Жамол Камол: “Тил – халқнинг номуси, тарих – унинг қомуси” (1989)

http://ziyouz.com/images/uz/jamol_kamol.jpgДунёдаги энг машъум қуллик — тафаккур қуллиги, энг аянчли қашшоқлик — фикр қашшоқлиги, деган экан бир донишманд. Зеро, халқнинг қудрати ёлғиз унинг сони билан эмас, сифати билан ҳам ўлчанади. Халқнинг сифати эса унинг маданий савияси, фикрлай олиш иқтидорига боғлиқ. Қайта қуриш фикрлаш жараёнини бўғовлардан озод қилди. Биз фикрлашимиз, фикрлашимиз, фикрлашимиз керак… Фикрлашдан тўхтаган халқ — ҳалокатга маҳкум. Фикрларни умумлаштира олиш, улардан лўнда, аниқ хулосалар ясаш ҳам — санъат.

Фикр хулосага, хулоса қарорга, қарор ҳаракат ва амалиётга етаклаши даркор. Шунда тараққиёт бўлади, ижтимоий-маданий равнаққа йўл очилади…

Таниқли шоир, таржимон ва адабиётшунос олим Жамол Камол билан суҳбат ҳаётимиз ва тараққиётимизнинг ана шундай долзарб масалалари хусусида борди.

— Жамол ака, XIX Бутуниттифоқ партия конференциясида 70 йиллик тарихимизнинг аччиқ сабоқлари рўй-рост айтилди. Сиёсий системани ислоҳ қилиш, демократик эркинликларни кенгайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Бу борада дастлабки ишлар қилинмоқда. Ҳокимият жойларда маҳаллий советлар ихтиёрига ўтяпти…

— Олдин ўтсин-чи, кейин кўрамиз… Мен маҳаллий советларнинг формал ҳокимиятини эмас, ҳақиқий ҳокимиятини кўзда тутяпман. Қоғозда уларга берилган ёки берилаётган ваколатлар анча-мунча. Лекин, амалда-чи? Жойлардаги маҳаллий советлар нари турсин, республика олий ҳокимият органларининг ҳам қўли қисқа, сўзи инобатга ўтмаяпти… Мисол ахтариб узоққа бормайлик. Бўстонлиқда завод қурилишининг тўхтатилгани ҳақида юксак минбардан туриб айтилди. Лекин, афсуски, ундан ҳам каттароқ ва ундан ҳам хавфлироқ бошқа бир завод қурилиши бошлаб юборилди. Шуниси қизиқки, бир завод қурилишининг тўхтатилгани ва иккинчи завод қурилишннинг бошлангани ҳақидаги материаллар «Ёш ленинчи» газетасида бир кунда босилиб чиқди. Мана аҳвол… Хуллас, гап кўп, ўзгариш оз. Депсиниб турибмиз. «Ўртоқлар, гап-сўзни камайтириб, кўпроқ амалий ишга ўтайлик!» қабилидаги чақириқлар сувга отилган тошдек чўкиб кетяпти. Самарасиз. Нега? Халқ етмиш йил давомида баландпарвоз шиорларга ишониб, ишлади. Энди шиорларга ишонмайди. Реал ҳақиқатга ишонади.

— Қайта қуришнинг етарли даражада олға босмаётганига ўзимиз ҳам бир қадар айбдор эмасми?

