Ўша июль оқшомларининг бирида Хуанхэ дарёсининг нариги соҳилидан кучли шамол эсар, ҳаво одатдан ташқари алланечук мусаффо эди.
Ланьчжоу вокзалининг биносидан ўттиз ёшлардаги бир йигит чиқиб, ҳуштак чалганича автобус бекати томон йўл олди. У аллақайси ташкилотга қарашли хорижий бўлим ходими бўлиб, ҳозиргина Дунхуанга йўл олган сайёҳлар гуруҳини жўнатиб юборган эди. Эрталаб яна бир қанча чет эллик меҳмонларни самолётда Пекинга кузатиб бориши, у ердан эса чет эллик бошқа сайёҳлар билан Ханчжоуга учиши лозим эди. Сафар арафасидаги бу оқшом вақти борлиги учун бемалол шаҳарни айланиб келса бўларди.
Автобус бекатига ўн қадамча қолганида йигит қадамини секинлатди, қўлини чўнтагига солиб, чалаётган мусиқа оҳангига монанд оёқлари билан тақиллатган кўйи вокзал олдидаги майдонда юрган одамлар издиҳомини кузата бошлади. Бу оқшомни қандай ўтказгани маъқул? Байшатан ҳамда Уцюаннинг машҳур истироҳат боғларига борай деса, яқиндагина хорижий сайёҳлар билан уларни томоша қилган. Хуанхэ бўйларида сайр қилиши, бозорга кириб эртапишар қовун (сотувчи қовуннинг шу навини роса мақтаган, айтганча, бу навнинг номи “Темир тухум” деб аталарди) сотиб олиши мумкин. Маза қилиб тарвуз ейиши ёки ланьчжоуликлар таоми, қовурма лағмон ейиши ҳам мумкин эди, бироқ булар унинг жонига текканди. Ёввойи ғозлар соҳилига эса сира бормаган, айтишларича, у ернинг табиий гўзаллиги одамнинг ҳушини олиб қўяр даражада беқиёс экан. Аммо ҳозир, вақт анча кеч бўлиб қолган, бунинг устига у ерлар ҳийла хавотирли эди…
У хаёл суриб, одати бўйича етти ўлчаб бир кесиш учун тараддудланиб турганида ёнгинасидан нозиккина, қўғирчоқдек, камтарона либос кийган ўрта яшар аёл шошганча ўтиб қолди. Агар аёлнинг қичқиргани эшитилиб, бекатда шовқин кўтарилмаганда, йигит ўша аёлга аҳамият бермаган бўлар эди. Маълум бўлишича, аёл автобусга чиқаман, деб энди тутқични ушлаган маҳал ногаҳон чиптачи хотин эшикни ёпган-у, унинг қўлини қисиб қолган экан.
– Кўзингизга қарасангиз бўлмайдими? – дея чинқириб юборди аёл ва жаҳли чиққанидан юзлари қизариб кетди.
Чиптачи хотин эшикни андак очди-ю, аёл қўлини тортиб олгач, жабр чекканнинг шундоққина юзи олдида яна шарақлатиб ёпди. Шу орада бекатда одам тўплана бошлаган эди.
– Эшикни очинг!
– Нега чиқармаяпсизлар?!
– Бу нима аҳмоқлик!
Автобус ойнасидан хўппа семиз чиптачи хотиннинг жингалак сочли боши кўринди.
– Бу автобуснинг иш вақти тугади, – дея эълон қилди у. – Кейинги автобусда кетасизлар.
– Мен жуда шошаётган эдим! – деди ҳаяжон ичида бояги қўлини автобус эшиги қисиб олган аёл. – Жўнаш учун қўнғироқ чалинмай туриб, нега эшик ёпасиз?!
Шу чоқ қўнғироқ чалинди-ю, автобус қўзғалди.
– Шошилаётган бўлсангиз, таксида боринг! – дея қичқирди чиптачи хотин.
Бу машмашани кузатиб турган йигит, бунақа воқеалар ҳар қандай шаҳарда юз бериб туради, дея ўйлади. Аёл эса кейинги автобусни кутиб ўтирмай, жадал таксиларнинг тўхташ жойига қараб юрди.
Дафъатан йигитнинг хаёлида элас-элас ёшлик хотиралари жонланди. Аёл унга ҳаддан зиёд танишдек туюлди: унинг чеҳраси, бежирим бурни, айниқса, ўзини дадил тутиши. Наҳотки ўша? Йигит ҳеч иккиланмасдан аёлнинг орқасидан юрди. Кўп ўтмай у ишонч ҳосил қилди: аёл чиндан ҳам ўзини ўқитган муаллима Лу Сюпин эди. Ҳа, бу ўша, ўрта мактабга кирган йили географиядан дарс берган ўқитувчиси…
Учрашган жойларини қаранг! Шунча замонлар ўтиб муаллимаси асло ўзгармабди. Бир вақтлардагидек сочлари калта қирқилган, одмигина, эгнида мовийранг кофта, фақат ўша пайтдаги каби читдан эмас, синтетикадан тикилган. У ҳаммадан ҳам муаллимасининг дадиллигига қойил қоларди. У ҳеч қачон айтган сўзидан қайтмас ва ҳамиша ҳурмат-эътиборини сақлар эди. Мана ҳозир, қаранг, ўйлаб ҳам ўтирмасдан ғурур билан бошини баланд тутганча такси тўхтайдиган жойга ошиқяпти. Нимасини айтасиз, у илгари қандоқ бўлса, шундайлигича қолган.
