Йиллар ўтиши билан келадиган ҳар бир қиш Тихон Петровичга аввалгисидан узунроқдек туюларди. Тақвим бўйича ҳаммаси тўппа-тўғри, баҳор ўз вақтида, ўз мавридида келарди. Лекин бу фасл қанчалик узоқ кутилса, кутиш шунчалик қийинлашарди.
— Бу қарилик аломати, — дерди Тихон Петрович ўз-ўзига. — Қари киши баҳор кутади, ўзига кўклам иссиғидан қанча насиб этишини ҳисоб-китоб қилади. Шунинг учун ҳам асабийлашаверади. Ёшлик — бу бошқа гап!
Лекин Тихон Петрович баҳорни сабрсизлик билан кутишининг бошқа жиддий сабаблари ҳам бор эди, албатта.
Баҳор тафтига у фақатгина ўзи учун эмас, балки ўсимликлари, ўз таъбири билан айтганда, “дарахтлар оиласи” учун интиқ бўларди. Чунки, унинг бошқа ҳеч қанақа оиласи йўқ — азалий бўйдоқ эди. Бу ҳатто унинг ташқи кўринишидан ҳам билиниб турарди. Тихон Петрович ориқ, қиёфаси жиддий, ўз-ўзи билан гаплашиш, баъзан сўкишиб қолиш одати бор эди.
Тихон Петрович туман тасарруфидаги Разговорово шаҳарчасида мева кўчатлари етиштирар, боғ ва иссиқхоналари бўлган ҳовлиси бор эди. Бу ҳовлидан у намунали янги ёки янада баландпарвоз мақомда айтсак, “таржриба учун” ўсимликлар етиштирарди. Ҳовли тор, лекин дов-дарахтнинг кўплиги ва баландлигидан кенг-мўлдек туюларди.
Тихон Петрович кўп йиллардан бери тажрибали боғбон сифатида чор-атрофга донг таратганди. “Бу киши — бизнинг Мичурин, — дейишарди у билан фахрланиб шаҳарча одамлари, — ўз ишига жуда содиқ, ҳамманинг маслаҳатчиси, ёрдамчиси. Фақат биргина қусури бор — иш билан бўлиб оила қуришни унутиб қўйган шекилли, якка-ёлғиз яшайди”.
Тихон Петрович ишлайдиган ниҳолхона кичкина шаҳарда жойлашган бўлса-да, вилоят ташқариларида ҳам машҳур эди. Тихон Петровичнинг ёнига Россиянинг турли бурчакларидан боғбонлар келиб туришар, ҳатто Москвадан ташриф буюришган пайтлари ҳам бўларди ва у ўз билимларини аямай, иштиёқ билан ўртоқлашарди. Шу боис у унча катта бўлмаган уйининг болохонасида истиқомат қилар, пастдаги икки хона эса келиб-кетувчиларга ажратилган эди. Тихон Петрович бу хоналарни баъзан “меҳмонхона”, баъзида “амалиётчилар хонаси” деб атар, чунки ҳар ёз у ерда вилоят қишлоқ хўжалик техникуми талабалари истиқомат этишарди.
Маълумки, ўз севимли машғулотидан вақтинча ажралган киши доимо унга интилиб юради. Овчилар қиш давомида яроқларини қайта-қайта тозалаб, ўқ жойлашади, балиқчилар қармоқларини боғлаб, пўкакларни ранглашади, денгизчилар харита чизиш билан банд бўлишади. Тихон Петрович бўлса қишда ўзининг тангу тор болохонасида ўтириб, “Мевали дарахтлар, буталар, сабзавот ва гул етиштириш бўйича қўлланма” ёзарди.
Тихон Петровичнинг тажрибаси кўплиги туфайли “қўлланма” номини бемалол оқларди. Чунки китобда ҳаваскор боғбоннинг қўлидан маҳкам тутиб, жўякма-жўяк олиб юрганда ва улар кўрганидан ҳайратланганида нафис, хушбўй гулларнинг тупроғини қандай тўйинтириш кераклигини тушунтираётгандек қилиб, батафсил ёзиларди.
— Нақадар ажойиб, — дерди Тихон Петрович, — инсон ҳайрат қобилиятини ҳеч қачон йўқотмаслиги керак. У ғазна ҳисоботлари билан тўлдирилган қопчиқ эмас экан, ҳақиқий инсон экан, ҳайрат ҳиссидан бегона бўлмайди.
