Михаил Булгаков. Чичиковнинг саргузаштлари (ҳикоя)

10 банддан иборат достон

(Муқаддима ва хотимаси билан)

— Ушла, маҳкам ушла, аҳмоқ! — деб чинқирарди Чичиков аравакаш Селифанга.
— Шопим билан чопиб ташлайман сен бадбахтни! — дея бақирарди отларни елдек учириб келаётган мўйловдор чопар. — Нима, кўрмисан, арвоҳ ургур, ахир бу подшоликка тегишли фойтун-ку!

МУҚАДДИМА

Жуда аломат туш кўрдим… Гўё руҳлар салтанати, яъни нариги дунёмиш. Мен тепасида жинчироқ милтиллаб ёниб турган дарвоза олдида турганмишман: дарвозага «Ўлик жонлар» деган лавҳа осилганмиш. Шу пайт бир ҳазилкаш шайтон келиб, ўша жаҳаннам эшигини ланг очиб юборганмиш-у, ўликлар салтанатидаги арвоҳлар бирваракайига ғимирлаб қолишганмиш. Кейин улар дўзах қопқасидан турнақатор тизилишиб чиқаверишганмиш-чиқаверишганмиш…
Ичкаридан биринчи бўлиб, эгнига пўстин кийган Манилов бир жуфт давангир айиқ қўшилган ченада, унинг кетидан Ноздрёв бировнинг аравасида чиқиб келишди. Кейин Держиморда кўринди — у ўт ўчирувчилар чаладиган мис карнайга миниб олган эди. Орқасидан Селифану Петрушкаю Фетиньялар пилдираб чиқишди.
Энг охирида бизнинг қаҳрамонимиз, яъни Павел Иванович Чичиков кўринди: у ҳалиям ўзининг ўша машҳур извошида ўтирарди.
Руҳлар салтанатидан чиққан бу оломон тўғри Совет Русияси томон йўл олди. Бу пайт Русияда шундай ғаройиб воқеалар содир бўлаётган эдики, улар ҳақида қуйидаги бандларда баён қилинур.

I

Чичиков Москвага етиб келгани ҳамоно извошни автомобилга алмаштирди-да, шаҳарнинг гадой топмас ғариб кўчаларидан ўқдек учиб бораркан, Гоголни болохонадор қилиб роса бўралаб сўка бошлади:
— Илоё, ўша жин чалгурнинг икки кўзи остидан ҳар бири пичан ғарамидай ғурра ўсиб чиқсин! Касофат, обрўйимга доғ тушириб, мени бадном қилганидан бери ҳеч ерда қорамни кўрсатолмай қолдим. Шундан бери тинчим йўқолган. Мабодо одамлар менинг Чичиков эканлигимни билиб қолишса, турган гапки, ўша заҳоти паттамни қўлимга тутқазиб, думимни тугишади! Думимни тугишса-ку баҳарнав-а, худо кўрсатмасин, олиб бориб Лубянкага тиқишлари ҳам ҳеч гапмас. Мени шу кўйга солган ўша Гоголь, илоё ўзи ҳам, қариндош-уруғлари ҳам у дунёю бу дунё рўшнолик кўришмасин…
Чичиков шундай ўй-хаёллар билан бундан юз йил муқаддам ўзи тарк этган меҳмонхона дарвозасига машинада кириб борди.
Бу ерда деярли ҳеч нима ўзгармаган эди: девор тирқишларидан ҳали ҳам сувараклар мўралаб туришарди, ҳаттоки уларнинг уруғи эндиликда янаям қўпайгандек туюлар, лекин баъзи бир ўзгаришлар ҳам юз берган эди. Масалан, «меҳмонхона» деган лавҳа ўрнига «палон рақамли ётоқхона» деб ёзилган алвон осилганди, бундан ташқари, ҳамма ёқ шунақанги исқирт, шунақанги расво эдики, булар Гоголнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган бўлса керак.
— Менга хона керак!
— Ордер кўрсатинг!
Шунда фаросатда беназир Павел Ивановичимиз бир лаҳза ҳам тараддудланмай:
— Бошлиғингизни чақиринг! — деди.
Ана холос! Бошлиқ Павел Ивановичнинг эски таниши Пимен амаки бўлиб чиқди. Бир вақтлар унинг «Акулька» деган қовоқхонаси бўларди; мана энди у Тверь хиёбонида немисча таомлари, ичимликлари, яна фоҳишалари ҳам бўлган русча усулдаги қаҳвахона очипти.
Меҳмон билан бошлиқ ўпишиб кўришишди, икковлари бир нималар деб пичирлашишди-ю бир зумда ордер-пордерсиз иш пишди-қўйди. Павел Иванович тановул қилиб олгач, ғизиллаганча иш қидириб кетди.

