Михаил Булгаков. Хон алангаси (ҳикоя)

Қуёш Орешнев қарағайлари орқасига ўтиб ботаётган маҳалда, Қайғу Худоси Аполлон саройнинг олд томонидан соя тарафга ўтиб олди. Шу пайт музей назоратчиси Татьяна Михайловнанинг ҳужрасидан фаррош Дунька югурганча келиб:
– Иона Васильич! Ҳой Иона Васильич! Юра қолинг тезроқ, сизни Татьяна Михайловна сўраяпти, бугунги саёҳат ҳақида нимадир тайинламоқчи. Унинг жағи шишиб кетган, афтидан тоби қочиб қолганга ўхшайди! – дея, баланд овозда қичқирди.
Ёноқлари пушти ранг Дунька зудлик билан ортга қайрилиб, елдек югураркан, юбкасининг кенг этаги қўнғироқдек айланиб, яланг болдирлари кўриниб кетди.
Мункиллаб қолган кекса хизматчи чол Иона қўлидаги супургини четга ирғитиб, ёндирилган қуюқ бурганлар кулининг ёнига қараб туфлади-да, отхона тарафдан ўтиб Татьяна Михайловна томонга йўл олди.
Назоратчи ҳужрасининг дарчаси ёпиқ турар, даҳлизда эса аллақачон йод ва камфара ёғининг ҳиди анқиб кетган эди. Иона нимқоронғулик ичра оҳиста ингранаётган овозни эшитди. Ғира-ширада кроват устида Мумка лақабли мушукнинг оппоқ қуённикига ўхшаш катта қулоқлари ва ғамгин боқиб турган кўзлари элас-элас кўзга ташланди.
– Тишингми? – ачиниб, ишора билан сўради Иона.
– Ти-шиим… – хўрсинди оппоқойим.
– Ў… ў… ў… мана сенга керак бўлса, – дея, ҳамдардлик билдирди Иона, – қандай азоб! Дамо-дам Цезарь ҳам тинмай увлагани, увлаган… Мен уни, тентак, куппа-кундузи нега мунча ув тортасан? Ахир ҳеч ким ўлаётгани йўқ-ку. Ўчир овозингни, ҳе, ўз бошингни егур, деб уришдим. Сен эса тишинг оғриётган томондаги жағингнинг устига товуқнинг гўнгини бос, оғриғи бир пасда тинади, қолади.
– Иона… Иона Васильич, – оҳиста сўзлади Татьяна Михайловна, – бугун чоршанба, музейга одамлар келадиган кун. Мен эса чиқолмайман. Бу азобни қаранг. Энди саёҳатчиларни ўзингиз бир амаллаб сайр қилдирасиз. Уларга ҳамма нарсани кўрсатинг. Мен сизга ёрдамга Дунькани ҳамроҳ қилиб юбораман.
– Ҳа, майли… Ҳар иш Худодан. Жўната қол. Ўзимиз қараймиз, амаллаймиз, асосийси, доимгидек жомларга эҳтиёт бўламиз. Ҳар хил одам келиб кетади-да… Ким билади дейсан, борди-ю, қайси бирови олиб, чўнтагига солиб кетса, бунинг ҳеч қийин жойи йўқ… Шунда уларнинг ном-нишонини ҳам тополмайсан. Аммо кейин ким жавоб беради? Биз, албатта. Картиналардан қўрқмайман, уларни, чўнтакка солиб, яшириб бўлмайди. Тўғри айтаяпманми?
– Дуняша сиз билан изма-из юради, ортингиздан кўз узмай, диққат билан кузатиб, эҳтиёт бўлади. Мабода, улар мени сўраб қолишса, кузатувчи бетоб бўлиб қолди, деб айтинг.
– Хўп, хўп. Сен эса, – дея, жағини кўрсатиб, гўнгга ишора қилди чол. – Докторлар – улар ҳозир жағни осонгина кесиб, тишни суғуриб олади. Бир пайтлар Федор Орешневский деганининг ҳам жағини худди шундай кесиб, тишини суғуриб олишувди, натижа нима бўлди, у киши ўлиб қолди. Бу анча йиллар илгари бўлган воқеа. Ўшанда унинг ҳам ҳовлисида кучуги роса увлаганди.
Татьяна Михайловна бир инграб, деди:
– Боринг, борақолинг, Иона Васильич, саёҳатчиларнинг қай бирлари аллақачон келиб ҳам улгургандир…
Иона оқ плакатли оғир чугун дарчани очиб қўйди, унда шундай ёзувлар бор эди:

ХОН ҚАРОРГОҲИ
МУЗЕЙ-ҚЎРҒОНЧАСИ

Музейни кўриш чоршанба, жума ва якшанба кунлари
соат 6 дан кеч 8 гача.

Соат 6 яримда Москвадан шаҳар атрофига қатнайдиган поездда саё­ҳатчиларнинг биринчи гуруҳи етиб келди. Улар йигирма кишидан иборат хушчақчақ ёшлар эди. Сайёҳлар орасида мош ранг кўйлак кийган ўсмирлар ҳамда оқ матросча, йўл-йўл олачипор кофта кийган бошяланг қизлар бор эди. Улар яланг оёқларига сандал кийиб олишган, қай бирлари уриниб қолган қора туфлиларда, ёшроқлари эса учи тўмтоқ баланд этикда эди.
Аммо, улар орасида ёши анча катта, қирқларни қоралаб қолган бир одамнинг ҳам юргани Ионани ҳайрон қолдирди. Агар унинг “1-ҳақиқий билим юрти” деган ёзуви бор тамғали қайиши билан белига тортиб боғланган, тиззасини ҳам ёпмаган оч кофе ранг калта иштони ҳамда бурнининг устидаги нопармонга мойил илгичли кўзойнагини айтмаганда, у қип-яланғоч эди. Унинг хиёл букчайган елкасини жигарранг тошма босган, оёқлари эса икки хил – ўнг оёғи чапига қараганда йўғон бўлиб, ҳар иккисида қон томирлари бўртиб турибди. Йигит-қизлар бу яланғоч кишининг поездда улар билан бирга келиб, қўрғонча музейни томоша қилаётганини гўё пайқамаётгандек бўлсалар-да, бу ҳолат кекса, ғамгин Ионани ҳайратга солиб, ажаблантирди.
Яланғоч кимса қизлар орасига тушиб олиб, бошини қашиганча дарвоза томондан саройга қараб келаётганди. Унинг мўйловининг бир учи буралганга ўхшар, соқоли худди ўқимишли одамларникидек қиртишлаб олинганди. Ёшлар Ионанинг атрофини ўраб олиб, қушларга ўхшаб чуғурлашиб, тинимсиз кулаётгани чолни бутунлай шошириб, адаштириб қўяёзди ва у асабийлаша бошлади. Жомлар ҳақидаги миясига келган хаёллардан ташвишланиб, қайта-қайта Дунькага яланғочни кўрсатиб ишора қилди. Дунька эса яланғочнинг ҳар хил оёқларини кўриб, ёноқлари ёрилиб кетай деб, кулгидан ўзини аранг тутиб турарди. Шу дам, бу ҳам етмагандай қаёқдандир Цезарь пайдо бўлиб, бошқаларни ҳеч қандай қаршиликсиз ўтказиб юбориб, яланғочга қараб ўзгача ириллаганча, қари кўппакларга хос қаҳр билан йўтал аралаш ҳура кетди. Сўнгра аянчли, ғамгин товушда увлай бошлади.
“Туф-ей, лаънати, – боши гангиб, дарғазаб бўлган Иона чақирилмаган меҳмонга қараб хаёлга толди, – сени бу ерга қайси шайтон ҳайдаб келди ўзи? Сен-чи, Цезарь, нега бунча увламасанг? Мабодо кимнингдир ўлимини йўқлаётган бўлсанг, шу… яланғоч ўла қолсин”.
Шундай қилиб, Цезарнинг қовурғасига калитлар шодаси билан туширишга тўғри келди, чунки тўданинг орқасидан изма-из беш нафар хушхулқ, яхши саёҳатчи келаётган эди. Яланғочни кўриб уларнинг орасидаги тўладан келган аёлнинг юзи ғазабдан қизариб кетди. Узун сочлари ўрилган ўсмир қизалоқ ҳам у билан бирга юрарди. Яна бир чиройли аёлнинг ёнида новча, соч-соқоли тарашланган жаноб ва тилла кўзойнакли, кенг, ёрқин рангли пальто кийиб, қўлига ҳасса ушлаб олган бадавлат, ажнабий қария ҳам бор эди. Цезарь яланғочдан сўнг шу саёҳатчиларга қараб ташлана кетди ва ғазаб ичра қари, ўтмас кўзлари билан аввал аёлнинг яшил соябонига қараб, сўнгра ажнабий қарияга қараб ҳура бошлади. Шунда кекса жанобнинг ранги оқариб, орқага тисарилди ва ҳеч ким тушунмайдиган ажнабийча тилда бир нималар деб тўнғиллади.
Иона Цезарнинг бу қилиғига чидаб туролмай, уни яна “сийлашга” мажбур бўлди, бунга жавобан кучук ўша заҳоти ҳуришдан тўхтаб, ғиншиганча кўздан йўқолди.

