Поезд тўхтади. Дераза пардасига ўралашиб қолган арининг ғинғиллаши эшитила бошлади.
— Қайси бекат? — сўради купдан уйқули овоз.
— Йўлда тўхтаб турибмиз,— жавоб берди вагон назоратчи. У қўлини арта-арта ўтиб кетмоқда эди.
Наташа деразадан бошини чиқарди. Темир йўл кўтармасидан то уфққа қадар ўрмонзор ястаниб ётарди. Ўрмон узра карахт бир булут осмоннинг ярмини тўсиб турар, оққушлар тўдаси қоқиўт парчаларидай бўлиб, унинг олдида ўзларини у ёқ-бу ёққа уришарди.
Заминнинг бир чеккасида момақалдироқ гулдиради ва бесўнақай ҳаракат билан ўрмон устидан ўтиб кетди. Гулдирак шунчалар узоқ чўзилдики, бутун ер юзини айланиб келаётгандек туюларди. У ўрмоннинг қалин жойида ўралашиб қолганида жим бўлар, лекин йўл ва майдончаларга чиқиб олгач, аввалгидан баттарроқ гумбурларди.
— Қандай зўр момақалдироқ! — деди кимдир Наташанинг ортида.
У ўгирилди: бўлма эшигида ҳамроҳи — ёш режиссёр турарди.
— Қандай зўр момақалдироқ! Жуда зўр гумбирлади! — такрорлади у қовоғи солиқ осмонга худди театр манзарасига тикилгандай назар ташлаб. — Булар қанақа қуш эканини билмайсизми?
— Билмайман,— жавоб берди Наташа.
— Булар ёввойи каптарлар, — деди кўзойнакли қари ўрмончи ва Наташага жилмайиб қўйди.— Нега билмайсиз? Яна бу киши ўнинчида ўқирмишлар!
— Мен шаҳарликман,— деди Наташа уялинқираб.
Поезд титраб кетди, орқага юра бошлади. Бир пасда қоронғи тушиб қолди.
Шамол пардаларни тортқилаб, столчадаги гул тўла стаканни тўнтариб юборди. Сариқ рангли сув овоз чиқариб полга тўкилди.
Деразалар бўйлаб яшин чақнади ва шу заҳотиёқ ўрмонда нимадир қарсиллади, катта қарағай дарахти синганди гўё.
— Нима бўлди ўзи? — йиғлоқи товуш билан сўради нофармон пижама кийган, кичкинагина аёл. Унинг ясама гўзаллиги момақалдироқнинг биринчи гумбуридан кейиноқ ғойиб бўлганди.
Йўловчилар шоша-пиша дераза ойналарини беркитишар, булутга нигоҳ ташлашарди. Яшин булут кўксида қўрқинчли ғорлар, гирдоблар, лойқа ёмғир оқимлари ҳосил қиларди. Қора қурум ва кулнинг катта-катта ороллари ерга тушиб турарди. Қўрқинчли қоронғулик аро ҳар гал яшин чақнаганда биргина қуруқ оқ қайин қайта-қайта ярқираб кўзга ташланарди.
Атрофида минглаб дарахтлар шамолда шовқин солиб турганда бу ўткинчи нур нега энди фақатгина шу қайинни қоронғулик қаъридан юлиб олишини тушуниб бўлмасди.
— Назоратчи, нима воқеа юз берди ўзи, ахир? — қичқирди нофармон пижамали аёл.— Нега орқага кетяпмиз?
— Олдинда йўлни ёмғир ювиб кетган,— қовоғини солиб жавоб берди назоратчи.— Кўряпсиз-ку момақалдироқни! Синезёркига кетяпмиз. Йўлни тузатгунларигача ўша ерда турамиз.
— Бемазагарчилик! — деди кичкина аёл, у қўрққанидан кўзларини юмди ва бўлма эшигини ёпди.
Жонсиз ўрмон хира нурдан сесканиб кетди ва тирик экани маълум бўлди: шохлар қора йиртиқ енгларга ўхшаб шамолда титрашар, булутлар пастак чодирининг оралиғига қараб йўналганди. Дарахтлар баландлаётган тиниқ осмон этагига осилиб олиб, уни ёрдамга чақиришарди гўё.