II

У қайси идорага бормасин, бошини ён томонга хиёл эгиб таъзим қилиши ва бетимсол ақл-заковати билан ҳаммани ўзига ром қилиб оларди.
— Анкета тўлдиринг.
Павел Ивановичга узунлиги бир газ келадиган анкета тутқазишди. Қараса, бир-биридан илмоқли юздан ортиқ савол берилган: қаердан келгансиз… бўлганмисиз, борми… биласизми… қаерларга боргансиз, ҳоказо ва ҳоказо.
Лекин Павел Иванович ҳаш-паш дегунча тириллатиб анкетани тўлдириб ташлади. Фақат тўлдириб бўлиб, уни узаётганида, қўли хиёл қалтиради.
— Мана, — деб кўнглидан ўтказди у, — ҳозир ўқиб чиқишади-ю қанақа махлуқ эканлигимни сезиб қолишади, кейин…
Во ажаб, кейин ҳеч нима бўлмади.
Биринчидан, зорманда анкетани ҳеч ким ўқимади, иккинчидан, у сабил тўғри рўйхатчи ойимқизнинг қўлига бориб тегди; ойимқиз эса ўз билганича иш тутди: анкетани муассасага келувчи ҳужжатлар рўйхатига эмас, жўнатилувчи ҳужжатлар рўйхатига тиркаб қўйди-ю, шу оннинг ўзида уни аллақаёққа тиқиб ташлади. Хуллас, анкета ном-нишонсиз ғойиб бўлди.
Чичиков буни кўриб, мийиғида кулиб қўйди ва бел боғлаб хизматга тушиб кетди.

III

Буёғига энди Чичиковнинг иши жадал юришиб кетди. Биринчи навбатда у атрофига разм солиб чиқди. Қараса, ҳамма ёқда ўзига яқин одамлар ўтиришипти. Шунда Чичиков, даставвал паёк берадиган идорага равона бўлди. У ерга кириб бориши билан қулоғига таниш овоз эшитилди:
— Биламан сизларни, ҳаммангиз қурумсоқсизлар: мушукни тутиб тириклайин терисини шиласизлар-да, гўшт ўрнига паёк қилиб берасизлар.
— Менга сўк бўтқага босиб қўйнинг биқинини беринглар. Нимагаки, мен ўша паёкларингизга, яъни қурбақа гўштига шакар сепиб берсанглар ҳам оғзимга олмайман, сасиган селёдкаларинг ҳам ўзингизга насиб этсин!
Во ажаб — Собакевич-ку!
Қаранг-а, келасолиб тўғри паёк олгани равона бўлипти. Олиптиям! Еб бўлиб, қўшимча сўрапти. Беришипти. Кам деган экан, иккинчи паёкни тутказишипти; олдинига оддий паёк экан — кейин зарбдорини ундирипти. Буям кам, дебди! Аллақандай брон паёк беришипти. Буниям ямламай ютиб юбориб, яна талаб қилипти. Беришмаган экан, роса ғалва кўтарипти! Ҳаммани дажжолдан олиб дажжолга солипти, ҳақорат қилипти. Муттаҳам муттаҳамни қўшга қўшиб муттаҳам билан ҳайдаяпти, деб бақирипти, бор-йўғи биттагина дуруст одам бор — иш бошқарувчи, аслини олганда, у ҳам чўчқанинг ўзгинаси, депти.
Шундан кейин унга академиклар паёгини беришипти.
Чичиков Собакевичнинг паёклар бобидаги юлғичлик фаолиятини кўриб, зумда ўзи ҳам ишга киришиб кетди. Қарангки, бу масалада у ҳатто Собакевичдан ҳам ошириб юборди. Ўзига, ҳеч қачон бўлмаган хотини билан боласига, собиқ аравакаши Селифан билан собиқ малайи Петрушкага, ундан кейин, аллақачон бандаликни бажо келтирган кампир онасига ҳам паёк ола бошлади. Яна қанақаси денг — ҳаммалари учун академик паёк. Шунга кўра, озиқ-овқатларни унинг уйига юк машинасига ортиб олиб борадиган бўлишди.
Чичиков паёк масаласини шу тарзда ҳал қилгач, ёғлиқроқ ишга жойлашиш мақсадида ташкилотма-ташкилот танда қўя бошлади.
Бир куни у автомобилда кета туриб, кўчада тасодифан Ноздрёвни кўриб қолди. Ноздрёв салом-аликни четга йиғиштириб қўйиб, соати билан тилла занжирини пуллаганини айтди. Дарҳақиқат, унинг соати ҳам, занжири ҳам кўринмасди. Лекин Ноздрёв бундан ҳеч ўксимапти. Лоторея ўйинида омади келиб, ярим қадоқ писта мой, лампа шиша ва болалар ботинкаси учун чарм капаки ютиб олипти, лекин кейинги ўйин уни хонавайрон қилипти — олти юз миллионини суриб кетипти. У ўзига янги иш топибди — ташқи савдо маҳкамасига бориб, чет элга бир тўп ҳақиқий Кавказ ханжари етказиб бермоқчи бўлганини айтипти. Қаранг, етказиб бериптиям. Бу корчалонлиги оқибатида ақл бовар қилмайдиган даражада пул ишлаб олиши муқаррар экан, аммо ўша пулни қўлига олишига бир баҳя қолганида аблаҳ инглизлар ишни расво қилишипти: ханжарларга «Уста Савелий Сибиряков» деган белги қўйилганини кўриб қолишиб, ҳамма молни чиқитга чиқаришипти… Кейин Ноздрёв қўярда-қўймай Чичиковни меҳмонхонадаги ўз бўлмасига судраб кирди, «Франциядан шахсан менга юборишган коньяк» деб, жайдари самагон билан меҳмон қилди. Ва ниҳоят, ёлғонни сувдай ичиб, шу даражага бордики, менга саккиз юз газ газлама, ҳаворанг автомобиль ва беткай томони йўғон-йўғон устунлар билан безатилган ҳашаматли уйдан квартирага ордер беришди, деб мақтанди.
Куёви Мижуев бу гапга ишонқирамай шубҳа билдирган эди, Ноздрёв уни ҳар сафаргидек Абрам деб ҳақорат қилиш ўрнига, одмигина «аблаҳ» деб сўкди.
Қисқаси, Ноздрёв тинмай жаврайвериб Чичиковнинг жонига тегиб кетди. Чичиков бу маҳмадонадан қандай қутулишни билмай хуноб эди.
Лекин, шу билан бирга, Ноздрёвнинг гаплари унинг дилида, мен ҳам ташқи савдо билан шуғуллансаммикин, деган фикр уйғотганди.