* * *

– Оёқларингизни пойандозга артиб киринг, – деди Иона ва ҳар гал саройга кираётган чоғидаги каби унинг юзи жиддий, тантанавор тус олди. Дунькага қараб шивирлади: “Дунь, кузатишдан чалғима…” – ва кираверишдаги айвоннинг ойнаванд эшигини оғир калит билан очди. Ичкарида оқ мармардан ишланган ҳайкалчалар меҳмонларга таъзим бажо айлаб панжарадан боқиб туришарди.
Улар тўқ қизил рангли гиламлар тўшалиб, олтин сим билан таранг тортиб қўйилган зинапоя орқали кўтарила бошладилар. Яланғоч ҳаммадан олдинда, Ионанинг ёнида, яланг оёқлари билан момиқ зина бўйлаб мағрур қадам ташлаб борарди.
Устунлар орқасидаги катта, кенг дераза ойнаси узра оҳиста тушаётган кечки ёруғлик юмшоқ, нафис оқ пардалардан ичкарига сизиб турарди. Сайёҳлар юқоридаги майдончада туриб, ўгирилиб, зинанинг босиб ўтилган, ўпирилган жойини ва оқ мармар ҳайкалчалари бўлган панжарани томоша қилишди. Қора полотноли портретларни, узилиб кетай деб турган нафис ипли ўйма қандилни ҳам томоша қилишди. Бу пайт тепадаги, гўё қайларгадир баландлаб учиб кетаётган амурлар – яъни, камалак билан қуролланган қанотли бола қиёфасидаги муҳаббат мабудлари пушти рангга кирган эди.
– Верочка, қара, қара, – дея шивирлади тўладан келган она, – яхши даврларда князлар қандай яшаганлигини кўряпсанми?
Иона четда туриб, уларни кузатмоқда эди. Унинг тарошланган, ажинли юзида кечки сокин мағрурлик акс этиб турарди.
Яланғоч бурнининг устидаги кўзойнагини тўғрилаб олиб, атрофга тикилганча деди:
– Бу саройни ҳам шубҳасиз Растрелли қурган. Ўн саккизинчи аср.
– Қанақа Растрелли? – деди, секин йўталганча унга жавобан Иона. – Бундан юз эллик йил илгари князь Антон Иоаннович қурган, охирати обод бўлсин, – дея оғир нафас олди у. – Мана шундай, олдинги князнинг бобосининг бобокалони.
Ҳамма Ионага қараб ўгирилди.
– Сиз аниқ билмайсиз шекилли, – деди унга жавобан яланғоч, – Антон Иоаннович даврида қурилгани аниқ. Лекин меъмор Растрелли эмасмиди? Иккинчидан, охират деган нарса йўқ, олдинги князлар ҳам Худога шукурким, энди йўқ. Мен бир нарсага ҳечам тушунмаяпман, бу ердаги бошқарувчи аёлнинг ўзи қани?
– Бошқарувчи, – деди Иона яланғочга қараб нафратдан бўғилиб, – унинг тиши оғриб ётибди, ўлаяпти, балким эрталабгача ҳам бормаслиги мумкин. Охиратга келадиган бўлсак, сиз ҳақсиз. Кимлар учундир у йўқ. Аммо, айтиб қўяйки, жаннатга иштонсиз киролмаслигингиз тайин. Ёки нотўғри айтаяпманми?
Ёшлар бирданига шарақлаб кулиб юборишди. Яланғоч кўзларини пирпиратиб, лабини чўччайтириб олди.
– Аммо, сизга айтсам, қарашларингиз ҳар ҳолда, ҳозирги даврдагига қараганда анча ғалатироқ экан. Охиратга ҳам, князларга нисбатан ҳам… Менга негадир шундай туюлаяпти…
– Қўйсангиз-чи, ўртоқ Антонов, – тўда орасидан муросага чорловчи қиз боланинг овози янгради.
– Семён Иванович, қўйинг энди! – деган дўриллаган йўғон овоз ҳам эшитилди.
Томоша давом этарди. Кунботарнинг сўнгги нурлари оқ тувакдан айвоннинг ойнали эшиклари узра чирмашиб бўй чўзган чирмовуқгуллар тўри орқали ичкарига тушиб турарди. Мана бу олтита ўйма баргли оқ устунлар устида қачонлардир бир-бирига жўр бўлган мусиқачиларнинг найлари ялтиллаб турган. Ўша даврда устунлар гўё қувонч билан беғубор самога кўтарилган, тилла суви югуртирилган енгил курсилар девор тагига ботартиб тизиб қўйилган. Девордаги қора шамдонлар ичидаги ёниб тугаган оқ шамлар кечагина ўчирилгандек эди. Тепада айланиб учаётган муҳаббат мабудлари орасида яланғоч аёл бетизгин булутлар узра рақсга тушмоқда эди. Оёқ остидаги шахматсимон силлиқ паркет пол жуда сирпанчиқ эди. Қора ҳошияли шахматнинг устида турган бугунги оломон жуда ғалати кўринарди. Айниқса, гуруҳдан ажралиб турган тилла кўзойнакли ажнабийнинг аҳволи алланечук тушунарсиз, нохуш ва ғамгин эди. У устунлар орқасига ўтиб олиб, худди жодуланган каби чирмовуқгул шохлари орасидан олис-олисларга тикилиб, томоша қиларди.
Товушлар орасидан яланғочнинг овози элас-элас қулоққа чалинди. У ярақлаб турган паркетни оёғи билан айлантириб, чизиб кўрсатиб, Ионадан сўради:
– Паркетни ким қилган?
– Крепостной деҳқонлар, – хушламай жавоб берди Иона, – ўзимизнинг крепостнойлар.
Яланғоч унинг жавобини маъқуллаш ўрнига, заҳарханда тиржайди.
– Зўр ишланган, бошқа нима ҳам дейиш мумкин. Текинхўрларнинг оёғи учун мана бу матоҳларни йўнгунча халқнинг елкаси узилгани кўриниб турибди. Онегинлар… тринг… бринг… Эҳтимол туни бўйи кетини узмай рақсга тушишгандир. Ахир, қиладиган бошқа ишлари ҳам бўлмаган-да.
Шу тобда Иона: “Бу яланғочнинг худди ўлат янглиғ ёпишиб олганини қаранг-а, эй, Парвардигорим, ўзинг кечир”, – дея хаёлидан ўтказиб, хўрсиниб қўйди, сўнг бошини чайқаганча, ишида давом этди.
Деворлар хира тортиб, тилла ромлар қоронғи полотно ортида кўринмай қолди. Эгнига оқ мўйнали либос кийган, ҳурпайтирилган оппоқ сочи устидан тиллақош тақиб, сурмали қошлари ва ҳайбатли тож остидан бутун девор бўйлаб Екатерина II боқиб турибди. У нозик, ингизча учли бармоқларини курсининг тутқичи устига оҳиста қўйиб олган. Унга қарама-қарши томондаги деворда, рангли полотнода кўксига тўртбурчак юлдуз тақиб олган ёш пучуқбурун савлат тўкиб, онасига нафрат билан боқиб турарди. Она ва ўғилнинг атрофида то хона шифтининг нақшинкор ганчига қадар Тўқай-Бек-Ўрда княгиня ва князлари ўз қариндошлари билан қараб туришарди.
XVIII аср мўйқалам санъатига мансуб, иштиёқ билан чизилган, ялтироқ, дарз кетган ёриқлари қорайиб, ўзи товланиб турувчи, ривояту афсоналар ичра вақт ўтиши билан хира тортган полотно ҳам бор эди. Унда қўлида сопига рангли тошлар қадалган, ярқираб турган қилич тутган ғилайкўз, қора ва ваҳший, қонхўр уруғбоши, Кичик Ўрда султони Тўқай хон савлат тўкиб ўтирибди.
Ушбу девор узра ярим минг йилдан кўп вақт давомида асли насли аслзодалар, довюрак князлар, хонлару подшоҳлар қонидан бўлган Тўқай-Беклар сулоласи жам бўлиб, боқиб турарди. Улар наслининг тарихи, хотираси хира тортган полотнодан турли доғлар аро, гоҳ жанговар зафарлар доғи, гоҳо шармандалик лаънати, гоҳо муҳаббат, гоҳ нафрат, иллат, фаҳш каби доғлар ичра ёдга олинарди…
