1786 йилнинг қиш кечаларидан бирида Вена шаҳрининг чеккасидаги кичкина ёғоч уйчада графиня Туннинг собиқ ошпази бўлмиш сўқир чол оламдан ўтди. Тўғрисини айтганда, бу — уй ҳам эмас, боғнинг хилватидаги путурдан кетган бир қоровулхона эди. Боғ шамол синдириб итқитган чирик шох-шаббаларга кўмилиб ётарди. Бу шох-шаббалар ҳар бир қадам босганда қисирлар ва шунда ўз уясида ётган занжирлоғлиқ кўппак ириллаб қўярди. У ҳам ўз хўжасидек сўниб борар, ҳатто тузукроқ акиллашга ҳам ҳоли келмасди.
Бундан бир неча йиллар бурун печканинг иссиғидан ошпазнинг кўзлари кўрмай қолганди. Графинянинг иш бошқарувчиси уни қоровулхонага жойлаштириб қўйди; вақт-вақти билан унга бир неча флорин бериб турарди.
Ошпаз 18 ёшли қизи Мария билан бирга турарди. Бу кулбанинг бор-йўқ матоҳи — каравот, даққиюнусдан қолган ўтирғичлар, стол, бир неча жойидан дарз еган сопол идишлар ва, ниҳоят, Мариянинг ягона бойлиги бўлмиш клавесин* эди. Клавесин шу даражада кўҳна эдики, унинг торлари атрофдаги жамики сасларга жавобан секин ва узоқ акс-садо берарди. Ошпаз чол клавесинни ҳазиллашиб «уйнинг қоровули» дер эди: клавесин уйга қадам ранжида қилган ҳар бир одамни кексаларга хос қалтироқ овози билан қаршилар, шусиз бирор киши уйга йўлаёлмасди.
Мария жон бераётган қарияни ювинтириб, совуқ, аммо топ-тоза кўйлак кийгизар экан, чол:
— Мен, биласанки, руҳоний ва монахларни ҳеч қачон ёқтирмас эдим, — деди. — Шунинг учун мен тавбани қабул қилувчи руҳонийга муҳтож эмасман. Аммо шу аснода ўлимим олдидан истиғфор келтиришим лозим.
— Нима қил дейсиз? — қўрқув билан сўради Мария.
— Кўчага чиқ-да, биринчи дуч келган йўловчидан бизникига киришни, жон таслим қилаётган кимсанинг тавбасини қабул этишни илтимос қил. Ҳеч ким буни рад этмайди.
— Бизнинг кўчамиз шунчалар кимсасизки… — Мария шундай деб пичирлади-ю, аммо барибир елкасига рўмолини ёпиниб чиқиб кетди. У боғдан югуриб ўтди, занглаб кетган дарчани зўрға очиб, тўхтаб қолди. Кўча бўм-бўш, шамол баргларни учириб ўйнар, сим-сиёҳ осмондан совуқ ёмғир томчиламоқда эди.
Мария қулоқ тутиб узоқ турди, кутди. Ниҳоят, кимдир хиргойи қилганча девор ёқалаб келабошлади. Мария йўловчини қаршилаб, олдинга бир неча қадам қўйди-да, у билан тўқнашиб кетиб, қичқириб юбораёзди. Нотаниш киши тўхтади ва:
— Ким бу? — деб сўради.
Мария йўловчининг қўлларидан маҳкам ушлаб, титроқ овозда отасининг илтимосини айтиб ўтинди.
— Яхши, — деди йўловчи осойишта. — Мен руҳоний эмасман, албатта. Лекин бунинг аҳамияти йўқ. Қани, кетдик.
