львовнанинг қулоғига қуявериб, нуқул анави гўдак Федя Ляминнинг касофатидан энг бахтсиз одамга айланаётганини, оқибатда барча тижорат аҳли олдида Катерина Львовнани улуғлаш ва қадрлаш имконидан маҳрум бўлиши мумкинлигини пеш қилаверди. Сергей ҳар сафар бу масала юзасидан гап очганида, агар шу Федя бўлмаганида, Катерина Львовнанинг эри ғойиб бўлганидан кейин тўққиз ой ўтганида бола туғиб бутун бойликка эга бўлиши, ана унда бахтли турмушларининг чеки-чегараси бўлмаслиги ҳақида луқма ташлаб ўтарди.

ЎНИНЧИ БОБ

Кейин Сергей нимагадир ворис ҳақида бутунлай гап очмай қўйди. Сергейнинг бу ҳақда гапирмай қўйганини кўрган Катерина Львовнанинг фикри-зикри ва қалбига энди Федя Лямин маҳкам жойлашиб олганди. Мана, у хаёлот оғушида бўлганидан, Сергейга ҳам совуқ муомала қила бошлади. У уйқусида ҳам, хўжалик ишлари билан маш-ғул бўлганида ҳам, ё Худога ибодат қилаётганида ҳам ҳамиша мияси бир фикр билан банд бўларди: “Бу нима деган гап? Нега энди мен шу зумраша деб сармоямдан жудо бўлишим керак? Ахир қанча азоб чекдим, не-не гуноҳ ишларга қўл урмадим, — деб ўйларди Катерина Львовна, — у бўлса, қўлини совуқ сувга ҳам урмай, менинг бойлигимни тортиб олмоқчи… Дурустгина одам бўлсаям майлийди, қаёқдаги бир тирмизак бола…”
Ҳавода илк совуқлар бошланди. Зиновий Борисич ҳақида, турган гапки, ҳануз ҳеч ердан ҳеч қандай дарак келмасди? Катерина Львовна кун сайин тўлишиб борар ва доим хаёл оғушида юрарди; шаҳарда унинг тўғрисида ҳар турли миш-мишлар, шов-шувлар тарқалиб, одамлар: “Измайловнинг шу тобгача ҳамиша озғин ва сўлғин бўлган бепушт келини қандай қилиб ва нимадан бирданига қорнини қаппайтириб олдийкин?” — деб суриштира бошлашди. Бу аснода ҳамворис ўсмир бола Федя Лямин олмахон мўйнасидан тикилган пўстинчада ҳовлида ўйнаб юриб, қатқалоқлар устидаги юпқа музларни синдирарди.
— Қўй, Фёдор Игнатьич! Қўй, бойвачча! — деб қичқирарди ҳовлидан югуриб ўтаётган ошпаз Аксинья. — Сен савдогарзодасан, кўлмакларни ковлашинг одобданми?
Ҳамворис Федя бўлса, Катерина Львовнани ҳомиласи билан хижолатга қўйиб, кимнингдир йўлига ғов бўлаётгани ёки кимнингдир бахтини кемтик қилаётгани ҳақида ҳеч ҳам ўйламай, шўх улоқчадай дик-дик сакраб ўйнар ва уни парвариш қилиб ўстирган бувисига зид ўлароқ, беғам, беташвиш ҳаловатда ухлаб қоларди.
Бир куни Федяга сувчечак тошди, бу ҳам етмагандай, шамоллаб қолиб, кўкраги санча бошлади ва ётиб қолди. Аввалига уни гиёҳ ўтлар билан даволашди, кейин табибга одам юборишди.
Табиб бу хонадонга танда қўя бошлади, болага турфа хил дорилар ёзиб берди, унга гоҳ бувиси, гоҳ бувисининг илтимоси билан Катерина Львовна соат-басоат дори ичириб туришди.
— Ёрдамингни аяма, Катеринушка, — деди ёш бека ўзига ўзи, — сен онасан, ўзингнинг ҳам ҳомиланг бор, ўзинг ҳам қилмиш гуноҳларинг учун Худонинг ғазабига учрашингни кутиб юрибсан; яхшилик қил.
Катерина Львовна кампирнинг илтимосини ҳеч қайтармади. У “хас-талик тўшагида ётган ўсмир Феодор” учун ибодат қилгани кечки ибодатга кетганида ҳам неварасига просфора* бўлагини олиб келгани эрталабки ибодатга борганида ҳам Катерина Львовна бемор бола ёнида ўтириб, унга сув ичирар, вақтида дорисини берарди.
Бир куни кампир Ташриф байрами* арафасида ўтказиладиган кечки ва ва тунги ибодатга кетаркан, Катеринушкадан Федюшкага қараб туришни илтимос қилди. Бола бу пайт сал тузала бошлаган эди.
Катерина Львовна Федянинг олдига кирди, бола олмахон мўйнали пўстинчасини кийиб, тўшагида патерик китобини ўқиб ўтирарди.
— Нима ўқияпсан, Федя? — сўради Катерина Львовна креслога ўтириб.
— Авлиёлар ҳаётини, холажон.
— Қизиқми?
— Жудаям қизиқ, холажон.
Катерина Львовна иягини кафтига тираганча, китоб ўқиётган Федянинг қимирлаб турган лабларига тикиларкан, шу чоғ бирдан: “Бу бола ҳали менга кўп ташвишлар келтиради, агар гумдон бўлса, қандай яхши бўларди”, деган унинг илгариги ўй-хаёллари яна худди тузоқдан бўшатилган иблислардек ёпирилиб келиб миясини қамраб олди.
“Ҳа-да, нима қипти, — деб ўйларди Катерина Львовна, — бола касал, унга дори бериб ётишипти… касал бўлгандан кейин, ҳар нарса бўлиши мумкин… Табиб дори тайинлашда янглишган, деган баҳона кифоя ”.
— Дори ичадиган пайтинг бўлдими, Федя?
— Берақолинг, холажон, — деди бола ва қошиқдаги дорини ичиб юбориб, қўшиб қўйди. — Жудаям қизиқ китоб экан, холажон, бунда авлиёлар ҳақида ёзилган.
— Майли, ўқийвер, — деди Катерина Львовна ва бутун хонага кўз югуртириб чиқиб, деразанинг жимжимадор муз қоплаган ойналарига тикилиб қолди.
— Бориб айтай, дераза қопқаларини ёпишсин, — деди у ва меҳмонхонага, у ердан залга, ундан кейин ўзининг болохонасига чиқиб ўтирди.
Беш дақиқалардан кейин бу ерга қўй терисидан калта пўстин кийган Сергей чиқиб келди; у сукутда эди.
— Дераза қопқаларини ёпишдими? — сўради ундан Катерина Львовна.
— Ёпишди, — деди Сергей шам сўхтасини қайчилаб оларкан; сўнг печка олдига бориб турди.
Хонага жимлик чўкди.
— Бугун тунги ибодат ҳали-бери тугамаса керак? — сўради Катерина Львовна.
— Эртага катта байрам, ибодат анча чўзилади, — жавоб қилди Сергей.
Яна жимлик.
— Федянинг олдига борақолай. У ёлғиз ўтирибди, — деди Катерина Львовна ўрнидан тураркан.
— Ёлғиз, де? — сўради Сергей қовоқ остидан унга тикилиб қараркан.
— Ёлғиз ўзи, — жавоб қилди Катерина Львовна пичирлаб, — нимайди?
Икковининг кўзидан кўзига қандайдир чақмоқдек шиддатли чиз-ғи тортилгандай бўлди; лекин улар бир-бирларига биронта ҳам сўз айтмадилар.
Катерина Львовна пастга тушди, хоналардан ўтди; ҳамма ер осуда эди; шамчироқлар жимгина ёниб турар, беканинг сояси деворлар бўйлаб лип-лип ўтарди; эшиклари ёпилган деразалардаги муз эриб йиғлай бошлаганди. Федя китоб ўқиб ўтирарди.
— Холажон, — деди у Катерина Львовнани кўриб, – бу китобни олиб қўйинг-да, ҳув анави икона қутиси устида ётган китобни олиб беринг.
Катерина Львовна жияни илтимосини бажариб, китобни олиб берди.
— Энди ухласанг бўларди, Федя!
— Йўқ, холажон, бувим келишини кутаман.
— Кутиб нима қиласан?
— Бувим менга тунги ибодатдан табаррук кулча олиб келадилар — сўз берганлар.
Катерина Львовна бирдан докадек оқариб кетди, унинг ўз ҳомиласи — ўз боласи бугун биринчи марта юраги остида қимирлаб тепинганди, шунда унинг кўксини муз қоплагандай бўлди. У хона ўртасида бирпас қимир этмай туриб қолди, кейин музлаб қолган қўлларини ишқилаганча хонадан чиқди.
— Хўш? — деди у болохонага аста-аста юриб чиқиб, Сергейни ҳануз печка олдида турганини кўраркан.
— Нима? — деди Сергей эшитилар-эшитилмас ва қўрқиб кетди.
– У бир ўзи.
Сергай қошларини чимириб, оғир ҳансираб нафас ола бошлади.
— Кетдик, — деди Катерина Львовна шахт эшик томон бурилиб.
Сергей апил-тапил этигини ечди ва сўради:
— Нима олай?
— Ҳеч нима, — деди Катерина Львовна ва Сергейни қўлидан ушлаб пастга етаклаб тушиб кетди.
___________
* Просфора — православ масҳабидаги диндорлар ибодат чоғида истеъмол қиладиган оқ буғдой унидан пиширилган кичкинагина думалоқ кулча.
* Ташриф (введение) байрами — Биби Марямнинг ибодатгоҳга киришини (21 ноябр) хотирлаб ўтказиладиган черков байрами.