Бронза тагкурсида бронзадан ясалган, яшил тусга кира бошлаган она аёл бюсти турарди. Унинг бош кийими бронза тасма билан иягининг тагидан бойланган, кўксидаги шифри қотиб қолган чўзинчоқ ойнага ўхшаб кетарди. Ўткир бурунли бу аёлнинг қуруқшаган оғзи нимагадир чўччайган. У ҳаёти давомида ҳаммани ҳайратга солиб, чегарасиз бузуқ, фаҳш ишлари билан иккита – соҳибжамол гўзал ва мудҳиш, Мессалина деган ном олиб, довруғ таратди. Намчил туман ичра шавкатли ва даҳшатли шаҳарнинг шимол томонларида бу каби афсоналарнинг ёйилишига ўша оқ ҳарбийча тор шимли генерални унинг биринчи муҳаббати билан боғланган кунлари сабаб бўлган эди. Унинг портрети Александр I билан бир хонада, унга ёнма-ён осиб қўйилган. Аёл ундан сўнг, унинг қўлидан Тўқай-Бек-отага ўтиб, сўнгги, ҳозирги князни туққан. Бева қолгач, айниқса, уни қип-яланғоч ҳолда тўртта келишган хизматкор йигитлар ҳовузда, арқон ҳалинчакда чўмилтиришгани ва бу воқеа ҳам шов-шув бўлиб, тарқаб кетгани уни роса шарманда қилди…
Яланғоч тўда орасидан суриб ўтиб, унинг бронза бош кийимини тирноғи билан таққиллата туриб, деди:
– Мана ўртоқлар, ажойиб зот. Ўн тўққизинчи асрнинг биринчи ярмида ўтган машҳур фоҳиша…
Тўла аёл уятдан қизариб кетди, зудлик билан қизининг қўлидан тутиб четга ўтар экан, унга қараб, деди:
– Бунинг ҳаммасини Худо билади… Веражон, қара, қизим, бу ёқда боболаримизнинг қандай портретлари бор экан-а…
– Николай Палкиннинг ўйнаши, – сўзида давом этди яланғоч, кўзойнагини тўғрилар экан, – у ҳақда ҳаттоки баъзи буржуа ёзувчилари ҳам ўз асарларида ёзиб қолдирган. Бу аёлнинг қилмишларини ақлга сиғдириб бўлмайди. Унинг атрофида кўнгли тусамаган, майли бўлмаган бирорта ҳам истараси иссиқ йигит қолмаган… Улар иштирокида Афина шаҳвоний кечаларини уюштирган…
Иона лабини тишлаб, қийшартирди, хўрлигидан хира тортган кўзларига ёш қуйилиб келди ва қўллари титрай бошлади. У нимадир демоқчи бўлди-ю, индамади, икки марта чуқур хўрсинди холос. Бу пайтда эса саёҳатчиларнинг барчаси катта қизиқиш билан дам кўп нарса биладиган яланғочга, дам бронза аёлга тикилардилар. Ўзига оро бериб, бўяниб олган хоним бюстнинг атрофини айланиб чиқди, ҳаттоки улар орасидаги нуфузли чет эллик ҳам, рус тилини тушунмаса-да, яланғочнинг орқасидан кўз узмай, диққат билан узоқ тикилиб қолди.
Сайёҳлар князнинг кабинети орқали юриб, эспантонлар, палашлар, қайирма қиличлар, зирҳли подшоҳ жангчилари, дубулғали кавалергардлар, сўнгги император портретлари, замбараклар, қадимги пилта милтиқ, қиличсимон найзаларни томоша қилишди. Тўқай-Бекларнинг катта ва ундан кейинги авлодлари хизмат қилган отли кавалергардлар гуруҳлари акс этган сарғайган фотосуратлар, Тўқай-Беклар отхоналари, пойгачи отларнинг фотосуратлари, ичига лиқ тўла оғир китоблар тахланган жавонларга кўз югуртиришди.
Бор бўйи текин гиламлари тўшалган, хонтахталар устига ҳар хил чилимлар, турли-туман чилим найлари тизиб қўйилган чекиш хонасидан юриб ўтишди. Оч яшил чиройли кимхоб гиламлар билан безатилиб, эски чироқли қандил осилган кичик меҳмонхонани томоша қилишди. Ҳануз пальма шохлари сўлмаган, бойлар қароргоҳларида қурилиб, турли дарахт, бута ва ўсимликлар билан безатиладиган махсус дам олиш жойигача саёҳат қилишди. Сўнгра заррин ярақлаб турган ойнаванд шкафда ҳаво рангда жилоланиб кўзни қувнатувчи сопол ва чинни буюмлар териб қўйилган яшил хонага ўтишди. Шунда Иона идишлардан хавотирланиб, Дунькага кўз қири билан қараб, ишора қилиб қўйди. Айнан шу хона деворидаги суратда оқ мундир кийган, келишган бир офицер қиличига суяниб, шукуҳ билан боқиб турарди. Тўладан келган хоним унинг бошидаги олти қиррали, юлдузли дубулғасига, қўлқопининг айлана оғзига, учи тепага қараб бураб қўйилган қора мўйловига боқар экан, Ионадан сўради:
– Бу ўзи ким?
– Охирги князь, – хўрсиниб жавоб берди Иона, – Антон Иоаннович, уларнинг барчаси кавалергардлар формасини кийишган, Россия империясида хизмат қилишган.
– У ҳозир қаерда? Ёки вафот этганми? – эҳтиром билан секин сўради хоним.
– Нега вафот этаркан… Улар ҳозир чет элда. Аввал бошидан чет элга жўнаб кетишган, – деди яланғочнинг яна бир қитмир гап ташлаб қолишидан чўчиб Иона.
Шу дам яланғоч князнинг ҳануз тирик эканига шубҳаланиб, оғзини очиб, қараб турган эди. Ёшлар тўдасидан кимдир унга қараб гап қотди:
– Эй, Семён, бас, етар, тупурсанг-чи ҳаммасига… тирик бўлса ҳам қариб, қартайиб қолгандир…
Яланғоч чурқ этмай қолди.
– Қандай қилиб? Улар тирикми? – таажжубланди яна бир хоним. – Ахир бу жуда ажойиб-ку!.. Унинг болалари ҳам бордир?
– Боласи йўқ, – маъюс жавоб берди Иона, – Худо унга фарзанд насиб қилмаган… Ҳа. Уларнинг кенжа укаси Павел Иоаннович эса, урушда ҳалок бўлган, немислар билан жанг қилган… У шу… императорнинг отлиқ гвардияси полкида хизмат қилган. Ўзи бу ерлик эмас, ўша пайтдаги Самара губерниясидан эди…
– Ажойиб қария… – дея завқ билан шивирлади кимдир.
– Унинг ўзига бир музей керак, – тўнғиллади яланғоч.
Сайёҳлар хон ётоғи жойлашган шатёрнинг ёнига келишди. Тепадан тортилган пуштиранг юлдузли ипак мато девор бўйлаб тўлқинсимон ёйилган. Девордаги пуштиранг гилам ҳар қандай товушни пасайтириб, ютади. Худди шу рангдаги нафис тўрпарда ортида икки кишилик ўймакор кроват турибди. Унда худди яқин орада, балки шу оқшом икки вужуд ухлаб, тургандек. Бунда гўё ҳамма нарса уйғоқ, кумушранг барг шаклидаги ромли кўзгу ҳам, стол устидаги суяк жилдли альбом ҳам, рассомлар дастгоҳида турган сўнгги князь аёли – ёш княгинянинг портрети ҳам, пуштиранг либосдаги княгинянинг портрети ҳам гўё тириклик ичра нафас оларди. Тарашланган шишали чироқ, ёрқин рангли ромлардаги варақлар, тўшак узра ташлаб қўйилган ёстиқлар ҳам жонли туюларди… Иона шу кунга қадар саёҳатчиларни қарийб уч юзинчи марта Тўқай-Беклар ётоғига бошлаб келар экан, ҳар гал бундаги гиламлар устида одимлаётган бегона қадамлардан, ётоқ узра тўшакни бамайлихотир томоша қилаётган бегона нигоҳлардан ғурури топталар, ноқулайликдан ранж-аламда юраги ачишар, дили оғрир эди. Шармандалик. Аммо бугун улар орасида яланғочнинг борлиги дилини янаям оғритар, кун бўйи кўнглини ғаш қилаётган нохушлик таъсирида юраги алланечук зирқираётганини тушуниб ҳам бўлмасди… Шунинг учун музей томошаси якунига еткач, Иона енгил нафас олди. Чақирилмаган меҳмонларни бильярдхонадан ўтказиб, йўлакка, ундан иккинчи шарқий зинапоя орқали ён тарафдаги айвонга ва ниҳоят у ёқдан ташқарига чиқариб, кузатиб юборди.
Қария музейга келганларнинг бир тўда бўлиб зилдек эшик орқали чиқиб кетишганини ўз кўзи билан кўрди ва Дунька улар ортидан эшикни ёпиб, қулфлаб қўйди.

