Етмишга кирмай туриб қулоғим оғирлашиб қолди. Мабодо бирор киши телефон қилса, узуқ-юлуқ жумлалар маъносини зўрға илғаб оламан. Бироқ суҳбатдошимнинг кимлиги ва қаердан сим қоқаётганини билолмай гаранг бўламан. Бу ҳолатни тушунарсиз — ёт тилда шеър ўқигандай бир гап. Айрим районлардаги аппаратлар автоматлаштирилиб, «Клобер» ёки «Баграм» иборалари ўрнига, тўғридан-тўғри 553 ёки 924 рақамларини териш жорий этилгандан бери телефонда гаплашишим янада мушкуллашди. Ҳикоямдаги воқеалар қайси даврга алоқадорлигини англагандирсиз?! Нима ҳақда гапираётгандим? Эҳ-ҳа, қариган чоғимда севиб қолдим. Менинг ёшимда ошиқ бўлиш — кулгили! Буни қарангки, севиб қолдим. Кар ошиқ! Хаёлингизга «нотавон кўнгилга қўтир жомашов» деган гапнинг келиши табиий. Тақдир тақозоси…
Маҳбубам менга таскин бериб: «Зарари йўқ, кўзларинг кўрмаганда нима қилардим?» дейди.
Икки кундан бери ёзув столида ётган: бири Марсель, бири Японияга жўнатиладиган мактубларни маҳбубам ёзган. Кеча кечқурун у почта бўлимига бориб келишимни илтимос қилди: «Бу хатлар айтарли шошилинч эмас… Шундай бўлса-да, Марсель ва Япониядан жавоб кутаман. Йўқса, таътил кунлар бошланиб…»
Бу хатларнинг ушовидан тушови қимматлигини айтмайсизми? Марселга юбориладиган хатнинг иши осон: эски қийматдаги ўн уч франкли марка ёпиштирсам, бас. Японияга жўнатиладиган нома, асти гапирманг, юрагим безиллайди, «Авиа» бўлгани учун почта бўлимига боришим, хат вазнини ўлчатишим, қанча пул тўлаш зарурлигини сўрашим керак. Кекса одам учун бу нақадар машаққатли… Халқаро мактубларни жўнатиш учун бериладиган тўлов-купонларнинг турган-битгани ғурбат. Аллақайси Массачусетс ёки Кашмирга ярим энлик хат йўллаш дунёнинг пули туради. Шунинг учун ҳам купонларни кўргани кўзим йўқ. Улардан садақа чақадан ҳазар қилгандек нафратланаман. Бунинг сабаби бор. Чет элга хат йўлламоқчи бўлган купонларни бирор ерда ёддан чиқариб қолдираман, ё конвертга солдимми, йўқми, деган гумонга бориб, безовталанаман. Бир қанча вақт ўтиб, ажойиб кунларнинг бирида, китоб жавонини тартибга келтираётган пайтимда, қоғозлар орасида ётган купонларни кўриб қоламан: Жаҳл устида уларни йиртиб қоғоздонга ташлайман.
Афсуски, бугун ўз хоҳишимга зид иш тутишим шарт. Қон-қонингга сингиб кетган нафратдан халос бўлиш мушкул. Лекин томиримда жўш ураётган ошиқона туғён бу нафратни сиқиб чиқаролди. Хуллас, Япония ёки Кенияга хат жўнатишга мажбурман.
Мана, ниҳоят тонг ҳам отди. Омонатлар — мактуб, купонларни олиб уйдан чиқдим. Зинапоянинг ярмисига етганимда купонлар қўлимдан сирғалиб тушишига сал қолди. Тўхтаб картмонни, мактуб ва купонларни чап қўлимга олдим. Уларни тушириб қўйишдан хавфсираб, минг бир азоб билан кўчага чиқдим.
Бирорта ҳужжатни ерга туширмай, купон ва хатларни картмонга солиш учун яна тўхтадим. Картмоннинг қаватларидан ташқари бир неча қаватчалари ҳам бор. Купонларни картмон қаватчасига солаётганимда бир нарса ерга тушди. Бу маҳбубамнинг ниҳоятда гўзал сурати эди. Суратни авайлаб олиб, блокнотлар турадиган қаватга солдим. Қоғозларим аралаш-қуралаш бўлиб кетди.