Ўқувчилар “Буюк Хитой канали” нималигини ўз кўзлари билан кўриб, эслаб қолишлари учун Лу Сюпин бутун синфни Тунсюнь вилоятига олиб чиққан эди. Қуёш заволга юз тутган, қадимий минора остида болалар ўқитувчиларининг атрофида ўтиришарди. Улар кечки овқатларини еяётганларида Лу Сюпин Буюк канал билан боғлиқ ривоятни ҳикоя қилиб берганди… Бироқ ўшанда, вилоят марказига қайтиб келишганда кўнгилсиз воқеа юз берди…
… Худди бугунгидек, ёз оқшоми эди, экскурсия тугаган. Ўқувчилардан бирини Пекинга қатнайдиган автобусга чипта олиб келиш учун юборишди. Ўша бола ҳозир ўқитувчисининг ортидан такси тўхташ жойига кетаётган ҳикоямиз қаҳрамони эди, минг афсус, билет сотиладиган касса олдида қараса, чўнтагидаги ҳамён йўқ. Кун қайтаётган маҳал эди, ҳамма болалар энди нима қиламиз, дея бош қотира бошлашди. Қизлар йиғлашарди, чунки улар биринчи марта уйларидан шунчалик узоққа кетишлари эди, қўрқмай ҳам бўладими бундай вазиятда. Муаллима Пекинга қайтиб борган заҳоти тўлаш шарти билан қарзга билет беришларини илтимос қилган, бироқ кассир унинг ўтинчига қулоқ ҳам солмаганди…
Болалар саросимага тушишганди. Кимдир пиёда кетаверамиз, деди, бошқа биров ўша томонга бораётган машинага чиқиб оламиз, деди. Пули борлар ўртоқларини ташлаб бўлса ҳам уйларига кетишни мўлжаллаб қолишди. Айримлар шу ердаги маҳаллий жамоат хавфсизлиги идорасидан қарз олиш керак, дея таклиф этишди. Ораларида пул йўқотган ўртоқларига зуғум қилувчилар ҳам топилди.
Бирдан муаллима чап билагини сийпаб кўрди-да, амирона оҳангда хитоб қилди:
– Тинчланинглар ва мени кутинглар!
Худди мана шундай виқор билан бошини баланд кўтарганча майда қадамлар ташлаб кўчани кесиб ўтди ва магазинга кириб кетди…
Болалар гаранг бўлиб туришарди. Ўшанда муаллима жуда тез қайтиб келган эди, шекилли.
– Пул топилди, – деди у. – Кетдик, билетга. Қани, қўшиқ билан бошладик!
У шундай деди-да, ўша заҳоти “Қувноқ сайёҳ” қўшиғини бошлаб юборди. Ўқувчилар унга жўр бўлишди. Ҳозиргина дилларни ғаш қилаётган кўнгилсизлик эсдан чиқди, автовокзалдаги одамлар бу қувноқ, пурғам издиҳомга ҳайрат ичида боқишди. Бир неча кундан кейингина ўқувчилар муаллима магазин ёпилай, деётганда бориб соатини сотганлиги ҳақида эшитишди.
Шу хотиралардан йигитчанинг меҳр-оқибат туйғулари жўш урган дили ором топди, ҳолбуки, бунақа кайфият ҳар доим ҳам ва шунинг таъсирида беихтиёр муаллимасини чақирди. Лекин Лу Сюпин унинг овозини эшитмади ҳам, унинг бутун фикри-зикри боя уйларида эри билан ораларида бўлиб ўтган жанжал билан банд эди. Эри унинг боришини лозим топмаган, у идиш-товоқни ювиб бўлгач, пешбандини ечиб, унга аччиқ гаплар билан жавоб қилди, лекин барибир ўз билганидан қолмади.
У автобусга кеч қолмаслик учун нафаси тиқилиб югурди. Аксига олади-да! Шунча шошгани беҳуда кетди. Беихтиёр яна семиз, сочлари жингалак чиптачи жувон кўз олдига келди, қулоғи остида унинг майна қилгандек “Таксида боринг!” деган овози янгради. Чиптачи жувон бир қарашдаёқ Лу Сюпин таксида юрадиганлардан эмаслигини пайқаб, устидан кулиш учун шундай деганди.
Бўпти, яхши! Такси бўлса, такси-да. Такси, такси… Лу Сюпин ортидан кимдир ўзини чақириб келаётганини сезмади ҳам. Тўхташ жойида бир неча машина турарди. Биринчи машинанинг ҳайдовчиси тирноғини олиб ўтирарди.
Очиғини айтганда, Лу Сюпин афсуслана бошлаётганди: “Нима кераги бор таксини? Қимматдир, шундан-шунга элтиб қўйиш”. Бироқ у лафзидан қайтадиганлардан эмасди, ҳайдовчининг олдига борди-да:
– Ўртоқ, менга… – дея сўз бошлади.
Ҳайдовчи бепарвогина унга қаради. Мабодо у одамга ўхшаб муомала қилганда борми, Лу Сюпин ниятидан воз кечиб, ҳазилга бурар эди-да, автобус бекатига қайтиб кетган бўларди. Бироқ ҳайдовчи совуққина қилиб, ғижингандек:
– Шошмай туринг, – деди ва тирноғини олишда давом этди.
– Нега энди мен кутиб туришим керак, – Лу Сюпин ўзини тутолмай қолди. – Мени вақтим йўқ кутадиган, ишим шошилинч.
Ҳайдовчи унга синчков назар солди-да, насиҳатомуз оҳангда тушунтирди:
– Кейинги поездда, эътиборингиз учун, хуацяоликлар келишяпти. Биз шуларни кутяпмиз.
Унинг сўзларидан Лу Сюпин ёниб кетди, у яна, фақат бу сафар кескинроқ оҳангда бояги сўзларини такрорлади:
– Нега энди мен кутишим керак! Сизнингча фақат хуацяоларнинг иши шошилинч бўлар экан-да?! Аввал мени элтиб қўйинг, кейин қайтиб келарсиз ўшаларнинг олдига.