ЎН БИРИНЧИ БОБ

Катерина Львовна учинчи марта келганида, касал бола сесканиб кетиб, китобини тиззасига қўйди.
— Нима қилди, Федя?
— Негадир қўрқиб кетдим, холажон, — деди бола хавотирли жилва билан ва тўшак четига сурилиб ўтирди.
— Нимадан қўрқиб кетдинг?
— Сиз билан яна кимдир келаётгандай бўлди, холажон.
— Вой, қачон? Ҳеч ким келгани йўқ мен билан, ўргилай.
— Ҳеч ким, денг?
Бола каравотнинг оёқ томонига энгашиб, холаси кириб келган эшикка қаради-да, сал кўнгли таскин топди.
— Менга шундай туюлди, шекилли, — деди у.
Катерина Львовна жияни каравотининг бош томонидаги тўсиққа суянди.
Федя холаси юзига қараб туриб, негадир рангингиз оқариб кетди, деди.
Катерина Львовна бунга жавобан бесабаб йўталиб қўйди ва меҳмонхонага очиладиган эшикка умид билан қаради. У ёқдан пол тахтасининг оҳиста қисирлагани эшитилди фақат.
— Мен, холажон, ўз фариштам Феодор Стратилат ҳақида ўқиётувдим. — Ана, у Худога жудаям содиқ бўлган экан.
Катерина Львовна чурқ этмай тураверди.
— Агар хоҳласангиз, холажон, ўтиринг, сизгаям ўқиб бераман, — деди жиян навозиш билан.
— Шошмай тур, мен ҳозир келаман, залдаги шамчироқ сўхтасини оламану қайтаман, — деди Катерина Львовна ва шошганча чиқиб кетди.
Меҳмонхонада аллакимлар жуда оҳиста пичирлашарди; шундай бўлса ҳам, бу пичир-пичир сукутга чўмган уйда боланинг динг қулоғига эшитилди.
— Холажон! Нима бўляпти ўзи? Ким билан пичирлашяпсиз у ёқда? — деб йиғи аралаш чинқириб юборди бола. — Бу ёққа келинг, холажон, мен қўрқиб кетяпман, — деди у йиғлаб, шунда Катерина Львовнанинг меҳмонхона томондан “хўш” дегани эшитилди; бола бу сўзни ўзига қаратилган деб ўйлади.
— Нимадан қўрқасан? — деб сўради хонага дадил ва шахдам-шахдам юриб кирган Катерина Львовна сал хириллаган овозда, сўнг у каравот олдида туриб, ўз гавдаси билан меҳмонхонага очиладиган эшикни тўсди. — Ёт!
— Ётгим келмаяпти, холажон.
— Йўқ, Федя, гапимга қулоқ сол, ёт, ухлайдиган пайтинг бўлди, ёта қол — деб яна такрорлади Катерина Львовна.
— Нега унақа қиляпсиз, холажон? Сираям ётгим келмаяпти.
— Йўқ, сен ёт, ёта қол, — деди Катерина Львовна яна ҳам ўзгарган ва бўшашган овозда, сўнг болани икки қўлтиғидан олиб, тўшагига ётқизди.
Ана шунда Федя жуда ҳам ҳаяжонланиб кетиб, додлаб юборди: унинг кўзи хонага ранги бўзариб ялангоёқ кириб келаётган Сергейга тушган эди.
Катерина Львовна боланинг даҳшатдан ланг очилган оғзини кафти билан тўсиб туриб бақирди:
— Қани, бўл тез! Маҳкам босиб тур, қимирламасин!
Сергей Федянинг оёқ ва қўлларидан ушлади, Катерина Львовна каттакон пар ёстиқни олиб, шўрлик хаста боланинг юзига шартта босиб, устига бақувват, диркиллаган сийналари билан ётиб олди.
Хонада тўрт дақиқача қабристон сукунати давом этди.
— Бўлди, жони узилди, — деб пичирлади Катерина Львовна ва ҳаммаёқни тартибга келтириш учун эндигина оёққа турган эди, не-не жиноятларнинг шоҳиди бўлган бу сокин хонадоннинг деворлари гурсиллаб урилган муштлар, зарбалардан қаттиқ ларзага келди: дераза ойналари зириллади, пол тахталари тебрана, осма шамчироқларнинг занжирлари зорланиб жингиллай бошлади, ғайритаъриф соялар деворлар бўйлаб зир-зир югурди.
Сергей қўрққанидан қалтираб кетди ва оёғини қўлига олганча чопиб чиқиб кетди. Катерина Львовна унинг орқасидан югурди, шов-қин-сурон, бақириқ-чақириқлар эса улар орқасидан таъқиб қилиб борарди. Бамисоли қандайдир ғайризаминий кучлар гуноҳ ботқоғига ботган бу уйни таг-туги билан қўпориб ташлашга уринаётгандай эди.
Катерина Львовна қўрқиб кетган Сергейнинг ҳовлига отилиб чиқиб, ваҳимага тушганини сездириб қўйишидан хавотирда эди; йўқ, у тўғри болохонага чопиб чиқиб кетган экан.
Зинадан югуриб чиққан Сергей қоронғида пешонасини қия очиқ турган эшик қиррасига уриб олди ва инграганча пиллапоялардан умбалоқ ошиб туша бошлади; бу даҳшатдан у ўзини йўқотиб қўяёзди.
Сергей оёғи осмондан бўлиб, боши пиллапояларга урилиб, йўл-йўлакай, орқасидан етиб келган Катерина Львовнани ҳам ағдариб пастга думалаб тушаркан, нуқул:
— Зиновий Борисич, Зиновий Борисич! — деб ғўлдирарди.
— Қани у? — сўради Катерина Львовна.
— Ана, қўлида темир това билан тепамиздан учиб ўтди. Ана, ана, ана! — деб чинқирди Сергей, — мажақлаяпти, ҳамма нарсани мажақлаяпти.
Энди ҳамма нарса ойдинлашган эди: кўчага тўпланган тумонат одам дераза ойналарини қарс-қурс урар, аллакимлар эшикни очиб кирмоқчи бўларди.
— Сен аҳмоқсан! Тур ўрнингдан, аҳмоқ! — деб ўшқирди Катерина Львовна ва шундай деб туриб, ғизиллаганча Федянинг олдига тушиб кетди, бориб гўдак мурданинг бошини худди ухлаб ётгандай қилиб ёстиққа қўйди, сўнг одамлар қарсиллатиб ураётган кўча эшикни бақувват қўли билан очди.
Манзара ниҳоятда даҳшатли эди, Катерина Львовна эшик олдида тўпланган оломоннинг боши оша қаради: сон-саноқсиз бегона одамлар ҳовлига баланд девордан ошиб тушар, даҳшатли шовқин-сурондан кўча ларзага келган эди.
Катерина Львовна нима бўлганини билишга ҳам улгурмай, эшик олдини қамал қилган халқ уни тутиб роса эзғилади ва ҳибсга олди.

