Отлиқ аскарлар полки тура бошлагандан кейин, Б. шаҳарчаси жуда хушчақчақ бўлиб кетди. Унгача ўлгудек кўнгилсиз эди… Гоҳо йўлинг тушиб қолиб ундан ўтганингда кўча юзида ғоят мунғайиб турувчи пастак ва кичик гувала уйларга кўзинг тушса, таъбинг шу қадар хира бўлардики, буни ифодалаб бериш қийин, худди бор-йўғингни қиморга бой бергандек ёки бемаҳал бирон номаъқулчилик қилиб қўйгандек ғуссага ботарди киши, хулласи, нохуш бўлардинг. Уйларнинг лойсувоқлари ёмғирдан ивиб-ўпирилиб тушган-у, деворлар ола-қуроққа айланган; аксари томларга, одатда бизнинг жанубий шаҳарларимизда бўлганидек, қамиш ёпилган; боғларни эса шаҳар ҳокими, манзара чиройли бўлсин деб, аллақачон чоптириб ташлатган. Кўчаларда жон асарини учрата олмайсан, тизза бўйи чанг билқиллаб ётган йўлни кесиб биронта хўроз ўтиб қолмаса… Агар жиндек ёмғир ёғиб қолгудек бўлса борми, ботқоққа айланади-ю, иннанкейин Б. шаҳарчасининг кўчаларига унинг ҳокими: «Фаранглар», деб атаган бўрдоқи ҳайвонлар тўлиб кетади. Улар бесўнақай тумшуқларини чўзиб чунонам хир-хирлашадики, ўткинчиларнинг отларини тезроқ қамчилашдан бошқа иложи қолмайди. Шуниси ҳам борки, Б. шаҳарчасида ўткинчини учратиш қийин. Аҳён-аҳёнда, ўн бир жоннинг* эгаси, малларанг чўзимдан дағал тўн** кийган бирон помешчик аллақандай шалдироқ аравада тош йўлни тарақлатиб ўтиб қолади, ун тўла қоплар орасидан мўралаганича жийрон бияга қамчи уради, биянинг кетидан қулуни чопиб кетаётган бўлади, албатта. Бозор майдони дейиладиган жойнинг турқи ундан ҳам кўнгилсиз: тикувчининг уйи жуда бесўнақай тушган, пештоқи кўриниб турса ҳам майли-я, бурчаги туртиб чиққан, унинг қаршисидаги икки деразалик ғиштин иморат ўн беш йилдан бери қурилмоқда, ундан нарироқда тахта деворли, мундоқ қарашда тузуккина бир қўра турибди, у балчиққа ўхшаш кулранг мойга бўялган, уни шаҳар ҳокими ёшлик вақтида ўэга иморатларга ибрат тарзида қурдирган, у вақтларда ҳали ҳокимнинг тушки овқатдан кейиноқ ухлаш, кечаси ётиш олдидан аллақандай шифобахш қайнатқи ичиш одати йўқ эди. Бошқа деворларнинг деярлик ҳаммаси четандан; майдон ўртасидаги майда-чуйда дўконларда ҳаммавақт боғлам-боғлам тешик кулчалар сотилади; бундан ташқари қизил дурра боғлаган аёлу бир пуд совунни, бир неча қадоқ аччиқ бодому милтиқнинг ўқ-дориларини, ип газламаю эшик олдида ҳамиша михқозиқ ўйини билан банд бўлган икки гумаштани кўриш мумкин. Аммо, Б. деган бу шаҳарчада отлиқ аскарлар полки тура бошлаши биланоқ ҳаммаёқ ўзгариб кетди. Кўчалар ола-ғовур бўлиб, жонланди, бошқа тусга киргандай туюлди. Пастак уйлар ёнидан ўтиб борувчи абжир, серсавлат, бошига жиға таққан офицер тез-тез кўзга ташланиб қолар, у иш юзасидан, ноёб тамаки борасида дўсти билан гаплашмоқ учун, баъзида генералдан яшириқча полкка ўтиб кетган от-аравани қиморга тикиш учун ўтар эди: негаки, бу арава полк доирасида ҳамманинг қўлига бир-бир кириб чиқарди; унда бугун майор сайр қилса, эртага поручикнинг отхонасида пайдо бўларди, бир ҳафта ўтгандан кейин қарабсанки, тағин