Марк Твен. Яхши ёзай десангиз

UNITED STATES – CIRCA 1900: Mark Twain (Photo by Buyenlarge/Getty Images)

“Жуда”, “ўта” деган сўзни ишлатмоқчи бўлганингизда унинг ўрнига ҳар сафар “ҳаддан ортиқ” ёки “беҳад” иборасини қўлланг. Шунда муҳаррир бу сўзларни ўчириб ташлайди ва ёзганларингиз бинойидай бўлади-қолади.

Хулоса: ортиқча сўзларсиз, аниқ, равон, таъсирли ёзинг. Ўринсиз ҳаяжон ёки ясама муболаға сунъийликка олиб келади.

Сизга биров қаламҳақи таклиф қилмагунича, текинга ёзаверинг.

Ижодкор бўлишни чин юракдан истанг, ўз ишингизни севинг. Фақат пул ё шон-шуҳрат учун ёзсангиз, яхши натижага эриша олмайсиз. Бундан ҳафсалангиз пир бўлади ва ижоддан тезда кўнглингиз қолади.

Мақола ёзиш учун энг қулай фурсат – уни ўзингиз учун ёзиб тугатган пайтингиздир. Фақат шундагина асли нима демоқчи эканингизни аниқ-тиниқ англайсиз.

Илк уринишлар фақат қораламалар, холос. Буюк ёзувчиларнинг аксарияти асарларини қайта-қайта ёзган, таҳрир қилган. Ишлашдан, фикрлашдан эринманг.

Ғоя, фикр ҳаммада бор. Бироқ ҳамма ҳам уни керагича ифодалай олмайди. Битта хатбошида айтиш мумкин бўлган фикрни узундан-узоқ чўзадиганлар кўп.

Сўзларни тежанг, лўнда ёзишни ўрганинг. “Сўз бўтқаси” ҳеч кимга керак эмас. Ортиқча иборалар тушунарлилик даражасини тушириб юборади.

Бир сафар бахтли тасодиф туфайли бир нарсани англаб етдим: ярмига келиб “тўхтаб” қолган китоб – агар озгина нафас ростлаб, унга янги куч ва ғайрат билан киришсангиз – юришиб кетади. Хом ва пала-партиш мақолаларга ҳам бироз танаффусдан сўнг янги руҳ бериш мумкин.

Иш унмай қолиши ҳаммада кузатилади. Ижодий кайфият ўзгарувчан бўлади. Дам олинг, бошқа юмушлар билан шуғулланинг. Бироқ танбаллашиб қолманг ҳам.

Буюк китоблар услуби ва моҳиятига қараб баҳоланади, қолипланган грамматикасига қараб эмас.

Диққатни ғоя, услуб ва сюжетга қаратинг. Ёзиб бўлгандан кейингина грамматика, эга-кесимнинг ўрни ҳақида бош қотиришингиз мумкин.

Сифатлар масаласида бир гап: иккиланяпсизми, ўчириб ташланг.

Сўзларни, айниқса, сифатларни қўллашда эътиборли бўлинг. Маъносини ёки ўрнини билмай ишлатган сўзингиз тескари, кулгили ёки мавҳум маъно келтириб чиқариши мумкин.

Қисқа ибора ва гаплар, оддий тил таъсирчан эканини англадим. Чин кўнгилдан ёзяпсизми, шу услубни маҳкам тутинг. “Пардай майин ва гулдай чиройли” иборалар ўқувчини чалғитишига йўл қўйманг.

Қандай усулни танлаш – ўзингизга ҳавола. Энг муҳими – моҳият. Ёзганингизни ўқиган одам нима деяётганингизни, нима демоқчилигингизни тушуна олсин.

“Аёл бақирди”, деманг. Уни шундай вазиятга олиб келингки, ўзи бақирсин.

Воқеаларни худди кўриб тургандай, ўзингиз қатнашаётгандай тасвирланг. Шунда ўқувчи ҳам шу тарзда мутолаа қилади.

Бир хил усулда ёзадиган адибларни умуман тушуна олмайман.

Янгича усулларни қидиринг, сўз ясаб кўринг. Тасвир ва ифодада тажрибалар қилинг.

Тўғри сўз ва деярли тўғри сўз ўртасидаги фарқ худди чақмоқ билан тиллақўнғиз ўртасидаги фарққа ўхшайди.

Сўзларни танлаш ва қўллашга жиддий аҳамият беринг.

Сиз қанча кўп тушунтирсангиз, мен шунча кам тушунаман.

Яна ўша гап: равонлик, лўндалик. Ортиқча тафсилотларга умуман ўрин берманг.

Ориф Толиб тайёрлади.

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 9-сон