ЎН ИККИНЧИ БОБ

Бу барча ваҳималар мана бундай содир бўлганди: ўн иккинчи байрам* арафасида бўладиган тунги ибодатга ҳамма черковларда, ҳаттоки Катерина Львовна истиқомат қилаётган унча кичик бўлмаган уездда ҳам тумонат одам йиғиларди. Эртаси куни престол* бўладиган черковда-ку, халқнинг кўплигидан тангадай жой анқонинг уруғи эди. Бунақа пайтда, одатда, савдогарваччалардан таркиб топган хонишчилар қўшиқ санъати ҳаваскорлари ичидан етишиб чиққан махсус регент* бошқарувида диний қўшиқ куйлайдилар.
Бизнинг халқ художўй, худонинг черковига қаттиқ ихлос қўйган, шу билан бирга, ўзига яраша санъаткор ҳам: черковнинг серҳашам қиёфаси ва у ерда уйғунлик билан жўр бўлиб ижро этиладиган диний мадҳиялар халқимиз учун энг улкан, энг мусаффо ҳузур-ҳаловатдир. Бизда хонишчилар куйлаган черковга шаҳарнинг ярим аҳолиси тўпланади, десак муболаға бўлмайди, айниқса, савдогар йигитлар: гумашталар, дастёр болалар, фабрика ва заводларнинг ишчи ёшлари яна хўжайинларнинг ўзлари ҳам хотинлари билан — ҳамма-ҳаммалари битта черковга тиқилиб киришади; уларнинг ҳар бири папертда* туриб бўлса ҳам, дераза тагига тўпланиб бўлса ҳам, саратоннинг жазирама иссиғига ҳам, қаҳратон қишнинг аёзига ҳам қарамай, октава (йўғон) овозли қўшиқчининг хонишини ва тенор овози қўшиқчининг чинқириб авжга чиқишини эшитишга муштоқдирлар.
Измайловлар хонадонига тегишли бутхонага муқаддас Биби Мар-ямнинг ибодатгоҳга биринчи ташрифи шарафига престол куни бўлиши керак эди, шунинг учун бу байрам арафасидаги оқшомда, яъни Федя фалокатга учраган пайтда, шаҳарнинг барча ёшлари ана шу бутхонага йиғилган эдилар; улар ибодатдан кейин кўча-кўйни бошларига кўтариб шовқин солиб тарқалишаркан, машҳур тенор қўшиқчининг фазилатлари ҳамда бас овозли хонишчининг тасодифий хатолари ҳақида гурунглашардилар.
Лекин барчани қизиқтираётган мавзу фақат хонишчилар эмас эди: оломон ичида бошқа масалаларга қизиққан одамлар ҳам бор эди.
— Қизиқ-а, йигитлар, Измайловнинг келини ҳақида жуда ғалати миш-мишлар юрибди, — деди машинист йигит (уни бир савдогар ўзининг буғ тегирмонида ишлаш учун Петербургдан ёллаб чақириб олган эди) Измайловлар уйига яқин келганида, — одамларнинг айтишича, — деди у, — ўша келин ўзларининг гумаштаси Серёжка билан дон олишиб юрармиш доим…
— Буни ҳамма билади, — деди эгнига дағал ип газлама билан сирланган пўстин кийган одам. — Бугун бу бутхонада ҳам кўринмади-ёв.
— Бутхона дейсан-а! Бу ярамас хотин шундай қабиҳ ишлар қилганки, энди у виждонсиз на худодан қўрқади, на одамлар кўзига тик қарашдан.
— Ие, қаранглар, уйларида чироқ ёниб турибди, — деди машинист йигит дераза эшикчаси тирқишидан тушиб турган шуълага ишора қилиб.
— Қани, мўралаб кўр-чи, нима қилишаётган экан! — дея пичирлашди бир неча кишилар.
Машинист иккита ўртоғининг елкасига таяниб, энди эшикча тир-қишига кўзини қадаган ҳам эди, бирданига бақириб юборди ва бўралаб сўкинди:
— Оғайнилар, азизлар! Ичкарида кимнидир бўғиб ўлдиришаяпти!
Машинист шундай деб туриб, дераза эшикчасини жон-жаҳд билан гурсиллатиб ура бошлади. Унга қўшилиб яна ўнтача одам дераза қопқасини муштларди.
Оломон лаҳза сайин кўпайиб борар, оқибатда, биз юқорида айтиб ўтганимиз — Измайловлар уйини қамал қилиш бошланганди.
— Мен кўрдим, ўз кўзим билан кўрдим, — дерди машинист Федянинг ўлдирилганига гувоҳлик бериб, — икковлари тўшакда чал-қанча ётган гўдакни бўғишди.
Сергейни шу куниёқ маҳкамага олиб кетишди, Катерина Львовнани эса, ўзининг болохонасига қамаб, қўриқлагани иккита соқчи қўйиб қўйишди.
Измайловлар уйида совуқ забтига олган: печлар ёқилмаган, эшиклар доимо очиқ: томошаталаб, бекорчи бир оломон ўрнини иккинчи шунақа оломон эгаллаб турарди. Одамлар кичкина тобутда ётган Федяни ва қопқоғи устига каттакон мато ёпилган катта тобутни кўргани келишарди. Федянинг пешонасига оқ атлас тасма ёпилган бўлиб, бу тасма марҳумнинг мияси ёриб очилганидан кейин, тажриҳдан қолган қизил чандиқни беркитиб турарди. Суд тиббиёт йўли билан ёрилган бошчаноқ Федянинг бўғиб ўлдирилганини аниқлаб берди; ана шунда майитнинг тепасига олиб келинган Сергей попнинг маҳшар куни бўладиган сўров ҳақидаги ҳамда тавба қилмаган бандаларни қандай жазолар кутаётгани тўғрисидаги ваъзларини эшитгани ҳамоно йиғлаб юборди ва на фақат Федяни ўлдирганини қасам ичиб бўйнига олди, шунингдек, жанозасиз кетган Зиновий Борисичнинг жасади қаерга кўмилганини ҳам айтиб, уни ковлаб олишларини илтимос қилди. Қуруқ қумга қўмилган жасад ҳали унча бузилмаган эди; уни хандақдан олиб, катта тобутга ётқиздилар. Сергей бу иккала жиноятда ҳам ёш бека унга шерик бўлганини айтиб, ҳаммани даҳшатга солди. Лекин Катерина Львовна ҳамма берилган саволларга фақат: “Ҳеч нима билмайман, ҳеч нарсадан хабарим йўқ”, — деб жавоб қайтараверди. Ана шунда Сергейни бека билан юзлаштиришди. Катерина Львовна Сергейнинг эътирофини эшитиб, бир сўз ҳам айт-мади, ўйнашига ҳайрон бўлиб, лекин беғараз қараб қўйди-да, бепарво кайфиятда деди:
— Ҳамонки, у сирни очиб қўйган экан, менинг ҳам тонишимдан фойда йўқ, мен ўлдирганман.
— Нима сабабдан? — деб сўрашди ундан.
— Анавини деб, — жавоб қилди жувон бошини хам қилиб турган Сергейни кўрсатиб.
— Жиноятчиларни бошқа-бошқа авахтага қамашди; бутун жамоатчиликнинг диққатини ўзига тортган ва ҳамманинг ғазабу нафратини қўзғатган бу даҳшатли иш тезда поёнига етди. Феврал ойининг охирида суд жиноят палатасида Сергейни ҳамда учинчи гилдия савдогарининг беваси Катерина Львовнани, ўз шаҳарларининг бозор майдонида қамчи билан савалаш, сўнг икковини сургунга суриш ҳақида ҳукм чиқарганини эълон қилди. Март ойининг бошида эрталабки қаҳратон совуқда жаллод Катерина Львовнанинг яланғоч оппоқ елкасига ҳукмда айтилган миқдорда қамчи уриб, баданида кўкарган ва қонталаш излар қолдирди, кейин Сергейнинг ҳам елкасида саноқли қамчи изларини қолдириб, унинг чиройли юзига қиздирилган учта сургун тамғасини босди.
Шу ўтган вақт давомида жамоат аҳли негадир, Катерина Львовнага қараганда, Сергейга кўпроқ ачинди. Афтига қатрон сурилиб, қора қонига беланган Сергей жаллод тахтапулидан тушаётганида тиззаси қалтираб йиқилаёзди, лекин Катерина Львовна пиллапоядан оҳиста одимлаб тушаркан, фақат эгнидаги қалин кўйлак билан дағал маҳбуслик чопонини қамчидан жароҳатланган елкасига теккизмасликка ҳаракат қиларди.
Ҳатто авахта касалхонасида ётганида, унга ўзи туққан боласини эмизгани олиб келишганда ҳам у фақат: “Кўрмай ҳам, куймай ҳам!” — деб юзини тескари бурган ва заррача инграмай, зорланмай, тақир каравотга юзтубан ётиб олганди.
___________
* Ўн иккинчи байрам — христианларда 12 та энг муҳим диний байрамлардан бири.
* Престол — бирон муқаддас авлиё ёки йирик диний ҳодиса шарафига қурилган ибодатгоҳда уларни хотирлаш куни.
* Регент — черковдаги хонишчилар раҳбари.
* Паперт — черковга кираверишдаги очиқ саҳн.