— Айбдормиз. Ўзбекистонда умумий маданий савиянинг пастлиги қайта қуришнинг олға босишига халал беряпти. Халқимиз меҳнатда чақилиб кетди. Меҳнат қилиб, роҳат кўрмасликка ўрганиб қолди. Тирикчилик қозиғига боғланди: бир куни ўтса, бас, ҳамма нарсага бефарқ, бепарво, теварак-дунё билан иши йўқ… Ўзи нари турсин, болаларини ҳам аямайди. Устига устак, заҳар ютавериб, соғлигидан ажралди… Мен қишлоқларимизни оралаб, бир нарсага амин бўлдим: халқимиз хунуклашиб кетган, қизларимиз қаримсиқ, йигитларимиз йигитга ўхшамайди… Нега? Негаки, маишат ёмон. Ҳусн ҳам оғиздан киради, деган гап бор. Болтиқбўйида йилида киши бошига 90 кг гўшт, 27 кг балиқ тўғри келади, Москвада — 120 кг, бизда — 8 кг. Россияда бир йилда киши бошига 90 кг мева-чева тўғри келади, меванинг кони бўлмиш Ўзбекистонда — 40 кг. Кўриб турибсизки, тафовут — ер билан осмонча. Бунга ким айбдор? Боғ-роғлари, ўтлоқларини бузиб, то эшигига қадар пахта эккан халқми? Давлат бир килограмм пахтага ўртача 60 тийин тўлаб, кейин ундан 60 сўм фойда олишини, ҳар килограммига ўртача 6 сўмдан тўланадиган пилла жаҳон бозорида 136 сўм туришини халқ қаёқдан билсин. Бир тонна карамга ҳам, бир тонна пахтага ҳам нега бир хилда — 500 сўм тўланишини халқ ўйлаб ҳам ўтирмайди. Чунки у ўйламасликка одатланиб қолган. Бу — даҳшатли ҳодиса… Биласиз, етмиш йиллик қайқириқ-чақириқларга қарамай, бизда миллий ишчилар синфи шаклланмади. Бир томондан, халқимиз пахтага маҳкам боғлаб қўйилди; иккинчи ёқдан, фабрика-заводларга ишчилар четдан оммавий равишда кўчириб келтирилди. Хуллас, биз ўзбеклар боши бир умр меҳнат — машаққатдан чиқмаган деҳқонлару чаласавод интеллигенциядан иборат бўлиб қолдик. Ҳар йили пахта теришни қўяверинг, ўн йиллаб қишлоқ ўқитувчилари қўлига кетмон бериб, тонна-тонналаб янтоқ чоптиришди. Врачларнинг қўлига белкурак бериб, чақирим-чақирим ариқ қаздиришди. Китоб ўқиш қаёқда! Физкультура, спортга вақт қани? Театр ёки кинога тушишни гапирмаса ҳам бўлади. Халқ пулини совуриб, «улуғлар» учун оромгоҳ-хилватгоҳлар қуришди, қишлоқларда халқ учун ҳаммом қуришни эса хаёлларига ҳам келтиришмади… Отига яраша тушови, деганларидек, маданий савиямиз ҳам шунга яраша бўлди. Аҳмад Дониш таъбири билан айтганда: авомидан уламоси, уламосидан авоми баттар бўлган халққа айланиб қолмадикми?.. Минбарларга чиқсак, гапимизни эшитиб, бошқалар ҳолимизга кулади. Негаки, баъзан оддий мантиққа ҳам риоя қилмаймиз ёки риоя қилолмаймиз. Мисол керакми? Марҳамат. Оддий саводхон киши ҳам биладики, пахта монокультураси — пахта ҳукмронлиги, деган сўз. Пахта ҳукмронлигини тан олиш эса — пахтага қулликни тан олиш дегани бўлади. Бу иккаласи — бир варақнинг икки саҳифаси. Бирига иқрор бўлиб, иккинчисини инкор этиб бўлмайди. Ҳукмронлик бўлган жойда қуллик-қарамлик, қуллик-қарамлик бўлган жойда ҳукмронлик бўлиши муқаррар… Улар бири иккинчисиз яшай олмайди. Бу — оддий мантиқ.