Уларнинг ёнига яқинлашиб келган йигитча гап нимадалигини дарҳол фаҳмлади-да, сиполик билан такси ҳайдовчисига мурожаат қилди:
– Ўртоқ ҳайдовчи, бу аёл билан менинг йўлим бир экан. Мен чет эллик сайёҳлар билан бирга юраман. Янглишмасам, ўтган куни бизни Қуёш эҳроми тоғига сиз олиб боргандингиз, шекилли.
Такси ҳайдовчи йигитчага тезгина қараб олди: нозик қиёфа, замонавий соч, эгнида жигарранг чиройли жемпер, қора шим, тумшуғи тўртбурчак, ярақлаган чарм туфли… Туришининг ўзи фалон пул! Бунинг устига худди чет эллик сайёҳлардан келадиган нафис атир ҳиди. Мана шу нарсаларни кўрган такси ҳайдовчининг шахти пасайди, у қайчисини буклаб идишига солди-да, машинага таклиф қилди.
Йигитча орқа эшикни очиб, Лу Сюпинни таклиф этди. Аёл бир зум иккиланиб турди-ю, навбатдаги автобуснинг ҳам жойидан қўзғалганини кўриб, тезгина соатига қаради ва таксига ўтирди. Ана шундагина у нотаниш йигитча исмини айтиб чақирганига аҳамият бердими, қовоғини уюб сўради:
– Мени қаердан биласиз?
– Сиз мени ўқитгансиз мактабда, – дея жавоб қилди у.
Лу Сюпин ўйланиб қолди ва бошини чайқади.
– Ўқитганман? Сира эслолмаяпман. Қаси йили битиргансиз мактабни?
Йигит кулди.
– Сиз муаллима Лусиз, илгари Пекинда ишлар эдингиз.
Лу Сюпин тасдиқ ишорасида бош ирғади, лекин минг урингани билан ўзининг собиқ ўқувчисини таний олмади.
– Ўшанда сиз эндигина педагогика институтини битириб, бизнинг мактабимизга келган ва айнан мен ўқиётган синфга дарс берган эдингиз… Буюк канал. Туньчжоудаги қадимий эҳром. Автовокзал. Билетга йиғилган пулни йўқотиб қўйган болани эсладингизми, ўша мен эдим. Эсладингизми энди? Кассир ноинсофлик қилган эди… Сиз соатингизни сотган эдингиз, эсладингизми?
– Ҳа. Ўша сенмидинг?
Лу Сюпин ўзини қўлга олиб қувончдан чапак чалаёзди.
– Ё фалак! Му Жуньинь! Кўримсизгина бола шаҳзодага айланибди-ю! Ўлай агар, танимаган бўлардим!
Лу Сюпин собиқ ўқувчисидан кўз узмай турар экан, ўтмиш хотираси бирин-сирин жонлана бошлади. Му Жуньинь. Учига чиққан шумтака. Бир куни у дарсга глобус кўтариб келганди, эшикни очиб энди синфга қадам қўйганини билади, хўш, нима бўпти? Аллақаердан футбол тўпи учиб келиб тўппа-тўғри глобусга урилди. Чўчиб тушганидан глобус қўлидан тушиб кетди-ю, тўрт бўлакка бўлиниб кетди. Ўшанда шунақа ҳам жаҳли чиққан эди-ки, асти қўяверасиз!
– Шунақаям бемаънилик бўладими! – дея қичқирганди жони-пони чиқиб. – Кимнинг иши бу?
Ғала-ғовур тинчиб, синф сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолди.
– Му Жуньиннинг иши. У коптокни эшик тепасига қўйиб қўйганди, – деди синфбоши.
У Му Жуньинни ўрнидан турғизиб қўйиб, роса таъзирини берганди.
– Мен ҳазил қилмоқчи эдим, холос, – дея ўзини оқлаганди Му Жуньшинь. – Копток глобусга урилади, деб сира ўйламовдим.
– Глобус – кўпчиликнинг мулки, – деди муаллима. – Сен уни синдирдинг. Уят! Уни энди тўлашингга тўғри келади.
– Лекин мен атай қилганим йўқ! – Му Жуньинь ўзини оқлашда давом этди. – Нега энди тўлар эканман. Отамга айтинг, янгисини олиб берадилар.
Муаллима синган глобусни кўтариб, Му Жуньиннинг отасига қўнғироқ қилиш ниятида телефон олдига борди. Му Жуньиннинг отаси катта амалдор эди. Муаллима қўнғироқ қилганида мажлис бўлаётган эди, шунга қарамай, у Лу Сюпиннинг гапларини диққат билан эшитганди. Ўша пайтда Лу Сюпин эндигина йигирма бир баҳорни қаршилаган, ўқувчиларидан озгина катта эди.
Ўқитувчилар хонасида юз берган бу ҳодиса ҳийла баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Айримлар Лу Сюпиннинг бу қилиғини тарбиячига муносиб эмаслигини эътироф этишди, ўқувчиларини эркалатиб юборган, дея танқид қилишди. Лекин директор уни қўллаб-қувватлади ва ҳатто мақтаб қўйди.
Му Жуньинь отаси билан янги глобус сотиб олиб, мактабга келтиришди. Ўшанда муаллимаси отаси билан узоқ суҳбатлашгани унинг эсида эди-ю, бироқ нима ҳақда эканини эслолмасди. Яна муаллимасининг қатъият билан боқувчи кўзлари билан хушбичим бурнини унутмаганди. Нимасини айтасиз, чинакам халқ ўқитувчисига хос барча фазилатлар унда мужассам эди. Ўша куни отаси билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг муаллимаси болага эпақага келтириб ямаган эски глобусни берган эди.