Улар уйга киришди. Шам ёруғида Мариянинг кўзи озғин, кичкина одамга тушди. Йўловчи ўтирғичга ҳўл плашини ташлади. У оддий, аммо жуда дид билан кийинган эди — шам шуълалари унинг қора камзулида, биллур тугмалари ва ёқасининг тўқима ҳошияларида йилт-йилт акс эта бошлади. Ҳали жуда ёш — навқирон эди бу нотаниш киши. У бошини болаларча силкитиб, упа сепилган ясама сочларини тўғрилаб қўйди, зудлик билан табуреткани каравотга яқин суриб ўтирди-да, жони узилаётган чол томон эгилиб, унга разм солди.
— Гапиринг-чи, — деди у. — Балки мен худо тарафидан эмас, ўзимни бағишлаган санъат туфайли насиб этилган қудрат воситасида Сизнинг кўнглингизга хотиржамлик бағишлаб, руҳингизни зилдай юкдан халос этарман.
— Мен ожиз бўлиб қолгунимча бир умр меҳнат қилдим. — Чол шундай деди-да, нотаниш кишининг қўлларини ўзига яқин тортди. — Меҳнат билан машғул кишининг эса гуноҳ ишларга вақти қолмайди. Бир пайт хотиним сил билан оғриб қолди — унинг исми Марта эди — табиб унга турли хил қиммат дориларни ёзиб берди, қаймоқ, анжир ва кагор виносини истеъмол қилишини буюрди. Шунда мен графиня Туннинг сервизидан кичкина тилла тахсимчани ўғирлаб, синдирдим ва бўлак-бўлак қилиб сотдим. Бунга иқрор бўлиш ҳам, қизимдан сир тутиш ҳам ҳозир менга жуда оғир: чунки мен уни бировнинг буюмига бесўроқ қўл теккизмасликка ўргатганман.
— Бунинг учун графинянинг хизматкорларидан бирортасини айбдор тутишдими? — сўради нотаниш киши.
— Онт ичаман, тақсир, асло бундай бўлган эмас, — чол шундай деб йиғлаб юборди. — Бу тиллаларнинг Мартамга бир чақалик нафи тегмаслигини билганимда эди… уларга бармоғимнинг учини ҳам теккизмасдим.
— Исми шарифингиз нима, жаноб?
— Иоганн Мейер, тақсир.
— Бўлмаса бундай, Иоганн Мейер, — нотаниш киши шундай деб кафтларини чолнинг сўқир кўзларига босди. — Сизнинг одамлар олдида мутлақо гуноҳингиз йўқ. Сиз қилган иш гуноҳ ҳам, ўғрилик ҳам эмас; эҳтимол, бу учун Сизга Муҳаббат йўлидаги жасоратнинг ажри берилар.
— Омин! — пичирлади чол.
— Омин! — такрорлади нотаниш киши. — Энди эса сўнгги истагингизни баён қилинг.
— Истагим шуки, кимдир Марияга ғамхўрлик қилса.
— Буни мен бўйнимга оламан. Яна бирор истагингиз борми?
Шунда жони узилаётган чол кутилмаганда жилмайди ва баланд овозда:
— Мен Мартани яна бир марта кўришни истайман — уни ёшлигида қандай бўлса, шундайинча кўришни истайман, — деди. — Қуёшни, боғни — баҳор чоғи гулларга кўмилган кўҳна боғни кўришни истайман… Бунинг имконияти йўқ, албатта. Тентак чолни маъзур тутинг, тақсир. Хасталик миямни айнитганга ўхшайди.
Нотаниш киши эса:
— Яхши, — деди ва ўрнидан турди. — Яхши, — такрорлади у яна, клавесинга яқин келиб, табуреткани қўйди. — Яхши! — у учинчи бор баланд овозда шундай деди ва… қоровулхонада дафъатан юзлаб биллур шарчаларни полга тўкиб юборгандаги каби жаранглаган садолар таралиб кетди.
— Қулоқ солинг, — деди нотаниш киши. — Қулоқ солинг ва қараб туринг.
У чала бошлади. Мария кейинчалик бу нотаниш кишининг клавесин клавишларини биринчи босган пайтдаги чеҳрасини эслади: унинг манглайи одатдан ташқари оппоқ оқариб кетган, қоронғилашган нигоҳларида шамнинг «тил»чалари рақс тушарди.