Буларнинг ҳаммаси тўғри эди, албатта. Лекин йиллар ўтган сари, на фақат келаётган қишлар узун туюлар, балки, ўзи ҳам энди ҳеч кимга керак эмаслигини тобора кўпроқ ҳис этарди.
Маълум бўлдики, бўйдоқ ҳаёт — озод, эркин кечиб, фойдали, яхши меҳнатга бахшида этилади. Бироқ, шунга қарамай, оила қувончларисиз барибир татимас экан. Ҳатто ўз-ўзингга ғамхўрлик қилиш ҳам йил сайин зерикарли бўлиб қолади.
“Ўзимнинг энг яхши кўрган нарсаларимни ақалли бирор кишига совға қилолсам ҳам майлига эди, — ўйларди Тихон Петрович. — Азиз кишимни хурсанд қилган бўлардим. Менинг эса совға қиладиган одамим йўқ. Бошқаларнинг хотинлари, болалари бор, мен эса — якка ўзимман, холос”.
Лекин шу заҳотиёқ Тихон Петрович кўнгил қўйган машғулоти учун болалар бошга бало бўларди деб ўйлаб ўзини овутарди. Ҳаммасини топтаб ташлашади, товуқдан ҳам баттар улар. Тихон Петрович синган бутоқ ёки гул у ёқда турсин, топталган майсани кўрса ҳам “оҳ” тортиб, афтини буриштиради-ю, болаларга бало борми?
Баҳор ҳар галгидек эрта тонгда ташриф буюрди. У болохонанинг синч деворида тўқ-сариқ, илиқ, чорқирра қуёш нурида намоён бўлди. Синч тирқишидаги узун қиш давомида кўзга ташланмаган мум томчиси шу тонг худди марвариддек нурланиб кетди.
— Вақт етди! — деди Тихон Петрович томчига нигоҳ ташлаб ва “Қўлланма”нинг тугалланмаган қўлёзмасини янаги қишгача стол тортмасига солиб қўйди. Ва тақсимчаларга экилиб, дераза токчалари ва даҳлизда ўстириладиган уруғларни саралай бошлади.
Кейин эса қуюқ, оғир туманлар тушди, қишки йўллар сарғайиб, ўрмондан рутубат анқиди, тахта томларни буғ қоплади. Апрель тунларининг бирида дарёдаги ях чок-чокидан “сўкилиб”, эрталаб ҳар галгидек муз кўчиши бошланди ва дарё етти чақиримга ёйилиб кетди.
Баҳор сувларидан нефть ва қор ҳиди келарди. Қирғоқдаги новдаларнинг бари бутоқларда ёнма-ён ўтирган оқиш ариларга ўхшаган ёш куртаклар билан қопланди.
Вилоят марказидан биринчи кема келди. Тихон Петрович шу кемада ниҳолхонанинг юмуши ва яна аллақандай кўчатлар олиш учун шаҳарга тушди. Шаҳаргача ҳаммаси бўлиб беш соатда сузиб бориларди.
Шаҳардан қайтишда кема қоронғи тушай-тушай деганда йўлга чиқди ва сув тошган жойлардан сузиб кетди. Бакенлар1 ҳали ёқилмаганди.
Сувдан совуқ уфуриб турганига қарамай, Тихон Петрович кема саҳнида ўтирар, оёқлари остида кўчат тўла қопчиқ ётарди. Пастдаги умумий хона илиқ, ҳатто жуда иссиқ эди, лекин Тихон Петрович у ерга тушмас, кўчатларни кўзи қиймасди. Кўчатлар иссиқда тез сўлиб қолиши ҳаммага маълум.
Кема саҳнида йўловчилар унчалик кўп эмасди. Арракашлар, ўралиб-чирмалган аёллар, йигирма ёшлар чамасидаги қиз ва қизалоқ. Ориқ, рангпар ва қизиқувчан қизалоқ олти ёшларда бўлиб, кема саҳнидан пастга тушишни сира истамасди.
Арракашлар шунақанги зўр бериб чекишардики, ҳатто кучли шамол ҳам тамаки ҳидини йўқотолмасди. Улар чакмон кийган ёши улуғ ўртоқларининг сўзларини тинглашарди.