– Олиб қўй буни, – деган эди ўқитувчиси. – Мен Европа харитасини ўзидай қилиб тиклашга уриндим, билмадим қанчалик аниқ…
Кейинчалик мана шу глобус шарофати билан Му Жуньинь география фанини яхши кўриб қолган ва синфда ҳаммадан кўра яхшироқ ўқийдиган бўлганди.
– Ўшанга қанча бўлди ҳозир? Ўн етти йилми? Сизни Ланьчжоуда учратиб қоламан деб, ўлай агар, сира ўйламаган эдим. Сиз ҳалиям дарс берасизми?
Лу Сюпин бош ирғади:
– Бўлмасам-чи. Ҳалиям географиядан дарс бераман.
– Эсингиздами, еттинчи синфни битиришимиз арафасида бир куни сиз кутилмаганда Шимолий Ғарбга кетаяпман, дегандингиз, мен уйга келиб глобусни диққат билан кўздан кечирган ва орадаги масофани белгилаб чиққан эдим, ўшанда эсим оғиб қолаёзганди. Чунки Пекиндан Ланьчжоугача бўлган масофа Пхеньяндан Улан Баторгача бўлган масофага тенг эди. Мен сира тушунмагандим: нега шундан-шунга кетаяпти муаллимамиз, деб роса бошим қотганди. Нима бор у ерда? Наҳотки Пекинни ташлаб кетишга ачинмадилар, деб ўйлагандим.
Лу Сюпин кўзларини юмиб, хаёлчан оҳангда шундай деди:
– Мен ўшанда йигирма икки ёшга ҳам кирмагандим. Пекинда ўтказилган кенгашга яқингинада Шимолий Ғарбда раҳбар этиб тайинланган бир киши келди. У мен ва бир нечаларимизни ўзи ишлаётган вилоятга таклиф этди. Эсимда, хонада диван бор эди. Баҳайбат, эски замонлардан қолган диван. Жой торлик қилиб, йигитлар дераза рахига ўтириб олишди. Ўша одам Шимолий Ғарбдаги бепоён далалар ҳақида ҳикоя қилиб берди. Бу замин қаъридаги мавжуд бўлган бойликлар, янги ҳаёт қуриш истагида ёнаётган, серғайрат, келажаги порлоқ ёшларни кутаётгани ҳақида узоқ гапирди. Бу ўлка айниқса фидойи ўқитувчиларга зор эди.
– Гап мана қаерда денг! – ҳайрат ичида хитоб қилди Му Жуньинь.
– Сиз осонгина кўниб қўяқолгансиз, тўғрими?!
– Тўппа-тўғри. Биз у пайтларда мусаффо орзулар билан яшардик, ишлаб чарчамасдик, тоғни талқон қилишга кучимиз ҳам етарди, шижоатимиз ҳам. Орамизда икки кишининг уйидагилари рухсат беришмади, улар ўз ниятларидан қайтишга мажбур бўлишди. Бизлар эса – беш нафар синфдошлар юкларимизни йиғиштириб, йўлхалталаримизга жойлардик, бир томонига глобусни, иккинчи томонига сибизға солиб, ўша одам билан қайдасан, Ланьчжоу, деб шу ўлкага келиб қолдик. Кейинроқ мен биз билан бирга келган йигитлардан бирига турмушга чиқдим. Катта қизим, яқинда сизларни ўқитаётган пайтимда нечага чиққан бўлсангиз, шу ёшга киради.
– Бундан чиқди, сиз турмуш ўртоғингиз билан ўрта мактабда дарс берасиз, тўғрими?
Му Жунъиннинг унга раҳми келди. Ҳатто ачинди. Жамиятда ўн етти йил ичида бўлиб ўтган воқеалардан кейин муаллимга бўлган ҳурмат-эҳтиромдан асар ҳам қолмади. Қишлоқда ҳали уларнинг ҳурматини ўрнига қўйишарди. Меҳнатсеварликлари учун, билимлари учун. Лекин шаҳарлик зиёлилар орасида мавқелари анча паст эди. Ижтимоий аҳволлари, демак, маошлари анча кам эди. Му Жуньинь институтни тугатиш арафасида ўзи ва талабалар ишга жойлашишнинг турли йўллари, у ёки бу иш ўринларининг тушумларига қараб жадвал тузиб чиқишгани ёдига тушди. Биринчи устунга “жамиятдаги ўрин”, иккинчи устунга “маошнинг ўсиши”, учинчи устунга эса “молиявий аҳвол”, кетидан “ишлаб чиқариш ҳажми”, ”кадрларнинг ўсиши”, “ишнинг шахсий қизиқишлар билан боғлиқлиги” ва ҳоказолар. Ҳамма “плюс” ва “минус”ларни ўйлаб чиқиб энг бўлмағур, серхаражат касб ўқитувчилик, деган хулосага келди. Қандай бўлмасин, шу соҳага тушиб қолмаслик керак. Қарангки, улар эса ўзлари мактабга, Шимолий-Ғарбга кетишди. Му Жуньинь бу одамларнинг барчасига ачинарди. У муаллимага диққат билан тикилди-да, бирдан унинг чўкиб, қариб қолганини ҳис қилди.