IV

Шундай қилди ҳам. Яна анкета тўлдириб, ҳар томонга бўзчининг мокисидек югурди, ўзини дунёда қиёси йўқ одамохун қилиб кўрсатди. Натижада, зотдор сержун қўчқорларнинг устига пўстин ёпиб чегарадан олиб ўтди, пўстин остига эса ноёб ва нафис қимматбаҳо тўрларини яширган эди: дуру марваридларни араванинг ғилдираклари ва шотиси ичига, қулоқ ва яна аллақандай тешикларга тиқиб олиб ўтди.
Натижада орадан хиёл вақт ўтар ўтмас, унинг сармояси беш юзтача қуйма апельсинга етди.
Лекин у шунга ҳам қаноат қилмади, палон-писмадон корхонани ижарага олмоқчиман, деб тегишли ерга яна тириллатиб ариза ёзди, «ундоқ қилодурман, бундоқ қилодурман» деб оғиз кўпиртирди ва бундан давлат олам-жаҳон фойда кўриши мумкинлигини ажабтовур бўёқларда тасвирлаб берди.
Бу таклифни эшитиб, идора маъмурларининг оғзи ланг очилиб қолди — дарҳақиқат, жуда улкан фойда келтириши мумкин эди бу тадбир. Ўша корхонани кўрсатишни илтимос қилишди. Марҳамат. Тверь хиёбонида, шундоққина Жафокашлар монастири рўпарасида, кўчани кесиб ўтилса бўлгани — у корхона Тверхиёбонидаги Бўмбўш деб аталади. Дарҳол тегишли ердан: шундай-шундай жой борми, деб сўрашди. Жавоб келди: бор, у бутун Москвага отнинг қашқасидек маълум. Жуда соз.
— Унда, сиз техник смета тузиб беринг.
Чичиков сметани тузиб, қўйнига солиб қўйган эди.
Жой ижарага берилди.
Шунда Чичиков вақтни пайсалга солмай, яна керакли ерга ўқдай учиб борди.
— Марҳамат қилиб, аванс берсангиз.
— Уч нусхада ведомость тузиб келинг. Ведомость ҳамма зарурий имзолар ва муҳрлар билан тасдиқланган бўлсин.