* * *

Қоронғи тушди. Ён атрофдан кечги овозлар тарала бошлади. Қайлардадир, Орешнев орқасида чўпонлар сигирларни ҳайдаб, най чала бошладилар, чакалакзорлар ортидан қўнғироқларнинг ёқимли жаранги эшитиларди. Кечаси узоқдан, қизил армия лагеридаги ўқув машқларидан бир неча бор отишма овози келди.
Иона белидаги камарига осиб қўйган калитларни жаранглатиб, саройга чиқувчи шағал йўлак бўйлаб одимлаб борарди. Қария ҳар доим бир йўсинда, музейга саёҳатчилар келиб кетишгач, эҳтиёткорлик юзасидан саройга қайтиб келиб, ёлғизликда ўзига ўзи гапирганча, бу ердаги ҳар бир нарсани диққат билан кўздан кечириб, назорат қилиб чиқарди. Шундан сўнггина у хотиржам дам олар ва шомгача қоровулхонасига кираверишдаги эшикнинг олдида ўтириб, чекиб, кексаларга хос турли-туман нарсалар ҳақида ўй сурарди.
Бунинг учун бугун ҳам жуда қулай, кечки пайт ёруғ ва илиқ бўлди, аммо аксига олиб, Ионанинг кўнгли негадир беҳузур эди. Тўғрироғи, ўша яланғоч асабини таранг қилиб, жиғига тегиб кетди. Иона нималарнидир ғўлдираб, айвонга чиқди, хўмрайганча атрофга назар солди, калитларни шақирлатиб, ичкарига қайтиб кирди. Гилам бўйлаб оҳиста қадам ташлаб, зина орқали тепага кўтарилди.
Рақс залига кираверишда бирдан тўхтаб қолди ва қўрққанидан ранги оқариб кетди.
Саройда аллақандай қадам товушлари эшитилиб турарди. Товуш бильярдхона томондан келаётганди. Бир нафасдан сўнг пальмали дам олиш хонаси томонга ўтиб сўнди. Шу пайт гўё чолнинг юраги бирдан уришдан тўхтаб, назарида худди жони чиқиб кетаёзгандек туюлди. Сўнгра унинг юраги аста-секин яна қадамлари изидан кетма-кет, тез-тез ура бошлади. Кимдир Ионага томон юриб келарди, ҳа, айнан шундай, бунга қариянинг ҳеч қандай шубҳаси қолмади. Мана, оғир қадамлар паркетни ғижирлатиб, у турган хонага яқинлашди.
“Булар ўғрилар! – чолнинг хаёлидан ўтди. – Мана, ўзим сезган эдим-а… фалокат”. Ионанинг бутун вужудини титроқ босиб, нафас олиши қийинлашди, қўрқув ичра нима қилишини билмай атрофга аланглаб боқарди. Қаёққа қараб қочса экан, ёки доду фарёд солиб, одамларни чақирсинмикин? Фалокат…
Шунда ногоҳ катта зал эшигининг олдида турган, кулранг пальтодаги бир одамга кўзи тушиб қолди. У бугунги саёҳатчилар ичидаги тилла кўзойнакли чет элликка ўхшаб кетарди. У ҳам бехосдан Ионани кўриб, қўрққанидан чўчиб, орқасига тисарилди ва шу заҳоти зудлик билан ўзини ўнглаб олди-да, хавотир ичра беихтиёр пўписа қилган каби Ионага бармоғи билан ишора қилди
– Жаноб, бу нимаси, бу ерда нима қилаяпсиз?  – Иона даҳшат ичра унга қараб тўнғиллади. Чолнинг оёқ, қўлларини титроқ босиб турарди. – Бу ерда, бунақаси мумкин эмас. Эй, Худойим, сиз ўзи бу ерда қандай қилиб қолиб кетдингиз?.. – Ионанинг нафаси ичига тушиб, қотиб қолди.
Чет эллик бир муддат Ионанинг кўзларига диққат билан тикилиб турди-да, сўнг оҳиста унинг яқинига келиб, рус тилида деди:
– Иона, тинчлан, ўзингни босиб ол! Бир нафас жим бўлсанг-чи. Сен бунда бир ўзингмисан?
– Ўзимман… – эс-ҳушини йиғиб олишга ҳаракат қилиб жавоб қилди Иона. – Ё, Парвардигорим, сиз нега сўраяпсиз?
Хавотир ичра унга боқиб турган чет эллик, Иона келган тарафдан тепага, вестибюль томонга нигоҳ ташлади. Ионанинг ортида ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, ўнг қўлини орқа чўнтагидан чиқариб, энди баланд овозда чучук талаффуз билан сўзлай бошлади:
– Иона, танимадинг-а? Ажабо… агар сен мени танимас экансан, буниси жуда ачинарли.
Унинг жарангдор овози Ионани нақ жонидан жудо қилаёзди, қария оёғида тик туролмай, тиззаси букилиб, бармоқлари музлаб қолди ва қўлидаги калитларнинг шодаси полга тушиб кетди.
– Ё, Парвардигорим! Антон Иоаннович, ҳазрати олийлари! Ё, ажабо, тушимми, ўнгимми? Ахир бу қандай сир бўлди?
Чолнинг кўзига ёш қуйилиб келди ва кўз ўнгида зал хира тортиб, қаршисидаги одамнинг тилла кўзойнаклари жимирлаб ўйнай бошлади. Кўзойнак ортидан эса унга таниш бўлган, ёниб турувчи ғилай кўзлар боқиб турарди. Ионанинг нафаси бўғзига тиқилиб қолди, хўрсиниб, ҳиқиллаб йиғлар экан, унинг қўлқопи, галстугига кўзёш тўкиб, титраётган боши князнинг дағал соқолига тегиб кетди.
– Иона, тинчлан, Худо ҳаққи, ўзингни бос, – дея ғудурлади унга раҳми келиб ва хавотирдан афтини бужмайтириб, – ахир кимдир эшитиб қолиши мумкин…
– Ё, ҳазратим, ё тавба… – дея, Иона титраб, шивирлар экан, – ҳа, айтганча, қандай қилиб… сиз қандай қилиб бу ерга келиб қолдингиз? Ховотир олманг, бу ерда мендан бошқа ҳеч ким йўқ, бир ўзимман, – деди.
– Жуда соз, қани унда калитни қўлингга ол, у ёққа, кабинетга борамиз!
Князь қайрилиб, залворли қадам ташлаб галерия орқали кабинетга кирди. Жонсарак Иона, эсанкираганча полда ётган калитни олиб, унинг ортидан эргашди. Князь қарияга тикила туриб, бошидан кулранг парли шляпасини ечиб, столнинг устига ташлади ва унга:
– Иона, бу ерга кел, креслога ўтир! – деди. Сўнгра юзини бужмайтирганча ёнидаги бошқа креслонинг суянчиғидан “Креслога ўтириш мумкин эмас” деган ёзувли қоғозни суриб, тушириб юборди ва Ионанинг рўпарасида, унга юзма-юз қараб ўтирди. Майин тери қопламали кресло узра келиб жойлашган оғир гавданинг босимидан айлана стол устида турган чироқ мунгли пирпираб қўйди.
Бўлаётган воқеалардан Ионанинг боши гангиб қолган эди. Худди қоп ичидан чиқиб, телба-тескари ҳар томонга тум-тарақай қочиб кетган қуёнлар каби унинг эс-ҳуши ҳам ҳар ёнга тарқаб кетди.
– Эҳ, сени қара-ю, Иона, мунчалар шалвираб, мункиллаб қолибсан, – ҳаяжон ичра сўзлади князь. – Аммо мен сени тирик кўриб турганимдан жуда бахтиёрман. Негадир энди бошқа кўролмасам керак, деб умидимни узган эдим. Чунки сени бу ерда аллақачон ҳалок қилишган деб ўйлагандим…