«Правда Востока» газетаси С. Турсунов деган кимсанинг мақоласини эълон қилди. Унда қай бир бекатнинг номини фақат ўзбекча эълон қилган троллейбус ҳайдовчиси миллатчидан олиб, миллатчига солинади ва ҳаттоки унга турманинг эшиги ҳам кўрсатиб қўйилади. Ҳа-да, троллейбусда ўзбек тилини тушунмайдиганлар, пойтахтимиз меҳмонлари бўлиши мумкин, уларни ҳурмат қилиш керак!.. Газетанинг даъвоси мана шундай… Мен кўплаб қардош республикалар ва хорижий мамлакатларда бўлганман. Аммо ўзимни Ўзбекистонда эмас, Грузия, Арманистон, Озарбойжон, Украина, Эстония, Россия, Польша ёки Грецияда эканлигимни ҳеч қачон унутганим йўқ. Тушунмаган сўзларимни маҳаллий халқ вакилларидан сўраганман, тушунтириб беришган. Тузини еган тузлигини аяйди. Бу — инсонлар учун азалий одат. Буни ҳамма жойда табиий деб билишади, яъни, қўрқинчли жойи йўқ. Бизда эса аксинча: бекатни ўзбек тилида эълон қилган ҳайдовчи (эҳтимолки ўзбекчалаб «эски Жува» дегандир) миллатчига чиқарилади ва ҳаттоки унга қамоқ билан таҳдид этилади. Бу учига чиққан маданиятсизлик эмасми?.. Бутун республика Орол денгизи тақдири учун ёниб, уни ҳаёт-мамот масаласи деб турганда «Правда Востока»да яна бир мақола босилди. Унда қуриётган денгиз ўрнида ўрмон ўстириш таклиф этилади. Бу жон талашаётган кишини шоша-пиша кафанга солишни эслатмайдими? Бу халқ туйғусини менсимаслик, унинг ярасига туз сепиш, унинг шаънини ҳақоратлаш эмасми? Биз ўзининг шаънини ерга урганни маданиятсиз, деймиз, лекин ўзгалар шаънини менсимаслик ҳам маданиятсизликка киради… Бултур «Правда» газетасининг 21 ноябрь сонида Отахон Латифийнинг «Тўғон» деган мақоласи босилди. Унда шундай сатрлар бор: «Қуриб бораётган Оролга зилзила туфайли денгиз сатҳидан 3300 метр баландликда пайдо бўлиб, Ўрта Осиё бошида қасос қиличидек муаллақ турган Сарез кўлини оқизиш айни муддао бўлур эди. Кўлда 17 миллиард кубометрдан зиёд сув йиғилган. Агар шундай қилинса, бир йўла икки муаммо ҳал этиларди: катта хавф-хатарнинг олди олинар ва Орол денгизи анча-мунча сувга тўларди». Биз Оролга Сибирдан сув кутамиз ёки боягидек унга ўлим ҳукмини ўқишга ошиқамиз, сув эса шундай ёнбошимизда, балки бошимиз устида турибди. 17 миллиард кубометр! Бу конкрет таклифга республикамиз матбуотида бирор садо бўлмади. Мутахассисларимиз гўё қулоқларига пахта тиқиб олишган… Хуллас, ўзимизга ҳам, ўзгаларга ҳам бепарволигимиз, маданий савиямизнинг пастлиги оёғимизга уриб турибди.

— Кейинги пайтда тил ва халқимиз тарихи муаммолари кун тартибига кескинроқ қилиб қўйилмоқда. Бу албатта бежиз эмас. Йиллар давомида бу муаммолардаи кўз юмиб келдик. Камчиликларимизии хаспўшладик. Ана шу лоқайдлик ҳам маданий савиямизга бир кўзгу эмасми?

— Тўғри. Тил — халқнинг номуси, тарих — унинг қомуси, деб бекорга айтишмаган. Узоқ йиллар давомида ҳамма халқлар қўшилиб, битта халққа айланади, барча тиллар бирикиб, битта умумий тил пайдо бўлади, деган сохта доктрина ҳукм сурди. Ҳолбуки дунёнинг чексизлиги — унинг чексиз ранг-баранглигидадир. Ранг-баранглик — ҳаёт аломати, якранглик — завол белгиси. Табиат қонунларига зид бориб, ҳаммамизни бир қолипга тиқиштирмоқчи бўлишди. Нега? Чунки бюрократия учун миллат, миллий маданият, тил ва шахс деган тушунчаларнинг қиймати йўқ. Унинг учун буйруққа шай бўлиб турган миллион-миллион омма ва ўша омма устидан ҳукмронлик қилиш гашти бор… Шундоқ экан, ҳамманинг қўшилиб-қоришиб кетгани яхши — ҳукм юритиш осонроқ бўлади…

Машъум сталинизм ҳукмронлиги йилларида барча халқлар жабру жафо чекди. Бундан заҳматкаш ўзбек халқи ҳам бенасиб қолмади. Биз бир минг уч юз йиллик алифбомиздан айрилдик (Уни сизники эмас, арабники дейишди. Мантиқни қаранг: бизга ўн уч аср хизмат қилди-ю, бизники бўлмай, фақат арабники бўладими?) Боболаримиз қўли билан битилган минглаб, ўнг минглаб китобларимиз оловга отилди, ерга кўмилди. Юзлаб тарихий обидаларимиз бузиб ташланди. Буюк тарих, қадимий маданият яратган халқни тўқсон саккиз фоиз бесавод эди, деб эълон қилишди. Агар шу гап рост бўлса, шаҳарларимиздаги юзлаб мадрасаларда кимлар ўқиган? Биргина Шарқшунослик институтида сақланаётган юз мингга яқин қўлёзма ва китобларни кимлар ёзиб, кимлар мутолаа этган? Лекин биз уялмасдан, ашула қилиб айтиб юравердик:

Ким эдик тарихда бизлар — номи йўқ, қашшоқ, гадо…

Ҳа-да, номи йўқ, қашшоқ, гадода тарих ва маданият не қилсин!.. Бизга шундай деб уқдирилди ва шунга ишонтирмоқчи бўлишди, эътироз этганларнинг ҳолига маймунлар йиғлади. Юртимизнинг севимли ёзувчи ва шоирлари, атоқли давлат ва жамоат арбоблари қамалди, отилди, сургунга ҳайдалди. Турғунлик йиллари сиёсати бу жароҳатларни даволамади, баттар чуқурлаштирди. Ана шу маҳрумиятлар орасида халқимизнинг юрагига тош бўлиб чўккан нарса — тилимизнинг доимий камситилиши бўлди. Юқорида айтилган сохта доктрина таъсири остида ўзбек тилининг ҳаракат доираси чеклаб қўйилди, ҳукумат идоралари, бошқарув органларидан сиқиб чиқарилди, мактабларда ўзбек тили дарс соатлари кескин қисқартирилди, олий ўқув юртларида, филология факультетларини ҳисобга олмаганда, назардан четда қолдирилди. Тилга эътибор — элга эътибор, дейди халқимиз. Тил камситилган жойда тарих ҳам таҳқирланади, дейди Карл Маркс.

Одамзод ўз умри давомида касб этган, инсон ҳуқуқлари декларацияси томонидан қайд қилиниб, жаҳон халқлари томонидан эътироф этилган умумбашарий ҳуқуқлар, қадриятлар бор. Улардан энг муҳими — дунёдаги ҳар бир халқнинг ўз ерига суверенлиги, ҳар бир тилнинг ўз тарихий территориясида эътибор ва нуфузга моликлиги, қонунийлиги ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқлар СССР Конституциясида ҳам қисман акс этган. Шунга кўра, Арманистонда — арман тилининг, Грузияда — грузин тилининг, Озарбойжонда — озарбойжон тилининг, Эстонияда — эстон тилининг, Латвияда — латиш, Литвада — литва тилининг давлат тили, деб эълон этилиши мутлақо табиий ва қонунийдир. Биз буни чин юракдан олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз., Шунингдек, Россияда — рус тили, Украинада — украин, Белоруссияда — белорус ва бошқа республикаларда ҳам миллий тилларнинг давлат тили деб эълон этилишига астойдил тарафдормиз. Зеро, тенг ҳуқуқли республикалар иттифоқи аввало тенг ҳуқуқли тиллар статусига суянмоғи даркор. Шундагина ҳақиқий интернационализм, миллий сиёсат принциплари сўзда эмас, амалда қарор топади, адолат тантана қилади. Мен ана шу нуқтаи назардан ўзбек тилининг Ўзбекистон ССРнинг давлат тили, деб эълон этилишини мутлақо зарур, деб ҳисоблайман. Бу тарихий адолатнинг тикланиши, республикада қайта қуришнинг жиддий ғалабаси ўлароқ, жамиятнинг обрўсига обрў қўшган бўлур эди.

Ўзбекистонда ўзбек тилининг давлат тили деб эълон этилиши рус тилининг нуфузини пасайтирмайди. Рус тили Грузия, Арманистон, Молдавия, Озарбойжон, Латвия, Литва, Эстонияда бўлгани каби бизда ҳам миллатлар аро тил бўлиб қолаверади. Баъзилар рус тилининг ҳам Ўзбекистон ССРнинг давлат тили деб эълон этилишини таклиф қилмоқдалар. Бу чуқур ўйланмаган, бир ёқлама фикр. Бутун дунё бизни кузатиб турибди. Ҳали Россиянинг ўзида давлат тили деб эълон этилмаган рус тили Ўзбекистонда давлат тили деб эълон этилса, устимиздан кулишмайдими? Кейин, мазкур масалада аллақачон қарор қабул қилиб бўлган арманлар, грузинлар, озарбойжонлар, молдаванлар, латишлар, литваликлар, эстонларни анойи санаб, ўзимизни оқил ҳисоблашимиз инсофдан эмас.