V

Орадан икки соат ҳам ўтмай, Чичиков ведомостни бутун қонун-қоидаси билан тўлдириб олиб келди. Унга босилган муҳрлар худди осмондаги юлдузлардек ғиж-ғиж эди. Имзолар ҳам бекаму кўст.
— Мудир — Кир Тоғора, котиб — Шўр Тумшуқ, баҳолаш комиссиясининг раисаси — Елизавета Чумчуқ.
— Ҳаммаси тўғри. Мана сизга ордер.
Тўланадиган пулнинг миқдорини кўриб, хазиначининг кўзи қинидан чиқиб кетай деди.
Чичиков рўйхатга қўл қўйиб, пулни учта извошга ортиб олиб кетди.
Кейин у яна бошқа маҳкамага ташриф буюрди.
— Мен мол олишим керак, қарз беринг.
— Бизга молни кўрсатинг.
— Бажонидил. Вакилингизни менга қўшиб юборинг.
— Вакил юборилсин!
Буни қаранг! Вакил ҳам таниш чиқиб қолди: Анқов Емельян.
Чичиков уни извошга ўтқизиб олиб кетди. Унга йўлда дуч келган биринчи омборни кўрсатди. Емельян бундай қараса, озуқа моллари қалашиб ётипти.
— Ҳм… Шуларнинг ҳаммаси сизникими?
— Меники.
— Ў-ў, — деди Емельян, — ундай бўлса табриклайман, Павел Иванович. Сизни миллиончи эмас, ҳатто трильончи деса ҳам бўларкан.
Шу суҳбат устига аллақаёқдан келиб қолган Ноздрёв гапга аралашиб, яна мой сепди.
— Бу ёққа қара, — деди у, — дарвозадан этик ортган автомобиль кириб келяпти, шу этиклар ҳам уники.
Кейин Ноздрёв қизишиб кетиб, Емельянни кўчага етаклаб чиқди.
— Анави магазинларни кўряпсанми? Улар ҳам Чичиковники. Кўчанинг бу томонида нима бўлса, бари шуники. Кўчанинг нариги бетидагилар ҳам Павел Ивановичга тегишли. Трамвайни кўряпсанми? Уники. Фонусларни-чи?.. Ҳаммаси уники. Кўрдингми? Бу ёққа қара! Энди у ёққа қара! Ҳамма-ҳаммасининг хўжайини шу одам бўлади.
Шундай деб, у Емельянни чирпирак қилиб айлантираверди.
Ахийри шўрлик вакил ёлворишга тушди:
— Ишонаман! Кўряпман… фақат мени ўз ҳолимга қўй, ўлдириб қўясан-ку.

VI

Кутилмаганда фалокат содир бўлди.
Чичиковни, илгари Гогол башорат қилганидек, Ноздрёв жувонмарг қилди, заминдор кампир Коробочка эса, уни буткул қора ерга тиқди. Ноздрёвнинг унга нисбатан ҳеч қандай ёмон нияти йўқ эди, лекин пойга пайтида мастлик қилиб, тасодифан ёғоч қириндиси ҳақида оғзидан гуллаб қўйди, бу ҳам етмагандек, Чичиковнинг йўқ нарсани ижарага олганиниям гапирди, уни муттаҳам деб атаб, агар ихтиёр менда бўлса, отиб ташлардим, деди.
Одамлар бу гапни эшитиб ўйланиб қолишди, кейин миш-миш бир зумда ҳамма ёққа тарқалди.
Устига устак, овсар Коробочкани айтмайсизми! Қачон Манежда нон дўкони очишим мумкин, деб хира пашшадек ҳамманинг жонига тегса бўладими? Манеж давлат ихтиёридаги бино, уни сотиб олиш ҳам, у ерда бирон-бир дўкон очиш ҳам мумкин эмас, деб қанча тушунтиришмасин, овсар кампир ҳеч балони уқмасди.
Бу орада Чичиков ҳақидаги миш-мишлар тобора авж ола бошлади. Одамлар: «Бу, Чичиков дегани қанақа махлуқ ўзи, қай гўрдан келиб қолди?» деб ҳайрон бўлишарди. Бир-биридан ваҳималироқ, бир-биридан мудҳишроқ ғийбат гаплар тарқалди. Ҳамма ваҳимага тушиб қолди. Телефонлар тинимсиз қоқилди, кетма-кет мажлислар чақирилди… Қурилиш комиссияси кузатиш комиссиясига, кузатиш комиссияси маҳалла комиссиясига, маҳалла комиссияси соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги — Наркомздравга, Наркомздрав ҳунармандчилик бош бошқармаси — Главкустпромга, Главкустпром маориф халқ комиссарлиги — Наркомпросга, Наркомпрос маданий-маърифий ташкилот — Пролеткультга, ҳоказо ва ҳоказога «мушт кетди» қабилида қўнғироқ қилишди.
Дарҳол Ноздрёвни қидиришга тушишди. Бу ғирт тентаклик эди, албатта. Чунки Ноздрёвнинг ёлғончилигини, унинг биронта ҳам гапига ишониб бўлмаслигини ҳамма яхши билар эди. Шунга қарамасдан, Ноздрёвни топиб келиб сўроқ қилишди, у ҳам барча саволларга батафсил жавоб берди.
— Дарҳақиқат, — деди у, — Чичиков ижарага олган корхонанинг оти бор-у, ўзи йўқ. Лекин, агар унинг ўрнида бўлсам, мен ҳам олган бўлардим. Тўғри-да, бергандан кейин нега олмаслик керак экан?
— Айтинг-чи, — деб савол беришди Ноздрёвга, — бу Чичиков деганлари мабодо оқгвардиячи жосус эмасми?
— Ҳа, Чичиков жосус, яқинда уни отишга ҳукм қилишган эди, лекин ҳайронман, нега отишмадийкин?!
— Балки Чичиков қалбаки пул ясайдиган одамдир? — деб савол беришди.
— О, ясаганда қандоқ, — деди Ноздрёв ва Чичиковнинг қалбаки пул ясашда устаси фаранг эканлиги ҳақида бир латифа ҳам сўзлаб берди: — Бир куни ҳукумат янги пул чиқармоқчи бўлади. Чичиков буни эшитиб қолиб, дарҳол Марьина Рошча даҳасидан бир квартирани ижарага оладию ҳаш-паш дегунча ўн саккиз миллиард сўмлик қалбаки пул ясаб ташлайди ва ҳукумат тайёрлаган ҳақиқий пулдан икки кун олдин муомилага чиқариб юборади. Буни сезиб қолган маъмурлар дарҳол унинг квартирасини муҳрлайдилар. Лекин устаси фаранг Чичиков бир кечанинг ўзида ҳамма қалбаки пулларни ҳақиқийлари билан шунақа аралаш-қуралаш қилиб ташлайдики, кейин у пулларнинг қайсиси сохтаю қайсиси ҳақиқий эканлигини худо билмаса, банда фарқ қила олмайди.
— Чичиков чет элга қочмоқчи бўлиб, ўзининг миллиард-миллиард пулига гавҳарлар сотиб олганмиш, шу тўғрими? — деб сўрашди.
— Тўғри, — деб жавоб қилди Ноздрёв, — бу ишда унга ёрдам бердим. Очиғини айтганда, агар аралашмаганимда, Чичиковнинг ўзи бу ишни эплай олмасди.
Ноздрёвнинг гапларидан кейин одамларнинг кўнгли ғаш бўлиб қолди. Чичиковнинг қандай махлуқ эканлигини аниқлаш амри маҳол эканлигини кўриб, ҳамманинг тарвузи қўлтиғидан тушиб кетди. Шу пайт одамлар орасидан тариқдеккина ақли бўлган бир кимса топилиб қолди, топилмаганда борми, билмадим, бу можаро нима билан тугар эди! Тўғри, бу «доно» одам умрида Гоголнинг китобини қўлига олмаган, ҳатто унинг кимлигини ҳам билмас эди.
Ана шу одам бирдан:
— Биласизларми, Чичиков ким? — деди.
Ҳамма бараварига:
— Ким?! — деб сўради.
Доно одам совуқ овоз билан:
— Уччига чиққан фирибгар, — деб жавоб қилди.