майорнинг навкари мойлаяпти. Уйларнинг оралиқларидаги четан қозиқларни аскарларнинг офтобга ёйилган фуражкалари босиб кетган, сурранг шинель албатта аллақаердаги дарвозада қўнқайиб турар, тор кўчаларда этик чўткасидай дағал мўйловли солдатлар учраб қолар эди. Қаерга қарасанг, шу мўйловлар. Ёғлоғи кўтарган мешчан хотинлар бозорда тўпланиб қолгудек бўлса, уларнинг кифтлари оша ҳам мўйловлар кўриниб қоларди. Дор қурилган жойда мўйловдор аскар бир оми қишлоқининг соқолини уқалар, униси эса, кўзлари ола-кула бўлиб, яккаш инқиллар эди. Шу вақтга қадар аллақайси руҳонийнинг беваси билан бир уйда истиқомат қилувчи ҳакамдан ва салгина фаҳм-фаросатлироғ-у, лекин туну кун — тушдан то оқшомгача, оқшомдан тушгача ухлагувчи шаҳар ҳокимидангина иборат маъракаларни энди офицерлар қизитиб юборишди. Бригада генералининг маҳкамаси бу ёққа кўчирилгандан кейин эса, маърака яна ҳам серфайз бўлиб, қизиқарли тус олди. Оламда бор-йўқликлари шу вақтгача бировнинг хаёлига ҳам келмаган овлоқ қишлоқларнинг мулкдорлари жаноб офицерлар билан кўришмоқ ниятида, баъзида эса қарта ўйнаш учун шаҳарчага тез-тез келиб турадиган бўлиб қолишди, кўнгилхушликлар уларнинг экин-тикин ташвиши, хотинларининг хархашаларию қуёнлар дахмазаси билан ғовлаган каллаларида ширин хаёл сингари фавқулодда шавқ туғдирарди.
Афсуски, бригада генералининг нима муносабат билан катта зиёфат бериб қолганини эслай олмайман, лекин зиёфатга тайёргарлик жуда зўр бўлди: генерал ошхонасидаги пичоқларнинг тақир-туқури ҳарбий шаҳарча нарёғидан ҳам эшитилиб турар эди. Зиёфат учун бозордаги бор-йўқ нарса кўтариб кетилди, натижада ҳакам билан руҳоний бевасининг куни ниманингдир унидан ёпилган кулчаю картошкадан тайёрланган буламиққа қолди. Генерал турган уйнинг кичкина ҳовлиси дилижону извошлар билан тўлган бўлиб, маъракага офицерлар, шу теваракдаги баъзи ер эгалари таклиф қилинган эди. Мулкдорлар орасида диққатга сазоворроғи — сайловларда ҳаммадан кўра кўпроқ жар соладиган Пифагор Пифагорович Чертокуцский кўз-кўз қилишга арзигулик дилижонда келган эди. У илгари отлиқ аскарлар полкидан бирида хизмат қилган, анча тузук ва кўзга кўринган офицерлар жумласидан ҳисобланарди. Уларнинг полки кўчиб борган жойларда бўлиб ўтган талай базму маъракаларда уни илгари ҳам кўрганлари аниқ, дарвоқе, бу ҳақида Тамбов ва Симбир губернияларининг қизларидан сўралса ҳам бўлади. Агар, одатда хунук машмаша деб аталадиган бир кўнгилсизлик туфайли истеъфога чиқмаганида, у бошқа жойларда ҳам шуҳрат орттириши эҳтимолдан узоқ эмас эди. Қариган чоғида бировни тарсакилаганми, ё ўзи тарсаки еганми, буниси аниқ эсимда йўқ, ҳайтовур ундан истеъфога чиқа қолишини ўтиниб сўрадилар. Аммо бу билан ўз қадрини қиттак ҳам йўқотгани йўқ: ҳамон ҳарбий мундир бичимидаги хипчабел фрак кияр, белига тақилган аслаҳасию бурни тагидаги мўйловлари ҳам бояги-боягидек эди. Йўқса, дворянлар уни пиёда аскарлар полкида хизмат қилган, деб ўйлашлари мумкин эди-да, пиёдаларни эса у гоҳо-гоҳо