Клавесин узоқ йиллардан буён илк маротаба бор овози билан куйламоқда эди. У нафақат қоровулхонани, балки бутун боғни ўз садоларига ғарқ этди. Қари кўппак уясидан чиқиб, бошини бир томонга осилтирганча, қулоқларини динг қилиб ўтирар, думини ҳар замон ликиллатиб қўярди. Ҳўл қор ёға бошлади, аммо ит ҳар замон қулоқларинигина силкитиб-силкитиб қўярди, холос.
— Мен қўрқяпман, тақсир! — чол шундай деб қўзғалди. — Мен Марта билан илк учрашувимиз кунини кўряпман. Унинг хижолатдан суткўзани синдириб қўйганини кўряпман. Ўшанда қиш эди, бу учрашув тоғда бўлганди. Осмон мусаффо, худди кўм-кўк шишадек эди. Марта куларди… Куларди, — такрорлади у клавесин садоларига қулоқ тутиб.
Нотаниш киши эса зимистон деразага тикилганча чалмоқда эди.
— Энди-чи, — сўради у. — Бирор нарсани кўряпсизми?
Чол қулоқ солиб, жим қолди.
— Наҳотки кўрмаётган бўлсангиз, — нотаниш киши чалишдан тўхтамасдан шундай деди. — Қоп-қора тун ложувард рангга киряпти, энди эса у мовий тус олмоқда. Қандайдир юксак-юксакдан илиқ ёғду оқиб келяпти, кўҳна дарахтларингиз оппоқ гулга кирмоқда. Менимча, бу — олма гуллари. Улар улкан лолаларга ўхшайди. Сиз кўряпсиз: тошдеворга дастлабки шуълалар тушди, улар деворни илитмоқда ва у ердан ҳовур кўтариляпти — эриган қор билан тўйинган йўсин қуриётганга ўхшайди. Осмон эса тобора баландлашиб, тобора мовийлашиб, тобора улуғворлашиб боряпти. Энди эса бизнинг қадим Венамиз устидан қушлар галаси шимол сари учиб ўтишмоқда.
— Мен буларнинг ҳаммасини кўряпман! — қичқириб юборди чол.
Педал осойишта ғичирлар, клавесин тантанавор куйларди; бамисли кўҳна чолғу эмас, завқ-шавққа тўла юзлаб садолар куйламоқда эди.
— Йўқ, тақсир, — деди Мария нотаниш кишига, — бу гуллар лолаларга мутлақо ўхшамайди. Бу олма дарахтлари бир кечагагина гул очди.
— Ҳа, албатта, булар олма гуллари, аммо уларнинг гулбарглари жуда катта-катта.
— Деразани оч, Мария, — ўтинди чол.
Мария деразани очди. Уйга совуқ ҳаво ёпирилиб кирди. Нотаниш киши эса ҳамон чалар эди.
Чол ўзини ёстиққа ташлади, ҳарсиллаб нафас олиб, кўрпани қўллари билан пайпаслай бошлади. Мария чолга отилди. Нотаниш кимса чалишдан тўхтади ва ўзи чалган мусиқадан сеҳрланган каби клавесин олдида қилт этмай туриб қолди. Мария қичқириб юборди. Нотаниш кимса ўрнидан туриб каравотга яқинлашди. Чол нафаси қайтиб шундай деди:
— Мен барчасини бундан бир неча йиллар илгаригидек кўрдим… шу қадар аниқ… шу қадар ёрқин. Аммо мен… Сизнинг исмингизни билмасдан ўлишни истамайман. Исмингиз нима?
— Менинг исмим Вольфганг Амадей Моцарт, — деб жавоб қилди нотаниш киши. Мария каравотдан тисланди-да, буюк мусиқачи қаршисида тиззалари полга теккудек чуқур таъзим бажо келтирди.