— Бу нима деган гап! — дерди у бўғиқ товуш билан. — Аҳмоқлар ҳамма нарсага кулаверишади, ақлли киши эса ўйлаб кўради. Фарқига бормай туриб раисимиз Батенковнинг устидан кулишга шошилмасанглар бўларди.
— Биз бўлсак фарқига бориб куляпмиз, — деди ёш арракаш.
— Ҳозир сенинг нимани фарқига борганингни исботлаб бераман! — деди аччиқланиб қари арракаш. — Ниманинг устидан куляпсанлар, ўзи?! Батенков муз кўчганда бешта товушқонни қутқариб қолганигами? Шундайми, ахир?
— Биз бунинг устидан кулаётганимиз йўқ, ахир, Захарич, — эътироз билдирди ёш арракаш.
— Тушуниб турибман! — таҳдидли овозда деди қария. — Сенларни жуда яхши тушунаман. Батенков ўша товушқонларни пиёз билан қовуриб, араққа газак қилиш ўрнига, чакалакзорга қўйиб юборганидан куляпсанлар. Назарларингда, бу хурмача қилиқ ҳисобланади-а?
— Батенков ҳаддан ташқари раҳмдил, — деди қоронғуликдан кимдир.
— Й-ў-ў-қ, укам. Ҳеч қанақа раҳмдиллик йўқ бу ерда. Бундан оддий хулоса чиқариш керак. Товушқонлар бекордан-бекорга нобуд бўлиб кетгунча, ўз-ўзидан кўпайсин. Қуш уясини кўрганмисан? Қум зарралари, патлардан ясалган. Бойлик ҳам, укагинам, худди шундай бунёд бўлади. Умумхалқ мулки ана шундай вужудга келади. Уй ҳам битта-битта ғишт билан кўтарилади. Бир вақт қарабсанки, худди Москвадагидек бутун бошли йигирма саккиз қаватли иморат қад ростлайди!
— Оббо сан-ей!— деди ёш арракаш.
— Ҳа-а! “Оббо сан-ей!”— жавоб берди қари арракаш.— Бунинг фаҳмига етиш керак. Биз томонларда шундай ривоят бор. Асалари дарёга тушиб кетиб, қанотлари ҳўл бўлибди. Бир сўз билан айтганда, асфаласофилинга равона бўлиши тайин бўлиб қолибди.— Омин, ё парвардигор! Атрофда эса қизилқанотлар учиб юришган экан. “Мени қутқаринглар,— деб илтижо қилибди: асалари,— ҳақини албатта тўлайман”.
— Э, сени бошимизга урамизми, дейишибди қизилқанотлар.— Биз асални оғзимизга ҳам олмаганмиз.
Асалари фақат “уф” тортибди. “Бу гап ҳам тўғри! На илож”. Қараса, дарёда қурбақа сузиб келяпти. “Қутқар мени, — тавалло қилибди асалари. — Қарздор бўлиб қолмайман”. “Мен бўлсам,— дебди қурбақа,— ҳатто асалнинг ҳидига ҳам тоқат қилолмайман”. Шунда асалари бутунлай ғамгин тортибди. Лекин қарабдики, дарё узра қора чуғурчуқ учиб юрган экан. Асалари ундан ҳам “қутқазгин” дея илтимос қилибди. “Хўп, майли, — дебди чуғурчуқ,— сени қутқазганим бўлсин. Чунки сен одамларни асал билан сийлайсан, улар эса менга макон қуриб беришади”.
— Чуғурчуқ асаларини қутқарибдими? — сўради ёш арракаш.
— Албатта-да. Фойдали жонзотларга доимо ёрдам бериш керак.
— Настюша,— деди қизалоқ ўз ҳамроҳига,— мен бўлсам асаларини шундоқ ҳам қутқазган бўлардим, асал эвазига эмас.
— Жуда тўғри қилган бўлардинг, қизалоқ,— деди Тихон Петрович секингина. Нимжонгина, кўзлари катта-катта бу қизча унинг юрагида раҳм эмас-у, аллақандай эзгин туйғуларни қўзғатди.— Мана онангдан сўраб кўр, у ҳам худди шундай дейди.
— У менинг онам эмас, опам,— жавоб берди қизалоқ.
Тихон Петрович қиздан узр сўради.