калака қилиб туришни яхши кўрарди. У Россиянинг аёллару гўдаклар, қизлару семиз мулкдорлардан иборат бутун авра-астари кўнгилхушлик қилиш учун барча турдаги нақлиёт воситаларига, ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган аломат извошларга тушиб борадиган гавжум ярмаркаларнинг биттасидан ҳам қолмасди. Қаерга отлиқ аскарлар полки келиб қўнмасин, дарҳол искаб топардию келиб, албатта жаноби офицерлар билан учрашарди. Уларнинг олдига енгил дилижондан ёки извошдан чаққонлик билан сакраб тушарди-да, дарров ҳол-аҳвол сўрашиб кетар эди. Ўтган сайловларда у дворянларга жуда яхши зиёфат берди, зиёфат чоғида, агар уни пешволикка сайлашса, дворянларнинг ишини ривож топтиражагини маълум қилди. Ўша вилоятда истиқомат қиладиган одамлардан эшитишимча, у ўзини тўралардек тутар, яқинда битта дўндиққа уйланган — уни икки юз жондану бир неча минг сармоядан иборат сепи билан хотинликка олган экан. Сармоя эса ўша заҳотиёқ олтита ажойиб арғумоқ ва нақшин қулфлар, ўргатилган маймуну француз эшикоғаси олиш учун сарф қилинибди. Икки юз жон эса қандайдир тижорат ишларини юргизиш учун гаровга тикилган эмиш. Хуллас, мулкдор деса дегудай, бориб турган помешчик эди. Генерал зиёфатида ундан бошқа ҳам анча-мунча помешчиклар бор эди-ю, лекин улар ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ. Уларнинг ҳаммаси ўша полк ҳарбийлари ва иккита катта офицер полковник билан хийла йўғон майордан иборат. Генералнинг ўзи дард кўрмаган, хўппа семиз, офицерлар берган баҳога қараганда чакки бошлиқ эмас эди. Хийла дўриллаган, салмоқдор овоз билан гапирарди. Зиёфат жуда қуюқ бўлди: маромига етказиб қоврилган балиқлару тувалоқ, сарсабил, бедана, каклик, қўзиқоринлар ошпазнинг кечадан бери туз тотмаганидан, тўртта аскар қўлида пичоқ билан тун бўйи унга қийма қайла тайёрлашда кўмаклашиб чиққанидан далолат берарди. Мусаллас, ўткир шароблару ажойиб ёз куни, ланг очилган деразалару муз солиб столга қўйилган ликобчалар, жаноби офицерларнинг охиригача ечилмаган тугмаларию кенг-мўл фракларининг ғижимланган ўнгирлари, ғала-ғовуру ҳангома — ҳаммаси бир-бирига мос тушар эди. Зиёфатдан кейин, қоринларидаги оғирликдан ҳузур қилиб, меҳмонлар ўринларидан туришдию узунқисқа бўлишиб зинапояга чиқишди. Генерал, полковник, ҳаттоки, майор мундиридаги тугмалар бутунлай ечиғлиқ бўлганидан уларнинг ноёб ипак тасмалари кўзга чалиниб турарди, жаноби офицерлар ўзларига ярашгулик одоб сақлаб, сўнгги уч тугмани назарга олмаганда, қолган ҳамма тугмаларини тақиб олган эдилар.
— Мана энди кўрмоқ мумкин, — деди генерал. — Азизим, марҳамат қилиб… — деди у адъютанти бўлмиш хушсурат, хийла абжир ёш йигитга мурожаат қилиб, — айтиб қўй, жийрон байтални буёққа олиб чиқишсин!.. Мана ҳозир ўз кўзларингиз билан кўрасизлар. —Генерал трубкасини тортиб, тутун чиқарди. — Байтал унча ҳам боқувда эмас, парвариши кам, лаънати шаҳарчада тузукроқ отхона ҳам йўқ!
— Зоти олийлари, пуф-пуф, байтални қачон олгансиз? — деди Чертокуцский.