Почта бўлими жойлашган Гренель кўчасига бурилдим. Хаёлимда ҳамон купонлар чарх уради. Қўлимга қарайман. Картмон ва мактублар… Купонлар қаерда қолди?.. Ҳа-я, картмонга солгандим, ҳа, ҳа картмонга солганман. Ишончим комил бўлиши учун картмонни очдим. Бир даста пул — минг франк ерга сочилди. Франкларни инқиллаб-синқиллаб йиғиб, блокнотлар орасига тикдим. Купонларни картмонга солмай, конвертларга қўшиб, қисимлаб олдим. Ортиқча даҳмаза бўлмаслиги учун картмонни костюмимнинг ички чўнтагига солдим. Тарки одат амри маҳол-керакли ҳужжатларни костюмим ёки нимчанинг ички чўнтагига соламан, маркаларни йўқотаман, майдачақаларнинг фарқига бормайман, хатларни эгасига жўнатишни унутаман… Алаҳсисам, қилаётган ишимни унутиб қўяман. Хаёлимни бир жойга жамлолмай гаранг бўламан. Қариганингда эсинг кирди-чиқди бўлиб қоларкан-да…
Бургонь кўчаси тарафдан, йўлнинг четидан ҳассаси билан пайпасланиб, майда қадам ташлаб келаётган бир мўйсафидга кўзим тушди. Орамиздаги масофа бир қадар қисқарганда унинг ҳассаси оқ эканлигини кўриб, ғалати бўлиб кетдим. Чол кўр эди… Қулоғим оғирлашгандан бери кўрларни кўрсам, ичимни ит таталайди. Карнинг йўриғи бошқа, аммо бир вақтнинг ўзида ҳам кўздан, ҳам қулоқдан ажралиш — ҳайҳот! Душманимга ҳам раво кўрмайман бу дардни… Мени кўрмаётган кишига боқарканман, хаёлан ўзимни унинг ўрнига қўйдим. Бундан ортиқроқ бахтсизлик бўлмаса керак…
Хаёлимга келган янги асарнинг бош қаҳрамони — қолаверса, бош ёки иккинчи даражали бўлишининг айтарли аҳамияти йўқ — ожиз, анчадан бери, балки туғилганидан буён ёруғ дунёни кўриш бахтидан бенасиб… Зулумот бандаси… Бироқ у ҳис қилади, эшитади. Бу тоифадаги кўрлар одамларни овозидан, бошқа хусусиятларидан танийдилар, ҳатто сизу мен илғамаган нарсаларни ҳис қиладилар, сезадилар… Янги, ёзилажак асарим кўз ёки кўриш ҳақида эмас, асло. Менинг асарим — дунё ва атроф муҳит бобида ўз тасаввури, нуқтаи назари бўлган кўр тўғрисида… Миям ари уясидек ғувиллайди… Бир неча дақиқа ичида хаёлимда минг бир ўй ғужғон ўйнади… Ўйларимни жиловлаб олишга иродам ожиз… Кўр одамнинг хотини, бола-чақаси борлиги эҳтимолдан холи эмас. Хотини унга: «Ўксинма, кўзларинг кўрмаслиги бахайр, кар бўлганингда нима қилардим…» дейиши ва бу сўзлар басирга таскин бўлиши аниқ. Бу нотавоннинг кўрлиги бир, боз устига кар бўлганда нима қиларди… Хотинининг ёнида турган бегона эркакнинг юрак уришини қандай сезарди… Кўзлар барча нарсани бирдек илғай олиши мушкул…
Мўйсафид йўлак четига биқиниб, оқ таёқчасини тақиллатиб келяпти. Унинг соч-соқоли ўсиқ, юз суяклари бўртиб чиққан, чаккаларида оқ, кўкиш нуқталар бор.
