Муродбой Низанов. Одам қандай қарийди? (ҳажвия)

Сизнингча, одам қандай қарийди? Ёши улғаяди, тани тўзийди, шундайми? Йўқ, тополмадингиз? Билсангиз, одамни одам қаритади!
– Сейтекни яқин орада кўрдингми? – сўради Мустафо бир маъракада учрашиб қолганимизда мендан.
– Йўқ.
– Бечора жуда қариб, чўкиб қолибди.
– Қанақасига? Учовимиз институтда бирга ўқидик. Сен билан мен дингиллаб юрибмиз-ку?
– У армиядан келиб ўқишга кирган эди-ку! Шунинг учун уни “староста” қилиб сайлаган эдик.
– Бор-йўғи икки ёш катта эди. Демак, икки йилдан кейин биз ҳам… – у ёғини гапиришга тилим бормади.
– Ким билсин, – деди у бош чайқаб. – Хуллас, бориб кўриб қўйганинг маъқул. Кейин армон қилиб юрма.
Мустафонинг гапига қараганда, Сейтек кўпга бормайдиганга ўхшайди. Беш йил бир тишлам нонни бўлишиб еган эдик, кейинроққа қолдиришга виждоним чидамади. Эртаси куни тонг азонда йўлга тушдим.
Мустафонинг айтганича бор экан. Сейтек менга кўзи тушиб ўрнидан турмоқчи бўлган эди, кампири тиззасидан босиб жойига қайта ўтқазди:
– Йиқилиб тушарсиз, ўтиринг.
Мен тиз чўкиб, у билан саломлашдим. Боёқиш қучоқ очгани билан ўрнидан туришга ҳоли келмади.
– Сейтек жўра, бу нима аҳвол? – дедим салом-алик қилиб, бир чойнак чой ичиб олгандан сўнг. – Оғриб қолдингми?
– Худога шукр, тани-жоним соғ, – деди у овозига куч бериб.
– Унда нега қўлинг қалтирайди? Ёки… кўп ичаяпсанми?
– Худога шукр, бунақа ишларни йиғиштирганимга анча бўлди.
Мен бу ёғига нима дейишни билмай, унга савол назари билан тикилдим.
Сейтек нури қочиб қолган кўзларини мендан олиб қочди.
– Яқингача кўп қатори ўз суягимни ўзим кўтариб юрган эдим, – дея гап бошлади у бироздан сўнг. – Тўғриси, мени одамлар хароб қилди. Манави кампир ҳам шуларнинг қаторида…
– Бу киши дардини ҳам бировлардан кўради, – деб унинг хотини юзини терс ўгириб олди.
– Тўғри-да! – Сейтек бироз нафасини ростлаб олиб, гапида давом этди. – Ўзинг биласан, одам ёши ўтган сари қушуйқу бўп қолади. Азонда кампирдан бир, болалардан икки соат бурун уйғонаман. Ҳамма дастурхон бошида жам бўлгунча қўл қовуштириб ўтираманми? Мол-ҳолга, экин-тикинга қарайман. Бир куни эрталаб қовун полизини кетмон билан чопиқ қилаётган эдим. Кимдир:
– Сейтек оға! – деб чақирди. Бундоқ қарасам, Турсунбой деган инимиз челнинг бошида қаққайиб турибди.
– Бу ёққа келинг! – деди у.
– Тинчликми?
– Келаверинг!
Бордим.
– Сизда кампир йўқми?! – деди у саломлашиш учун қўл узата туриб.
– Бор, – дедим ҳайрон бўлиб.
– Ўғиллар йўқми?
– Бор.
– Қизлар йўқми?
– Нега бунча тергаб қолдинг, Турсунбой иним? Тинчликми, ишқилиб?
– Оға, ёшингиз пайғамбар ёшидан ошди, бундан бу ёғига дунёнинг тубига етмоқчимисиз?
– Тагини чопсак, қовун яхши пишади-да…
– Эй, падарига лаънат шу қовунларнинг! Шу ёшгача қора меҳнатнинг тагида яшаганингиз каммиди?
Турсунбой шу гапларни айтди-да, катта ишни қойиллатгандай ортига бурилиб жўнади. Мен анқайиб қолавердим. Унинг аччиқ-тизиқ гаплари юрагимга ботиб кетди. Кетмонни бир чекка отиб юбордим-да, уйга кириб ётиб олдим. Шу бўлди-ю, қовун полизи чопилмай, молларнинг таги тозаланмай қолди. Эшакнинг охурига вақтида ўт солинмади. Сабрим чидамай тараддудланиб тураман-да, Турсунбойга ўхшаган битта-яримтаси келиб қолиб, дашном беришидан ҳадиксираб ўзимни тияман. Болалар билан келинлар ишда, кампир бола боқишдан ортмайди.
Бир куни овулда маърака бўлди. Пишқириб турган сур эшагим бор эди, ўзинг ҳам бир-икки марта кўргансан. Шу жониворни эгарлаб, маъракага миниб бордим. Уйнинг олдидаги столда Пиримбет, Гулман, Шербой – учаласи ўтирган экан. Дарвоқе, сен уларни танимайсан.
