Фаррух Жабборов. Ўзбекнинг жаҳонгашта эртаклари

Биринчи туртки. Қачонлардир хориж фильмини кўргандим – адашмасам, немисларники – воқеалари “Ур тўқмоқ”нинг айни ўзгинаси. Фақат очил дастурхон ўрнига “тўкин стол”, буям ўринли, ўзларидан келиб чиқишган-да. Ўхшаш адабий ҳодисалар фольк­лоршуносликни доим қизиқтириб келган, уларни изоҳлашига қараб бир неча илмий мактаблар шаклланган. Миграция мактаби, сайёр сюжетлар назарияси халқларнинг асрий алоқалари асносида маталу масаллар кўчиб юришини уқтиради. Мифология мактаби вакиллари ибтидоий одамларнинг борлиқ ҳақидаги тасаввурлари кейинчалик адабий сатҳга кўчиб ўтгани, умумий мифологияга эга эллар оғзаки ижодида ўхшашлик табиийлиги хусусида сўзлайди. Тарихий мактаб олимлари фольклор асарлари қадимда юз берган воқеаларнинг инсоният хотирасидаги акс садоси дея тушунтиради. Антропология мактаби эса этник қариндош бўлмаган, ўтмишда иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий алоқаларга киришмаган халқларда параллел маданий ҳодисалар учрашига эътибор қаратиб, буни тарихий тараққиётнинг бир хил босқичида бутун башариятда руҳий ва маънавий яқинлик кузатилиши билан боғлайди. Илмий мактаблар илгари сурган фаразларнинг барчасида жон бор ва улар бир-бирини тўлдиради.

Иккинчи туртки. Яқинда Жанубий Америка адабиётининг йирик намояндаси Хорхе Луис Борхеснинг “Туркистон эртаклари” деган эссесини ўқиб қолдим. Таржимон Шарифжон Аҳмедовнинг ёзишича, “Туркистон эртаклари” (“Cuentos del Turquestan”) асари 1926 йили Буэнос-Айресдаги “La Prensa” газетасида эълон қилинган. Улуғ Китобдор ажиб адабий занжир ҳақида сўзлайди: сирли-сеҳрли эртаклар Буюк Турон дашту далалари, тоғу тошлари, шаҳару кентларини макон тутган эллар томонидан асрлар бўйи яратилган; рус этнографи Николай Остроумовнинг (1846–1930) илмий изланишлари натижасида 1906 йили “Сказки сартов в русском изложении” китоби чоп этилган; ушбу тўплам немис-чех фольклоршуноси Густав Юнгбауэр (1886–1942) саъй-ҳаракати билан немис тилига ўгирилиб, 1923 йили Йена шаҳрида “Märchen aus Turkestan und Tibet” (“Туркистон ва Тибет эртаклари”) номи билан нашр қилинган; “бир неча этножўғрофий саргардонликларни бошидан кечирган ушбу китоб (эҳтимол, Буэнос-Айресдаги ягона китоб), мана, охир оқибат” аргентина ёзувчисининг қўлига келиб тушади ва у кўнглига Шарқ шамолларини келтирган, хаёлини етти иқлимга елдирган эртаклар тўғрисида эссе ёзади. Ушбу бадиани асрий асотирлар тили – ўзбек тилига ўгирган Шарифжон Аҳмедов ҳам ўша адабий занжирга яна бир ҳалқа бўлиб қўшилади.

Учинчи туртки. Филология фанлари доктори Маматқул Жўраев неча йиллар илгари “Hurriyat” газетасига берган интервьюсида ўзбек эртаклари каталоги тузилаётгани ҳақида хабар берганди. Шундан буён оромим йўқолиб, тадқиқот натижаларини кутардим. Шошманг, ҳали унгача заҳматкаш олимларнинг қанча оромсиз кунлари, бедор тунлари… тўғрисида сўзлашимиз керак.