Шаррос ёмғир вагон томини дўмбира қилиб чала бошлади.
— “Яшиннинг югуриги жуда тез ва у оғир зарба билан маҳв этар”,— деди ўрмончи кутилмаганда.
— Кимнинг шеъри бу?— сўради Наташа.
— Лукрецийники,— жавоб берди ўрмончи ва қизариб кетди.
Буларнинг ҳаммасидан кўриниб турардики, ўрмончи ҳам бахтиёр, ҳам хижолатда эди. Бахтиёрлиги — болалигида хайрлашгандан бери қайтиб кўрмаган Қримга дам олгани кетяпганидан… Хотирасида тикан босган бурунларнинг пойидаги сувнинг шалоплаши сақланиб қолганди.
Ҳамроҳларидан хижолатда эди. Уларнинг ўзи билан атайин назокатли муомаласи, курорт ҳаёти ҳақидаги суҳбатларидан хижолат чекарди. Улар ҳеч қачон унга мурожаат этмай, бир-бирлари билан курорт ҳаёти ҳақида валақлашарди. У ҳамроҳларининг меҳмонхоналар, эшик оғалари ва “линкольн”лар ҳақидаги беписанд гапларини эшитар экан, булар бутунлай бошқа ҳаёт одамлари эканини, уларнинг янги кулранг костюм кийган ўрмончи билан ҳеч қанақа иш-пиши йўқлигини ҳис этарди. Бу ҳамроҳлар, жуда синчков одамлар эди ва афтидан, ўрмончининг эгнидаги костюм ягона эканини, уни костромалик ўртамиёна бир тикувчи тикканини билишарди. Ўрмончи костюмини жуда авайлар ва режиссёрга ҳаваси келарди. Режиссёр оқиш қўлларини жуда нафис шими чўнтакларига тиқиб диванда ястаниб ётганича “Элит” папиросидан чекар, олди очиқ костюми ғижимланаётгани, эмин-эркин боғланган кўзни қамаштирувчи бўйинбоғига кул тўкилаётгани билан иши йўқ эди.
Ўрмончини хижолат этмайдиган ягона ҳамроҳ — бу ориққина, иболи қиз Наташа эди. Деразалардан эсиб турган шамол унинг сочларини доим тўзғитиб турарди.
“Ўрмоншунос,— деди ўз-ўзига ўрмончи,— жин ургур қишлоқи”.
— Қандай ажойиб ном — “Синезёрки”— ғўлдиради режиссёр.— Синезёрки! Синезёрки! Кўк кўллар! Буни эслаб қолиш керак.
— Бу ерларда, бу ўрмонларда кўллар жуда кўп,— деди ўрмончи.
— Сиз бу ерларни биласизми?
— Ҳа, шу, оз-моз… Ўн беш йилча бурун бу ерда ишлаганман: ўрмон барпо этганман.
— Ҳа-а, бу жуда қизиқ,— деди чўзиб режиссёр, лекин ўрмончи юзидан англадики, унга бунинг ҳеч қизиғи йўқ эди.— Бизнинг ҳаддан ташқари омадимиз юришмаяпти. Шу ерда бугун эмас, эртага момақалдироқ бўлса нима қиларди?!
— Ҳа, ҳақиқатан ҳам, кишига алам қилади,— деди ўрмончи.
У анчадан бери Синезёркига, ўзи ишлаган ерларга бормоқчи бўлиб юрганини, лекин ҳеч қўли тегмаётганини ўйларди. Мана, ҳозир ҳам, йўлни тузатгунларича поезд Синезёркида бир-икки соат туради ва у бўм-бўш бекатда санқиб юрган товуқлардан бўлак ҳеч нимани кўролмайди.
— Эҳ, аттанг! — хўрсинди ўрмончи.
Наташа ҳам ҳаяжонда эди. У ҳали ҳеч қачон Қримда бўлмаган, бу ўлка унга кўм-кўк, туманли, чиннигул ҳидига бурканган ер бўлиб туюлар, тезроқ денгизни кўргиси келарди. Айтишларича, денгиз кутилмаганда кўзга ташланади ва у чўнг булутга ўхшайди.