– Сенда ўғил йўқми? – деди Пиримбет.
– Худога шукр, бор, – дедим қовоқ уйиб.
– Борлигини биз ҳам биламиз. Бир болангда “Нексия”, бошқасида “Ласетти”, сенинг бу юришинг нимаси? Шу замонда эшак миниб юрган одам қоптими?
– Нима қипти? Эшак ўзимники…
– Э, қўйсанг-чи!
– Ундан кўра болалар гапимга кирмайди деб тўғрисини айтавер!
– Ўзи, Сейтек болаларини ёшлигидан эрка қилиб ўстирди. Мана, оқибати.
Хуллас, улар мени “болаларини дуруст тарбияламаган, қартайганида ҳам жонининг роҳатини билмайдиган жонсабил”га чиқаришди.
Овулда Ўтабой деган қария эшак арава ахтариб юрган эди. Эртаси куни “Аравасини ўзингиз топиб оларсиз”, деб эшакни шу одамга бериб келдим. Эшакка ўт бериш, далага боғлаб келиш, суғориш мен учун яхшигина эрмак эди, шундан ҳам қутулдим.
Бир куни кечқурун турмушга чиқиб кетган қизим меҳмон бўлиб келди. Курка сўйиб, жўхори гуртик пиширтирдим. Овқат пишган маҳал ўрнимдан тураётган эдим, қизим сўраб қолди:
– Қаёққа, ота?
– Қўлимни ювиб келаман, қизим.
– Нима, сизда келин йўқми?
– Ҳов… Жўмракни бурасам, сув шариллаб оқади. Келинни овора қилиб нима қиламан?
– Ана, айтмадимми! Даданг қариб, ёш болага ўхшаб қолди, – деди манави кампир қизига. – Ўзи ҳурматини билмаса, келин ҳам сийламайди-да.
Ноилож жойимга қайтиб ўтирдим. Келин обдаста олиб келиб, қўлимга сув қўйди. Ҳовлида у ёқ-буёққа юрсам, оёғимнинг чигили ёзилиб, қоним юришар эди. Шундан ҳам мосуво бўлдим.
Кампир намоз ўқиётганида кенжа набирамиз уйғониб, йиғлашга тушди. Туриб, уни қўлимга олдим. Бироз кўтариб, юпатмоқчи эдим.
– Қўйинг жойига! Йиқитиб қўясиз! – деб кампир жойнамозини наридан-бери йиғиштириб, олдимга югурди. Жонҳолатда чақалоқни қўлимдан тортиб олди. – Сиз ўзингизнинг ҳолингизни билинг.
Аста-секин оёқ-қўлим увишадиган одат чиқарди. Ташқарига чиқиб келсам, ҳансираб қоламан. Бу аҳволда биратўла ётиб қолишим мумкин, ҳар куни бир-икки чақирим пиёда юрсам яхши бўлар, деган қарорга келдим ўзимча.
Эрталаб кўчада кетаётсам, Ортиқбой қаршимдан чиқиб қолди.
– Ҳа, Сейтек оға, йўл бўлсин? – деди у.
– Бир муддат оёқнинг чилигини ёзай деган эдим.
– Биратўла югура қолмабсиз-да! – дея тиржайиб ёнимдан ўтиб кетди.
Ўн-ўн беш одим юрган эдим ҳамки, Соатбой дўкончига рўпара келдим.
– Тинчликми, Сейтек оға? – деди у ҳам.
– Бироз оёқнинг чилигини ёзай деб…
– Юзга кирмоқчисиз, шекилли! – дея ҳиринглади у.
Бунақа гап-сўзлардан юрагим безиллаб қолди. Охири ҳаммасини биратўла йиғиштирдим. Полизни чопиқ қилмайман, молларнинг тагини тозаламайман, беда ейдиган эшак ҳам йўқ. Тўй-маъракаларга машинада бориб келаман. Уйда эса ҳожатга чиқишдан бошқа қиладиган ишим йўқ. Мана, оқибати. Қимирласам, бўғинларим зирқирайди. Ўн қадам юрсам, ўпкам қисилади. Пиёлани қўлимда тутиб туролмайман. Ёшим етмишга етмай, таним тўзиди. Мени оғриқ эмас, одамлар қаритди, иним. Шуларнинг орасида манави кампир ҳам бор.
– Ўзингни қўлга ол, ҳали ҳам кеч эмас, – деб мен ўрнимдан турдим.
– Шошма, эшиккача кузатиб қўяман, – деб Сейтек қалтираганча ўрнидан тураётган эди, кампири яна этагидан ерга босди.
– Ўтиринг жойингизда! Тағин йиқилиб-нетиб бир балони бошламанг.
Мени Сейтекнинг ўрнига кампири кузатиб қўйди. Дарвозадан бироз узоқлашган эдим, кампирнинг ғудранган овози қулоғимга чалинди:
– Тенг-тўшлари қиличдай қарсиллаб юрибди, шўрқисган бизнинг чол кун сайин орқага кетаяпти. Э, худойим-ей!..

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 5-сон