Шунга қарамай Лу Сюпин ундан сўради:
– Бу “танлаш” принципи нима дегани? Сен ҳам Ланьчжоуга ишлашга келдингми ёки бўлмаса…
Му Жуньинь ўзидан мамнун бўлган ҳолда кибрини яширолмай ҳикоясини чиройли сўзлар билан безаб деди:
– Мен яқинда институтни тугатдим, таржимон бўлиб ишлаяпман. Эртадан кечгача хорижликлар биланман. Ҳаммаси жонимга тегди! Мана шу бир неча йил давомида не-не мамлакатларда бўлмадим, фақат Нинся, Цинхай, Тибет ва Гуйчжоуда бўлмаганман. Ланьчжоуга эса биринчи келишим, бу ерда маза қиляпман. Айтайлик, Ханчжоу, Цзилин, Хуаншан ва Гуанчжоуда бир неча марта бўлганман. Ўша-ўша сайёҳлик марказининг ходимлари, тарихий обидалар ва сайру саёҳатлар кўнглимга уриб кетди. Кўкламда бир гуруҳ сайёҳларни Японияга олиб бордим. Қойил қолдим! Токио, Киото, Нора, Осака, Кобе, Хиросима. Сизнинг берган сабоқларингизни, Япония ҳақидаги ҳикояларингизни кўп эсладим. Нора шаҳри ҳақида шунақанги ҳаяжон билан ҳикоя қилиб, кўз олдимизга келтириб қўйган эдингизки, азбаройи, у ерга борганимда худди илгари ҳам бу ерга келгандек туюлганди. Афсуслар бўлсинким, Европа билан Америкага ҳали борганим йўқ. Лекин ниятим бор, имкониятлар ҳам етарли…
Лу Сюпин унинг гапларини бир марта ҳам бўлмасдан, охиригача диққат билан эшитди. Албатта, Лу Жуньиннинг иши мароқли ва жуда зарур иш. Муаллима бундан жуда қувонди. Аммо такси ҳайдовчисининг икковига қилган турлича муомаласи эсига тушиб, чин дилдан ўкинди.
Лу Сюпин ҳайдовчидан машинани тўхтатишни илтимос қилди.
Му Жуньинь ҳам муаллимасининг ортидан тушди-да, дафъатан, ёшлик хотиралари билан бўлиб, бу ерга нима иш билан келганини сўраш хаёлига келмаганини эслаб қолди. Шу асно, такси ҳайдовчи кира ҳақини олгани ойнадан қўлини чўзди.
– Мен тўлайман, – деди Му Жуньинь ҳамёнини чиқариб. У яна ўн етти йил муқаддам пул йўқотиб қўйганини хотирлаб, ўша “гуноҳини” ювиш учун қулай фурсат келганини фаҳмлади. Бироқ муаллимаси унинг қўлини итариб, йўлдаёқ тайёрлаб қўйган беш юанни ҳайдовчига тутқизди. Умуман олганда, бу пахта сотиб олиш учун асраб қўйилган пул эди – муаллима ёзги таътил пайтида қиш ғамини еб, оила аъзоларини иссиқ кийимлар билан таъминлаб қўймоқчи эди…
Навфсиламбрига айтганда, Му Жуньинь билан ораларида бўлиб ўтган суҳбат Лу Сюпинни шошириб қўйган. Йигитча бундан ўзига хулоса чиқарди: “Гапларимни эшитиб, ўзининг ачинарли аҳволини сездирмаяпти, шекилли”, деб ўйлади у. Лекин у нотўғри ўйлаётганини билмасди. Ваҳоланки, унинг ҳаётда эришадиган ютуқлари ҳақидаги ҳикояси Лу Сюпин қалбидаги ор-номус туйғусини янаям мустаҳкамлаган эди. “Модомики, таксида кетишга қарор қилдимми, йўлкирани ўзим тўлашим шарт”, – дея кўнглидан ўтказди у. Балки, шу сабабдан уйида нохуш вазият келар, эри нима гаплигини тушунмас, майли, осмон узилиб ерга тушмади-ю! Эсида, бир неча йил аввал универмагга киришган, сотувчидан жигарранг эркаклар шарфини кўрсатинг, деб сўрашган эди. Шунда сотувчи эр-хотиннинг камтарона усти-бошига қараб, мийиғида кулган ва илтифотсиз оҳангда:
– Тоза жундан тўқилган, ўн беш юань туради! – деган эди.
Ўшанда Лу Сюпин бирдан қаддини ростлаб унга йигирма юанлик пул узатган эди:
– Ўраб беринг, оламиз!
Уйда у эрини тошойна олдига олиб келди, кела келгунча тўнғиллаб норозилик билдирган эри ойнага қараб ёш боладек қувониб, лаб-лунжини йиғиштира олмаган эди. Эҳтимол бугун ҳам норози оҳангда тўнғиллар, балки, ким билади, тушунар. Шунинг учун у ҳеч иккиланмай беш юанни берди.
Аммо ҳайдовчи пулни олиб, деди:
– Яна ўттиз беш фэн!
Лу Сюпин буни сира кутмаган эди. У ноилож чўнтагига қўл суқиб, қайтиб келишга сақлаб қўйган охирги йигирма фэнни олди.
– Нега бунақа қиммат! Билсак бўладими?
Ҳайдовчи энсаси қотиб унга қаради:
– Қиммат бўлса автобусда юриш керак.
– Мен бераман, – деди Му Жуньинь. Таксида кўп юрганидан ҳайдовчи ортиқча сўрамаётганини у биларди. Ёнидан ўн беш фэн олиб, ҳайдовчига узатди.
– Чинданам жуда қиммат-а! – деди у Лу Сюпинга юзланиб.
Такси жўнади, Лу Сюпин эса сира ўзига келолмасди.
– Қанақа шошилинч ишингиз бор эди бу ерда? – деб сўради Му Жуньинь.
Лу Сюпин соатига қаради-да, тарвузи қўлтиғидан тушди. Унинг ранги оқариб кетганини кўриб Му Жуньинь ҳам шошиб қолди.
– Нима бўлди? Кечикибсизми? – деб сўради у. – Кечикиш мумкин эмасми?