Князнинг бундай эътибори, меҳрибонлигидан Ионанинг кўнгли бузилиб, кўз ёшларини оҳиста артиб, ҳиқиллаб йиғлай бошлади.
– Қани, етар, бўлди, бас қил…
– Қандай… қандай қилиб келдингиз, ҳазратим? – бурнини шўлпиллатиб сўради Иона. – Эҳ, мен, алжираб қолган қари чол, нега сизни танимадим-а? Кўзларим кўр бўлиб қолмайдими ахир… Аммо сиз, қандай қилиб қайтиб келдингиз, ҳазрати олийлари? Кўзойнагингиз худди ўзи, айниқса соқо­лингиз… Сиз қандай қилиб кирдингизки, мен буни сезмай қолдим?
Тўқай-Бек нимчасининг чўнтагидан бир калитни қўлига олиб, Ионага кўрсатди.
– Хиёбон томондан, кичик айвон орқали кирдим, дўстим! Анави ярамас, аблаҳларнинг ҳаммаси жўнаб кетишганидан сўнг мен яна қайтиб келдим. Кўзойнагимни эса (князь уни ечди), кўзойнагимни бу ерда, чегарада тақиб олдим. У оддий ойнадан қилинган.
– Ё, Парвардигорим, княгиня, княгиня зоти олиялари ҳам келганми?
Князнинг юзи бир лаҳзада ўзгарди.
– Княгиня оламдан ўтди, – дея жавоб берди у лабини қимтиб, – Парижда, ўтган йили ўпкаси шамоллаб вафот этди. Шундай қилиб, ўз қадрдон маконини қайтиб кўриш унга насиб қилмади, аммо бир нафас ҳам уни ёдидан чиқармади, доимо қалбида интиқ бир соғинч билан эслаб юрди. Менга эса, мабодо сени қайта кўриш насиб этса, ўпиб қўйишимни қаттиқ тайинлади. У негадир бизнинг қайта учрашувимизга ишонар эди, доим буни Худодан илтижо қилиб сўрарди. Мана кўрдингми, Худо насиб қилди.
Князь ўрнидан туриб, Ионани бағрига босди ва унинг ҳўл ёноқларидан ўпиб қўйди. Иона кўз ёшларини тиёлмай, китоблар турган жавонга, Александр I портретига ҳамда деразанинг бир четида шафақ ичра сўнаётган кунга қараб чўқинди.
– Эй, Худо, эй Худойим, – титраган овозда ғулдуранди у, – Орежневада унинг ҳаққига дуо қиламан.
Шу пайт қаердадир паркет ғичирлагандек туюлди. Князь хавотирланиб у томонга қаради,
– Ҳеч ким йўқми?
– Йўқ, хавотир олманг, ҳазратим, биздан бошқа ҳеч ким йўқ. Кимдир бўлиши мумкин ҳам эмас. Чунки бу ерга мендан бошқа ҳеч ким кела олмайди.
– Унда гапимга қулоқ сол, Иона. Менинг вақтим жуда оз. Қиладиган ишимиз ҳақида гаплашиб олайлик.
Ионани яна гумонли хаёллар қийнай бошлади. Нималар бўлаяпти ўзи? Ахир, мана у, худди ўзи. Тирик! Келди. Унда… Мужиклар, мужиклар-чи!.. Майдон-чи?
– Аслида, жаноби олийлари, – у ялинчоқ оҳангда князга боқди, – энди қандай қиламиз? Қўрғон-чи? Қайтарадиларми ахир?..
Князь Ионанинг бу сўзларига шундай “қаҳ-қаҳ” отиб, шарақлаб кулиб юбордики, сўнг оғзининг бир чети – ўнг томонидан тишининг оқини кўрсатиб деди:
– Қайтарадиларми? Нималар деяпсан, қадрдоним!
Князь чўнтагидан оғир сариқ портсигарини чиқарди. Ундан сигарет олиб чекар экан, овози титраб гапирди:
– Йўқ, азизим Иона, энди менга ҳеч нарсани қайтармайдилар… Нима бўлгани ёдингдан кўтарилган чоғи… Ҳа, майли, ҳозир бунинг аҳамияти йўқ. Сен бир нарсани тушуниб ол, мен бу ерга яширинча, бир пасгинага келдим. Аммо сенинг хавотирланишингга асло ҳожат йўқ, бу ерда нима бўлаётганини ҳеч ким ҳеч қачон билмайди, билолмайди ҳам. Бунинг учун ўзингни қийнама. Мен (князь сўнаётган шафақ бағридаги ўрмонзорга қараб қўйди) аввало, бу ерда нималар бўлаётганини ўз кўзим билан кўриш учун келдим. Менга турли хабарлар етди, Москвадан саройнинг халқ мулки сифатида қўриқланаётганини ёзишди… Ха-а-алқ мулки… (князь ишшайиб қаради, бу гал унинг оппоқ тишлари оғзининг чап томонидан кўриниб турарди). Халқники бўлса, халқники-да, жин урсин. Майли, бунинг аҳамияти йўқ, сарой бутун турган бўлса бас. Балким, шундай бўлгани ҳам маъқулроқдир… Аммо, тушунмайман, энг зарур қоғозлар менда қолиб кетган-ку. Улар эса менга, токи бўйнимга қилич тиралгунча керак бўлади. Самара, Пензага оид номлар тўғрисидаги ҳужжатлар, ҳамда Павел Ивановичга оид қоғозлар. Қани, айт-чи, менинг иш кабинетимни ҳам тум-тарақай қилишганми ёки жойида турибдими? – Князь хавотир ичра парда томонга қайрилиб қаради.
Ионанинг бирдан боши айланиб кетди. Кўз олдида гўё Александр Эртус пайдо бўлди, ўқимишли, худди князники каби кўзойнак тақиб олган. Жиддий ва эътиборли одам. Илм соҳиби Эртус ҳар якшанбада Москвадан жўнаб кетарди. Малла ранг ботинкасини ғичирлатиб, сарой бўйлаб кезаркан, ҳаммага хўжайинлик қилиб, бошқарар, бор нарсани асраб-авайлашга, эҳтиёт қилишга буюрар эди. Иш кабинетида китоб, қўлёзма ва хатларга бўйнигача шўнғиб, соатлаб ўтирар эди. Иона унга қуюқ чой дамлаб, ўша жойга олиб кириб берарди. Эртус дудланган чўчқа гўштли бутерброд еб, перосини қитирлатиб ёзиб ўтирарди. Баъзан Ионадан ҳам унинг бурунги ҳаёти ҳақида сўраб, айтганларини жилмайганча қоғозга туширар эди.
– Кабинетингиз бус-бутун турибди, – ғўлдиради Иона, – фақат, ҳазратим, жаноби олийлари, алам қиладиган томони, у тамғалаб қўйилган, тамғаланган.
– Ким томонидан тамғаланган?
– Қўмитадан, Эртус Александр Абрамович…
– Эртус? – тили чучукланиб, қайта сўради Тўқай-Бек. – Нега айнан Эртус томонидан, бу иш унга қолибдими?
– У қўмитадан, ҳазратим, – айбдорона жавоб берди Иона, – Москвадан. Унга бу жойни назорат қилиш буюрилган. Шу ерда, пастда кутубхона ташкил этилади ва унда эркаклар ўқитилади. Шундай қилиб, у бу ерда кутубхона ташкил қилаяпти.
– Ҳа, ҳали шунақами! Кутубхонами, – князь тишини ғижирлатиб илжайди, – нима бўпти, жуда соз! Уларга менинг китобларим етарли, деб умид қиламан. Афсус, афсус, билмабман-да, билсам эди, Париждан ҳам китоб жўнатар эдим. Аммо бу ердаги китоблар ҳам етиб қолса керак?
