Ёзувчи Дўстжон Муҳамедовга сўнгги ярим йилда илҳом келмай ҳеч нарса ёза олмай юрган эди. Бир куни ярим кечаси илҳом келди-ю, ижод қилишга киришди.Оқ қоғозлар бирин-кетин тўлаверди. Тизилишиб келаётган сўзларни ёзиб адо қилишнинг ўзи мушкул эди. Адиб ҳам ёзаверди, ёзаверди. Худди шу пайтда лип этиб чироқ ўчиб қолганини қаранг! Тошиб турган илҳоми ҳам бирдан сўнди-қолди.
Дўстжон Муҳамедов ана кутди, мана кутди, охири бўлмади. Шамнинг ёруғида телефон китобчасини топиб нақд ГРЭС бошлиғининг уйига телефон қилди! Соат тунги учлар чамаси эди…
— Алё! Бу ГРЭС бошлиғининг уйими?
— Ҳа.
— Уйингизда чироқ ёниб турибдими?
— Ҳа.
— Менинг уйимда эса ўчиб қолди.
— Навбати билан ўчирилган бўлиши мумкин. Сал кутиб туринг, ёниб қолар.
— Лекин менинг илҳомим сизнинг навбатингизни тан олмайди-да. Эл ётган пайти илҳом келиб ёзишга ўтирган эдим. Мен ёзувчи Дўстжон Муҳамедовман! Келиб-келиб мен ёзаётган пайтимда чироқ ўчиб қолганини қаранг-а! Сизнинг уйингизда тонг отгунча бекорчи чироқлар ёниб турса-ю менинг уйимда керак пайтда ҳам чироқ ёнмаса, шуям адолатдан-ми?
ГРЭС бошлиғи Дўстжон Муҳамедовнинг турар жойини, телефон рақамларини сўраб олдида, кечиктирмай чироқ ёқтириб беришга ваъда қилди.
Ваъдасининг устидан чиқди! Аммо, ёзувчининг бояги тошиб турган илҳоми энди йўқ, тиниб қолган эди.
Эртасига у ўтган оқшом чала қолган уйқусининг ҳиссасини чиқариш учун кун ботмаёқ ухлаб қолди. Ширин уйқуда ётган эди, телефоннинг чириллаган овози уйғотиб юборди. Дастакни кўтардию, соатига қаради — тунги уч.
— Алё, ёзувчи Муҳамедовнинг уйими? — деган овоз эшитилди дастакдан.
— Ҳа.
— Илҳом қалай? Ёзаяпсизми у-бу нарса?
— Ёмон эмас, ёзилаётир.
— Чироқ ёниб турибдими?
— Ёниб турибди.
— Мен… Кеча сиз телефон қилган ГРЭС бошлиғиман. Сизнинг уйингизда чироқнинг ўчмаслигига ваъда берганимдан кейин ўзим қўнғироқ қилиб қўяй деяпман…
— Раҳмат!
Уйқу бир бўлиндими, энди ухлаш қийин. Муҳамедов хаёлга берилиб, ётиб-ётиб тонг оқарай деганда, кўзи илинди. Эртасига ишда эснай-эснай зўрға юрди.
Иккинчи куни тунги учда телефон яна жиринглади. Аввалига туш кўраётгандирман деб қимирламай анча ётди. Ётди-ётди, телефон жиринглайверди. Демак, ўнги экан.
— Ёзувчи Муҳамедовнинг уйими? — деган овоз эшитилди дастакдан.
— Ҳа.
— Илҳом қалай?
— Ёмон эмас.
— Чироқ ёниб турибдими?
— Ёниб турибди.
— Мен ГРЭС бошлиғининг ўринбосариман. Сиздан аҳвол сўраш, уйингизда чироқ ўчиб қолмаслиги учун кўз-қулоқ бўлиб туриш менга топширилган эди.
— Раҳмат.
Учинчи куни тунги соат учда ёзувчини хотини юлқилаб-юлқилаб уйғотди.
Телефонда сўрашяпти!
— Ким? — деди у гарангсиниб.
— Билмайман.
Муҳамедов гандираклаб бориб дастакни кўтарди.
— Ёзувчи Муҳамедовмисиз?
— Ҳа… Нимайди?
— Илҳом қалай?
— Ёмон эмас.
— Чироқ ёниб турибдими?
— Ёниб турибди.
— Мен ГРЭСнинг бош муҳандисиман. Сиздан аҳвол сўраш, чироғингизнинг ўчган-ўчмаганлигини билиш менга топширилган эди.
— Раҳмат.
Тўртинчи куни дастакни кўтараётиб соатига қаради, учдан икки дақиқа ўтган экан.
— Ёзувчи Муҳамедовнинг уйими?
— Ҳа.
— Илҳом қалай?
— Зўр!
— Чироқ ёниб турибдими?
— Порлаб ёнаяпти!
— Мен ГРЭСнинг бош мутахассисиман. Сиздан аҳвол сўраб қўйиш, чироқ ўчиб қолмаслиги учун эҳтиёт бўлиб туриш менга топширилган эди.
— Раҳмат.
Бешинчи куни у тунги учгача ухламай, қўнғироқ кутиб ўтирди. Умиди пучга чиқмади — телефон соат учда жиринглади.
— Ёзувчи Муҳамедовнинг уйими?
— Ҳа.
— Илҳом қалай?
— Ёмон эмас.
— Чироқ…
— Ёниб турибди!
— Мен ГРЭСнинг етакчи мутахассисиман. Сиздан аҳвол сўраб қўйиш ҳамда чироқ ёниб турган-турмаганлигини…
— Раҳмат, раҳмат!
Олтинчи куниям телефон жиринглади. Муҳамедов сўроқни кутиб турмасданоқ жавобни тўкиб ташлади.
— Бу ёзувчи Муҳамедовнинг уйи, мен ўзиман, илҳом ёмон эмас, чироқ ёниб турибди. Хўш яна қанақа маълумотлар қизиқтиради сизни?
— Шу етарли. Сиздан аҳвол сўраб қўйиш бугун менга топширилган эди. Мен ГРЭСнинг навбатчи устасиман.
Еттинчи куни яна шу аҳвол. Муҳамедов дастакни кўтарар-кўтармас:
— Мен Муҳамедовман, ўзиман, илҳом яхши, чироқ ёниб турибди. Мени тинч қўясизларми-йўқми?
— Узр, узр, акажон. Мен фақат топшириқни бажаряпман, холос. Менга сиздан аҳвол сўраб қўйиш топширилган эди.
— Сиз ким бўласиз?
— Мен ГРЭСнинг авария ҳолатлари бўйича муҳандисиман.
Саккизинчи куни тунги соат уч бўлди деганда, у энди дастакка қўл узатган эди, телефон жиринглади.
— Муҳамедовнинг уйими?
— Худди ўзи. Мен Муҳамедовман, илҳом келиб турибди, зўр! Чироқлар ёниб турибди. Яна нима керак?
— Ҳеч нарса керак эмас. Сиздан аҳвол сўраш, уйингизда чироқ ёниб турибдими-йўқми, шуни билиш бугун менга топширилган эди…
— Ким бўласиз, сиз?
— Мен ГРЭСнинг навбатчи операториман.
— О, худога шукур, шу билан тугайдими бу машмаша?..
— Билмадим… Бизга шунақа топшириқ берилган.
— Биз деганингиз ким, нечтасизлар ўзи?
— Биз деганим тўқсон олти оператор, қирқ саккиз техник ходим, эллик олти…
— Нима?..
Муҳамедов шилқ этиб йиқилди…
Қорақалпоқчадан Музаффар Аҳмедов таржимаси