ЎН УЧИНЧИ БОБ

Таркибида Сергей ва Катерина Львовна бўлган маҳбуслар гуруҳи баҳор фасли фақат календар бўйича кириб келган, аммо қуёш, халқ таъбирига кўра, “чарақлаб нур сочса ҳам, ҳали унча иситмайди”ган пайтда сафарга чиқди.
Катерина Львовнанинг боласини боқиб тарбиялаш учун марҳум Борис Тимофеичнинг холаваччаси — кампирга беришди; жиноятчи бева аёл туққан бола ўлдирилган Зиновий Борисичнинг қонуний ўғли деб тан олингани сабабли, энди бу мурғак бола Измайловларга тегишли бутун молу давлатнинг ягона меросхўри бўлиб қолганди. Катерина Львовна бундан жуда хурсанд бўлди ва боласини худди кераксиз матоҳдек, мутлақо бепарво кайфиятда топширди. Унинг боланинг отасига бўлган муҳаббатидан бир зарраси ҳам, кўпчилик жўшқин эҳтиросли аёлларда бўлгани сингари, боласига ўтмади.
Шуни ҳам айтиш жоизки, бу аёл энди на зиёю зулматни, на ёвузлигу эзгуликни, на дилгирлигу шодликни тан оларди; у ҳеч нимани идрок қилмас, ҳеч кимни севмас, ҳатто ўзини ҳам ёқтирмай қўйган эди. У фақат маҳбуслар гуруҳининг йўлга чиқишини сабрсизлик билан кутарди, зеро, ана шундагина у яна ўзининг Серёжечкаси билан учрашиш иштиёқида эди, боласини эса бутунлай унутиб юборганди.
Катерина Львовнанинг умидлари пучга чиқмади: оёғига зилдай кишан солинган, тамғаланган Сергей қамоқхона дарвозасидан Катерина Львовна билан битта гуруҳда йўлга чиқди.
Инсон ҳар қандай изтиробли манфур ҳолатга ҳам баҳоли қудрат кўникаркан ва ўзининг ғарибона қувончлари сари интилиш лаёқатини ҳар қандай вазиятда ҳам имкон қадар сақлаб қолар экан; Катерина Львовна орзу қилган одам энди унинг ёнида: У Сергей билан яна кўриша бошлади, ёнида экан, узоқ сургун йўли ҳам бахт гулларига буркангандир.
Катерина Львовна ўзининг олачипор қопчиғига қимматбаҳо буюмлардан озгина солиб олган эди, нақд пули эса ундан-да кам эди. Лекин у шу бойлиги ва пулларининг кўпини ҳали Нижний Новгородга етиб бормасданоқ Сергей билан ёнма-ён юришга розилик олиш ва этап манзилининг торгина совуқ бурчагида қоронғида бир соатгина Серёжечкаси билан қучоқлашиб туриш учун ундерларга* тарқатиб бўлган эди.
Лекин Катерина Львовнанинг тамғаланган жазмани энди негадир жуда бемеҳр бўлиб қолганди: унинг ҳар битта айтган гапи аёлнинг дилига ўқдай санчиларди; шундай бўлса ҳам, у кун сайин пучайиб бораётган ҳамёнидан ўзининг еб-ичиши учун жуда зарур бўлган чорак сўмлик кумуш тангани ундерга бериб, Сергей билан хуфёна учрашишга рухсат оларди, лекин Сергей энди бундай учрашувларнинг қадрига етмас, ҳатто бу ҳақда бир неча марта гапирган эди ҳам:
— Сен этап йўлагининг бурчак-бурчагида мен билан ишқаланиш ўрнига ундерга қистираётган ўша пулингни менга берсанг бўларди.
— Фақат тангамири (25 тийин) бердим, холос, Серёженка, — деб ўзини оқлай бошларди Катерина Львовна.
— Нима, тангамири пул эмасми? Бунақа тангамириларни йўл-йўлакай анча-мунчасини териб олибсан, шекилли, ҳеч аямай, итгаям, битгаям қистириб ётибсан.
— Эвазига, Серёжа, мана, сен билан кўришяпман.
– Шунча чеккан азобларимиздан кейин, кўнгилни қувонтирармиди бунақа кўришишлар? Менга қолса, бу учрашувларни четга қўйиб туриб, бошимга тушган азобу уқубатларга лаънатлар ўқиган бўлардим.
— Лекин менга, Серёжа, барибир, фақат сени кўриб турсам бўлгани.
— Тентаклик бу, — жавоб қиларди Сергей.
Катерина Львовна бундай жавобни эшитганида лабларини қонатгудек қаттиқ тишлаб олар, баъзида эса, тун қоронғисидаги учрашув чоғида шу чоққача йиғи нималигини билмаган унинг қўзларида ғазаб ва алам ёшлари пайдо бўларди; лекин у барибир чидар, индамас ва ўзини ўзи алдамоқчи бўларди.
Улар бир-бирларига бўлган ана шундай янгича муомала билан Нижний Новгородга етиб бордилар. Бу ерда уларнинг гуруҳи Москва йўли бўйлаб Сибирга бораётган маҳбуслар гуруҳига қўшилди.
Таркибида ҳар хил тоифадаги одамлар бўлган бу каттагина гуруҳнинг маҳбусалар бўлимида анча кўзга яқин иккита аёл бор эди: биттаси – ярославллик солдат хотини Фиона худди мўъжизадек гўзал хилқат бўлиб, у сарвқомат, қалин сочлари зулукдек қора, қалин ва узун мижгонлари тимқора хумор кўзларини худди сеҳрли ҳарир ҳижоб янглиғ тўсиб турарди; иккинчи аёл — ўн етти ёшли чувак юзли, сариқ соч, нозик бадани фараҳбахш, оғзи кичкинагина, нафис ёноқларида кулдиргичлари бўлган бу қизнинг заррин соч толалари олачипор маҳбуслик рўмолчаси остидан диккайиб чиқиб турарди. Уни маҳбуслар Сонетка деб чақиришарди.
Соҳибжамол Фиона мулойим ва танбал табиат аёл эди. Уни ўз гуруҳида ҳамма биларди, лекин у билан қовушишга муваффақ бўлган эркак маҳбусларнинг биронтаси ҳам бу қовушишдан ҳузур қилмаган, шу боис, Фионанинг бошқа хушторларга ҳам шу тарзда саховат кўрсатишидан ҳеч ким ранжимас эди.
— Фиона холамизнинг кўнгли юмшоқ, ҳеч кимга йўқ демайди, — дейишарди маҳбуслар ҳазил қилишиб.
— Лекин Сонетка мутлақо бошқа тоифадан эди.
Унинг тўғрисида шундай дейишарди:
— Илонбалиқ у, қўлинг олдида жилпанглайди-ю, ҳеч тутқич бермайди.
Сонетка дидли қиз эди, ўзига керак кишини “чертиб-чертиб” танларди; унинг учун шаҳвоний эҳтирос оддий ширин ҳолва эмас, балки изтироб ва фидойиликни талаб қилувчи теран ҳиссиёт эди; аммо Фиона бўлса, олдига келган хушомадгўйга: “Нари тур!” дейишга ҳам эринувчи, ўзининг фақат хотин киши эканлигини билувчи оддий бир рус аёли эди. Бунақа аёллар қароқчилар тўдаларида, маҳбуслар орасида ва Петербургдаги социал-демократик коммуналарда жуда юксак қадрланади.
Бу икки аёлнинг битта қўшилма гуруҳда пайдо бўлиши Сергей билан Катерина Львовна ҳаётида сўнгги фожиавий ҳодиса юз беришига туртки бўлди.
___________
* Ундер (унтер офицер) — кичик зобит.