– Етади, жаноби олийлари, – деди довдираб, бўғиқ овозда Иона, – ахир ҳар ҳолда китоблар ўзимизда-ку. – Князнинг юзига боқар экан, Ионанинг елкаси музлаб кетди.
Тўқай-Бек креслога келиб ўтирди, ияги остини тирноғининг учи билан қашиб, сўнгра иягини муштига тираб олди ва ажиб бир алпозда, шу ғилай кўринишида ўз портретига ўхшаб қолди. Унинг кўзлари маъюс тортди.
– Етади, дегин? Жуда ажойиб. Билишимча, сен айтаётган ўша Эртусинг, анча билимдон, истеъдодли одамга ўхшайди. Ҳа-а, кутубхона қилади, менинг кабинетимда ўтиради. Аммо… сен биласанми, Иона, мабодо ана шу Эртус кутубхона қилса нима бўлади?
Иона кўзларини катта очиб, сукут ичра унга боқиб турарди.
– Ўша Эртусингни мен ҳув анави дарахтга осиб қўяман, – дея, князь оппоқ қўллари билан дераза ойнасидан ташқарига қараб ишора қилди, – анави дарвозанинг ёнидаги дарахтга. (Иона унинг қўллари чўзилган томонга ҳасрат билан назар ташлади.) Йўқ, йўқ, ҳув анави ўнгдаги панжарага осаман. Ҳа, худди ўшанга! Унинг башарасини бир кун йўлга қараб осиб қўяман, токи йўлдан ўтаётганлар кутубхона ташкил қилувчининг аҳволини кўриб, бир завқланишсин. Эртаси куни эса унинг ўзи ҳам кутубхонасини кўриб, маза қилиб қувониши учун юзини бу томонга қаратиб осаман. Иона, қасам ичиб айтаманки, албатта шундай қиламан, нима бўлганда ҳам, ҳар қандай вазиятда ҳам худди шундай қиламан. Ишончинг комил бўлсин, ўша кун албатта келади ва унга жуда яқин қолди. Хотиржам бўл, Эртусни қўлга туширишим учун алоқаларим етарли…
Иона титроқ ичра беҳол, аранг нафасини ростлаб олди.
– Унинг ёнига-чи, – ғаройиб овозда яна сўзида давом этди Тўқай, – биласанми, кимни жойлаймиз? Ҳалиги яланғочни. Антонов Семён, Семён Антонов, – дея, унинг фамилиясини ёдига тушириш учун кўзларини осмонга тикди. – Тўғрисини айтсам, мен шу ўртоқ Антоновни денгиз тубидан бўлса ҳам топаман, фақат у ўша дамгача ўлиб-нетиб қолмаса ёки уни Қизил майдонда бошқалар осиб қўйишмаса бўлгани. Мабодо осиб улгуришган бўлса ҳам, унинг мурдасини олиб келиб, шу ерга ҳеч бўлмаганда бир-икки кун албатта осиб қўяман. Антонов Семён бир марта Хон саройида меҳмоннавозлик ҳам қилиб улгурди, сарой ҳовлисида кўзойнак тақиб, яланғоч ҳолда сайр қилди ҳам, – дея Тўқай ютинди, унинг татарларга хос мушаклари бўртиб чиқди, – нима бўпти, мен уни яна бир марта, яланғоч ҳолда бу ерга олиб келаман. Аммо у амаллаб қўлларимга тирик ҳолда тушиб қолса бўлгани эди, ў, Иона!.. мен Антонов Семённи аяб ўтирмайман. Унинг мурдаси бунда нафақат иштонсиз, яланғоч, балки териси шилинган ҳолда осилиб туради! Иона! Сен унинг княгиня олий зотлари ҳақида нима деганини эшитганмисан ўзи?
Иона аччиқ хўрсинди, кейин нафас ростлаб, юзини тескари бурди.
– Сен садоқатли хизматкорсан, мен ҳаёт эканман, сенинг ўша яланғоч билан қандай гаплашганингни ҳеч ҳам ёдимдан чиқармайман. Наҳотки, ўша лаҳзада сенинг миянгга нима учун уни шу пайтдаёқ ўлдирмаганим ҳақида фикр келмаган бўлса? Аммо, Иона, сен мени кўп йиллардан бери яхши биласан-ку ахир? – дея Тўқай-Бек пальтосининг чўнтагига қўл солди ва ундаги ялтироқ тишли дастанинг учини чиқарди. Шу дам унинг оғзининг чеккасидан оқиш кўпик чиқиб тургани аниқ кўзга ташланиб турарди, овози эса оҳиста, лекин хириллаб чиқа бошлади. – Мана, кўриб турганингдек, ўлдирмадим! Ўлдирмадим, Иона, ўзимни тиёлдим. Нима учун шундай қилганимни эса, ёлғиз ўзим биламан. Чунки ўша пайтда уни ўлдиришим асло мумкин эмас эди, Иона. Бу ўта ночорлик ва тузатиб бўлмас хато бўларди, чунки ўша заҳотиёқ мени тутиб олишарди. Аммо ўшандан бери ноилож, ҳеч нарса қилолмадим, шунинг учун ҳам бу ерга келдим. Лекин, хотиржам бўл, Иона, биз ундан ҳам зўрини амалга оширамиз… Ундам ҳам яхшироғини, – князь ўз-ўзича ғўлдираб, сўнг жим бўлиб қолди.
Ионанинг кўнглига ғулғула тушиб, беҳузур бўлиб ўтирарди. Князнинг бу гапларидан сўнг эса унинг аъзойи бадани музлаб қолди. Шу дамда унинг боши қотиб, миясида узуқ-юлуқ алланималардан ташқари ҳеч қандай ўй-хаёл қолмади. Кунботар пайти хонага қоронғи туша бошлади. Тўқай қўлини чўнтагига солиб, юзини буриштириб, ўрнидан турди ва соатига қаради.
– Иона, қулоқ сол, вақт бўлди. Шошилишимиз керак. Кечаси мен қайтиб кетаман. Энди ишимизни бажарайлик. Биринчидан, мана бундай қиламиз,  – деди князь ва унинг қўлида ҳамён пайдо бўлди, – манавиларни олиб қўй, садоқатли қадрдоним Иона, бу сенга! Бундан ортиқ беролмайман, ҳозир ўзимнинг ҳам аҳволим тангроқ.
– Ҳеч ҳам керак эмас, олмайман, – унинг қўлини силтаб, ўксик оҳангда ғўлдиради Иона.
– Ол! – деди Тўқай қатъий оҳангда ва унинг ўзи қўлидаги оқ қоғозларни Ионанинг матросча курткасининг чўнтагига тиқиб қўйди. Чол йиғламсираб хўрсинди.
– Фақат эҳтиёт бўл, бу ерда алмаштирма, қайдан олибди, деб хиралик қилиб қолишмасин. Хўш, ана энди рухсатинг билан асосий масалага ўтамиз. Менга поезд келгунича, Иона Васильевич, саройда бўлишимга ижозат берасан. Кечаси соат иккида Москвага жўнаб кетаман. Унгача кабинетимда баъзи бир қоғозларимни тартибга келтириб олишим керак.
– Ҳазратим, кабинетингиз муҳрлаб қўйилган, – деди ҳасрат билан Иона.
Тўқай эшикнинг олдига келди ва пардани суриб, бир силтаб сургучланган муҳрни ипи билан юлиб олди. Иона унинг бу ҳаракатидан ҳайратда қотиб қолди.
– Бемаънилик, – деди Тўқай, – асосийси, сен қўрқма! Асло қўрқма, дўстим! Мен шундай бир иш қилайки, сени ишонтириб айтаман, сенинг безовта бўлишингга, ҳатто бирор нарсага жавоб беришингга сира ҳожат қолмайди. Сўзларимга ишонасанми?.. Ундай бўлса, келишдик.