У қаддини ростлаганда чол аллақачон оламдан ўтган эди. Дераза ортида тонгги шафақ ёлқинланар, оппоқ гул сингари ҳўл қорга кўмилган боғ буткул ўша шафақ ёғдуларига ғарқ эди.
*Фортепьянога ўхшаш қадимий чолғу асбоби.
Нодира Афоқова таржимаси
**************
ҚАРИ ОШПАЗ
1786 йил қиш оқшомларининг бирида Вена шаҳри чеккасидаги мўъжазгина ёғоч уйда графиня Туннинг собиқ ошпази — кўзи ожиз қари чол жон бермоқда эди. Сирасини айтганда, бу кулбани уй деб бўлмас, балки боғ адоғидаги нурашдан берироқ қоровулхона эди. Боғ эса чириган ва қуриган шох-шаббага тўла бўлиб, ҳар бир қадамдан улар қисирлар, шунда занжирбанд кўппак ўз инида ғингший бошларди. У ҳам хўжайинига ўхшаб қариган, бироқ жонини аста-секин таслим қилаётган жонивор эди. Шу боис вовуллашга ҳам мадори йўқ эди.
Бундан бир неча йил муқаддам печлар иссиғидан ошпаз кўр бўлиб қолганди. Графинянинг иш бошқарувчиси ўшанда уни қоровулхонага жойлаштирган, вақт-вақти билан унга бир танга-ярим танга бериб турарди.
Ошпаз билан бирга ўн саккиз яшар қизи Мария яшарди. Қоровулхонанинг бор-йўқ анжоми, зеб-зийнати — каравот, чўлтоқ ўриндиқлар, эски стол, дарз кетган чинни идишлар ва ниҳоят Мариянинг яккаю-ягона бойлиги бўлмиш клавесиндан иборат эди.
Клавесин шу қадар эски эдики, торлари ҳар қанақа товушга жавобан узоқ вақт секин акс садо чиқариб турар эди. Ошпаз ҳазиллашиб клавесинни “қоровул” деб атарди. Уйга қадам ранжида қилган ҳар бир кишини клавесин титроқ, қаримсиқ нола билан қаршиларди.
Мария жон бераётган дадасини ювинтириб, тоза кўйлак кийгизгач, чол шундай деди:
— Руҳонийлару роҳибларни ҳеч қачон жиним ёқтирган эмас. Уларга тавба-тазарру қилгим келмайди, лекин шунга қарамай, ўлимим олдидан виждоним пок бўлишини истайман.
— Нима қилай бўлмаса? — қўрқа-писа сўради Мария.
— Кўчага чиққин-да,— деди чол,— биринчи дуч келган кишидан уйга кириб, жон бераётган одамнинг тавбасига қулоқ тутишни илтимос қил. Сенга ҳеч ким йўқ демайди.
— Кўчамиз шунақанги кимсасиз, ҳувиллаганки…— шивирлади Мария ва рўмолини ёпиниб чиқиб кетди.
У боғдан чопқиллаб ўтиб, занг босган даричани зўрға очди-ю, тўхтаб қолди. Кўча бўм-бўш эди. Шамол хазонларни унда чирпирак қилиб учирар, зим-зиё осмондан совуқ ёмғир томчиларди.
Мария узоқ кутди. Овозларга қулоқ тутди. Ниҳоят, девор ёнидан кимдир хиргойи қилиб келаётгандай туюлди. Қиз унинг истиқболига бир неча қадам ташлади-да, ҳалиги киши билан тўқнашиб кетди ва чинқириб юборди. Киши тўхтади ва сўради:
— Ким бор бу ерда?
Мария унинг қўлидан маҳкам ушлаб олди-да, титроқ товуш билан дадасининг илтимосини етказди.
— Яхши,— деди нотаниш кимса хотиржамгина.— Мен руҳоний эмасман, лекин бунинг аҳамияти йўқ. Юринг.