— Пуф-пуф, пуф-пуф, хўш… пуф, яқинда. От заводидан олганимга атиги икки йил бўлди!
— Олганларида ўргатилган эканми, ёки олганларидан кейин шу ерда ўргатиб олдиларми?
— Пуф-пуф… шу ерда, — дедию тутун ичида тамом ғойиб бўлди генерал.
Бу орада отхонадан отилиб бир аскар чиқди, туёқ дупури эшитилди, ниҳоят, узун оқ чакмон кийган, баҳайбат, қора мўйловлик бошқа аскар пайдо бўлди. У дир-дир титраган, ҳурккан отнинг жиловидан тутиб, етаклаб келмоқда эди. От бирдан бошини тепага силтадию ерга чўнқайиб ўтириб қолган аскарни мўйлов-пўйлови билан бирга осмонга ирғитишига сал қолди.
— Ҳай, дейман, ҳай, Аграфена Ивановна! — дедй аскар отни зинапоя тагига етаклаб келаётиб.
Байталнинг номи Аграфена Ивановна экан. Жануб гўзалидай асов байталнинг туёқлари зарбидан ёғоч зинапоя гумбирлаб кетдию от таққа тўхтади.
Генерал оғзидан трубкасини олди, чиройи очилиб, кўкраги кўтарилиб Аграфена Ивановнага қаради. Шахсан полковник зинадан тушиб, Аграфена Ивановнанинг тумшуғидан ушлади. Шахсан майор Аграфена Ивановнанинг оёғини силаб қўйди, бошқалар танглайларини тақиллатишди.
Чертокуцский зинадан тушдию айланиб байталнинг орқасига ўтди. Аскар тизгинини ушлаганича қаққайиб турар, худди бир сакраб қадалиб қолмоқчи бўлгандай, меҳмонларга қараб ўқраяр эди.
— Обдон, обдон яхши байтал! — деди Чертокуцский.— Ажаб келишган от! Ҳа, минмоқликка ижозат беринг, зоти олийлари, юриши қандай?
— Оёқ олиши яхши, лекин… не билай, манови аҳмоқ отбоқар қандай ем егизган экан, мана икки кун бўлдики, аксиргани-аксирган.
— Обдон, обдон яхши! Хўш, зоти олийларининг шу отга муносиб аравалари шайми?
— Арава… Ахир бу салт минадиган от-ку!
— Бунисини билиб турибман, аммо мен зоти олийларидан бошқа отлари учун муносиб аравалари борми-йўқлигини билмоқ мақсадида сўрадим.
— Ҳа, менда аравалар унча етарли эмас. Мен сизга ростини айтсам, кўпдан буён янги дилижон олишни орзу қиламан. Бу тўғрида Петербургда турадиган акамга хат ёзган эдим, қайдам, юборармикин, йўқми?
— Менимча, зоти олийлари, — деб гапга аралашди полковник, — Вена дилижонидан тузуги бўлмас.
— Фикрингиз тўғри, пуф-пуф…
— Менда, зоти олийлари, нақ Венада ясалган дегулик антиқа дилижон бор.
— Қайси у?.. Ҳали тушиб келганингизми?
— Йўғ-э! Буниси шунчаки, у ёқбуёққа бориб туришим учун, аммо униси… жуда ҳайрон қоладиган — қушдай енгил, унга тушган вақтингизда-чи, зоти олийларининг ижозатлари билан айтсам, худди энагангиз бешикда тебратаётгандай бўласиз.
— Шунақа беозор денг?
— Жудаям беозор: болишлари, рессорлари бамисоли суратга солингандай!
— Яхши экан.
— Кенг-мўллигини айтмайсизми! Чунончи, мен, зоти олийлари, мунақасини ҳали кўрган эмасман. Хизмат қилган вақтимда менинг қутимга ўн бутилка ром, йигирма қадоқ тамаки жойланар, бундан ташқари, ёнимда олтитагача мундир, ич кийим, ҳамда зоти олийлари ижозатлари билан айтсам, найи гижжадан ҳам узун икки трубкам юрар эди, ён халталарига бутун бошли ҳўкиз сиғар эди.
— Яхши экан.