Қўлимда хат ва халқаро купонларни қисимлаганча йўлимда давом этарканман, хаёлга чўмаман. Хаёл қурғур ушовини тутқазмайди. Кейинги вақтда кўп фаромуш бўлиб қолдим. Мана шу икки-уч дақиқа ичида калламга не-не ажойиботлар келмади, дейсиз. Шу лаҳза янги, ёзилажак асаримда акс этадиган воқеалар кўз олдимда жонланди… Қолаверса… Қайсар хаёллар… Хуллас, август жангларининг бирида у қулоқдан қолади. Нима учун август дейсизми? Чунки бугун ҳам айни август тонги-да. Бундай пайтларда одатда Париж кўчаларида машиналар қатнови, шовқини анча камаяди. Аввалига бундай осойишталикда қулоқдан қолганини сезмайди… Энг даҳшатлиси, бир вақтнинг ўзида ҳам кўздан, ҳам қулоқдан айрилиш-а… Рўпарамдаги басир мўйсафидни хаёлан кар тасаввур қилдим… Ташқи дунё билан сўнгги, ягона алоқа воситасидан маҳрум бўлиш… Ҳатто ўз исмининг жаранглашини эшитмаслик… Гумроҳликка юз тутиш… Тўқ-тўқ. Ҳассанинг тўқиллаши фикримни бўлди. Ёнимдан кўр ўтиб боряпти… Китобдаги гаранг ёки басир эмас. Гренель кўчасидаги оддий авомлардан бири бўлган кўр одам… бир нафас ортимга, кўр чолга қараб қоламан. Ниҳоят, почта бўлимига ҳам етиб олдим. Очиғи ўз бошимизга ўзимиз ортиқча ғалва орттириб юрамиз. Мана шу дардисар купонларни айтаман-да! Ҳатто назарга илишга нолойиқ, оддий нарса… Ёшим олтмиш саккизга кирибдики, ҳамон бу ғурбатдан қутулолмайман. Нима учун? Ўз-ўзимдан сўрайман, сизлардан сўрайман. Балки бу инсон табиатидаги калтафаҳмликдир, ҳа, шубҳасиз калтафаҳмлик… Японияга юбориладиган хатни жўнатиш мақсадида «Авиа почта» лавҳали дарчага мурожаат қиласан, ходима хатни олиб тарози палласига қўяди. Орага бир нафаслик жимлик чўкади. Оддий хат почта ходимасининг эътиборини ўзига бунчалик тортиши сени ажаблантиради… Ходима бир варақ қоғоз олиб ҳисоб-китобни
бошлайди. Халқаро купонларни унга хат билан бирга берганман. Ҳа, айтмоқчи купонларнинг қиймати қайси нархда: ўзимизнинг франк ёки сантимдами ёки… отинг қурғур япон пули қандай аталарди? Кўрсатилганига қарамабман-у… 1905 ва 1910 йилларда марка йиғардим, ўша вақтда япон пулининг қиймати йен билан белгиланарди. Дарча рўпарасида ўтирган ходима эски ёки янги қийматдаги йенларнинг фарқини яхши билар… Қаранг-ки, тўғри хомчўт қилибман. Ходима: «Уч купон етади, истасангиз қайтимига почта маркасини берай», деди. Ахир марка йиғишни ташлаганимга анча бўлди-ку. Жавоб беришга шошилмадим. Қўлимда Марселга юбориладиган хат бор. Шунинг учун ҳам ходиманинг таклифига эътироз билдирмадим. У менга қайтим ўрнида иккита ўттиз франкли, яъни, ўттиз сантимлик марка берди. Бечора япон, жавоб хати учун атиги уч купон кераклигини билмай, ҳисобда адашибди-да… Зарар-зарар — унинг ҳамёнига зарар… Ахир Марселга юбориладиган хат пули ёнимга қолаяпти-ку, нега энди куйинишим керак…