VII

Шундагина ҳамманинг миясига унинг анкетасини ўқиб кўриш керак экан, деган фикр ялт этиб келди. Қидиришга тушишди. Йўқ. Келган ҳужжатлар ичида ҳам, жавонда ҳам йўқ. Рўйхатга олувчи ойимқиздан сўрашди.
— Мен қаёқдан билай? Иван Григорьевичда бўлса керак.
Иван Григорьевичнинг олдига югуришди:
— Чичиковнинг анкетаси қаерда?
— Буни менга дахли йўқ. Котибадан сўранглар.
Хуллас, «бор отангга, бор онангга» қабилидаги боши-кети йўқ сансалорлик бошланиб кетди.
Кутилмаганда нокерак қоғозлар ташланадиган саватдан топилиб қолса бўладими ўша анкета!
Уни ўқиб, донг қотиб қолишди.
Исми? Павел. Отасининг исми? Иванович. Фамилияси? Чичиков. Унвони? Гоголь персонажи. Инқилобдан олдин нима билан шуғулланган? Ўлик жонларни харид қилиш билан. Мажбурий ҳарбий хизматга муносабати? На у ёғлиқ, на бу ёғлик — худо билади. Қайси партия тарафдори? Хайрихоҳ (лекин қайси партияга хайрихоҳлиги маълум эмас). Судланганми? Жавоб ўрнида илонизи чизиқ. Адреси? Ҳовлига кирсангиз, учинчи қаватнинг ўнг томонида, яхшиси, справка бюросидаги штаб офицерининг хотини Подточинадан сўранг, у билади. Шахсий имзоси? Сиёҳ қолмади.
Анкетани ўқишдию ҳанг-манг бўлиб қолишди.
Инструктор Бобчинскийни чақириб, буюришди:
— Сен ғизиллаб Тверь хиёбонига жўна, Чичиков ижарага олган корхонанинг ҳовлисига кириб, у ердаги молларни кўздан кечир, шояд бирон сир очилса!
Бир оздан кейин Бобчинский кўзлари қинидан чиқиб кетгудек бўлиб, ўпкасини қўлтиқлаб қайтиб келди.
— Фавқулодда ҳодиса!
— Хўш?
— У ерда ҳеч қандай корхона йўқ. Чичиков Пушкин ҳайкалининг адресини ёзибди. У ерда турган моллар эса, «Ара»ники* экан.
Бу шум хабарни эшитиб, ҳамма чинқириб юборди:
— Ё авлиё-анбиёлар! Оббо муттаҳам-эй! Биз бўлсак унга миллиард-миллиард пулни бериб ўтирибмиз-а!! Бундан чиқди, уни тезроқ қўлга туширишимиз керак экан!
Сўнг Чичиковни тутишга киришишди.