Республикамизда яшаётган ҳалол ва оқкўнгил, маданий савияси юксак рус кишилари буни тушунади ва қўллаб-қувватлайди, деб умид қиламан. Бир халқ иккинчи халқни камситар экан, бу билан аввало ўз қадр-қимматини ерга уришини улар яхши билишади. Мақсадимиз — тенглик ва бирлик. Тенглик бўлмаган жойда бирлик бўлмайди, бирлик бўлмаган жойда инсонлар ҳам, халқлар ҳам бахтли бўлолмайдилар, бахтсизлик ва фалокат рўй беради. Тилни яратган табиат, халқни яратган холиқ уларни тенг қилиб яратган. Ана шу олий ҳақиқатга бўйсунайлик. Ҳар бир тил ўз ери, ўз қўрғонида мағрур жарангласин.

— Халқимиз кўп асрли тарихга, бой маданий меросга эга. У бизнинг илдизимиз; бугунимиз ва эртамиз ундан озиқ олади. Афсуски, гоҳ билиб, гоҳ билмай ана шу илдизни кесиб қўймоқдамиз. Тарихий воқеаларни объектив ёритиш ўрнига, бугунги кун қолипи билан ўлчаймиз, сиғмаганини эса қирқиб ташлаймиз. Тарих мавзуида битилган асарлар кам, борлари ҳам атиги бир неча минг нусхада босилмоқда. Бу ҳақда Сиз қандай фикрдасиз?

— Биз тарихимизни билмаймиз. Мактаблар ва олий ўқув юртларида ўқитилаётган «СССР тарихи» — СССР халқлари тарихи эмас, асосан, Россия тарихи. Бизда ўз халқи тарихини чуқур билувчи тарихчилар оз. Тарихий, маданий меросимиз эса буюк, беқиёс. Гўё бобосидан улкан мерос олиб, ўша мерос қаршисида нафаси ичига тушиб, довдираб қолган шўрлик меросхўрга ўхшаймиз. Улкан меросни бир салмоқлаб кўришга бизда на куч бору на иқтидор. Мутахассисларнинг айтишича, қарийб миллион нусхага яқин қўлёзмаларимиз жаҳон кутубхоналари бўйлаб сочилиб ётибди. Уларни қачон ўрганамиз? Ўзимизнинг, Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмаларни қачон ўрганамиз? Насавий, Шарафуддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир, Аҳмад Дониш асарларини халққа қачон етказамиз? Бир неча йил олдин Девин Девис деган америкалик ёш олим билан учрашиб қолдим. XV асрда яшаган Камол Ҳусайн Хоразмийнинг «Кашфи худо» фалсафий асарини ўзбек тилидан инглиз тилига таржима қилаётган экан. Унинг айтишича, қўлёзма ягона нусхада Ғарбий Германияда сақланмоқда. Ҳа, демак, мазкур асарни бутун дунё инглиз тилида ўқийди. Қадимий тилимизда битилган ўша китобни биз қачон ўқиймиз? Минг йиллик алифбомизни ўрганмасак, нодир қўлёзмаларимизни аслида ўқий олмасак, тарих бизни кечирмайди, келажак лаънат айтади. Америкалик олим Эдвард Олворс ўзбек халқ оғзаки ижодини тўплаб, нашр эттирса, икки юз томдан ошишини эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолганини ўзим кўрганман. Шундай катта юк Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг ёлғиз бир бўлими елкасига юкланган. Республикада махсус фольклор ва этнография институти очиш фурсати етмадимикин?