– Сеанс бошланиб кетибди, – деди бунга жавобан Лу Сюпин. – Тезроқ бормасам бўлмайди.
Му Жуньинь нима гаплигини дабдурустдан тушунолмади, бироқ атрофга кўз югуртириб намойиш этиладиган фильмларнинг афишаси ҳамда “Кинотеатр” деб ёзилган ёзув билан кўрсаткич нишонини кўргач, гап нимадалигини фаҳмлади.
Кинотеатр биноси кўримсизгина, бефайз эди. Наҳотки муаллимаси мана шундай бир аҳволдаги кинотеатрда намойиш этилаётган фильмни кўриш учун беш юань баҳридан кеча олса! Бирдан ялт этиб Му Жуньиннинг хаёлига кинотеатрларда саргузашт фильм қўйилаётган бўлса керак, деган фикр келди. Пекиндаги одамлар бундай фильмни кўргани дарё бўлиб оқиб борса, Ланьчжоуни қўяверасиз. Фақат бир нарса қоронғу: оддий мактаб муаллимаси махсус намойиш этилаётган фильмга қанақа қилиб чипта ололган!
Тўғри, Пекинда ҳам бунақа фильмлар одатда четроқда қўйилади. Эътиборни жалб этмаслик учунмикин…
Шундай хаёллардан сўнг у сўради:
– Қанақа фильм экан?
– Сенга бунақа фильмлар ёқмаса керак, – деб жавоб берди муаллимаси шошилмай борар экан.
Му Жуньинь унинг жавобидан ўзига хулоса чиқарди. “Сизлар Пекинда бунақа фильмларни кўравериб жонингизга тегиб кетганки, аҳамият ҳам бермай қўйгансиз…” Ҳақиқатдан ҳам шунақа. Бунақа ишларда ҳам “имкон” бўлиши зарур – шарт.
Лу Сюпин эса, нега Му Жуньинь ортимдан келаяпти, дея ҳайрон бўларди.
– Сени кўрганимдан хурсандман. Баракалла, улғайиб, вояга етибсан. Хурсанд бўлдим. Энди менга жавоб, кинога киришим керак. Хайр, кўришгунча!
– Бугун вақтим бемалол эди, – деди жилмайиб Му Жуньинь – Киришга ҳаракат қилиб кўраман. Балки йўли топилар.
Му Жуньинь таржимон, деган ҳужжатим ёрдам бериб қолар, деган ишонч билан шундай деди.
– Агар кино кўрмоқчи бўлсанг, чипта сотиб ол, олам гулистон, – деди Лу Сюпин. Улар кинотеатрнинг асосий эшиги сари юришди.
Фильм бошланган, эшик олдида ҳеч зоғ кўринмас, бунинг устига касса ҳам ёпиқ эди.
– Начора, насиб қилмабди. Менга узр. Хайр, – деди ўқувчисининг ҳафсаласи пир бўлганини кўрган Лу Сюпин ва хайрлашгани қўлини узатди.
Муаллимаси билан хайрлашгач, Му Жуньинь яна кассанинг олдига бориб мўралади, қараса, билет сотувчи ҳужжат тўлдираяпти. Маълум бўлишича, олти-ю қирқдаги сеансда бадиий фильмдан аввал ҳужжатли лавҳа намойиш этилар экан. Шунинг учун ҳеч ким йўқ экан. Му Жуньинь муаллимасининг шундан-шунга кино кўргани келишга нима мажбур қилганини билгиси келди. Чинданам нима сабабдан?! У касса ойнасини тақиллатди. Дарича очилиб, мўйсафиднинг боши кўринди, у ажабланиб Му Жуньинга тикилди.
– Билет топиладими? – деб сўради у.
– Қанча керак? – деди ундан кўзини узмай кассир.
– Битта беринг.
Ўн фэнга чипти олиб Му Жиньинь залга кирди.
– Хоҳлаган жойингизга бориб ўтираверасиз, – деди назоратчи.
Му Жуньин кўзи қоронғуликка кўниккунча йўлакда турди. Унга яқин ўриндиқда бир-бирига суянганча севишганлар ўтиришарди. Улар алланималар ҳақида шивирлар ва умуман экранга қарашмас эди. Тушунарлику-я, уларга фильмнинг қизиғи йўқ. Му Жуньинь секин-аста ўтиб, муаллимасини излай бошлади. Охири топди, у ўнинчи қаторда ўтирар, айнан шу қатордаги жойлар томошабинлар билан тўлган эди. Му Жуньинь орқадаги қаторга ўтирди.
Ҳужжат-йилнома фильм кўрсатилаётган эди. “Бугун Хитой” деганга ўхшаган. У муаллимаси томонга қаради. Ол-а! Муаллима олдинги ўриндиқ суянчиғига тирсаги билан таяниб, бошини қуйи солганча ўтирарди. Кеч қоламан деб, ичига сиғмай таксида келган эди-ю! Энди бўлса, экранга қарагиси ҳам келмаяпти! Ана холос!
Кўп ҳам ўтмай Му Жуньиннинг бу ердан тезроқ кетгиси келди. “Балки унга нимадир қаттиқ таъсир қилган ҳамда шу сабабли шу кўйга тушгандир”, – дея боши қотди унинг. Буларнинг ҳаммаси унинг танлаш зарурати қолипига сира сиғмас эди. Шунгаям ота гўри қозихонами! Соат етти ҳам бўлгани йўқ. Бугунги оқшомни кўнгилдагидек ўтказиш учун вақт етарли ҳали. Фақат бунинг учун тезроқ “танлаш” керак.