* * *

Ярим тун маҳали. Қоровулхонада ўтирган Ионани уйқу элтди. Ҳужрада дармони қуриб, толиққан Татьяна Михайловна Мумка билан ухлаб ётишарди. Сарой тинч, жимжитлик ичра, оппоқ ой нурида мудроқда эди…
Қора пардалар билан ўралган иш кабинетида, очиқ ёзув столи устида ёниб турган керосин чироқ полда, курси ва қизил мовут устида тўпланиб турган қоғозларни ним яшил тусда ёритиб турарди. Ёндаги икки қават пардалар осилган катта, кенг хонада улкан шамдонларда шамлар ёниб турар, уларнинг нафис заррин учқунлари узра жавоннинг қатлари товланиб, девордаги ялтирбош Александр I гўё жонланиб, майин жилмайиб боқиб турарди.
Иш кабинетида, ёзув столи ёнида эгнида оддий, фуқароча кўйлак, бошига офицерлар бош кийимини кийиб олган бир одам ўтирибди. Гўё унинг дубулғасининг хира тортган металл юлдузи узра бир бургут ғолибона чарх урарди. У кишининг олдида, қоғоз уюми устида қалин бир дафтар ётибди. Унинг илк саҳифаси бошида майда дастхат билан қуйидаги сўзлар ёзилган:

АЛЕКС. ЭРТУС
ХОН ҚАРОРГОҲИ ТАРИХИ

саҳифанинг тагида:

1922–1923.