Синезёркида ҳеч ким йўқ эди. Навбатчи деразасида керосин чироқ ёнар, кеч тушдими ёки ёмғир туфайли қоронғи бўлиб қолдими, билиб бўлмасди.
Ёмғир тинди. Ўрмон томондан ҳўл пайраха ҳиди келарди.
Чол Василий аравадаги ҳўл бедани қоқиштирар, поезд томонга қараб-қараб қўярди: “Бунча борди-келди, борди-келди қилиб, бу одамлар нима қилишар экан-а?!”
Унинг оти бошини қулоғигача сули тўрвасига тиқиб, шоша-пиша кавшанар, чолнинг ғўлдирашига қулоқ тутиб, унинг одатдаги пўписасини кутарди: “Қани, тек бўл, иблис! Текин озиқадан қорнинг тўйиб қопти чоғи!” Бу пўписадан сўнг оғир хўрсиниб, бошини эгганча қумлоқ йўлдан аравани яна кўл томон тортиб кетишдан ўзга илож қолмасди. Лекин Василий бобо кутилмаганда жиловни ташлади-да, поезд томонга шошилди. У юмшоқ вагоннинг ёруғ деразаси ёнига келди-ю, қамчи дастаси билан ойнани тақиллатди.
— Петр Матвеев! — қичқирди у паст бўғиқ товуш билан.— Ҳой, Петр Матвеев!
Дераза ортидаги йўлакда ўрмончи тик турганича Наташа билан суҳбатлашарди. Ўрмончи чолга тикилиб турди-да, деразани очди.
— Танимаяпсанми?— сўради чол ва майин товуш билан кулди.— Мен узоқдан, аравадан туриб сени танидим. Худонинг марҳамати билан учрашганимизни айтмайсанми?!
— Василий! — қичқирди ўрмончи, у тезда майдончага чиқди, қум устига сакраб тушди ва чолни қучоқлаб олди. — Тирикмисан?
— Тирикман,— деди чол енги билан юзини артиб.— Тирик юришга ҳаракат қиляпман. Ўлим атрофимда айланиб юрибди, қоровулхонамга киришга эса фаҳми етмаяпти. Сен бизларни унутдинг, Петр Матвеев, тўғриси, унутдинг! Бизнинг ҳаётимиз эса очиғини айтаман, сенсиз кемтик бўлиб қолди.
— Нега бундай дейсан? Нима бўлди сизларга?
— Худди билмагандай гапирасан-а? — ишонқирамай сўради чол. — Умрингда газета ўқимагансан гўё, Петр Матвеев?
— Нима гап ўзи? Сен гапиравер, аланглама.
— Аланглаганимда ҳам қарайдиган одамнинг ўзи бўлмаса-чи? Бизнинг туман газетамизда неча марта босиб чиқаришди,— деди чол хўрсиниб. Босишди, босиб чиқараверишди, текшириб кўрадиган бўлсангиз, ҳаммаси бекордан-бекорга экан. Ўзи афтидан, қалам билан ишни ўрнидан жилдириб, ўрмонни муҳофаза этиб бўлмас экан.
— Нима ҳақида гапиряпсан ўзи? — сўради ўрмончи. — Гапни айлантирма, тўғрисини айт!
Чол телпагини ечиб, нефтдан қорайиб турган қумга ташлади.
— Эҳ, Петр Матвеев, Петр Матвеев! Сенинг ўша ёшгина ўрмонинг адойи тамом бўлди.
— Ёниб кетдими? — сўради қўрқиб кетган ўрмончи.