Асосий воқеа. Германиялик фольклоршунос олима Габриэле Келлер халқаро анжуман баҳонаи сабаб йигирма йил аввал Самарқандга келганида бундан кейинги ҳаёти шу юрт билан боғланиб қолишини хаёлига келтирганми-йўқми, ўзига ва Ўзига аён. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессори Хуррам Раҳимов асли немис тили мутахассиси бўлиб, таржималар жараёнида фольклоршуносликка боғланиб борди. ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольк­лори институти бўлим мудири Маматқул Жўраевнинг илмий-ташкилий тажрибаси ҳам ушбу олимлар жамоасига жуда зарур эди. Шундай қилиб, ўн йиллик (1997–2017) илмий ҳамкорлик натижасида икки жилд­ли “Typenkatalog Usbekischer Zaubermärchen” (“Ўзбек халқ сеҳрли эртаклар каталоги”) юзага келди.

Эътироф этиш жоиз, фольк­лор асарлари каталогини тузиш осон кўчадиган иш эмас. Аввало, ҳозирга қадар нашр этилган эртак китоблардаги материалларни кўриб чиқиш лозим. Муаллифлар шу билан чекланмай, Самарқанд тарих ва этнография музейи ва Низомий номидаги ТДПУ билан ҳамкорликда Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида уч бора (1998, 1999, 2008) дала тадқиқотлари ўтказишди, эртаклар бевосита ижрочилар – нуроний боболар, фариштали момолар оғзидан магнит тасмасига ёзиб олинди. Изланишлар натижасида бир неча тўпламлар нашр этилди: “Märchen aus Samarkand” (“Самарқанд эртаклари”. Фрайбург, 2004), “Zaubermärchen aus Südusbekistan” (“Жанубий Ўзбекистон сеҳрли эртаклари”. Тошкент, 2016), “Usbekische Zaubermärchen” (“Ўзбек сеҳрли эртаклари”. Тошкент, 2017). Булар, албатта, каталог тузишга яхшигина тайёргарлик кўрилганидан дарак беради.

– “Ўзбек халқ сеҳрли эртаклар каталоги”даги материалларнинг салмоқли қисмини ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг Фольклор архивида сақланаётган эртаклар ташкил этади, – дейди профессор Маматқул Жўраев. – Икки жилдли китобда мингдан ортиқ ўзбек халқ сеҳрли эртакларининг матний таҳлили, таржимаси, илмий тадқиқи ва типизацияси амалга оширилган; 145 сюжет типлари аниқланиб, ўзбек ҳамда жаҳон эртакшунослиги манбалари асосида илмий шарҳлар билан тасдиқланди. Тадқиқотлар натижасида Европа халқлари фольклоридаги айрим эртаклар сюжетининг илдизлари Марказий Осиё фольклорига, аждодларимизнинг қадимий эртакчилик анъаналарига бориб тақалиши маълум бўлди. Мазкур йирик илмий асар ҳозирги замон жаҳон фольклористикасининг энг янги назарий концепциялари ва терминологияси асосида шу пайтгача махсус ўрганилмаган ва эпик сюжетларнинг халқаро каталогларига киритилмаган ўзбек халқ сеҳрли эртакларини яхлит бадиий тизим сифатида таҳлил қилгани, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида шу йўналишда амалга оширилган илк тадқиқот экани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу илмий типологик каталог сеҳрли эртакларнинг миллий ўзига хослиги ва бадиий хусусиятларини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этиш орқали ўзбек халқи поэтик тафаккурининг ғоят юксаклигини намойиш қилади.

Фольклоршунос ва таржимонларимиз олдида яна бир катта довон турибди. “Ўзбек халқ сеҳрли эртаклар каталоги” она тилимизга маҳорат билан ўгирилиб, китоб ҳолида нашр этилса, хазина калитлари эгасига қайтарилгандек савобли ишга қўл урилган бўлур эди.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 2-сон