Экранда эса киножурнал давом этар, Лу Сюпин унинг бу сонини яқинда кўргани учун экранга қарамасди. У гўё кетидан намойиш этиладиган фильмни диққат билан, биронта сўзи, биронта кадрни ўтказиб юбормай кўриш учун ўзини чоғларди гўё. Бироқ уриниши зое кетиб, сира ўзини қўлга ололмасди.
Уйда эрига шу фильмни бориб кўрмоқчи экани, муаллимлик фаолиятида асқотиб қолиши мумкин деб шу фильмни кўрмоқчи эканини айтганда, эри норози бўлиб тўнғиллаганди:
– Чиқиминг кўпайиб кетяпти-да кейинги пайтда! Кинода нима бор! Билет пули – яна йўл кира – шу харажатга икки кунлик рўзғор қилса бўлади.
– Манам бораман кинога! Манам бораман! – “кино” деган сўзни эшитган кенжатойи ирғишлай бошлади, катта қизи эса укасини юпатиб қўшни хонага олиб кириб кетди. Лу Сюпин бобиллаганларига эътибор қилмай, овқат пишираверди. Илгари бунақа қурумсоқ эмасди эри, мард эди. Қани ўша феъл-атвор! Яхши эсида, унинг уйига қанот чиқариб учиб келгани ва “Шимоли-Ғарбга кетадиган бўлдим! Сен-чи? Ўз идеалларингдан чекинасанми? – дея қувончини яширолмай рақсга тушганларини яхши эсларди.
Худди ана ўша лаҳзаларда эрини қанчалар яхши кўришига ич-ичидан иқрор бўлганди. Сўнгра унинг керилган қошларига, кўзларида ёнаётган эҳтирос алангаларини кўриб, ўзини тутиб туролмаган ва “Ҳеч қачон чекинмас экан! Эртагаёқ ҳужжатларни расмийлаштираман! – дея қийқириб юборганди. Ўша куни оқшом улар Тянь-ань-Минь майдонида қўл ушлашиб узоқ айланиб юришганди, ўша дамда ёмғир ёғар, Чаньаньцзе кўчаси бўйлаб қирмизи чироқлар ёмғир пардаси аро улкан Ланьхуа гуллари сингари кўринган эди. Улар шаррос қуяётган ёмғирдан қочмай: “Биз навқирон авлод, кўксимизда жўшқин ниятлар” қўшиғини баралла куйлашганди. У яна поездда эри Ганьсу вилояти харитасини ёйиб, унинг чекка ҳудудларини бармоғи билан кўрсатиб қатъий оҳангда: ”Биз мана шу ерга борамиз. Таппи ёқиб, қимиз билан чой ичишга ўрганамиз. Эҳтимол, тибетликлар миллий кийимида юрармиз. Шундай қилсак, ўша ерлик одамлар билан тил топишимиз осон бўлади… Тибет аёлларининг юбкаси сенга қанчалар ярашмоғини бир тасаввур қилиб кўр-чи!” – деганди.
Ўшанда Лу Сюпин ҳазиллашиб унинг елкасига урганди, бироқ эрининг сўзларидан жуда-жуда мутаассир бўлган эди. Ахир у ҳам эри сингари учқур хаёлларга ошуфта эди-да!
Уларни Ланьчжоуда қолдиришди.
Бироқ миннатдор бўлиш ўрнига тайинлашган ишларига норозилик билдиришди. Айб қилиб қўйган ўқувчисининг отаси Лу Сюпиннинг олдига келиб ўғли учун кечирим сўраётганини унутиш мумкинми? “Сиз ҳам фаришта эмассиз, – деган эди у қувлик билан, овозини пасайтириб. – Акс ҳолда сизни Шимоли-Ғарбга жўнатишмаган бўларди. Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандалармиз. Хато қилишдан ҳеч ким мустасно эмас”.
Ўшанда Лу Сюпиннинг аччиғи чиққанидан титраб кетганди. Кейинчалик бунақа нарсаларни кўпини эшитди.
Тоғ шамолида уларнинг териси қуруқшаб, дағаллашди, қаҳратон совуғи билан қайноқ саратон қурғоқчилик ва тошқинлар эр-хотиннинг руҳини тоблади, уларни қаноатли бўлишга ўргатди. Улар оғир кунларда, қийналаётган чоғларида ҳам ҳаёт завқини тота билишга одат қилишди. Энди-чи? Эри шу даражада майдалашиб, сиркаси сув кўтармайдиган, азбаройи Худо, арзимаган фильмни деб одамнинг дилини бемалол сиёҳ қиладиган бўлиб қолди. Руҳан қаридими, нима бало? Ҳалиям қошлари керилиб кетади, лекин Лу Сюпин шижоатга, жонбозликка ундамайди бу билан, балки аксинча.
– Нима беради сенга бу фильм? Қорнинг тўйиб қоладими шу билан? Бекорга харажатга тушасан. Бўпти, бор, борақол, ўн фэнни совуриб келарсан.
– Агар шунақа фикрласанг бутун ўтмишимиз ҳам бир тийин экан-да! – деди Лу Сюпин ва кийимини кийиб шахт билан уйдан чиқиб кетди.
Кинога кеч қолишдан қўрқиб югурди оёғини қўлига олиб. Оқибати бундай бўлади, деб сира ўйламаганди у. Уни бақалоқ чиптачи хотин уришиб берганида эрининг жамият маънавий разолат ботқоғига ботаётган бўлса-ю, биз мактабда жон куйдириб юришимиздан нима фойда? Ҳеч нарсани ўзгартиролмаймиз барибир…”, деган сўзлари юрагида акс-садо бўлиб янгради. У эри билан қаттиқ баҳслашиб юрибди-я, ҳолбуки чиптачи хотиннинг гап-сўзлари унинг гаплари тўғри эканини исботлади-ю, юрагини тушкун бир кайфият эгаллаб олганди, бироқ Лу Сюпин мағлуб бўлганини сира тан олгиси келмасди. У жамиятдаги – бу “ҳаёт мактаби”даги бундай иллатларга қарши умрининг охиригача курашади.