— Зоти олийлари, у менга тўрт мингга тушган!
— Нархига қараганда, яхшига ўхшайди, сиз ўзингиз сотиб олганмидингиз?
— Йўқ, зоти олийлари, қўлимга тасодифан тушиб қолди. Уни бир оғайним — ўзи ноёб одам, болаликдан ўртоғим, ўзини кўрсангиз дидингизга ёқиб қоларди — ўша сотиб олган, икковимизнинг орамизда сеникию меники деган гап йўқ, ҳаммаси ўртада эди-да. Мен ундан дилижонни қарта ўйинида ютиб олдим. Зоти олийлари, эртага каминаникида овқатланишга розилик бериб, марҳамат кўрсатсалар бир йўла дилижонни ҳам кўриб келардилар.
— Қайдам, таклифингизга нима десам экан? ёлғиз ўзим боришга сал… ё жаноби офицерлар билан бирга боришга рухсат этармикансиз?
— Жаноби офицерларни ҳам ожизона таклиф этаман. Жаноблар, сизларни ўз уйимда кўрар кунга етишсам, буни зўр шараф деб ҳисоблайман! Полковник, майор ва бошқа офицерлар қуюқ таъзим билан миннатдорчилик изҳор қилдилар. Сўнг Чертокуцский давом этди: — Мен, зоти олийлари, шундай фикрдаманки, агар буюм сотиб олар экансан, албатта, яхшисини олиш керак, ёмонини олиш овора бўлишга ҳам арзимайди. Мана, эртага қадам ранжида қилиб мени шу шарафгағарқ этганларида, мен ўзим рўзғорда ўрнатган баъзи қоидаларимни кўрсатарман.
Генерал бир қараб қўйдию оғзидан тутун чиқарди. Чертокуцский жаноби офицерларни уйига таклиф қилганидан оғзи қулоғида эди. У хаёлида ҳалитданоқ турли-туман қиймалару қайлалар буюрмоқда… Чертокуцский талтайиброқ ўртага чиқди, бу шавқу завқи беҳад ошиб кетганидан эди.
— У ерда зоти олийлари уй бекаси билан танишадилар.
— Мен жуда хурсандман, — деди генерал мўйловини силаб.
Чертокуцский бу гапдан кейин эртага меҳмонларни кутиб олишга ҳамма ҳозирликни барвақт кўриш учун дарров уйига жўнамоқчи бўлди, у шляпасини қўлига олмоқчи ҳам эди-ю, бироқ бир бало бўлдида, тағин хийла вақт қолиб кетди. Бу орада хонага махсус столлар тизиб қўйилган эди. Ҳадемай, бутун маърака тўртта-тўрттадан даврага бўлиниб, генерал уйининг бурчак-бурчакларида қимор ўйнашга тушдилар.
Шамлар ёқилди. Чертокуцский ўйинга ўтириш ё ўтирмаслигини билмай узоқ гарангсиб турди. Лекин, жаноби офицерлар ёнларига таклиф қилишгач, рад этиш улфатчилик қоидаларига жуда хилофдай кўринди-да, ўтириб қолди. Олдида қаёқдандир арақ тўла стакан пайдо бўлиб қолдию ўша заҳотиёқ ичиб юборди. Чертокуцский икки қўл ўйнагандан кейин қараса, яна лиқ тўла бир стакан пайдо бўлиб қолипти, уни ҳам… Лекин ичишдан аввал:
— Вақт бўлди, жаноблар, ростда, уйга кеч қолдим шекилли, — деб қўйди. Аммо беихтиёр кейинги ўйинга ҳам бай тикиб юборди.