ЎН ТЎРТИНЧИ БОБ

Маҳбусларнинг қўшилма гуруҳи Нижний Новгороддан Қозон шаҳрига биргаликда йўлга чиққан биринчи кундан бошлаб Сергей очиқдан-очиқ солдат хотини Фионанинг кўнглини овлашга киришди ва бу ҳаракати зое кетмади. Соҳибжамол танноз Фиона юмшоқ кўнгил аёл бўлганидан, ҳеч бир эркакни зорлантирмаганидек, Сергейга ҳам таранг қилиб ўтирмади. Учинчи ё тўртинчи манзилда тўхташганида, Катерина Львовна Серёжечка билан учрашиш учун пора бериб, қош қорая бошлаган пайтдан мижжа қоқмай, чақириб келишларини кутиб ётди; ҳали-замон навбатчи ундер кириб уни туртди ва: “Бор тез”, деб пичирлади. Ана, эшик очилиб қайсиям бир аёл йўлакка лип этиб чиқиб кетди; яна бир марта эшик очилди, яна бир маҳбуса сўридан сакраб тушиб, солдат кузатувида ташқарига отилди; ниҳоят, кимдир Катерина Львовнани ёпиниб ётган ётган чопонидан тортқилади. Ёш жувон маҳбусларнинг биқинлари тегавериб, сийқаланиб кетган сўридан сакраб тушди, елкасига чопонини ташлади ва қаршисида турган кузатувчи солдатни туртди.
Катерина Львовна йўлакдан ўтиб бораётганида шабчироқ билан хира ёритилган битта ерда ўзларини сездирмасликка уринган икки ё уч жуфт ошиқ-маъшуқларга тўқнаш келди. Эркак маҳбуслар камераси ёнидан ўтиб бораётганида эса, камера эшигидаги туйнукдан босиқ кулги эшитилди унинг қулоғига.
— Шўхлик қилишяпти баччағарлар, — деб тўнғиллади Катерина Львовнани кузатиб келаётган солдат ва унинг елкасидан ушлаб тўхтатиб, шу ердаги бурчакка итарди-да, ўзи нари кетди.
Катерина Львовна бу ерда бир чопонни ва соқолли юзни пайпаслаб топди; иккинчи қўли аёл кишининг иссиқ юзига тегди.
— Ким бу? — сўради Сергей пичирлаб.
— Ўзинг нима қиляпсан бу ерда? Ёнингдаги ким?
Катерина Львовна қоронғида рақибасининг рўмолини юлқиб олди. Аёл ўзини четга олиб қоча бошлади ва йўлакда аллакимга урилиб кетиб, йиқилди.
Эркаклар камерасида гурр кулги кўтарилди.
— Мараз! — деб пичирлади Катерина Львовна ва Сергейнинг янги жазмани бошидан юлқиб олган рўмол учи билан унинг юзига урди.
Сергей уни ургани қўл кўтарди; лекин Катерина Львовна йўлакдан тез югуриб ўтиб, аёллар камераси эшигини очди. Эркак маҳбуслар камерасидан эшитилган бояги кулги энди авжга минганди; шабчироқ яқинида туриб, ўз оёғи остига туфлаётган, ҳамма нарсага бепарво соқчи:
— Жим! — деб ўшқирди.
Катерина Львовна келиб индамай ўрнига ётди ва шу алпозда тонг оттирди. Унинг тили: “Мен уни севмайман-ку, ахир”, демоқчи бўлса ҳам, дили Сергейни янада қизғинроқ севишини ҳис қиларди. Унинг кўз олдида нуқул бир кафтини анави бузуқнинг энсасига қўйиб, иккинчи қўли билан унинг қайноқ елкасидан қучган Сергей қайта-қайта намоён бўларди.
Шўрлик жувон йиғлаб юборди ва беихтиёр ўша кафтнинг ҳозир ўз энсасида бўлишини, иккинчи қўлнинг эса, ўзининг дағ-дағ қалтираётган елкасидан қучишини хоҳлай бошлади.
— Кел, қўй энди, қайтариб бер менинг рўмолимни, — деб уйғотди уни эрталаб солдат хотини Фиона.
— Ие, сенмидинг ҳали?
— Илтимос, бера қол!
— Нега бизни бир-биримиздан жудо қиляпсан?
— Қанақасига жудо қилибман? Нима, бу муҳаббатимидики ё ишқий ҳавасмидики, жаҳлинг чиқса?
Катерина Львовна бир лаҳза ўйланиб қолди, кейин қоронғида юлқиб олгани рўмолни ёстиғи тагидан чиқариб, уни Фионага отди ва деворга ўгирилиб ётди.
Унинг кўнгли енгил тортганди.
— Туф, — деди у ўзича, — ҳали мен шу ямоқ тоғорага рашк қилиб юрибманми? Ордона! Ғирт бемаънилик-ку, ўзимни унга тенг қилишим!
— Энди сен, Катерина Львовна, — деди Сергей эртаси куни йўлда кетатуриб, — гапимни эшит, шуни тушунгинки, бирламчи, мен сенга Зиновий Борисич эмасман, иккиламчи, сен ҳам энди савдогарнинг бойвуччаси эмассан: шунинг учун, илтимос, сал ўпкангни бос. Бозоринг касод бўлган энди.
Катерина Львовна бунга жавобан ҳеч нима демади, шундан ке-йин у бир ҳафтагача Сергейга қайрилиб ҳам қарамай, бир сўз ҳам айтмай кетаверди. Бу унинг Сергей билан биринчи марта жанжаллашиши эди, шу боис ундан қаттиқ хафа бўлганини кўрсатиш ва ярашгани биринчи бўлиб гап очмаслик учун, тишини тишига қўйиб чидади.