— Қўйсангиз-чи, зарари йўқ,— деди қиз.
— Опа-сингил сайру саёҳатга чиқибсизлар-да?
— Биз Разговоровога боряпмиз,— ийманиб жавоб қайтарди қиз.
Қоронғида Тихон Петрович қизнинг юзини аниқ илғамасди-ю, лекин унинг уятчан кўзларини ҳам, бошига ташланган иссиқ рўмол шокилаларини тортқилаётганини ҳам кўраётгандек эди.
— Қариндошларингизникига боряпсизларми?
— Э, йўқ,— деди қиз.— Мен Разговоровога ўқитувчиликка тайинландим. Мана, боряпман, синглим Маша билан бирга. Биз у билан энди икковлонмиз. Дадам Узоқ Шарқда хизмат қилади, ойим қирқ иккинчи йили, Ленинградда…
— Ҳаммаси равшан,— деди Тихон Петрович қиз гапини тугатмаёқ жимиб қолди. Қиз ҳам индамасди.
Тихон Петрович оёғи остидан қопчиқни олди, негадир кўчатларни ушлаб кўрди. Барглари сўлғин бўлса-да, иссиқ эди. “Тутади”, — ўйлади у, сўнг қизга ўгирилиб, деди:
— Деҳқонлар уйига боришингизнинг ҳожати йўқ. Бекордан-бекорга чарчайсиз. Разговоровода бошпана топиш осонмас. Менинг уйим бўлса ҳозирча бўш. Битта хонани сизларга бераман, бошқаси талабалар учун. Ёзда талабалар келишади, мен уларга боғдорчилик илмини ўргатаман.
— Йўқ, қўйсангиз-чи, керак эмас! — секингина эътироз билдирди қиз.
— Йўқ, сиз қўйинг бу қилиғингизни, — деди Тихон Петрович аччиқланиб, менинг уйимга жойлашасиз. Юз йил яшасангиз ҳам майли.
Кема гудок берди. Қирғоқда чироқ силкита бошлашди — қаерда тўхташни кўрсатишарди. Арракашлар ўринларидан қўзғалишиб, махоркадан ўралган сигараларини қоп-қора сувга улоқтиришди. Тепадан, капитан кўприкчасидан “Стоп!” деган йўғон товуш эшитилди. Шу лаҳза ҳаммаёқ жимиб қолди ва бу сукунатаро кема чиғириқларининг сувни шилдиратаётгани эшитиларди, холос.
* * *
Тихон Петрович кутилмаган ижарачиларига пастдаги хоналарнинг бирини ажратиб берди. Ҳар икки хона эски, отасидан қолган мебеллар билан жиҳозланганди. Хоналар ҳаммаси бўлиб иккита эди, лекин ҳар хил йўлак, даҳлиз, қазноқ, эшиклар шу қадар кўп эдики, аввалига Маша бу ерда худди ўрмондагидек адашиб қолар ва жон ҳолатда қичқирарди:
— Настя, қаердасан? Чиқолмаяпман, На-а-аст-я!
Тихон Петрович Настя билан учрашиб қолганда уялиб кетарди. Настя билан Маша уни уйнинг хўжайини деб ҳисоблашларидан виждони қийналарди. Хўжайин! Қандайдир ёқимсиз сўз.
Охир-оқибат у чидай олмай Настяга шундай деди:
— Сиз, Анастасия Михайловна, худди уйингиздагидек яшайверинг. Тасаввур этингки, мен бу ерда йўқман. Кўриб турибман, жуда ийманиб яшаяпсизлар. Мана, сиз чорбоғимга қадам босмайсиз ва Машани ҳам боришига қўймасмишсиз.
— Йўғ-е, қўйсангизчи,— деди Настя гуноҳкорона жилмайиб.
Лекин эртасига эрталаб Маша боғда пайдо бўлди. Демак, Настя уни боққа чиққани қўймагани рост экан.
Эрталаблари, ишга кетгунча Тихон Петрович ўз боғида куймаланарди. Бу тонг у янги экилган кўчатларни суғораётганди.
Ҳали жуда барвақт, қуёш ҳали бош кўтармаган, боғ салқин эди. Лекин девор тирқишлари аро узун, ингичка нурлар таралар ва улар ёритган бари нарсалар ажабтовур тус оларди.