______________
*«Ара» — инглизча «Американинг ёрдам берувчи муассасиси» сўзларининг қисқартмаси. 1921 йилда Волга бўйи вилоятларида ҳукм сурган очлик муносабати билан «Ара»нинг РСФСРда фаолият кўрсатишига ижозат берилган эди.

VIII

Бошлиқ бармоқ билан қўнғироқ тугмасини босди:
— Чопар кирсин!
Эшик очилиб, остонада Петрушка пайдо бўлди. Маълум бўлишича, у аллақачон Чичиковнинг хизматидан бўшаб, мазкур идорада чопар лавозимида ишлаётган экан.
— Зудлик билан мана бу пакетни олинг-да, дарҳол унда кўрсатилган адресга боринг…
— Хўп бўлади, — деди Петрушка.
У дарҳол пакетни олиб, дарҳол чиқиб кетди ва шу заҳотиёқ йўқотиб қўйди.
Гаражга, Селифанга телефон қилишди.
— Зудлик билан машинани олиб чиқинг.
— Мана, ҳозир.
Селифан суякларини қисирлатиб керишди, мотор устига пахмоқ иштонини ёпди, эгнига камзул кийди, кейин машина ўриндиғига ўтирди-да, сигнални дудуллатиб, моторни гувиллатиб қушдек учиб кетди.
Қайси рус кишиси ёқтирмайди шамолдек учишни? Селифан ҳам ёқтирарди, шунинг учун Лубянкага кираверишда ё трамвайни, ё магазиннинг ойнасини нишонга олишига тўғри келди. У бир зумнинг ўзида трамвайга чап берди ва иккинчи нишонни кўзлаб «вой, дод!» деб чинқирганча магазиннинг ойнасидан қуюндек отилиб кириб кетди.
Бу гапни эшитиб, ҳамма Селифанлару Петрушкаларнинг раҳбари бўлган Тентетниковнинг сабр косаси тўлиб, фиғони фалакка чиқди.
— Иккаласининг ҳам думи тугилсин! — деб бақирди у.
Думлари тугилди. Меҳнат биржасига одам юборилди. У ердан Петрушканинг ўрнига Плюшкиннинг хизматкори Прошкани, Селифаннинг ўрнига — Григорий Кетса Етмасни юборишди. Бу аснода текширув иши қизигандан қизиб борарди.
— Аванс рўйхатини кўрсатинг.
— Марҳамат.
— Бу ерга Кир Тоғорани чақиринг.
Уни чақиртиришнинг имкони бўлмади. Чунки бундан икки ой муқаддам Кир Тоғорани партиядан ўчиришипти; ўша заҳоти унинг ўзи Москвадан қорасини ўчирипти. Чунки унинг Москвада қиладиган иши қолмаган экан.
— Шўр Тумшуқ-чи?
У қайсиям тупканинг тагида, губерния бўлимиға инструктор бўлиб кетипти.
Шундан кейин Елизавета Чумчуқни қидириб қолишди. Унақа одам йўқ, деб айтишди. Тўғри, Елизавета исмли машинистка бор, аммо унинг фамилияси Чумчуқ эмас. Кичик иш юритувчи муовинининг ёрдамчиси бўлмиш Чумчуқ фамилияли эркак бор, лекин унинг исми Елизавета эмас!
Машинисткани сўроққа тутишди:
— Сизми?!
— Ҳеч ҳам-да! Нега энди мен бўларканман? Мен Чумчуқ эмасман-ку… Ёмоннинг кучи япалоққа етипти-да?
Шундай деб, машинистка йиғлашга тушди. Уни тинч қўйишди.
Ҳамма Чумчуқ билан машғул бўлган пайтда ҳуқуқ ҳомийси Ҳуштакбозов ими-жимида Чичиковга, устингдан иш қўзғашди, деб шипшитиб қўйди, шу заҳоти Чичиков гумдон бўлди.
Анкетадаги «ўнгга буриласан» деган жойга юборилган мошина қуруқ қайтиб келди: турган гапки, у ерда ҳеч қанақа маълумотхона йўқ эди. У ер ташландиқ бир ошхонанинг харобаси экан. Борганларнинг олдига Фетинья исмли фаррош хотин чиқиб, бу ерда ҳеч ким турмайди, деб айтипти.
Тўғри, шу ўртада, ўнгга эмас, чапга бурилган ерда маълумотхона бор экан, аммо у ерда штаб офицери хотини эмас, аллақандай Подстёга Сидоровна деган аёл ўтирарди, лекин у наинки Чичиковнинг, ҳатто ўзининг ҳам адресини билмас экан.

