Силва Капутикян (1919-2006)

Капутикян Сильва (Сирвард) Барунаковна (1919.20.1, Ереван – 2006.26.08, Ереван) — арман шоираси.
Биринчи шеърий тўплами — «Шу кунларда» (1945). «Занга соҳилларида» (1947), «Менинг қариндошларим» (1951), «Оқ йўл» (1954), «Самимий суҳбат» (1955), «Шеърлар» (1959), «Ярим йўлдаги ўйлар» (1960), «Кутиш вақти» (1983), «Ташвишли йўллар» (1985) ва бошқа шеърий ҳамда насрий асарлар муаллифи. Капутикян шеърларида оддий кишиларнинг қалб кечинмалари, севги изтироблари, садоқат туйғулари самимият билан куйланган («Севги қўшиқлари», «Мен ва у», «Садоқат» ва б.). «Карвонлар ҳамон йўлда» (1964), «Хариталар ёки одамлар меридиани» (1976) романларида хориждаги арманлар ҳаёти тасвирланган. Капутикяннинг шеърлари Зулфия томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. У ўзбек шоирлари билан яқин ижодий алоқада бўлган.

 

КЎРНИНГ ТУШИ

Кўр туш кўрар — кўнглида лаззат,
Лабларида кулгу нишони.
Эл уйқуда, у эса фақат
Тунда кўрар ёруғ дунёни.

Боқар, қандай мовий бу само,
Қандай ёруғ, қандай кенг жаҳон.
Қаён боқса, ўзгача жило,
Қаён боқса, гўзаллик пинҳон.

Ҳар хуш бўйнинг бор ўзга туси,
Ҳар ён майса, ҳар ён гул-чечак.
Мана унинг болалик дўсти,
Кеча эди сочи жамалак…

Қиз туради дарё лабида,
Пастда тўлиб оқар юлдузлар.
Йиллар оша келмиш у бунда,
Йўллар юриб кеча-кундузлар…

Кўр туш кўрар, боқар ҳаётга
Ол этгунча шафақ самони!
Тўхта, қуёш, уни уйғотма,
Кўзларидан олма зиёни.

ЎҒЛИМГА

Сен аълочи эмассан, ўғлим,
Мақтовлар кўп ёғилмас сенга.
Оналар ҳам орзуманд бўлиб,
Ҳавас билан боқишмас менга.

Бувинг куяр, билмайсан қўним,
Тўп қувганинг қувган, деб, фақат.
Тақиллатар эшикни қўшним
Қилмоқ учун сендан шикоят.

Лекин, гоҳ дард чексам ёнимда
Ўтирасан ўйинни қўйиб,
Эркаланиб хушнуд онимда,
Ғамгин бўлсам, боқасан куйиб.

Сенга совға этилган қандни
Кўраркансан дўстинг-ла баҳам,
Жанжалларда ожиз — дардмандни
Оларкансан қанотга ҳар дам, —

Ҳавас билан қарадим сенга,
Таҳсин ўқиб, қошингда турдим.
Уриб турган ёниқ кўксингда
Булоқдай соф қалбингни кўрдим.

Балки олим бўлмассан, болам,
Сендан чиқмас шоир ҳам, бироқ —
Юлдуз бўлиб порламасанг ҳам,
Майли, бўлгин йўлларда чироқ!

Болагинам, одам бўл, одам!..

***

Севги сирин билмоқ бўлдим,
уриндим, аммо била олмадим.
Севган кўнгил шоҳ бўлурми
ва ёки гадо — била олмадим.
Сени севдим, аммо кўнглинг маъюс,
беором, ўйларинг пинҳон.
Сени шайдо айладимми, ё
ўзим шайдо, била олмадим.

***

Сен менинг севгим эдинг,
Севгим ҳамон сенсан ўзинг.
Қалбга ошно бўлса ким —бу,
Бегумон, сенсан ўзинг.

Майли, бизни бир-бировдан
Айламиш тақдир жудо,
Ўзгани севсанг-да лекин,
Дилситон сенсан ўзинг.

Майли, сен бирла эмасман,
Чорламасман ҳеч сени,
Борлиғим банд айлаган
Жисмимда жон сенсан ўзинг.

Мен ҳам ўзга бирладурман, —
Йўқ, бу осон бўлмади,
Барибир қалбимда ошкору
Ниҳон сенсан ўзинг.