Бу орада уйнинг бурчак-бурчакларидаги гурунглар ғалати тус олди: қарта ўйнаётганлар хийла камгап, бироқ ўйинга аралашмай, четдаги диванда ўтирганлар қизғин суҳбатда эди. Бир бурчакда, оғзида трубкаси, болишга ёнбошлаган штаб-ротмистр ўз ишқий саргузаштларини хийла бетакаллуф ва равон ҳикоя қилар, атрофдагиларнинг диққатини ўзига қаратиб олган эди. Калтабақай қўллари бесўнақай битган картошкага ўхшаброқ кетган, сўқимдай семиз бир мулкдор юзлари минг турланиб, ҳузур қилиб гапга қулоқ солар, фақат онда-сонда тамакидонини олиш учун қўлини сербар белига чўзганида қийналиб қолар эди. Бошқа бурчакда ҳарбий машқлар борасида анча қизғин баҳс бошланиб кетди, бу вақт, икки кичик қарта ўрнига битта кўзир ташлаган Чертокуцский нохос четдаги гапга аралашиб, турган жойида «Қайси йилда?.. Қайси полкни?» деб бақиришга тушди. Саволининг суҳбатга ҳеч қандай муносабати йўқлигини пайқамас эди. Ниҳоят, кечки овқатдан бир неча дақиқа олдин қарта ўйини тўхтатилди, лекин ўйин гапда давом этар эди. Гўё ҳамманинг калласи ҳамон қимор билан банд эди. Чертокуцский яхши эслардики, у жуда кўп ютди, қўл чўзиб ҳеч нима олгани йўқ, ҳозир у ўрнидан тураркан, бурун артиш учун чўнтагидан дастрўмолини қидиргандай узоқ ивирсиб қолди. Бу орада кечки овқат ҳам келтирилди. Ўнгу сўлида бутилка турганидан кейин Чертокуцский ора-чора беихтиёр ўзига қуйиб олиши кераклиги ўз-ўзидан маълум эди, албатта.
Овқат устида гурунг чўзилиб кетди. 1812 йилги уруш вақтида хизмат қилган бир помешчик шунақанги бир жанг ҳақида гапирардики, аслида, бунақаси сира ҳам бўлган эмас. Кейин у, ҳе йўқ-бе йўқ, графиннинг тиқинини олиб ўрнига пирожное тиқиб қўйди. Хуллас, тарқала бошлаганларида соат уч бўлиб қолган, извошчилар баъзи аслзодаларни худди харид буюмлари солинган бўхчани қучоқлагандек даст кўтариб, аравага солишга мажбур бўлдилар. Чертокуцский эса асл аслзодалигига қарамай, извошда ўтирган жойидан чунонам эгилиб таъзим қилдики, натижада мўйловига икки дона тўнғизтароқ илашиб уйига қайтди.
Уйда катта-кичик ҳамма ухларди, извошчи камердинерини излаб-излаб аранг топди, у эса хўжайинини меҳмонхонадан олиб ўтиб, оқсоч қизга топширди. Чертокуцский қизнинг ортидан амал-тақал қилиб ётоқхонасига етиб олдию қордай оқ, ички кўйлагида, гул-гул ёниб ётган ёш ва сухсурдеккина хотини ёнидан жой олди. Эрининг каравотга тап этиб ташлашидан у уйғониб кетди. Керишиб, киприкларини очди, лекин бу гал эри қитдек ҳам эркалашни истамаганини кўргач ҳафсаласи пир бўлди-да, ўгирилиб олди ва гулгун ёноқларини қўлига қўйиб, яна ухлаб қолди. Ёш бека хуррак отаётган эри ёнидан турган пайтни қишлоқдагилар «чошгоҳ» дейишади. Эри уйга ярим кечаси келгани эсига тушиб, уйғотгани кўзи қиймайди-да, Петербургдан олдирган хонаки бошмоғини кийиб, эгнида қуйилаётган сувдек жилвагар, нафис оқ кофтада пардозхонасига чиқди, ўзидай тиниқ ва тоза сувга ювиниб, ойна ёнига келди. Бир-икки марта ойнага қарагандан кейин пайқадики, бугунги кўриниши унча ҳам чакки эмас. Ойна