Фильмга келсак, ҳеч нарсага қарамай кўрмоқ шарт! Ага ўша нодон кондуктор хотин: “Таксида боринг!” деб пичинг қилмаганида, у бундай “бемаънилик” қилмаган бўларди.
Собиқ ўқувчиси билан ногаҳон учрашиб қолгани ҳам худди кинолардагидек рўй берди. Ўқувчиси таржимон экан, бутун мамлакатни кезиб чиқибди. У-чи? Бир вақтлари ўқувчиларини Пекин атрофлари билан Ланьчжоуга олиб борганини айтмаса, ўн етти йилдан буён географиядан дарс беради-ю, бир марта ҳам саёҳатга чиқмабди-я! Тўрт йил аввал Пекинга борганида қанчалар изтироб чекканлари ҳамон эсида. Қўни-қўшнилари кўргани чиқиб машҳур Дуньхуань ғорлари ҳақида сўрашганди. У ерни кўрмаганман деганди, уларнинг ҳайрон бўлишгани-чи. Ҳолбуки, дарс Дуньхуань ҳақида тинимсиз гапириб берган, бориб кўришга пули йўқ эди.
Ана шунинг учун талабалик йиллариданоқ янги чиққан фильмлардан биронтасини ўтказиб юбормасликни ўрганган эди, ҳужжатли фильмлар, маърифий ёки бадиий фильмларни кўрганда табиат манзаралари, ҳайвонлар, одамлар, урф-одатларини саёҳатчи-географ сифатида эътибор ва қизиқиш билан томоша қиларди. Тўғрисини айтганда, буни ҳам фойдаси бор эди. Малакасини ошириш учун кино битмас-туганмас билим чашмаси! Кинони кўриб келгач, барча таассуротларини батафсил ёзиб қўярди, бир неча қалин дафтарлар унинг ёзувлари билан тўла эди. Боягина Му Жуньинь тилга олган Япониянинг хушманзара табиатини у аллазамонлар, Мэй Ланьфан гастролга боргани ҳақида суратга олинган ҳужжатли фильмда кўрган эди. Санъаткор қайси опера театрларида куйлагини бутунлай эсидан чиқиб кетгани ҳолда, ўша манзаралар ҳамон хотиридан ўчмаган эди.
Бир-икки йилдан бери бунақа тасвирий фильмлар жуда кам кўрсатиладиган бўлиб қолди. Шу сабабли Лу Сюпин биронтасини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиларди. Бу сафар кинотеатрга бориш бунчалик қимматга тушади, деб ҳаёлига ҳам келтирмаганди.
”Бугунги Хитой” киножурнали тугади, Лу Сюпин қаддини ростлади, сочларини тўғрилаб қўйди-да, яхшилаб ўрнашиб олиб жон-дили билан кўришга ошиққан фильмини тамоша қилишга ҳозирланди. Агар шу дақиқаларда кинотеатрда бўлгандами, муаллимасининг кўзлари ёниб, нигоҳида қизиқиш ҳамда қувонч нечоғлик кучли эканини кўрган бўларди. Шу сонияда бу ўрта мактабнинг оддийгина география ўқитувчиси ориққина, кўримсизгина, камтаргина муаллима ўзини дунёдаги бадавлат ва бахтиёр аёл деб ҳис қиларди.
Ўша куни кечқурун Му Жуньинь ёзган хатини почта қутисига ташлаш учун чиққанида, ногоҳ кўчанинг нариги тарафида кетаётган муаллимасини кўриб қолди. Ажабо, кино тугаган бўлса! У Лу Сюпинга етиб олиш учун тез-тез одимлаб бораркан, баланд товушда чақира бошлади. Чуқур хаёл суриб кетаётган ўқитувчиси бирдан сергак тортиб ўгирилди-ю, Му Жуньинга кўзи тушди.
– Яна сенми? – дея кулиб юборди ЛуСюпин. – Тасодифни қара, бировга айтсанг ишонмайди, ўлай агар!
– Фильм тугагани қачонийди, ҳалигача уйга кетмабсиз, тинчликми? Пиёда келяпсизми ўша ёқдан? – ажабланиб сўради Му Жиньинь.
Муаллима тасдиқ ишорасида бош ирғади.
– Ҳа, фильм тугаганига анча бўлди. Кинотеатрдан чиқиб, чўнтагимни кавлаб кўрсам, сариқ чақа ҳам қолмабди.
– Нима! – Му Жуньинь ҳайратдан қотиб қолди. – Демак, боя беш юан-у, йигирма фэн қолган экан-да пулингиз?!
Шундай деб у ҳамён олиш учун шартта чўнтагига қўл солди.
– Уйингиз вокзал атрофида-ку?! – деди у ташвишланиб. – Бир соатда ҳам етиб боролмайсиз, бу аҳволда, бунинг устига чарчаган бўлсангиз ҳам керак, ўтинаман сиздан, мана бу пулни олиб машинада кетинг.
Лу Сюпин унинг қўлини қатъият ила қайтарди-да, жилмайганча деди:
– Шунча йўлни босиб келдим, бу ёғига машинада кетишга арзирмикин! Бир амаллаб етиб оламан.
Му Жуньинь нима қиларини билмай, узоқлашиб бораётган муаллимасининг кичкина жуссасига қараб қотиб қолди. Жиллақуриса, шу дақиқаларда, у ўзининг “танлаш” принципини мутлақо унутган бўлса керак.
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 10-сон