— Нега ёнади? Худонинг ўзи асрасин, бизда ёнғин бўлгани йўқ. Шу йил баҳордан бошлаб капалак қурти еяяпти, худди топшириқ олгандай, ямлаб ютяпти, лаънати! Ҳозиргача ярмини еб бўлди-ёв. Янги ўрмончи бўлса ҳеч уддасидан чиқолмаяпти. Ҳали унга йўл беришмайди, ҳали қарабсиз, доривор беришмайди, ўзи бўлса тўрт томонга қоғоз ёзишдан нарига ўтмайди. Қачон ёнига кирсанг, бир гапни такрорлайверади: “Вилоятдан жавоб келгани йўқ”. Ана шу тариқа ўтирибмиз, кетимизни яғир қилиб. “Жавоб келгани йўқ, жавоб келмаяпти”. Лекин ўрмон-чи! — деди чол беҳад баланд овоз билан хўрсиниб.— Ўзиям Петр Матвеев, сен билан ўрмонмисан ўрмон экканмиз-да! Қарағайлар худди соҳибжамол опа-сингиллардай ёнма-ён туришади! Худо шоҳид, ишонасанми, йўқми, мен шу ўрмонга киришим билан телпагимни бошимдан оламан-да, худди карахтдай туриб қоламан, шунчалар гўзал у!
Чол телпагини ердан олди, кўздан кечирди ва паришон оқ сочларига қўндирди.
— На илож, Василий? — деди ўрмончи орқасига ўгирилиб, вагон зинасида турган Наташа пешонасини тириштирганича чолнинг арз-додига қулоқ соларди.
— Ота-болаларни ташлаб, ёрдам бермай қўйса, уни виждон азоби қийнайди, боз устига халқ суди жазолайди. Дарахт-чи? Дарахт тил-забонсиз, у кимга арз қилади? Ёлғиз, мен тентакка, ўрмон назоратчисига!
— Нима қилиш керак бўлмаса? — сўради ўрмончи паришон алфозда.
— Чанглатиш керак, ғўлдиради чол ўрмончига қулоқ солмай. — Шу йил баҳорда гулчанглар етилди, шамол эсиб, уларни кўл узра олтин тутундек ҳайдаб кетди. Умримда бунақа гулчангни кўрмаганман.
Чол жим қолди.
— Петр Матвеев,— деди у ялинчоқ товушда ва ўрмончининг енгидан ушлади.— Чолнинг гапини инобатга ол: кўлга борайлик, бир назар ташлайлик. Сен менга фақат, шу ўрмонни нима билан қутқазиб қолиш мумкинлигини айтгин-у, йўлингдан қолма, худо ёр бўлсин, ўзим бир амаллайман.
— Ғалати одамсан! — деди ўрмончи. — Ахир, икки-уч соатдан кейин поезд жўнаб кетади-ку. Сен нималарни гапиряпсан, ўзи!
— Ке-етмайди! — деди чол ишонч билан. — Кетадиган жойнинг ўзи йўқ. Йўлнинг икки чақиримини ёмғир ювиб кетган. Эрта туш пайтигача жўнаб кетса ҳам яхши гап.
Ўрмончи яна Наташага қаради. У ҳамон пешонасини тириштирганча чолга тикилиб турарди.
— Юр, навбатчининг олдига борамиз,— деди чол қатъий.— Агар унинг заррача виждони бўлса, сўзларимни тасдиқлайди. Қани, юр!
— Оббо, тоза бало бўлдинг-ку, а!— аччиқланди ўрмончи. — Гапларинг билан роса бошимни қотирдинг.
— Боринг, Петр Матвеевич,— деди кутилмаганда Наташа. — Улгурасиз.
— Сизнингча, улгураманми? — сўради ўрмончи ва кўнглида ногаҳоний бир янгиланиш туйди. — Улгураман, деб ўйлайсизми?
— Мен ҳам сизлар билан борсам, майлими?— сўради Наташа.
— Эҳ, гўзал ойимқиз, қимматли ўртоқ, — деди чол ва Наташага чуқур таъзим бажо келтирди. — Шу тўғри сўзинг учун сени олиб бормасликнинг сира иложи йўқ. Кетдик. Биз ўрмонда у ёқ-бу ёққа сандироқлагунимизча, сен кўл соҳилида ҳордиқ чиқар. Кўлимизнинг суви нақ нуқрадай, бунақаси бутун дунёда йўқ.