олдида кундагидан икки соат ортиқ туриб қолишга мажбур этган сабаб ҳам шу бўлса керак. Ниҳоят, у силлиққина кийиниб, салқинлаш учун боққа чиқди. Ҳаво ҳам жанубдаги ёз кунига хос — оромбахш эди. Чошгоҳдан оққан қуёш шуълалари бутун тафтини тўкиб ловуллатмоқда, лекин хиёбон соя-салқин, қуёш нурига чўмилган гуллар ҳиди анқиб ётар эди. Бека соат ўн икки бўлганини ҳам, эри ҳамон ухлаб ётганини ҳам бутунлай унутиб қўйди. Тушликдан кейин боғ орқасидаги отхонада уйқуга кетган икки аравакаш ва битта форейторнинг хуррак тортишлари унинг қулоғига етиб келмоқда. Лекин бека ҳамон салқин хиёбонда ўтирар, шу ердан аниқ кўринаётган кимсасиз катта йўл манзараларига паришон назар солмоқда эдики, тўсатдан олисдан кўтарилган чанг унинг диққатини жалб этди. У тикилиб бир неча экипажни кўрди: олдинда икки кишилик енгилгина очиқ коляскача келмоқда, унда эполетлари қуёшда ярқираган йўғон генерал, ёнида полковник ўтирар эди. Унинг кетидаги тўрт кишилик извошда майор ва генералнинг адъютанти, уларнинг рўпарасида икки офицер, унинг орқасидан ҳаммага маълум бўлган полкараваси изма-из келар, бу гал у йўғон майорнинг ихтиёрида эди, арава кетидан келаётган тўрт кишилик бонвояжда тўрт офицер ўтирар, бешинчиси осилиб олган, бонвояж орқасида жийрон отларда уч офицер кўринар эди.
«Бизникига келишаётган бўлса-я,— деб ўйлади уй бекаси.— Вой шўрим! Чиндан ҳам кўприкка бурилишди-ку!» У қийқириб юборди, чапак отдию гулларни босиб ўтиб, эрининг ётоқхонасига югуриб кетди. Эри данг қотиб ётарди.
— Тур! Тур! Тезроқ тур! — деб бақирарди бека, эрининг қўлини силкаб.
— Ҳа? — деб қўйди керишиб, ҳамон кўзлари юмуқ Чертокуцский.
— Тургин, пулпулжон! Эшитяпсанми? Меҳмонлар келишяпти!
— Меҳмонлар, қанақа меҳмонлар? — шундай дегач, тумшуғи билан онасининг елинини тимирскилаётган бузоққа ўхшаб мўнграб қўйди. «Им…», деб минғиллади:
— Қани жоним, бўйнингни чўзчи, битта ўпай!
— Жонгинам, худо ҳаққи, тезроқ тур. Генерал офицерлари билан келяпти. Вой шўрим, мўйловингга тўнғизтароқ ёпишиб ётипти-я!
— Генерал? Ия, келяпти дегин? Бу нима деган гап, ҳеч ким мени уйғотмапти! Зиёфат-чи, зиёфат нима бўлади, ҳар тугул, овқатлар шайми?
— Қанақа овқат?
— Мен буюрмовдимми?
— Сен?!. Сен ярим кечаси келдинг-ку, шунча гапирсам ҳам ҳеч нарса демадинг. Пулпулжон, сени шунинг учун ҳам уйғотмадимки, жуда оз ухладинг, раҳмим келди…— деди бека ёлворувчан оҳангда.
Чертокуцский яшин урган одамдай кўзларини бақрайтириб яна бир дақиқа тўшакда ётди. Охири ёлғиз кўйлакда тўшакдан сакраб турди, бу одобдан эмаслигини ҳам унутди.
— Оҳ, отга ўхшамай ўлай! — деди у пешонасига уриб. — Мен уларни зиёфатга чақирган эдим. Энди нима қилса бўлади? Улар ҳали узоқдами?
— Қайда-а-м… ҳозир кириб келишса керак.
— Жонгинам… бекин! Ҳой, менга қара! Ҳой қиз! Келавер, нимадан қўрқяпсан, эси паст!.. Ҳозир офицерлар кириб келади, уларга: тўра уйда йўқлар, де, келмайдилар, наҳорлаб чиқиб кетган эдилар, деб айт, уқдингми?! Ҳовлидагиларга ҳам шундай деб тушунтир, бор тезроқ!