Ерга ёмғир жон берур, сен
Мен учун оби ҳаёт,
Яшнаган боғим-баҳорим
Ҳар замон сенсан ўзинг.

ВАТАН СEВГИСИ

Она меҳри мисли бир кўклам,
Бўстон этар кўнгиллар боғин.
Аммо, ахир, типратикон ҳам
Ўз боласин дейди юмшоғим.

Ишқ бир оташ севган дилларга,
Ҳижрон енгар қалб бардошини.
Аммо жуфтин йўқотса агар,
Кабутар ҳам эгар бошини.

Бир севги бор, лекин дунёда.
Табиатда топилмайди ул.
Барча ишқдан эрур зиёда
Она юртга қўйилган кўнгил.

Инсон юрган ошиб довонлар
Шу муҳаббат чўққиси сари…
Бу ишқ учун неча замонлар
Олам кезган ер ўғлонлари.

Эркин Воҳидов таржимаси

АРАРАТ ВОДИЙСИ

— Арманистон! — деганда тоғлар келади кўзга,
Мангу қорга бурканган чўққилару қоялар,
Чаман-чаман гуллаган боғлар келади кўзга,
Тошу тупроқни суриб оққан тошқин дарёлар…

Сен-чи, тавозе билан ўйчан, сокин оқасан,
Шивирлайсан нимадир бу жимликда оҳиста.
— Арманистон! — деганда, сен ҳаммага ёқасан,
Болаликдан жонпарвар, хотиримда омухта.

Наъра, тортдинг шиддатли, ўт-оловли йиллари,
Кўкрагингни рост тутиб чиқдинг зулм остидан.
Арарат водийсида қилинган меҳнат бари
Эзгуликка айланар дарҳол инсон дастидан.

Қулф уради боғларинг, куйлаб ётар далалар,
Новдалар шивирлайди; бошоқлар-чи сўлим, соз.
Тошларинг тилга кирар, нафасингда яллалар,
Баракали ерларинг меҳнатингга ишқибоз.

Шу муҳтарам тупроқда менинг бутун борлиғим,
Бамисли токларингдек илдиз отиб кетганман.
Норк* қалбидан аёндир сенда менинг борлигим,
Қадим Арарат каби висолингга етганман.

Навқирон пойтахтимнинг ёшлиги ҳам сендадир,
Ўзинг қадим тарихсан, гувоҳдир бунга замон.
Заводлар тутунига туташиб кетди, ахир,
Қамиш*дан ёниб чиққан афсонавий қаҳрамон.

Сен кўзасан — қадим Кармир-Билурда* топилган,
Фавворасан — жонларга аро жазирамада.
Тошсан — Зварноцда усти йўсин билан ёпилган,
Ҳашаматли равоқсан гўёки замзамада.

Қайда бўлмай, жигарим, қайда юрмай шод, хуррам,
Яқин ўлкалардами, узоқ қитъалардами?
Ҳис қиламан ўзингни, марҳаматингни ҳардам,
Олижаноб, муаззам тупроғингнинг қатламин.

Шу сабабдан ер узра бугунгача юрибман,
Соҳибаман, собитман қадамимга, шукрона!
Боболарим сўзисан, сенда Ватан қурибман,
Уйим, шеърим, ўғлимсан, созим сенга парвона!
______________
* Норк — Ереваннинг теварагидаги жойлардан бири.
* Қамиш — Қамиш танасидан ёниб чиқдан арман афсонавий қаҳрамони Ваагн кўзда тутилмоқда.
* Кармир-Билур — Ереван теварагидаги қадимий ёдгорликларни қазиш вақтида кўза топилган тарихий жой.

Русчадан Туроб Тўла таржимаси.

* * *

Ҳа, мен сизга ўшанда “кетинг”, дедим аммо сиз,
“Сенсиз қайга бораман”, десангиз бўлмасмиди?
“Мени кутманг, хайр”, десам, кетавермай, қайрилиб,
Ёнгинамда бир умр қолсангиз бўлмасмиди?
У шунчаки тилимда айтилган сўзлар эди,
Эсласам, дилда армон, ёш қуйилар кўзимга.
Сиз кетдингиз, дилрозим, нигоҳларимда қолди,
Кўзларимга боқмасдан, ишондингиз сўзимга?

Рус тилидан Дилором Абдураҳмон таржимаcи