— Хўп, қани юр, навбатчининг олдига борайлик! — деди ўрмончи.— Сен, чол мени бутунлай овораю сарсон қилдинг.
Навбатчи ҳақиқатан ҳам йўл эртага пешинда тузатилишини айтди.
Ўрмончи, чол ва Наташа кўлга жўнаб кетишди. Уларнинг жўнаб кетиши йўловчиларни ҳайрон қолдирди ва одатда бундай пайтда айтиладиган “Қўйсангиз-чи?”, “Биласизми, буни сира кутмагандим!” хитобларига сабаб бўлди.
Ўт босган қоронғи йўлларда ғилдираклар ғичирларди.Ўрмон сукунат қўйнида эди ва бу сокинлик Наташага охири йўқдек туюларди. Фақат ўрмонлар оралиғидаги шилта ялангликларда аллақандай қушлар онда-сонда уйқусираб қичқириб туришарди.
Ярим тунга бориб булутлар ғойиб бўлди, қарағайлар учлари совуқ жимирлай бошлади. Лекин Наташа юлдузларни ажратолмай қолди, юлдуз туркумлари дарахтларнинг шох-шаббаларига илакишиб, таниш шаклларини йўқотгандилар. Чиринди ва ҳўл барглар ҳиди, инсон қадами етмаган чакалакзорлардаги ўткир ҳаво, осмоннинг тинимсиз жимир-жимири аро уммонга монанд улкан ўрмон ўлкаси тун қоронғусида ястаниб ётарди. Наташа, чол, ўрмончи секин гаплашардилар.
— Биз томонлар жуда бокира ерлар, — ғўлдирарди чол хўрсинганича.— Бу ўрмонлар дунёнинг нариги чеккасигача чўзилиб кетган. Жаҳонда улардан яхшиси йўқ.
— Ухла-ухла! — қичқирди уйқудан уйғонган қуш. — Ухла-ухла!
— “Мен шундоқ ҳам ухлаяпман”, — ўйлади Наташа. У ногаҳоний бахт ҳиссидан кулиб юборди. Севинчдан у ҳатто жунжикиб кетди ва бу тун адоқсиз бўлсин, арава илдизларга тегиб тўхтовсиз тарақлайверсин, ўрмон тобора қалинлашаверсин, қароқчилар масканига ўхшаб кетаверсин, деган истак туғилди кўнглида.
— Мана, етиб келдик чоғи,— деди чол.
Атроф ёришиб кетди. Наташа у ёқ-бу ёққа қаради-ю, ҳеч нимага тушунмади: юлдузли осмон шундоққина йўл ёқасида ётар, секин шалоплаб кўзга кўринмас қирғоққа уриларди.
— Кўл,— деди ўрмончи. — Ичида юлдузлар шунчалар кўпки, худди кузги пишиқчилик дейсиз!
Ит бўғиқ товушда вовуллади. Арава қоровулхона ёнида, қора мажнунтоллар остида тўхтади. Қўндоқдаги товуқлар патирлаб қолишди. Чол қоровулхонага кириб, тунука керосин чироқни ёқди-да, ҳамроҳларининг йўлини ёритиб турди.
Наташа уйга кирди. Хонада кул ва қуруқ ялпизнинг ўткир ҳиди анқир, эски ёғоч уй иссиққина эди. Наташа сут ичиб олди-ю, эскилигидан ярқираб турган кенг ёғоч сўрида ўша заҳотиёқ уйқуга кетди. Чол унинг боши тагига янги чакмонини қўйди.
Қиз жуда эрта уйғонди. Ўрмон узра оппоқ қуёш чарақлаб турарди. Хонада ҳеч ким йўқ, фақат қора ит стол тагида ётар, Наташага ҳайратли нигоҳ ташлаганича каналарини қўрирди.
— Кечикиб қолмасам гўрга эди! — деди бирдан Наташа ва ўрнидан сакраб туриб, сочларини тузатди.
Девор соатининг тўхтаб қолганига анча бўлган бўлса керак: тош ўрнига осилган сув тўла шишага ўргимчак уя қўйганди.