Улар уйга кирдилар. Шам ёруғида Мария кичкинагина, ориқ кишини кўрди. Нотаниш кимса ҳўл ёмғирпўшини ўриндиққа ташлади. У ғоят оддий ва камтарона кийинган, қора камзулининг биллур тугмали каштали ёқасида шам нури ялтираб турарди.
Нотаниш кимса ҳали анча ёш йигит эди. Бошини ҳам худди ёш болалардай қимирлатди, упаланган ясама сочини тўғрилади, курсичани каравотга яқин суриб ўтирди ва жон бераётган банданинг юзига диққат билар қаради.
— Гапираверинг! — деди у. — Мен руҳоний эмасман, бироқ хизмат қиладиган санъатим ато этган ҳақ-ҳуқуқ даражасида сўнгги сонияларингизни енгиллаштирарман, қалбингизни оғир ғамдан халос этарман.
— Мен бир умр, кўр бўлиб қолгунимгача меҳнат қилдим, — шивирлади қария ва нотаниш йигитнинг қўлидан ушлаб ўзига яқинроқ тортди. — Меҳнат қиладиган кишиларнинг эса гуноҳ ишларга вақти қолмайди. Хотиним, унинг исми Марта эди, сил касалига чалингач, табиб қимматбаҳо дорилар ёзиб берди ва уни қаймоқ, ҳар хил анвойи мевалар, қизил вино билан парвариш қилишни буюрди. Ана шунда мен графиня Туннинг чинни идишлари орасидан кичкина олтин тақсимчани ўғирлаб олдим-да, бўлакларга бўлиб сотдим. Энди буларни эслаш, қизимдан яшириш жуда оғир. Уни бировнинг столидаги ҳатто ғуборга ҳам қўл теккизмасликка ўргатдим.
— Ўша воқеадан сўнг графинянинг хизматкорларидан бирортаси азият чекмадими? — сўради нотаниш кимса.
— Онт ичаман, жаноб, ҳеч ким азият чеккани йўқ,— жавоб берди чол ва йиғлаб юборди.— Менинг Мартамга олтин фойда қилмаслигини билганимда, ўғирлик қилармидим? Асло!
— Исмингиз нима?— сўради йигит.
— Иоганн Мейер, жаноб.
— Демак, бундай, Иоганн Мейер,— деди нотаниш йигит ва кафтини чолнинг басир кўзларига қўйди,— одамлар олдида гуноҳингиз йўқ. Бу гуноҳ ҳам, ўғирлик ҳам эмас, балки, севги йўлидаги қаҳрамонликдир.
— Омин! — шивирлади чол.
— Омин! — такрорлади нотаниш йигит.— Энди сўнгги истагингизни айтинг.
— Кимдир Марияга ғамхўрлик қилишини истардим.
— Буни мен ўз зиммамга оламан. Яна нима истайсиз?
Чол кутилмаганда жилмайди-ю, баланд овоз билан деди:
— Мартани ёшликда учратганимда қандай бўлса, шундайлигича яна бир кўрсам эди. Қуёшни ва ана шу эски боғни баҳорда гуллаган пайтида кўрсам эди. Лекин бунинг иложи йўқ, жаноб. Аҳмоқона сўзларим учун хафа бўлманг. Касаллик, афтидан, бутунлай эсимни оғдириб қўйибди.
— Яхши,— деди йигит ва ўрнидан турди.— Яхши.
Сўнг клавесин ёнига келиб курсичага ўтираркан, баланд овозда учинчи маротаба “яхши!” — деди ва бирданига қоровулхона шиддатли жарангга тўлди. Полга юзлаб биллур зўлдирчалар ташланди гўё.
— Қулоқ солинглар, — деди нотаниш йигит. — Қулоқ тутинг ва тасаввур қилинг.
У клавесин чала бошлади. Кейинчалик Мария, йигитнинг бармоқлари теккан биринчи клавиш садо берган пайтда йигитнинг юзи қай тарздалигини анча эслаб юрганди. Шу сонияда йигитнинг пешонаси ҳаддан ташқари оқариб, қорайган кўзлари эса қорайиб, уларда шам нури ўйнарди.