IX

Ҳамманинг кўнгли ғаш бўлди. Иш шунчалик чалкашиб кетган эдики, энди чигалнинг учини Парвардигорнинг ўзи топмаса, биров қидириб тополмас эди. Оти бору ўзи йўқ ижара қипиқ билан, нафис тўрлар электрлаштириш билан, Коробочка харид қилган пассаж бриллиантлар билан аралашиб, айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Бу иш юзасидан Ноздрёв тумшуғидан илинди, хайрихоҳлардан бўлмиш Анқов Емелян билан партиясиз Ўғри Антошканинг ҳам бу ишда қўли борлиги аниқланди, Собакевичнинг кўпроқ паёк олиш мақсадида мансабдорларга аллақандай фириб ишлатгани фош бўлди. Шу десангиз, ҳамма худди оёғи куйган товуқдек зир югуриб қолди.
Ҳуштакбозов енг шимариб ишга киришди ва бир зумда сандиқ ковловчиларни ҳам, сохта ҳужжат тайёрлаб пул ўмарувчиларни ҳам, ҳоказо ва ҳоказоларни ҳам аралаштириб, бўтқа қилиб юборди. Бу ишда у эллик мингга яқин одамнинг қўли борлигини аниқлади. Хуллас, қиёмат-қойим бошланди. Миллиард-миллиард пулларга имзо чекканлар ҳам, бу пулларни энди қидира бошлаганлар ҳам даҳшатга тушиб зир югуришар, кўзлари фақат битта аниқ далилни кўрар эди:
— Миллиардлар ғойиб бўлган!
Ниҳоят, Митяй амаки деган бир одам ўрнидан турди.
— Гап бундай, биродарлар… — деди у. — Назаримда, тергов комиссиясини бу ишга жалб қилмасак бўлмайдиганга ўхшайди.