Тихон Петровичнинг ёрдамчиси Архип бобо ер ағдарарди. Ағдарилган тупроқдан буғ кўтарилиб, ҳавога сингиб кетарди. Тепадаги бутоқда ўтирган чумчуқлар дам бир-дам иккинчи кўзлари билан тупроққа тикилиб чувалчанг пойлашар, лекин чувалчанг чиқишига ҳали вақт эрта эди.
— Сиз, азизларим, — дерди Архип чумчуқларга,— бу ерда бекордан-бекорга ўтиргунча, колхоз отхонасига борсангиз бўларди. Ёруғ дунёда биринчи йил умргузаронглик қилаётганларинг йўқ-ку, нега ҳеч ниманинг фаҳмига етмайсизлар. Сизлардан гина қилишга не ҳожат, миянгиз тирноқдек бўлса. Лекин чумчуқлар чолга қулоқ солишмас, ҳамон бутоқларда ўтиришар ва гўё Архип билан баҳслашмоқчи бўлдилар.
Архип жуда бесаранжом чол эди. Суҳбатдошсиз қолиш унинг учун улкан бахтсизлик ҳисобланарди. Шу боис у томоқ қирди, бир муддат ўйлаб турди ва Тихон Петровичга деди:
— Боғингга қуёш жуда кам тушар экан.
Тихон Петрович индамади.
— Жудаям кам деяпман сенга,— такрорлади Архип. — Кўчатхонада бўлса ҳаммаёқ ёруғ.
Лекин Тихон Петрович бу гапга ҳам жавоб бермади.
“Хафа бўляпти,— ўйлади Архип, ўз навбатида андак оғриниб, — Негадир кейинги икки кунда Тихон Петрович ғалати бўлиб қолди, сира тушуниб бўлмайди”.
Архипнинг олдига майин қирмизи нур — қуёш акси тушди.
— Ҳа-а, ғўлдиради Архип.— Мен қуёш тўғрисида бекордан- бекорга валдирадим. Бекордан-бекорга! Ҳали сўз айтиб улгурмасимданоқ қуёш шу ерда пайдо бўлиб қолди.
Архип бошини кўтарди ва қўлида белкурак билан қотиб қолди: ортида қизил кўйлак кийган, сочлари боғичли олти ёшлардаги қизча турарди. У совуқ сувда ювинганидан, ёноқлари кулранг кўзларидан ҳам шиддатлироқ ёниб турарди.
Архип белкуракни ерга суқди, кафтини пешонасига қўйди ва қизчага худди қуёшга тикилгандай қаради.
Тихон Петрович ҳам қад ростлаб, Машага қараб турарди.
— Хўш, қани, Архип,— сўради Тихон Петрович ва унинг кўзлари атрофида ажинлар тўпланди,— ҳалиям менинг боғимга қуёш тушмайди дейсанми?
— Бекордан-бекорга валдирашнинг нима кераги бор! — жавоб берди Архип ва унинг кўзлари атрофида ҳам худди Тихон Петровичникидек жигарранг ажинлар тўпланди.— Сен меҳрга жуда бойсан, Тихон Петрович. Бунақа ниҳолни қаерданам топақолдинг? Вояга етса борми, боқиб кўзинг тўймайди.
Маша, албатта, Тихон Петрович билан Архип нима тўғрисида гапираётганларини тушунмасди. У жилмайди ва уялинқираб сўради:
— Бу боғнинг номи нима?
— “Машанинг боғи” деб аталади,— жавоб берди Тихон Петрович. Маша ҳеч нима тушунмай, қошларини чимирганча унга боқарди.
Архип чол белкуракни ерга чуқур ботирди, тупроқни ўтган йилги ажриқ билан бирга ағдарди ва секин-аста уватар экан шундай деди:
— Ҳақиқатан ҳам инсон, қаерда бахтини топиб, қаерда йўқотишини билиб бўпсан. Омадлисан, Тихон Петрович. Қара-я, тирикчилигимиз қандай мазмун касб этди.
Чумчуқлар Архипнинг оёғи ёнидаги яккаю ягона чувалчангни кўриб қолишди, ҳаммалари бирданига чирқиллаб унга ташланишди ва шу заҳотиёқ жанжаллашиб қолишди. Маша эса уларга боққанича чапак чалар, куларди.
Жўра Фозил таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 12-сон