Клавесин кўп йиллардан бери биринчи маротаба бор овози билан куйламоқда эди. Унинг садолари фақат қоровулхонани эмас, балки бутун боғни тўлдириб юборди. Қари кўппак уйчасидан чиқди. У бошини ёнбошига солинтириб ўтирар ва ҳушёр тортганича думини аста ликиллатарди. Ҳўл қор ёға бошлади, кўппак қулоқларини силкитарди, холос.
— Мен кўряпман, жаноб! — деди чол ва каравотдан сал кўтарилди. — Марта билан учрашган кунни кўряпман. Ўшанда у уялганидан сут тўла кўзачани синдириб қўйганди. Бу воқеа қишда, тоғда юз берганди. Осмон кўм-кўк шишадай мусаффо эди ва Марта куларди. Ҳа, куларди, — такрорлади чол торлар садосига қулоқ тутар экан.
Нотаниш йигит зим-зиё деразага тикилганича ҳамон клавесин чаларди.
— Энди-чи, — сўради у,— бирор нимани кўряпсизми?
Чол жимгина қулоқ солар, ҳеч нима демасди.
— Наҳотки кўрмаётган бўлсангиз, — деди йигит чалишдан тўхтамай,— қоп-қора тун кўк тус олди, сўнгра ҳаво ранг бўлиб қолди ва илиқ нур энди қаердандир, юқоридан тушяпти. Дарахтларнинг эски шохчаларида оппоқ гуллар юз очяпти. Улар бу ердан катта капалакларга ўхшаб кўринсалар-да, менимча, бу — олма гуллари. Сиз кўриб турибсиз, илк нур тош деворга тушди, уни қиздирди ва девордан буғ кўтариляпти. Эриган қорда бўккан мох қуриётган бўлиши керак. Осмон эса янада баландлашиб, ранги тиниқлашиб, гўзаллашиб бораётир ва аллақачон кўҳна Венамиз узра қушлар шимол томонга учиб кетишяпти.
— Мен ҳаммасини кўряпман! — дея қичқирди чол.
Йигит босган клавесин педали ғижирлади ва куй тантанавор тус олди. Гўё клавесин эмас, юзлаб қувноқ овозлар куйларди.
— Йўқ, жаноб, — деди Мария нотаниш кишига, — бу гуллар лолага сираям ўхшамайди. Булар — олма дарахтлари, улар бир кечадаёқ гулга бурканди.
— Тўғри, — деди нотаниш йигит, — булар олма дарахтлари, лекин гулларининг япроғи катта-катта.
— Деразани оч, Мария, — илтимос қилди чол.
Мария деразани очди. Хонага совуқ ҳаво ёпирилиб кирди. Нотаниш киши секинлик билан клавесин чаларди.
Чол ёстиққа йиқилди. У оғир нафас олар, қўллари чойшаб устида ниманидир изларди. Мария дадаси томон отилди. Нотаниш киши чалишдан тўхтади. У ўз мусиқасидан ўзи сеҳрлангандай, клавесин олдида қимир этмай ўтирарди.
Мария қичқириб юборди. Нотаниш киши ўрнидан туриб, каравот ёнига келди. Чол нафаси қисилиб шундай деди:
— Мен ҳаммасини, худди кўп йиллар аввалгидек жуда аниқ, равшан кўрдим. Лекин мен, сизнинг номингизни билмай туриб ўлишни истамайман. Исмингизни айтсангиз!
— Менинг исмим Вольфганг Амадей Моцарт, — деди йигит.
Мария каравотдан чекинди, тиззалари ерга теккудек бўлиб буюк мусиқачига таъзим бажо келтирди.
У қад ростлаганда қариянинг жони узилганди. Дераза ортида тонг қизара бошлаган, ҳўл қор “гуллари” бағридаги боғ субҳидам нурларидан мунаввар эди.
Жўра Фозил таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 12-сон