Наташа салқин даҳлизга чиқди. Ит унинг ортидан келар, хушомад қилиб, челаклар, полга қалаштириб ташланган бўйинчаларни думи билан урарди.
Ҳеч ким йўқ эди. Наташа эшикни очиб зинага қадам қўйди-ю, хўрсинди. Ойнадек ёрқин кўл шундоқ остона ортида, кўз зўрға илғайдиган туман остида ётарди. Баланд ўрмонлар акси кўлга тушган, қирғоқ яқинидаги оқ қум ёнида сув шунчалар тоза-тиниқ эдики, жуда енгил, вазнсиздай туюларди. Бунда думчаларини сал-пал қимирлатганларича кумушранг балиқлар сузишарди.
Кўҳналигидан кулранг тусга кириб, қуруқшаб қолган қайиқ қирғоққа чиқариб ташланганди. Наташа кўлда чўмилди, кийимларини кийди-ю, қайиқ ёнига келди. Қайиқнинг ўтирғичи ҳали бутун эди. Наташа унга ўтирди Ўтирғични қуёш нури илитганди.
Қайиқ ёриқларида баланд бўйли гул ва ўтлар ўсиб ётарди. Наташа оёқларининг учи қирмизи гулли дуркун бутага тегиб турарди. Қайиқ бурнида гулҳамишабаҳор ўсар, тубидаги қум ичидан “каккунинг кўз ёшлари” ёриб чиққанди. Қарағай пайрахасининг ўткир, ширин ҳиди анқирди. Қора ит қайиқ ёнига келиб ётди ва ҳомуза тортди. Чуқурда, ер остида чигирткалар чириллашарди.
— “Поезд нима бўлади?” — ўйлади Наташа ва ҳайрон қолди: чунки бу фикр унда ҳеч қанақа ташвиш, хавотир уйғотмасди. У бирор соат чамаси шу тахлитда ўтирди. Қиз кўл ортидаги ўтлоқларда турналарнинг ўзаро чақчағини тинглади, кейин бирдан ўрдакнинг жон ҳолатда чинқириғи эшитилди-ю, яна ҳаммаёқ жимиб қолди.
Биринчи бўлиб чол келди. У Наташа билан меҳрибонларча салом-алик қилди, қайиқ ёнидаги қумга ўтирди-да, деди:
— Сен поезддан кечикаман деб хавотир бўлма. Ҳозир чекиб бўламан-да, “Ўғил бола”ни аравага қўшиб, сени бекатга обориб қўяман, яхши етиб бор, Золотие Маковки шаҳридаги илиқ сувларда маза қилиб дам ол, бахтингни топ, деб қоламан.
— Петр Матвеевич қаерда?
Чол жилмайди:
— Ҳозир келади. Энди унга икки дунё бир қадам!
—Нима бўлди? — қўрқиб кетди Наташа.
— Ўзи айтиб беради,— жавоб қилди чол ёриқ трубкасини қайиқ четига қоқиб тозалар экан.— Сен қулоқ сол. Шу қайиқ неча ёшда, биласанми? Менинг ёшимдан кам эмас. У билан тенгқурмиз. Ҳар хил гул, ҳар хил ўт-ўлан билан қопланганини қара. Мана бу гул бизда “пинак” деб аталади, — чол “каккунинг кўз ёшлари”ни кўрсатди. — Уни қара, кундузи пинакка кетиб, кеч тушиши билан эса очилади, асал бўйини тарқатади ва тонггача шу тахлит туради. Тўғрисини айтсам, бу шалоқ қайиқ хизматини қилиб бўлди. Ўрмоншунос кечагина келиб кулди: “Сен Василий, унинг оловига картошка пиширсанг бўлмайдими, ўтин бекор ётганидан нима наф”. Мен бўлсам шундай ўйлайман: “Йўқ, ҳали унинг ўтинидан картошка пишириш вақти келгани йўқ, бунинг учун бир оз сабр қилиш керак бўлади”.
— Кўзингиз қиймайдими? — сўради Наташа.
— Албатта, кўзим қиймайди-да. Ўйлаб кўр: бутунлай чириган, лекин, барибир, бир кунга яраб қолади.