Тўқай муштларини ёноқларига тираб, хира тортган нигоҳларини дафтардан узмай, қора рангли сатрларга тикди. Атрофда эса жим житлик ҳукм сурарди. Шунда Тўқай дақиқалар соатларни тўхтовсиз емириб, яқинлашиб келаётганига қулоқ тутди. Князь шу алпозда йигирма дақиқа, ярим соат қимирламай ўтирди.
Бир пайт, кутилмаганда парда ортидан чўзиб увлаган ғамғин фарёд эшитилди. Князь бирдан ҳушёр тортди, курсини ғижирлатиб ўрнидан турди.
– Ў-ў, лаънати ит, – дея тўнғиллади ва ҳашамдор безатилган хонага кириб борди. Шкафнинг хира тортган кўзгусидан гвардиячи оғир кавалер полкининг ялтироқ бош бир офицери князга пешвоз чиқиб кела бошлади. Ойнага яқин келгач, Тўқай унга бирпас тикилиб турди ва ранги оқариб кетди, сўнг аччиқ заҳарханда қилиб:
– Тфу, ҳушингдан айрилиб қолишинг ҳеч гап эмас, – дея ўзига ўзи пичирлаб қўйди.
У бошидан дубулғасини ечиб қўлига олди, чаккасини артиб, кўзгуга боқар экан, бир нафас ўйланиб қолди ва бирданига қўлидаги дубулғани ерга шундай ғазаб билан урдики, зарбдан хона ларзага келди. Шкафнинг ойнаси ҳам мунгли ғижирлаб қўйди. Тўқай шундан сўнг эгилиб, дубулғани оёғи билан бурчакка қараб тепиб юборди ва дам кўзгуга, дам ортга қараб юра бошлади. У ёлғизликда ўта муҳим, хатарли хаёллар исканжасида буткул қариб-қартайиб, шилвираб қолган, ўз-ўзича ғўлдираб, лабини тишлаганча:
– Бундай бўлиши мумкин эмас. Йўқ… йўқ… йўқ… –  дея сўзланарди.
Паркет ғичирлаб кетди, шамларнинг олови қиялаб, пирпирай бошлади. Шкаф юзида оқариб қалқиб турган одамлар акси гоҳ пайдо бўлар, гоҳ кўздан йўқоларди. Тўқай теварак бўйлаб кескин бир айланиб, бурилиб олиб, деворнинг олдига келди ва унга разм сола бошлади. Чўзинчоқ фотосуратда тиғиз амфитеатрда баъзилари тик, баъзилари ўтирган ҳолда бошларида бургути бор одамлар абадий музлаб, қотиб қолганди. Суратдагиларнинг оқ қўлқопларининг кенгайган оғзи, узун қиличларнинг оғир сопи кўзга ташланиб турарди. Ҳайбатли гуруҳнинг қоқ марказида кўримсиз, совуқ, соқол-мўйловли, полк врачига ўхшаш бир киши ўтирарди. Аммо бундаги барча, ўтирган ва тик турган кавалерия полки аскарларининг ҳаммаси темир дубулға остида қотиб қолган кичик жуссали бир одамга қараб туришарди.
Кичкина одам зўриққан ва толиққан оқ гвардиячи полк аскарларига худди улар тўғрисида бронзага ёзилган битикдаги каби босим ўтказгани сезилиб турарди. Ундаги ҳар бир сўз бош ҳарфлар билан ёзилган эди. Тўқай жиккаккина ўша одамдан икки қатор нарида ўтирган ўзининг суратини томоша қилди.
– Бўлиши мумкин эмас, – деди баланд овозда Тўқай, гўё кўплаб ҳамсуҳбатларини гувоҳликка чорлаган каби маҳобатли хонага кўз югуртираркан, – Бу туш. – Яна ўзи ҳақида шивирлаб, пойма-пой гапида давом этди: – Бири, иккисидан бири, ёки буниси ўлган… униси-чи… у… бу… тирик… ёки мен… тушунмадим…
Тўқай сочини силади, ортига қайтиб, шкаф томонга кетаётганида ўз аксига кўзи тушаркан, беихтиёр “Мен кексайиб қолдим”, дея хаёлидан ўтказди. Ва яна қуйидаги сўзлар ғўлдираб тилига кўчди:
– Мени тириклайин, тириклигимча қонимни топтаб, бадном қилишди, мурда каби бутун борлиқ ичра босиб, янчиб ташлашди. Балким мен ҳақиқатдан ҳам ўлгандирман? Бу менинг соямдир балки? Аммо мен тирикман-ку, яшаяпман-ку, – дея Тўқай Александр I га савол назари билан қаради, – мен ҳамма нарсани ҳис қилаяпман, сезаман. Оғриқни ҳам аниқ сезаман, аммо ҳаммасидан кўра қаҳру ғазабни кўпроқ ҳис қиламан.  – Шу пайт Тўқайнинг назарида қоронғи зал ичра худди яланғоч ўтиб кетгандек туюлди, нафратининг совуқ титроғи унинг аъзойи баданидан ўтиб кетди. – Мен уни отиб ташламаганимга афсус қиламан. Минг афсус, – дея, кўнглидан ўтказиб, нафрати қайнаб, тили қуруқшаб қолди.
У яна ортига қайтиб, сўзсиз, сукунат ичра дераза олдига борди ва яна орқага қайтди. Ҳар дам суратни қўлига олиб, девор томонга буриб, гуруҳни кўздан кечирарди. Чорак соат вақт худди шу тарзда ўтди. Шундан сўнг Тўқай бирдан турган жойида тўхтади, сочини силар экан, қўлини чўнтагига солиб, соатининг вақт ўтаётганини товуш билан билдирувчи тугмачасини босди. Соати чўнтагида ўн икки марта сирли ва оҳиста бонг урди, бир нафас туриб бошқа оҳангда чорак дақиқа ва яна бир фурсат тўхтамдан сўнг уч дақиқа.
– Эй, Парвардигорим, – дея, шошилганча шивирлади Тўқай. У атрофга олазарак боқар экан, аввал стол устидан кўзойнагини олиб кўзига тақиб олди. Аммо кўзойнак энди князни ўзгартирмади. Унинг кўзлари полотнодан боқиб турган Хонникига ўхшаб қийшайди ва унда чорасизликдан етилган, мушкул ўй-хаёлларининг оқарган учқуни пайдо бўлди. Тўқай пальтоси билан шляпасини кийиб олди ва иш кабинетига қайтиб кирди. Кресло устида қолган бир даста муҳрланган пергаментли ва қоғоз ҳужжатларни эҳтиёт қилиб қўлига олди, уларни бир амаллаб буклаб, пальтосининг чўнтагига тиқди. Сўнгра ёзув столи атрофида ўтириб, сўнгги марта қоғоз уюмларига кўз ташлади, лунжини қийшайтириб, қатъиятли ғилай кўзлари билан ишга киришди. Пальтосининг кенг енгини шимариб, ишни аввал Эртуснинг қўлёзмасидан бошлади. Дафтарнинг биринчи саҳифасини яна қайта бошдан ўқир экан, нафрат билан тишининг оқини кўрсатиб, уни қўллари билан йирта бошлади. Ғазабидан қирсиллатиб тирноғини ҳам синдирди.
– Ў, сен… қора ўлат! – дея, князь бўғиқ овозда хириллади ва бармоқларини ишқалаб, эҳтиёткорлик билан ишида давом этди. Яна бир қанча варақларни йиртиб, охири дафтарнинг ҳаммасини майдалаб ташлади. Ёзув столи, креслонинг усти қоғоз уюмига тўлиб кетди ва бошқа қоғозларни ҳам боғлами билан жавон ичидан чиқариб ташлади… Сўнг девор юзидан қиролича канизакларининг чоғроқ портретини юлиб олди ва унинг ромини оёғи билан тепиб, майда бўлакларга бўлиб синдирди. Уларни ҳам ёзув столидаги қоғоз уюмининг устига ташлади ва бурчакка, портрет тагига қараб сурди. Чироқни олиб, меҳмонхонага чиқиб кетди, у ердан қўлига катта бир шамдонни тутиб кириб келди ва уч жойда турган қоғоз уюмига секингина ўт қўйди. Бирпасдан сўнг қоғозлар боғлами орасидан ҳалқа-ҳалқа бўлиб тутун ўрлай бошлади. Кутилмаганда бирдан лопиллаган ёруғлик ичра кабинет гўё қувнаб, жонланиб кетди. Орадан беш дақиқалар ўтгач эса, тутун ичра бўғилиб қолди.
Эшик ва пардани ёпиб қўйган Тўқай, навбатдаги хонада ишини бажармоқда эди. Александр I нинг портретини ёндириш учун чирсиллаб олов сизиб кирди ва калбош тутунга қараб маккорона жилмайиб қўйди. Стол устига тикка қилиб пала-партиш уюлган жилдлар мовут узра буруқсиб ёнарди. Князь узоқроқда креслода ўтириб, бироз кузатди. Энди унинг кўзларига қутурган қувноқ ўй-хаёллар ва тутун таъсирида ёш қуйилиб кела бошлади. У яна ўз-ўзича пичирлади:
– Ҳеч нарса ортга қайтмайди. Ҳаммаси тугади. Алдов – бир пуллик нарса. Мана шундай қилиб биз ҳаммасини ўзимиз билан олиб кетамиз. Кўрдингми, қадрдон дўстим Эртус.
…Князь оҳиста хонадан хонага ўтар экан, кулранг тутун унинг ортидан эргашди. Рақс зали оловли ўйин ичра ёнмоқда эди. Ичкарида, парда ортида оловнинг сояси гоҳ югургилаб, гоҳ ларзон уриб турарди.
Пушти ранг чодирда князь чироқнинг ёнгичини бўшатиб, керосинни тўшак устига қуйди, бирпасда унинг доғи ёйилиб, керосин полдаги гиламга тома бошлади. Тўқай ёнаётган чироқни олиб доғ устига ирғитди. Дастлаб ҳеч нима юз бермади, олов гўё бир жойга йиғилиб, сўнди, аммо бироздан сўнг тўсатдан ловуллаб, тепага қараб ўрлади. Тўқай аранг қочиб қолди. Ловуллаб ёнаётган олов бир дақиқадан сўнг шоҳи пардани буткул забт этиб, бирданига чодирни ёритиб юборди.
– Мана энди ҳаммаси жойига тушди, – деди Тўқай ва ўзи шошила кетди.
У ҳануз пальма шохлари сўлмаган, кенг, муҳташам дам олиш жойидан ўтиб, бильярдхона орқали қоронғи йўлакка кирди, сўнг айлана зина бўйлаб дупурлаб қадам ташлаб, зулматга чўмган пастки қаватга тушди. Дам ўтиб ойнинг кўланкаси ёритиб турган шарқ томондаги айвон эшиги олдида пайдо бўлди ва уни очиб хиёбонга чиқиб олди. Шу пайт қоровулхонадан Ионанинг ҳайқирган фарёдини ҳамда Цезарнинг увлашини эшитмаслик учун елкасини қисиб, бошини ичкарига тортиб олди ва ҳеч қачон ёдидан чиқмайдиган махфий йўл орқали тун зулмати ичра ғойиб бўлди…

Рус тилидан Дилором Абдураҳмон таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 10-сон