Катерина Львовна Сергейдан аччиғланиб юрган шу кунларда Сергей оқбадан Сонеткага хушомад қилиб, унинг кўнглини овлай бошлади. У гоҳ “алангали саломлар”, деб қизга таъзим қилар, гоҳ жилмайиб боқар, гоҳ рўпара келиб қолганида, уни қучиб бағрига босишга уринарди. Катерина Львовна буларнинг барини кўрар, кўриб баттар қони қайнаб кетарди.
“Энди яраша қолсаммикин-а, у билан?” — деб кўнглидан ўтказди Катерина Львовна оёғи остига қарамай, йўлда қоқилиб-суқилиб бораркан.
Лекин ярашгани биринчи бўлиб оғиз очишга унинг ғурури йўл қўймасди. Бу орада Сергей Сонеткага астойдил илакиша бошлаган ва худди илонбалиқдек шундоққина қўлинг олдида жилпанглаб ҳеч тут-қич бермовчи Сонетканинг кутилмаганда, “гаҳ” деса қўлга қўнадиган бўлиб қолганини энди ҳамма кўраётган эди.
— Мендан хафа бўлган эдинг, — деди бир куни Фиона Катерина Львовнага, — ахир, нима ёмонлик қилувдим сенга? Мен билан бўлган иш аллақачон ўтиб кетди, ундан кўра, сен анави Сонеткага кўз-қулоқ бўлсанг яхши эди.
“Э, қуриб кетсин ўша ғурурим: шу бугун кечасиёқ ярашганим бўлсин”, деб Катерина Львовна аҳд қиларкан, фақат бир нарса тўғрисида, яъни ярашиш учун бошқачароқ йўл топиш ҳақида ўйлай бошлади.
Лекин бу мушкул аҳволдан уни Сергейнинг ўзи кутқарди.
— Львовна! — деб чақирди у бир қўниш жойида. — Бугун кечаси бир зумга ёнимга чиққин, гап бор.
Катерина Львовна индамади.
– Нима, ҳалиям хафамисан? Чиқмайсанми?
Катерина Львовна яна ҳеч нима демади.
Лекин гап манзилга етишганида, Катерина Львовнанинг бошлиқ ундерга суйкалиб, йўлда одамлар садақа қилган ўзининг етти тийин пулини унга бераётганини Сергей ва бошқа маҳбуслар кўришган,
— Ҳали яна йиққанимда қолган ярим тангани ҳам бераман, — деб ёлборганини эшитишган эди.
Шунда ундер пулни шинелининг қайтарма енгига яшириб:
— Майли, — деганди.
Бу музокара охирида Сергей томоқ қириб қўйди, Сонеткага кўз қисди.
— Оҳ, Катерина Львовна! — деди Сергей уни қучоқлаганча, этап уйининг пиллапоясидан кўтарилар экан. — Бу хонимга тенг келадиган аёл, йигитлар, бутун дунёда топилмайди.
Катерина Львовна бу саодатли ондан чўғдай қизарди, энтикиб-энтикиб нафас олди.
Тунда эшик хиёлгина очилган заҳоти, у камерадан отилиб чиқиб кетди, қоронғи йўлакда дағ-дағ қалтираб, пайпаслаб Сергейни қидирди.
— О, менинг Катям! — деди Сергей уни қучоқлаб.
— Оҳ, менинг золимим! — деди Катерина Львовна йиғи аралаш ва Сергейнинг пинжига кириб ўпа бошлади.
Соқчи йўлакда у ёқдан-бу ёққа юрар, кейин тўхтаб, оёғи остига тупурар ва яна юра бошларди. Эшик ортидан йўл юриб чарчаган маҳбусларнинг хурраклари эшитилар, қаердадир сичқон ниманидир қитирлатиб кемирар, печь остида қора чигирткалар ким-ўзарга чириллашар, Катерина Львовна эса жаннатий ҳузур оғушида эди.
Лекин мана, ниҳоят, фараҳбахш дамлар тугаб, ташвишли жайдари гаплар бошланди.
— Бу азоб ўлдиради мени: тўпиқларимдан тиззамгача суягимнинг сирқираб оғриганига ҳеч чидолмаяпман, — деб зорлана бошлади Сергей Катерина Львовна билан йўлакнинг бир бурчагида ерда ўтираркан.
— Энди нима қилмоқчисан, Серёжечка? — деб сўради Катерина Львовна ўзини унинг чопони этаги билан ўраркан.
— Қайдам, Қозонга борганимизда лазаретга ётқизишларини сўрасаммикин?
— Вой, нималар деяпсан, Серёжа?
— Нима қилай, оғриганига чидолмаяпман.
— Унда, сен қоласан-у, мени ҳайдаб кетишадими?
— Илож қанча? Кишан оёқларимни шунақанги ғажиб ташладики, мен сенга айтсам, бу кетишда эртамас-индин суягимниям кемира бошлайди. Ҳар ҳолда, бир жуфтгина жун пайпоқ топсам ёмон бўлмасди, — деб қўшиб қўйди Сергей бир дақиқадан кейин.
— Пайпоқ? Менда бор, Сергей, янги пайпоқ.
— Э, қўйсанг-чи! — деди Сергей.
Катерина Львовна бир сўз демай, ғизиллаганча камерасига кириб кетди, у ерда ўзи ётган сўридаги халтасини кавлаб, қўлида бир жуфт яшил рангли гулдор қалин жун пайпоқ билан яна шошганча Сергейнинг олдига қайтиб чиқди.
— Мана, энди чидаса бўлади, — деди Сергей Катерина Львовна билан хайрлаша туриб, уни охирги пайпоғидан маҳрум қиларкан.
Бахти кулган Катерина Львовна ўз ўрнига келиб ётиб, тинчгина ухлаб қолди.
У ўзидан кейин Сонетканинг йўлакка чиққанини ҳам, сўнг фақат тонг отар чоғидагина оёқ учида аста кириб келганини ҳам эшитмади.
Бу воқеа Қозонгача яна икки кунли йўл қолганида юз берган эди.