X

Худди шу ерга келганда (одамнинг тушига нималар кирмайди-я!) бу одамларнинг рўпарасида бирдан худди Хизрдек пайдо бўлдим ва:
— Бу ишни менга топширинглар, — дедим.
Ҳанг-манг бўлиб қолишди:
— Сиз, ҳалиги… уддалайсизми?
— Кўнглингиз тўқ бўлсин, — дедим мен.
Олдинига бирпас иккиланиб туришди. Кейин қизил сиёҳ билан:
— Топширилсин! — деб имзо чекишди.
Шу заҳоти фаолиятимни бошлаб юбордим (умримда ҳеч қачон бунақа ширин тушни кўрмаганман!).
Шу десангиз, чор ёқдан ўттиз беш мингта мотоциклчи ёрдамга етиб келса бўладими!
— Қандай хизмат бор бизга?
— Ҳеч қандай хизмат йўқ сизга, — дедим мен уларга. — Ўз ишларингиз билан шуғулланаверинглар. Буни ўзим эплайман. Ёлғиз ўзим.
Шундан кейин ўпкамни ҳавога тўлдириб туриб бир бақирган эдим, дераза ойналари зириллаб кетди:
— Қани, опкелинглар бу ерга Ляпкин-Тяпкинни! Оёғини ерга теккизмасдан! Телефонини уланглар!
— Ҳеч иложимиз йўқ… Телефон бузуқ.
— Ҳа-а-а! Бузуқ денг! Сими узилганми? Ундай бўлса, сим бекор ётмасин, унга Ляпкин-Тяпкинни тополмаган шахс осилсин!
Ё алҳазар! Шунақанги олағовур бошланиб кетди-ки, асти қўяверасиз!
— Раҳм қилинг, тақсир… ҳеч азият чекмасинлар… Ҳозир… ҳа-ҳа-ҳа… бир лаҳзада тайёр бўлади. Ҳай, ким бор! Усталар чақирилсин! Сим келтиринглар! Дарҳол улансин!
Бир зумда телефон ҳам тузалди, Ляпкин-Тяпкинни ҳам топиб келишди.
Яна ҳамма ёқни бошимга кўтариб бақира бошладим:
— Тяпкинмисан? М-муттаҳам! Ляпкинман дегин? Олиб кетинглар бу аблаҳни! Рўйхатлар келтирилсин! Нима? Тайёр эмас? Тайёрлаш учун беш дақиқа муҳлат бераман! Бажармасангиз, ўзингизни мурдалар рўйхатига тиркайман! Ие, бу ким бўлди? Маниловнинг хотини — рўйхат қилувчи денг? Думи тугилсин! Улинька Батришчева — машинистками — рўйхат қилувчи денг? Думи тугилсин! Собакевич? Ҳибсга олинсин! Вой, манави мараз Рўдопоев сизларда хизмат қиладими ҳали? Муттаҳам Тасаллин ҳамми? Ушлансин!! Уларни ким ишга олган бўлса, у ҳам ушлансин. Ҳаммаси қайнаб турган қозонга ташлансин! Манави қўлга олинсин! Бу ҳам! Бу тутилсин! Буни ҳам тутинглар! Фетиньями? Жуфтагини тўғриланглар! Шоир Тряпичкин, Селифан, Петрушка — буларнинг бари ҳисоб бўлимига рўпара қилинсин! Ноздрёвни ертўлага ташланглар… Оёғини ерга теккизмай… Дарҳол!.. Пул ведомостига ким имзо чеккан? Қани, олиб келинглар ўша лаънатини! Осмонга чиқиб кетган бўлса оёғидан, ерга кириб кетган бўлса қулоғидан тортиб олиб келинглар!!!
Хуллас, жаҳаннамий қиёмат-қойим бошланди…
— Бошимизга бало бўлди-ку бу шайтони лаин! Қай гўрдан кавлаб топишдийкин уни? — деб зорланишарди арвоҳлар.
Мен бўлсам:
— Қани, Чичиковни бошлаб келинглар ҳузуримга! Дарҳол! — деб бақирардим.
— Ҳ… ҳ… ҳеч топиб бўлмаяпти уни. У я-я-яшириниб олган…
— Аҳ-ҳа, яширинибдими? Жуда соз! Унда сизни қамаймиз унинг ўрнига.
— Раҳм…
— Жим бўлинг!
— Х-хўп, мана, ҳ-ҳозир… Бир лаҳза сабр қилинг… Ахтаришяпти, тақсир.
Дарҳақиқат, Чичиковни бир зумда топиб келишди.
У оёғимга ётиб зор-зор йиғлади, сочларини юлиб, камзулини чок қилиб, шол бўлиб қолган онамнинг кўз ёшларига раҳмингиз келсин, деб ялиниб-ёлборди.
Мен бўлсам:
— Онанг борми ҳали?!— деб бақирдим. — Онанг-а?.. Хўш, миллиардлар қани? Халқнинг сармоясини нима қилдинг? Ўғри! Арраланглар бу махлуқни! Қорни тўла бриллиант бўлиши керак!
Қорнини ёришди.
Қаранг-а, айтганимдек экан!
— Ҳаммасими?
— Ҳаммаси,
— Бўйнига тош бойлаб сувга чўктиринглар!
Шундан кейин ҳаммаёқ чиннидай озода ва сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Мен телефонни олиб, қўнғироқ қилдим:
— Тозаланди.
— Раҳмат, — деб жавоб қилишди менга. — Кўнглингиз хоҳлаган нарсани сўранг. Бундай таклифдан бир сакраб тушдим. Кўпдан бери бир-иккита зарур нарсаларни харид қилиш ниятида юрардим, аммо ҳеч пул жамғара олмай бошим қотган эди. Шунинг учун, ҳозир: «Битта шим… бир қадоқ қанд… битта йигирма бешинчи лампа», деб юборишимга сал қолди.
Лекин бирдан, виждонли ёзувчи таъмагир бўлмаслиги керак, деган фикр эсимга келдию руҳим тушиб кетди ва телефонга шундай жавоб қилдим:
— Менга Гоголнинг қалин муқовали асарлар мажмуасидан бошқа ҳеч нима керак эмас. Зеро, ўзимнинг шундай китобимни яқинда чайқов бозорида сотиб юборган эдим.
Шундай дейишим билан столим устига Гоголнинг зарҳал ҳошияли китоби «тап» этиб тушди.
Теримга сиғмай суюниб кетдим. Чунки кўнглим ғаш бўлган уйқусиз тунларимда Николай Васильевич Гоголь аксар пайт менга тасалли берар эди. Шунинг учун, қувонганимдан, овозимнинг борича:
— Ура! — деб бақириб юбордим.
Бақирдим-у…

ХОТИМА

…турган гапки, уйғониб кетдим. Кўзимни очсам: на Чичиков, на Ноздрёв, энг муҳими, на Гоголь бор…
— Ана холос, — дедим ўзимча ва ўрнимдан туриб кийина бошладим. Яна кўз олдимда ҳар кунги ҳаёт намоён бўлди, қисқаси, эски ҳаммом, эски тос.

Қодир Мирмуҳамедов таржимаси

“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 6-сон