Яқинда Бухорога йўлим тушди. Қадимий обидаларни зиёрат қилдим. Улар аянчли аҳволда, тутдек тўкилиб ётибди. Машҳур «Чор бакр»ни кўриб, кўзларимга ишонмадим: улуғ иморатлар улуғ вайронага айланибди… Суриштирсам, таъмир ишларига ажратилган пул жуда оз, етишмаяпти, дейишди… Бухоро зиёратига ҳар йили ўн минглаб хорижий туристлар келади. Улардан тушаётган маблағ Москвада умумий қозонга солиниб, кейин Совет Иттифоқининг катта-кичик барча шаҳарларига баравар тақсимланади. Ундан Камчатка ёки Куриль оролларидаги шаҳар ёки шаҳарчалар ҳам бенасиб қолмайди. Бухорога тегадиган улуш — зиғирча… Бу машъум «уравниловка» — бараварлаштириш сиёсатининг типик намунаси эмасми? Бундан қачон қутуламиз? Бухоронинг гази, тиллоси, қоракўли, пахтаси, пилласидан маблағ ортмаётган экан, лоақал Бухоро деб келаётганларнинг пулини ёлчитиб Бухорога сарфлаш жоиз эмасми? Инсофсизликнинг ҳам чегараси бор, ахир!..

Тарихни, маданий меросни ўрганишнинг бир чеккаси тил ўрганишга бориб тақалади. Бир неча тилларни билиш — бизга боболаримиздан қолган азиз мерос. Улар туркий тилдан ташқари, араб ва форс тилларини ҳам яхши билишган. Ҳар бир тил — дунёга очилган алоҳида бир эшик. Ҳадеб битта эшикдан кириб-чиқавериш энди ярашмайди. Бугун биргина ўзбек ёки биргина рус тилини билишнинг ўзи кифоя қилмайди. Ўзбек зиёлиси етакчи шарқ тилларидан бирини ва яна етакчи ғарб тилларидан бирини билиши шарт. Лекин аввал-асос — Она тил… Баъзан таниқли раҳбарларимиз, атоқли олимларимизнинг ўзбекча нутқларини эшитиб, хижолатдан ерга киргудек бўласан киши. Бу ёшларимиз учун аччиқ сабоқ бўлмоғи даркор. Бизнинг тилимиз — араб тилининг салобатию форсий тилнинг фасоҳатини ўзининг туркий шиддатига омухта қилиб олган тилдир. Фақат меҳр ва парваришга муҳтож.

— Сизни Ғарб ва Шарқ адабиётинииг билимдони сифатида яхши биламиз. Сиз Шекспирнинг бир қатор асарларини бевосита инглиз тилидан таржима қилдингиз. Китобхонларни Шарқ адабиётининг буюк сиймоларидан бири — Жалолиддин Румий билан таништиришда жонбозлик кўрсатдингиз. Шу йўналишдаги ижодий ишларни давом эттиряпсизми?

— Бир гал суҳбатда марҳум Олим Хўжаев сўз ўйини қилиб: «Шекспир — ҳаммамизга буюк пир» деганлари ёдимда. Дарҳақиқат, Шекспир ижоди — башариятнинг буюк дарсхонаси. Ақлимни танибманки, Шекспирни ўқийман. Бир неча йил чет эллар адабиётидан, Шекспир ижодидан институт талабаларига дарс бердим. Кейин таржима қилишга киришдим. Шекспир сайланмасининг беш томлигини нашрга тайёрладим. Шекспир туфайли инглиз тилини ўргандим. Унинг «Ҳамлет», «Отелло», «Макбет», «Антоннй ва Клеопатра», «Афиналик Тимон» асарларини инглизчадан таржима килдим. Мазкур таржималар «Жаҳон адабиёти дурдоналари» сериясида нашр этилмоқда… Энди бошқа бир буюк сиймо ҳақида сўзламоқчиман. Бу — Мавлоно Жалолиддин Румий. Гегель, мен диалектика ҳақидаги таълимотимни Жалолиддин Румийга суяниб яратдим, деб ёзган экан. Шундан ҳам тасаввур қилаверинг… Радий Фишнинг «Жалолиддин Румий» тарихий романи менинг таржимамда босилиб чиқди. Муболага йўқ, ана шу китоб туфайли менга «Жалолиддин Румий» деган янги дунё очилди… Шу кунларда шоирнинг машҳур «Маснавийи маънавий» асари таржимаси билан машғулман…

— Жамол ака, Румийнинг мухлиси сифатида бу улкан ишда Сизга омад тилайман. Янги илмий ва бадиий асарларингизни кутамиз.

Суҳбатни Н. Муҳаммадиев олиб борди.

“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 4-сон