ЎН БЕШИНЧИ БОБ

Камералари ҳавоси оғир ва димиққан этапнинг дарвозасидан чиққан маҳбуслар гуруҳини рутубатли совуқ кун қарши олди: шиддатли шамол увиллар, ёмғир қор аралаш бўралаб ёғарди. Катерина Львовна руҳафзо кайфиятда чиқиб келди, лекин сафга туриши билан бутун вужудида титроқ туриб, ранги бўзариб кетди. Кўз олди қоронғилашди; барча бўғимлари зирқираб ҳолсизланди. Катерина Львовнанинг рўпарасида турган Сонетка унинг гулдор яшил жун пайпоғини ки-йиб олган эди.
Катерина Львовна йўлга тушаркан, ўзини худди мурдадек ҳис қилди; фақат кўзларигина Сергейга даҳшатли ўқрайганча қотиб қолган эди.
Биринчи манзилда у Сергейнинг олдига хотиржам юриб келиб, “аблаҳ” деб пичирлади ва кутилмаганда унинг юзига тупурди.
Сергей уни урмоқчи бўлиб хезланган эди, маҳбуслар ушлаб қолишди.
— Шошмай тур ҳали! —деди Сергей юзидаги тупукни артаркан.
— Қойил, бўш келмади у сенга, — деб Сергейни мазах қила бошлашди маҳбуслар; айниқса, Сонетка қотиб-қотиб кулди.
— Ошиқ-маъшуқликнинг айнан шунақа хили ёқарди бу қизга.
— Кўрасан, додингни бераман ҳали бу қилмишинг учун, — деб дўқ қилди Сергей Катерина Львовнага.
Ёғин-сочин ҳаводан ва йўл азобидан тинкаси қуриган Катерина Львовна навбатдаги этап уйининг сўрисида тунда кўнгли безовта бўлиб ухлаб ётаркан, бу аёллар палатасига иккита одам кириб келганини эшитмади.
Одамлар киришган заҳоти, Сонетка сўридан бош кўтариб, товуш чиқармай, Катерина Львовнани қўли билан кўрсатди ва яна чопонга бурканиб ётиб олди.
Шу лаҳзадаёқ Катерина Львовнанинг бошига чопони ёпилди, фақат бўз кўйлакда қолган унинг елкаси аралаш орқасида қўшалоқ қилиб ўрилган арқоннинг йўғон учи мардона куч билан дарра бўлиб ўйнай бошлади.
Катерина Львовна чинқириб юборди, лекин овози бошини буркаб олган чопон остидан эшитилмади. У бир силкиниб бош кўтармоқчи бўлди, аммо қўлидан ҳеч иш келмади: барзанги маҳбус унинг елкасига миниб ўтириб, икки қўлини маҳкам босиб турарди.
— Элликта, — деб санади кимдир ва бу, шубҳасиз, Сергейнинг овози эди.
Сўнг бу тунги шарпалар зумда хонадан чиқиб кўздан ғойиб бўлдилар.
Катерина Львовна бошидаги чопонни отиб ташлаб, шахт ўрнидан турди: ҳеч ким кўринмади; фақат сал нарироқдан кимнингдир чопон остидан ҳасадли ҳиринглаши эшитилди. Катерина Львовна Сонеткани кулгисидан таниди.
Бу оғир аламнинг чеки-чегараси йўқ; шунингдек, айни чоғда, Катерина Львовнанинг қалбида аланга олиб ёнаётган аччиқ адоват ҳам мислсиз эди. У ўзини йўқотиб қўйиб, олдинга ташланди ва ҳушидан кетиб, уни ушлаб қолган Фионанинг кўксига бош урди.
Катерина Львовна кечагина бевафо ўйнашининг кўнглини овлаб, лаззатлантирган бу овсар ва шалвираган рақибасининг лорсиллаган сийнасига худди она кўксига ёпишган гўдакдек бош қўйиб, аччиқ аламига чидолмай юм-юм йиғлай бошлади. Энди улар тенг эдилар: икковларининг ҳам қиймати бир, икковлари ҳам “пуф, сассиқ” бўлган эдилар.
Ҳа, улар тенг!.. Биринчи учрашув асираси Фиона ҳам, муҳаббат можаросини бошлаган Катерина Львовна ҳам энди тенг эдилар.
Очиғини айтганда, Катерина Львовна энди ҳеч нимадан афсусланмасди. У тўйиб-тўйиб йиғлаб олгач, бағри тошга айланди ва йўқлама пайтига мутлақо хотиржам кайфиятда чиқди.
Ноғора чалинди; ҳовлига кишанланган маҳбуслар, кишанланмаган маҳбуслар, Сергей ҳам, Фиона ҳам, Сонетка ҳам, Катерина Львовна ҳам, шунингдек, жуҳуд билан кишанбанд қилинган расколник ҳам, битта занжирга боғланган поляк билан татар ҳам гурра-гурра чиқа бошлашди.
Ҳамма маҳбуслар жам бўлишгач, баҳоли қудрат тартиб билан сафланишди ва юриб кетишди.
Ўта бефайз манзара: жамият орасидан юлқиб олинган ва саодатли келажаклари ҳақидаги жамики орзу-умидларидан тамомила маҳрум этилган бу бир сиқим кишилар йўлнинг совуқ ва чилп-чилп лойига ботиб борардилар. Теварак-атрофнинг кўриниши жуда-жуда хунук: балчиқ йўлнинг охири кўринмайди, осмонни қора булут қоплаган, ҳаммаёқда барглари тўкилиб, яланғоч бўлиб қолган оқ толлар ва уларнинг тарвақайлаган шохларига ҳурпайиб қўниб ўтирган қарғалар. Шамол гоҳ инграб жазавага тушади, гоҳ увиллаб шердай ўкиради.
Дўзах азобини эслатиб, киши қалбини ларзага келтирувчи бу товушлар уқубатли йўл манзараси билан омухта бўлиб авжга минганча, Библиядаги афсонавий пайғамбар Айюбга унинг хотини айтган: “Туғилган кунингга лаънатлар ўқи ва ўл!” деган маслаҳатдай янграрди.
Ушбу калимага амал қилишни истамаган ва мана шу ғоят мунгли вазиятда ҳам ўлим ҳақидаги ўйлардан қувониш ўрнига ундан қўрқадиган одамлар ваҳшиёна увилловчи бу овозларни янада даҳшатлироқ наъра билан бўғишлари лозим. Буни оддий одам жуда яхши тушунади: бундай пайтда у ўз табиатидаги жамики ҳайвоний ҳирсларга эрк беради, дабдурустдан тентаклик қилиб, ўзини ҳам, бошқа одамларни ҳам, уларнинг руҳиятларини ҳам мазах қила бошлайди. Шундоқ ҳам унча хуштабиат бўлмаган бу одам энди энг жоҳил зотга айланади.
— Қалайсиз, бойвучча? Хоним-афандим соғ-саломатмилар? — деди Сергей Катерина Львовнага суллоҳлик қилиб; бу пайт маҳбуслар гуруҳи бугунги туналган этапдан йўлга чиқиб, эндигина жиққа ҳўл тепалик ортига ўтган эди.
Сергей шу гапдан кейин Сонетка томонга ўгирилиб, уни ўз чопони барига ўради-да, баралла овоз билан куйлай бошлади:

Ташқарида бир малла соч бош қўринди думалоқ,
О, ҳали ҳам ухламабди бу муғомбир қизалоқ.
Кел, яширай чопонимнинг бари билан, кел тезроқ.