— Қанақасига ярайди? — сўради Наташа.— Мен тушунмайман.
— Тушунадиган нимаси бор бунинг! — аччиқланди чол. — Бу қайиқ шундоқ чириндидан иборат, лекин ҳар бир ёриғидан гул бўй чўзиб турибди. Хўш, шундай қилиб, қайиққа қарадим дегунча хаёлимдан бир фикр кечади: “Эҳтимол, мен, чол ҳам ҳаёт учун бирор фойда келтирарман”. Шунинг учун ҳам тиришиб-тирмашаман. Сен сочларнинг оқидан қўрқма, муҳими, юрагинг жойида бўлса бўлгани. Гапим тўғрими, ё йўқми?
— Тўғри,— деди Наташа ва кулиб юборди.
— Ҳа, ана шунақа! Сен менинг сўзларимга инон!
Ўрмончи келди. Чол инқиллаб ўрнидан туриб, “Ўғил бола”ни аравага қўшгани кетди. Ўрмончининг қовоғи солиқ, ўзи хижолатда эди. У Наташадан қандай ухлагани, эрталаб сут ичган-ичмаганини суриштирди-ю, жимиб қолди.
— Кечикиб қолмаймизми? — сўради Наташа.
— Э, йўқ, кечикмаймиз, назаримда,— жавоб берди ўрмончи ва Наташага қарамай қўшиб қўйди: — Ҳамма гап шундаки, мен ҳеч қаёққа кетмайман.
Наташа ҳайрон бўлганича жим турарди.
— Ҳа, ҳеч қаёққа кетмайман! — деди ўрмончи аччиқланиб.— Бу ерда шундай бир можаро чиққан эканки… Хуллас, бир сўз билан айтганда, менсиз бу ишни уддалай олмасликлари мумкин. Ўрмон адойи тамом бўлади. Ўзим барпо қилганман, биласизми, ҳеч кўзим қиймайди…
— Мен-ку тушунаман,— деди Наташа.
— Умуман, очиғини айтсам, бу ерда, ўша Қримдагидан кўра димоғим чоғроқ бўлади. Фақат йўлланма куйиб кетганига ачинаман, холос. Майли, бўлар иш бўлди, энди! Сиздан фақат бир илтимос, менинг чамадонимни чолга беринг, олиб келади.
— Хўп, майли, — хўрсинди Наташа.— Менинг сизга ҳавасим келяпти.
— Те-е-к, иблис!— бўғиқ овозда қичқирди чол қоровулхона томондан.— Давлатнинг текин озиғидан қорнинг тўйиб қопти!
— Хўп, майли, хайр! — деди Наташа ва ўрмончининг қўлини уялинқираб, журъатсизгина қисиб қўйди.
Поезд муюлишдан шиддат билан ўтгач, Наташа эслади: худди шу ерда улар момақалдироқ остида қолган эдилар. Вагонлар кичкинагина дарё устидан шақир-шуқурлаб ўтиб кетди. Наташа кўприк ёнидаги тахтадан “Мошка дарёси” деган чанг босган ёзувни ўқишга улгурди, холос.
Ўрмонлар узра кенг камалак кўтарилганда, қаердадир, кўл ортида кучсиз ёмғир ёғарди. Камалак Наташага Петр Матвеевич ва чол хўжайинлик қиладиган, тонгда турналар чинқирадиган, одам оёғи етмаган сирли мамлакатлар дарвозаси бўлиб туюлди.
Олисда, бута ва қамишзорлар ортида оппоқ сув ялтиради. Наҳотки, бу ўша кўл бўлса? Наташа деразадан бошини чиқарди, барглар аро сув ялтир-юлтурига, камалак жилосига узоқ вақт тикилиб турди ва юраги ҳаприқиб кетди: кошки эди бу ерда кузгача қолишнинг иложи бўлса?!
Паровоз ўкириғи эшитилди. Ўрмонлар унинг товушини бир-бирларига ошириб, ўтиб бўлмас чакалакзорларга олиб кетдилар-да, кутилмаганда жарангдор акс-садо билан қайтардилар.
Жўра Фозил таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 12-сон