Гренель кўчасидан уйимга қайтаётганимда хаёлимда пишаётган роман ёдимга тушди. Қайси воқеада тўхтаб қолганимни эслашга уринаман… Чигиртканинг кўриш ёки кўрмаслигини ҳеч ким билмайди. Аммо у эшитади, сезади. Прованс хиёбонига тунги сайрга чиққанимда бунга тўла ишонч ҳосил қилганман… Майсазорда чириллаётган чигиртка томон юрасиз. Чигиртка билан орангиздаги масофа қисқарганда у чириллашдан тўхтайди. Сиз чигирткани кўрмайсиз, у сизни. Лекин у чириллашдан тўхтайди. Бу хатти-ҳаракатни юз бора такрорласангиз ҳам натижа бир хил бўлади. Хулоса шуки, сиз тўхтаган нуқтада чигиртка қадам товушини бемалол сезади. Бу тавсифнинг романга қандай алоқаси бор, деган савол туғилиши табиий. Сабр қилинг, воқеанинг давомини диққат билан тинглаб, мушоҳада қилсангиз, бас…
Бояги кўр мўйсафид яна қаршимдан, бу сафар Бек кўчаси тарафдан келяпти. У бошқа кўр бўлиши ҳам мумкин. Бир марта кўрган кишини узоқдан таниш қийин… Бир-биримизга чигиртка чириллашдан тўхтаган нуқтадаги масофача яқинлашганимизда, ҳассанинг тўқиллаши эшитила бошлади. Почта бўлимига кетаётганимда қулоғимга ўтириб қолган таниш — иккита бир хил, учинчиси чўзиқроқ, яна иккита бир хил зарбли тўқиллаш овози… Айрим сўзларни зўрға илғайдиган қулоқларим ҳассасининг бир маромда тўқиллашини аниқ эшитди… Одамлар бир-бирларини юз-кўзига, мўйлаб-қошига қараб ажратишлари каби, мен ҳам ҳассанинг тўқиллашидан бояги кўрни танидим. Гапим сизга ғалати туюлмасин, бинобарин ўзимни кўрнинг ўрнига қўйиб кўряпман. Ўй-мақсадимнинг маъносини англагандирсиз? Ожизлиги етмагандек, қулоқдан ҳам қолса, хотинининг вафодорлигига қандай ишонч ҳосил қилади?.. Инсон юрагининг тепкисини эшитмайди. Боз устига ҳидни ҳам сезмаса, инсоний мулоқатдан маҳрум бўлгани…
Басир билан рўбарў келиб ундан уч-тўрт қадам узоқлашганимда мени кимдир чақираётгандек туюлди. Кўр имо-ишора билан мени тўхтатмоқчи бўлган. Ўйга толганим учун унинг имо-ишорасини илғамагандирман. Басирнинг маъсум овозини эшитмаслигим табиий… Аммо ҳассанинг тўсатдан тўқиллашдан тўхташи эътиборимни ўзига тортди… Орқамга ўгирилдим. Кўр менга қараб, худди соппа-соғ кишидек, дадил оҳангда:
— Жаноб! Жаноб! Сизмисиз? Сизни танидим шекилли? — деб сўради.
Ҳайратдан ёқа ушладим. Тавба,кўр мени қандай таниши мумкин?! Балки кийимимга ўтириб қолган қаҳва ҳидидан танигандир?! У менга аллақандай қоғозни узатди.
— Бир неча дақиқа илгари сиз билан учрашгандик. Мен у томонга кетаётгандим. Тўғрими? Демак, бу… Буни сиз тушириб қолдирмадингизми?
Маҳбубамнинг сурати… Халқаро купонларни картмонга солаётганимда яна тушириб қолдирибман-да?! Аммо мени бошқа нарса ажаблантирди. Йўлини зўрға топиб юрадиган кўр одам суратни қандай кўрган?!
— Гўзал жувон экан… Рафиқангизми? Тенгдошингизми? Омадингиз бор экан!
Басир шундай деб йўлида давом этди. Ҳассанинг тўқиллашига маҳлиё бўлиб, унинг изидан қараб қолдим. Мўйсафид мендан чигиртка чириллашдан тўхтайдиган масофачалик узоқлашганда, ҳассанинг тўқиллаши ҳам эшитилмай қолди. Бу манзара менга тунги Прованс хиёбонини, чигирткаларнинг чириллашини эслатди…
Ғайритабиий воқеа таъсирида маҳбубамнинг суратини солиш учун эмас, аксинча қоғозларнинг жойида-жойидамаслигини текшириш мақсадида ички чўнтагимдаги картмонни олдим…
Хайрият, қайтимга берилган маркалар ўз ўрнида экан…
Рус тилидан Музаффар таржимаси
“Шарқ юлдузи” журнали, 1987 йил, 11-сон