Шундоқ дедию апил-тапил чопонини олиб бекиниш учун саройга қараб югуриб қолди, у ерда хатардан холи бўламан деб ўйлади. Лекин саройнинг бурчагига бориб турар экан, бу ердан ҳам кўриб қолишлари мумкинлигини пайқади. «Шундай қилсам тузук бўлар» деган хаёл лип этиб бошидан ўтди, шу дақиқанинг ўзидаёқ ёнида турган дилижоннинг зиналарини туширди-ю, сакраб ичига кирди, эшикларини беркитиб олди, бехавотир бўлсин деб фартук ва чарм ғилофни ёпиниб олди, чопонига ўралиб нафасини ичига ютди.
Бу орада экипажлар эшик олдига етиб келдилар. Генерал пастга тушиб, уст-бошини қоқди, кетидан шляпасидаги жиғасини тузата-тузата полковник тушди. Кейин аравадан қўлтиғидаги қиличини ушлаб, йўғон майор сакраб тушди. Бонвояжда осилиб келган прапоршчик билан бирга хипча подпоручиклар тап-тап ташладилар. Ниҳоят, от устида кўринган офицерлар ҳам эгардан тушдилар.
— Хўжайин уйда йўқлар, — деди ён эшикдан чиққан хизматкор.
— Нега йўқ бўлади? Ҳар қалай тушки овқат пайтига етиб келса керак?
— Асло. У киши кун бўйи бўлмайдилар. Эртага шу вақтларда келиб қолишлари мумкин.
— Ана, холос!—деди генерал, — Нима гап ўзи?..
— Ўйпайманки, бу ҳазил, — деди полковник кулиб.
— Йўғ-э, шунақаям ҳазил бўлармиди!—деди генерал ранжиб.— Ўл-э… лаънати, ахир, кутиб ололмас экансан, нега қистайсан?..
— Мен, зоти олийлари, тушунолмай қолдим, бунга қандай журъат қилиш мумкин, — деди бир ёш офицер.
— Нима? — деди генерал, — обер-офицерлар билан гаплашганда шу саволни кўндаланг қўйиш унга одат бўлиб қолган эди.
— Мен айтдимки, зоти олийлари, қандоқ қилиб шундоқ қилиш мумкин?
— Шуни айтинг-а… Ахир, бирон ҳодиса юз берган бўлса лоақал хабар бер, ёки илтимос қилиб чақирма-да!
— Майли, зоти олийлари, начора, қайтайлик!—деди полковник.
— Турган гап, бошқа йўли йўқ. Дарвоқе, дилижонни усиз кўриб кетсак, ҳам бўлади-ку. Ёнида олиб кетмагандир дейман… Ҳой, ким бор? Қани, бери кел, оғайни!
— Хизмат?
— Сен отбоқармисан?
— Отбоқарман, зоти Олийлари.
— Хўжайиннинг яқинда олган янги дилижонини бизга кўрсатгинчи!
— Саройга марҳамат!
Генерал офицерлар билан саройга қараб юрди.
— Ижозат беринг, мен уни берироққа ғилдиратиб чиқай, у ер сал қоронғироқ.
— Бўлди, бўлди, яхши!
Генерал ва офицерлар дилижоннинг атрофида айланиб, ғилдирак ва рессорларини синчиклаб кўздан кечирдилар.
— Ваҳима қиладиган жойи йўқ, — деди генерал, — оддийгина дилижон.
— Жуда кўримсиз, — деди полковник, — қитдек ҳам мақтайдиган жойи йўқ.
— Мен ўйлайманки, зоти олийлари, тўрт мингга арзийдиган ҳоли йўқ, — деди ёш офицерлардан бири.
— Нима?
— Мен айтяпманки, тўрт мингга арзигулик арава эмас, зоти олийлари!
— Тўрт минг нимаси, икки мингга ҳам арзимайди! Ҳеч балоси йўқ, агар ичида бирон гап бўлмаса… қани, азизим, чарм ғилофини тортинг-чи…— Офицерларнинг кўз олдида чопонига ўралиб икки букланиб ўтирган Чертокуцский намоён бўлди.
— Ия, шу ердамисиз? — деди ажабланган генерал ва Чертокуцскийнинг устига фартукни ташлаб, дилижон эшигини тарсиллатиб ёпди-да, жаноби офицерлар билан бирга жўнаб қолди.
1835 йил
Миртемир таржимаси