Сергей қўшиқ айтиб туриб, Сонеткани қучоқлади ва ҳамма маҳбусларнинг кўзи олдида уни чўлпиллатиб ўпди.
Катерина Львовна буларнинг барини кўрди ҳам, кўрмади ҳам: ҳозир у жони узилган одамга ўхшарди. Гуруҳдагилар уни туртишар, итаришар, Сергейнинг Сонетка билан бадахлоқлик қилаётганини унга имо билан кўрсатишарди. Катерина Львовна ҳаммага масхара бўла бошлаган эди.
Агар биронта маҳбус Катерина Львовнанинг қоқилиб-суқилиб бораётгани устидан мазах қилиб кулмоқчи бўлса, Фиона:
— Тегманглар унга, — деб ёнини оларди, — кўрмаяпсизларми, ярамаслар, ахир хаста-ку, бу аёл?
— Оёғи ҳўл бўлгандир-да, — деб пичинг қилди бир маҳбус йигит.
— Бўлмасам-чи, савдогарлар хонадонининг бойвуччаси-ку, ахир: нозикойим, — деб луқма ташлади Сергей.
— Аммо-лекин, агар оёғига иссиқ пайпоқ кийса, сал кўзга яқин бўлармиди, — дея гапини давом эттирди у.
Катерина Львовна гўё ғафлат уйқусидан уйғонгандай бўлди.
— Яшшамагур заҳарли илон, — деди у аламига чидай олмай, — майли, мазах қил, ярамас, устимдан кулиб қол!
— Йўқ, бегойим, ҳечам мазах қилаётганим йўқ сизни, фақат айт-моқчийдимки, манави Сонетка ажойиб пайпоқ сотмоқчи экан, балки сиз, савдогар хотини, сотиб оларсиз, деб ўйловдим.
Кўплар кулиб юборишди. Катерина Львовна довдираганича жўнаб қолди.
Ҳавонинг авзойи тобора баттар бузила бошлади. Осмонни буркаб олган қора булутлардан паға-паға ёғаётган ҳўл қор ерга инган заҳоти эриб, шундоқ ҳам чилп-чилп лой йўлни ботқоқ балчиққа айлантира бошлади. Ниҳоят, узоқ уфқда қорамтир бир чизиқ кўринди; унинг иккинчи чети кўринмас эди. Бу дарё узра эсган анчагина кучли шамол аста-аста қад кўтараётган маҳобатли машъум долғаларни гоҳ олға, гоҳ орқага ҳайдарди.
Шилтаи шалаббо бўлиб, дағ-дағ қалтираётган маҳбуслар гуруҳи сув бўйига келиб паромни кута бошлади.
Турқи совуқ жиққа ҳўл паром келди; маҳбусларни унга чиқара бошладилар.
Паром тинмай ёғаётган ҳўл қорга бурканиб тўлқинларда чайқалганча, соҳилдан узоқлаша бошлади. Шу пайт маҳбуслардан бири:
— Айтишларича, бу паромда арақ сотадиган одам бормиш, — деди.
— Ҳа, жуда мавриди эди-да бекорчиликда, — деди Сергей ва Сонетканинг кўнглини овламоқ мақсадида, Катерина Львовнага тегажоқлик қила бошлади: — Ҳей, бойвучча, эски қадрдонлигимиз ҳурмати, арақ билан меҳмон қил бизни. Қизғанма пулингни. Бир пайтлар қандай севишганимизни, сен билан, жонгинам, кузнинг узун кечалари қандай ишрат қилганимизни, қариндошларингни тавба-тазаррусиз, жаноза ўқитмай, нариги дунёга равона қилганимизни бир эсла.
Катерина Львовна совуқдан дағ-дағ қалтирарди. Унинг бутун вужудида шалаббо кийимига сингиб, суяк-суягигача зирқираётган совуқдан ташқари яна бошқа аллақандай ҳолат содир бўлаётган эди. Боши алангаи оташ бўлиб ёнарди: кўз қорачиғлари катталашиб, телбаваш чақнаганча тўлқинларга қадалганди.
— Арақ бўлса, мен ҳам йўқ демасдим: совуқдан қалтираб кетяпман, — деб шанғиллади Сонетка.
— Бегойим, кел энди, меҳмон қила қол! — дея хиралик қиларди Сергей.
— Вой, беҳаё-е! — деди Фиона таъна билан бошини сарак-сарак қилганча.
— Бу ишинг виждонсизлик, — деди маҳбус йигит Гордюшка Фионанинг гапини қувватлаб.
— Шўрликка тиш қайраганинг камми? Ҳеч бўлмаса, бошқалардан уялсанг бўларди.
— Ким қўйибди сенга гапиришни, жумла-жаҳон тамакидони!* Нимага энди уяларканман? Балки уни ҳеч қачон севмагандирман ҳам… Энди менга бу қўтир мушукнинг башарасидан кўра манави Сонетканинг йиртиқ бошмоғи азизроқ: хўш, бу гапимга қарши нима дея оласан? Яхшиси, ана, оғзи қийшиқ Гордюшкани сева қолсин; ё бўлмаса… — Сергей атрофига аланглаб, кўзи чакмон ва ҳарбий фуражка кийган жинқарча отлиқ унтерга тушди ва қўшиб қўйди: — бўлмасам, ана, этап ундерига суйкала қолсин: ҳарҳолда, у чакмони билан ёмғирдан пана қилади-ку.
— Бунинг устига, офицер хотини деган ном ҳам қозонарди, — деб қичқирди Сонетка.
— Бўлмасам-чи!.. Ҳазил-ҳазил билан пайпоққа ҳам пул ишлаб оларди, — деди Сергей Сонеткага жўр бўлиб.
Катерина Львовна ўзини ҳимоя қилишга уринмасди ҳам: у дарё тўлқинларини тобора диққат билан кузатаркан, фақат лаблари пирпирарди, холос. Сергейнинг разолатли гаплари орасидан унга қутура бошлаган тўлқинларнинг сурони эшитиларди. Ана шу пайт бирдан унинг кўзига бир тўлқин орасидан кўтарилган Борис Тимофеичнинг кўкарган калласи кўринди, яна бир тўлқин қаъридан боши эгик Федяни қучоқлаган эри сувда чайқалиб қад кўтарди. Катерина Львовна диний дуоларни эслашга уриниб, лабини қимирлатар ва пичирлаб дерди: “Ҳа, узун куз кечалари сен билан қандай айшу ишрат қилгандик, не-не одамларни ваҳшиёна ўлдириб, нариги дунёга жўнатгандик…”
Катерина Львовна дағ-дағ қалтирарди. Унинг бир нуқтага тикилган телбаваш нигоҳи ваҳшиёна боқарди. У қўлларини бир-икки марта аллақаёққа чўзиб, яна туширди. Орадан яна бир дақиқа вақт ўтди — шунда Катерина Львовна бирдан чайқалиб кетди ва кўзини жўшқин тўлқинлардан узмаган ҳолда энгашиб, Сонетканинг оёғига чанг солди-ю, бир ҳамлада у билан бирга паромдан сувга шўнғиди.
Ҳамма ҳайратдан тош қотиб қолди.
Катерина Львовна тўлқин устида бир кўриниб, яна шўнғиди; бош-қа тўлқин Сонеткани кўтарди.
— Чангак! Чангак ташланглар! — деб бақиришди паромдагилар.
Узун арқонга боғланган залворли чангак учиб бориб сувга тушди. Сонетка яна кўринмай қолди. Икки сониядан кейин у, дарё оқизиб кетгани сабабли, паромдан анча узоқда яна қўлларини сувдан чиқарди. Лекин шу чоғ бошқа тўлқин қаъридан белигача қалқиб кўтарилган Катерина Львовна, худди митти балиқчага ташланган чўртон балиқдай, Сонеткага ҳамла қилди-ю, икковлари бошқа кўринмай қолдилар.
___________
* Расколник — расмий черковга қарши қаратилган диний-ижтимоий ҳаракат мазҳабларидан бирининг аъзоси.
* Жумла-жаҳон тамакидони — суюқоёқ хотинга берилган таъриф.

Қодир Мирмуҳамедов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 1-сон